Месару Эмото. Сув қуввати

http://n.ziyouz.com/images/water.jpg

ЎЗ-ЎЗИНИ БИЛИШ ВА ШИФО ТОПИШ УЧУН

Мазкур асар – халқаро бестселлер «Сувнома» китобининг давомидир. Доктор Эмотонинг янги тадқиқотлари Сув қудратли шифобахш хусусиятларга эга эканлигини инкор этиб бўлмас далиллар билан исботлайди. Ер сайёрасида энг кўп тарқалган бу унсурда инсоннинг соғлом яшаш сирлари мужассамлашган. Сув – инсоннинг жисмоний танаси билан унинг фикрлари, ниятлари, ҳис-туйғулари, руҳиятини боғловчи кўприк саналади. Сув инсонларнинг руҳий қувватини йиғиб олади; хотирасида сақлаб, бошқа одамларга узатади. Сувда йиғилган соғлом, тоза қувват ҳам жисмоний, ҳам руҳий хасталикларни даволаш кучига эга. Китобда ғаройиб расмлар бор. Бу расмларда инсоний яхши ва ёмон фикрларнинг сувга таъсири натижасида ҳосил бўлган кристаллар акс этган. Сувга тўғри муносабатда бўлишнинг соғлиғимизга, дунёқарашимизга ижобий таъсири ҳақида амалий кўрсатмалар берилган.

МУҚАДДИМА

Гарчанд маълумотим дастлаб илмий фаолиятга йўналмаган бўлса-да, анчадан буён Сувни тадқиқ этаман. Иокогама университети ижтимоий факультетида ўқиб, Америка-Хитой муносабатлари бўйича ихтисослашганман. 1987 йилда, 43 ёшимда илк бора Сувнинг ғаройиб хусусиятларига дуч келдим. Ўшанда мен савдо соҳасида ишлардим. Ҳамкорларимдан бири оёғимдаги оғриқни махсус тайёрланган Сув ёрдамида даволашни маслаҳат берди. Ҳайратланарлиси шундаки, мен олган дори-дармонларнинг барчасидан кўра, шу сув дардимни аришига кўпроқ ёрдам берди.

Бу воқеа Сувни тадқиқ қилишга киришишим учун туртки бўлди. Вақт ўтган сайин бу унсур ўзида ахборот йиғиш хусусиятига эга, деган қатъий қарорга келдим. Аммо бу маълумотлар биз теледастурлар, радио эшиттиришлар, газета, журналлардан оладиган ахборотлардан фарқ қилади. Бу ўринда вужуд – тана ва ақлга таъсир этувчи ташқи омиллар назарда тутилмоқда. Айтайлик, чиройли манзарага боқаркансиз, ажиб сокинлик кўнгилга инади; ёқимли мусиқа тинглаганингизда эса қалб покланади. Ахборот деганда сўз замирида вужудимиз ҳамда онгимизга таъсир кўрсатувчи жамики омилларни назарда тутяпман.

Ўзида мужассам этган ахборотга мувофиқ Сув ўз хусусиятларини ўзгартиради, бу – узоқ йиллик тадқиқотлар натижасида чиқарган хулосам. Афсуски, анъанавий фан қонуниятларига мос келмайдиган бу радикал ғоя қўллаб-қувватланмади, чунки аниқ исбот-далиллар талаб этиларди.

Бир куни Дэвид Саволднинг «Уй бекасини таъқиб этувчи чақмоқ ҳамда фаннинг бошқа ғаройиб тилсимлари тўғрисида» номли китобини ўқирканман, «Бир хил қор зарралари бўладими?», деган сарлавҳага михландим. Мақолада ёзилишича, миллионлаб йиллардан буён ерга ёққан қор зарраларининг бирортаси бошқасига ўхшамас экан. Бу ҳақиқат менга ўқувчилигимдан аён эса-да, соғлом мантиқ мазкур фактга ўз тадқиқотларим нуқтаи назаридан қарашга ундади. Сувни музлатиб, муз кристалларини кўздан кечирсам-чи, деган янги фикр пайдо бўлди. Ҳамкасбим бўлмиш ёш мутахассис билан бирга тадқиқот ўтказишга киришдик. Бу тўғрида кейинроқ батафсил тўхталамиз. 1994 йилда қатъият билан ўтказилган икки ойлик тадқиқот самарасини берди, ҳамкасбим чиройли олти бурчакли муз кристалли фотосуратини олишга муваффақ бўлди.

Сув билан боғлиқ тадқиқотларим натижалари жамулжам бўлган «Тўлқин тебранишлари ҳақиқати» деб номланган китобим 1994 йилда босилиб чиқди. Бу йўналишдаги ишларим ғоят кучли акс-садо беради, деб ўйламаган ҳам эдим. Ўшандан кейин Сув фикру ёдимни банд этди. 1994 йилдаги муваффақиятдан руҳланиб, келгуси беш йил мобайнида муз зарралари – кристалларини расмга туширишда давом этдик. Шу фурсат ичида хадо (барча нарсага хос энергия ёки тебранишлар) ҳамда Сувга оид тажрибалар тўғрисида бир нечта китоб чиқардим. Ўз тажрибаларим тўғрисида илмий конференцияларда маърузалар билан иштирок этдим. Таассуфки, айнан шу йўналишда тадқиқот олиб бораётган бирор кишини учратмадим.

1998 йил охирлари эди. Тэнри (Япония) университетининг Инсон танасини ўрганиш Жамияти мажлисида сўзга чиқдим. Машҳур генетик олим, Ҳукуби университети профессори доктор Кадзуо Мураками ҳам мажлисда иштирок этарди. Доктор К.Мураками тадқиқотларимни қўллаб-қувватлаган дастлабки нуфузли олимлардан бири бўлди.

1999 йилда эса «Сувнома» китобимни рафиқам Кадзуко нашрдан чиқарди. Китоб япон тилида эди. Мен «ҳар эҳтимолга қарши» кристаллар расмларига инглиз тилида изоҳ беришга қарор қилдим. Ва мазкур қарор алал-оқибат бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди! Китоб хорижий ўқувчиларни ҳам ўзига тортди, айни пайтда жаҳондаги 20 дан зиёд тилларга таржима қилинди. Вақт шитоб билан ўтяпти. Ҳозирда дунёнинг барча бурчакларидан Сув ва хадо тўғрисида маърузалар ўқишимни сўраб, таклифлар тушмоқда. Сув ҳақидаги мақолаларимни ўқиганлар, эшитганлар ҳайратдан донг қотишяпти. Уч йил аввал «Сименс» компаниясининг пиар-менежери билан суҳбатлашдим. Ана шундан сўнг «Сименс» офисининг кафетерийсида «Хадо-Сув» (ижобий қувват билан зарядланган Сув) ишлата бошлашди. Ҳар йили мен Аугсбургда минглаб тингловчилар ҳузурида хадо тўғрисида сўзлаб бераман. 2002 йилдан буён бу тадбирни Хадо-симпозиум деб атайдилар. Германияда ХАДО сўзи ҳаётдан мустаҳкам ўрин олди деган маънони англатади.

Нидерландияда қиролича Беатрикснинг синглиси малика Ирен билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим. Табиий фанлар билан қизиқувчи малика бир неча мавзуларга оид баҳс-мунозара ўтказиш учун қатор олимларни, жумладан, машҳур инглиз биологи Руперт Шелдрейкни ҳузурига чорлаган эди. Мен Сув тадқиқотчиси сифатида иштирок этдим. АҚШда кўп марта, икки бора эса Гарвард университетида маърузалар ўқидим. Табиатга, атроф-муҳитга эътибор ғоят кучли бўлган Канададан кўплаб таклифлар тушди. 2003 йилнинг май ойида Канаданинг Виктория, Ванкувер, Калгари, Эдмонтон, Монреал, Торонто шаҳарларида Сув ва ғайриоддий пневмонияга оид маърузаларим тингловчиларни ҳаяжонга солди.

Хорижий давлатларга қанчалар кўп борсам, шунчалар кўп одам Сувнинг ғаройиб хусусиятларидан бохабар бўларди. Аммо минг-минг тингловчидан бирортаси ҳам Сувга оид тажриба ўтказишни хаёлига келтирмас, Сув хусусиятлари ҳақида ҳеч нарса билмасди! Табиий фанларни ҳам, диний илмни ҳам юзаки билган оддий бир киши – мен Сув тадқиқотчисига айланиб, дунёга Сув хусусиятларини овоза қилар, бирин-кетин қўлма-қўл ўқилувчи бестселлер-китобларимни чоп эттирардим. Сувга мен сингари қизиқувчи инсоннинг ўзи йўқ эди! Ҳа, биз ҳозирга қадар бу ажойиб унсур тўғрисида ғоят оз биламиз.

Улғайган киши танасининг етмиш саккиз фоизи сувдан иборат бўлса-да, сувнинг кўплаб хусусиятлари тадқиқ этилмаган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам на ўзгаларни, на ўз «Мен»лигимизни тушунмасмиз…

Одатда Сувни эътибор бермасдан ичамиз. Унинг ҳаётдаги аҳамияти, зарурияти барчага маълум. Сувга шунчалар ўрганиб қолганмизки, камдан-кам ҳолларда, онгли тарзда обиҳаётнинг иззатини жойига қўямиз.

Қуйида мазкур китобда муҳокама этилажак масалалар, ҳолатлар эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Сувнинг ўзига хос табиатига жиддий қарайсизми?

Ичаётган Сувингиз соғлиғингизни, ҳаётингизни яхшилай олишга қодирлигини биласизми?

Сув хоссаларини онгли равишда ўзгартира олишингиз мумкинлигини биласизми?

Сувга ташаккур айтсангиз, унинг сифати яхшиланади. Сувни ҳақорат қилсангиз ёки эътиборсиз бўлсангиз, сифати ёмонлашади.

ХХI аср Қовға эрасига киради. Катта кўзада Сув кўтарган одам – Қовғанинг астрологик белгиси тимсоли ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2005 йилни Сув Ўн йиллиги (2005-2014) даврининг бошланиши деб эълон қилди, бу қуруқ гапвозлик эмас.

Келинг, Сув ҳақида янада кўпроқ билайлик, Унга астойдил эътибор берайлик.

Сувни қанчалар кўп билсангиз, ўз-ўзингизни янада равшанроқ англай бошлайсиз. Алалоқибат инсоният жамиятини, мамлакатларни, дунёни, Борлиқ оламни ва ниҳоят, Илоҳиётни идрок этиб билиб борасиз. Грек файласуфи Фалес «Сув – тириклик оламининг ибтидосидир» деганда нақадар ҳақ эди!

Китобимни ўқигач, Сувни сева бошласангиз, соғ-омон, бахтли ҳаёт кечириш моҳияти ҳақида ўйлаб қолсангиз, муаллиф сифатида бошим осмонга етарди. Мазкур асарни тайёрлашга, нашр этишга ёрдамлашган биродарларимга Сув номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этаман, барча ўқувчиларимга меҳр, эҳтиром йўллайман. Азизим Сув ҳазратлари гувоҳлигида, албатта.

КАШФИЁТ ЖАРАЁНИ

Тадқиқотлар қандай бошланди?

Юқорида таъкидлаганимдек, «Бир хил қор зарралари борми?» сарлавҳали мақолани тасодифан ўқигач, муз кристалларини расмга олиш ғояси менга тинчлик бермай қўйди.

Бахтимга савдо компаниямизнинг ёш тадқиқотчи-олими Кадзуя Исибаси микроскопни ишлата оларди. Катта микроскопни ижарага олиб, жаноб Исибасига муз кристалларини расмга тушириш вазифасини топширганимда, у ғоят ажабланди.

– Муз кристалларини албатта, расмга туширамиз, бунга менинг ишончим комил, –дедим ёш олимнинг шубҳаларини қувиб. Аммо жаноб Исибасини юрагимни ёндираётган, жисми-жонимни эгаллаб олган ғоямга ишонтиришим учун нақ икки ой зарур бўлди. У менинг кўнглим учун икки ой сувни музлатиб, муз кристалларини микроскопда текшириб ўтирди. Ҳаракатлари зое кетиб, кристалл ҳосил бўлмаётганидан умидсизланганча кунни кеч қилганда, уни бирга овқатланишга таклиф этардим. Ёш дўстим ўзи хуш кўрган сакэни майдалаб ичаркан, мен унинг қалбида умид учқунларини ёқардим:

– Мана, кўрасиз, уринишларимиз беҳуда кетмайди, муз кристалларини, албатта, расмга туширамиз. Тушкунликка тушмасангиз, бас. Агар микроскопни ишлата олганимда, эртаю кеч шуғулланган бўлардим. Сиздан илтимос, менга мададкор бўлинг….

Ва ниҳоят, тинимсиз ҳаракатларимиз ўз самарасини берди.

…Ўша куни қўлида расмларни кўтарганча лабораториядан югуриб чиққан Исибаси чеҳрасидаги ҳайрат, ҳаяжонни асло унутмайман. Ҳозир ўшандаги ҳол-аҳволимизни, зиммамизга нечоғли катта вазифа олганимизни таҳлил қиларканман, инсондаги ишонч қудратига бош эгмай илож йўқ. Мендаги, сувни музлатиб, кристалларини албатта расмга оламиз, деган қатъий ишонч жаноб Исибаси шубҳаларини аритди. Энг муҳими эса бизнинг ниятимиз пок, холис эди, пул ишлаб қолиш, бойиш деган васвасалар кўнглимизнинг кўчасига келмаган. Балки худди шунинг учун ҳам уринишларимиз ўз мевасини берди; Сув пок, гўзал чеҳрасини бизга намоён этди.

Кристаллар қандай расмга олинарди? Айни пайтдаги иш усулимизни тасвирлаб берайин. Шиша идишдаги Сувга –ахборот ташувчи (ёзма сўз, сурат, мусиқа)лардан бири таъсир кўрсатади. Сўнгра таъсирланган бу Сув диаметри 5 см бўлган элликта дастали пиёлага тақсимланиб, –25 даражадан ҳам пастроқ ҳароратли музлаткичга қўйилади. Уч соатдан сўнг пиёлалар олинганда, шар шаклидаги муз бўлаклари ҳосил бўлганини кўриш мумкин. Муз бўлакларининг ҳар бири микроскопда ёритилиб текширилади. Иш жараёни рисоладагидай кетаётган бўлса, ҳарорат кўтарилиши асносида муз эриб, кристаллар вужудга кела бошлайди. Икки-уч дақиқадан сўнг шарсимон муз ғунчаси япроқ ёзаётган гул янглиғ очилади. 50 дона бир хил сиғимли пиёлада, бир хил совуқ ҳароратда музлатилган Сув, қарангки, ҳар хил кристаллар ҳосил қилади. Биз кристалларни гуруҳларга ажратамиз – ғоят чиройли қиррали кристаллар, шакли нотугал кристаллар, кристалл ҳосил қилмаган муз бўлаклари. Статистик таҳлилдан аён бўлмоқдаки, муз кристаллари ўрганилаётган Сув сифати қандайлигини кўрсатмоқда.

ТАБИИЙ, ҚУВУР ВА МИНЕРАЛ СУВИМИЗ АҲВОЛИ ҚАНДАЙ?

Тадқиқотларни давом эттирарканман, исбот талаб қилинмас ҳақиқатга дуч келдим. Водопровод Суви музлатилганда кристаллар ҳосил қилмади. Лекин табиий Сув музидан шаклланган олтибурчакли кристаллар чиройига мафтун бўласиз-қоласиз. Зеро, табиий Сувга кимёвий ишлов берилмаган, тозаланмаган эди-да! Водопровод Суви музлатилганда кристаллар ўрнига пайдо бўлган эгри-бугри нохуш шаклларга қайтиб қарамасдингиз. Мен, беихтиёр, ривожланган мамлакатлар аҳолиси хлор билан дезинфекцияланган водопровод Сувлари сифатидан нолишларини эсладим. Ишлов берилган Сув таъмсиз, соғлиққа фойдаси йўқ, ҳисоби. Шу боис ушбу мамлакатларда, гарчи қиммат эса-да,минерал Сув ичишни афзал кўрадилар.Табиий, водопровод, минерал сувлар сифатини тадқиқ этишга киришдим.

«Табиий Сув» деганда қандай Сувни назарда тутишимни сўрашади. Буни, инсон таъсир кўрсатмаган Сув десак, Ер юзида бундай Сувнинг ўзи йўқ. Зеро, инсоният ҳавони ифлослантириб бўлди. Ернинг юза қисмидаги намлик буғланиб, атмосферада булутга айлангач, ёмғир бўлиб яна заминга ёғади. Ёмғир Суви ҳам биз ифлослантириб улгурган тупроққа сингийди.Худди шу боис ҳам инсон таъсир кўрсатмаган Сувнинг ўзи йўқ, деб ҳисоблайман. Демак, табиий Сув тушунчаси ҳам шартли қўлланилмоқда. Буғланиб, булутга айланиб, ёғин (ёмғир,қор) шаклида тупроққа сингиб, яна юзага оқиб чиқувчи обиҳаётни, менимча, табиий сув дейиш мумкин.

Табиий ва водопровод суви тадқиқотлари қизиқарли натижалар берди. Токиодаги ишхонамнинг водопровод суви музлатилганда кристалл ҳосил қилмади. Токионинг бошқа туманларидан олинган водопровод сувларида ҳам кристаллар кузатилмади. Токиодаги мавжуд водопровод сувлари ичишга сифатсиз бўлиб чиқди.

Хокайдо, Кюсю, Окинава ороллари Сувларини тадқиқ этдик. Саппоро, Сендай, Нагоя, Канандзава, Осака, Хиросима, Фукуока, Наха шахарларидаги водопровод Сувлари ҳам кристалл ҳосил қилмади. Катано шаҳридаги водопровод Суви таркибининг 60 фоизини сизот сувлари ташкил қилганлиги боис чиройли кристаллар вужудга келди.

Осиёда тоза Сув топсам керак, деб ўйлагандим, аммо Гонконг, Макао ва Бангкокдаги тадқиқотларим ҳам бесамар кетди.

