Манбаларда келтирилишича, дунёда олманинг етти мингга яқин нави мавжуд. Бизнинг юртимизда эса юздан зиёд олма навлари ўстирилади. Парҳезшунос Н.Суслинанинг ёзишича, олмани саломатликка зиён етказмайдиган даражада истеъмол қилиш — меъёрини сақлаш унинг таркибидаги углеводлар миқдорига қараб аниқланар экан.
— Қизил олмага қараганда кўм-кўк олманинг калорияси бироз кам, — деб таъкидлайди эксперт. — Агар вазнни камайтирмоқчи ёки қанд хасталигидан ҳимояланмоқчи бўлсангиз, кўк олма, яъни нордон-ширин олмаларни истеъмол қилган маъқул.
— Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, кунига 700-800 грамм ҳар хил сабзавот ва мевалар истеъмол қилиш керак. Олмалар ғарқ пишган мавсумда эса уларни олмага алмаштирса ҳам бўлади. Фақат бунда эркаклар олмани 700 г. аёллар эса 500 г.дан оширмаслиги керак. Шуни ҳисобга олингки, олма таркибида меъда шираси ҳосил бўлишига таъсир қиладиган кислота мавжуд. Шу боис олмани одатда тушликдан аввал истеъмол қилган яхши. Бу иштаҳани очади, олма таркибидаги клетчатка (бириктирувчи тўқималар) эса, меъдани тўлдиради, натижада тушликда ҳаддан зиёд кўп овқат еб қўймайсиз. Олма таркибида С дармондориси ва фойдали пектин ҳам мавжуд.
— Олма уруғида кўп миқдорда йод бор. Шунинг учун кунига 2-3 дона олмани уруғлари билан истеъмол қилиш фойдали. Бу билан бир кеча-кундузлик йодга бўлган эҳтиёж таъминланмаса-да барибир, у фойдали. Иккинчидан, яхши пишмаган олма уруғида заҳарли синил кислотаси бор. Бир неча килограмм шундай олма уруғи билан истеъмол қилинсагина у зарарли таъсирга эга бўлади.
— Айримлар оддий олмага қараганда қўрда пиширилгани калорияли, деб ҳисоблайди. Агар пишириш чоғида олмага асал, шакар, творог қўшилмаса, унинг калорияси оддий олманики билан бир хил бўлади. Агар қишга ғамлаш учун олмаларни қуритиб олсангиз 100 г.дан 20 г. олма қоқи чиқади. Уларнинг калорияси эса бир хил. Бироқ олма қоқини чойнакка қайноқ сув солиб дамласангиз, яхши олмали чой бўлади. Бундай дамлама тинчлантирувчи хусусиятга ҳам эга. Қўрда пиширилган олмада эса, меъда шираси ажралишига таъсир кўрсатадиган кислоталар кам.
— Олмани кўп истеъмол қилиш қонни кўпайтиради, деган хато қараш ҳам мавжуд. Олма таркибида темир миқдори шу даражада озки, амалда организм уни ўзлаштиролмайди. Гемоглобин озайганда қизил гўшт, жигар, тухум истеъмол қилиш ёрдам беради. Бироқ олмада дармондорилар, ичакдаги заҳарли моддаларни зарарсизлантирувчи клетчатка кўп.
— Олманинг ҳар қандай нави таркибида 80 фоизга қадар сув мавжуд. Бироқ куз ва қишга бориб пишадиган кўк олмаларда сув бироз кам бўлади. Шунинг учун айнан мана шундай навларни қуритиш учун танлаган маъқул. Ёзда пишадиган қизил олмалар ширин ва ширалилиги боис уларни янгилигида истеъмол қилган афзалдир. Кўк олмалар қишга ғамлаб қўйилса, микроэлементлари яхши сақланади.
— Ошқозон яраси, ич қотиш, эрозия, жароҳат каби таом ҳазми билан боғлиқ хасталиклар хуруж қилган пайтларда олма кўп истеъмол этилса, оғриқ пайдо қилиши, хасталикни ривожлантириб юбориши мумкин. Чунки олмада, айниқса, унинг пўстлоғида дағал клетчатка кўп.
Олмани бошқа сабзавот ва мевалардан алоҳида сақлаган маъқул. Куз ва қишга келиб пишадиган антоновка, семиренко навли олмалар, яъни кўм-кўк ва қаттиқ, нордон-ширин олмалар узоқ вақт сақланади. Бунда салқин ва қоронғи жойлар қўл келади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 35-сонидан олинди.