Кунлардан бир куни Бернард Шоу от миниб сайрга чиқади. Анча муддат ўтгач, йўлида учраган одамга мурожжат қилади:
– Биродар, шу отни жиловидан ушлаб турсангиз, илтимос, мен бирров почтахонага кириб чиқаман.
– Э, нималар деяпсиз, жаноб, мен ахир парламент аъзосиман-ку?!
– Кўринишингиздан ҳалол, виждонли одамга ўхшаяпсиз, Майли, таваккал, мен сизга ишонаман.
* * *
Энрико Карузо биринчи марта Америкага келганда журналистлар уни ўраб олади. Улардан бири хонандадан сўрайди:
– Италия ва Америка ўртасидаги савдо алоқалари ҳақида нима дея оласиз?
– Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, – дейди хонанда бироз хижолат бўлиб. – Лекин ишончим комилки, нима демоқчи эканимни эртага чиқадиган газеталардан ўқиб билиб оларман.
* * *
Лессинг паришонхотирлиги билан машҳур эди. Бир куни уйига кеч қайтиб, эшикни тақиллатади. Ичкаридан шундай жавоб бўлади:
– Жаноб профессор уйда йўқ!
– Ҳай, майли, нима ҳам қилардим, бошқа вақтда келарман, – дея профессор уйидан узоқлашади.
* * *
Кунлардан бир куни Эйнштейн ҳамроҳларини табиат манзараси билан таништираётиб, шундай дейди:
– Рўпарангиздаги мана шу тоғда қадимги қаср харобалари бор. Тик жарлик ёқасидаги сўқмоқ бўйлаб борсангиз, тоғ этагидаги яшил водийга чиқасиз. Бу сўқмоқ жуда хавфли, эҳтиёт бўлиш лозим, мабодо жарликдан қулаб кетгудай бўлсангиз, ўнг томонга қарашни унутманг. Кўз олдингизда жуда гўзал манзара намоён бўлади.
* * *
Ўз даврида тилга тушган “Александр Невский” фильми суратга олинаётган эди. Ногоҳ бош рол ижрочиси Николай Черкасовнинг тоби қочиб қолади. Суратга олиш майдони студияга яқин эди. Актёр Александр Невский либоси ва гримида ичкарига шошади. Лекин қоровул йўлини тўсиб, сўрайди:
– Рухсатномангизни кўрсатинг!
Актёр рухсатномаси пардозхонада қолганини, ҳозир қорни қаттиқ оғриётганини айтади. Қоровул эса барибир ичкарига киритмайди. Шунда Черкасов буюк саркарда ролини ўйнаётганини эслаб қолади. Қаҳр билан шамширини қинидан суғуриб, қоровулга хезланади:
– Йўлни бўшат, ярамас! Ҳозир каллангни сапчадек узиб ташлайман!
Қўрқиб кетган қоровул боёқиш орқа-ўнгига қарамай қочиб қолади.
* * *
Доғистонлик машҳур шоир Абутолибнинг китобини ноширлар келгуси йилга қолдирадилар. Шунда шоир ноширларга дейди:
– Қизиқ, таржимон Эффенди Капиев мен билан суҳбатлашиб, айтган гапларимни ёзиб олди ва ўша заҳотиёқ матбуотда эълон қилди. Расул Ҳамзатов ҳам худди шундай қилувди. Аммо ўзимнинг фикримни ўзим китоб қилиб чиқармоқчи бўлсам, бир йил ортга суришяпти. Қани мантиқ?
* * *
Иқтидори ўртачадан ҳам ночор бўлган бир адиб жамики унвон, орден ва лавозимларга эга бўлади. Уни кўчада учратган Абутолиб шундай дейди:
– Сен ҳамма нарсага эришдинг. Энди мутлақо ёзмасанг ҳам бўлаверади.
* * *
Ёзувчилар уюшмасида ишлайдиган раҳбарлардан бири графоманлик билан шуғулланарди. Унинг ёзганлари атрофдагиларда истеҳзоли кулги уйғотарди, холос. Ёзувчи Виктор Шкловский унга шундай таъриф беради:
– Ёзувчилик билан шуғулланган маъмуриятчи худди опера театрида куйлаётган ўт ўчирувчига ўхшайди.
* * *
Ўртамиёна бир физик Эйнштейнга “ҳамкасб” дея мурожаат қилади.