Европанинг Суви қай аҳволда? Ҳар сафар Лондон, Париж, Рим сингари йирик шаҳарларга борганимда, водопровод Сувидан олиб келардим, аммо Европа Суви муз кристаллари пайдо қилмади. Сув устидаги Венеция шаҳри бундан мустасно, бу шаҳарнинг Суви нисбатан сифатли бўлса-да, кристаллга айланмади. Буэнос-Айрес (Аргентина), Манаус (Бразилия), Канаданинг Ванкувер шаҳарларидаги водопровод Сувининг тозалигига тан бердик. Зеро, бу шаҳарлар табиий Сув манбалари яқинида жойлашган бўлиб, тадқиқ этилган Сув музлатилганда чиройли кристаллар ҳосил қилди. Орадан кўп вақт ўтган бўлса-да, мазкур шаҳарлар аҳли ҳамон сифатли Сув ичишмоқда, дея умид қилгим келади.

Ҳудудининг 80 фоизи тоғли жойлардан иборат Япониянинг барча булоқ сувлари намуналари юзасидан ўтказган тадқиқотлар натижаси қувонтирарли бўлди. Япония–Осиёнинг муссон иқлимли (ёзда денгиздан қуруқлик томон, қишда денгиз томон эсувчи шамол) минтақасида жойлашганлиги сабаб, бизда ёғингарчилик сероб. Ёғинлар тоғларга, ўрмонларга ёғиб, ерга сингийди ва яна юзага чиқади. Табиий Сув манбалари кўплиги жиҳатидан ривожланган мамлакатлар ичида олдинги ўринда туриши боиси ана шундан.

Табиий филтрланиш-тозаланиш тизимидан ўтган Сув ғоят хуш таъмли бўлиб, соғлиқ учун фойдаси кўп. Айни пайтда японияликлар ўртасида табиий сувга нисбатан кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ташналик, обиҳаётга интилиш ғоят кучайган. Табиий сув қиймати жиҳатдан нефтга яқинлашиб боряпти. Гарчи нефтни қазиб олиш, ташиш, тозалаш катта сарф-харажатларни талаб этса-да, бу бор ҳақиқатдир. Айрим минерал сувлар ҳатто нефтдан ҳам қимматроқ туради. Зеро, тоза, ширин табиий сувни ичишни истовчи инсон нарх қимматлигига қарамайди. Аммо, таассуфки, айни пайтда қимматбаҳо табиий Сув таркиби ҳам ифлосланиб қоляпти. Иокогама Гигиена институти маълумотларига қараганда, бир неча минерал Сув маркалари таркибидан кимёвий элементлар топилган. «Майнити» газетасининг 2003 йил, 20 апрел сонида таҳлил натижалари босиб чиқарилган мақолада шундай дейилади:

«Япониянинг бир қатор савдо маркалари билан сотилаётган минерал сувлар таркиби Иокогама Гигиена институти томонидан текширилганда, уларда формалдегид ва ацеталдегид моддалари топилган. Айрим ҳолларда мазкур моддалар водопровод суви билан таққослаганда минерал сувлар таркибида 80 баравар кўп бўлиб чиқса-да, бунинг инсон соғлигига зарари йўқ. Овқатланиш гигиенаси Акти нормативларига биноан минерал сувнинг сифати водопровод суви билан қиёсан назорат қилиб турилади.

Ўтган йил баҳорида Соғлиқ, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигимиз минерал сувлар учун янги стандартлар ишлаб чиқишни таъминлашга киришди. Бироқ алoдегидлар билан боғлиқ муаммо ҳал этилгани йўқ.

Иокогамада сотувдаги шишали минерал сувлар текширувдан ўтказилди. Текширишга олинган 30 шиша минерал сувнинг 14 донаси Америка, Франция, Англиядан импортга келтирилган. Ўн олти донаси эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулоти бўлиб, институтда ишлаб чиқилган услуб ёрдамида бу сувларда формалдегидид ва ацеталдегид бор-йўқлиги текширилди. Натижада 19 та шишадаги Сувда ( 5 та импорт, 14 та маҳаллий) алoдегид борлиги аниқланди. Улардан ўн еттитасида эса формалдегид ҳам, ацеталдегид ҳам борлиги маълум бўлди.

Японияда минерал Сув алкоголсиз ичимлик ҳисобланади ва у алдегид борлиги истисно қилинган ҳолда овқатланиш гигиенаси Акти нормаларига жавоб бериши зарур. Бошқа томондан олганда эса, водопорвод Суви сифати стандартларига мувофиқ формалдегид концентрацияси назоратчи, индикатор белги ҳисобланади. Унинг мавжуд миқдорига кўра, водопровод Суви мониторинги олиб борилади ва бир литрда 80 миллиграммдан ортиқ бўлмаслиги зарур. Юқорида аниқланган ифлосланиш ўчоғи қаерда экан? Сув олинган манбалардами? Ишлаб чиқариш жараёнидами? Сув қадоқланган идишлар тозалиги кафолатланган. Нима бўлганда ҳам институт хулосаси шундай: «Бу Сувни тоза деб бўлмайди».

Тиббиётда формалдегидид ва ацеталдегид концероген саратон касаллигини келтириб чиқарувчи моддалар ҳисобланади. Бундан ташқари, формалдегид «касал уй синдроми»ни чақиради, кимёвий моддаларга нисбатан аллергия ҳосил қилади.

Нимадан қўрққан бўлсам, шу рўй берди: минерал Сув инсон томонидан зарарланган. Балки буни Японияда кам одам билар, бироқ Ғарбда бу вазият аллақачон муҳокамага қўйилган.

Биз энди музлатилган минерал Сув кристалларини суратга ола бошладик. Танлаганимиз Японияда ишлаб чиқарилган Сувдан иккитаси чиройли кристаллар ҳосил қилди. Бу тасодиф эмас, Сув дарҳақиқат ширин таoмли эди.

Минерал Сув савдоси билан шуғулланувчи кўплаб компаниялар келажакда оғир аҳволда қоладилар, чунки Ғарб аҳолиси ҳозирданоқ уларнинг маҳсулотларини олишдан чўчишяпти.

Канадага маърузалар ўқиш учун сафар қилганимда антиқа Сув сотиб олдим. Бу жуда машҳур фирма томонидан сотувга қўйилган реминераллаштирилган Сув эди. «Реминераллаштирилган» ибораси Сувни инсон учун зарур моддалар билан тўйинтиришни англатади.

Сув тупроқда филтрланар экан, унга кўплаб минераллар аралашади. Шу вақтга қадар биз бундай Сувни фойдали деб ичардик. Энди буни қарангки, таркибидан минераллар олиб ташланганлиги реклама қилинаётган Сув бозорда пайдо бўлди. Бу Сувни «табиий» эмас, «дистилланган» дейиш тўғрироқ бўлур эди. Йил аввал бундай Сув Канадада йўқ эди, энди эса чор томонда шу Сув, ҳатто «Аir Canada» компанияси самолётлари йўловчиларга ҳам шундай Сув таклиф қилмоқдалар.

«Табиий Сув» аталмишнинг ҳозирги аҳволи ана шундай бўлгач, хлорланаётган, турли кимёвий воситалар билан ишлов берилаётган қувур Сувининг «қиёфаси»ни тасаввур этаверинг.

ИНСОН ОНГИ СУВНИ ЎЗГАРТИРАДИ

Сувни тадқиқ этиш жараёнида кристаллар вужудга келиши оби-ҳаётнинг табиий ёки қувурдан эканлигигагина боғлиқ эмас, деган қатъий хулосага келдим. Сув музлатилганда ҳосил бўлувчи кристаллар Сувга сингган ахборотга ҳам боғлиқ.

Ғояларим ҳақлигини аниқлаш учун иккита шиша идишга Сув қуйдим. Шишалардан бирига «Раҳмат», иккинчисига «Сен аҳмоқсан» ёзувли қоғозларни ёпиштирдим. Сув ёзувларни «ўқийди», деган умидда шишаларни музлаткичга қўйдим.

Натижа гипотеза тўғрилигини исботлади. «Раҳмат» ёзувли Сувни чиройли кристаллар ҳосил қилгани ҳолда, «Сен аҳмоқсан» ёзувини «уққан» Сув аҳмоқона башарани акс эттирган эди.

Сув ўзига ахборотни қабул қилса, у музлаганда ҳосил бўлувчи кристаллар ахборот моҳиятига кўра шаклланар экан. Демак, кристалл ахборот мазмунига кўра чиройли ё хунук кўринишга келади. Бошқача айтганда, инсон онгли равишда Сув сифатига таъсир кўрсата олади. Энди мен сифати яхши Сув ёрдамида одамларни қай йўсин бахтли қилиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдим.

СУВ СЎЗНИ ТУШУНАДИ

Гипотезамиз ҳақлигига ишонч бизни дадил қадамлар қўйишга ундади. Сувга турли ахборотлар билан таъсир кўрсатиб, музлатар, кристалларни суратга туширардик. Ижобий мазмундаги сўзларга Сув ҳамиша чиройли кристаллар ҳосил қилиш билан жавоб қайтарар, гўё ўз шодон туйғуларини япроқларини очаётган гулғунча шаклли чиройли кристалларда намоён этарди. Аксинча, салбий мазмунли сўзларни тинглаганда Сув умуман кристалл ҳосил қилолмасди.

Сувга «бахт» сўзини айтганимизда, қирралари текис чиройли бриллиантга ўхшаш кристалл пайдо бўлди. «Бахтсизлик» сўзи эса, қанча «уринмасин» шакллана олмади, сўзнинг мудҳиш мазмуни Сув қувватини сўриб қўйди. Шу тариқа бир чашмадан олинган Сувга қарама-қарши мазмунли «яхши-ёмон», «ёқади-ёқмайди», «куч-заифлик», «фаришта-шайтон», «тинчлик-уруш» сингари сўзлар билан таъсир кўрсатилди.

Музлаган Сув эзгу сўзларгагина кристаллга айланиб, жавоб қайтарди.

Қизиғи шундаки, Сув ижобий сўзлар инглиз, хитой, француз, немис, италян, корейс тилларида айтилганда шаклан бир хил бўлмаса-да, чиройли кристаллар ҳосил қилди. Ҳа, Сув, қайси тилда айтилишидан қатъи назар, сўз мазмунини англарди. Сув сўз тузилишига эмас, унинг моҳиятига кўра ижобий-салбий аҳамиятини «тушуниб» кристаллар ҳосил қиларди. Ажаб эмас, Сув сўз ёзаётган инсон қалбини ҳам кўриш қобилиятига эга бўлса!

Тадқиқотларимиз жараёнида битта сурат мени ғоятда ҳаяжонга солди. Кристалл гўзаллигидан тилим лол эди. Кристалл барқ уриб очилган гулга ўхшарди. Сув ўз шодлигини англатиш учун қулочини кенг ёзган, уни «муҳаббат» ва «эҳтиром» сўзи қувонтирган эди.

Шунча йиллар мобайнида Сувга эзгу сўзлар айтиб, чиройли расмлар кўрсатиб, даволовчи мусиқалар эшиттириб, ҳосил қилган кристалларидан завқланганмиз. Аммо обиҳаёт «муҳаббат» ва «эҳтиром» сўзларидан таъсирланиб ҳосил қилгани янглиғ гўзал кристалларга ҳеч бири тенг келолмасди. Сув мазкур сўзлар ахборотини энг эзгу моҳиятга эга, деб қабул қилган кўринади.

ЎЗИМИЗ – СУВМИЗ

Тадқиқотлардан аён бўлдики, Сув ўзи қабул қилаётган ахборот табиатига кўра, яхшиланади ёки ёмонлашади. Модомики, улғайган инсон вужудининг 70 фоизини Сув ташкил этаркан, унга ҳам ўзи қабул қилаётган ахборот яхши ёки ёмон таъсир кўрсатмасмикин? Аёл тухум ҳужайралари уруғлангандан сўнг 96 фоизи Сувдан иборат бўлади.

Энди туғилган чақалоқнинг эса 80 фоизи Сув. Шахс улғайган сайин вужудидаги Сув миқдори камайиб, кексайгач, 70 фоиз қолади. Қисқаси, биз – инсонлар, Сув сифатида яшаймиз, жисмимизни ташкил этувчи моддаларнинг энг кўпи Сувдан иборат. Ҳаётимиз ҳам Сувдан бошланиб, Сув билан хотима топади. Она раҳмида ривожланаётган ҳомила, ибтидоси Дунё уммонида бошланиб, ҳозирги кўринишга келган инсон ҳаётининг эволюция йўлини босиб ўтади. Раҳмдаги амниотик суюқлик ҳамда уммон суви таркибан бир-бирига мувофиқ тушади. Онанинг раҳми уммонида туғилишни кутаётган ҳомила ўзи учун зарурий озуқани киндик ва плацент орқали олади. Жон бераримизда ҳам Сув бизга мададга келади. Японияда ўлим тўшагида ётган инсон лаби Сув шимган пахта ёки сикуми дарахтининг барги билан намланади, қувват қайтишини тилаб хос дуолар ўқилади. Музлатилган Сувнинг кристалланиш жараёнини кузатиш асноси шундай хулосага келдим: вужуди асосан Сувдан иборат инсонга рисоладагидай яхши ҳаёт кечириши учун эзгу ахборот зарур экан. Бу эзгу ахборот танани бардам, ақлни ўткир қилади. Аксинча, ёмон ахборот инсонни касаллантиради. Моҳиятан, инсон Сувдир. Хуштам Сув ичганимизда, вужудимиз тетиклашади. Лекин айни вақтда тоза Сув ичиш ҳам чўнтакка боғлиқ бўлиб қолди.

Ўтган юз йилликда инсоният олов – нефт учун урушлар гирдобига тушган эди. Олимларнинг башорати эса XXI аср Сув учун кураш юз йиллиги бўлишидан дарак бермоқда. ХХ аср мобайнида ғоят катта миқдорда энергия ишлаб чиқариш учун оловдан фойдаланилди. Зеро, 1900 йилда сайёрамиз аҳолиси бир ярим миллиард нафар бўлса, 2000 йилга келиб бу рақам олти миллиардга ўсди.

Табиийки, кўпайиб бораётган аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун улкан миқдорда энергия талаб этиларди. Худди шунинг учун ҳам доимий равишда кўмир ва нефт ёқилмоқда. Бунинг оқибатида, яъни ёнишдан ҳосил бўлган заҳарли моддалар атмосферани булғамоқда. Ифлосланган ёғинлар эса ўз навбатида ер тубига сингяпти. Сув сайёра бўйлаб тўлиқ айланиб чиқиши учун 30-50 йил муддат зарур. Демак, бундан 30-50 йил муқаддам ер юзасидан буғланган намлик – булут ҳозирда ичаётганимиз замин Сувига айланган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг саноат мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, ҳаво сифатига жиддий зарар етди. Орадан 60 йил ўтди, эндиликда асосан ифлосланган Сув истеъмол қилишдан ўзга иложимиз йўқ. Тез орада тоза Сув танқис бўлиб қолиши ва тоза Сув манбалари учун ихтилофлар келиб чиқиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Сувга эҳтиёж жаҳон миқёсидаги уруш оловини ёқмайди, дея умид қиламиз. Тоза Сув учун уруш бўлди ҳам дейлик. Бу Сув ўзи учун бўлган уруш ахборотини хотирасига сингдириб олар экан, энди унинг тозалиги қоладими? Тадқиқотларимизда тоза Сувга «уруш» сўзини ўқитганимизда, музлатилгандан сўнг кристаллар ҳосил қилмаган. Хаёлан чизганим келажак манзаралари қўрқинчли, аммо инсон ҳамиша яхшиликни ният қилиши, эзгу умидлар билан яшаши керак. Келажак эса эзгу фикр, яхши ният, эзгу аъмоллардан бошланади. Японияда атмосфера ёғинлари таркиби тадқиқотидан маълум бўлдики, атроф-муҳит ўз-ўзини тозалаш хусусиятига эга экан. Бундан атроф-муҳитни истаганча булғаш мумкин, деган хулосага бормаслик керак. Табиатда шундайин қудратли қонунлар ҳукм сурадики, инсон ҳам тириклик оламининг бир халқаси сифатида шу қонунларга бўйсунишга маҳкум. Қонунни буздингми, бундан энг аввало ўзинг зарар кўрасан. Инсоният бошига ёғилган ноаниқ касалликлар, турли хил офатлар замирида унинг Доно Табиат қонунларига ўзбошимчалик билан аралашуви, ўзини ер ҳукмдори деб билиб, олишнинг бериши борлигини унутгани… сингари хатоларини кўриш мумкин. Бани-башар, шукрки, кеч бўлса-да, хатоларини тузатишга киришди. Тадқиқотларим шундай хулоса чиқариш учун асос беряпти.

Яқин ўтмишга қиёсан ҳозир ёмғир суви сифати шак-шубҳасиз яхшиланди. Лекин бу яхшиланиш ер ости сувлари сифатининг ёмонлашуви эвазига бўлмоқда.

Бир неча йил муқаддам Япониянинг турли шаҳарларида (Хоккайдо оролининг сокин ҳудудида жойлашган Буэй шаҳри, Сайтама префектурасининг Сендай, Токородзава, Токионинг Асакуса туманида, Осака, Фукуока шаҳарларида)ги ёмғир сувларидан намуна олиб, музлатгач, кристалларини суратга туширдик. Орадан маълум вақт ўтгач, айни шу ҳудуддан яна ёмғир суви намуналарини олиб, тадқиқот ўтказдик. Осакадан олинган намуна аранг кристалсифат шаклга кирганини демаса, биринчи тажрибамизда бирорта ҳам кристалл ҳосил бўлмади. Буэй шаҳри мафтункор қишлоқ ҳудудида жойлашган эса-да, ҳатто шу сокин маконнинг ёмғир суви сифати ҳам яхши эмас. Буни тушуниш мумкин. Ҳудуд кўркамлигига қарамай, Хоккайдо ороли устидаги атмосферанинг озон қатлами юпқалашган, бу ҳудуд кислотали ёмғирлардан кучли азият чекади.

