Буюк физиолог Иван Петрович Павлов 1849 йил 26 сентябрда Рязанда туғилди. Унинг отаси деҳқонлар сулосасидан чиққан руҳоний эди. Шунданми, Ваня дастлаб диний курсда, кейин шу йўналишдаги билим юртида ўқиди. 21 ёшида эса диндор бўлишдан воз кечиб, Петербург университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирди. Бу даргоҳда Д.Менделеев, А.Бутлеров, А.Бекетов, П.Бородин, Ф.Овсянников, И.Цион каби таниқли олимлардан таълим олди. Уларнинг таъсирида ўз ҳаётини организмнинг яшаш фаолияти ва унинг вазифалари ҳақидаги физиология фанига бағишлашга аҳд қилди.
У илмий ишларга талабалик давридаёқ қўл урди. Дебочасига Ф.Овсянников бошчилигида қурбақаларнинг ўпка асабларини тадқиқ қилди. Кўп ўтмай профессор И.Цион раҳбарлигида ҳалқум асабларининг қон айланишига таъсирини ўрганди. Бу тадқиқот натижалари 1874 йил 29 октябрда Санкт-Петербург Табиатшунослар жамияти мажлисида кўпчилик эътиборига ҳавола этилди. Шундан сўнг Павлов ушбу жамият йиғилишларида ўқиладиган маърузалар муҳокамасида қатнашадиган, Сеченов, Овсянников, Тарханов ва бошқа машҳур физиологлар билан мулоқотга киришадиган бўлди. Университетни битиргач, Тиббиёт-жарроҳлик академиясида таҳсилни давом эттирди. Академиянинг ветеринария бўлими лабораториясида ишлаш жараёнида қон айланиши физиологияси бўйича тажрибалар ўтказиб, илмий доираларга танилди. Бироқ кўп ўтмай ветеринария бўлими ёпилди-ю, Павлов иши ва тажрибаларини давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлди. Ана шундай бир пайтда унинг корига таниқли профессор – беморларни даволаш билан бирга, илмий тадқиқотлар олиб бориладиган даволаш-профилактика муассасаси раҳбари С.Боткин яради. У янгиликка интилувчан, катта ишларга қодир, ёш ва серғайрат олимни ўз сафига чорлади. Павлов бу таклифни бажонидил қабул қилди-да, клиниканинг қаровсиз қолган боғи ичида жойлашган, иккита нимқоронғи хонадан иборат кўримсизгина лабораторияда иш бошлади. Кўп вақтини ҳайвонларда синов ўтказишга, шу мақсадда итлар ва асбоб-ускуналар сотиб олиш учун маблағ топишга сарфлагани боис академияни бир йил кеч битирди.
Павлов тиббиётда қўлланиладиган дори-дармонларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда тиббиётнинг терапевтик – ички касалликларни аниқлаш, даволаш, олдини олиш ва муолажа усулларини ўрганадиган йирик соҳасига таъсири механизмларини аниқлашга интилди. Клиник тиббиётнинг бу янглиғ кўплаб мураккаб ва мавҳум саволларига жавоб топиш учун эса, аввало, ҳайвонларда тажриба ўтказишни зарур деб топди. Шунга кўра мазкур клиника ва шифокорлар малакасини ошириш институтидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда ўзи тузган режалар асосида тадқиқот ишлари олиб боришга киришди. Пировардида қон айланиши ва ҳазм қилиш физиологиясини тадқиқ этишда, доривор моддаларнинг организмга таъсирини ўрганувчи фармакология фанининг талай долзарб муаммоларига ижобий ечим топишда, ноёб илмий тажрибалар ўтказиш маҳоратини такомиллаштиришда юксак натижаларга эришди. Шунингдек, ташкилотчилик ва илмий ходимларга раҳбарлик қилиш қобилиятини ривожлантирди. Иш фаолияти давомида кўпинча Боткиннинг моддий ва маънавий мададига таянди.
Зеро, Боткин ўша даврда анча кенг ёйилган, соғлом ва касал организмларнинг асаб тизимини мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этувчи “нервизм”, яъни организмнинг бирлиги ва унинг ташқи муҳит билан алоқаси асаб тизими фаолияти, айниқса, бош мия ярим шарлари қобиғи ва қобиқ ости тузилмалари ҳисобига амалга оширилади деган қарашга асосланган илмий йўналишнинг атоқли намояндаси эди. Унинг асаб тизимининг организмнинг мўътадил ва патологик фаолияти (патоген омилнинг шикастловчи таъсирига нисбатан маълум бир қонуният асосида кетма-кет юзага келадиган реакциялар – ҳужайра, тўқима, аъзо ва бошқаларнинг тузилиши ҳамда фаолияти бузилиб бориши)даги ўрнига оид фикрни олға сурар, клиник тиббиёт илмий тажриба асосидаги физиологияга ниҳоятда яқинлашиши лозимлигини уқтирарди. Бу ғоялар Павловнинг илмий қарашлари шаклланишида, унинг ўзига хос иқтидори ва ташаббуслари кенг қанот ёйишида муҳим аҳамият касб этди.