– Ростданми? – дейди олим ҳайратланиб. – Сиз билан ҳамкасбмизми? Нима, сиз ҳам бод касалидан азоб чекасизми?
* * *
Ҳаётининг сўнгги йилларида ёзувчи М.Е. Салтиков-Шчедрин оғир касалликдан азоб чекади. Шунда ҳам у ижод билан шуғулланаверади. Унинг ҳузурига одамлар келиб турган, адиб вақт топиб улар билан суҳбатлашган. Фақат ҳаётининг сўнгги кунларидагина тўшакдан туролмай қолган, шу боис ҳеч кимни қабул қилолмаган. Бир куни қабулига кимдир келганини эшитиб, шундай деган экан:
– Чиқиб унга узримни айтиб қўйинг, мен жуда бандман – ўлаяпман…
* * *
Альберт Эйнштейн “Нисбийлик назарияси”ни яратгач, дунёга машҳур бўлиб кетади. Олимни халқаро анжуманларга, университетларга маъруза ўқиш учун таклиф этишади. Ҳар куни янги назария бўйича маъруза ўқилади.
Бир куни олимнинг ҳайдовчиси шундай дейди:
– Жаноб, шу қадар кўп маъруза ўқияпсизки, шу назариянгиз ҳатто менга ҳам ёд бўлиб кетди.
– Унда кейинги гал маърузани ўзинг ўқийсан! – дейди олим.
Дарҳақиқат, ҳайдовчи университетда маърузани қойил қилиб ўқийди. Минбардан тушаётганда тингловчилардан бири ногоҳ унга савол бериб қолади. Шунда ҳайдовчи ўзини йўқотмайди, топқирлик қилади:
– Саволингизнинг жавоби шу қадар оддийки, буни ҳатто ҳайдовчим ҳам билади, – дея Эйнштейнни кўрсатади.
* * *
Юрий Никулин гримхонасида ўтирганда цирк ходимларидан бири кириб, бақиради:
– Ёнғин! Юрий Владимирович, ёнғин!!
Шунда Никулин хотиржам жавоб қилади:
– Мен ёнғинни ютолмайман. Бу иш билан бошқа артист шуғулланади.
* * *
Машҳур француз актрисаси мадам де ля Рок эри билан ажрашмоқчи бўлади.
Мухлислар ундан сўрашади:
– Нега бундай қарорга келдингиз?
– Эрим менга худди итга муносабатда бўлгандай қараяпти.
– Буниси қандоқ бўлди?
– Мендан итдек вафодор бўлишни талаб қиляпти.
* * *
Машҳур врач Сергей Боткин Петербург ҳарбий-тиббиёт академиясида дарс берарди. Кунлардан бир кун у танбал талабани учинчи марта имтиҳондан “йиқитади”. Танбалнинг дўстлари профессорга учрашиб, талабанинг аҳволи оғирлигини, боёқиш омадсизликдан изтироб чекиб, алам устида ўзини ўлдирмоқчи эканини айтишади.
– Ортиқча ташвишланманглар! – дейди профессор. – У талаба одам анатомиясини яхши билмайди, шу боис пичоқ санчиш учун юрагиниям тополмайди.
* * *
Машҳур адиб Марк Твен оқшомда уйига қайтаётган эди. Пастқам бир жойда номаълум киши уни тўхтатиб, кўксига тўппонча қадайди:
– Соатни чиқар!
Ёзувчи қароқчига синчиклаб тикилади:
– Соатни ўтган ҳафта олгансиз!
– Кечирасиз, – дейди қароқчи, – бу орада янгисини олган бўлсангиз керак деб ўйловдим.
* * *
Француз адиби Андре Моруадан бир дўсти сўради:
– Қани айт-чи, тарихни ким кўпроқ ўзгартирди? Цезарми ёки Наполеон?
Моруа шундай жавоб қилади:
– Цивилизация пайдо бўлгандан буён тарихни энг кўп ўзгартирган шахслар – тарихчилардир!..
* * *
Қадимги греклар донишманд файласуф Диогеннинг фикрини жуда қадрлашган. Мухлислар бир куни ундан сўрашади:
– Қайси ёшда уйланган маъқул?
Файласуф шундай жавоб қилади:
– Ёшларга ҳали уйланиш эрта, кексаларга эса кеч.
