Ўша куни Ҳамида баногоҳ баҳор кириб келганини пайқади. Чунки тўрт ойдан бери биринчи марта тонг чоғи уйғонганда совуқдан сесканмади.
Тунги кўйлагининг узун этакларини осилтириб, ойнабанд айвончага чиқди.
Осмон аста-секин зангор тусга кириб борарди. Дераза орти ёришаётганидан айвончаларининг рўпарасида шох ёйган ўрикнинг ғунчалари яққолроқ кўринди.
Нафасини ютиб тонгги сукунатга қулоқ тутди. Борлиқ эрталабки шовқин олдидан сўнгги бор ором олар, қувват тиклар эди. Кўп ўтмай, атроф бирин-сирин ғийқиллаган, чийиллаган, гувиллаган товушларга тўла бошлайди. Бунга одамларнинг ғовур-ғувури қўшилади. Шу билан тонг ўзининг ғалати, турли-туман шовқинлардан яралган мусиқасини бошлаб юборади. Бу мусиқанинг суръати жуда шошқин, кишини ўз домига тортиб юборар даражада кучли.
Ҳозирча атроф осойишта, қалдироқ олди сокинлиги каби жим. Ҳатто бешикдаги ўғилчаси ҳам тамшанмай қўйган, сўрғичини унутиб ухлар эди.
Ҳамида одатдаги юмушлари олдидан бир зум тин олиш истагида дераза олдидаги курсига чўкди. Тўр парда чеккасини кўтариб, ташқарига боқди. Уйидан бошлаб ўттизлаб одим жойгача чўзилган, пастаккина буталар билан иҳоталаниб, ўрик, беҳи, олма дарахтлари экилган майдончадан нарида катта текис йўл кўринади. Ундан у ёғида баланд тераклар сафи, саф ортида эса ҳайдалган ернинг узун-узун палахсалари қорайиб ётади. Ёз чоғи у ерлар ям-яшил экинларга айланади, ҳозирча у ёқларга уруғ қадалмаган, ҳали ернинг захи кетмаган. Қайнонаси “кўч кўтарар” куни ғурурланиб: “Бераётган уйимиз кўм-кўк дарахтлар ўртасида, нақ боғнинг ўзи”, деганди. Фақат Ҳамида ҳали бу боғнинг кўркини рўй-рост кўрганича йўқ, келганларида авжи қиш эди.
Бир вақт эрининг телефони ожизгина товуш чиқариб қўйди. Ҳамида шошиб ётоққа кирди-да, мусиқа овози баландлаб улгурмасдан тугмачани босди. “Бошланди, – ўйлади у, – уйғониш, иш, юмуш, югуриш…”
Бешик ғирчиллади, гаврапўш ичидан ўғилчасининг ғингшиган товуши чиқди. Она қўлини ичкарига суқиб, сўрғични топди, гўдагининг кўзлари юмуқ ҳолича оғзини катта очиб “овунчоғи”ни излашига бир зум кулиб қараб турди.
– Болани қийнамасанг-чи, – каравотдан эрининг овози келди. – Бер “шакалат”ини!
Ҳамида “пиқ” этиб кулди, сўрғични чақалоғининг оғзига тиқиб, ўзини кўрпага ташлади-да, эрининг бўйнидан маҳкам қучиб олди.
Мирсоат уйқусираган кўйи хотинининг эркалик қилишига бир пас йўл қўйиб берди. Кейин шивирлади:
– Бугун ишга эртароқ кетмасам бўлмайди, турақол энди.
Келинчак норозиланди:
– Нуқул иш, иш дейсиз-а…
Йигит жиддий туриб:
– Агар ўша ҳисоботини эртароқ қилиб бермасам, иш ҳақим кам чиқади, – деди, – унда ўша сен мақтайдиган витаминли бўтқани нимамизга оламиз, а?
Бу саволга эътироз қилиб бўлмас эди. Ҳамида ўрнидан туриб, кундалик кўйлагини кийди-да, ошхонага чиқди. Айвончага дастурхон ёзаркан, дарахт учида илиниб турган оқ булут парчасига қараб: “Мунча момиқ бўлмаса, – дея шивирлади. – Ростдан ҳам баҳор келибди”.