Павлов амалга оширган илмий ишлар орасида юракнинг марказдан қочма асабларига бағишланган изланишлар мисли кўрилмаган тадқиқот бўлди. У кейинчалик илмий иш мавзусига айланди. Павлов 1883 йили докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, олтин медаль билан тақдирланди. Кўп ўтмай, фан доктори унвонини олди. Шу орада чет элда икки йиллик илмий сафарда бўлди. Ватанига қайтгач, ёш шифокорлар иштирокида янги-янги кашфиётларга қўл урди. Физиологик тадқиқотларнинг айрича усул ва моделларини ишлаб чиқди. Тажриба учун танланган ҳайвонларни операция қилди ва даволади. Шунингдек, янги тиббий мослама яратиб, амалиётда қўллай бошлади. Эришган натижаларини мамлакат ва чет эл илмий журналларида, Санкт-Петербург Табиатшунослар жамияти съездлари ва физиология бўлими йиғилишларида эълон қилиб борди. Шу зайл чет элларда ҳам довруғ қозонди.
Алалхусус, 1890 йилнинг 23-24 апрел кунлари И.Павлов бирйўла учта илмий муассаса – Томск ва Варшава университетлари ҳамда Ҳарбий-тиббий академия профессорлигига сайланди. Лекин у Томск ёки Варшавага боришдан кўра, академияда қолишни афзал кўрди. Бу даргоҳда беш йил фармакология професори лавозимида ишлади. Сўнгра узлуксиз ўттиз йил физиология кафедрасини бошқарди. Шу асно ҳазм тизими ва шартли рефлекслар физиологияси бўйича диққатга молик ишларни амалга оширди. Бундан ташқари, фан ва санъат ҳомийси – шаҳзода Ольденбургский таклифига биноан, 1891 йили экспериментал тиббиёт институтида физиология бўлимини очди. Умрининг охиригача унга бош бўлиб, асосий овқат ҳазм қилиш безлари бўйича чуқур тадқиқотлар олиб борди.
Илмдаги бетакрор кашфиётлари И.Павловга оламшумул шон-шуҳрат келтирди. У 1901 йили фанлар академиясининг мухбир аъзоси этиб сайланди. 1904 йили эса, тиббиёт соҳасида биринчи бўлиб, Нобель мукофотига лойиқ кўрилди. 1907 йили фанлар академиясининг ҳақиқий аъзосига айланди. Унинг ютуқлари мамлакатдаги ва чет эллардаги нуфузли фан жамиятлари томонидан холисона баҳоланди, ўзи буюк физиолог сифатида эътироф этилди, қисқа фурсатда кўплаб мамлакатлар фан академиялари аъзоси ва университетлар фахрий доктори бўлди.
Бироқ заҳматкаш олимнинг муваффақиятлари давлат муассасалари томонидан осонликча тан олинмади. Аксинча, узлуксиз қаршиликларга учради. Чунончи, бир вақтлар подшолик вазири унинг Томск университети физиология профессори этиб сайланишига рўйхушлик бермаганди. Кейинчалик мудофаа вазири ва Ҳарбий-тиббий академия раҳбарлари, айниқса, профессор В.Патушин унга нисбатан ғанимларча муносабатда бўлдилар. Улар халқпарварлиги, амалдорларнинг илм-фан намояндаларига беписандлигига қарши чиққани, тараққийпарвар профессорлар, талабалар ва тингловчиларга ён босгани учун Павловни ёқтиришмас, имкон топилди дегунча, оёғидан чалиш пайида бўлишарди. Шунинг учун ҳам у зарур пайтда ўзини ҳимоя қилиш учун ҳар доим чўнтагида академия низомини олиб юрарди.
Энг ачинарлиси, нохолис муносабат Павлов халқаро миқёсда обрў-эътибор қозонгандан кейин ҳам барҳам топмади. Охир-оқибат у оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлди. Кўпинча илмий ходимларга ёлчимасди. Масалан, экспериментал тиббиёт институтининг физиология бўлими лабораторияси ғарибгина бўлиб, атиги икки нафар ходимга эга эди. Уларга Павлов ўз ҳисобидан иш ҳақи тўларди. Ҳарбий-тиббий академиянинг у бошқараётган кафедрасидаги аҳвол ҳам бундан қолишмасди. Ана шу боис ходимлар тез-тез алмашиб турарди. Бу кенг кўламли тадқиқот ишларини режали равишда амалга оширишга халақит берарди.
