“Кино — мен учун журъат! Номига филм олиш қийин. Бошимдан ўтди. 2004 йили тирикчилик деб, Москвада “Свой человек” номли телесериал олдик. Муҳими, қилган ишингиз юракда қандайдир из қолдириши керак экан”.
Суҳбатдошимизнинг иқрори мени ҳайратга солди. Ижодкор ўз фаолиятини сарҳисоб қилар экан, яратган барча асарларини ўзининг ижодий мулкига қўшгиси келмади. Гарчи феъли бироз жиззаки кўринган, тиғдор фикрлари билан кишини бир қадар ҳайиқтирган бу режиссёрнинг бисотида осмон “болалари”, японларни лол қолдирган қизалоқлар, эзгулик улашувчи “кичкина табиб”лар бор.
Ҳа, англадингиз, бу — Зулфиқор Мусоқов. У ўз филмларидаги ҳар бир эпизод, ҳар бир деталга алоҳида мулоҳазакорлик билан ёндашади. Шунинг учун бўлса керак, унинг қаҳрамонларини соғиниб кутамиз, қайта-қайта кўришдан зерикмаймиз…
Драматург Шароф Бошбеков: “ҳаётий асар” деб кўп гапирамиз. Чин ижодкор ўзи яратиши, ҳаётдан олмаслиги лозим. Ҳаётда содир бўлган воқеани “Яратдим!” дейиш, тўғри эмас”, — дейди. Бугун эса, фақат ҳаётий сюжетлар эмас, балки асар сифатида тақдим этилаётган аксарият “ижод” маҳсулларининг ўзаро бир-бирини такрорлаши табиий ҳолга айланди. Яқинда бир гап қулоғимга чалинди: “Кичкина хўжайин” деб номланган экран томошаси намойишига қандай филм олмаслик кераклигини кўрсатиш учун рухсат берилибди…”. Ажабо! Наҳотки, режиссёрлар “маҳорат мактаби”ни ўташ учун экранни суиистеъмол қилишлари керак? Бундай чиғириқлар экрангача босиб ўтилмасмиди? Ёхуд бу ҳам ўзини оқлашнинг бир кўринишимикин? Тўғри, атоқли Ёзувчилардан бири “Eнг ёмон Ёзувчилар — менинг устозларим”, деганида айни шу ҳолатга ишора қилган. Аммо санъат саройига келаётган томошабин филмдан кўзланган асл “мақсад”ни ҳар доим ҳам тўғри илғай олармикан?
Зулфиқор Мусоқов билан суҳбатимиз кинонинг ана шундай оғриқли нуқталари, режиссёрнинг бугунги ўйлари ҳақида бўлди.
— Зулфиқор ака, Қамара Камолованинг “Бировнинг бахти”, “Eртага чиқасанми?” номли филмларида суратга тушган экансиз. Билишимизча, томошабинга сизнинг актёр сифатидаги фаолиятингиз қоронғи.
— У даврда кино мен учун ёшларга хос қандайдир ҳавас, бир эрмак эди. Бу, қани энди, кўчада мени биров таниса, деган бир талабалик касаллигидек гап. Сиз айтган роллар менинг ҳаётимда на бир катта мазмунга, на бир алоҳида ўринга эга. Уларни томошабингина эмас, ҳатто ўзим ҳам унутиб юборганман. Шундай экан, актёрлик тажрибаси ҳақида гапирсам, нокамтарлик бўлар.
Кинога муҳаббатим 9-синфда ўқиётганимда, уйимизнинг ёнида — Қумлоқ, Чувалачи кўчаларида Алексей Герман “Урушсиз 20 кун” номли филмни суратга олаётган кунлари пайдо бўлган. Ҳатто, ўша кинода олисдан чопиб ўтиб, 6 сўм ишлаганман.
— Филмларингиздаги ҳар бир кўриниш, ҳар бир хатти-ҳаракатга ўйлаб, эҳтиёткорона ёндашасиз. Айниқса, болалар билан ишлашда. Бугун экрандаги жаҳолатни кўриб даҳшатга тушади киши: пичоқ суқиш, бўғизлаш саҳналарини йирик кадрларда кўриш мумкин. Сизнинг филмларингизда эса, бола уст-бошини қоқиб, қорнини чангаллаганидан мушт еганини англаймиз. Жараён томошабинга ҳавола этилмайди…
— Ҳозир кўп “филм”лар видео олувчи воситаларда суратга туширилади. Аслида уларни филм деб аташ ҳам нотўғри. Ҳозир бундай ҳаваскорлик иллати бутун дунёда тендентсияга айланди. Очиғини айтганда, бугун филм олаётган ҳавасмандларга пулдан бошқа ҳеч нарса керакмас. Аминманки, қўлбола кино ясовчиларга яхшироқ ҳақ тўлаб бошқа иш таклиф қилишса, эртагаёқ кинони йиғиштириб қўйишади. Бейсболка кийиб, мониторга қараб, “Мотор!” деб бақиришни билган билан режиссёр бўлиб қолинмайди.
Биринчи филмим “Абдуллажон”ни ўттиз бир ёшимда олганман. Унгача “Қалдирғоч”, “Суд куни”, “Аскарлар эртаги” каби қисқа метражли филмлар ишладим. У вақтда катта кино ҳақида умуман ўйламагандим. Чунки санъат асари яратиш учун одамда қандайдир матонат, мен яратаётган филмларим билан томошабинларнинг хулқини бузиб қўймаяпманми, уларнинг табиатига зид иш тутмадимми, деган истиҳола, қолаверса, ўша нарсага маънавий ҳуқуқ керак.
