«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда Ислом.уз портали ходимлари иштирокида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб янги китобларнинг тақдимот маросим бўлиб ўтди, дея хабар беради инфо.Ислом.уз.
Ношир, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўғли Исмоил Муҳаммад Юсуф кириб келаётган Рамазони шариф муносабати билан барчани муборакбод этди, сўнгра Ислом.уз порталида ҳамда «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасининг моҳи Рамазонга бағишлаб режалаштирилган ишлари тўғрисида, хусусан, бугун «Мўминнинг қалқони» деб номланган муфассал рўза китоби ҳамда «Бахтиёр оила» китобининг янги нашри тақдим қилинаётгани ҳақида гапирди.
Тақдимот маросимига ташриф буюрган «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов ҳамда «Минор» жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддиновлар ҳам сўзга чиқиб, устозимизнинг эл-юртимизга, халқимизга ва бутун дунё мусулмонларига кўрсатган фидойиликлари, буюк хизматлари ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик шайх ҳазратларининг илмий мероси, у зот асос солган илм-маърифат боғининг мева бераётгани, ҳали бу илм сарчашмаси халқимизга узоқ йиллар манфаат келтириши ҳақида сўзлади.