Нурбой Жабборов. Адабиёт — ҳайратлар дунёси

http://n.ziyouz.com/images/nurboy-jabborov.jpg

Бу ёруғ олам ҳайратга лиммо-лим. Бироқ ҳайрат туйғуси одамнинг хоҳишига боғлиқ эмас. Яратган Эгам ҳамма бандасига ҳам ато этмаган шу туйғуга мени болалигимдан ошно этгани учун кўп шукр айтаман. Дастлаб нимадан ҳайратланганим ёдимда йўқ. Лекин тонгги шафақнинг гўзаллигини ҳайрат оғушида кузатганман. Узоқдан кўринган қорли тоғлар, чўққиларга ҳайратланиб боққанларим эсимда. Ёз кечаларида уйимиз олдидаги супада бениҳоя ёрқин, илкис турса одамнинг боши тегиб кетиши мумкиндек туюлган юлдузларга, сутдай ёруғ ойга ҳайрат тўла нигоҳларимни қадаганим рост…

Отам йигитлик кезлари ном чиқарган чавандоз бўлган. Наинки Қашқадарё, қўшни Сурхон ва ҳатто Туркманистоннинг бизга туташ вилоятларида ҳам Абдулҳаким чобоғонни (бизда чавандозни шундай аташади) ва унинг улоқчи отини яхши танишган. Азалдан ўзи шундай: зўр бўлса, мард бўлса, чобоғоннинг нафақат ўзи, минган оти ҳам шуҳрат қозонган. Раҳ­матли бобомнинг ўз оғизларидан эшитганман, кунлардан бирида Туркманистоннинг (ўша кезлари ўртада чегара бўлмаган) Хўжапиллос деган жойига отамнинг кўпкари чопадиган отида борганлар. Бир гузардан ўтаётганларида қулоқларига одамларнинг гап-сўзлари чалинган: “От-ку Абдулҳаким чобоғонники, устидаги бобо ким экан-а?!” Чобоғоннинг отасини танимаган одамларнинг отини таниши чиндан ҳайратланарли…

Менга меҳри алоҳида бўлгани учунми, отажоним бир неча марта отга мингаштириб кўпкарига олиб борган. Саноқсиз отлар суронини, чавандозларнинг ҳайқириғини, шунча талотўпга қарамай, отажонимнинг қайта-қайта совринни ҳалоллаб чиққанини кўриб, ҳайратим чандон ошган…

Онажоним бениҳоя меҳрибон, мунис, муштипар аёл эди. Отамнинг розилиги онам учун ҳаёт мазмуни бўлган. “Отангнинг ҳурматини жойига қўй!” – биз фарзандлар онгу шуурига онажонимиз ана шу туйғуни сингдирган. Феълида ажабтовур мардлик, ғайрат, шиддат, қатъият уйғунлашган отам онамга ҳар доим ҳам юмшоқ муносабатда бўлавермаган. Эҳтимол, сунъий мулойимликдан табиий дағалликни кўпроқ қадрлаганлари учундир, онажоним наздида отам чин маънода улуғворлик тимсоли эди. Меҳрибонлик онажонимга Худодан ато этилган бир неъмат эди. Олти келиндан бирортасини ҳам “сен”ламагани бунинг исботидир.

Бир иборани жуда кўп такрорлар эдилар онам: “Дўстдан кўп душман”. Мен ҳайратга тушардим: “Нега? Ахир дўстларимиз жуда ҳам кўп-ку?! Уйимизга муттасил келиб-кетувчи қўни-қўшни, қавму қариндош, ошною бегоналар дўст бўлмай ким?!” Бу мухтасар иборанинг асл моҳиятини кейинчалик англадим… Бир муштипар аёл сийратида шунчалик ақлу заковат, чўнг сабру садоқат, шу қадар меҳру мурувват мужассам бўлгани ҳайратга сазовордир…

Мактабда ўқир эканман, асосий юмушим мутолаа бўлган. Қариндошларимиздан бўлган кутубхоначи мендан безор эди. Ёстиқдай романларни, катта-катта китобларни бир кун, кечи билан икки кунда “хатм” қилардим. “Ўқиб келяпсанми ёки ўқимай?” – ажабланиб сўроққа тутарди мудира. Барибир китоб беришга мажбур эди. Менда бадиий асарларни саралаш имкони бўлмаган. Муаллифнинг исмидан то китоб сўнгидаги кичик ҳарфда терилган муҳаррири киму неча ададда босилгани ҳақидаги маълумотигача ўқиб ташлар эдим. Кўнглимга маъқул тушган шеърни бир-икки ўқишда ёд олардим. Ўқиганларимдан қалбимда из қолдирган айримларининг номи ҳануз ёдимда: “Одам бўлиш қийин”, “Тоғда ўсган бола”, “Руҳим”, “Юзма-юз”… Берилиб ўқи­ганимдан, асар воқеаларида қаҳрамонлар билан баравар иштирок этиб, улар қувонса қувониб, изтироб чекса, изтироб чекардим. Эсимда, Сафар акам ҳарбий хизматдан келганида, қўшниларнинг болалари суюнчи сўраб, шовқин солиб уйимизга кириб келишган. Мутолаа­га шўнғиб кетганимдан дастлаб уларнинг хушхабари қу­лоғимга киргану, қаттиқ бандлигимдан ақлу шууримга етиб бормаган… Барча баравар солдатни кутиб олишга чиқиб кетгач, шууримда очилган дарчадан хуш­хабар шамолдай кирган, мен ҳам акамнинг дийдорига югурганман…