Қарангки, бу иккинчи тадқиқотимизда, (Токиодаги Асакуса туманини истисно этганда) музлатилган ёмғир сувларидан кристаллар вужудга келди. Мени айниқса, Токородзаванинг музлатилган ёмғир суви ҳайратга солди. Биринчи тажрибада олинган сувда кристалл (босма ҳарфга ўхшаш бўртиқ) шаклланмаганди, иккинчисида эса олти қиррали кристаллар ҳосил қилди. Токионинг ёмғир суви эса кристалл яратишга интилди. Сувдаги чарчоқлик ҳолати (менга шундай туюлди) кристалланиш жараёни тугалланишига имкон бермаса-да, сув қаттиқ тиришди.

Бошқача ифодаласам, кейинги йилларда Япониянинг барча ҳудудидаги ёмғир сувлари сифати анча яхшиланди. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади, чунки, одамлар атроф-муҳит муаммолари кескинлашганини эътироф этиб, уни яхшилаш учун мисли кўрилмаган дастурларни рўёб топтиришга киришдилар. Натижада қисқа фурсат ичида ҳаво анча тозаланди. Илгари атмосферадаги чиқиндилар ёмғир томчилари шаклида ерга тушган бўлса, энди ҳаво тозаланиб, бу муаммо барҳам топди.

Сув табиатда 30-50 йилда бир марта айланиб чиқишни инобатга олсак, бу тоза ёмғир сувидан чучук сув ўрнида фойдаланишимиз учун яна анча вақт зарур. Яна бир неча ўн йиллар заминдаги сув сифати ёмонлигига чидаб, вазият яхшиланишини кутишимиз керак бўлади. Ўзимиз эккан «уруғ» меваси қанчалар аччиқ бўлмасин, «ейишимиз», жиллақурса, авлодларимизни ўйлаб, атроф-муҳит муаммолари ечими йўлида ҳозиргидан ҳам фаолроқ ҳаракат қилишимиз зарур. «Муҳаббат» ва «Эҳтиром» сўзларини тинглаган сув нақадар гўзал кристаллар ҳосил қилганини яна бир бор эслайлик. Бу эса Сув ҳазратларининг инсон ақлига ишоратидир. Борлиқ оламга, тириклик муҳитига, табиатга муҳаббат беринг. Бу эса соғлом вужуд, соғлом руҳият ва бахтли ҳаёт кечириш, демакдир. Биз ана шу гўзал Муҳаббат ва Эҳтиром сўзлари кристаллари мададига таяниб, сувнинг ҳақиқий қудратини кашф этиш йўлидаги изланишларимизда бардавом бўламиз.

СУВ ВА ХАДО

Сув Хадо деб аталмиш латиф энергияга нисбатан ўта сезгир, таъсирчан. Айнан шу латиф энергия сув сифатига ҳамда ҳосил бўлаётган кристалларнинг шаклига таъсир кўрсатади. «Сув номалари» китобимнинг инглизча нашрида Хадо сўзи «тўлқинли тебранишлар» деб тўғри таржима қилинган. Аммо мазкур китобимда Хадо замирида борлиқ коинотдаги жамики мавжуд латиф энергиялар назарда тутилган.

Ҳар бир мавжудот ўзига хос тебраниш – хадога эга. Латиф энергия мусбат-ижобий ёки манфий-салбий бўлиб, бир объектдан иккинчисига осонгина ўтади. Ўз хадосига эга бўлган «сен – ахмоқсан» фикри сувга узатиларкан, сув музлатилганда шаклланган кристалларнинг қинғир-қийшиқлигида бу хадо акс этади. Сувга ижобий фикр билан таъсир кўрсатилганда, шаклланган чиройли кристаллар эса фикрдаги мусбат хадонинг инъикосидир. Сувнинг у ёки бу ахборотга қандай таъсир кўрсатиши айнан хадога боғлиқ бўлади.

Хадони кўз ўнгимизга келтириш учун камертонни мисол қилиб олиш мумкин. Айтайлик, учта камертонимиз бор. Биринчи ва иккинчи камертонлар 440 Гц частотали, учинчиси эса 442 Гц. Бошқача қилиб айтганда, дастлабки икки камертон секундига 440 та частота билан, учинчиси эса секундига 442 та частота билан товуш чиқаради (яъни тебранади). Биринчи камертонга болғача билан урсангиз, бир хил частотали иккинчи камертон ҳам овоз чиқаради, учинчиси эса «миқ» этмайди. Иккинчи камертон биринчисининг тебранишларига акс-садо беради, учинчиси эса аксинча. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкин. Хадо энергия демакдир. Тебраниш частотаси бир хил бўлган икки модда бир-бири билан яхлит товуш тебранишларига эга бўлади. Ишхонада гоҳо шундай вазият билан тўқнашишга тўғри келади. Ходим:

– Бошлиғим яхши одам бўлса-да, дунёқарашимиз ҳар хил. У билан муроса қилишим шунинг учун қийин кечяпти,– дейди афсусланиб.

Бошлиқ бу ходими унга манзур бўладиган иш қилишга интилса ҳам барибир ёқтирмайди, ишидан камчилик топаверади.

Бу ўринда бошлиқ ва ходим бир-бири билан турли муносабатда бўлишмоқда, яъни кўнгил кўнгилдан сув ичмаяпти. Улар ҳамкорлик, тил топишиш учун қанчалар ҳаракат қилишмасин, бари беҳуда. Бунинг ягона чораси бор. Улар вақтинча бўлса ҳам бир-бирларининг дунёқарашларини қабул қилиб, хадоларини мувофиқлаштириб олсаларгина, муросада ишлашлари мумкин. Хадонинг ўзига хослиги инсоний муносабатлардаги бир кўришда севги ҳолатида ҳам намоён бўлади. Қалб ҳолати – хадоси уйғун йигит-қиз учрашганда, ўзлари англамаган ҳолда бир-бирини севиб қолишади. Хадолар уйғунлиги ташқи салбий таъсирларга дуч келмаса, муҳаббат узоқ сақланади. Йигитнингми, қизнингми хадосида ўзгаришлар рўй берса (хулқ-атворида, дунёқарашида), муносабат дарз кетиши ҳам мумкин.

Хадо – ҳужайра тўқималари атомларидан бошлаб, барча даража-ларгача таъсир кўрсатади.

ХАДО – ТИББИЁТ

Яқинда инсон танасининг ҳужайралари тебранишларигача ўлчовчи радио-электрон асбоб билан танишиб қолдим. (Бу асбоб АҚШда яратилган бўлиб, уни ишлатиш махсус тайёргарлик талаб этади). Асбоб менга маъқул тушиб, ундан хадо ўлчашда фойдалана бошладим ва натижада хадо – тиббиётга йўл очилди. Хадо – тиббиёт даволаш амалиётининг муқобили ҳисобланиб, Ғарб анъанавий тиббиёти чекланишларига дуч келган тадқиқотчиларни ғоят қизиқтириб қўйди. Радио-электрон асбоб хадо – тиббиётни ўрганишимда жуда қўл келди. Асбоб хадони қойилмақом ўлчагани сингари, одамлар ҳам хадони қойилмақом узатиш ва қабул қилиш хусусиятига эга, деган хулосага келдим. Азайимхон-дуохон табиблар ҳам бемордаги тебранишлар аномалиясидан ижобий тебранишларни йиғиб, касалликни даволайдилар.

Хадо – тиббиёт – тебраниш ҳамда резонансга асосланади. Қандайдир сабабларга кўра, танамизнинг турли жойларидаги ҳужайра тебранишларига путур етди, дейлик. Бундай ҳолатда ҳужайра билан резонанс бўлган ташқи тебранишлар воситасида таъсир кўрсатилади. Хадо-тиббиёт моҳияти ана шундан иборат. Тебранишлар қандай тўғриланади?

Хадо-тўлқинли тебраниш ёҳуд, соддароқ айтганда, тўлқин бўлиб, унинг энг юқори кўтарилиш ва пастлашиш нуқтаси бор.Тўлқин қарама-қарши тўлқин ёрдамида нейтраллаштирилади, бу ҳолатда иккинчи тўлқиннинг пастлашуви билан биринчисининг кўтарилиш нуқталари мувофиқ келиши шарт.

Буни тушуниш учун ўз кўтарилиш ва пастлашиш нуқталарига эга бўлган товуш тўлқинларини мисол келтириш ўринлидир. Бир вақтнинг ўзида қарама-қарши тўлқинли товушлар таралса, ҳеч сас чиқмайди, эшитилмайди. «Бундай бўлиши мумкин эмас», дейсизми, лекин олимлар бу ғояни рўёбга чиқариш устида иш олиб боришмоқда. Улар шовқин-суронли жойларда товушлар ёрдамида сокинлик ўрнатишмоқда!

Оқшомги «Йомиури» газетасининг 1991 йил, 10 апрел сонида ғоят қизиқарли сарлавҳа остида мақола босилган. «Шовқинга қарши товуш ёрдамида курашиш: қарама-қарши шаклли тўлқинлар сокинликни таъминлайди» мақоласида хадо тамойилларининг амалиётда қўлланилишига оид тадқиқотлар хусусида сўз юритилади. Мана, мақоланинг мазмуни:

«Вокэда шаҳри университети олими доктор Йосио Ямасаки илмий-техник лабораториясида мусиқа шовқини остида сокинлик пайдо қилишга муваффақ бўлди. Сокинлик яратишнинг бу тури товуш шовқинини ўчиришнинг янги усулига асосланган. Шовқин-суронли идораларда, хизмат жойларида бу услуб қўл келади, деган ишонч бор.

Мусиқа ҳам, инсон овози ҳам табиатан тўлқинли ҳисобланади. Янги усул эса шовқин тўлқинларининг баландлаш ҳамда пастлаш тамойилига асосланади, шовқинга қарама-қарши шаклли тўлқинли товуш таралса, шовқин эшитилмай қолади ва сокинлик инади.

Ўн икки метр майдонли хонада тажриба ўтказилди. Биринчи динамикдан таралаётган мусиқа тўлқинларига иккинчи ва учинчи динамикларнинг биринчига қарама-қарши тўлқинли товуши билан таъсир кўрсатилди ва алалоқибат шовқинни сўндириш самараси – сокинликка эришилди. Белгиланган жойда сокинлик ва ундан бир неча миллиметр нарида паст товушда мусиқанинг асосий оҳанглари ҳамда инсон овози эшитиларди ва уларнинг частотаси бир неча юз баравар паст эди. Нейтраллаштирувчи динамикларни кўпайтириш натижасида товушсиз кенглик чегараларини кенгайтириш мумкин.

1991 йил, 9 апрелда Токиода бўлиб ўтган шовқин ва тебранишларни фаол назорат қилиш бўйича Халқаро симпозиумда тажриба намуна-лари тўғрисида маъруза қилинди. Доктор Ямасаки ўз маърузасида, жумладан шундай деди: «Бу товушни товуш билан ўчириш усули дейилади. Бу усул маълум бир чегараланган жойда шовқиндан халос бўлишга ёрдам беради. Менимча, бу усулни ҳар хил вазиятларда қўллаб кўриш керак». Кўриниб турибдики, ишлаётган автомобил двигателлари овози, ошиқаётган поезд вагонлари тақа-туқи, фабрика ва заводлардаги дастгоҳлар шовқин-суронини шу усул билан бартараф этиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, тўлқинни тўлқин билан ўчириш усули фақат товушгагина тааллуқли эмас. Бу усулни барча хадолар латиф энергияларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Хадо-тиббиётда мазкур усул ёрдамида беморни унга салбий таъсир кўрсатаётган хадони тўғриловчи хадо юбориш йўли билан даволаш мумкин. Кўриб турганингиздай, бу ўринда яна сув ёрдамига суянилади.

Маърузаларим, мақолаларим ва китобларимда хадо концепциясини фаол тарғиб қиламан. Тарғибот иш фаолиятимнинг асосини ташкил этгани боис, бошқа одамлар хадосини ўрганиш ва соғлиқларини тиклашга ёрдамлашиш учун вақтим етмайди. (Японияда 20 нафар шогирдим одамларга ана шундай хизмат кўрсатишяпти).

Даволаш жараёнида махсус асбоб ёрдамида беморнинг хадоси ўлчанади. Минглаб кишилар хадосини ўлчашда ана шу асбобдан фойдаланганман. Кузатилаётган тебранишлар маромидан чиққани аниқлангач, буни тузатувчи ахборот юборилган сув тайёрланади. Махсус сувда тайёрланган хадо инсон танасини ташкил этувчи энг кичик зарралар, атомлар, малекулаларгача таъсир этиб, мароми бузилган тебранишларни тузатади. Бундай сувни ичган инсон аста-секин тузалади.

НОТИНЧЛИК КЎПИНЧА КАСАЛЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Тадқиқот жараёнида аксарият беморларга хос умумий белгилар борлигини, ҳис-туйғулар билан жисмнинг касал аoзолари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқладим. 1995 йилда 100 нафар инсон хадосини ўрганиш юзасидан тажриба ўтказдим. Улардаги энг кўп тарқалган ҳис-ҳаяжон ҳолатлари (зўриқиш, нотинчлик, босимни сезиш, жиззакилик, қўрқув, таваккални билмаслик… сингари 38 та ҳиссий таъсири тадқиқ этилди) хадосини ўлчаб чиқдим. Ҳиссиётларнинг қай бирига жисмнинг қайси аъзоси кўпроқ резонанс бериши аниқланди. Олинган натижалар жадвалга солинди. Айтайлик, қаттиқ стресс-зўриқиш ичаклар фаолиятини издан чиқарган. Нотинчлик бўйин нервларини қақшатса, жиззакилик вегетатив нерв тизимининг парасимпатик бўлимини, қўрқув-буйракни, хавотир эса, ошқозонни касаллантиради.

Ўз ҳиссий ва жисмоний ҳолатингизга диққат қилинг. Юқоридаги хулосалар тўғри чиқяптими? Нотинчлик кўпинча хасталикка сабаб бўлади. Қалбан сокинлик эса соғлиқни тиклайди. Тиббиётда «плацебо эффект» тўғрисида тез-тез гапиришади. Фармацевтика компаниялари янги дори самарасини синаб кўриш мақсадида шифокорлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлар ўтказишади. Биринчи гуруҳ беморларга янги дори, иккинчи гуруҳга эса плацебо (оддий витамин ёки дори бўлмаган нимадир) бериб, бу янги дори, дейишади. Табиийки, чинакам янги дори ичган беморлар дори таъсирида тузала бошлайди. Қизиғи шундаки, иккинчи гуруҳдаги аксарият беморлар ҳам гарчи янги дори қабул қилмаган бўлсалар-да, соғайишади. Тўғри, плацебо-сохта дори ичган беморларнинг тузалиш даражаси паст, лекин шундай бўлса ҳам улар соғайишяпти. Нима учун, деган саволга замонавий тиббиёт жўяли жавоб беролмайди. Бу ўринда ижобий фикрлаш тарзи саломатликни тиклаган, дейишга асос бор. Ўз салбий ҳолатингиз-кайфиятингиз антоними (қарама-қаршиси)ни фикран ё хаёлан чорланг. Зўриққанда бўш қўйишни, жиззакиликда хотиржамликни ўйланг. Ҳа, хадони тузатишнинг энг осон йўли сўзнинг қарама-қаршиси маъносидан фойдаланишдан иборат. Бу ўринда ҳам сув мададга келади. Сув унга таклиф этилган ахборотни ўзида сақлайди. Бошқача айтганда, ижобий ҳолат хадоси сувга инади. Бундай сувни ичаётган инсон хадо-тиббиёт амалиётини ўтайди.

Мазкур китобни ёзишга тайёрланаётганимда тажриба ўтказдим. Юқорида саналган қарама-қарши ҳиссиётлар ёзилган қоғозларни сувли шишаларга ёпиштириб, музлатдим. Аввал, салбий ҳиссиётлардан сув қандай таъсирланганлигини суратга туширдим. Кейин эса, ижобий ҳиссиётларни сув нечоғли яхши кўришини чиройли кристалларда, намоён айлади.

ЖИСМ ЖАРОҲАТЛАРИ ҲАМДА ХАДО ВАЗИФАЛАРИ

Ички касалликлар билан бирга ташқи жисмнинг лат ейиши, яраланиши, синиши сингари касалликлар ҳам бор. Хадо нуқтаи назаридан ички, ташқи хасталиклар ўртасида катта фарқ йўқ. Унисида ҳам, бунисида ҳам тебранишлар маромига путур етади. Назаримда, иситма тебранишлар частотасининг кўрсаткичи ҳисобланади. Маълумки, бир меъёрда ишлаётган жисм ҳарорати 36,5 даражани ташкил этади. Ташқи таъсир туфайли жисмнинг зарарланган аъзоси тебранишларига путур етади ва иситма кўтарилади. Айнан шунинг учун ҳам жисм лат еганда кўпинча иситма баланд бўлади.

Тебраниш ва ҳаёт бир-бири билан ғоят боғлиқ. Юраги уришдан тўхтаган инсон ўлган саналади. Бошқача ифодалаганда, тебраниш ҳаётнинг ўзидир. «Ҳаёт» маъносини англатувчи япон иероглифи «уриб турмоқ» деган иккинчи мазмунга ҳам эгалиги тасодиф эмас.

ЎЗ-ЎЗИНИ БИЛИШ ВА ШИФО ТОПИШ УЧУН

Махсус ўлчовчи асбоб ёрдамида ўзини ёмон сезаётган одам хадосини ўлчаб, тебранишлардаги маром бузилишига уни бартараф этувчи хадо орқали таъсир кўрсатиш керак. Тебранишлар маромига тушганда, соғлиқ тикланади. Мазкур тамойилни амалиётда қўллаш мақсадида ўлчовчи асбоб воситасида одамларнинг хадоси ҳақида ахборот йиға бошладим. Танишларимдан бири мени синаб кўргиси келди шекилли, бир сиқим сочни қўлимга тутқазиб, деди:

– Дўстим илтимос қилди, қизининг сочи, шуни текшириб, ташхис қўёласизми?

Танишим бу қизнинг соғлиги тўғирисида чурқ этмади. Бир соат ичида сочни асбобим ёрдамида текширгач, унга қуйидаги маълумотларни айтдим:

1. Бош мия учун ғоят паст резонанс.