Биргина шу сўзнинг ўзи унинг кайфиятини тамомила кўтариб юборди. Назарида қайнаётган човгуми, товада вишиллаётган қуймоғи, ҳатто жаранглаганча қўлидан тушиб кетган қошиқчалари – бари келаётган куннинг руҳини ўзига сингдириб улгурган, шу боис шошқин, шовқинли эди.
Сариёғ суртилган нонни апил-тапил чайнаётган эрига қарар экан, кулгиси келди. Мирсоат оғзини тўлатиб олганидан иккала лунжи шишган, чайнаш зўридан ҳатто қулоқларигача қимирлар эди.
“Шошмасангиз-чи, – хаёлидан кечирди келин. – Нонуштанинг таъмини ҳам сезмайсиз-а…” Лекин индамади. Чунки эри унинг бу эътирозига ҳам бирон-бир мантиқли жавоб топиб беришига, шу билан мот қилишига ишонар эди. Йигит эса доимгидай, вақтдан ютиш ниятида пиёласидаги чойи илишини кутаётиб, телефонига келган SMS-хабарларга кўз югуртириб чиқди, сўнг телефонига яна бир нималарни қайд қилди. Охири илиб улгурган чойдан бир пиёла ичди-ю, фотиҳа ўқиб ўрнидан турди.
Эшик ёнида курткасини кияркан, хотинига кўз қисиб қўйди. Келинчак кулимсиради. Йигит илжайди-да, Ҳамиданинг бурнига бармоқ учини аста теккизиб қўйиб, ташқари чиқди, “Яхши бориб келинг”, – тилагига жавобан бош силкиди.
“Ана бўлди, – ўйлади Ҳамида, – ишга кузатдик. Энди қолган юмушларни бош-лай-ми-и-из…”
Ўғилчаси уйғонди, ташқарида кўз таниш бўлиб қолган сутчи хотиннинг “сут, қатиқ, қаймо-о-оқ” деган чақириғи эшитилди, сал ўтмай, ўзи эшик қўнғироғини жиринглатиб келди-да, доимий мижозларига пластик идишда сут ташлаб кетди. Шу билан навбатдаги кун бошланди.
Баҳор келгани, изғиринли кунлар ортда қолгани ҳақидаги ёруғ ўйлар келинчакнинг бугунги кунини ўзгача изга солиб юборди. Оҳ, кўклам келяпти! Ниҳоят, мана шу тўртта деворга тикилиб ўтиришлар йўқ бўлади, энди ўғилчаси камроқ шамоллайди, болани қаватма-қават кийинтиришларга чек қўйилади, шу боис гўдагини кўтариб юришга қийналмайди, ўзи ҳам шу дардисар пальтони киймайди. Келинчак сарпо талабларидан келиб чиқиб танланган сувсар ёқали, оғир, узун пальтосини эгнида тасаввур қилди-ю, гўё юк тушгандек, елкаларида оғриқ туйди. Турасолиб, кўрпаларини ағдариб, сандиғини очди. Қор тушганда баҳорги кийимларини тахлаб, эҳтиётлик билан ўраб, жойлаб қўйган эди. Мана, қўшни келинчакларнинг ҳавасини келтирган, ёқа, ўмиз, енг ва этакларига олтин ранг нозик* қадалган кўйлаги. Манави қаймоқранг костюмини ўзи ҳам севиб киярди. Э, бу қирмизи либос ҳозир унга мос келармикин? Ишқилиб, тўлишиб кетмаганмикин? Ахир уни устига илмаганига ҳам анча бўлди-да! Ўтган баҳор оғироёқ эди, эгнида тўкилиб турадиган тўғри бичим кўйлакларга куни қолганди. Каттакон қорни билан қайнотасига кўринишга уялгани учун онаси унга мана шунақа кўйлаклар тиктириб берганди.
Келинчак ўша пайтдаги аҳволини эслаб, ўзича кулиб қўйди. Соддалик қурсин, гўё кенг кўйлак кийса, қайнота-қайнукаси ҳеч нарсани сезмайдигандек… Уй ичида кийимларини ҳилпиратиб юраркан, эри “э, елканли кеманинг ўзи бўлибсан-ку, бўғирсоқ”, дея кулган, у эса чидолмай йиғлаб, қайнонасига шикоят қилган эди. Оҳ, қайнонаси ўшанда ўғлининг адабини боплаб бериб қўйди-я!
