Иқлим лотинча “клима” (“оғиш”) сўзидан келиб чиққан. Фанга эрамиздан олдинги II асрда яшаган Гиппарх томонидан киритилган. У Ернинг одамлар истиқомат қиладиган қисмини ўн икки бўлакка ажратган. Юнон олими Птоломей бу миқдорни саккизтагача камайтирган. Лекин ўз қаламига мансуб “Жўғрофия”да иқлимлар назариясига амал қилмаган. Жўғрофий жойларни минтақалар ва епархиялар бўйича тақсимлаган.
Жўғрофияни иқлимлар назариясига тўла риоя этган ҳолда илк бор Мусо ал-Хоразмий (780-850 йиллар) баён қилган. У Курраи заминнинг маъмур, тушунарлироқ қилиб айтганда, инсоният яшайдиган обод қисмини етти иқлимга ажратган. Птоломейдан фарқли ўлароқ, минтақалар, мамлакатлар ва улардаги жўғрофий ҳудудларни эмас, балки биринчи иқлимдан то еттинчи иқлимгача бўлган жойларни тавсифлаган. Бу жиҳатдан унинг 836-847 йиллар оралиғида битилган “Китоб сурат ул-арз” рисоласи беқиёс аҳамиятга эга.
Китобда қуруқлик, сувлик ва тоғликдан иборат 2402 та жўғрофий жой ўрни келтирилади. Мамлакатлар, шаҳарлар, булоқлар, дарёлар, кўллар, денгизлар, тоғлар ва ороллар иқлимлар бўйича тақсимланади. Бу назария жўғрофия фанининг кейинги ривожига салмоқли таъсир кўрсатди. Хусусан, Ернинг маъмур қисмини иқлим минтақалари асосида ўрганишни осонлаштирди.
Ал-Хоразмий ғоясини яна бир буюк бобокалонимиз — Аҳмад ал-Фарғоний (798-865 йиллар) ўзининг “Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ илм ан-нужум” (“Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби” — одатда у “Астрономия асослари ҳақидаги китоб” деб аталади) асарида давом эттирган. Унинг 9-бобини жўғрофияга бағишлаган. Етти иқлимнинг барчасини улардаги мамлакатлар, вилоятлар ва шаҳарлар билан бирга тасвирлаган.
Фақат ўртадаги фарқ шундаки, Мусо ал-Хоразмийнинг “Китоб сурат ул-арз”и Птоломей анъанасига, Аҳмад ал-Фарғонийнинг “Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ илм ан-нужум”и ҳиндлар анъанасига асосланган. Аниқроғи, ал-Хоразмий иқлимлар тавсифини рубъи маъмурнинг энг ғарбий чеккасидан – Африканинг Атлантика уммони қирғоғига яқин оролларидан бошлаб, энг шарқий чеккасигача, яъни Тинч океанидаги япон оролларигача давом эттиради. Кенглама йўналишида экваториал ерлардан то шимолий қутбий ерларгача бўлган ҳудудлар тўғрисида сўз юритади. Ал-Фарғоний эса, гапни рубъи маъмурнинг энг шарқий четидан бошлайди. Рисоладаги тартиб бўйича кейинги беш иқлим тавсифи диққатга сазоворлиги билан алоҳида ажралиб туради. Уларда Марказий Осиё ҳамда бу минтақага туташ ерларнинг вилоят-шаҳарлари батафсил тилга олинади. Мана, айрим мисоллар:
“Тўртинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Тибетдан, сўнгра Хуросондан ўтадики, бунда Хўжанд, Усрушона, Фарғона, Самарқанд, Балх, Бухоро, Ҳирот, Амуя, Марварруд, Марв, Сарахс, Тус, Нишопур шаҳарлари бор. Ундан сўнг Журжон, Қумис, Табаристон, Демованд, Қазвин, Дайлам, Рай, Исфаҳондан ўтади.
Бешинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатидан бошланади, сўнг Хуросоннинг шимолидан ўтади. Унда Тороз – савдогарлар шаҳри, Навокат (Навкат), Хоразм, Исфижоб (Сайрам), Турарбанд (Ўтрор – ҳозирги Арис) ва Озарбайжон, Арминия вилояти, Бардаъа (Барда), Нашава (Нахичивон) шаҳарлари бор.
…Еттинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатининг шимолидан бошланади, сўнг туркий мамлакатлар (Марказий Осиё)дан, сўнг Журжон (Каспий) денгизининг шимолидан, сўнг Рум денгизи (Қора денгиз)ни кесиб сақлаблар (славьянлар) мамлакатидан ўтади ва Ғарб (Атлантика) денгизида тугайди”.
Кўриниб турибдики, Ал-Фарғоний катта кенгликдаги ўлкаларни тавсифлаш асноси ўзининг асл Ватани – Мовароуннаҳр шаҳарлари ҳақида батафсилроқ тўхталган. Бундан ташқари, Яжуж мамлакати деб Шарқдаги афсонавий ерни эмас, балки ҳозирги Мўғулистоннинг шарқи ва Хитойнинг шимоли-шарқига мос келадиган аниқ жўғрофий ҳудудни кўрсатган.
Абдунаби Ҳайдаров тайёрлади.