Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда, аниқроғи XXI асрда бир донишманд бўлган экан. Унинг ўқиган китобларининг, ўрганган билимларининг миқдорини ҳеч ким санаб беролмас экан. Хаттоки, ўзи ҳам бу ҳақда сўралса, аниқ жавоб беролмас экан. Бу донишманднинг асосий хислати севги дардига учраган ёшларга – йигит ё қизлигининг фарқи йўқ – маслаҳатлари билан ёрдам бериш экан.
Айтайлик, бир йигит қайсидир бир қизни бутун вужуди-ю борлиғи билан севиб қолди, унга дил изҳорини қандай қай йўсинда баён қилишга нўноқлик қилмоқда, у гўзални кўрганда оёқларидан мадор кетиб, қўлларини қаерга қўйишни билмай, тиллари тутилиб қолади ва натижада миқ этолмайди. У санам эса бепарво ёнидан индамай ўтиб кетади. Шундан йигитнинг дарди ичида, кечалари ухлолмайди, ҳаёлидан севгилисининг жамоли, ёқимли товуши кетмайди. Еган овқатини ҳис қилмайди, қилаётган ишлари-ю ҳаётини ўз ҳолига ташлаб қўяди. Шундай дамда, унга бирор турмуш тажрибасига эга, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган кимсанинг маслаҳати зарур бўлади. Шунда, у ўша донишманд қошига боради ва керакли маслаҳатни олади.
Ёки, дейлик, бир қиз пинҳона бир йигитни ёқтириб қолган, фақат уни истайди, келган совчиларни, уларнинг ким бўлишидан қатъи назар, ҳаммасини қайтаради. Онаси ва бошқа яқинлари ҳайрон. Сўрашса, индамайди. Кечалари ёстиқларини ҳўл қилиб чиқади. Қанийди, ўша фарҳодмонанд унга дуч келиб, бир оғиз сўз айтса, деб орзу қилади. Қизлик ҳаёси ва иффати ўзининг у йигитга бориб мурожаат этишига йўл қўймайди. Шунда, у ҳам ўша донишманд қошига боради ва кўнглига таскин бағишловчи фойдали маслаҳатларни олади.
Шунинг учун, бу донишманд, севган-севилган ёшларнинг ҳам, вазиятни тўғри баҳолай олмаган, лекин оқилона маслаҳатдан сўнг, тўла қониқиш қилган ота-оналарнинг ҳам ҳурматига сазовор эди.
Лекин, бир куни у жуда чалкаш муаммога дуч келиб қолди.
Бу муаммонинг ечим йўли бор, бу йўлдан керакли, барча томонларни қониқтирувчи натижа кўчасига чиқиш мумкин экандек туюларди-ку, бироқ у минг мулоҳаза қилсин, топилабермасди. Шунинг учун, у жавобни эртасига қолдирди.
Вазият қуйидагича эди: Ўша куни унинг “Ишқ-муҳаббат маслаҳатхонаси”га йигит ё қиз эмас, катта ёшдаги, оқ кийимлар кийган отахон ва онахон келишди. Уларнинг иккаласи ҳам зиёли одамлар эдилар.
Саломлашишгач, донишманд уларни ўтиришга таклиф қилди. Яқиндагина дамланган чойдан қуйиб узатди. Шундан сўнг, у сўз қотди.
– Хуш келибсизлар, бу ерга қандай муаммо билан қадам ранжида қилдинглар?
– Тақсир! Айбга буюрмайсиз, бизда бир ечими қийин масала борки, уни асло ҳал қила олмаяпмиз. Сиз, жуда оқил ва тадбир топувчи инсонсиз. Бу ишда фақат сиз ёрдам бера оласиз! – жавоб берди отахон.
Донишманд жилмайди.
– Ахир, ўзингиз ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган одамларга ўхшайсиз. Мен ҳам бир ожиз бандаман, сиздан ўтиб нима маслаҳат ҳам бера олардим.
– Тақсир! Қани эди, шундай бўлса! Афсуски, бошимиз қотган. Бу ишқ-муҳаббат деган ҳиссиёт шундай ҳолатга солдики, гўё лабиринт ичидамиз ва ундан чиқиб кета олмаяпмиз!
