Папараццилар кимлар? Бу ҳақда рус тили изоҳли луғатида қуйидагича ёзилган: «Ҳаддан ташқари меъдага тегадиган журналист-сураткаш, машҳур кишиларнинг шахсий ҳаётини ўрганиш ва турмуш тарзини тасвирга олишга уринувчи шахс». Ғарбда папараццилар — фақат юқори табақадаги сураткашлар ҳисобланади. Бир пайтнинг ўзида уларни яхши кўрадилар ва уларга нафрат билан қарайдилар, аммо папараццилар билан ҳисоблашадилар, уларнинг расмларини кутишади ва бу ижод намуналари жуда қиммат баҳоланади. Бу касб эгалари ҳеч қачон чарчамайдилар (бўш келмайдилар). Улар доим керакли жойда ва керакли пайтда тайёр турадилар. Ахир — бу оддий иш бўлмасдан, балки уларнинг турмуш тарзидир.
Папараццилар — ҳақиқий ва сабр-қаноатли, ишқивоз «овчи»лардир. Улар ўзларининг қимматбаҳо нарсаларини асраб-авайлаб, ардоқлайди. Агар зарур бўлса, машҳур кишиларнинг сирли ҳаётига кўз олайтирган инсонлар билан, ўзларининг ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам, курашадилар.
Папараццилар — ҳаваскор сураткашлар эмас, балки бирор-бир воқеа тарихини ёритиб берувчи мухбирлардир. Уларнинг ишлари асосида бирор-бир юлдузни кашф этиш эмас, авваламбор, инсоннинг характерини, серғайратлиги ёки очиқ сурбетлик даражасига етганлигини очиб бериш ётади. Айниқса, папарацциларга нашриёт талаби учун суратга олиш жараёнининг сифати аҳамиятга эга.
Папараццининг тарихига назар соладиган бўлсак, 1950 йилнинг бошларида Рим шаҳрида илк папараццилар пайдо бўлди. Ушбу атаманинг кириб келишига Федерико Феллини сабабчи бўлган. У «Ширин ҳаёт» кинофилмида асосий қаҳрамон сифатида Папаратстсо исмли фотомухбирни суратга олган.
Баъзи тахминларга кўра, папарацци — бу таниқли режиссёрнинг фамилияси дейилса, бошқа томондан у италян сўзининг бир шевасидан олинган бўлиб, «уй зараркунандаси» деган маънони англатади. Мисол тариқасида, папарацци тимсолида сураткаш Татсио Секкяролини кўришимиз мумкин. Ҳақиқий папараццининг ўзига хос ажралиб турувчи хусусиятлари мавжуд. Биринчидан, у машҳур кишиларнинг шахсий ҳаётини тўла очиб бериши лозим. Иккинчидан, у бир марталик сурат учун катта миқдорда гонорар олади.
Илк римлик папараццилар кам миқдорда иш ҳақи олган. Аммо 70-йилларнинг бошида Ғарбда урушдан чарчаган омманинг машҳурлар шахсий ҳаётига бўлган қизиқиши ортиб бора бошлади ва папарацциларнинг олган суратлари учун катта миқдорда пул тўлай бошланди.
Папарацциларнинг учинчи хусусиятига келадиган бўлсак, бу — катта ташкилотчилик қобилиятига эга бўлишдир. Тажрибали сураткашлар папарацциларни нафратланиб, оддий папараццилар деб аташади. Уларнинг фикрича, папараццилар учун қобилият талаб қилинмайди. Аслида эса, бундай эмас. Бу сураткашларга баъзи айғоқчиларнинг маълумотлари керак, чунки улар юлдузларнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб боради. Папараццилар қимматли маълумот учун ёнларидан пул сарфлашга ҳам тайёр туради.
Тўртинчи хусусияти, бу уларнинг аксарияти учун «шахсий ҳаёт» тушунчаси мавжуд эмаслигидадир.
«Ов» харажати ўзини оқлайдими? Ғарб папараццилари ҳаётининг асоси — бу кўп миқдорда гонорар олишдир. Унинг ўртача бир марталик гонорари 10 минг доллар атрофида бўлади. Алоҳида олинган сурат учун эса, 100 минг долларгача ҳақ олади. Ана шундай сураткашлардан бири Алан Загнер бир неча соатни касалхонанинг томида ўтказди. Чунки у ерда пневмания касаллиги билан оғриган бемор—Элизабет Тейлор даволанаётган эди. Ниҳоят, Алан Загнер беморнинг касалхонадан машинага замбилда олиб чиқилаётган ҳолатини суратга олди. Ушбу олинган сурат учун Загнер 100 минг доллар ишлади. Ғарбда Элизабет Тейлор ва Малика Диана ҳаётига бўлган оммавий қизиқиш катта. Ҳатто, Тейлорнинг эътиборни тортувчи қобилияти нимада эканлигини тушунишмайди. У кўп йиллар давомида филмларда суратга тушмади, ҳатто бирорта телекўрсатувда ҳам чиқиш қилмади. Аммо сураткашлар дунё бўйича Тейлорнинг суратлари сотилишини тан олишди.
Яна бир сураткаш Диана билан Доди ал-Фаеднинг кадр ортида қучоқлашиб турган, жаҳон нашрларида чоп этилган сурати учун 3,2 млн. фунт-стерлинг пул ишлаган. Ғарбдаги папараццилар — яхталарни, вертолётларни, энг кучли телеобЪективларни ижарага олиш имкониятига эга. Улар 10 минг доллар атрофида баҳоланади. Папараццилар кетган харажатлар ўзини оқлашини кўзда тутиб, кераклигича маблағ сарфлашади.
1994 йилда Ғарбдаги йирик агентлик Александр Солженитсиннинг уйини суратга олишга буюртма берди. Ўшанда Россия нашрларида ишлайдиган ҳеч бир сураткаш ва ишчилар катта миқдордаги пул таклиф қилинишига қарамасдан ушбу ҳудудга кира олишмаган. Аммо шундай бўлишига қарамасдан Ғарб агентлигида ишлаган марҳум рус сураткаши Роман Падерни вертолёт учувчисига пул тўлаб, уйни юқоридан суратга олишга муваффақ бўлган.
Ғарб олимларининг илмий тадқиқотига кўра, доимий назорат қилиш, кузатишга бўлган қизиқиш шахсий ҳаёт ҳақидаги тўла тасаввурни келтириб чиқаради.
Франция ёки АҚШда қаерда суратга олиш мумкин ёки мумкин эмаслиги қонунлаштирилиб қўйилган. Масалан, франтсуз сураткаши йўловчиларни суратга олиш ҳуқуқига эга эмас. АҚШда эса, машҳур папарацци Роном Галлелой билан эсда қоларли воқеа юз берган. У 1970 йилларнинг бошида Ню-Ёркнинг марказий паркида Жаклин Кеннеди Онассиснинг болалари билан сайрини кузатган ва суратга олган. Жаклин сураткашни судга берган. Аммо суд сураткашнинг фойдасига ҳал бўлган. Чунки у 15 қадам узоқликдан туриб суратга олган эди.
Муқаддас Ёқубова тайёрлади.
“Маърифат” газетасидан олинди