Ўзбек халқи жаҳонга не-не забардаст алломаларни, шоиру фузалоларни етиштириб бермаган. Даврлар ўзгариб, айрим номлар тарих саҳифалари ичра яширинган бўлса, бошқалари мозий қирғин баротларида буткул унутилиб кетган. Лекин юрт тараққиётига улкан хизмати синган заҳматкаш инсонларнинг қилган ишлари, ижодий мероси халқ хотирасида абадий муҳрланиб, замонлар ўтиши билан яна қалқиб юзага чиқавераркан. Абдуқайюм Махсум Хайробод (Хароботий ҳазратлари — “Хайробод эшон”) ҳам шундай улуғ зотлардан бири эди.
Мавлоно Хароботий ХVII асрнинг иккинчи ярмида Тошкентда таваллуд топган машҳур файласуф шоир ва мутасаввуф олимдир. Унинг бизгача етиб келган “Куллиёт”, “Маснавийи Хароботий” ва “Рисолаи фақрийя” асарларида шариатнинг фиқҳга оид масалалари, тасаввуфнинг асосий қоидалари, одоб-ахлоқ ҳамда ҳаётга нисбатан бўлган фалсафий муносабатлари маснавий усулида баён этилган ва комил инсонни тарбиялаш йўлида хизмат қилган. 1917 йилгача Марказий Осиёда Хароботийнинг қўлёзма ва босма асарлари кенг тарқалган бўлса-да, бироқ, ҳаёти ва мероси ҳақида ҳеч қандай мақола эълон қилинмаган. Тошкентда тошбосма усулда етти марта чоп этилган китобларда ҳам, қўлёзма ҳолидаги манбаларда ҳам шоир ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳеч қандай маълумот илова қилинмаган. Унинг таржимаи ҳоли ҳақида пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Хайробод маҳалласида истиқомат қилаётган авлодлари баён қилган маълумотларга суяниб хулоса қилиш мумкин, холос.
Хароботий Тошкентдаги илм-маърифат ва диний камолот устуни бўлган Кўкалдош мадрасасида таҳсил олади. Мударрис мақомига эришгач, ўзи ҳам мадрасада халфаларга устозлик қилган. Бир неча йил фаолият юритгандан сўнг муборак фарзни адо этиш мақсадида ҳаж сафарига отланган. Макка ва Мадинани зиёрат этиб, ҳаж амалларини мукаммал адо этгач, Миср мамлакатига йўл олади. У ерда нафақат ўша даврнинг, балки ислом дунёсининг диний-маданий маскани дея эътироф этилувчи ал-Азҳар дорилфунунида диний ва дунёвий илмларни мукаммал эгаллаш мақсадида муттасил мутолаага берилади. Дорилфунуннинг комил толиби илмларидан бирига айланган Абдуқайюм Махсум ўз мақсадига эришганини англагач, 25 йилдан сўнг юртга қайтишга қарор қилади. Тошкентга қайтишида уларнинг оиласида янги чақалоқ дунёга келади. Туғилган фарзанд Суриянинг Шом шаҳрида таваллуд топгани учун унга Шомусофир деб исм қўйишади. Оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, Хайробод эшонни ҳозирги Чиноз атрофидаги қўрғонда Тошкент ҳокими кутиб олиб, унга ўзи хоҳлаган жойни макон қилиши мумкинлигини ҳурмат изҳори сифатида айтиб ўтади. Шунда Хароботий Макка-ю Мадинадан чўкмасдан келаётган оқ туя қаерда чўкса, ўша жойни танлашга аҳд этади. Туя юриб-юриб ҳозирги Хайробод маҳалласи ҳудудидаги тепалик ёнига чўкади. Хароботий шу ерни ўзига макон тутиб, такягоҳ қуради. Бир қанча муддат турли мадрасаларда толиби илмларга устозлик қилади. Кейин Қозон шаҳрига йўл олади. У ерда динни мустаҳкамлаш учун бош масжидда имом хатиб лавозимида хизмат қилиб, 10 йил мобайнида юксак обрў ва эътирофга мушарраф бўлади. Илм-маърифати, донишмандлиги билан донг таратиб, ўзи туғилиб ўсган юрти — Тошкентга қайтади. Солиҳ шогирди Саркорбойвачча бошчилигидаги элликдан зиёд оила ҳам устоз ёнида бўлмоқни шараф билиб, Тошкентга келади. Қозон шаҳридан ғишт ва бошқа бинокорлик материаллари келтирилиб, қозонлик усталар махсус чақиртирилади ва бу ерда ҳам Қозон шаҳридаги каби масжид, сағана ва бир неча хонали хонақоҳ қурилади.