* * *
Машҳур француз адиби Виктор Гюго янги романи қандай сотилаётганини билиш мақсадида ноширларга фақат сўроқ белгисидан иборат мактуб юборади. Жавоб хатини ўқиган адиб ноширларнинг топқирлигига қойил қолади. Бир саҳифалик мактубда каттагина ундов белгиси бор эди.
* * *
Чарли Чаплиннинг ўғрилар орасида ҳам мухлислари бўлган экан. Актёр бир куни уйига қайтаётиб чўнтагидан ажойиб қўл соати топиб олади. Ҳайрон бўлиб топилмани полиция идорасига топширади. Орадан бир кун ўтгач, у шундай мактуб олади: “Муҳтарам жаноб Чаплин! Бу мактубни сизга ашаддий чўнтаккесар ёзмоқда. Азбаройи санъатингизга қойил қолганимдан чўнтагингиздаги соатни ўғирлаб, яна ўзингизга совға қилиб юбордим”.
* * *
Машҳур қўшиқчи, рок-н-рол “қироли” Элвис Преслининг жуда кўплаб мухлислари бор эди. Айниқса, қизлар унга кетма-кет мактуб битиб, тинчитмас эди. Бир газета мухбири қўшиқчидан қизлар унга нима ҳақда ёзишларини сўрайди.
– Улар кўпинча сочимдан бир тола юборишимни сўрашади, – дея жавоб қилади қўшиқчи.
– Ҳаммасининг илтимосини бажараман десангиз, кал бўлиб қоласиз-ку? – ажабланади мухбир.
– Э, менга-ку жин ҳам урмайди, аммо итим яқин орада кал бўлиб қолиши мумкин.
* * *
Француз физиги Поль Ланжевен фаннинг жамики мураккаб масалалари ҳақида ҳаммабоп қилиб гапира олиши билан машҳур эди. Бир гал у Француз Фанлар академиясида қойилмақом маъруза ўқийди. Ҳамкасблари маърузадан кейин олимни ўраб олиб, бу қадар содда, тушунарли гапира олишининг сир-асрорини сўрашади.
– Э, ҳаммаси жуда оддий, – дея жавоб қилади физик. – Мен гапираётиб тингловчилар орасидан анқовроқ бир башарага қараб, то у тушунгандай бўлмагунича гапиравераман. Тамом-вассалом!
Шу маҳал Ланжевеннинг ёнига Фанлар академиясининг президенти келади:
– Сизни табриклайман, ҳамкасб! Фақат тушунмадим, нега гапираётганингизда мендан кўз узмадингиз?
* * *
Гёте Веймар шаҳридаги истироҳат боғида сайр қилиб юрган эди, рўпарасидан бир танқидчи чиқиб қолади. Улар бир-бирини ёқтиришмасди. Қарши томондан келаётган танқидчи такаббурлик билан деди:
– Мен аҳмоқларга йўл бермайман!
– Мен ҳамиша аҳмоқларга йўл берганман! – деди буюк Гёте кулимсираб ва секин йўлнинг четига чиқди.
* * *
Машҳур скрипкачи ва композитор Паганини ўз концертига кечикаётган экан. Шоша-пиша кўчада извош топиб, театрга олиб боришни сўрабди. Извошчи машҳур скрипкачига шарт қўйибди:
– Ўн танга берасиз!
– Йўғ-э, намунча қиммат?
– Маэстро! Ўзингиз ҳам биргина симда куй чалиб, томошабинларнинг пулини шилиб оласиз-ку!
– Ундай бўлса, сиз ҳам извошингизнинг битта ғилдирагида мени манзилга обориб қўйсангиз, ўша айтган пулингизни бераман!
* * *
Немис ботаниги К.Гебелни рассом дўсти устахонасига таклиф этиб, янги ишлаган расмни кўрсатади. Гебель суратга жуда узоқ тикилиб қолади, аммо мақтов эшитиш иштиёқида турган рассом асар ҳақидаги фикрини сўраганда томдан тараша тушгандек дангалига дейди:
– Дўстим, олма нотўғри чизилган!
– Йўғ-э? Қанақасига энди нотўғри бўларкан? – деб сўрайди рассом ҳайратланиб.
– Ахир Момо Ҳаво Одам Атога узатиб турган олма навининг кашф этилганига атиги саксон йил бўлган, холос!..
