Соат инсоният яратган энг ноёб мўъжиза ҳисобланади. Бу фикримга қўшиласизми? Ҳаётимизни, турмуш тарзимизни соатсиз бир тасаввур қилиб кўринг-а! Деярли барчамиз усиз ёмон аҳволга тушиб қолишимиз аниқ. Айниқса, кўпчилигимизга қўл соатлари ҳар томонлама ёрдам беради. Ҳар бир ҳаракатимизда, ишларимизни режалашда, асосийси, ўз вақтимиздан тўғри фойдаланишда қўл соатимизнинг хизмати муҳим ва аҳамиятли. Ҳар куни, ҳар дам эҳтиёж сезадиган қўл соатларининг яратилиш тарихи билан бир қизиқиб кўрганмисиз?
Агар бу ҳақда етарли маълумотга эга бўлмасангиз, марҳамат танишинг! Қўл соатлари гарчи чўнтак ва осма соатлар каби узоқ ўтмишга эга бўлмаса-да, ўзига хос тарихга эга. Илк қўл соати билакузук тарзида ишланган. Уни парижлик Нитон исмли заргар Наполеон 1 нинг аёли Жозефина буюртмаси билан 1809 йили ишлаган. Жозефинанинг келинига никоҳ совғаси бўлган бу билакузукларнинг бирида соат, иккинчисида календар ишланган эди. Бу ихтирога ўша даврда унча эътибор қаратилмаган. Негаки, билакузукка ўрнатилган соат катта ва тақиб юришга ноқулай эди.
1850 йилда билакузукли соатлар Францияда оммалаша бошлади. Швед соатсозлари 1880 йили илк буюртмани олишди ва денгиз ҳарбийлари учун қўл соатлари ясай бошладилар. 1907 йилдан бошлаб Европада думалоқ шаклдаги қўл соатлари ишлаб чиқарилди. Бироқ улар муваффақият қозонмайди, негаки, чет элликларни соатларнинг механизми унча лол қолдиролмайди. 1910 йилда Англияда ишлаб чиқарилган қўл соатлари озгина муваффақиятга эришди. Қўл соатларининг турли хил шакллари 1913 йилга келиб ишланган.
1-жаҳон уруши қўл соатлари оммалашувига катта туртки берди. Уруш давомида барча ҳарбийлар унга эҳтиёж сезиб, буюртма берадилар. Соатсозлар қўл соатларини янада ривожлантириш, қулайлаштириш ва ихчамлаштириш йўлларини ўйлаб топишмаган. Сабаби, улар қўл соатларининг келажаги йўқ, одамлар барибир чўнтак соатларига эҳтиёж сезадилар, деган хулосага келишган. Лекин бу фикр ўз тасдиғини топмаган. Одамлар орасида секин-аста қўл соатлари тақиш урфга айланган. Бугунга келиб уларнинг кўплаб турлари мавжуд бўлиб, инсонлар ўз кийиниш услуби, бажарадиган ишига қараб, ўзига мос қўл соатларидан фойдаланадилар.
Хуршид Ҳошимов