Ўрни келганда бир гапни айтиш жоиз. Хароботий ижодини ўрганиш биздан анча аввал Хитойнинг Шинжон шаҳрида бошланган. 1980 йилда уйғур олими Азиз Собит томонидан бир қанча мақолалар эълон қилиниб, 1986 йилда эса “Маснавийи Хароботий”нинг қисқартирилган нусхаси китоб ҳолида нашр этилади. Бошқа уйғур олимларнинг мақолаларида эса Хароботий уйғур шоири сифатида талқин қилинган. 2003 йил 15 ноябрда уйғур олими Ҳурматжон Абдураҳмон Тошкентда “Уйғур шоири Хароботий ва унинг адабий мероси” мавзуида номзодлик диссертатсиясини ҳам ёқлайди. Олимнинг ёзишича, Хароботийнинг қабри Шинжонда бўлиб, унинг исми Муҳаммад ибн Абдуллоҳдир. Бироқ, Хароботий Тошкентда яшагани ва унинг қабри ҳозирги Қатортол кўчасида экани аниқ. Хароботий ўзининг “Маснавийи Хароботий”сида ҳам Шош шаҳрини тилга олади. Жумладан:
Ўзини билмаган илму куллдир, эй қуёш,
Тутқойсиз хуш, эй муллойи шош, —
деб, ўзини шошлик мулла деб атайди. Бу байтдан ҳам Хароботийнинг Тошкентда яшагани ва шу ерда нашъу намо топганини англаш қийин эмас. Бундан ташқари, Хароботий авлодларининг қўлида сақланаётган Хароботий масжидига қарашли вақф ҳужжатида ҳам Абдуқайюм Хароботий ва унинг фарзанди тилга олинади.
Яна бир баҳсли масала — Ҳурматжон Абдураҳмон шоирнинг ижодини ўрганар экан, унинг “Куллиёт” ҳамда “Маснавийи Хароботий”си аслида битта асар бўлиб, кейинчалик иккига бўлиниб кетганини таъкидлайди. Аслида эса у иккита мустақил асардир.
Ўзбекистонда Хароботий ижодига мурожаат қилиш 2005 йилдан бошланди. Маълумки, тасаввуфда суҳравардия, кубравия, қодирия, яссавия, чиштия, нақшбандия каби тариқатлар ва уларнинг кўплаб оқимлари бўлган. Хароботия ҳам тасаввуфдаги оқимлардан бири бўлиб, унинг йўли ва услуби ғоят оғирлигидан тарафдорлари кам бўлган. Харобот сўзининг таркибига келадиган бўлсак, хароб сўзи харобликни, от эса араб тилидаги кўплик шаклини билдиради. Демак, харобот атамаси харобалар маъносидадир. Истилоҳий маъноси эса “Бурҳони қотиъ” луғатида шаробхона ва бўзахона маъноларини ифодалайди. “Ғиёс ул-луғат”да ҳам майхонани билдиради, дейилган.