…Тушликдан кейин боласини бешикка белади-да, кўзлари юмила бошлаган гўдакка бир пас маҳлиё бўлиб ўтирди. Кейин гаврапўшни ёпиб, ўрнидан турди. Тошойна қаршисига келиб, тароғини қўлига олди. Вой-бўй, сартарошхонага бориши керак экан, упаси ҳам тугай деб қолибди.
Либосларини бирма-бир кийиб кўра бошлади. Эҳ, қирмизи кўйлак баданида тортилиб қолди. Тўлишибди-да… Қаймоқранг костюм дуруст, манави мовий ранглиси ҳам ёмонмас, чидаса бўлади… фақат… шу… бўкса томони ғалатироқ турибди-да…
Охирги кийимни ечгач, толиқиб, гилам устига ўтириб қолди. Баҳор, умид билан қаршиланган баҳор келинчакнинг дилига қувонч билан биргаликда ғусса ҳам келтирган эди. Ҳамида аввалги нозик-ниҳол келинчак эмас экан!
Хўрсиниб, либосларини йиғиштирди-да, жавонга тиқиб юборди. Ваннахонага ўтиб, боласининг иштончаларини ювишга тутинди. “Ҳаммаси бекорчиликдан мияга келадиган хаёллар”, – ўйлади у ортиқ ўзини қийнамасликка аҳд қилиб.
Ҳамида шу билан яна ўзининг кундалик юмушларига шўнғиди. Гўё эндиги ҳаёти фақат шунгагина боғланиб қолгандай жидду жаҳд билан бир нималарни тозалар, ювар, тикиб-чатар, дазмоллар, пиширар эди.
Фақат қош қораяр маҳали тин олар, одатича, беихтиёр сурмасини қўлига олиб, тошойна қаршисига келаркан, тўлиша бошлаган қомати, осила бошлаган бақбақаларига назари тушиб юраги ачишар, ўз-ўзидан хўрсиниб қўярди.
Лекин Мирсоат хотинидаги кайфият ўзгаришларини сезмасди. Чунки зоҳиран ҳеч нарса ўзгармаган эди. Оқшом чоғи уйга келганда плита устида кечлик таом тайёр, эртага ишга киядиган кўйлаклари силлиқ дазмолланган, пайпоқлари текис тахланган, озода дастурхон устига чиройли ликопча, пиёлалар териб қўйилган бўларди. Мирсоат хурсандликдан иккала қўлини бир-бирига ишқаб, қозонга назар соларди, хотини эса худди ёш болани кўндирмоқчи бўлгандек: “Мана ҳозир, кийим алмаштириб чиққунингизча овқатингизни косага сузиб тураман, борақолинг”, – дея жилмаярди.
Телевизор қаршисига ёнбошлаганда эса Ҳамида унинг ёнига келиб чўккаларди. Шу онда телевизор икковининг ёдидан чиқиб, эътиборлари рўпараларида, кўрпачада ётган ўғилчаларига қаратилар, зўр бериб эмаклашга уринаётган болага қараб кулишар эди.
Оқшомги осойишталик руҳи аста-секин тунга сингиб кетарди. Тун ўзига “юққан” шу атворни тонгга узатарди. Келинчак кўз очиб теваракдаги сокинликка қулоқ тутаркан, дили ёришиб келаётган осмон билан уйғунлашиб, тиниқлашиб кетарди. Кейин у енгил тортиб айвончага чиқарди-да, ўрик ғунчаларининг гулга айланишини кузатарди. Ёришиб келаётган осмоннинг ранги қандай ўзгариши, уфқдаги булутларнинг туси тиниқлашиб бораётгани, ер усти кўкараётгани кун сайин яққолроқ кўринарди. Деразани очиб, юзини саҳарги салқинликка тутганда шабаданинг вазни ҳам енгиллашгандек туюларди.
Шундай кунларнинг бирида сутчи хотин иккита каттакон сумкани кўтариб келди.