* * *
Америкадаги кинофирмалардан бири машҳур инглиз сиёсий арбоби Уинстон Черчилл ҳақида фильм қилмоқчи бўлади. Фильмда олтмиш ёшли арбобнинг ҳаёт йўли кўрсатилиши лозим эди. Черчилл ролини ижро этиш саксон ёшли актёр Чарлз Клофтонга топширилади. Бу рол ижроси учун актёр катта миқдорда пул олишини эшитган Черчилл ғазабланиб, шундай иддао қилади:
– Биринчидан, ролимни ўйнаётган бу одам ҳаддан зиёд семиз, икинчидан, жуда қари. Учинчидан, бундай пулга ўзим ҳам ўзимни қойилмақом қилиб ўйнаб бера оламан!
* * *
Инглиз адиби жонатан Свифт яёв юришни ёқтирарди. Кунлардан бир кун у сайр қилиб юриб бир меҳмонхонага келади. Меҳмонхона хўжайини унга ҳамма хоналар банд эканини, агар рози бўлса, бир фермер билан битта хонада тунаши мумкинлигини айтади. Адиб рози бўлади.
Фермер қўшниси гапдонгина экан, ярмаркадаги ишлари ҳақида жўшиб-тошиб ҳикоя қилади.
– Менинг ишларим ҳам ёмон эмас, – дейди адиб суҳбатга қўшилиб. – Яқинда олти қотилни осиб ўлдирдим, энди қўшни шаҳардаги тўрт қотилни жазолагани кетяпман.
– Сиз… кимсиз ўзи? – фермернинг эсхонаси чиқиб кетади.
– Мен жиноятчиларни жазолайдиган оддийгина жаллодман, холос.
Фермер шоша-пиша ўрнидан туриб, хонани тарк этади.
* * *
Собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмасининг съездида уюшманинг Тула вилояти раҳбари сўзга чиқиб, шундай дейди:
– Ижодий ютуқларимиз анча салмоқли. Аср бошида бизнинг Тула вилоятимизда биргина ёзувчи – Лев Николаевич Толстой бор эди, эндиликда эса бўлимимизда йигирма етти нафар ёзувчи ижод қилмоқда.
* * *
Машҳур француз адиби Мопассан маълум муддат вазирликда кичик лавозимда ишлаган эди. Орадан йиллар ўтгач, ўша вазирликнинг архивида Мопассанга берилган шундай тавсифнома топилади: “Ишга муносабати яхши, лекин ёмон ёзади”.
* * *
Америка президенти Линкольн ҳаётда жуда камтар-камсуқум инсон бўлган. Бир куни хорижлик дипломат ботинкасини ўзи тозалаётган президентни кўриб қолиб, сўрайди:
– Ие, жаноб президент, ўз ботинкангизни ўзингиз тозалайсизми?
– Ҳа, шундай, – дея жавоб беради Линкольн, – сиз кимникини тозалайсиз?
* * *
Кунлардан бир кун атоқли адиб Абдулла Қодирий боғидаги сўрида хаёл суриб ўтирган экан, қўшниси кўриб қолиб сўрабди:
– Дам олаяпсизми, Абдулла ака?
– Йўқ, мен ишлаяпман, – дебди ёзувчи.
Ўша қўшни бошқа бир куни кирганида Абдулла Қодирий дарахтларнинг тагини кетмон билан юмшатаётган экан.
– Ҳорманг, – дебди у адибга, – ишлаётган экансиз-да?
– Мен ишлаётганим йўқ, – дебди бу гал ёзувчи, – дам олаётибман, ҳордиқ чиқараётибман.
* * *
Уруш йиллари Францияни босиб олган немис фашистлари машҳур рассом Пикассонинг устахонасига тез-тез кириб туришарди. Мусаввир уларга ўзининг битта асаридан олинган фотонусхани “Эсдалик учун” дея имзо қўйиб, туҳфа этаверарди. Унда Испан қишлоғининг фашистлар томонидан яксон қилиниши тасвирланган эди. Кунлардан бир кун устахонага Гестапо агенти кириб келади ва сумкасидан ўша фотонусхани жаҳл билан олиб, рассомга кўрсатади:
– Бу сизнинг ишингизми?
– Йўқ, бу сизларнинг ишингиз! – деб жавоб қилади рассом.