2. Бутун жисм учун резонанс пастлашуви.

3. Қўрғошин билан заҳарланиш бунга сабаб бўлиши мумкин.

Танишим бу маълумотларни дўстига етказибди. Қиз ўн йилдирки, университет клиникасининг психиатрик бўлими ҳисобида тураркан. Уни кўп марта касалхонага ётқизиб, текшириб кўришган, аммо касаллик сабабини топишолмаган. Сабабини аниқламай туриб, соғлиқни тиклаш мумкин эмас. Ғамзада ота ноанъанавий тиббиётдан умидвор бўлиб, дўсти орқали (ўзи у қадар ишонмабди) менга мурожаат қилган. Кейинги кун танишим қўнғироқ қилиб, дўсти ташхисимдан карахт бўлиб қолганини, уйларидаги водопровод қувурлари дарҳақиқат қўрғошиндан эканлигини айтди. Кўп ўтмай, ота-она ишхонамга кириб келишди. Ота ҳар эҳтимолга қарши уйларидаги водопровод сувидан ҳам келтирибди. Покиза, келишган қиз руҳий касалга ўхшамасди. Ўзини яхши ҳис этар, фақат вақти-вақти билан кўзига шарпалар, рўёлар кўриниб тураркан.

Хадо ўлчовчи асбобим билан қизни, ота-онасини кўрикдан ўтказдим. Дарҳақиқат, қиз қўрғошин билан кучли заҳарланган эди. Ота-онада ҳам заҳарланиш бор, аммо у қадар кучли эмас. Таҳлил водопровод сувининг қўрғошин билан жуда кучли зарарланганлигини исботлади. Қизлари асло руҳий касал эмаслиги, барчасига сабаб қўрғошиннинг бош мияда тўпланиб қолганлигида эканини айтганимда, ота-она севинчдан йиғлашди, мен улар сиймосини ҳеч қачон унутмайман.

Энг аввало қўрғошин қувурларни алмаштиришга қарор қилишди. Жисмдаги қўрғошинни чиқаришга ёрдамлашишни илтимос қилишганда, амалий тиббиёт билан шуғулланишга ҳаққим йўқлигини, қўрғошиндан заҳарланиш хадосини нейтраллаштиришгагина ёрдамлашишимни айтдим. Хадо галлюцинациялар пайдо бўлиши олдини олади. Муолажа учун зарурий частота билан тебранувчи сув керак эди, холос.

Улар таклифимни қабул қилгач, заҳарланиш оқибатларини нейтралловчи хадо-сув тайёрладим. Бемор қиз хадо-сувни икки ой мобайнида бажонидил ичиб юрди, натижада қўрғошин билан заҳарланиш кўрсаткичи аввалгисидан кескин пасайди. Қизгина уч-тўрт кун тунлари ухлолмади, бу – заҳарланишнинг кескин йўқолиши туфайли бўлса, ажабмас. Соғлиги эса анча яхшиланганлигини университет клиникасидаги даволовчи шифокори ҳам тасдиқлади. Мадад беролганимдан хурсанд эдим, аммо бу воқеа сувнинг меҳри ҳам, қаҳри ҳам борлигини исботлаб мени ҳушёр торттирди.

Оила бошлиғи билан бамаслаҳат, уларнинг уйидаги қўрғошин қувурли водопровод сувини анализ қилиб берилишини сўраб, жамоат ташкилотларидан бирига мурожаат этдик. Ўн кундан сўнг мен аввалдан тахмин қилганим натижаларни олдик. Таркибида қўрғошин борлигига қарамай сув ичишга яроқли, сифатли, дея натижа берилган. Молекуляр даражада сувда қўрғошин қўринмаган, лекин атом зарралари тарзида борлигига ишончим комил эди. Бу ҳодиса сувни анализ қилишнинг ҳозирги усули эскирганлигини яққол кўрсатиб турарди.

Тадқиқ этилган сувда қўрғошин бўлмаса-да, сув унинг учун заҳарли эканлиги тўғрисидаги ахборотни сақлаб қолган. Қиз бундай сувни ичгач, тана тебранишларида бузилишлар содир бўлиб, руҳий хасталикларни келтириб чиқарган. Юқорида кўп бора таъкидлаганимдай, сув ижобий ёки салбий бўлган ахборотни ўзида сақлайди. Модомики, инсон асосан сув экан, у ўзи ичаётган сувдаги ахборотлардан таъсирланади. Ижобий ахборот соғлиқни мустаҳкамлайди, салбийси эса касалликка чалинтиради.

ОДАМЗОДНИНГ ИСМИ, СУРАТИДА УНИНГ КАСАЛЛИКЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ АХБОРОТ МАВЖУД

Биз сувга маълум бир маъноли сўз билан таъсир кўрсатиб, сув музлатилгач, сўз моҳиятига кўра кристаллар ё ҳосил қилади ёки қилмайди. Буни фотосуратлар ҳам исботлайди. Гипотезамнинг тасдиғи сифатида муз кристалларини суратга туширишда давом этдим.

Ақл-идрок бу ҳодисага ишонишни истамайди, сув ўзига тақдим этилаётган ахборотни қабул қилиб, наҳот шунга мувофиқ ўзгарса?! Хадо ўлчагич асбобим воситасида ўтказилган тадқиқотлар бунинг ҳақиқатлигини исботласа, не тонг! Мисол келтираман.

Хадо-тиббиёт ёрдамида беморлар соғлигини тиклашга кўмаклаша бошладим. Ҳузуримга нотаниш киши келиб, дўстининг 22 ёшли қизи саратонга чалинганлигини айтди. Лимфа тугунлари ўсмаси. Икки йил муқаддам отаси, бобоси ҳам шу хасталикдан вафот этишган, иккиси ҳам шифокор экан.

– Бечора қизга ёрдам беринг, доктор,– ялинди танишим.

Қиз университетнинг тиббиёт факултетида ўқийди. Уни шу илм даргоҳидаги клиникада операция қилишган, айни пайтда кимёвий терапия оляпти. Бу эса вазиятни мушкуллаштирарди. Инсондаги бузилган тебранишлар хадосини ўлчаб, мувофиқлаштирувчи хадо-сув тайёрламоғим учун шахсан кўришиш зарур. Бемор қиз ётган клиникага ўлчагич асбобларимни кўтариб боролмайман. Замонавий университет клиникаси шифокорлари муқобил тиббиётни тан олишармиди? Мени ҳайдаб чиқаришади, тамом-вассалом! Буни танишимга айтдим. Кейинги сафар у қизнинг онаси билан ишхонамга кириб келишди. Она шўрлик шунчалар йиғлаб, тавалло қилдики, йўқ, демак, мумкин эмасди. Кутилмаганда хаёлимга бир ғоя келди. Қизнинг суратидан хадосини ўлчасам-чи?

Ҳа, суратдан хадони ўлчашга муваффақ бўлганим ондаги ҳайратим таърифга сиғмайди. Қизни кучли хавотир қуршаганини ўлчов натижалари кўрсатиб турарди. Юқорида, хавотир ҳолати кўпинча ошқозон касалликларини келтириб чиқаришини таъкидлаганман. Аёл, кейинги пайтда қизининг кўнгли айниб, овқат еёлмай қолганлигини айтгач, мендаги ишонч кучайди: қиз ҳузуримга келмаса ҳам унинг касаллиги тўғрисида ахборот тўплай оламан!

Унинг хадосини маромига солувчи сув тайёрлай бошладим. Она ҳар сафар қизининг янги-янги суратларини келтирар, мен эса бемор учун хадо-сув тайёрлаш билан банд эдим.

Кимёвий терапия қизда ўз зарарли оқибатларини қолдирган бўлиб, тана тебранишларида кўплаб, турли хил номувофиқликлар кўзга ташланарди. У хадо-сув истеъмол қила бошлагач, зарарли оқибат нейтраллашди. Даво курси муваффақиятли тугаб, беморимга клиникадан уйга жавоб беришди. Қиз ўқишга қайтди, маълум бўлишича, ҳозир ўзи беморларни даволаяпти. Бундай ҳодисалар сувнинг суратлардаги ахборотни ўқиб, шунга мувофиқ ўз хусусиятларини ўзгартира олишига ишончимни комил қилди. Хаёлимга, балки сув исмларга хос ахборотни ҳам ўзида инъикос этса, ажаб эмас, деган фикр урилди. Бу гипотезани синаш учун тажриба ўтказдим. Бири эзгулиги ва бири ёвузлиги билан машҳур инсонлар – Момо Тереза ва Адольф Гитлер номлари ёзилган қоғозчаларни сув қуйилган шиша идишларга ёпиштириб, уларни музлатдим. Сувлар музлагач, ҳосил бўлган кристалларни суратга олдим. Натижа кутганимдай эди. Суратларда шу инсонлар билан боғлиқ туйғулар инъикос этганди. Сўз билан ифодаласак, исм-фамилияларнинг ҳам ўз хадоси бор. Ана шундай суратлар илгари босилиб чиққан китобларимга киритилган. Аммо жиноятчилар билан адаш исм-насабли инсонлар нотўғри хулоса чиқармасликлари учун тарихий шахслар суратлари хадосини чоп этмасликка қарор қилдим.

ОҚҚОН КАСАЛИГА ЧАЛИНГАН ҚИЗАЛОҚ ХАДОСИ

1996 йил, 24 феврал куни яқинда оққон касали борлиги аниқланган 14 яшар қизалоққа тушунтириш беришимни сўрашди. Гарчи унинг тузалиш жараёни тафсилоти сизни толиқтирса-да, хадонинг чинакам қудратини англашингизни истардим.

Қизалоқни дастлаб жаноб Ноборо Судзуки муқобил тиббиётнинг мануал терапия йўли билан даволаган. Афсуски, жаноб Судзуки оламдан ўтган, у ўз соҳасининг билимдони сифатида машҳур эди. Хоккайдо оролида яшаган жаноб Судзуки билан кўп марта учрашиб, дилкаш суҳбатлар қурганмиз.

Бир куни жаноб Судзуки менга қўнғироқ қилиб, унинг ҳузурига оққон касалига чалинган қизалоқни келтиришганини, аммо бу хасталикни даволаш унинг мажбуриятига кирмаслигини айтиб, мендан ёрдам беришимни сўради.

Қизалоққа ёрдам бероламанми-йўқми, бундан қатъи назар, жаноб Судзукининг илтимосини рад этолмасдим. Қизалоқ Токиода яшаганлиги боис даволаш осон кечишидан умидвор эдим, таассуфки, у ҳамон касалхонада экан. Ота-онаси келтирган суратидан қизалоқнинг хадосини ўлчадим. Дастлаб генетик ахборотларни ўрганиб чиқдим, чунки, аждодлардан мерос генетик ахборотлар ҳам шахс жисмининг тебранишлардаги салбий ўзгаришларига сабаб бўлиши мумкин. Таҳлил натижалари бунга сабаб саратонга чалиниб қолишдан қаттиқ қўрқув эканлигини кўрсатди. Қўрқув ҳисси лимфа безларига салбий таъсир этган. Қизалоқ ўзидаги қўрқув ҳиссини кучсизлантирувчи хадога муҳтож. Бундан ташқари, қизалоқнинг қораталоғи ҳам шифоталаб, юраги эса уятчанлик азобини тортар, изтироб ҳисси ҳам «қилич серпаб» турарди. Қизалоқнинг генетик ахборотларини таҳлил қилиб чиқдим. Жиддий оқибатлар мадад қўлини талаб этарди. Уч соатлик текширувлардан сўнг қизалоқ учун хадо-сув тайёрлаб, ота-онасига бердим.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 3 март куни ота-она қизалоқнинг яқинда туширилган суратини олиб келишди. Унинг аҳволи оғирлашибди. Бу сафар унга салбий таъсир этаётган қўрқув ва изтироб ҳиссиётларини нейтралловчи хадо-сув тайёрлаб бердим. Қизалоқ бу сувни кунига 5 маҳал ичарди. У ўзи ичолмас, ота-онаси бир миллилитрдан тилининг тагига томизишарди. Одатда кунига 800-1000 миллилитрдан хадо-сув ичишни тавсия этаман.

7 март куни ота-она хушхабар билан ҳузуримга кириб келишди. Хадо-сув ёрдам қилган кўринади: қондаги лейкоцитлар камайган, сариқ касал аломатлари йўқолган, юрак ва ўпка фаолияти яхшиланган. Лекин қизгинанинг юрак сатҳида суюқлик тўпланган, камқонлик касаллиги ҳам хавф солмоқда эди. Энди мен унга бошқача хадо-сув тайёрладим ва буни ичгач, шитоб тузала бошлади. У доимо назоратимда турар, аҳволидан келиб чиққан ҳолда янги-янги хадо-сув тайёрлаб берардим. Қондаги лейкоцитлар даража кўрсаткичи яхши томонга ўзгарди ва беморга вақтинча уйга жавоб бердим. Ота-она мамнуният ила фарзандлари табассум қилаётганини айтишди. Ҳам хадо-сув ичиб, ҳам касалхонада даволанаётган қизгина ҳамкорликдаги икки томонлама муолажа туфайли оёққа турди. Аммо севинишга ҳали эрта экан, саратонга қарши кучли дори-дармонлардан фойдаланиш оқибатида унинг сочлари тўкилмоқда эди… Яна хадо-сув кўмакка келди. Сентябр-декабр ойларида бир неча бор бемор жисмидаги тебранишларни ўлчаб, янгидан-янги хадо-сув тайёрлаб берардим, у эса ихлос билан ичарди. 19 декабрда қизгина соғайиб, касалхонадан чиқди. Янги йилнинг феврал ойида у яна ҳайз кўра бошладики, бу беморимнинг касали барҳам топаётганидан дарак эди. Апрел ойидан эса у мактабга қатнай бошлади. Қизгина доимий назоратимда турар, ҳар бир текширувдан сўнг ундаги тебранишлар номувофиқлигини тўғрилаш учун хадо-сув тайёрлардим. Ва ниҳоят муолажа сўнггига етди.

Ҳозир собиқ беморим 24 ёшда, дизайнер бўлиб ишлайди. Яқинда ота-онаси, қиз ўз соҳасидаги услубларни тиббиётда қўллаш устида иш олиб бораётганлигини айтишди.

ЮРАК ХАСТАЛИГИ БИЛАН ТУҒИЛГАН ҚИЗАЛОҚНИНГ ХАДОСИ

Маслаҳат сўраб ҳузуримга кўплаб кишилар келишади. Қуйида эса сизларга ғаройиб ҳодисани ҳикоя қилиб бермоқчиман. 1994 йил, 15 июл куни ҳузуримга оила доктори жаноб Н. кириб келди. Китобимни ўқиганлигини, мен амалиётда қўллаётганим хадо-тиббиётнинг мавжуд имкониятларини англаганлигини айтди. Жаноб Н. ўзи даволаётган касалванд қизалоқ суратини кўрсатиб, маслаҳат сўради. Қизалоқнинг болаларча табассуми акс этган сурат. Ғарб тиббиёти нуқтаи назаридан, қизалоқнинг саноқли ойгина умри қолган, даволаб бўлмайди, деган ташхис қўйилган. Вазият мураккаблигини тушунсам-да, айнан шу мураккаблик қалбимдаги жанговар руҳимни оёққа турғизди. Доктор Н.нинг қизалоқ хасталигига оид сўзларини тингларканман, ўз-ўзимга, болакай ҳаётини сақлаб қолишим зарур, деб айтдим.

Қизалоқ туғма юрак ҳасталиги гипертрофия билан туғилган, ривожланаётган касал юрак кўкрак қафасидан тобора катта ўрин олмоқда. Алал-оқибат қизалоқнинг умр шами сўнади. Бундай касалликка чалинган гўдаклар бир йил ҳам яшашмайди. Бу ташхис қўйилган 24 май куни қизалоқнинг юраги кўкрак қафасининг 68,9 фоизини эгаллаб бўлган. Гўдак бир ёшга тўлиши учун уч ой қолибди. Хадо-тиббиёт қудратига ишонсам-да, ёрдам беришга кечикмасмикинман, деган ҳадик бор. Хасталик, юқорида айтганимдай, атом зарралари даражасидаги тебранишлар бузилиши оқибатида пайдо бўлган. Бу эса ўз-ўзидан атом, молекула, ҳужайрадаги ва ниҳоят, жисм аъзоси даражасидаги тебранишлар маромининг бузилишига олиб келган. Хадо-сув ёрдамида тебранишларни мувофиқлаштириш тескари тартибда ўтказилиши боис кўп вақт зарур эди. Вақт етишмаслиги оқибатида беморларга ёрдам беролмай ҳам қолганмиз. Зудлик билан қизалоқ сурати тебранишларини ўлчашга киришдим. Аппаратим ирсият даражасида ўлимдан қўрқиш, айбдорлик туйғуси, депрессия оғир руҳий ҳолат, ишончсизлик, чуқур изтироб ҳиссиётларини аниқлади. Мазкур салбий туйғуларнинг таъсирини кесувчи хадо-сув тайёрлашга тутиндим.

Орадан икки ой ўтгач, 8 сентябрда иккинчи марта гўдак хадосини текшириб чиқдим. Ўша пайтда касалхонада ўтказилган текширувлар гўдак юраги кўкрак қафасининг 54 фоизини эгаллаганлигини кўрсатган. Мендаги текширув натижалари бўйича эса бояги ҳиссиётлар ҳамон мавжуд эди. Бироқ, навбатдаги текширувда юрак эгаллаган сатҳ яна 59 фоизга етиб қолди. Шундай бўлса-да, гўдак ҳолатида ижобий ўзгаришлар рўй бера бошлади, 15 декабр куни қизалоқ умридаги биринчи туғилган кунини нишонлади.

Учинчи марта хадо текшируви: бетоқатлик, лоқайдлик, нотўғри тушунча, кучли қўрқув, нотинчлик, хавотир, ишончсизлик, тушкунлик, чарчоқ, саросима, ланжлик ҳисси, ўз-ўзига ачиниш туйғуси… ва бу салбий ҳиссиётлар таъсирини кесувчи нажотбахш хадо-сув.