Донишманд анча сергакланди. Ёши улуғ одам шундай дегандан кейин, албатта жиддийлашиш лозим эди. У оҳиста сўз бошлади.
– Одатда, ҳузуримга ёш йигитлар ёки навниҳол қизлар келишади. Масалан, ишқ ўтида ёнган ўғлон кимни севиб қолганини ва у гўзалсиз яшай олмаслигини айтади. Мен унинг ота-онаси кимлигини, қандай касб-кор қилишини сўрайман. Севилган қизнинг хонадони ҳақида ҳам суриштираман. Унинг оиласи ҳалол меҳнат орқали кун кечирадими ёки порахўрлик, зўравонлик, товламачилик ёки давлат маблағини ўзлаштириб яшайдими – буларни аниқлаштираман. Хуллас, икки оила тўғрисида барча маълумотларни йиғиб, йигитга, агар шу қизга уйланса, келгусида қандай ҳаёт кечиришини, улардан қандай фарзандлар туғилишини ишонарли, аниқ тасвирлаб бераман. Биласизми, улар менга ишонишади. Ва ўз ҳисларини жиловлашади. Ахир, ёнаман, куяман, севаман деб, бадавлат, аммо ноҳалол одамларнинг қизининг висолига эришгач, улардан ўғри, муттаҳам фарзандларнинг туғилиши эҳтимоли катта-да!.. Агар, севилган қизнинг отаси ё онаси ҳалол пул топаётган ва йигитнинг ҳам оиласи ҳам жамиятни рози қилиб кун кечираётган бўлишса, хаттоки ўзим ҳам совчиликка бораман. Ва икки томонга ёшларнинг келгуси ҳаётларини шундай ўзим кўраётгандек қилиб тасвирлаб бераманки, улар жон-жон деб қуда бўладилар.
Отахон ва онахон бир-бирларига қараб, жилмайишди.
– Қизларга нима дейсиз? Ахир, уларнинг ишлари нозикроқ… – сўради отахон.
Донишманд чуқур нафас олди.
– Ҳа, гапингиз тўғри. Иболи қизларнинг кўпи севги дардларини ичларига ютиб, буни сездирмайдилар. Ва тўғри қиладилар. Чунки, ҳаёт қонунлари шундайки, бу икки ёш бир-бирларига мос келсалар, тасодиф аллақачон уларни учраштирарди. Шунинг учун, мен гўзалларга бу ҳолатни тушунтираман. Ҳар бир инсоннинг ўзига мос жуфти бўлиши лозим. Ташқи томондан кимдир чиройли кўринса ёки чиройли гапирса ва чиройли хушомадлар қилса, мақтов сўзларини айтса, лаққа тушиб севиб қолабериш керак эмаслигини айтаман. Ва ўша йигитни “оқ от минган шаҳзода” сифатида танлаб, дил сирини изҳор этса, бошига не кўргуликлар тушишини рўйи-рост чизиб бераман. Натижада, паривашларнинг кўзлари ярқ этиб очилади. Ҳаётга реалистик қарай бошлайдилар. “Билмайин босдим тиканни…” деган мақолнинг мағзига тушунадилар. Борлиқ, бир кунмас бир кун унга ўз тенгини рўбарў қилишига ишонадилар. Эҳтирослари босилади. Лекин, бу ерда ҳам, агар сезсамки, ўша севилган ўғлон тарбияли, ёмон йўлларга қадам босмаган ва оиласи тинч-тотув бўлса, қизга сабр қилиш лозимлигини, тақдир уларни бугун бўлмаса, эртага Отабек ва Кумушга ўхшаб, албатта учраштиришини ва бахт топишларини ишонтириб айтаман. Натижада, гулгун чеҳра вакилларининг кўнгиллари тин олади, умидларини йўқотмайдилар… Ҳаммадан қизиғи, кимга шундай деган бўлсам, уларнинг тақдири айтганимдек бўляпти. Ҳали бирор марта ҳам янглишмадим.
Шу пайтгача индамай, гапларга қулоқ солиб ўтирган онахон ниҳоят товуш чиқарди.
