Маърифатпарвар аждодимиз Абдурауф Фитрат “Иштирокиюн” газетасининг 1919 йил 12 июндаги 32 сонида эълон қилинган “Тилимиз” номли мақоласида шундай деб ёзади: “Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча. Шоирлик қилмоқчи эмасман, сўзнинг тўғриси шудир. Дунёнинг энг бой тили туркчадир, энг бахтсиз тили яна шу туркчадир”.
Чиндан ҳам ўзбек тилининг кенг имкониятини илғай олган ижодкор унинг эътироф этилиши, эъзозланишини исташига ҳақли эди. Бугун эса ана шундай эзгу орзуларнинг рўёбга чиққани — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига йигирма йил тўлди.
Ўзбекистон Миллий университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори, филология фанлари доктори Бахтиёр Менглиев билан суҳбатимиз кишилик жамиятида тилнинг пайдо бўлишидан тортиб, ўзбек тилининг қадим тарихи, бугуни, қолаверса, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида бўлди.
— Ўзбек тилининг қадим тарихга эгалиги кўпчиликка маълум. Аммо ҳамма ҳам унинг чуқур илдизидан хабардор эмас. Суҳбатимиз аввалида тилимизнинг пайдо бўлиш тирихи ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик.
— Маълумки, ўзбек тили бошқа туркий тиллар билан умумий илдизга эга. Қарлуқ қавмларининг лаҳжалари турли даврда ўғуз, уйғур, қипчоқ каби туркий, шунингдек, эроний, араб, мўғул каби нотуркий қавм вакиллари лаҳжаларини ўзига сингдириб, IХ-Х асрдан эътиборан бошқа туркий тиллардан фонетик, лексик-грамматик жиҳатдан фарқланувчи тил сифатида ажралиб чиқа бошлайди. Ўзига хос шакл-шамойилдаги бу тил мустақил тараққиётга юз тутган. Асосий негизини Ўзбекистон ҳудудида яшовчи туркий халқнинг қарлуқ тоифасига мансуб аҳоли ташкил этган қорахонийлар давлатининг ўрнатилиши ва унда расмий сарой тили сифатида, Маҳмуд Қошғарий таъбири билан айтганда “турки хоқоний”нинг эътироф этилиши юқоридаги фикрнинг далилидир.
Eски туркий тил атамаси билан юритилган бу тил туркий, шарқий туркий, чиғатой тили каби номлар билан ҳам аталган. Аммо унинг умумтуркий тилдан ажралиб, алоҳида яхлитлик мақомига кўтарилганини, бошқа туркий тиллардан фарқли хусусиятини асослаш, фонетик, лексик-грамматик хусусиятларини тавсифлаш ижтимоий, қолаверса, улкан маънавий-мафкуравий аҳамиятга эга эди ва у давр талаби сифатида намоён бўлди. Бу вазифани адо этиш туркийлардан етишиб чиққан, ХI асрда яшаб ўтган тилшунос Маҳмуд Қошғарий зиммасига тушди. Бежиз у “туркийшуносликнинг отаси”, “туркийшунослик баҳодири” сифатлари билан улуғланмаган. Маҳмуд Қошғарий қорахонийлар давлати халқини турк (турклар) атамаси билан қайд қилди, уларни ва уларнинг тилини, аввало, шу минтақада яшаётган ўғуз, туркман ва уйғур каби қавмлар ҳамда уларнинг тилларидан фарқлади. Айни шу тил бугунги ўзбек тили, дилбар она тилимиз эди.
Машҳур туркийшунос олимлар В.Радлов, А.Кононов (Россия), Маҳмед Фуад Кўпрулузода, Аҳмад Арат, Басим Аталай (Туркия), Кари Броккельман, Анна Мари фон Габен (Олмония), Йилий Немет (Можористон), Карл Менгес, Омелян Притсак (АҚШ) кабиларнинг таъкидлашича, қарлуқ (ўзбек) тили «Қутадғу билиг» ёки «Девону луғатит турк»да акс этган ҳолатига келиши учун камида 300-500 йиллик тарихга эга бўлмоғи керак. Бу эса ўзбек тилининг илдизи эрамизнинг 5-6 асрига бориб тақалиши ҳақидаги хулосага келишга асос бўлади. Демак, тилимиз илдизларини минг йиллар наридан излашимиз лозим.
— Биламизки, дунёда ҳозирги кунда умуман истеъмолда бўлмаган бир нечта тил ҳам бор. Ҳатто дунёда баъзи тилда 4-5 кишигина гаплашар экан, холос. Сизнингча, тилнинг истеъмолдан чиқиши ёки йўқолиб боришининг асосий сабаби нима?