Нимасини айтасиз, хадо-сув гўдакка нажот берди. Аҳволи яхшиланиб, уни касалхонадан чиқаришди. Энди ҳар ойда қизалоқни текшириб, зарурий хадо-сув тайёрлаб берардим. Юраги шу вақтга келиб кўкрак қафасининг 30 фоизинигина эгалларди.

1996 йилнинг 23 апрели. Йигирма бешинчи маротаба қизалоқ хадосини текширишга келдим. Хушхабарни эшитиб, бошим кўкка етди. Яқинда қизалоқни касалхонада текширувдан ўтказишибди. Юракнинг кўкрак сатҳида эгаллаган жойи нормага мувофиқ экан! Жажжи беморим билан хайрлашар эканман, зарурий вақтда ёрдамга тайёрлигимни айтдим.

Доктор Н. бу воқеадан сўнг хадо-тиббиёт билан янада қаттиқроқ қизиқиб қолди, журналимизга мақола ҳам ёзиб берди.

Ғарб тиббиётини ҳам, хадо-тиббиётни ҳам бирдай ҳурмат қиламан ва ҳар иккисини боғловчи кўприк вазифасини ўташга тайёрман.

ИРСИЙ ЎЗИГА ХОСЛИК

Шахсга ота-оналаридан, аждодларидан ўтган ахборотлар – ирсий мерос дейилади. Ирсий ахборот инсон генида кодлаштирилган бўлиб, фазилатлари ҳам, қусурлари ҳам бор. Аждодлардан мерос салбий ахборотлар, кўпинча жисмда намоён бўлиб, касалликка олиб келади. Мижоз хадосини ўрганишда биринчи ишни ундаги генетик ахборотни текширишдан бошлашимнинг сабаби ана шунда. Одамлар саратон касалининг суяк суришини айтишади. Балки бу авлодга хос саратон ўсмалари пайдо бўлишига замин яратувчи ҳиссиётларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётганлиги оқибатидир. Ҳарҳолда мен ирсиятни шундай тушунаман.

Электромагнит тўлқинлар таъсирида юзага келувчи вирусли ҳасталик ва касалланишлар давосини истисно этганда, хадо-тиббиёт соҳасида вақт муҳим ўрин тутади. Биз беморнинг гененетик – ирсий ахборотини тўғри таҳлил қила билишимиз, бирин-кетин намоён бўлувчи салбий ахборотларни бартараф этишимиз зарур. Неча-неча аждодлар ахбороти анъанавий тарзда авлодига мерос қолган. Инсон танасида 12 та ана шундай қатлам мавжуд, деб ҳисоблайман. Касаллик чақиришга қодир ахборот таъсирини кесиш учун ана шу қатламларнинг ҳар бири билан ишлашга тўғри келади.

Кўп йиллар муқаддам семинар ўтказаётганимда тингловчилардан бири ўз ташвишларини айтиб, ёрдам беришимни сўради. Тўнғич қизида тўғри ичак саратонининг авж формаси аниқланибди. Хадо-тиббиёт ёрдамида саратон ўсмалари ўсишини тўхтатишга муваффақ бўлдик. Уч йил ўтгач, уларнинг кенжа қизларига ҳам айнан шу ташхис қўйилибди. Қисқа фурсатда икки қиз ҳам касалликдан азобга тушишди. Ота-онани чексиз ғам босган, оила муҳитида ҳукмрон салбий ҳиссиётлар беморларнинг тузалишига йўл бермасди. Опа-сингил хадосини ҳар томонлама чуқурроқ ўрганишга киришдим.

Хадо ўлчовчи асбоб ёрдамида ўтказилган генетик ахборотлар текшируви мени қийин аҳволга солиб қўйди. Салбий ахборот илдизлари қизларнинг ўтган ҳаёти томон тармоқлаб кетган. Буни ота-онага айтилса, изтироблари бешбаттар кучаяди, худди шу сабаб тажриба натижаларини юзаки гапириб бердим. Аммо оила бошлиғи суҳбатдан сўнг ишхонамга келди.

–Доктор, сиз айтган натижалар мана бу журналдаги мақола мазмунига ҳамоҳанг эмасми? –деди у журналдан кўчирма нусхани менга кўрсатаркан.

Мақола «Мавжуд куч-қувватни рўёбга чиқариш ибтидоси: реинкарнация соҳасидаги тадқиқотларнинг ўсиши дунёқарашга қандай таъсир кўрсатади?» сарлавҳали мақола муаллифи Фукусима университети Иқтисод факултети доценти, доктор Фумихико Иидо эди.

Мақола остсарлавҳасини ўқибоқ, доктор Иидо ҳам айнан менинг мулоҳазаларим хусусида сўз юритаётганини англадим.

– Ҳа,–дедим оила бошлиғига,–сиз батамом ҳақсиз, мен ҳам айнан шуни назарда тутгандим. Фукусима университети мамлакатимиздаги нуфузи баланд илм даргоҳи. Замона дарҳақиқат ўзгариб боряпти, шундай эмасми? Машҳур университет доценти академик журналда дадиллик билан шундай мақола нашр эттирса-я, ишонгинг келмайди! Бу ҳаққи рост эътироф, чунки ҳозиргача ҳам Японияда Ғарб тиббиётини афзал билишарди-да.

КАСАЛЛИК САЛБИЙ АХБОРОТДАН ТАЪСИРЛАНАДИ

Ҳар бир инсон ҳаётини атрофидагиларга, ўзига наф етадиган қилиб ўтказиши шарт. Бу эса жуда муҳим.

Табиатан некбин камина тадқиқотларим бошлангандан буён до-имий равишда иш билан бандман, кейинги йилларда меҳнат таътилим ҳам беш кундан ошмайди. Шу йўсин олтмишни уриб қўйганимни ҳам билмай қолибман.

Жамиятимиз қонун-қоидаларига кўра бу ёшда ишни бас қилиб, кексалик гаштини суриб юришим керак, аммо мен фаол ҳаётни тарк этмоқчи эмасман. Бахтимдан ўргилай, ҳаётнинг ўзи мени тиниб-тинчимасликка ундаяпти, маърузалар ўқиб беришимни сўраб, ер юзининг барча минтақаларидан таклифлар ёғилади. Дунё бўйлаб кўп кезишимга қарамай, ўзимдан ёшлар билан беллашишга лойиқ ички бир қувват мени бардам қилиб туради. Жисмоний куч-қувватим манбаи эса ҳамиша ижобий фикрлашим, ният, аъмолларимнинг покизалигида, деб ўйлайман. Мудом салбий, нохуш, ёмон фикрлар билан банд инсонлар касалликка енгил берилувчан бўлишади. Салбий фикрлар вирусларга ўхшаш нохуш ҳодисалар билан уйғун бўлгани боис уларни ўзига тортиб олади.

1980 йиллар охирида ёлғизлик ҳисси гиппоками – бош миянинг хотира учун жавобгар қисми билан, кексалик ақли заифлиги эса – алюминий концентрацияси таъсири оқибати, деган қарорга келдим. Хадо текширувлар натижаси бунга асос бўлди.

Ёлғизлик ҳисси бош мияга мудҳиш таъсир кўрсатиб, унга хос тебранишларни бузади. Гиппокамининг бузилган тебранишлари частотаси алюминий тебранишлари частотаси билан уйғун, демак, гиппокамида алюминийнинг тўпланиши хотира ёмонлашувига олиб келади. Бу шахсий хулосаларим. Кейинчалик, Алцгеймер хасталигига қарши курашувчи Америка уюшмаси маълумотларида ҳам алюминий таъсирида муд-ҳиш хотирасизлик касали ўртасида боғлиқлик борлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, салбий туйғулар кўпинча вируслар билан уйғунлашади. Шамоллашни олиб кўрайлик. Битта синф ўқувчиларидан уч-тўрттаси шамоллаб қолса, тез орада бошқаларига ҳам юқиб, давомат пасаяди. Лекин айнан шу мактабнинг бошқа синфларида давомат тўлиқ, ўқувчилар дарсга келишяпти. Шамоллаш касалини вирусли инфекция тарқатади. Мантиқан олганда, мактабдаги барча синф ўқувчилари шамоллаши керак-ку, нега бундай бўлмади? Бу қандай фикрлашга боғлиқ, деган бўлардим. «А» синф ўқувчилари салбий фикрлашга мойил. Улар бу йил кутилаётган шамоллаш эпидемияси тўғрисида эшитишган, доимо шу ҳақида ўйлашади, касал бўлиб қолишса, ўзларини ғоят ёмон ҳис этишлари мияларига қуйилган. Уларнинг таъсирида бошқа ўқувчилар ҳам эпидемия тўғрисида ўйлай бошлашади. «Б» синфда эса некбинлар кўпчилик, улар эпидемияни ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Уларнинг фикр-ёди қизиқарли телевизион кўрсатувларда ёки тезроқ дарс тугаб, тушликка чиқишни ўйлашади.

Демак, «Б» синф эмас, «А» синф ўқувчилари эпидемияга чалингани боиси уларнинг фикрлаш тарзи ҳар хиллигида экан.

«Инфекция» маъносини англатувчи япон иероглифи яна бир мазмун – «ҳис этиш ва юқдириш»ни англатишида ҳам ҳикмат кўп.

Салбий тусдаги фикрлар нохуш омиллар билан уйғун бўлиб, вазиятни оғирлаштиради. Бу эса хасталикларгагина тааллуқли эмас. Кўпроқ суиқасд билан боғлиқ мақола ўқиган ё филм кўрган одамлар вос-вос бўлиб, алал-оқибат ўзини ўлдиради. Йигирма йиллар муқаддам япон ўсмирлари даҳосига айланган қўшиқчи ўз жонига қасд қилди, унинг ортидан ашаддий мухлислар ҳам ўзларини асфаласофилинга жўнатишди. Ёки авиаҳалокатларни олайлик, нима учун устма-уст содир бўляпти? Учувчилар, механиклар, йўловчиларнинг ҳалокат тўғрисидаги бетиним ўйлари тўпланиб, улкан хадога айланяпти ва фожиа рўй беряпти.

Бахтли ҳаёт кечириш учун эзгу, ижобий фикрлар билан яшаш зарур. Шифокор эмасман, аммо ишончим комилки, шифокорлар фақат даволовчи эмас, файласуф ҳам бўлишлари керак. Шифокорнинг ҳамдардлиги, зукколиги, зийраклиги беморнинг соғайишига ёрдам беради. Бемор салбий ҳиссиётлардан халос бўла олса, ички ўз-ўзини даволаш хусусиятини ишга туширади. Қадимда барча табиблар художўй бўлганлар. Коҳинлар ва шаманлар бунга ёрқин мисол. Замонавий шифокорлар ҳам ўтмиш издошлари сингари беморларида қалб сокинлиги, хотиржамликни таъминлашга эришолсалар, касалликка мойилликни бартараф этган бўлур эдилар.

ҒАЙРИОДДИЙ ПНЕВМОНИЯ НЕГА ПАЙДО БЎЛДИ?

Бир неча йил муқаддам инсоният боши узра мудҳиш хавф ­ ноаниқ вирусли касаллик ­ ғайриоддий пневмония эпидемияси таҳдид солди. Ростини айтсам, янги касаллик тарқатувчи вируснинг пайдо бўлиши мен учун кутилмаган ҳодиса эмас эди. Бу эпидемия Она-сайёрамиз умумий аҳволининг ёмонлашуви билан боғлиқ.

Юқорида Еримиз аҳолиси 1900 йилда 1,5 миллиард нафарни ташкил этганлигини айтгандим. Олимларнинг тадқиқотларига мувофиқ, эрамизнинг биринчи асрида заминда бор-йўғи 180 миллион киши яшаган холос. Бундан кўринадики, 1900 йил ичида аҳоли 1,3 миллиардга, ке-йинги юз йилликларда эса 4,5 миллиардга кўпайган. Эсанкиратиб қўядиган рақам, шундай эмасми?

Ернинг жонли мавжудот эканлиги исбот талаб қилинмас аксиома. Шу нуқтаи назардан, сайёранинг паҳлавон жисми ғоят кўпайиб кетган аҳоли тебранишлари частотасига номувофиқликдан қийналаётган бўлиши мумкин. Ерни инсон жисми билан қиёсланса, замин тебранишларидаги бузилишлари субатом, атом, молекуляр даражадан ўтиб, ҳужайра ва балки жисм аъзоларига қадар етиб боради. Худди шу сабабли ернинг иммунитети ва ўз-ўзини даволаш қобилияти пасайди. Кучсизланган иммунитет эса жамоатчилик хавотирининг салбий ҳиссиётларига уйқашиб, шунга мос частотали вирус билан «тил топишган».

2003 йили Канадада ғайриоддий пневмония жунбушга келди. Мен мазкур давлат шаҳарларида, жумладан, касалликдан энг кўп азият чеккан Торонтода маърузалар ўқирдим. Сафар чоғи хаёлимга бир ғоя келди.

Токиога – иш жойимга телефон қилиб, дистилланган сувга инглиз, япон тилларида «ғайриоддий пневмония» сўзини индириб музлатишни, ҳосил бўлган кристалларни суратга туширишни ўтиндим. Одатда дистилланган сув тўғри шаклли кристаллар ҳосил қилади.Тажриба эса мутлақо кристалл пайдо бўлмаганлигини кўрсатди. Касаллик номи ўзида салбий ахборот мужассам этганлиги учун ҳам, бу манфий куч кристалл ҳосил бўлишига йўл бермаган. Энди, айнан шу – ўзида нохуш ахборотлар жамлаган сувга «ғайриоддий пневмония» сўзи ўрнига «муҳаббат ва эҳтиром» сўзлари таъсир этилиб музлатилган. Ижобий сўзлар яна инглиз ва япон тилларида ёзилган. Яхши сўз қудратини кўрингки, дистилланган сув яна чиройли кристаллар яратган. Ҳа, сув ўзига қандай ахборот юборилишига қараб, шунга мувофиқ ўзгаради.

Эътибор қаратиш – энергия узатиш хусусиятидир. Қуйидаги воқеани «Сув номалари» китобимда ҳам баён қилган эдим. Журналимиз муштарийси бўлган бир оилада қизиқ тажриба ўтказишган. Иккита шиша идишга тенг миқдорда гуруч солишади. Бир ой вақт мобайнида биринчи шишадаги гуручга «раҳмат», иккинчисига эса «аҳмоқсан» сўзларини айтиб туришади. Белгиланган вақт – ой ўтгач, «раҳмат» сўзини эшитган гуруч ниш уриб, ёқимли ис тарата бошлаган, доимий равишда «аҳмоқсан» сўзини тинглаган гуруч эса қорайиб, чириган, ёқимсиз ҳид чиқарган.

Бу ҳодисани ёзиб чиққанимиздан кейин Японияда юзлаб оилалар бу тажрибани такрорлаб, сўз қудратига тан беришди. Оилалардан бири эса, икки стакан ёнига учинчисини ҳам қўйди. 1-стакандаги гуручга «раҳмат», 2-га «аҳмоқсан» сўзларини айтиб, учинчи стакандаги гуручга мутлақ эътибор қилишмади. Нима рўй берди, дерсиз? Эътиборсиз қолдирилган гуруч «аҳмоқсан» сўзини эшитган гуручдан ҳам аввалроқ ириб кетди. Демак, эътиборсиз қолиш ҳақоратдан ҳам ёмон таъсир қиларкан-да. Тирик мавжудот борки, эътиборсизликни оғир олади. Диққат-эътиборингни бериш – энергия узатиш, демакдир. Бир боғбон, ўсимликларни парваришлаётганда улар билан суҳбатлашсангиз, ўсиши тезлашиб, гуррос гуллайди, деган эди. Тирик жонзотга эътибор қиларкансиз, уни яна ривожланиши учун имкон берувчи энергия билан таъминлайсиз.

Бу ҳақиқат инсоният жамияти учун ҳам хос. Ишсизлик, ҳеч ким билан гаплашмаслик, яъни одамларга, жамиятга керак эмаслик ҳисси инсонни абгор қилади. Келинг, ўзгарайлик. Қўл остингиздаги ходимлар ўз вазифасини яхши бажариши учун уларга эътибор қилинг, суҳбатлашинг, руҳлантириб туринг. Руҳлантирувчи сўзларингиз, айниқса, болаларни тўғри тарбиялашга катта ёрдам беради.

Қўлингизни кесиб олдингиз, дейлик. Жароҳатга раҳм-шафқат билан боқсангиз, тезда туза бошлайди. Кесилган бармоқ вужудингизнинг умумий саломатлигига ўз ҳиссасини қўшиб келган, бунинг учун ундан миннатдор бўлинг. Тегрангиздаги одамлар касал бўлишса, уларга жилла қурса, ширин сўз айтиб, кўнглини кўтаринг. Сизни қуршаган инсонлар борлиги учун ҳам ҳаёт тўкис, ранг-баранг экан, уларга ҳар қанча эзгу сўзлар айтиб, яхшилик қилсангиз, арзийди. Бир оғиз ширин сўз эса бемор дардига дармон бўлади.

СЎЗЛАРИМИЗ ҚУДРАТИ

Сув ғоят сезгир, айтилган сўздан таъсирланади. Эзгу, чиройли сўзларимиз моҳияти ила сувга ижобий хадо, яъни қувват узатамизки, музлатилгач, гўзал кристаллар шаклланади. Сувга дуои-санолар билан мурожаат этсак, илоҳий сўзлар унга ижобий энергия беради, хусусиятлари ўзгариб, ниятлар ижобатлигини таoминлайди. Лекин бунинг ўзига хос томонлари бор. Тилак келгуси эмас, ўтган замон феълида билдирилса,кучли самара беради.