– Донишманд ота, умрингиздан барака топинг! Набираларингизнинг ҳам роҳатини кўринг! Мен ҳам айрим йигит-қизларимизнинг нотўғри турмуш қуриб, оилалари бузилиб кетаётганига жуда ачинаман. Сиз жуда керакли фаолият олиб бораётган экансиз.
– Раҳмат, онахон! Энди, айта қолинг, не муаммога ечим излаб келганингизни?
Онахон ийманиб, отахонга қаради.
– Ўзингиз айтақолинг! – шивирлади у.
Отахон томоқ қирди-да, сўз бошлади.
– Тақсир! Биз бир-биримизни севамиз. Ёшликдан. Аммо, бу синглингиз ҳам, мен ҳам ота-оналаримизнинг истак-хоҳишларига қарши чиқишга куч топа олмаганмиз. Натижада, бошқа-бошқа турмуш қуриб кетишимизга тўғри келган.
Шу кунга келиб, тақдир тақозоси экан, менинг жуфти ҳалолим вафот этиб кетди, онахоннинг ҳам фарзандлари отаси бу дунёни тарк этди. У ҳам, мен ҳам бола-чақамизни уйлик-жойлик қилиб бўлганмиз. Биз ҳалол яшадик. Оилаларимизга хиёнат қилмаганмиз. Лекин, ҳозир ҳам қалбимизда бир-биримизга нисбатан севги оташи мавжуд…
Донишманд жилмайди. Унга қараб булар ҳам табассум қилишди.
– Жуда антиқа ҳолат. Лекин, ҳаётий! – ўзига ўзи гапиргандек деди у.
Ярим дақиқача сукут сақлади-да, сўради.
– Хўш, турмуш қуришингизга нима ҳалақит қиляпти? Одатда, фарзандлар ота-оналарининг бири вафот этиб, иккинчилари ёлғизликдан қийналиб қолса, унга бошқа бир жуфти ҳалол топиб, никоҳлаб қўйишади-ку!
– Ҳамма гап шунда-да! Бундан қирқ йилча илгари қовушишимизга ота-оналаримиз тўсқинлик қилишган бўлса, энди фарзандларимиз қаршилик кўрсатишяпти!
– Нега? Нима муаммо бор?
– Асосий сабаб шуки, менинг қизларим “Онамизнинг руҳлари чирқилламайдими? Биз бошқа аёлни она ўрнида кўролмаймиз!” дейишмоқда. Улар, хаттоки, келинни четга чиқариб, навбатма-навбат келиб, менинг кир-чирларимни ювиб туришга, уйимни тозалаб туришга розилар! Иккинчи томондан, ушбу синглингизнинг фарзандлари ҳам қаршилик қилишмоқда. Ўз оналарини ўзга уйга узатишга асло рози эмаслар!.. Шунинг учун, сиздан маслаҳат сўрагани келдик. Сиз – номи чиққан донишмандсиз. Фикрларингиз асосли, жуда жўяли ва аниқ. Ёрдам беринг!
Донишманд ҳақиқатдан ҳам бу ҳолат ҳақиқий лабиринт эканлигини сезди. Аммо, ҳар қандай лабиринтда чиқиб кетиш йўли бор. Ҳамма гап уни топишдадир. Топиш учун эса, барча ҳолатларни билиш керак. Уларга таяниб, ечим топса бўлади. У қабулига кирганларга қаради.
– Яхши. Мен сизга ягона ва аниқ йўлни кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан. Бунинг учун, сиз менга жаъми информацияни беришингиз лозим. Иккалангизнинг уй манзилларингиз, фарзандларингизнинг барчасининг ёшлари, исм-шарифлари, касб-корларини ёзиб беринг. Мана анкета, мана ёзгич, яъни сизнингча, ручка. Натижани эртага келсангиз хабар қиламан. Келишдикми?
– Келишдик! – деди отахон.
Улар иккалалари анкетани тўлдириб чиқиб кетишди.
Донишманд кечки пайт, овқатланиб бўлишгач, ўз жуфти ҳалолига юзланди.
– Бир мураккаб лабиринт бор. Ундан чиқиш йўлини биргалашиб топайлик. Розимисан?
Аёли мулойимлик билан сўз қотди.
– Қанақа мураккаб лабиринт? Яна битта қиз йиғлаб келдими?