Шунга қарамай, юксак обрў-эътибори, улкан ютуқлари, оташин ватанпарварлиги, адолатпарварлиги билан Павлов илм-фан жонкуярларини бамисоли оҳанрабодек ўзига тортарди. Ҳарбий-тиббий академиянинг кўплаб талабалари, экспериментал тиббиёт институтига мамлакатнинг турли бурчакларидан ҳамда хориждан малака оширишга келган мутахассис-шифокорлар унинг лабораториясида тадқиқотлар ўтказар, янги операция ва тажриба усуллари билан танишардилар. Улар орасида кейинчалик бутун дунёга танилган америкалик Ф.Бенедикт ва И.Келлог, англиялик У.Томпсон ва Е.Каткарт, немис В.Гросс. О.Конгайм ва Г.Николаи, япон Р.Сатаке ва Х.Ишикава, бельгиялик Ван де Пют, швейцариялик М.Минковский, болгариялик Л.Починков сингари шифокорлар ҳам бор эди. Шогирдлари ишидан руҳланган Павлов бир неча бор жамоатчиликка ва маърифатпарвар ташкилотларга мурожаат қилиб, ўз лабораториясини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни сўради. Гоҳида кўмак олди ҳам. Чунончи, москвалик ҳомий К.Леденцов ажратган маблағ эвазига итларнинг шартли-ғайриихтиёрий фаолияти ўрганиладиган махсус лаборатория қурди.
Павлов жисмонан жуда соғлом-тетик, ҳаракатлари дадил чаққон эди. Доимо ҳормай-толмай ишлар, келгуси ишлар режасини тузар, ўлим ҳақида деярли ўйламасди. Аҳён-аҳёнда шамоллаганини айтмаганда, жиддий касалликка мубтало бўлмаганди. 86 ёшга кирганида эса гриппга чалинди. Чалинди-ю, одатига кўра, бу сафар ҳам вақтида даволанмади. Оқибатда хасталик бағоят хавфли тус олди. Уни бартараф этиш учун анча куч сарфлашга тўғри келди. Павлов саломатлигини ўнглаб олгач, Англияга жўнаб кетди. У ерда физиологларнинг ХV халқаро конгрессини ташкиллаштириш ва ўтказишга бош-қош бўлди. Кейин она шаҳри Рязанга бориб, узоқ вақт кўришмаган қариндошлари ва қадрдонлари билан дийдорлашди, юрагига яқин жойларни кўриб, кўнгли тоғдек кўтарилди. Аммо энди у ўзини анча олдириб қўйган, тез чарчайдиган ва лоҳасланадиган бўлиб қолганди. Устига-устак, хотираси ҳам панд бера бошлади. Баъзан керакли сўзларни унутиб қўяр ёки чалкаштириб юборар, гоҳо ғайриихтиёрий ҳаракатлар қиларди. Ана шундай бир пайтда кенжа ўғлининг бедаво дардга йўлиқиб, вафот этиши унинг учун жуда катта зарба бўлди.
1936 йил 22 февраль куни Колтуша илмий шаҳарчаси, ўзининг таъбири билан айтганда, “шартли рефлекслар пойтахти”га навбатдаги сафар чоғи Иван Петрович яна шамоллаб ётиб қолди. Орадан тўрт кун ўтгач, ўпкасининг пастки қисмини иккитомонлама яллиғланиш буткул қамраб олди, ҳиқичоқ тутиб, юракнинг навбатдан ташқари қисқариши бошланди. Томир уриши тўхтовсиз жадаллашиб, бемор ҳушидан кетди. 27 февраль куни эса зотилжамнинг кенг ёйилиши, тана ҳарорати пасайиши, юрак фаолияти сусайиши кузатилди. Охирида тўсатдан кескин равишда рўй берадиган қон томирлар етишмовчилиги юзага келди. Ана шу дақиқаларда улуғ тадқиқотчи бир лаҳза ўзига келди-ю, ҳаяжонланган ва асабийлашган ҳолда “Ахир бу бош мия қобиғи шиши, қобиқ шиши-ку!” деди. Ярим тунда дард такроран хуруж қилгач, И.Павловнинг ҳаёт шами абадул-абадга сўнди. Тажрибали невропатолог М.Никитин бошчилигидаги шифокорлар марҳумнинг бош миясини очиб кўришганида, у сўнгги нафаси олдидан ўз касаллигига ўзи аниқ ташхис қўйганининг шоҳиди бўлишди…
Физиология фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олим дунёдан ўтгач, кўплаб илмий ва олий ўқув масканларига унинг номи берилди, ўзига ёдгорликлар ўрнатилди, тўла асарлари тўплами ҳамда алоҳида ишлари турли тилларда чоп этилди. Қўлёзмалари фондидаги қимматли илмий маълумотлар, таниқли фан ва маданият арбоблари билан ёзишмалари, ҳаёти ва меҳнат фаолиятига оид солнома, рисола ва китоблар нашр қилинди. Унинг бой илмий меросини янада ривожлантириш мақсадида янги илмий муассасалар, жумладан, Москвада олий нерв фаолияти ва нейрофизиология институти очилди. Шунингдек, Павлов номидаги алоҳида мукофот, олтин медаль ҳамда махсус журнали таъсис этилди.
“100 великих врачей” китоби ва бошқа манбалар асосида Абдунаби Ҳайдаров тайёрлади.