Лотин Америкаси халқлари икки нарсага ишқибоз бўлишади. Биринчиси, бутун дунёдагилар севиб томоша қиладиган узундан-узоқ сериаллар яратиш. Иккинчиси эса футбол. Улар футбол учун жонини ҳам беришга тайёр десак муболаға бўлмайди. Ҳаттоки, жамоалари ғолиб бўлса «миллат қаҳрамонлари» деб, агар мағлуб бўлса «миллат душманлари» сифатида эътироф этувчилар ҳам ўшалар.
Аммо ҳар доим ҳам ғолиб чиқавериш ҳеч қайси жамоанинг пешонасига битилган эмас. Чунки «тўп юмалоқ, майдон текис». Мағлубият жамоага қандай салбий таъсир қилса, ишқибозларга бундан ўн чандон ортиқ таъсир кўрсатади. Афсуски, бу баъзида ҳалокатларга ҳам сабаб бўлади.
Мана шундай ҳалокатлардан бири Перудаги Лима миллий ўйингоҳида содир бўлганди. Маълумки, ўйингоҳда ўйинчилар ва томошабинларни ажратиб турувчи тўсиқ бўлади. Лиадаги ўйингоҳ ҳам пўлат занжирлардан иборат баландлиги уч метрли девор билан ўралган ва занжирларга тиканли сим ўрнатилганди. Мана шу тўсиқ футболчилар ва ҳакамларни жазавага тушадиган ишқибозлардан ҳимоя қилиб турарди.
1964 йилнинг 24 май куни 45 минг нафардан ортиқ томошабин Перу-Аргентина учрашувини томоша қилиш учун ташриф буюрганди. Учрашув натижаси Токиода бўлиб ўтадиган олимпиадага қайси жамоа боришини аниқлаб бериши боис ўйингоҳга жуда кўп одам келганди. Томошабинлар севимли жамоаларининг ҳар бир ҳаракатини олқишлаганларида ўйингоҳ ларзага келарди. Аммо ўйин тугашига ўн дақиқа қолганида аргентиналиклар ўз дарвозасига гол киритиб қўйишгач, икки мамлакатнинг яшил майдондаги баҳси спорт тарихидаги тенги йўқ даҳшатли фожиага айланди.
Бу шундай содир бўлди: аргентиналиклар ҳимоячиси ўз дарвозасига кутилмаганда тўп киритиб қўйди. Бутун ўйингоҳни томошабинларнинг шовқини босиб кетди. Чунки ҳисоб 1:1 бўлганди. Уругвайлик ҳакам Анхел Эдуардо Пазос перуликлар аргентиналик футболчига қўполлик ишлатди деб, ушбу голни ҳисобга олмади. Перу футболчилари унга эътироз билдиришса-да, ўйинни давом эттиришди. Аммо оломон бу қарорга рози бўладиган ҳолатда эмасди. Ишқибозларнинг ҳакамни ҳақорат қилишлари аста-секин майдонга тош ва шиша идишлар улоқтиришга айланиб кетди. Уларнинг ғазаби борган сари ортиб борарди.
Учқун алангага айланиши учун бир «пуф» етарли эди. «Бомба» лақабли ишқибоз ана шу ишни амалга оширди. У ҳакамларга тўсатдан ҳужум қилгани учун шу лақабни олган эди. Сониялар ичида у ҳакамни жазолаш учун тўсиқлардан ошиб ўтди. Оломон уни «Аҳи ва Бомба!» – «Бопла, Бомба!» де болқишлай бошлади. Полициячилар уни майдондан олиб чиқиб кетдилар. Шу пайт яна бир ишқибоз тўсиқдан ошиб ўтди. У ҳам полиция томонидан ушланди. Шундан сўнг томошабинлар худди чигирткадек майдон томон ёпирилишди.
Пазос Аргентинани ғолиб деб эълон қилди ва ўйинни тўхтатди. Кейин у жонини қутқариш мақсадида пўлат эшикли кийиниш хонаси томон отилди. Ҳакамнинг қутулиб қолганини кўрган оломон баттарроқ жазавага тушди. Улар занжир тўсиқларни узиб ташладилар ва ёғоч ўриндиқларга ўт қўйишди. Ўйингоҳдаги 40 нафарга яқин полициячи кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишга мажбур бўлди. Энди одамлар газ таъсиридан қочиш мақсадида турли томонларга югура бошладилар. Улар оёқлари остига йиқилган одамларни эзиб, чиқиш дарвозаларига ўзларини уришди. Қичқираётган ва дод солаётган одамлар бир-бирларининг устларига йиқилишарди. Одатда, ўйин тугашига ўн беш дақиқа қолганида ўйингоҳнинг чиқиш дарвозалари очиқ ҳолда бўлиши керак. Аммо дарвозалар ҳануз ёпиқ эди. Одамлар тўлқини кучли зарб билан дарвозаларга урилди. Биринчи тўлқин дарвозага урилиб, шу ондаёқ янчилиб кетди. Тирик қолганларни эса иккинчи тўлқин янчиб ташлади. Бирин-кетин одамлар тўлқини дарвозаларга урилар ва қурб
онлар сони кўпайиб борарди. Ниҳоят, кучли зарб таъсирида дарвоза очилиб, одамлар оёқлари остидаги жасадларни эзиб ташқарига отилишди. «Улар худди денгиз тўлқинидек ёпирилишди», деди 37 ёшли Леонардо Севаллос. У бутун оиласи билан футбол томоша қилгани келганди. Леонардо тирик қолган, аммо хотини ва беш нафар фарзанди ҳалок бўлганди.
Ўйингоҳ ичида қолган ишқибозлар эса аламини полициячилардан олишди. Полициячилар бошлиғи ўз бўйинбоғи билан бўғиб ўлдирилди. Яна бир полициячи ўйингоҳнинг баландлиги 15 метрли деворидан пастга улоқтирилди. Яна бири эса оломон ичида тепкилаб ўлдирилди. Ўйингоҳдан чиққан томошабинлар кўча бўйлаб юра бошладилар. Энди улар йўлларида учраган машина ва автобусларни ёндириб юбордилар. Дўконларнинг ойналари синдирилиб, моллари таланди. Тартибсизликларни бостириш мақсадида полиция ўт очишга мажбур бўлди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди, олти нафари жароҳатланди. Ўйингоҳ ичида эса мурдаларнинг пул ва қимматбаҳо буюмлари таланаётган эди.
Бу тартибсизликлар шаҳарга қоронғу тушганда тўхтади. Ўйингоҳдаги жасадлар ташқарига олиб чиқилди. Айримларнинг бутун бадани эзиб ташланган, айримларнинг танасида эса пўлат дарвоза панжараларининг изи муҳрланган эди. Айримларнинг ҳеч қаерига шикаст етмаган, аммо кучли босим остида эзилиб ҳалок бўлишганди. Жароҳатланганларни касалхоналарга олиб бориш учун «тез ёрдам» машиналари етишмай қолди.
Бу даҳшатли воқеада ҳаммаси бўлиб 328 киши ҳалок бўлди. Беш юздан ортиқ киши касалхонага ётқизилди.
Газеталар бу воқеани «оммавий телбалик» деб атади. Миллий ўйингоҳ «ажал ўйингоҳи» сифатида кўпчиликнинг ёдида қолди.
Ҳакам Эдуардо Пазос ўша куни Уругвайга учиб кетди. У ўз қарори тўғри бўлганлигини ва қоидага биноан қабул қилганлигини таъкидлади. У журналистларга интервю берар экан, кўзларидан тинмай ёш оқарди.
Дилшодбек Асқаров тайёрлади.