– Йўқ! – жавоб берди донишманд. – Кап-катта одамлар: отахон ва онахон! Улар турмуш қурамиз дейишса, фарзандлари қаршилик кўрсатишаётган эмиш.
– Анкета тўлдиришдими? Манзиллар, фарзандларнинг исми шарифлари, ёшлари маълумми?
– Ҳа, барча маълумот бор.
– Яхши. Унда юринг, “Ҳаётни моделлаштириш машинаси” турган хонага чиқайлик.
Донишманд қурилмани ёқди. У билинар-билинмас товуш чиқариб ишлай бошлади. Жуфти ҳалоли анкетадаги маълумотларни машинанинг “онги”га киритди. Зум ўтмай, уч ўлчамли икки экранда икки хонадон турар жойлари тасвири пайдо бўлди.
– Энди, биз, биласанми, нима қиламиз?
– Ҳа, одатдагидек, уларнинг фарзандлари тўйга рози бўлишди деб маълумот киритамизда, уларнинг кейинги ҳаётлари қандай бўлишини кузатамиз.
– Яхши, бошладик бўлмаса!
Уч ўлчамли, яъни ҳажмий экранда воқеалар жараёни намоён бўла бошлади. Мана, отахон ва онахон никоҳ ўқитишди. Кейин бирга яшай бошлашди.
– Дадаси, вақтимиз бекор кетмаслиги учун тезликни оширайлик, кулминацион вазият юзага келса, секинлатамиз! – таклиф қилди аёл.
– Майли, – рози бўлди донишманд.
Экранда янги оиланинг ҳаёти бир маромда кета бошлади. Аммо, уларнинг аҳил ва тотув турмуши бир ойга ҳам чўзилмади. Улар, кап-катта одамлар, бир-бирлари билан уриша бошлашди.
– Қаёқданам ёшим бир ерга борганда сизга турмушга чиқдим?! – қичқирди онахон. – Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим! Наҳотки, шунча ивирсиққа кўмилиб ўтиравериш мумкин? Нега мен ҳамиша кетингиздан ҳамма ёқни йиғиштириб юраверишим керак?! Нима, онангиз ўргатмаганми, уйларни йиғиштириб, супириб-сидириш зарурлигига?!
Унга қарши отахон ҳам овозини баландлатди.
– Сенга ёшлигимда уйланмай тўғри қилган эканман! Мени бутун умр токчага чиқариб ўтказиб қўяркансан! Ўзимнинг хотиним минг марта яхши экан! Нега мен қариган пайтимда уйимни ўзим йиғишим, супуриб-сидиришим керак?!
– Бўлди! Жонимга тегди! Хотинингиз яхши бўлса, борақолинг ўшанинг олдига! Катта кўча! Мен эса ўз уйимга кетаман!..
Донишманд ўз аёлига боқди.
– Етар-а? Қурилмани ўчирайми?
– Ҳа! Ечим топилди. Уларнинг турмуш қуриши асло мумкин эмас!
– Биласанми, ҳаётнинг бир қонуни бор: агар икки одам бир-бири учун яратилган бўлса, уларни тақдир вақтида учраштиради, вақтида қовуштиради. Сунъий, зўрма-зўраки қовушишлардан ривожланиш учун ҳеч қандай фойда йўқ. Баъзиларга қалбида гўё кучли севги мавжудга ўхшайди. Лекин, кўпинча у псевдосевги бўлиб чиқади. Биринчи қийинчиликданоқ, эҳтирос ва ҳиссиёт парча-парча бўлиб кетади, – фикрини билдирди донишманд, қурилмага келаётган электр қувватини узгач.
– Ҳа, айниқса, ҳаромдан топилган бойликка учиб турмуш қуришнинг охири вой!
– Шунинг учун, ҳеч қачон шошма-шошарлик қилиш керак эмас. Вақти келиб, бу Борлиқ ҳалолларни ҳалолларга, ҳаромларни ҳаромларга рўбарў қилади.
– Майли, дадаси, мен кетдим. Сиз хулосангизни ёзинг. Мен ошхонани йиғиб олай, кейин телевизор кўриб ҳордиқ чиқарамиз.