– Уҳ, нафасим тиқилди-я, – хотин остона ёнига чўнқайди. – Бир пиёла сув беринг, ўргилай.
Ҳамида илиққина чойни ҳўплаётган хотинга биринчи бор кўраётгандек, қизиқсиниб разм солди. Қотма, офтоб ялаган юзлари гўё сингиб пишган кулча янглиғ, буриша бошлаган ёноқларида қорамтир қизиллик ўйнайди…
– Яқинда бу киши сигир ёнига иккита қўй ҳам қўшиб бердилар, – деди ишчанлик билан сутчи хотин. – Агар семиртириб олсак, сут-қатиқнинг пулидан ташқари, қўйни сотишдан келадиган тушум ҳам меники бўларкан. Анчагина камим бор эди, шуларни тўғрилаб оламан, девдим-да… Ҳозир қиз узатишга би-и-ир дунё нарса керак! Ўқиши битса, насиб қилса…
– Қаерда ўқийди қизингиз? – бепарвогина сўради келинчак.
– Бухгалтерликка ўқияпти, шу иш ёқар экан, ўқийман деб қўймади. Ҳозир анча нуфузли касб экан, билганлар шунақа дейишди. Майли-да, бу ҳам маҳаллада обрў… Ўқишининг пулини отаси тўлаяпти, сепини мен йиғяпман… – хотин ўз ишидан мамнун кишилар каби ғурурланиб кулиб қўйди. – Уйингиздан пўчоқ чиқса, бегона қилманг, ўзим кунора олиб кетаман. Ҳарна-да… Бўлса, ҳозир ҳам чиқариб бераверинг.
…Сутчи хотин кетгач, келинчакка уйи ичида шамол, дала иси қолгандек туюлди. Кираверишни супураркан, остонага тушиб қолган қуриган қоқи ўт баргини кўриб қолди. Қўлига олиб, гўё ноёб топилдиқдай томоша қилди. “Қатиқ идишлари жойланган сумкадан тушган шекилли, ёки опоқининг калишига ёпишиб қолганмикин?” – ўйлади у.
Бир вақт бу барг яшаган банднинг учида сап-сариқ гул очилган, кейин у момақаймоқ “бошчаси”га айланган, охири шамолларда тўкилиб, кузги хазонлар қатори қорлар тагига тушган… Чириб кетмагани ғалати…
Шу куни ўғилчасини кўтариб нон дўконидан қайтаётганда уйи ортидаги дарахтлар тагидан ўтган ингичка ариқ лабида ялпиз япроқчалари бўй кўрсатганини кўриб қолди. Нарироқда жағ-жағ, отқулоқ кўкарибди. Боласини бағрига маҳкам босди-да, энкайиб, кўкат теришга тутинди. Анчагина, елим халтачасининг оғзи баравар чиқди.
Оқшом дастурхон устига кўк чучвара, сомса қўйди.
– Шунақа пазандалигингни яхши кўраман-да, онаси, – илжайди Мирсоат.
– Ўзимни-чи? Мени ҳам яхши кўрасизми?
Йигит қошларини кериб хотинига қаради:
– Ие, бу қанақа гап бўлди энди? Яхши кўрмасам, уйланармидим?
– Ҳозир, уйланганингиздан кейин ҳам яхши кўрасизми мени?
Эри оғзини тўлдириб сомса чайнаётганидан гапиролмай, бошини силкиди:
– Ҳа.
Бу жавоб келинчакни қониқтирмади. Кўзларига ёш тўлди. Эри эса ҳайрон бўлди:
– Қизиқмисан, шунга ҳам йиғлайдими одам?
– Бу гапни… бу гапни мунақа айтмайди-да!
– Қанақа айтади?
– Авваллари… авваллари қанақа айтган бўлсангиз, шунақа!
Мирсоат ха-холаб юборди:
– Аввалгидек, дегин? Япон боғи, тош йўлка, сунъий булоқ… А?
Хотинининг ҳиқиллай бошлаганини кўриб, йигит хижолат аралаш:
– Қўй энди, – деди, – йиғламагин, кунлар исиб кетса, япон боғига яна олиб бораман сени…
– Керакмас…
– Жон… – Мирсоат хотинини юпатгиси келса, ҳамиша шундай дерди, – жон… қаролмаган бўлсам… ишим жуда кўпайиб кетди-да, ишга кўмилиб қолдим, жон! Лекин сени эсдан чиқарганим йўқ!
