Муҳаббатга қўйилган ёдгорликлар барча даврларда садоқат, севги ва улуғворлик рамзи бўлганлиги билан инсониятни ҳайратга солиб келади. Одамзод пайдо бўлибдики севишга, севилишга иштиёқи баланд. Бундан икки ярим минг йил илгари яшаган Карий сатраплиги ҳокими Мавсол ҳам шундайлардан эди. У сингил-хотини (баъзан, туғишганлар ўртасидаги никоҳ қадимги Миср ва Юнонистонда ҳам кузатилган) Артемиссияга бўлган ишқини минг йиллар давомида гўзаллиги билан авлодларни лол қолдирувчи мақбара тимсолида абадийлаштирмоқчи бўлади. Тарих отаси Геродот ёзади: ”Карий пойтахти Галикарнасда шундай мақбара борки, унинг гўзаллиги ва ҳайбати қаршисида Эллада меъморлари танг қоладилар”.
Карий мамлакати маълум вақт Форс империяси таркибидаги сатрапликлардан бири бўлган. Ҳозирги Туркиянинг сайёҳларни ўзига жалб қиладиган сўлим Бодрум шаҳри бу подшоликнинг Галикарнас номли пойтахти эди. Милоддан аввалги 377-йили шоҳлик тизгини Мавсолга отасидан мерос қолди. Кўпгина тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, шоҳ Мавсол ўта қаттиққўл ва бераҳм ҳоким бўлган. Унинг даврида оддий фуқарога нисбатан шафқатсизлик авж олган. Давлатни кўчманчи босқинчилардан мудофаа қилиш мақсадида Мавсол Карий тарихидаги энг кучли армияни тузишга эришган. Бу мамлакатнинг Форс империясидан амалда мустақил бўлишига имкон берди. Армияни таъминлаш учун албатта давлат хазинаси доим тўла бўлиши лозим. Шуни назарда тутиб, ҳоким турли ўлпонлар жорий қилиб, Карий халқини уларни ойма-ой тўлаб туришга мажбур қилган. Геродотнинг ёзишича, Мавсол даврида халқ соч солиғигача тўлаган экан. Пойтахт Осиё ва Европани боғлаб турувчи савдо йўлида жойлашган эди. Бу эса галикарнасликларни шоҳнин
г турли солиқлари туфайли вужудга келиши муқаррар бўлган қашшоқликдан сақлаб қолган. Қисқа вақт ичида шаҳаншоҳ ғазнаси мисли кўрилмаган даражадаги бойликка тўлди. Шунда шоҳ ўзи ва хотини Артемиссиянинг муҳаббатларини ифода этувчи мақбара қурдиришга аҳд қилади.
Агар давр нуқтаи назаридан эътибор берадиган бўлсак, Мавсол қурдирган мақбаранинг Геродотнинг “Тарих” китобидаги етти мўъжизалар орасидан жой олган Артемида ибодатхонасидан кейин қурилганини кўриш мумкин. Аҳамиятлиси шундаки, ҳар иккала бино ҳам Кичик Осиёда ва иккалови ҳам севгини улуғлаб бунёд этилган.
Гўзаллик ва муҳаббат маъбудаси Артемидага атаб қурилган ибодатхона меъморлари шоҳ Мавсол томонидан ёлланиб, Галикарнас мақбараси қурилиши ва безагида ҳам иштирок этишади. Элладалик тарихчи Геродот ўз мамлакатининг гўзал биноларини бошқа халқларникидан устун қўйиши табиий. Бироқ ўзида тўла шарқона меъморчилик услубларини жамлаган Галикарнас мақбараси гўзаллиги олдида у ҳам тан беради. Мақбара ўша даврда урф бўлган форсий қурилиш услубидаги пойдевор устида қад кўтарган. Маълумотларга қараганда, мақбара қурилиши Мавсол туғилмасидан анча олдин бошланган. Бироқ римлик ва юнон тарихчилари Галикарнас мақбарасини қуришда шахсан шоҳнинг ўзи бош-қош бўлганлигини таъкидлашади. Қарийб олтмиш метр баландликдаги мақбара уч қаватдан иборат эди. Квадрат шаклидаги бинонинг биринчи қаватида шахсан Мавсол ва Артемида учун аталган сағана жойлашган. Сағана жойлашган мақбара қаватининг умумий майдони эса 5000 квадрат метрни баландлиги эса 20 метрни ташкил қилган. Мақбаранинг бу қисми
тўлалигича оқ мармардан қадимги форсий услубда безакланган бўлиб, фақат шифтдагина юнонистонлик машҳур меъмор Скопаснинг ижод маҳсули акс этган. Ҳозиргача турли ривоятларга сабаб бўлиб келаётган қават шифтидаги тасвирларда эллинларнинг жангчи аёл — амазонкалар билан жанги ҳақидаги афсона “Амазонамахия” ўйиб туширилган. Римлик тарихчи Плиний берган маълумотларга кўра, мақбара қурилишида Скопасдан ташқари Леохар, Бриаксид ва Тимофей каби Пелопоннеснинг машҳур меъморлари ҳам иштирок этишади. Худди шу тарихий шахслар Александр Македонский даврида ҳам салтанатнинг бунёдкорлик ишларида фаол қатнашганлар.