Она саратонга чалинган, дейлик. Болакай «онам соғ бўлишини жуда хоҳлайман», дегандан кўра «онам соғайди», дегани аълороқ. Тилак хадоси сувга шаксиз таъсир кўрсатади. Тўғри, грамматик нуқтаи назардан ўтган замон феъли қўлланилиши (ҳали она тузалмаганлиги учун) мантиққа тўғри келмайди. Айни чоғда рўёбга чиққан фикр катта кучга эга эканлигини эътироф этайлик. «Тузалади» деган сўздан кўра «Тузалди» сўзида ишонч туйғуси кучли. Сувга дуои-илтижо қиларкан, ёрқин фикр-да ижобий натижани хаёлга келтирасиз. Ўспирин келажакда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби бўлишни орзу қилади, дейлик. У ишонч билан «Мен-Бош котибман!», дея ўзини БМТ мажлисида раислик қилаётганини тасаввур этаркан, 30-50 йилдан сўнг у орзусига эришади. Шаклланган тасаввургина орзу-истак амалга ошиши учун омил бўла олади. Бу тасаввур бизнинг умидимиз бўлиб, ўзида ижобий ахборотни мужассамлантиради. Агар умидни ишонч мужассам ибора билан қувватлантирсак, сув бизга сўзсиз ёрдам беради. Баланд овозда айтилган сўз хадоси қоғоздаги ёзувникига қараганда кучлироқ экан, бу тажрибада тасдиқланган.

Художўй эмасман, динни осмонга олиб чиқиб мақтамайман. Лекин тақводорлар узоқ вақт мобайнида тиловат қилиб, дам солиб юрадиган ояти-дуоларда қудратли хадо энергияси мавжуд. Сидқидил ихлос, имон билан қилинган дуолар инсон кучига куч қўшади, мен бунга шак келтирмайман. Ғоят тақводор инсоннинг дуои-илтижолари катта сув ҳавзаси хусусиятларини ўзгартириб юборганлиги гувоҳиман. Буддавий эҳром роҳиби Хоуки Като, Гумма префектурасидаги Фудзивара тўғони соҳилида дуо ҳамда буддавий санолар ўқишини эшитиб қолдим. Сув тўғонининг дуо ўқилгунга қадар ва ундан кейинги ҳолати туширилган расм-ларни кўздан кечирдим. Суратларда сув ранги икки хил эди. Хоуки Като билан учрашиб, Фудзивара тўғонига бораётганида мени ҳам ҳамроҳ қилиб олишини ўтиндим.

Дуои-санолар тиловати олдидан тўғон сувидан намуна олдик. Ҳазрат Като тиловат билан бирга сокин маромда «ёҳу»лай бошлади. Ҳазрат бир соат мобайнида теграсида тантанавор вазият яратиб, тиловат қилди. Маросим сўнгида Токиода таҳлил қилиш учун сув намуналаридан олдик. Буни қарангки, тиловат ўқилгунга қадар олинган сув музлатилганда кристаллар ҳосил бўлмади. Дуои-саноларни «тинглаган» сув самовий чиройли кристаллар яратди. Катта чиройли олтибурчак ичида жажжи олтибурчак. «Сув номалари» китобим муқовасида ана шу самовий гўзаллик акс этган кристалл сурати тасвирланган.

«МУҲАББАТ ВА ЭҲТИРОМ» СЎЗЛАРИ ИММУНИТЕТНИ КУЧАЙТИРАДИ

Яхши сув тайёрлаш учун шиша идишга озроқ дистилланган сув қу-йинг. Бирон-бир ташқи таъсирсиз сув музлаганда чиройли кристаллар ҳосил бўлади. Бу сувнинг тозалигидан далолат беради. Дистилланган сув эса ҳамиша ҳам топилавермайди, бу ўринда оддий водопровод суви ҳам асқотиши мумкин.

Шиша идишдаги сувга илтимос қилинг. Энг мақбул йўл эса, ҳазрати Като монанд сувга дуолар ўқиб мурожат қилишдир. Аммо оддий одам хаёли бошқа фикрлар билан бандлиги боис ўз нутқини сўз руҳи билан суғора олмайди.

Ҳазрат Като тиловати сўнгига етгач, биз 15 дақиқага яқин суҳбатлашиб ўтирдик. Шу пайт ёрдамчиларимдан бири ҳайқирди:

– Қаранглар, тўғондаги сув ранги жуда тез ўзгаряпти! Дарҳақиқат, улкан сув омборидаги сув тиниқлашиб борарди. Лойқа бу ҳавзада маросимгача ҳеч нарса аксланмаган бўлса, энди эса сув юзасида дарахт соялари ёрқин кўринарди. Япон тилида «котодама» – «сўз руҳи» деган тушунча бор. Руҳоний Катонинг сўзларида ана шу руҳ мужассам эканлигини ва унинг амалдаги қудратини кўриб турардим.

Ҳа, шунинг учун ҳам сув билан дилдан суҳбатлашинг. Ўз истагингизни тасдиқ шаклида, ўтган замонда, амалга ошганлигини хаёлан тасаввур этиб, гапиринг. Сувга доимий равишда товуш чиқариб мурожаат этган маъқул. Иши бошидан ошиб-тошган замонавий киши учун кунига бир неча соатлаб сув билан суҳбатлашиш имкони йўқ. Бу ўринда шундай маслаҳат бераман: сувга аталган мурожаатингизни бир парча қоғозга ёзинг. Сув қуйилган идишга қоғоз ёзувини ичкарига қилиб ёпиштиринг. Вақти-вақти билан ёзувингизни овоз чиқариб сувга айтинг-да, идишни чайқатиб қўйинг. Бу сувни фаоллаштириб, тебраниш кучини оширади. Ўзингизга шу йўсин хадо-сув тайёрлаб, фойдаланиш мумкин. Кунига 5 стакандан шу сувдан ичган маъқул.

СУВДАН ФОЙДАЛАНИНГ

Таомга хушқувват хадоли масаллиқ ишлатинг. Инсон сувсиз яшай олмайди. Ҳаёт манбаи – сувга хос тебранишдадир. «Дастурхонимиз кўрки – нон-чи? Нонсиз ҳам яшаш мумкин эмас», дерсиз. Тўғри. Инсон, дарҳақиқат, таомсиз яшаёлмайди. Таом – биз учун ғоят зарур, аммо таомдан кўра, унинг тебранишлари зарурроқ. Нимаики тирик экан, тебранишда бардавом бўлмоғи керак. Бошқача сўз билан айтганда, ҳар бир ҳужайра тебраниб туриши зарур. Тебраниш бардавомлигини нимадир таъминлаб туриши жоиз. Ҳаёт шундай қурилган. Чархи-кажрафтор абадий ўз-ўзидан айланиб туролмайди, уни ҳаракатда тутиб турувчи ташқи таъсир бўлмаса, чарх тўхтайди. Тирик жонзотлар тебраниши учун озуқа ана шу ташқи таъсир ҳисобланади. Ҳар бир озуқа маҳсулоти учун маълум бир турдаги тебраниш хосдир. Қулупнайнинг тебраниши ўзига хос бўлганидай, олма ҳам ўз тебранишига эга. Озуқа маҳсулотлари тебранишлари ҳужайралар, аъзолар тебранишлари билан резонанс саналади. Резонанс борлиги учун ҳам хилма хил озуқа зарур. Парҳезшунослар ҳам танадаги унсурлар ўзаро номувофиқ бўлиб, қолмаслиги учун хилма-хил озуқа истеъмол қилиш зарурлигини таъкидлайдилар. Қанчалар кўп хил озуқа есак, шунчалар кўп ҳужайра ва аъзолар уларнинг тебранишлари билан уйғунлашади – резонанслашади.

Яқинда парҳезшунос, доктор Акико Сугахаро билан ҳамкорликда озиқ-овқат маҳсулотлари хадосини аниқлаш юзасидан тадқиқот ўтказдик. Сугахаро хоним Токио университети тиббиёт факультетида докторлик даражасига эришган. Машҳур илмий-текшириш муассасасида ишлаб, тажриба, орттирди ва ўз Сугахаро институтига асос солди. Диетология – парҳезшунослик соҳасида нуфузи баланд. Китобларимдан бирини ўқиб, Сугахаро хоним хадога қизиқиб қолибди. Хадо ўлчовчи асбобим ёрдамида кўпгина озиқ-овқат маҳсулотларини текшириб чиқдик.

Иммунитетни кучайтириш, зўриқишни олиш, васвасага қарши курашда хадонинг қувват даражаларини ўргандик. Бу борада сабзавотлар хадоси юксак натижа кўрсатди. Лўнда қилиб айтганда, касалликларга қарши курашда, зўриқиш ва тушкунликни бартараф этишда сабзавотларнинг нафи катта экан. Натижаларини қиёслашдаги тафовут эса озуқалар хилма-хиллиги нақадар зарурлигини кўрсатди. Айниқса, исмалоқнинг шифобахшлигини таъкидламоқ керак. Хом исмалоқнинг хадоси аъло даражада бўлади, қайнатилганда эса, ижобий хусусиятлари сезиларли равишда йўқолади. Барра ва қайнатилган исмалоқ бир-биридан шунчалар фарқланади.

Балиқ сингари денгиз неъматлари ҳам яхши хадога эга бўлиб, доктор Сугахаронинг фикрига кўра, денгиз сувида кўплаб минерал моддалар мавжудлиги боис, ер юзасидагидан кўра сув олами неъматлари фойдалироқдир.

Гўшт хадосини ўрганиш ҳам қизиқарли натижалар берди. Ўрдакча ҳамда жўжалар барча ўлчов параметрларида ҳам юқори аҳамиятга эга хадони кўрсатди. Мол, чўчқа, қўй гўшти хадоси эса нисбатан ёмонроқ кўрсаткичга эга экан. Бу фарқ айниқса, стресс-зўриқишни олиб ташлашда аён бўлади.

Мевалар ва ёнғоқ хадолари хусусиятлари доктор Сугахарони лол қолдирди.

– Ёнғоқ таркибида қувватбахш моддалар кўплиги учун ҳам буни авлиёлар таоми дейишади, – изоҳлади ўз ҳайратини доктор. Таҳлилларимиз у ҳақлигини исботлади. (Хадони дин билан боғлаш ниятим йўқ, аммо тақводор инсонлар хушқувват хадони қалбан сезишларига гувоҳман).

Ёнғоқлар сийдик ҳайдаш, қон томирларини кенгайтириш хусуси-ятига эгалиги боис қоннинг қуюқлашиб қолиши ҳамда мияга қон қуйилиши олдини олишда катта ёрдам беради.

Кейинги тажрибамиз турли усулда пиширилган бир хил таом хадосини аниқлашдан иборат бўлди. Таҳлил учун гамбургер танланди. Жамоат овқатланиш жойи – ресторанда ҳамда уйда тайёрланган гамбургерни таққосладик. Бу доктор Сугахаронинг ғояси эди. Шу ўринда ошпазнинг хадоси ҳам аралашиб қолиши мумкин. Докторнинг фикрича, меҳр билан тайёрланган таом хадоси янада яхшиланади. Уйда пиширилган таом лаззатли бўлиши сири ҳам эҳтимол шундадир.

Бу тахминни текшириб кўриш учун ресторанда тайёрланган, уй шароитида: шунчаки заруратдан, эзгу тилакларни айтиб туриб, ғазабнок гапириб пиширилган гамбургерларни таққосладик.

Гамбургер тайёрлаш жараёнида «жуда мазали кўринади», «ҳиди иштаҳамни карнай қилиб юборди», «тезроқ тайёр бўлсайди» сингари эзгу сўзлар, шунингдек, «жонимга тегди», «чарчаб кетдим», «нима учун шу бемаза таомни ейишим керак экан?» каби ғазабнок ибораларни айтдик. Кутганимиздек, хадоларда тафовут бор эди. Сўзлар таом хусусиятига шу қадар катта таъсир кўрсатишига ишонгимиз келмасди. Ахборотнинг сувга таъсир кўрсатишини яхши билсам-да, овқат тайёрлаш жараёнида айтилган сўзларнинг таом хадосига шунчалик катта таъсири бўлишини энди кўришим эди.

Таом уйники бўлиши мумкин, аммо ҳамма гап бу таом қандай тайёрланишида – меҳр биланми ёки пиширишга мажбурлик «юки»нинг қаҳри биланми? Ахир ғазабнок сўзлар айтиб тайёрланган уй гамбургеридан кўра, ресторанда кўпчилик учун қилинган гамбургер афзалроқ экан. Ўчоқ бошида турган бекалар, таомингизни меҳр ва эҳтиром билан пиширинг, оила аъзолари, дастурхонга келтирилган шу таомни тайёрлаган инсонга раҳмат айтиб, шукроналик билан тановвул қилинг.

Микротўлқинли печда шитоб иситилган таом хадоси сусаяди.

Музлатилганда чиройли кристаллар ҳосил бўлувчи дистилланган сувни микротўлқинли печда 15 секунд иситдик. (Кейин бу сувни музлатдик). Иситилган сув музлагач, бўртиқ, нотугал шакллар пайдо бўлди. Микротўлқинли печда кучли электромагнит тўлқинлари ёрдамида маҳсулотларга ишлов берилади. Электромагнит тўлқинларнинг 15 секундли таъсири дистилланган сувнинг хушқувват хадосини буткул йўқ қилиб ташлади.

Сув ҳароратининг кескин ўзгариши унинг ҳусусиятларига салбий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман. Музлатилган сув кристалларига оид илк тажрибалардан шундай хулосага келганман. Ўшанда тоза сув олиб, музлатгач, сўнг расмга туширардик. Музлатиш учун қай вақт қулайлигини билмасдик. Алал-оқибат, аста-секин уч соат мобайнида музлатиш энг зўр натижа бериши маълум бўлди. Аммо буни аниқлагунча, озмунча тажриба ўтказдикми!..

Микротўлқинли печ сув ҳароратини бир зумда кўтариб юборади. Бундай жараёнда сув (ёки таом) хадоси қандай ўзгаради? Уйда тайёрланган турли усулда иситилган гамбургерлар одатдагидай тажриба учун танлаб олиниб, духовка ва микротўлқинли печда (2 дақиқа), микротўлқинли печда кўпроқ муддат (3 дақиқа) иситилди. Натижалар кутганимиздай чиқди.

Микротўлқинли печда иситиш бор-йўғи бир дақиқага фарқ қиларди, холос. Доктор Сугахаронинг таъкидлашича, одамлар шу тариқа хатога йўл қўйиб, хадо даражасини пастлатишаркан. Юқоридаги тажриба, электромагнит нурланиш билан ҳазиллашиб бўлмаслигини кўрсатиб турибди.

ҚЎЛ ТЕЛЕФОНЛАРИ, ТЕЛЕВИЗОРЛАР ҲАМДА ШАХСИЙ КОМПЬЮТЕРЛАР ХАДОСИ

Инсоният тез кўпайганлиги боис Ер хадоси-латиф қуввати кучсизланиб кетганлигини юқорида айтгандик. Одамлар томонидан кўплаб маиший асбоблар ишлатилаётганлиги сайёрамизга зарарли таъсир кўрсатмоқда. Ўзидан электромагнит тўлқинлар таратувчи бундай асбоблар наинки заминнинг, балки инсониятнинг хадосига ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатади. Улар сизнинг хадонгизга зарар етказиб, соғлигингизни ҳам издан чиқаради.

Дистилланган сувни микротўлқинли печда 15 дақиқа иситиш натижалари электромагнит тўлқинлар қанчалар хатарли эканлигини кўрсатди. Қўл телефонлари, телевизорлар ҳамда шахсий компьютерлар билан ҳам худди шундай тажриба ўтказилди. Дистилланган сувли шиша бутилкага қўл телефони боғланди, зарурий рақамлар терилиб, алоқа тугмаси бир дақиқага тезлаштирилди. Мазкур жараён ўн марта такрорланди. Кейинги тажрибаларда эса дистилланган сувли шиша бутилка аввал телевизорнинг, кейин эса шахсий компьютернинг ёнига тўрт соатдан қўйиб қўйилди.

Тажрибалар натижалари инсонни саросимага соларди. Бояги дистилланган сувлар музлатилганда, эгри-бугри шакллар пайдо бўлди. Бундан аниқ-кўриниб турибдики, электромагнит тўлқинлар сув сифатига салбий таъсир кўрсатаркан.

Биз бутун умримиз мобайнида ўзида электромагнит тўлқинларини йиғувчи маиший техника хизматидан фойдаланиб, танамиздаги хадомизга, сезиларли равишда салбий таъсир оламиз. Саломатлиги яхши бўлмаган, иммун тизими кучсиз инсон кўп вақт давом этган электромагнит майдон таъсирида касалланиб қолиши мумкин. Нима қилмоқ керак? Электромагнит майдонли техникадан фойдаланмай қўя қолсак, нур устига аъло нур бўлади. Зеро, 20- аср бошларига қадар, яъни Бани-одам ғоят тез суратда кўпаймаган бир вақтда, Ер сайёраси беқиёс чиройли эди. Оммавий ишлаб чиқариш ҳам, оммавий равишда энергия, электромагнит тўлқинлари истеъмоли ҳам йўқ эди. Фан-техника инқилоби «мевалари» – микротўлқинли печлар, қўл телефонлари, телевизорлар, шахсий компьютерларсиз ҳаётга қайта оласизми?

Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Хилват тоғлар бағрида макон топиб, электромагнит майдон таъсиридан шу зайл нажот топсангиз, ажаб эмас. Лекин ҳар қандай одам ҳам ишини, бикир турмушини ташлаб, қишлоқда яшашга кўникавермайди. Ўзим ҳам хизмат ёзишмаларида электрон почтадан тез-тез фойдаланиб тураман.

Ҳа, бизнинг давримизда электромагнит тўлқинли техника воситаларисиз яшаш қийин, фақат улардан фойдаланишнинг зарарсиз йўлларини топиш керак, холос. Мен эса шундай йўлни топдим.

Бу муаммонинг ечими осон. «Ғайриоддий пневмония» сўзини «эшитган» Сувнинг сифати ёмонлашиб кетганлиги тўғрисида юқорида айтилган эди. Бу сўзни «эшитган» дистилланган сув музлатилганда кристаллар ҳосил қилмаган. Лекин айнан шу сувга «муҳаббат ва эҳтиром» сўзларини айтганимда, оби-ҳаёт ўз хоссаларини қайта тиклагани бор ҳақиқат!