— Дунёда тахминан 3000 дан (баъзи манбада келтирилишича, улар 7000 мингга яқин) ортиқ тил бор. БМТ расман 2976 тилни қайд этган. Тилларнинг айримида бир неча ўн, ҳатто юз миллионлаб киши гаплашса, баъзисида бир неча минг, юз, ҳатто сиз айтгандек, саноқли кишигина гаплашади. Масалан, Конгода аҳоли 500 тилда, Индонезияда 250 тилда, Суданда 117 тилда гаплашади. Хитой тилида ҳозирги кунда бир миллиардга яқин киши сўзлашса, чукот ва веле тилида бор-йўғи бир неча юз минг киши мулоқот қилади, холос. ЙОки Доғистонда 1 млн. дан ортиқ киши бўлиб, улар 40 га яқин тилда гаплашади. 2002 йилда Россияда ўтказилган аҳоли рўйхати натижасига кўра, Доғистондаги багулал тилида 40 киши, чамала тилида 12 киши, кайтагс тилида эса 5 киши гаплашиши аниқланган. Янги Гвинеяда деярли ҳар бир қишлоқ ўз тилига эга.
Яна бир гап. Тил оламида тирик ва ўлик тиллар фарқланади. Тилларнинг истеъмолдан чиқиб кетгани ўлик тил ҳисобланади. Масалан, лотин, санскрит, қадимги славян, қадимги араб, қадимги форс, қадимги хоразмий, сўғд тили ва бошқалар шулар жумласидандир. Тилнинг “ўлиши” турли хил ижтимоий-сиёсий жараён, тил тараққиётидаги мужассамлашув (яқин тилларнинг қўшилиб кетиши) каби омиллар билан боғлиқ. Масалан, лотин тили қадимги Рим империясининг расмий тили сифатида мавжуд бўлган. Империя емирилгандан кейин аста-секин ўлик тилга айлана бориб, ҳозирги даврда унинг қолдиқлари илмий атамалар сифатида учрайди, холос. Шунингдек, мужассамлашув тамойилига кўра, йирик тил баъзи кичик тилларни “ютиб” юбориши ҳам мумкин. Айрим кичик тил ўз соҳибларининг ижтимоий муносабатга киришувига халал беради. Натижада бундай тил сивилизатсия тақозосига кўра истеъмолдан чиқиб кетади.
— Одам зоти яратилибдики, сўзга эҳтиёж бор. Улар бир-бирлари билан фикр алмашиш, ахборот етказиш учун оғзаки нутқдан фойдаланишади. Бизгача етиб келган кўплаб манбалар эса ёзма нутқнинг ривожланиш тадрижини ҳам маълум қилади. Кўпчиликни қизиқтирадиган савол эса илк аждодларимиз қандай сўзлардан фойдаланишган ёки қайси тилда гаплашишган экан?
— Тилнинг пайдо бўлиш муаммосига ёндашув ҳар хил бўлган. Биологик ёндашув тарафдорлари экилган кўчат бир кун вояга етиб, вақти келганда мева бергани каби киши ҳам маълум бир ёшга етгач, табиий равишда гапира бошлайди, деб ҳисоблашади. Бу ғояни ХIХ асрда Европа олимлари илгари суришган. Ҳолбуки, унинг асоссизлиги улуғ бобокалонимиз Акбаршоҳ томонидан ўз вақтида исбот қилинган эди. Шоҳ олимларнинг туганмас баҳсу мунозараларига чек қўйиш мақсадида турли дин ва миллатга мансуб 12 та чақалоқни соқов энагалар ёрдамида 5-6 ёшгача жамиятдан ажратиб тарбиялаган. Вақти келиб, болалар олимлар ҳузурига олиб кирилганда, улардан бирортаси ҳам гапира олмаган ва кейин ҳам гапиришни ўргана олишмаган.
Муаммо қадимги мифологик дунёқарашларда ҳам, диний ва илоҳий таълимотлар замирида ҳам ўз ифодасига эга. Манбаларда қайд этилишича, қадимги Ҳинд, Чин, Миср, Бобил, Эрон, Юнон ривоят, қўшиқ ва эртакларида ҳам тилни буюк ғайритабиий зот яратгани ва ўз бандаларига марҳамат сифатида туҳфа этгани ҳақида ҳикоя қилинади. Яҳудий, христиан ва исломнинг муқаддас китобларида ҳам тилнинг пайдо бўлиши ҳақида турлича талқинлар мавжуд.
Тилнинг, ундаги сўзларнинг пайдо бўлиши ҳақида исломнинг муқаддас китоби — Қуръонда маълумот бор. Таъкидлаш жоизки, Қуръон оятларида Аллоҳ таоло Одамга тилни, баённи (фикрни ифодалашни) ўргатгани кўп оятларда таъкидланади. Бу оятлар — тилнинг илоҳий, ғайритабиий ҳодиса сифатида қаралишининг ёрқин ифодаси. Ислом олами, мусулмон тафаккури Аллоҳнинг ўзи Одам (Ато)ни ва барча оламни яратгани каби тилни ҳам сирли ва илоҳий йўсинда яратганига шубҳа қилмайди. Қуръондан кейинги исломий назарияларнинг барчасида ҳам тилнинг ривожланиш манбаи иккита — Аллоҳ ва инсоният, жамият эҳтиёжи экани таъкидланади. Аллоҳ тилни, унинг ички қонуниятини белгилаган ва Одамга берган. Одам фарзандлари ҳаёт ва жамият талаби асосида уни Аллоҳ белгилаган қонуният (янги сўз ясаш, бошқа тилдан сўз қабул қилиш, сўз ва қўшимчани бошқа — кўчма маънода қўллаш, ижтимоий келишув, шоир, воиз ва адиблар нутқининг таъсири ва ҳ.к) асосида бойитиб, ўз эҳтиёжига мослаштирган.