Барибир келинчакнинг дилидаги ўкинч тарқамади. Эрининг сўзлари замиридаги мазмун тўғри: энди у аввалги Ҳамида бўлмаганидек, Мирсоат ҳам бурунги ошиқ йигит эмас, бир вақтлар икковининг дил-дилига титроқ солиб юборувчи сўзлар энди оддий гапларга айланган. Чунки улар шундоқ ҳам ёнма-ён, бир-бирларини кўриш учун минг бир ҳаяжон, юз бир изтироб, хавотир чекиб, йўл босиб келишлари шарт эмас, шундоққина бошларини буриб ёнларига қарасалар бас! Шу боис ўрталарида хотиржамлик яшайди. Эртанги кун ҳам бир-бирларини кўришлари аниқ, айтадиган гаплари тайин, шундоқ экан, ташвиш чекиш на ҳожат?
Ҳамиданинг назарида эрининг бамайлихотирлигига сабаб шу эди. Айнан шу бамайлихотирлик ёш аёлни хавотирга соларди. Хотиржам яшай-яшай, ахийри анави сутчи хотин сингари бор ишчанлигини ташвишларини битиришга қаратиб қолса, эҳтимол. Ёки қайнонасига ўхшаб, бир фарзандининг орзу-ҳавасини битириб, иккинчисининг орзу-ҳавасига бел боғласа керак. Ахир келинлар бора-бора қайнонасига тортиб кетар экан-ку! Онаси шунақа деган эди.
У ҳолда аввалги туйғулари қаёққа кетади? Беиз, бенишон йўқоладими? Ёки келаётган қатор-қатор оддийгина кунларига, болаларининг орзу-ҳавасларига, рўзғор аталмиш мана шу иншоотнинг кам-кўстларини ямашга сарфланиб, парча-пурчаларга, балки зарраларга бўлиниб кетадими? Агар шундай бўлиб чиқса, туйғуларнинг уйғонишида нима маъни?
Келинчак юрагидан шуларни кечирди-ю, ваҳм ичра йиғлай бошлади. Мирсоат аввалига ҳайрон бўлди: “Хафа бўларлик гап ўтмади-ку?” Кейин хавотирланди: “Тинчликмикин? Нега тўсатдан сўраб қолди? Чакки юрмаган бўлсам…” Охири аччиқланди: “Жуда нозик бўпти-да!” Сўнг тескари ўгирилиб ётиб олди. Хотинининг хўрсинишларини эшитмаганга солди.
Эрталаб Ҳамиданинг қовоқлари қизариб шишганини кўриб, кўнгли хижилланди-ю, нонуштага қарамай ишига жўнади.
Кўча эшик секингина ёпилди. Аммо келинчакнинг назарида эшик қарсиллади-ю, уйнинг деворларини зириллатиб юборди. “Хафа бўлибди, – ўйлади у, – эркалик қилиб юборибман-да! Бояқиш бизни зориқмасин деб уриниб ётибди-ю, мен…”
Шу пайт қўнғироқ жиринглади. “Қайтиб келди!” – ҳовлиқиб эшикни очди. Остона ёнида биринчи қаватдаги қўшни аёл турарди, ёнида маҳалланинг онабошиси, икковининг қўлларида биттадан тоғора.
– Келинпошша, бугун қозонга сумалак соламиз, – шанғиллади онабоши, – ҳаммага ундирилган буғдой тарқатяпмиз, сизга ҳам олиб чиқдик, ниятингизни айтиб-айтиб майдаланг, зора рўёбга чиқса…
Гўшт қиймалагични ўрнатиб, идишларни тайёрлар экан, бирдан ўпкаси тўлиб кетди. Ниятлари… Ҳамиданинг рўёбга чиқадиган қандай ниятлари бор? Аввало тинч-тотув, бахтли яшашни, дилидаги ўша туйғулари сўнмаслигини истайди, ўғилчасининг эсли-ҳушли йигит бўлиб улғайишини ҳоҳлайди, кейин… кейин ширингина қизчаси бўлишини… Келинчак овсинининг қақажон қизини эслаб, юраги ҳавасдан энтикди. Унинг ҳам қизчаси бўлгандайди, қўғирчоқдек ясантирарди, қўлларида кўтариб сайрга чиқарди, гулларнинг, дарахтларнинг номларини айтишни ўргатарди… исми… майли, қайнонаси қандай исм берса, берақолсин!