Электромагнит тўлқинлар таъсирига учраган дистилланган сувни ҳам шу зайл тозаладик. Юқоридаги тажрибани «тескари» равишда такрорладик. «Муҳаббат ва эҳтиром» сўзлари ёпиштирилган дистилланган сувли шиша идишларга микротўлқинли печ, қўл телефони, телевизор ва шахсий компьютерлар таъсири кузатилди. Ҳайратли воқеа! Барча техника воситаларининг электромагнит тўлқинлари салбий таъсири деярли сезилмади. Барча шиша идишлардаги сув музлатилганда, чиройли кристаллар ҳосил бўлди.

«Муҳаббат ва эҳтиром» сўзи ёзувда ҳам, овоз чиқариб айтилганда ҳам сувни электромагнит майдоннинг ҳалокатли таъсиридан сақлайди.

Ҳар сафар электромагнит тўлқинларини йиғувчи маиший техника воситаларидан фойдаланаётганда «муҳаббат ва эҳтиром» сўзини айтиб қўйсангиз, кифоя. Аммо бу усул ҳам ўзини оқламади. Қўл телефонини ишлатаётганида, тинимсиз равишда «муҳаббат ва эҳтиром» сўзини айтиб туришни тасаввур қилинг, ақлга сиғмайди.

Бу ўринда хаёлимга ғаройиб тажриба ўтказиш ғояси келди.

Электромагнит тўлқинларига оид тажриба ўтказишдан аввалроқ Япония жамоатчилик телевидениеси орқали ҳужжатли дастур томоша қилдим. Дастурдаги чиройли саҳналар шифобахш қувватга эга бўлиб, менга ғоят манзур келди. Хўш, мазкур дастурни сувга кўрсатсак-чи?

Бу гипотезамни амалда синаб кўришга қарор қилдим, зеро эзгу ишларни орқага суриб бўлмайди, Дастурнинг видео ёзувини қўйиб, унинг сувга таъсирини синаб кўрдим.

Худди кутганимдек, дастур кучли электромагнит тўлқинларининг нохуш таъсиридан сувни муҳофазалади, оби-ҳаёт музлатилганда, тўғри шаклли кристаллар ҳосил қилди.

Бундан шундай хулоса чиқариш мумкин: ижобий моҳиятли ахборот электромагнит тўлқинларнинг салбий таъсирини кесади.

Микротўлқинли печда таом тайёрларкан, ўз муҳаббатингиз ва эҳтиромингизни билдириб туринг. Қўл телефонида гаплашаркан, ёқимли мавзулардангина сўз очинг, иш юзасидан суҳбатда эса битимлар тузишни гапиринг. Омадсизлик тўғрисида эса уй телефонида айтган маъқул. Қўл телефонида меҳр билан сўзлашаётган севишганлар салбий таъсирга берилишмайди. Муҳаббатга тўлиқ суҳбат узоқ давом этса ҳам салбий таъсирсиз кечади. Аммо айрилиқ ҳақида қўл телефонида гапира кўрманг, буни юзма-юз туриб айтган маъқул.

Келинг, телевизорда фақат тинчлантирувчи, кайфиятни кўтарувчи дастурлар кўрайлик. Даҳшатли қотилликлар, фожиалар тўғрисида маълумот берилувчи янгиликлар дастурлари намойиш этилаётганда, бош-қа каналга олган ёки телевизорни ўчирган маъқул. Босқинчилик саҳналаридан иборат дастурлар ёки фильмлардан ҳам воз кечган яхшироқ. Қонли урушлардан ташкил топган видеоўйинларни ўйнаманг. Кейинги пайтларда, ўсмирлар томонидан содир этилган жиноятлар сони кўпаймоқда. Менимча, бу ўринда вояга етмаган жиноятчилар электромагнит майдонларнинг салбий таъсири гирдобига тушиб қолишган. Таъкидлашим зарур, сувга порнографик фильм кўрсатилганда, натижа ғоят ёмон бўлди.

Шахсий компьютерингизда мароқланиб, шижоат билан ишланг, зеро, ижобий ёндашув электромагнит тўлқинларни нейтраллаштиради. Иш вақтида, шунинг менга керагидан даркори йўқ эди, дея тўнғиллаб ўтирсангиз, ўзингизга зарар.

ЁҚИМЛИ МУСИҚА ҲУЖАЙРАЛАРГА ТАЪCИР КЎРСАТАДИ

Ўз хадомиз бузилишининг олдини олиш учун истеъмол қилинадиган сув сифатини яхшилашга кучимиз етади. Юқорида таъкидланганидек, ижобий ахборот ҳамда фикрлар сув хусусиятларини яхшилайди. Ҳатто кучли электр майдони манбаида турган сувга эзгу сўзлар айтилгач, музлатилганда кристаллар пайдо бўлди.

Қай турдаги ахборот сувга «шифобахш» таъсир кўрсатади? Муҳаббат ва эҳтиром сингари ижобий сўзлар, албатта. Бироқ ахборот фақатгина сўздан иборат эмас. Сув таркибини яхшиловчи бошқа воситалар ҳам бор. Сув ғоят сезгир бўлиб, чиройли тасвир ҳамда мусиқага ҳам «жавоб» қайтаради. Сувга сўз билан таъсир этишдан илгарироқ мусиқанинг сувга таъсири натижасида кристаллар ҳосил бўлишини тажрибада кўрган эдик. Муз зарралари кристаллари расмини олишга қизиқувчи ёш тадқиқотчи шундай деб қолди: «Келинг, сувга мусиқа эшиттириб кўрамиз. Менимча, натижа яхши бўлади». Мусиқа жону дилим бўлгани, қачонлардир хонандаликни орзу қилганим боис бу фикр менга маъқул тушди. Машҳур композиторларнинг мумтоз асарларини навбати билан қўйишга келишдик.

Мусиқанинг сувга таъсирини кузатиш асноси қатор хулосалар чиқардик.

1. Иккита динамик орасида шиша идишда сув қўйиб, баландлиги меъёрида бўлган мусиқани янгратдик.

2. Куй тугагач, мазкур тебранишдан сувни воқиф этиш мақсадида идиш тубини яхшигина чертиб қўйдик.

3. Тун бўйи сувни ўз ҳолига қўйгач, музлаткич камерага солишдан аввал яна чертдик.

Куй инсон қулоғи учун ёқимли бўлган баландликда янграрди. Натижа кутганимиздан ҳам аъло бўлди. Сув ҳам мусиқадан худди инсон сингари ғоят мутасир бўлганлигини кристаллар гўзаллиги намоён этарди. Айниқса, оркестр ижросидаги асарларни тинглаган сув мураккаб, мушоҳадага чорловчи кристалларга айланган эди. Ҳар хил мусиқа асбобларининг уйғунликдаги ижроси хушқувват хадо пайдо қилган бўлса, не тонг! Инсон танаси ўзаро мувофиқ равишдаги ҳаракати меъёрий ҳаёт фаолиятини таъминловчи 60 триллион ҳужайрадан иборат. Оркестр ижросидаги куй уйғунлиги жисмимизнинг ҳар битта ҳужайрасига қадар етиб бориб, соғлом бўлишимизга ўз ҳиссасини қўшади.

Сувга мумтоз мусиқа билан бир қаторда «шифобахш» куйни ҳам тинглатганимизда, у чиройли кристаллар яратди. Шовқин-суронли мусиқани «тинглаган» сув умуман кристалл ҳосил қилмади.

Мен, мусиқа дарҳақиқат шифобахш хусусиятга эга, деб ўйлайман. Мусиқа тинглаётганда ўзимизни яхши ҳис этишимиз боиси – куй танамиздаги сувни даволайди. Ёқимли куй танамиздаги олтмиш триллионта ҳужайранинг ҳар бирига етиб боради.

Навбатдаги тажрибамизда чиройли тасвирлар ва турли мазмундаги сўзлар воситасида сувга таъсир кўрсатишга киришдик.

Инсон руҳиятини кўтарувчи мусиқаларнинг сувга таъсири натижасида ҳосил бўлган кристаллар расмларини мазкур китоб учун танлаб олдим. Бундайин хуш мусиқалар сероб бўлиб, тонгда, кечки ҳордиқда яйраб тинглаш мумкин.

Мусиқа билан инсон вужуди ўртасидаги ўзаро боғлиқлик тўғрисида кўпроқ ўйлаяпман. Ўз амалиётида «мусиқали даво» усулини қўллаётган шифокорлар кўпайиб бормоқда. Улар, мусиқа соғайиш жараёнини тезлаштираётганлигини тасдиқлашяпти. Мен ҳам бу фикрга қўшиламан. Модомики, мусиқа сувга эзгу таoсир кўрсатар экан, асосий қисми сув бўлган вужудимизнинг ҳар бир ҳужайрасига қадар нечун ижобий таъсир этмасин?!

Илгари мижозларим хадосидаги бузилишларни тузатиш мақсадида мувофиқ ахборот йўлланган сув тайёрлардим. Ҳар бир инсоннинг ўз хадоси бор. Демак, издан чиққан хадони тузатиш учун ҳар бир инсоннинг ўзигагина хос даво усули-ахборот шимган сув зарур экан-да. Назаримда, инсонга мусиқий таъсир кўрсатиш борасида ҳам шундай йўл тутган маoқул.

Доктор Наоки Сибуя, Сидзуока шаҳрида ўз нейрохирургик клиникасини ташкил этган, у товуш энергияси билан даволовчи шифокор сифатида машҳур. Бош мия ўсмалари ва уларни химиявий йўл билан даволашга оид тадқиқотлари учун докторлик даражасини олган. Жаноб Сибуя Япония нейрохирургия жамияти аъзоси, пешқадам нейрохирург саналади. Токио ва Нагойа университетларининг нейрохирургия бўлинмаларида ишлаган. 1997 йилда доктор Сибуя «Барча тирикларга: муаззам қудратли ЗОТдан армуғмон» китобини ёзди. Китобда товуш энергияси терапияси, овоз хадосидан фойдаланиб даволаш усуллари баён этилган. Мазкур усул беморнинг овоз хадосини аниқлайди ҳамда ундаги салбий ўзгаришларни товуш тинглаш орқали бартараф этади. Мазкур терапия учун аппаратни канадалик муҳандис Роберт Рой ишлаб чиқди. Рой мазкур йўналишда нақ 35 йил тадқиқотлар олиб борди. Математиклар атом частоталарининг ҳисоб-китоб формуласини тузишда унга ёрдам беришди. Товушнинг меъёрий тебранишлари-(частоталари)даги номувофиқликлар ушбу формула ёрдамида тўғриланади. 2003 йил бошларида Рой ўз услубини такомиллаштириб, компьютер дастурини яратди. Энди бу дастурга биноан, инсон овозини 15 дақиқа эшитгач, зарурий товушни қайтадан тиклаш мумкин. (Мусиқий оҳанглардан фарқли равишда, бу дастурда айнан бир товушнинг ҳар-хил бирикмалари уйғунлигидан фойдаланилган). Яратилган дастур вазифани анча енгиллаштирган, ечим учун атиги уч дақиқа кифоя қилади.

Мазкур услубни ўзимда синаб кўрдим. Китоб устида қаттиқ ишлаш ҳамда Атлантика оша парвоздан сўнг курагимда оғриқ турди. Компьютер дастури тиклаган товушни ўттиз минут тинглаганимдан сўнг оғриқлар буткул йўқолди.

Агар ушбу услуб кенг ёйилса, мусиқа терапияси янги ривожланишни бошлайди. Зарурий ахборотни мужассамлаштирган товуш орқали беморнинг ҳужайраларига муваффақиятли таъсир кўрсатиш мумкин бўлади. Компаниямда товуш энергияси тадқиқ этилмоқда.

СОҒЛОМЛИК ВА БАХТ ТЎЛҚИНЛАРИ

Саҳар уйғонгач, каравотим ёнидаги столчага қўйилган стакандаги сувга тикиламан. Ўттиз дақиқа чамасида Сувга ўз эҳтиромимни қуйидаги сўзлар воситасида билдираман: «Сенга ташаккур дейман ва бугуним яхши ўтишини сўрайман». Сувнинг ярмини ичаман. Бугун нималар қилишимни ўйлайман. Хаёлан бугундаги ишларимни муваффақиятли якунларканман, яна сувга сўзлайман: «Раҳмат, сенга, ҳамма иш кўнгилдагидай бўлди». Шундан кейин сувни ичаман. Натижада эзгу ахборот стакандаги сувгагина эмас, теграмиздаги ҳаво намлигига ҳам инади. Ҳаво билан ҳам, сув билан ҳам резонансга киришиш мумкин.

Ҳожатхонага ишим тушса, оқаётган сувга раҳмат айтаман. Душ қабул қиларканман, водопровод сувида мавжуд бўлган танам учун зарарли хлорни зарарсизлантириш эҳтиёжи туғилади. Хлорли сув хадосини яхшилаш учун эса муҳаббат ва эҳтиром зарур. Хлорли сувни тозалаш учун душга фильтр ўрнатиш имкони бўлмаган, тери касалликларига мойил инсонлар учун юқоридаги усул ғоят асқотади. «Раҳмат», «Муҳаббат ва эҳтиром» сўзлари ёзилган бир парча варақни ҳаммом деворига ёпиштириб қўйилса, нур устига аъло нур бўлади.

Тонг чоғи пича бўш вақт топсам, бироз сайр қилишни хуш кўраман. Субҳидам қуёши нурлари қалбга ёруғлик сочади. Эзгу хаёлларга берилган кўйи оҳиста сайр қиламан.

Баъзилар буни кўнгил куйига кириш, деб билсалар керак. Модомики, вақт тизгини ўз қўлимизда экан, сайр учун имкон топиш қийин эмас. Эрта уйқуга ётиб, эрта турмакни одат қилиш керак, холос. Алкоголли ичимликларга ортиқча ружу қўйманг. Шошилмасдан қилинган тонгги сайр ҳаётингизни бир маромда кечишини кафолатлайди.

Одатда хотиним билан нонушта қиламан. Бир ўзим қолган тақдирда ҳам, ҳамиша ўз-ўзимга: «Ёқимли иштаҳа», дейман.

Олдин таъкидланганимдай, таом ҳар хил бўлиши зарур. Рафиқам ҳам фикримни қўллаб-қувватлайди, таом тайёрлаш учун вақтини ҳам, кучини ҳам аямайди. Унга ташаккур.

Овқатланаётиб шошилмайман, емакни қиёмига келтириб чайнайман. Овқатни ямламай ютманг, лаззатланиб енг, неъматларга шукр қилинг. Ана шундагина жисми-жонингиз ором олади.

Овқатдан кейин майдалаб чойхўрлик қиламан. Биз, японларда, «Саҳарлик чойда шама чўп тик турса, хушхабар эшитасиз», деган мақол борки, мен шундай талқин қилган бўлардим: пиёладаги шама чўпни ҳам пайқай олиш учун оҳиста чой ичинг. Жажжигина шама чўп (ўзбекларда меҳмон келишига ишорат, дейдилар – Тарж.) кайфиятингизни кўтаради. Яхши кайфият ила бошланган куннинг юмушлари ҳам осон битади. Нонуштадан кейин, ҳатто якка ўзим бўлсам ҳам, «Раҳмат, таомни мазза қилиб едим», дейман ҳамда жаҳондаги воқеаларни билиш, машҳурлар билан интервьюларни кўриш мақсадида телевизорнинг тонгги дастурларини очаман. Ахборот кўнгилсиз ҳодисалар тўғрисида бўлса, бошқа каналга олган маъқул. Хадо нуқтаи назаридан, хавотирга солувчи телекўрсатувлардан кўра, бейсбол бўйича олий лига командалари ўйинини кўрган афзалроқ. Спорт мусобақаларини томоша қиларканмиз, шунчалар берилиб кетамизки, жисмимиз-танамиз хадосига хуш ёқувчи резонанс ҳодисаси рўй беради, тана аъзоларимизга енгиллик югуради.

Ишга кетарканман, йўл-йўлакай иш фаолиятимизни хаёлан жонлантириб, эзгу ўйларни маҳкам тутиб туришга интиламан. Мени йўқлаб келган меҳмонни тасаввуримда гавдалантириб, чин кўнгилдан хаёлан суҳбат қураман. Ходимларимнинг жон куйдириб ишлашларини кўз ўнгимга келтирарканман, уларни рағбатлантириш режасини тузаман: «Биродарлар, келгуси йил феврал ойида биргаликда Гавая оролига бормаймизми? Саёҳатни хаёлан кўз олдимга келтираман. Ана, сидқидил меҳнат қилган ходимлар юзида мамнун табассум, «мангу ёз ороллари» бағридаги гўзалликка мафтун яйрашмоқда». Бундайин хаёллар ходимларимга яхшилик қилиш зарурлигига ишонтиради. Ва ниҳоят ишхона. Мунтазир меҳмоним билан саломлашгач, суҳбатга тушамиз. Мулоқот чоғи янги-янги ғаройиб ғоялар туғилиши мумкин. Ташриф буюрган одамлар иш жойимни диққат билан кузатгач, «Бинони режалаштиришнинг ҳам эзгу хадоси борми? Мебелларнинг-чи? Хадо ишлаб чиқариш табиатига кўра мебеллар бир-биридан фарқланадими? – дея саволларга кўмишади. Бу соҳада камина зарурий билимга эга эмас, демак, маслаҳат беришга ҳаққим йўқ. Бу саволларга фэн-шуй мутахассислари жўяли жавоб қайтарсалар, ажаб эмас.

Бино ҳавоси тоза бўлиши учун, тез-тез деразани очиб, шамоллатиб туриш зарурлигини уқдираман. Туриб қолган сув сифати ёмонлашади. Дарёда оқаркан, сув ўз ижобий хусусиятларини сақлайди, кўл ёки тўғонга тушаркан, зумда айнийди. Ҳаво намлиги тўғрисида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Шу боис хона вентиляцияси бир маромда ишлашини назорат қилиб тураман.

Ишдан кейин каминада ходимлар билан бирор жойда кўнгил очиш, қиттайгина отволиш истаги туғилади. Бундай кўнгил очар кечаларга хоҳлаганлар боради, эмин-эркин енгил муҳитда ўз раҳбарлари билан очилиб-сочилиб суҳбат қуришади.