— Ўзбек тили турли замонларда турли даражада яшаб келди. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий даврида эса улуғ мавқега эришди. Аммо буни қарангки, тилимиз имкониятларини кенг тавсифлаб берган мутафаккир шоирнинг бадиий меросини биз – бугунги авлод шарҳсиз тушунишга қийналамиз. Демакки, давр ўтган сари тил ҳам ўзгариб бораверар экан-да?
— Тил ҳамиша тараққиётда. Агар у тараққий этмаса, ўлик тилга айланиб қолар эди. Она тилимизни 5 аср олдинги ҳолатида тўлиқ тушунмаслигимиз табиий. Ҳатто ўз даврида адабий тилнинг юксак намунаси бўлган Навоий асарлари тилини унинг барча замондоши ҳам тўлиқ тушунавермаган, аслида.
Ўзбек маданиятининг юксалиш даври бўлган ХИВ-ХВ асрда шаклланиб бўлган тилимиз такомиллашиш пиллапоясига қадам қўйди. Бу даврда ўзбек бадиий адабиётининг юксак намуналари яратилди. Адабий ва жонли сўзлашув тили орасида фарқ кучайди. Бу эса бадиий адабиётнинг эркин оммалашувига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Шунингдек, туркий тил тарихида туркий билан ўзбек қипчоқ лаҳжаси аралашувидан иборат “қарлуқ-қипчоқ қоришуви” юз берди. Натижада давр луғатчилик амалиётини йўлга қўйишни тақозо қилди. Турли луғат яратиш давр талабига айланди. Хусусан, Алишер Навоийнинг улкан илмий ва адабий меросини ўрганиш, таҳлил қилиш — сўзларнинг маъносига, қўлланишига эътибор бериш, изоҳлаш, лисоний, маърифий қийматини очиш, асарларнинг таржимаси каби масалалар билан шуғулланиш бу давр лексикографиясининг мақсад ва вазифаси бўлди.
Айниқса, яратилган луғатлар сирасида Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг котиби астрободлик Низомиддин Муҳаммад Ҳоди ал-Ҳусайни ас-Сафавий (Мирзо Меҳдихон) нинг «Санглоҳ» (1760) луғати алоҳида аҳамият касб этади. Анъанадагидек, бу луғатдан «Мабони ул-луғат, яъни сарфи ва наҳви луғати чиғатой» номи билан эски ўзбек тилининг грамматикасига оид тавсиф ҳам ўрин олган. Луғатда асосан, шеърий матндаги, шунингдек, Лутфий, Бобур асарларидаги тушунилиши қийин бўлган сўзлар изоҳига, уларни форс тилига таржима қилиш муаммосига эътибор қаратилган. Айтиш керакки, шарҳ ва луғат масаласи айни пайтда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ.
— Чиндан ҳам тил — миллат тимсоли, халқ ғурури. Мана, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам 20 йил бўлди. Халқимиз ўз тилига тўла маънода эга бўлмоқда. Устоз, сизни тилимизнинг бугунги ҳолатида нималар қувонтиради-ю, нималар ўйлантиради?
— Ўрта асрларда бор-йўғи қабила тили бўлган кўҳна ўзбек тилимиз мураккаб тарихий тараққиётни бошидан кечириб, давлат тили, давлат рамзи, миллий яхлитлик омили, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни аждодлардан авлодларга етказувчи, миллий тафаккур ва миллатлараро алоқа воситаси (халқ тили), ахборот технологиялари тили даражасига кўтарилганидан фахрлансак арзийди. Бироқ тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, фойдаланиш самарасини ошириш борасида муаммолар талайгина. Фанимиз бу борада оқсамоқда. Масалан, мактаб таълимидаги она тили дарсида ўқувчининг онги фақатгина тилшуносликка доир назарий тушунчалар билан тўлдирилмоқда. Ахир, биз мактабда тилшунос олим тайёрламаймиз-ку? Аслида болаларимизни она тили имконияти билан қуроллантириш, уларда равон, тўғри, мантиқли ва чиройли сўзлаш, ёзиш малакасини шакллантириш ва ўстириш, тафаккурини, мулоқот маданиятини ривожлантириш масаласига асосий эътиборни қаратишимиз лозим.
Ситора Тожиддинова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).