Аллоҳ ишқида маст бўлиб, Аллоҳдан ўзгани ўйламайдиган сўфийлар ўзларини хароботий деб билганлар. Абдуқайюм эшон хароботия оқимининг ашаддий тарғиботчиси бўлиб, Хароботий лақабини олса-да, вақт ўтиши билан унинг ҳаётида нақшбандия тариқати устунлик қилган. Аввалига у касб билан шуғулланмаслик, ободончиликка интилишдан воз кечишга чақирган бўлса, кейинчалик илмга интилиш, бирон касбнинг бошини тутиш, қариндошларга меҳрибонлик қилиш, олимларни ҳурматлаш, илмнинг фазилати, ҳозиқ табибнинг хислати, хайру эҳсоннинг фазилатини улуғлаш каби нақшбандия тариқати қоидалари унинг ижодида акс эта бошлайди. У “Рисолаи фақрийя”да хожагонлар тариқати ва нақшбандиянинг қоидаларидан ҳисобланган “Назар дар қадам”, “Сафар дар ватан”, “Хилват дар анжуман” каби тамойилларга амал қилишга чақиради.
Ёшликдан илмга, бадиий сўз нафосатига интилиб яшаган Абдуқайюм Махсум ўз замонасининг илм-маърифат тарқатувчи собит зиёли уламоларидан бири бўлиш баробарида қалам аҳли орасида ҳам, оддий халқ орасида ҳам сўз санъаткори сифатида бирдек ардоқланган. Хароботий ҳазратлари қаламидан яралган пурмаъно байтларнинг мазмунини теран мушоҳада қилган одам унинг ботиний моҳиятини, тараннум этган эзгу ғояларини ички туйғу билан илғаши мумкин. Хароботийнинг “Маснавийи Хароботий” китобини ўқир эканмиз, энди у тамоман мавлавия тариқати аъзосига айланиб қолганини кўрамиз. “Маснавийи Хароботий”да у Жалолиддин Румийнинг кўплаб байтларини ўзбек тилига таржима қилиб, ўзининг бу байтлардан олган таассуротларини ҳам шеърга солади. Натижада у халқ орасида “Мавлоно Румийнинг маънавий фарзанди” деган рутбага сазовор бўлади.
Хароботий асарларида ҳаётнинг кўплаб соҳаларига оид фикрларни кўриш мумкин. Жумладан, “Куллиёт”нинг “Солиҳ ва мунофиқ ҳақида” фаслида инсонларни солиҳ бўлишга чақирар экан, ваъдасида турмайдиган, бировларнинг омонатига хиёнат қиладиган кишилардан иложи борича қочишга даъват этади. “Нафсингни ўлдир, уни қатл қил”, — деб инсонларга тўғри йўлни кўрсатади, нафсга “ҳийланинг устозидур” деб баҳо беради. Яна бир жойда нафсни одамлар устидан ягона ҳукмрон бўлишни истаган подшоҳга, қалбни эса қалъага ўхшатади. Хароботий илмсизликни ҳам қаттиқ қоралаб, жаллодга илм ўргатсанг, ҳар бир одамни дорга осади, деб ёзади. Маълумки, Мансур Ҳаллож “Анал-Ҳақ” деган сўзи учун илми яхши бўлмаган, сўзнинг маъносини тушунмаган калтафаҳм кишилар томонидан дорга осилган. Хароботий ёзади: “Eй биродар, огоҳ бўлгинки, ҳар нарсаики олами улвийдиндур, жонни тарбият қилур ва ул нима нарсаики олами суфлийдиндур, танни тарбият қилур. Шу сабабдан, жон афлокий (осмоний) ва жисм ҳокийдурки, ҳар қайсиси ўз аслини тарбият қилур. Эй биродар таннинг қувватига мағрур бўлма, ким таннинг қувватига мағрур бўлса, бу дунёдин ғурур билан кетар”.
Олтин зангламаслиги қанчалик ҳақиқат бўлса, юқоридаги сўзлар ҳам вақтнинг бешафқат зарбаларига бардош бериб, ўз қадрини заррача йўқотмаслиги шунчалар рост. Бу уйғоқ сўзлар, сатрида дунё маҳзани яширин қайноқ байтлар асрлар каҳкашонида биз авлодларни такрор ва такрор яхши инсон бўлишга, Ватан, жамият равнақи йўлида фидокорлик билан меҳнат қилишга, ёр-у, биродарларимизга меҳр-муҳаббатли бўлишга даъват этиб тураверади.
Маҳмуд Ҳасаний,
тарих фанлари доктори
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).