Кичик академия
Тошкентнинг сўлим гўшаларидан бири – Ишчилар шаҳарчасида жойлашган бу бино ён-атрофидаги уйлардан деярли фарқ қилмайди. Унинг қўшни ҳовлилардан фарқи, асосан, деворидаги уч лавҳада кўринади.
Ўқиймиз: “Бу уйда 1940-1968 йилларда буюк ўзбек адиби, академик Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб ижод этган”. “Бу уйда 1940-1980 йилларда биринчи ўзбек кимёгар олимаси, Ўзбекистон фан арбоби Зарифа Саидносир қизи яшаган”. “Бу уйда 1940-1980 йилларда кимё фанлари доктори, профессор Суюнбек Ойбекович Тошмуҳаммедов яшаган”.
Бу хонадон – икки академик, икки фан доктори ва кўплаб фан номзодларини етиштирган салоҳияти юксак даргоҳ, айтиш мумкинки, ўзига хос “кичик академия”.
“Тўсманг, йигит, йўлимни…”
Мўъжазгина ҳовлининг чап томонидаги курсида Ойбек домла ўтирибди. Айни куч-ғайратга тўлган. Тиззасидаги китобга қўлини авайлаб қўйгану нигоҳини бир жойга тиккан. Чеҳраси очиқ, завқию шиддати баланд. Гўё ҳозиргина навбатдаги асарига сўнгги нуқта қўйгану, ушбу музаффар лаҳзалардан боши осмонда. Мамнун. Сурурли.
Ҳайкалтарош Иван Клиницкий адибнинг маҳобатли қиёфасини шундай тасвирлаган.
Ўз вақтида бу ҳовлида не-не буюк зотлар меҳмон бўлмаган дейсиз. Ҳамид Олимжон латиф шеърлар ўқиган, Абдулла Қаҳҳор иккинчи жаҳон уруши фронтларидаги янгиликлардан сўзлаган, Ғафур Ғулом латифалар айтган. Миртемир, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов эса кунда-кунора Ойбекдан ҳол-аҳвол сўраб турган.
Ойбек домла дарвоза олдига ўз қўллари билан эккан чинор, ҳовлидаги мана бу арча ва чилонжийда не-не донишмандлар суҳбатларининг гувоҳи бўлган.
Музейдаги экспонатлар сони 15 мингдан ошади. Уларнинг орасида сурату расмлар кўп. Мана, улардан бири: эски мактаб. Бўйрага тиз чўккан болалар мутолаага берилган.
Оддий бўзчининг ўғли Ойбек ҳам Тошкентнинг Оқ мачит маҳалласидаги ана шундай мактабда сабоқ чиқарган. “Янги усул мактаби” деб аталмиш билим масканида, Алишер Навоий номидаги педагогика техникумида, Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ижтимоий фанлар факультетининг иқтисод бўлимида ўқиган.
Биринчи шеърий тўплами “Туйғулар” техникумда ўқиб юрганида чоп этилган.
Бўлғуси адиб аълочи қиз – Зарифани ҳам илк бор ўша ерда – техникумда – учратган. Бир умрга унга кўнгил қўйган, дастлабки ва кейинги аксарият шеърларини ҳам унга бағишлаган. Севгининг дардида изтироблар чекиб, оташин мактублар битган:
Севгилим, хаёлинг мангу боғлади, Шу ўксик кўнглимга нега боқмадинг?..Маъшуқасидан мана бундай ҳаяжонли жавоблар олган:
Тўсманг, йигит, йўлимни, мен уяламан, Ушламангиз қўлимни, мен уяламан.Буюк зотларнинг ёнида одатда буюк аёллар туради, дейдилар. Бу ҳикматга шубҳа билдирадиганлар бўлса, Ойбек билан Зарифа Саидносированинг ибратли ҳаёти тарихига назар солсин, дегинг келади…
Биринчи “ўрим”
Адиб ҳаётининг энг машаққатли ва энг фараҳли даври ўтган асрнинг 30-йилларига тўғри келган.
“Сталин замонида жамият гуллари бўлган зиёлилар ўқтин-ўқтин, беда ўрилгани каби қирқилиб, каллакланиб турилар эди”, – деб ёзади адибнинг рафиқаси “Ойбегим менинг” китобида.