Баҳайбат устунлар билан ўралган иккинчи қаватда эса, қурбонлик майдони бўлган. Бу ерда маҳаллий аҳоли ва аслзодалар маъбуд ва маъбудаларига атаб қурбонликлар қилишган. Мақбаранинг учинчи қаватида мармар эҳром жойлашган бўлиб, унинг офтоб нурида жилоланиши бир неча чақирим наридан ҳам кўринган. Аслида бу эҳром шоҳ Мавсол ва хотини Артемиссиянинг тўрт отли аравадаги ҳайкалларини кўтариб туришга хизмат қилган. Ҳайкалларда ғалаба тантанаси акс эттирилган бўлса керак, чунки кўпчилик тарихчилар арава суворийларининг (шоҳ ва хотини) жангдан қайтаётгандаги мағрур турганини тасвирлаганлар.
Мақбара ҳайбатли шер ҳайкаллари билан ўралган. Бино Галикарнаснинг энг сўлим жойида боғ-роғлар орасида жойлашган. Ҳайратланарлиси, Мавсол сағанаси ёки Галикарнас мақбараси ўн саккиз аср мобайнида қад кўтариб турган. Ўн олтинчи аср бошларидаги зилзила туфайли Бодрумдаги бу ғаройиб меъморий обида улкан талофат кўради. Аслида оддий зилзилалар шундай қудратли бинони авлодлар ёдидан кўтарилиш даражасида кунпаякун қилмайди. Маълумотларга қараганда, 1522 йилда усмонли султон Сулаймон Родосга юриш қилишга ҳозирлик кўради. Хавфни сезган орол магистри(ҳокими) ўз ритсарларини то Европадан ёрдам келгунча, қитъага — Мезина(Галикарнаснинг ХВИ асрдаги номи)га султон қўшинларини ўтказмай туриш учун юборади. Бу ерда жангчилар мудофаа истеҳкоми қуриш учун харсанг тошлар йиғадилар. Ўша пайтдаги жангчилар қўмондонининг қайдларидан ҳарбий истеҳком учун айнан Галикарнас мақбарасининг зилзиладан қолган тошларидан фойдаланганликларини кўриш мумкин. Қўмондон бу қолдиқларнинг қандай бин
ога тегишли бўлганини тасаввур ҳам қила олмаган. Бироқ у бу сирли жойдаги гўзалликни бир олам завқ билан ҳикоя қилади.
Муҳаббатга атаб қурилган мақбара қолдиқлари ҳозир маҳаллий деҳқонларнинг уй деворлари бўлиб хизмат қилмоқда. Ўн саккизинчи асрда баъзи инглиз тарихчи олимлари Мавсол сағанасидан топилган айрим ҳайкал бўлакларини Лондонга Британия музейига олиб кетганлар. Топиш имкони бўлган қолган қолдиқлар эса Истамбулдаги тарих музейида сақланаётир…
Шоҳ Мавсол нега бу мақбарани айнан хотини учун қурдирди? Ваҳоланки, ўша пайтда сағана аталиши мумкин бўлган хилқатлар кўп эди-ку (маъбуд ва маъбудалар, худолар, ҳарбий салоҳиятини кўз-кўз қилиш ёки ўзи учун)?! Римлик тарихчи Авл Геллийнинг ёзишича, турли солиқлари ва шафқатсизлиги туфайли халқининг нафратига дучор бўлган шоҳни фақат хотини Артемиссиягина садоқат билан севган. Унинг қайд қилишича, 24 йиллик ҳокимликдан сўнг Мавсол боқий дунёга рихлат қилгач, Артемиссия Карийни яна икки йил муваффақият билан бошқариб турган. Замондошлари уни моҳир саркарда ва сиёсатчи сифатида эслашади. Мақбаранинг битмай қолган тепа қисми ҳам шоҳ Мавсол ўлимидан сўнг хотини томонидан битказилади.
Худди шу сағана туфайли римликлар ва улардан сўнг бутун насоро олами мақбарани “мавзолей” дея атай бошлашди.
Шаҳобиддин Мусаев тайёрлади.