Донишманд бу даврга, яъни XXI асрга беш йилга хизмат сафарига жўнатилганди. Унга берилган топшириқ шундай эди: XXI аср одамлари орасида “бахтини топиш” жараёнига ижобий ўзгартиришлар киритиш, уни тартибга солиш ва жаҳолатни камайтиришдан иборат эди. Айниқса, моддий томондан қийналиб яшаса-да, аммо “Тарақлатиб тўй қилишим лозим” касаллигига учраганларни даволаши ҳам шарт эди.
Донишманд биринчи йилданоқ XXI аср одамларидаги бу касалликни тузатиб бўлмаслигини англади ва асосий эътиборини ўзингиз ўқиган муаммога қаратди. Шунинг учун, “Ишқ-муҳаббат маслаҳатхонаси”ни очди ва фаолиятини бошлади.
Мана, хизмат сафарининг тўрт йили ўтди. Бир йил ишласа, ўзининг ХХХ асрига кетади ва у ердаги ҳаётини давом этдиради. Ўрнига бошқа одамни жўнатишади. Балки, у кўпроқ иш қилар…
Эртаси куни белгиланган вақтда отахон ва онахон донишманднинг ҳузурига киришди.
– Хуш келибсиз! – жилмайиб қарши олди уларни ХХХ аср одами. – Мархамат, ўтиринглар! – жой кўрсатди у.
Ташриф буюрувчилар ҳам табассум қилишди.
– Тақсир! Лабиринтимиздан чиқиш йўли топилдими? – умид билан сўради отахон.
Донишманд жиддий тусга кирди.
– Ҳаёт қонунлари жуда мураккаб кўринади, – деди у. – Лекин, асл моҳияти бўйича улар жуда оддийдирлар. Биласизми, сизлар бир-бирингиз учун яратилган бўлганингизда, ёшлигингиздаёқ ҳар қандай тўсиқларни писанд қилмай, курашиб, ўз бахтларингизга эришардингиз. Менинг хулосам шуки, сизнинг қовушишингиздан асло фойда йўқ. На ўзингизга, на борлиққа. Турмуш қурсангиз, бирга кўп яшамайсиз. Тинч-тотув ҳаётингиз бир ойга ҳам бормайди. Шунинг учун, қирқ йил илгари ота-оналарингизни норози қилмаган экансиз, ҳозир ҳам фарзандларингизни ранжитманг. Набираларингизга бош бўлинг, уларни яхши инсон қилиб тарбияланишига ҳисса қўшинг. Гапим шу!
– Наҳотки? – таажжубланди отахон.
– Нега ахир? – савол берди онахон.
Донишманд жавоб берди.
– Сингилжон, сиз уй ишларини қилишни яхши кўрасизми?
– Мен аёлман, бу менинг бурчим! – жавоб қилди у.
– Агар, эрингиз ҳамиша нарсаларини дуч келган жойга ташлаб кетаберса, пала-партиш яшаса, ҳамма ёқни ивирситаберса – жаҳлингиз чиқадими?
– Албатта! – деди у. – Менинг раҳматли эрим, ўз нарсаларини доимо жой-жойига қўйиб яшарди, лозим бўлганда уйни супурарди ҳам, кирлари у ёқда турсин, уй полини ҳам ялтиллатиб юварди.
Бу гапни эшитган отахоннинг туси ўзгарди. Лекин, индамади. Аста ўрнидан қўзғалди.
– Тақсир! Сизга катта раҳмат! Чиндан ҳам донишманд экансиз! Бундан сўнг, ҳар бир набирамни уйли-жойли қилишдан илгари албатта олдингизга келаман!
У қайрилди-да, онахонга боқмай ҳам чиқиб кетди.
Онахон мўлтираганча унинг ортидан қараб қолди. Ниҳоят, у ҳам қўзғалди.
– Донишманд ота! Раҳмат сизга! Бир хатоликнинг олдини олдингиз…
Шундай қилиб, бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда, аниқроғи XXI асрда бир донишманд бўлган экан. У, ҳамиша, лабиринтга тушиб қолган одамларга ундан чиқиб кетиш йўлини кўрсатар экан…
Тошкент. 01.02.2015. 3:47.