37-йилда бошланган биринчи “ўрим” халқимизнинг кўплаб зиёлилари каби Ойбекни ҳам четлаб ўтмайди. Истеъдодли ёш шоир, ёзувчи ва олим “халқ душмани” сифатида Тил ва адабиёт институтидан ишдан ҳайдалиб, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан чиқарилади. Газета-журналлар, нашриётлар асарларини босмай қўяди. Оиласи, фарзандлари билан уйсиз-жойсиз қолади. Боз устига, ўша пайтда очарчилик бошланган эди.
Адиб, ўзини ҳали олдинда не синовлар кутаётганидан бехабар, буткул ижодга берилади. “Берилиб ёзади, ижод суруридан маст бўлиб ёзади”.
Мунаққидлар зикр этганларидек, “асрлар қаъридан дур қидиради” – “Навоий” романини яратмоққа киришади:
“Қушлар тили” пири – юракда тилак, Излаймен марварид – қўлимда элак.Ойбек уй-музейида бўлган киши ундаги кичик ҳужрани қизиқиб томоша қилиши тайин. Атрофига беқасам кўрпачалар тўшалиб, болиш қўйилган хонтахта устида оддий мойчироқ турибди. Миллий адабиётимиздаги энг буюк тарихий роман – “Навоий” ана шу хонтахтада, хира чироқ ёруғида яратилган. Араб алифбосида битилган роман қўлёзмасини варақлаш асносида, хаёлга шундай ўй келади: Ойбекдан тўрт ярим аср муқаддам яшаган улуғ бобомиз Алишер Навоий ҳам ўз “Хамса”сини шундай хонтахта, шамчироқ шуъласида яратган бўлсалар, не ажаб.
Ойбек – метин ирода соҳиби. У бошига неки кулфат, адолатсизлик ва азоблар тушмасин, барчасига бардош берган. Умри чидам, сабр ва сабот билан йўғрилган. Асарларида, ёзиб қолдирган хотираларида, мактубларида бирор сатр бўлсин, зорланишни, шиква-шикоятни учратмайсиз.
“Инсон ҳар қандай қийинчиликни кўтарар экан, – деб ёзади Зарифахоним. – Ойлар, йиллар ўтса ҳам, ҳаёт яхшиланиш ўрнига тобора оғирлашиб борарди. Очликдан ўзимиз ҳам, болаларимиз ҳам ўлмаслик учун нималар қилмадик… Ойбек ана шундай мушкул шароитда “Навоий” романини ёзиб тугатди”.
Бугун бу машҳур асарни ўқиётганингизда унинг не азобда дунёга келганини ҳам эслаб қўйинг, азиз ўқувчи.
Адибнинг хазинаси
“Навоий” унга катта шуҳрат келтиради. Академияга сайланади. Мукофотлар олади. Депутат бўлади. Роман кетма-кет бошқа тилларда ҳам чоп этила бошлайди. Ёзувчилар уюшмасига раис этиб тайинланади. Аммо, мустабид тузумнинг “ўзига хослиги” шундаки, у миллат гуллари – етук кадрларни бир қўли билан кўтариб, иккинчиси билан ерга уради. Халқнинг кўзи очилишидан, уйғонишидан қўрқади. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларини ҳовли тўридаги қўшқават уйда ўтказган. Уй 1958 йилда – Ойбекнинг бошига тушган иккинчи “ўрим”дан кейин қурилган.
50-йилларнинг бошларида Ойбек яна ишдан олинади. Матбуот орқали унга қарши катта, сурункали туҳмат тошлари ёғилади. Адибни яна миллатчиликда, Навоий тимсолида феодализмни идеаллаштиришда айблашади. Иккинчи “ўрим”нинг оқибати жуда аянчли кечади. Маломатлар таъсирида адиб оғир хасталикка чалиниб, тилдан қолади:
Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб- Ой менга ҳамқадам-сокин юрамен. Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб, Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.Зарифа Саидносирова лойиҳаси асосида қурилган янги уйнинг биринчи қаватида ижодхона ва ётоқхона, иккинчисида эса кутубхона жойлашган. Орадан салкам ярим аср ўтган бўлса-да, манзара деярли ўзгармаган: остонадаги илгакда адибнинг бош кийими билан ҳассаси осиғлиқ турибди. Гўё Ойбек ҳозиргина сайрдан қайтган.