Телевидениеда кинога бағишланган бешта кўрсатув бор: “Кинотеатр”, “Киномания”, “Кинотақдим”, “Афиша”, “Кинокурер”. Сизни студияга таклиф қилишади-ю, фикрларингизнинг 90 фоизини кесиб ташлашади. Эфирнинг аксарият вақти тижорат томошаларига ажратилади. Олди-қочди филмнинг актёр-режиссёрлари қолиб, қўйиб берса, қоровулини ҳам кўрсатади. Яширин реклама. Бунинг замирида эса, ўзингизга маълум, пул ётибди. Ҳар бир камчиликнинг ўз хўжайини бўлади.
— Аммо борган сари дурустгина силжиш бордек. Биргина “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан ўтказиладиган йиллик конференсияларни кузатиб бунга амин бўлиш мумкин. Жумладан, “Сув ёқалаб”, “Постскриптум”, “Сўнгги лаҳза”, “Нариги соҳилда”, “Қарздор”, “Кечиккан ҳаёт” филмлари…
— Фарқ бор. Бироқ аксарият ютуқларимиз парадоксал ҳолатда қўлга киритилади. Ёлқин Тўйчиевнинг “Чашма” филми намойиши олдидан: “Анча суст филм бўлибди”, деган фикрни айтишди. Мен: “Аввал ўзим кўрай, кейин ўз фикримни айтаман”, дедим. Кўргач: “Кечирасизлар, ўртоқлар, бу — жуда яхши филм. Фестивалларга юборадиган филм. Олди-қочди эмас, одамнинг ички дунёси ҳақида…” дегандим.
— Мавзуни қандай танлайсиз? Филмларингизнинг сюжети бир-биридан тамомила фарқли.
— “Лип” этиб чиқиб қолади. Бир мисол. Баҳодир Одилов менинг ссенарийим бўйича “Даллол” филмини суратга олаётганда, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов билан суратга олиш майдончасига бордик. Бошқа хонага кириб “Бомба”нинг ссенарийсини ёза бошладик. Ижодга ташна пайтимиз эдими, гоҳида қоғозга ҳам имкон тополмай, қалам билан эски газеталарга ссенарийни қораладик. Қандай ёзилганини билмай ҳам қолдим. Бизнинг омадимиз — у даврда ўша ссенарийнинг филм бўлишига ишонувчи одамлар бор эди.
— Филмларингиз фантастик воқеаларни акс эттириши билан ажралиб туради. Аммо сўнгги “Ой остидаги ҳовли” филмингиз ижодингизда янги бурилиш бўлди.
— Биласизми, агар режиссёр сифатида ўн тўртта филм яратган бўлсам, кўпчилик “Абдуллажон”, “Бомба”, “Кичкина табиб”, “Яратганга шукр” филмларини кўриб, мени хаёлий-фантастик филмлар режиссёри, деб ўйлайди. Ваҳоланки, “Осмондаги болалар”, “Ойижон” — реалистик филмлар. “Ватан” умуман бошқа. “Қўрғошин” деб номланган навбатдаги филмим эса мутлақо ўзгача йўналишда.
Японларда ҳар доим қоғозга битта расмни қайта-қайта солаверса, қалам ўтмаслашиб кетади, деган илмоқли гап бор. Шунинг учун мен маълум бир қолипга тушиб қолишни хоҳламасдим.
— Санъат ва киносаноатнинг тафовутли ва муштарак томонларини нималарда кўрасиз?
— Кино саноати йўқ бизда. Битта дискни чиқариб, касса олдида томошабинларни кутиб ўтириш бу ҳали кино саноати эмас. Бирорта хусусий киностудия катта плёнкада ишлай олмайди ҳали. Бу — катта, кўп поғонали жараён…
Мен хусусий киностудиялар фаолиятига мутлақо қарши эмасман, фақат сифат-савия масаласи, маданият масаласи у студияларда анча оқсоқ. Кино саноатини йўлга қўйиш — катта жараён. Унга босқичма-босқич эришилади.
Тўғри, хусусий студиялар фаолияти — алоҳида катта мавзу. Уларда ишланаётган филмлар орасида яхши асарлар учрашини ҳам инкор эта олмаймиз. Афсуски, улар саноқли… Томошабин бугун комедиядан (агар уларни комедия деб атай олсак) бошқа жанрни қабул қилолмаётгани ачинарли ҳолат. Эҳтимол, “Харидор ҳамиша ҳақ” нақлини эслатиб ўтарсиз… аммо санъат асари деб номланаётган маҳсулотни бозор қолипларига солиб қўйиш қай даражада тўғри бўларкин?..
Дарвоқе, Зулфиқор Мусоқов қиш мавсумида узоқ кутилган янги филм устида иш бошлади. Урушдан кейинги йилларни акс эттирувчи ушбу филм “Қўрғошин” деб номланган. У ижодкорнинг ўша даврга бўлган бадиий қараши, муносабатини қамраб олади. Филмда Бобур Йўлдошев, Кристина Тоирова, Отабек Мусаев, Нигора Каримбекова, Фатхулла Маъсудов, Юрий Некрасов каби актёрлар суратга тушмоқда.
“Кино дунёси ва дунё киноси” майдонида икки тарафлама жанг кетаяпти: бири оломон эътибори учун, иккинчиси учун эса ўзининг интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказадиган ижодий лаборатория. Лекин бу курашда биринчи майдон анча кенгроқ, жараёнлар шиддатлироқ. Ана шундай вазиятда ҳам ўз диди ва имкониятларидан оқилона фойдалана олаётган ижодкорларимизнинг борлиги ўзбек киночилигининг ютуғидир.
Забаржад Бобожонова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).