Бундайин дилдан суҳбатлар самимийлиги боис ҳамкасблар юракда борини тўкиб солишади. Дилдан суҳбат ҳужайраларимизни тўйинтирувчи эзгу хадо ишлаб чиқаради. Даврамизда ғийбат-иғво сингари салбий қусурларга онгли равишда эрк берилмайди. Ваҳоланки, ўз бошлиқларининг ғийбатини қилиш учун тўпланиб, қиттай-қиттай қилувчилар тоифаси ҳам йўқ эмас. Ғийбатчиликнинг фойдасидан зарари кўп. Ғийбатчилар чиқараётган қора тебранишлар резонансидан кўнгил беҳузур бўлади.

Таъкидлаш зарурки, салбий кайфиятдаги гуруҳлар ўзларига мувофиқ ёмон хадога тўлиқ жой танлашади. Ишдан сўнг ҳордиқ чиқармоқчи бўлсангиз, жой танлашда янглишманг.

Менимча алкоголда ёқимли хадо мавжуд бўлиб, сув ёғ билан яхши аралашади. Алкогол руҳият ҳамда жисм ўртасида баайни кўприк вазифасини ўтайди. Муккасидан кетиб, сурункали ичкиликбозлик қилишни қатъиян қоралайман. Меъёр қонуниятини унутган киши инсонийлик қиёфасини йўқотади. (Инсониятга туширилган Муқаддас китобларда ҳам маст қилувчи ичкиликларнинг фойдасидан зарари кўплиги таъкидланади).

Камина тонгимни сув билан бошлаб, уйқуга ётиш олдидан ҳам сув ичаман.

Ажойиб, гўзал кун ҳадя этганинг учун ташаккур, Сув, – дея эҳтиром бажо айлайман.

Куним сув билан бошланиб, сув билан ниҳоя топади, деб ишонч-ла айтаман. Модомики, ўзим – сув эканман, шундай бўлмоғи табиий.

КЕЛИНГ, СУВ БИЛАН ГАПЛАШИБ ЯШАЙЛИК

Доктор Жоан Дэйвис каминанинг ХАДО ва СУВ зарраларига оид тадқиқотларига қизиқувчи кўплаб ихлосмандларидан бири. Ҳозирда Цюрих техника университетининг истеъфодаги профессори доктор Дэйвис 30 йил мобайнида сув тадқиқоти билан шуғулланган.

Доктор Дэйвис каминага шундай деб ёзган эди:

«Муз кристаллари суратлари юзасидан тадқиқотларингизнинг икки муҳим жиҳати бор. Биринчиси, сув ғоят сезгир бўлиб, ҳатто энг латиф қувватдан ҳам таъсирланади. Ҳозир сув сифати муҳофазасига етарли эътибор қаратилмаётганлигини олимлар, давлат амалдорлари билишлари зарур. Назаримда, сиз ишлаб чиққан услубдан тиббиётда, соғлиқни сақлаш тизимида фойдаланилса, шак-шубҳасиз муваффақиятга эришилади.

Иккинчиси, Сув ўзига нисбатан ҳурматда бўлишимизни талаб қилмоқда. Ва биз буни тушуна бошладик.

Қадим Грецияда сувга эҳтиром қилинар, аксарият афсоналар сув ҳимоясига бағишланган эди. Кейинчалик пайдо бўлган фан, бу афсоналар ҳақиқат эмас, дея инкор этди. Сув шу зайл ўз асрорини йўқотиб, оддий унсурлардан бирига айланди.

Бизнинг замонамизга келиб, сувни мутлақо ҳурмат қилмасдан қўйдик, уни технологик усуллар билан тозалашга ёпишиб олганмиз. Баъзан, «Ишлов берилган Сув тозамикин?», деган эътирозларни эшитиб қоламиз. Дарҳақиқат, ўринли гумон. Зеро, сув тозалаш станциясида ишлов берилган сув музлатилганда чиройли кристаллар ҳосил қилмайди. Сув қайта ишловга эмас, Эҳтиромга муҳтож.

Доктор Дэйвиснинг сувни ҳурмат қилишга оид мулоҳазалари каминага қаттиқ таъсир қилди. Ҳа, бу сувга оид тадқиқотлар билан машҳур мамлакат – Швейцарияда ишлаган олимнинг сўзлари эди.

ДУОЛАР СУВНИ ЎЗГАРТИРАДИ

Покиза сув технологик ишланиб тозаланган сувдан фарқ қилади. Доктор Дэйвиснинг шунга оид фикрлари анча йил муқаддамги тадқиқотларни ёдимга солди. Бу тадқиқотлар доктор Нобуо Сиоянинг «Сўз руҳи»га оид ваъзларига тааллуқли эди. Доктор Иккинчи жаҳон урушига қадар Кореяда ишлаган, Кэйдзё Сеул Император университетининг доценти сифатида тиббиёт факультетида дарс берган. Доктор Сиоя сэйм эйсэн тирё («ҳаёт йўллари терапияси»)ни ўрганиб, ўз фаолиятида қўллади. Ёши юздан ўтган эса-да, соғломлиги боис ҳар куни голф ўйнаб чарчамайди. Буюк Дастур – «Улуғвор Дастур» – дея номлаган қуйидаги дуони ўқиб юришимизни маслаҳат беради: «Коинотнинг чексиз-ададсиз қуввати қуюқлашмоқда; дарҳақиқат олам чегарасиз ва сокин бўлиб қолди». Мени ҳайратга солган “Улуғвор Дастур” моҳияти тасдиқланиб, урғу берилган «бўлиб қолди» иборасида эди. Биз бу дуо қудратини амалда кўрмоқчи бўлдик.

1999 йил, 25 июл, тонгги соат 4.30. Япониянинг энг катта Бива кўли қирғоғига 350 нафар киши тўпландик. Японларда «Бива кўлининг суви тозами, демак, бутун Япониядаги сув тоза», деган нақл бор. Афсуски, ҳозир Бива кўли ифлосланган, суви нохуш ҳид таратади. Кўл ҳуснига хол бўлган табиий қамишзорлар ўрнини Канададан келтирилган сув ўтлари мўрмалахдай босган, кўнгил озар ҳиддан маҳаллий аҳоли қайга бош уришни билмайди. Модомики, Бива – Япониянинг «Она» кўли шундай аянчли ҳолга тушган экан, «Оналик раҳми» даги булғанган сувдан қувват олувчи миллатнинг эртаси қандай бўлсин?!

Устоз Сиоя раҳбарлигида тонг саҳар Бива кўлини ХАДО кучи билан тозалашга аҳд қилдик. 350 нафар инсон устоз жўрлигида “Улуғвор Дастур”ни ўн маротаба ўқидик.

Орадан бир ой ўтиб, 27 авсутда Киота газетасида қуйидаги сарлавҳали мақола босилди: «Мўрмалах сув ўтлари ва бадбин ҳид қандай йўқолди?».

Мана, ўша мақоладан парча: «Бу йил кўл сатҳини майда, чиммат бўлиб босувчи Канада сув ўтларидан, улардан чиқувчи бадбин ҳиддан шикоят қилувчилар йўқ. Ўтган йилнинг айни шу даврида кўлдан 1500 тонна сув ўтлари чиқариб ташланган бўлса, бу йил бошқа турдаги сув ўсимликларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда атиги 110 тонна ўт олиб ташланди. Префектура табиатни муҳофаза қилиш департаменти бошлиғи бу ҳодисани шундай шарҳлади: «Кейинги йилларда кўлнинг бу даражада тоза бўлганини эслолмайман. Мутахассислар билан бирга бу ҳодисани ўрганиб, сабабини аниқлаймиз».

Префектура мутасаддилари ўрганмоқчи бўлган ҳодиса сабаби, табиийки, “Улуғвор Дастур” хадоси эди, нима дедингиз?

Мен бунга аминман. Кўп ўтмай бу ҳодисанинг илмий тасдиғига дуч келдим. «Санкэй» газетасининг шу йил, 16 апрел сонида қуйидаги сарлавҳали мақола чоп этилди: «Ультратовуш тўлқинлар – ботқоқ ва кўлларни тозалашнинг фойдали усули». Мақолада Осака университети ҳузуридаги техника коллежи профессори Ясуаки Маэди тадқиқотлари натижаси ҳақида сўз юритилади. Мақола хадо ғоясининг илмий тасдиғи эди. Мана мақоладан парча:

«Сув таркибидаги диоксин, ПХДФ (полихлордифенил) сингари моддалар ультратовушли тўлқинлар таъсирида буткул парчаланиб кетади. Осака университети ҳузуридаги техника коллежи профессори Ясуаки Маэди мазкур технологияни ишлаб чиқди. 200 кгц частотали ультратовушли тўлқинлар сувдан ўтказилганда кимёвий бирикмаларни парчалаб, ўзига шимиб олувчи майда пуфакчалар ҳосил қилади. Пуфакчалар ёрилганда, кимёвий бирикмалар парчаланиб кетади. Ифлосланган ботқоқлик ва кўлларни тозалашда, шунингдек, Озон қатламини емирувчи фторуглеродни парчалаб ташлашда мазкур технологик усулни қўллаш мумкин. Таклиф этилаётган усул тозалаш муаммога айланган, туриб қолган ифлослантирувчилардан халос бўлиш имконини беради. Амалиётда қўллашга тайёр бу технологик усул ҳали наинки Японияда, балки, хорижда ҳам шов-шувга сабаб бўлиши табиий».

Сувнинг ультратовуш тўлқин тебранишлари билан резонанс алоқаси натижасида, оби-ҳаёт сифати яхшиланишига оид юқоридаги мақола босилганда, Бива кўли узра “Улуғвор Дастур» янграмоқда эди.

“Улуғвор Дастур” сўзлари Табиатни билиш натижасида шаклланган-тузилган товушларга асосланганлигига имоним комил. «Коинот» сўзини айтар эканмиз, Коинотнинг айнан ўзига хос Хадо шу сўзда ҳам мужассамлигини, Коинот уни тутиб олишини идрок этмак керак. «Коинотнинг чексиз энергияси…» дейилади “Улуғвор Дастур”. Демак, дуои-илтижомизнинг соф хадоси олис Коинотнинг ультратовушли ҳудудларига етиб бориб, резонанс ҳосил қилди ҳамда яна Бива кўли узра қайтди.

Замонавий фан ҳар қандай касалга ҳам дори-дармон топа олади, деб ҳисобловчи инсонлар хадо ҳақидаги битикларим моҳиятини англашмайди. Фақат олимлар билан ҳамкорлик, икки ёқлама ахборот алмашинув хадо ҳақида кенг оммага кўпроқ маълумот етказиш имконини бериши мумкин. Профессор Маэдининг янги технологияси ҳамда камина сўз юритаётган Хадо мавзуси яна бир мақола учун асос бўлди. «Зарарли моддаларнинг ультратовуш билан парчаланиши» сарлавҳали «Сув илми» туркумидаги мақолаларнинг олтинчиси бўлмиш бу изланишда яна профессор Маэди тадқиқоти натижалари тўғрисида сўз борарди. Худди шунингдек, мақолада каминанинг Сувга мусиқий таъсир ўтказиш тадқиқотларимга ҳам тўхталган эдик. Келажакда Хадо энергияси билан кўпдан-кўп одамлар қизиқадилар, дея ишонаман.

Шунга ишончим комилки, Хадо энергияси мавзуси келгусида ғоят кенг жамоатчилик эътиборини ўзига тортади.

Хадо Сувни ўзгартира олишини тадқиқотларим кўрсатиб турибди. Сувга самимий муносабатда бўлиб, эъзозлаб гаплашсак, оби-ҳаёт ўз сифатини яхшилайди. Катта кўлга ҳам, инсон танасидаги сувга ҳам шу йўсин ижобий таъсир кўрсата оламиз.

«ИШИНГНИ ҚИЛ!» ДЕМАНГ, «ИШНИ ҚИЛИБ ҚЎЙСАК-ЧИ», ДЕНГ

Китобимдаги муз кристаллари расмларига мафтункор швейцар аёли, фирма раҳбари Мануэла Ким ҳам қизиқиб қолганди.

«Ўз кўзимиз билан муз зарраларини кўраётирмиз, китобдаги расмлар мўъжизаси ҳам ана шунда,– деган эди у. Бу мўъжиза сабаб онгимиз шитоб уйғонади ҳамда юксалади. Фикрларимиз ҳамда ҳиссиётларимизни ана шу ўзгариш боис кўра бошлаймиз».

Ким хоним семинар ўтказиш учун мени Швейцарияга таклиф қилди, Европада қатор маърузалар ўқидим.

Учрашувлардан бирида Мануэлла Ким хоним шундай деди: «Икки нафар фарзандим бор. Меҳрибонлик билан гаплашасизми ёки буюрасизми, бола бунга аҳамият беради. «Ишни қилиб қўйсак-чи» билан «Ишни қил!» ўртасида фарқ бор. Бу фарқ ҳатто ҳужайра даражасида ҳис этилишини ҳам тушунаман».

Болалар ота-оналаридан ана шундай буйруқ ва илтимосни тез-тез эшитиб туришади. Энди ўзингизни бола ўрнида тасаввур қилинг: сизга буйруқ ёқадми ёки илтимос?

«Мана бу ишни қилсак-чи» ва «ишни қил!» ёзувли қоғозларни сув тўла шиша идишларга ёпиштирдик, сўнгра сувни музлатиб кристалларни расмга олдик.

Тахмин қилингандек, «Мана бу ишни қилсак-чи» ёзувини ўзига қабул қилган сув кристаллар ҳосил қилди. Шаклан чиройлидан кўра мунис эди бу кристаллар. «Ишни қил!» ёзуви инган сув қўрқитувчи думалоқ шакл ҳосил қилган эди. Кўриниб турибдики, талаб ва буйруқлар ижобий хадога эга эмас экан.

МУҲАББАТ ВА ЭҲТИРОМ БИЛАН ОЛАМ МУНАВВАР

Сув ўзига болаларча қилинган мурожаат сўзларга таъсир кўрсатади. Демак, меҳрибон ота-оналарининг болаларига айтган ҳар хил сўзларидан сув турлича таъсирланар экан-да.

Қоғозчаларга турли мазмундаги сўзларни ёзиб, сувга ҳавола этдик.

Она билан боғлиқ ахборот тарзида «Онам пиширган таом мазаси», «Суянчим онам», «Келин ва қайнона», «Раҳм», «Бахтиёр оила», «Туғриқ», «Болаларга ғамхўрлик», «Хавфсизлик туйғуси» сўзларини танладим. Бу сўзларни «тинглаган» сув музлатилгач, ғаройиб кристаллар ҳосил қилди, фақат «Келин ва қайнона» сўзлари бундан мустасно. Чамаси мазкур сўзларда қандайдир салбий ахборот мужассам, шу боис тўғри кристалл ҳосил бўлмади.

«Отамнинг эрмаги», «Отам билан тўп ўйин», «Оилавий саёҳат», «Ота қатъияти», «Ота ибрати», «Оила боқувчиси», «Оила устуни» сингари сўзларни «Ота ахбороти» сифатида тинглаган сув кристаллар яратди.

Японча «Бош устун» («Оила боқувчиси») сўзига Сув мен кутгандай таъсир кўрсатмади. Кутганимдай йирик шакллари аниқ-тиниқ эмас, балки миттигина кристалл пайдо бўлибди. Эҳтимол, бу отанинг оиладаги айни пайтда тутган мавқеига боғлиқдир.

Оилага тааллуқли «муҳаббат» ва «эҳтиром» ахборотига сув ҳар қандай вазиятда ҳам сезгир таъсир кўрсатди. Мазкур ҳиссиётлар билан боғлиқ тебранишлар сувга таъсир қилгани бор ҳақиқат.

Кадзуэ Като хоним аёллар ва эркаклар ҳақ-ҳуқуқлари тенглиги учун курашувчи фаол сиёсатчи сифатида Японияда машҳур.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинроқ бўлиб ўтган сайловларда Като хоним ғалабага эришиб, япон аёллари ичида илк бор Мамлакат Миллий Парламенти таркибига кирди. У Японияда аёллар нуфузини юксалтириш борасида қатъий кураш олиб борди. 104 баҳорни кўрган Като хонимдан узоқ яшаш сирларини сўрашганда шундай жавоб қайтарибди:

– Ҳар куни камида 10 та муаммо қалбимни тўлқинлантириб туради, узоқ яшашим сири ана шунда.

Нақадар ажойиб! У нимани назарда тутганини яхши тушунаман. Ўзимиз учун ёқимли кечинмалар ичра яшарканмиз, эзгу ХАДО билан мослашамиз. Бу эзгу ХАДО жисмимиз тебранишларидаги номувофиқликни тўғрилайди.

Тонг. Ўрнимдан туриб, қуёшга боқаман. Унинг гўзал жамоли қалбимни ҳаяжонга солади, ҳаётга муҳаббатим жўш уради. Куним шу зайл хуш туйғулар ила бошланса, кечга қадар яхши кайфиятда юраман. Бу – ҳаётбахш кучларнинг ўзаро алмашинувидир. Қуёшнинг, чаманзор чечакларининг тебранишларини қабул қиларканман, жавобан уларга ўз тебранишларимни йўллайман. Эзгу тебранишларни бир-бирига узатган кўйи ҳаёт тўлқинида оқамиз.

Чарақлаб нур сочаётган қуёшга, тонг уйқусидан уйғониб гуляпроқ-ларини ёзаётган чечакларга эътибор бермадингизми? Афсус, сиз уларнинг ажойиб тебранишларига ҳамоҳанг таъсирланишдан бебаҳра қолибсиз. Соғлиғингиз чатоқ эмасми?

Биз сувни ҳурмат қилишимиз, севишимиз, борлигига шукр дея, ижобий тебранишларни қабул айлашимиз керак. Ана шунда Сув ҳам унга қўшилиб биз ҳам ўзгарамиз. Гапнинг пўсткалласини айтганда, моҳиятан барчамиз СУВМИЗ, ахир!

Русчадан Маҳфуза Усмонова таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 4-5-сонлар.