Шинамгина ижодхонада ортиқча буюм йўқ. Кенг стол устида дўппи, очиқ турган қадимий қўлёзма ўртасидаги ручка кўзга ташланади. Сал нарида – оппоқ қоғозлар.
Одмироқ стул хиёл бурилган: гўё мутолаадан толиққан Ойбек ҳозиргина ўрнидан тургану ҳовлига чиққан.
Хонадаги узун қилич ва резина копток ҳам эътиборни тортмасдан қолмайди.
– Ойбек домла инсультга чалингач, ҳассага суяниб юришни, ёғоч қилич билан қўлини ҳаракатга келтиришни машқ қилганлар, – деб изоҳ беради Гулчеҳра Шокирова – музейнинг катта илмий ходими. – Копток эса бармоқлари учун тавсия этилган. Лекин, минг уринмасинлар, ўнг қўлига қайта дармон энмаган.
Адибнинг орзулари мўл бўлган. Аммо мустабид тузум унинг илҳомига чанг солди, инжа қаламини синдирди. Буни Ойбекнинг тугалланмай қолган ёки режалаштирган асарларининг номлари ҳам айтиб турибди: “Темур”, “Бобур”, “Жадидлар”.
О башар, ҳақ сўздир тарихнинг сўзи- Бир одам титратди жаҳонни ўзи!Унинг соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги достони ана шундай сатрлар билан бошланади. Ойбек ҳазрат Алишер Навоий ҳақида бўлгани каби, Соҳибқирон тўғрисида ҳам аввал достон, сўнгра роман битмоқни ният қилган. Бироқ қадим тарих қаъридан не машаққат билан топган марваридлари – ҳақ сўзни охиригача айтишга улгурмади. Ўн етти йилга чўзилган хасталик имкон бермади.
Ёзувчидан нима қолади? Китоблар, қўлёзмалар, солиҳ фарзандлар… Музей экспонатларининг асосий қисми китоблардан иборат. Улар орасида қадимий қўлёзмалардан то яқинда Чин юртида хитой тилида чоп этилган “Навоий” романигача бор. Кўплаб илмий, адабий ва бадиий тадқиқотлар учун катта манба. Улуғ хазина.
Ойбек ва истиқлол
“Ватан ва унинг саломатлиги учун ҳар бир жон ҳар лаҳза ўзини қурбон қилмоққа ҳозир турмоғи керак”, – дейди Ойбек ўз романида Навоий тилидан. Эл-юрт озодлиги ва ободлиги адибнинг бир умрлик орзуси, асарларининг бош мавзуси бўлган.
Музей тўридаги муҳташам зал адибнинг ана шу армони – Ойбек ва истиқлол мавзуидан ҳикоя қилади. Адибнинг 100 йиллик тўйи арафасида унда янги экспозиция очилди.
– Мустақиллик йилларида Ойбек ҳаёти ва фаолиятини, ёзувчи қолдирган улкан адабий, илмий ва маънавий меросни тадқиқ ва тарғиб этишга эътибор кучайди, – дейди Г.Шокирова. – Президентимиз Ислом Каримовнинг 2000 йил 25 августдаги Фармонига биноан адиб Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Бугун ушбу орден музейимизни безаб турибди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2004 йил 21 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши эса атоқли ёзувчининг порлоқ хотирасига юксак эҳтиром ифодасидир.
Мазкур ҳужжатда юбилей муносабати билан амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар, жумладан, музей биносини таъмирлаш, ундаги экспонатларни янгилаш, илмий-амалий анжуманлар ўтказиш каби кўплаб хайрли тадбирлар кўзда тутилган. Музейда қутлуғ санага тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.
Ҳар қандай буюклик замирида буюк самимият, беғубор соддалик мужассамдир, дейишади. Ойбек ҳаёти ва ижоди бунга ёрқин мисол. Адибнинг уй-музейи зиёратида бўлган ёҳуд унинг асарларини мутолаа қилган киши бунга яна бир ишонч ҳосил қилишига – қалби ойбекона самимиятга ошно тутинишига шубҳа йўқ.
Ушбу репортаж 2005 йил 22 февралда ЎзА каналлари орқали узатилган ва матбуотда чоп этилган.