Деярли олти йилдан буён Гарри Потер ва унинг дўстлари ҳақидаги сержило саргузаштлар бутун дунёни забт этмоқда. У ҳақдаги китобларнинг олтитаси («Гарри Потер ва Феникс ордени», «Гарри Потер ва олов Кубоги», “Гарри Потер ва фалсафий тош”, “Гарри Потер ва сирли хона”, “Гарри Потер ва Азкабан асири”, «Гарри Потер ва Асл Шаҳзода») муаллиф Ролинг Жоан Кетлин томонидан ўз ўқувчиларига тақдим этилди. Давомли саргузаштларнинг еттинчи — сўнгги китоби тайёр бўлганлиги ҳақидаги хабарлар эса аллақачон жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатиб бўлинган.
Жозибадор голливудча кўринишга ёки опера овозига эга бўлмаса-да, ёш афсунгар (Гарри Потер ролида Дениел Редклифф) кутилмаганда ўтган асрнинг 60-90-йиллари идеалига айланган Брюс Ли, Жан Клод ван Дамм, Силвестер Сталлоне, Арнолд Швартснеггер каби актёрларнинг ўрнини эгаллади. Болакайнинг самимияти, ҳайратли нигоҳлари, жасур ва виждонлилиги барчани ўзига маҳлиё қилди. Саргузашт асар таркибидаги олтита китобнинг сотилиш ҳажми дунёда 300 миллион нусхани ташкил этди. Биргина «Гарри Потер ва Асл Шаҳзода» китобининг дастлабки 24 соат ичида 6,9 млн. нусхаси (фақатгина АҚШнинг ўзида) сотилди, деб хабар беради «Ассошиейтед Пресс» («Ассосиатед Пресс”).
Яна бир қизиқ маълумот, китобнинг ҳатто сотилиш тезлиги ҳам аниқланган: бир дақиқада 80 та. Асар энг харидоргир китобларнинг рўйхатидан тушмай келмоқда.
Хўш, нега энди аллақандай сеҳр-жодулар ҳақидаги китоб бу даражада машҳур бўлиб кетди? Ахир бу каби асарлар дунё бўйлаб оз-мунча яратилаётгани йўқ. Қолаверса, учар супургилар ҳақидаги филмлар ҳам кам эмас. Гап шундаки, жамоатчиликнинг аксарият қисми асар ҳақида ижобий фикр билдирган. Ўқувчиларнинг кўпчилиги бугунги дунёнинг жуда яланғоч ва примитив бўлиб қолганлигини айтиб, кўнгил аллақандай сирлиликни, бироз сеҳргарликни исташини таъкидлашди. Гарри Потер ҳақидаги китоблар жаҳон болалар адабиётининг энг яхши асари сифатида баҳоланди. Мутахассисларнинг айтишича, мураккаб техника, фазо жанглари, кимёвий лабораторияларда яратилган аллақандай махлуқчалар ҳақидаги китоблар, филм ва мултфилмлар, ғарбда анъанага айланган комикслар сўнгги йилларда жуда кўпайиб кетган. Жоан Кетлин асарлари эса болаларга бироз енгиллик беради. Уларнинг хотиржам фикрлашига кўмаклашади.
Фикримизча, асарнинг яна бир ютуғи шундаки, улар жажжиларга орзу қилиш имконини беради. Ахир ҳаммамиз ҳам ёшлигимизда сеҳрли қалпоқчамиз ёки таёқчамиз бўлишини истаганмиз-ку. Қачондир уни топиб олишга ишонганмиз. Учар супургида осмонга парвоз этишни хоҳламаганлар дунё болалари орасида жуда кам топилса керак. Лекин Гарри Потер фақат болалар китоби бўлиб қолмади. Унинг яна бир муваффақияти шунда бўлдики, катталар ҳам бу асар билан жиддий қизиқиб қолди. Аслида ҳар бир инсонда болалик орзулари яширин. Шу сабабли, баъзан энг жиддий одамнинг ҳам мултфилм кўриб ўтирганига гувоҳ бўлиб қоламиз. Ахир у ҳам чиндан бирор сеҳргарликни кўришни жуда истайди. Бироқ болалардан фарқи шундаки, у бундай бўлмаслигига ўзини аллақачон ишонтириб қўйган.
Катталар бу китоб билан чиндан-да қизиқиб қолганлиги аниқ. “Гарри Потер ва фалсафа”, “Гарри Потер ва фан” каби асарларнинг яратилиши — бунинг яққол далили. Катталар ўз қизиқишларини асардан фалсафа излаш йўли билан «оқлашади». Тадқиқотчилар асарни дурдона, деб баҳолаш фикридан йироқ. Улар ҳар ҳолда Жоан Кетлинни Шекспирга қиёслашмаяпти. Биласизми, Марк Твен ўз асарларига баҳо берар экан, “менинг асарларим винодан кўра кўпроқ сувга ўхшайди, лекин сувни ҳар доим ичса бўлади”, деган эди. Мутахассисларнинг асарга берган турлича баҳо ва талқинларини ҳам ана шу қарашлар манзарасида тасаввур қилиш, балки тўғридир. Улар Гарри Потер саргузаштларини ҳақиқий фалсафа, деб изоҳлаётган ўринлар ҳам йўқ эмас. Бир жиҳатдан бу тўғри. Чунки болаларни нега, нимага, деган саволлар қуршовида қолдираётган асар уларни борлиқ ҳақиқатларини билишга ундайди. “Фалсафа эса ҳайратдан бошланади”, – деган эди Платон.
Мутахассислар Гарри Потер ҳақидаги китоблар фан қонуниятларини инкор этаяпти, деган хулосани ҳам беришган. Ернинг тортишиш кучини енгган болакайлар образида шу мақсад борми-йўқми, буни айтиш мушкул. Бу ўринда Артур Кларкнинг “Етарли даражада ривожланган ҳар қандай технология магиядан фарқ қилмайди”, деган фикрини келтириш ўринли бўлади. Негаки, қадимда яратилган ойнаи жаҳоннамо, учар гилам каби образлар орадан бир қанча вақт ўтиб, телевизор, самолёт шаклида ҳақиқатга айланган. Шу сабабли, фан қонуниятлари билан инкор этиш ва орзу қилиш имкониятини аралаштириб юбормаслик лозим. Чунки бугунги орзулар эртага ана шу фан учун кутилмаганда улкан хизмат қилиши мумкин.
Гарчи Гарри Потер бугунги кунда бутун дунёни забт этаётган бўлса-да, биз у ҳақда ҳали тўлиқ фикр айта олмаймиз. Бу асарнинг ўзбек тилига таржима қилинмаганлиги, бозорларимизда камёб ва яна бироз қимматлиги сабабли бизда кўп тарқалмаган. Шундай экан, ўқувчиларимиз орасида бу асар қандай қабул қилинганлигини айтиш мушкул. Бироқ макон ва вақт тушунчалари йўқолиб бораётган бир вақтда Гарри Потер ҳақидаги хулосалар нафақат унинг филми кўрилгач, балки китоби ўқилгач ҳам айтилишига ишонамиз. Эҳтимол, ана шундагина асарнинг бу қадар мафтункорлигига етарли асос топилар.
Наргиза Тўхлиева,
“Маърифат” газетасидан олинди.