Носеҳ (XVIII аср)

XVIII асрда яшаб ижод қилган чимёнлик ўзбек шоирларидан бири. Ҳувайдонинг шогирдларидан.  

ТАРИХИ ВАФОТИ ҲУВАЙДОЙИ ЧИМЁНИЙ

Сўраб бир муршиди равшан ниҳоди
Югуруб телба янглиғ суйи водий.

Қарорим йўқ дема сабр айламакка
Жаҳоним тавф этарман мисли боди.

Фиғонким, етмадинг қадрига чандон
Чиқиб Чимёнимиздан кетди ҳодий.

Оти Хўжамназар, аммо тахаллус
Ҳувайдодур ба шеъри номуроди.

Отасин отлари Ғойибназардур
Эрур Ўшдин буларни асли зоди.

Бўлуб восиф қилай авсифин энди
Қулоқ сол сомеъа қилмай иноди.

Қизил гулдек очилиб эл юзига
Муҳиблар кўнглин айлаб иста ёди.

Тутуб суҳбат давом умрин борича
Ба ёрон таълим эрди фикру ёди.

Дабистонида саъй айлаб туну кун
Ёзилғон неча толибнинг саводи.

Шоҳи Норбўтахон асрида ул мард
Масокинларға кўп эрди жаводи.

Алардин сўнгра ўн саккиз йил умр
Жаҳонға тўлди ул шоҳ адл доди.

Хирад устоди тарихи вафотин
Битибдур ғойиб ўлди қутби ҳодий.

Гадолар топғуси шоҳ давлатини
Кўрар хизматға лойиҳ ҳар ибоди.

Эранлар чокариға қул бўлолмас
Шоҳи Чин бирла Руму Қайкубоди.

Демас ўз табъидин Носеҳ бу сўзни
Тилиғо қилмағунча фозли ҳоди.