Шу асно ташқаридан аёлларнинг шодон ғовур-ғувурлари, болаларнинг чувур-чувури эшитилди, кимдир гумбурлатиб ўтин ёрди. Ҳамида деразаларни очиб юборди. Шу заҳоти уй бурчагига ўрнашган новвойхонадан янги ёпилган нон иси келди, айвонча ўрик гулларининг сархуш қиларлик ҳидига тўлиб кетди.
Келинчак тоғорага уйилган буғдой танаворига2 қараб, бирдан ўйлаган ниятларининг ҳаммаси оиласи билан боғлиқ эканлигини тушуниб қолди. Ахир ёнида Мирсоат бўлмаса, у қандай қилиб бахтли яшайди? Ўғли ақлли йигит бўлиб улғайиши, ширингина қизчага она бўлиши, ҳатто қайнонасининг шу қизчага исм бериши учун ҳам ёнида Мирсоат бўлиши зарур-ку!
Келинчак тоғорани кўтара зиналардан пастга қараб чопди. Тўрт томони кўп қаватли уйлар билан ўралган майдон ўртасида қаққайган тўйхона ичи куймаланган аёлларга, нарироқдаги яланглик эса тўп тепаётган болаларга тўла эди. Ҳамма ёқда баҳор, серташвиш, серғалва, лекин севимли ҳаёт ҳукмрон!
Ҳамида яна зиналар оша юқорига югурди. Боласини апил-тапил кийинтирди, уйидан чиқар пайти йўлакчадаги катта кўзгуга қаради. Бошидаги дуррачаси тагидан мўралаган сочини четга қайирди, қошига яна бир бор қалам теккизиб, эгнидаги яшил камзулчасининг тугмаларини солди-да: “Мана, биз қанақа бўлибмиз”, – деб кулди.
Сумалак қайнаб чиққунга қадар қўшни келинлар билан кулишиб, ун қумоқ-қумоқ бўлиб қолмасин учун навбатма-навбат қозондаги аталасимон суюқликни човли билан аралаштириб турди.
Бир вақт юраги ўз-ўзидан сиқила бошлади. Секингина даврадан чиқди-да, ўғилчасини кўтариб уйига кирди. Бир нарсани йўқотган каби яна ташқари чиқди, ичкари кирди. Охири жавонни очиб, кўйлакларини ахтарди. Қўлига қайчи, нина-ип олди. Агар либоси қоматига мос келмай қолган бўлса, уни мослаштириб қайтадан тикиб олади! Шунга ҳам йиғлаб юрибдими?
…Мирсоат автобусдан тушаётиб, бекатда турган хотинини кўрди. “Қаёққа отланишди?” – ўйлади ҳайрон бўлиб.
– Сизни кутяпмиз, – жилмайди Ҳамида.
– Ясан-тусан жойида-ку! – кулди йигит.
– Ярашибдими?
– Ярашиш ҳам гапми?
Мирсоат майда-чуйдалар солинган халталарни бир қўлига, ўғилчасини иккинчи қўлига олиб, хотинига:
– Юр, уйга кетайлик, ҳаво айнияпти, – деди.
Ёмғир ярим тунгача ёғди. Ҳамида эртаси эрталаб лойга қоришган гул япроқчаларига кўзи тушгач:
– Гуллари тўкилиб кетибди, битта ҳам қолмабди-я! – дея хўрсинди.
Мирсоат ўғилчасини бағрига босганча деразага қаради.
– Дарахт мева тугибди, қара, довуччалари бўртиб турибди, – деди. – Ҳали пишганда кўрасан, шунақанги чиройли, ширин ўрикка айланадики, гулининг чиройи мевасининг олдида ҳеч гап бўлмай қолади!
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон