Яшаш учун турли тиллар ўйлаб топилган эди. Одамлар яна яшаш учун уларни ўзлари қисқартирмоқда. “Қачонлардир одамлар Ер юзида жуда бахтли ҳаёт кечира бошлашибди. Улар шу қадар фаровонлик ва тўкисликда яшабдиларки, ўз имкониятларидаги деярли барча нарсаларга эришибдилар. Шунда чегара билмас инсон истаклари еттинчи осмонга етишмоқни хоҳлаб қолибди ва инсоният бунинг учун осмонўпар минора бино қилишга киришибди.
Аммо Яратган бандаларининг ушбу ҳаракатидан норози бўлиб, иншоот охиригача битмаслиги учун одамларни бир-бирини тушуна олмайдиган қилиб, барчасининг тилларини ўзгартириб қўйибди. Ана шу тарзда дунё тиллари вужудга келибди”, дейилади Бобил минорасининг қурилиш тарихида.
Бу инсон тасаввури билан боғлиқ ривоятлардан бири. Бугунги кунда инсоният ўзаро мулоқот қилаётган 6000 дан ортиқ (бу рақам турли манбаларда 2500 дан 5000 гача ва ундан ортиқ шаклда кўрсатилади. Негаки, турли тиллар ва бир тил диалектлари орасидаги фарқ жуда шартли ҳисобланади) тилларнинг нега бу қадар кўплигига ушбу афсона орқали маълум маънода сабаб изланади.
Аммо асримиз бошида дунё тиллари жуда кўп, деган таъкид ўз кучини йўқотиши аниқ бўлиб қолди. Кабабки, олимлар мавжуд тилларнинг 40 фоизи шу асрнинг ўзидаёқ йўқолиб кетиши ҳақида бонг ура бошладилар.
Лингвистик “Қизил китоб”
Бундай фавқулодда баёнот билан америкалик тилшунос адъюнкт-профессор Девид Харрисон биринчилардан бўлиб чиқиш қилганди. Унинг маълум қилишича, тиллар сайёрадаги тирик табиат вакилларига нисбатан тезроқ “ўлаётган” экан. Эътибор беринг, айни пайтда ер юзидан йўқолиб кетиши хавфи мавжуд бўлган ўсимлик турлари 8 фоиз, сут эмизувчилар турлари 18 фоизни ташкил этади. Бу ҳисоб-китобда тиллар, юқорида кўрсатилганидек, 40 фоиздан пастга тушмаяпти!
Табиат қонунларининг устуворлигига ҳеч ким шубҳа билдиролмайди. Чунки улар мавжудликнинг асосий тамойилини ташкил этади. Худди табиатдагидек, тиллар оламида ҳам кучлиларнинг тирик қолаётгани бунинг яна бир исботи. Замонамизнинг энг кучли тиллари қаторига эса олимлар инглиз, рус ва хитой тилларини киритишмоқда.
Бу тилларда дунё аҳолисининг 80 фоизи мулоқот олиб боради. Қамров доираси кичикроқ тиллар эса ўртача ҳисобда ҳар икки ҳафтада биттадан камайиб кетмоқда.
Ғарб олимлари ҳатто йўқолаётган тиллар харитасини ҳам яратишди. Улар тилларнинг йўқолиш хавфи кучли бўлган ҳудудлар рейтингини қуйидаги тартибда тузишган:
1. Австралиянинг шимолий ҳудуди.
2. Боливия, Бразилия, Колумбия, Перу ва Эквадорнинг ҳиндулар истиқомат қилувчи ҳудудлари.
3. АҚШдаги Орегон ва Вашингтон штатлари ҳамда Канаданинг Британия Колумбияси провинцияси.
4. Россиянинг Марказий Сибир ҳудуди.
5. Россиядаги Узоқ Шарқ шимоли.
Ушбу минтақалар қўриқлашнинг имкони бўлмаган лингвистик қўриқхоналарга ўхшайди. Уларда кичик халқлар, қабилалар тиллари турли сабаблар билан изсиз йўқолиб кетмоқда.
“Ўлим” сабаби
Шу ўринда “турли сабаблар” жумласига аниқлик киритиш керак. Олимлар ушбу муаммонинг бир неча сабабини кўрсатадилар. Албатта, яна глобализация. Ушбу ижтимоий ҳодиса бизнинг сабабларимиз рўйхатида ҳам биринчи ўринни эгаллайди. Умумлашиш, бирикиш даврида тилларнинг ранг-баранглигини сақлаб қолишнинг имкониятлари жуда паст даражада. Табиий жараён – миграция ҳам тиллар сонининг камайишига хизмат қилади. Бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтган одамлар ўз тилларини янги ҳудудга олиб ўтадилар ёки ўзлари ўша ҳудуд тилига мослашадилар.
Маданий қадриятларнинг телевизор экрани ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали шиддат билан бостириб келаётган замонавийлик ҳужумига бардош бера олмаслиги ҳам тиллар заволи бўлаяпти. Масаланинг сиёсий жиҳати ҳам йўқ эмас. Айрим ҳолларда мамлакат ҳукумати томонидан аҳолини бир тилда гаплашишга ундаш баъзи бир тил ва шеваларнинг буткул йўқолиб кетишига олиб келмоқда. Жумладан, Россиядаги анъанавий ҳаёт тарзига эга маълум бир кичик халқларнинг тиллари руслаштириш ҳаракатининг қурбони бўлаяпти.
Катта тилларнинг кичик тилларни “эб қўяётгани” эса ортиқча изоҳ талаб қилмайдиган сабаб. Умуман олганда, ушбу омилни кам сонли сўзлашувчиларга эга тилларнинг биринчи душмани дейиш ҳам мумкин.
“Она тилим ўлмайди”
Ҳеч бир миллат ўз тилининг буткул йўқолиб кетиши у ёқда турсин, ҳатто мавқеининг ҳам пасайишини истамайди. Аммо… ўлаётган мавжудотдан ўлмасликни илтимос қилиш фойдасиз. Шундай тил ва шевалар борки, уларда гаплашишни фақат бир киши билади. Олимлар тилларнинг йўқолишини табиий жараён дея ҳисоблайди. Тилга нисбатан талаб йўқолса, табиийки, унинг ўзи ҳам йўқликка маҳкум этилади.
Унда нима учун улар табиийлик қонунларидан норози, нега тилларнинг йўқолиб кетаётганидан бунчалик ташвишга тушишган? Гап шундаки, тил билан биргаликда унга эгалик қилаётган халқнинг бутун тадрижий ривожи давомида тўплаган билимлари ва маданияти ҳам изсиз йўқолиб кетади. Шунингдек, олимларнинг фикрича, ўлик тиллар, йўқолиб бораётган тиллар фанга номаълум кўплаб ўсимлик ва жониворларни кашф этишда ёрдам бериши мумкин. Масалан, Бразилияда яшовчи каяпо ҳиндулари ариларнинг 60 дан ортиқ турларини фарқлай оладилар. Уларнинг ҳар бирига алоҳида ном қўйилган.
Айни пайтда испан ва португал тиллари таъсирида таназзулга учраб бораётганлар қаторида Анд тоғларининг шарқий қисмида қўлланувчи Каллавая тиллари гуруҳини келтириш мумкин. Бироқ мазкур тиллар гуруҳида доривор ўсимликлар ҳақидаги маълумотларни бой бериб қўймаслик мақсадида махфий қадимий тил сақланиб қолган. Эҳтимол, шу каби қимматли билимларни ўзида жамлагани учун ҳам ушбу тил 400 йилдан ортиқроқ вақт давомида умр кўриб келаётгандир.
Инглиз тили – зарурат, япон тили – ҳавас
Тилларнинг бугунги кундаги нуфузи анчайин аниқ манзара. Уларнинг келажак тақдири-чи? Ғарб олимлари бу борада инглиз тили ҳали узоқ вақт етакчиликни ўзида сақлаб қолишини таъкидлашмоқда. Бугунги кунда мазкур тилда 450 миллион киши сўзлашади. Тўғри, хитой тилида сўзлашувчилар сони ундан ҳам кўп, аммо бу рақамларнинг асосий улуши хитойликларнинг ўзига тўғри келишини ҳам инобатга олиш лозим. Айрим маълумотларга кўра, яшовчанлик бўйича кейинги ўринларни испан, унинг ортидан франтсуз ва немис тиллари эгаллайди. Мазкур тилларнинг барчасида деярли 100 миллиондан ортиқ одам гаплашади. Шунингдек, франтсуз тилига нисбатан талаб ортгани ҳақидаги маълумотлар ҳам йўқ эмас. Лекин, нима бўлганда ҳам, инглиз тили халқаро тил нуқтаи назаридан биринчиликни ҳали-бери қўлдан бермайди. Ҳарқалай, Америка ва инглиз иқтисодиётининг кучи буни таъминлаб туради.
Тинимсиз олдинга интилаётган хитой тили билан биргаликда япон тили ҳам диққат марказига тушиб бораётир. Лекин япон тилини ўрганиш зарурат эмас, кўпроқ ҳавасдир. Одамлар бу тилни ундан халқаро мулоқотда фойдаланиш учун эмас, шунчаки тил уларга ёққани учунгина ўрганмоқдалар.
Ҳимояланиш учун бир тилда гаплашамиз
Ибтидоий давр одамлари биргаликда ов қилиш, бошпана қуриш, хавф-хатарга қарши туриш, бир сўз билан айтганда, яшаб қолиш учун гаплашишни ўрганишди. Бу – тилнинг биринчи вазифаси эди. Бугун ташқи ва ички хавфлар умумийлик касб эта бошлади. Иқлим ўзгаришлари инсон тассаввур эта олмайдиган фожеаларни келтириб чиқармоқда. Битта тугма билан дунёни йўқ қилиш “имкони” пайдо бўлган. Инсон бугун ҳам яшаб қолиш муаммосига рўбарў келди. Яна ҳамма бир-бирини тушуниши зарурати туғилди. Ер юзидаги фалокатларнинг маълум бир фоизи инсонлар бир-бирини тушунмагани, ё бўлмаса, нотўғри тушунгани оқибатида юз берар экан.
Балки худди шу сабабдан ҳам тиллар ўлиб борар. Инсоният ҳам худди қишда жон сақлаш ва янги даврга ўтиш учун ўз япроқларини тўкадиган дарахтлар каби кўплаб тиллардан воз кечаётгандир. Шу сабабли, уларни сунъий равишда боғлаб қўйишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблашади мутахассислар.
Аммо олимлар тилларни сақлаб қолишга, ўлик тилларни эса ўрганишга ҳаракат қилаверадилар. Зеро, улардаги яширин қимматли маълумотлар бундай машаққатли изланишга арзийди.
Сўзлашувчилар сонига кўра дунёда энг кенг тарқалган тиллар:
1. Хитой 1 млрд. 100 млн.
2. Инглиз 450 млн.
3. Испан 250 млн.
4. Ҳинд 200 млн.
5. Араб 150 млн.
6. Бенгал 150 млн.
7. Рус 150 млн.
8. Япон 130 млн.
9. Португал 130 млн.
10. Немис 100 млн.
Наргиза Тўхлиева
“Маърифат” газетасидан олинди.