* * *
Бернард Шоунинг “Пигмалион” комедияси илк бор саҳналаштирилганда Англияда зўр муваффақият қозонади. Муаллифнинг ижозатисиз фильмни суратга олдирган продюссер шу воқеа муносабати билан катта зиёфат уюштиради. Кинода қатнашганларнинг деярли ҳаммаси зиёфатга келади. Фақат… буюк драматургни таклиф этишмайди. Лекин Шоу барибир зиёфатга келади. У бир четда ўтириб, продюсер, режиссёр, оператор, рассом ва актёрлар шаънига айтилган ҳамду саноларни кулимсираб эшитиб ўтиради. Унинг номи ҳам тилга олинмайди. Шунда ёзувчи аста ўрнидан туриб, баланд овозда йиғилганларга хитоб қилади:
– Хонимлар ва жаноблар! Мен Бернард Шоунинг саломатлиги учун қадаҳ кўтаришингизни сўрайман! Дарвоқе, танишиб қўяйлик, Бернард Шоу – менинг ўзимман!..
* * *
Машҳур масалчи Иван Андреевич Криловдан бир куни мухлислари сўрашибди:
– Жуда ноёб истеъдодингиз бор-у, нега жуда кам ёзасиз?
Ёзувчи шундай жавоб қилибди:
– “Нега ёзасиз?” дегандан кўра “Нега кам ёзасиз?” деган саволни эшитиш яхшироқ-да!..
* * *
Поляк шоири Юлиан Тувимдан сўрашибди:
– Кимни худбин одам дейиш мумкин?
– Менга сира ғамхўрлик қилмайдиган одамни худбин дейиш мумкин, – дея жавоб қилади шоир кулимсираб.
* * *
Кунлардан бир кун қадимги юнон файласуфи Диоген камон отувчининг қайта-қайта уринса ҳам мўлжалга сира уролмаётганини кўриб, нишоннинг ёнига бориб туради. Томошабинлар ҳайрон бўлиб сўрашади:
– Нега бундай қилдингиз? Ахир…
– Энг хавфсиз жой мана шу ер экан! – деб жавоб қилади файласуф.
* * *
Машҳур сатирик ёзувчи М.М.Зошченконинг отаси рассом бўлган, аммо ўғли каби шуҳрат қозонолмаган.
Ёзувчи сифатида танилган Зошченко бир куни комиссион дўконда отаси ишлаган расмни кўриб қолади. Сотувчидан картинанинг баҳосини сўрайди.
– Юз сўм! – дейди сотувчи.
– Намунча қиммат? – ёзувчи ҳайрон бўлади.
– Ахир муаллифнинг номи қандай жаранглаётганини қаранг! – дейди сотувчи. – Зошченко-я!!!
* * *
Мусиқадан таълим олаётган бир қиз машҳур бастакор Франц Листдан сўрайди:
– Айтинг-чи, ҳурматли маэстро! Одамлар ҳақиқий пианиночи бўлиб туғилиш керак дейишяпти, шу гап тўғрими?
– Тўппа-тўғри! – жавоб қилади маэстро. – Ахир одам туғилмаса, қандай қилиб пианино чалади?
* * *
Марк Твен ишлаётган таҳририятга бир куни қуролланган босқинчи кириб, таҳдид қилади:
– Қўлингни кўтар! Ё пулни берасан, ё ўласан! Қани, тезроқ қимирла!
– Хайрият-ей! – дейди муҳаррир кулиб. – Яна кимдир шеър кўтариб келдимикан деб қўрқувдим.
* * *
XIX асрда яшаб ўтган машҳур немис рассоми Менцел ҳузурига бир ёш мусаввир келиб, ўзининг асарини кўрсатади.
– Маэстро! – дейди у. – Адолат борми ўзи бу дунёда? Мана шу картинани мен бир кунда ишлаган эдим, аммо уни бир йилдан буён сотолмаяпман.
– Азизим! – жавоб қилади рассом. – Агар сиз бу асарингизни бир йил мобайнида ишлаганингизда эди, уни бир кундаёқ сотган бўлардингиз.
* * *
Кунлардан бир кун мухбир Бернард Шоудан сўрайди:
– Аёллар табиатидаги энг асосий хусусият нимада деб ўйлайсиз?
Шоу шундай жавоб беради:
– “Кўришгунча хайр” деган сўзни ўттиз мартадан кам айтадиган аёл ҳали дунёга келмаган.
Рус тилидан Шодмон Отабек таржималари
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 9-сон