Отам чўпонлик қилгани учун ёз бўйи яйловда қўй боқар эдик. Саратон оқшомлари ой сутдай ёруғ бўлар, чилла иссиғида қўйлар кундузи маза қилиб ўтлай олмас, шу боис тунда қўйни ёйишга чиқар эдик. Тунги қўй боқиш “ёйиш” дейиларди. Яйловда ой шу даражада ёруғ эдики, азбаройи қизиқишим зўрлигидан кундузи ўқий бошлаган китобимни ой ёруғида давом эттирган кезларим бўлган. Чинакам ҳайратни менга ўша ёз оқшомлари ҳадя этган. Менда адабий-эстетик дид, бадиий тафаккурни ана шу тинимсиз мутолаа тарбиялаган бўлса ажаб эмас.

Сабоқ

Илк устозим отажоним бўлган. Ҳали мактабга бормасимданоқ қўлимга қалам тутқазган ҳам, қалам тутган бармоқларим устидан тутиб ёзишни ўргатган ҳам – отажоним. Фақат шу табаррук зот шарофати билан мен мактабга бормасимданоқ савод чиқарганман, ўқиш ва ёзишни тўлиқ эгаллаганман. Ҳатто ўша кезлари ҳарбий хизматда бўлган Ўрол акамга хат ҳам ёзганман. Шу боис мактабда энг аълочи ўқувчи бўлдим.

Қувваи ҳофизам ўткир эди. Ҳар қандай шеър­ни икки-уч марта ўқишда ёд олардим. Кўнглимдаги адабиётга бўлган муҳаббат учқунларини оловлантирган она тили ва адабиёт ўқитувчиси Шариф ака Оқназаров, мусиқа муаллимимиз Турдиқул ака Обидовлардан бир умр миннатдорман. Мактабда ўтказиладиган байрам тадбирлари асосан Турдиқул ака раҳбарлигида тайёрланар эди. У киши шеърни урғуларию оҳангини ўрнига қўйиб, маромига етказиб ўқир, биздан ҳам шуни талаб қиларди. Йигирма-ўттиз чоғли ўқувчи тадбир дастури бўйича тайёргарлик кўрар эканмиз, мен деярли барча иштирокчилар айтадиган шеърий парчаларни ёдлаб олар эдим. Кунлардан бирида қайсидир ўқувчи адашиб қолганида унинг хатосини тузатиб юборганимни кўрган Турдиқул ака шундан кейин кимдир узрли сабаб билан келолмаса, унга тақсимланган шеърни ҳам мен айтишимни сўрайдиган бўлди. Мен эса, шеър ўқишдан, шеър ёд олишдан ҳар доим завқланар эдим.

1983 йил мен учун омадли келди – Тошкент давлат университети ўзбек филологияси факультетининг талабаси бўлдим. Ўқув йилининг аввалиданоқ пахта кампанияси муносабати билан факультетимиз талабаларини Сирдарёнинг Оқ олтин туманига сафарбар қилишди. Пахта териш ёқимли бўлмагани аниқ. Дала шароити, кўҳна барак, бунинг устига, ойлаб университет аудиториясидан узоқда юришга тўғри келарди. Бироқ пахта кампанияси биз талабалар ҳаётидаги энг унутилмас давр бўлгани ҳам ҳақиқат. Гарчи университетдан йироқда бўлсак ҳам, ўқишдан йироқда эмас эдик. Жуда кўп бадиий, илмий китобларни Оқ олтин тумани далаларида ўқиганимиз бор гап. Бир-биримиздан кўчириб ёд олганимиз Абдулҳамид Чўлпон шеърлари, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи наз­мий тўпламлари, Пушкин, Есенин китоблари, Толс­той, Хемингуэй асарлари, Бегали Қосимовнинг сариқ муқовали “Излай-излай топганим” монографияси шулар жумласидандир.

Ҳар оқшом албатта бирорта ижодий тадбир ёки адабий учрашув ўтказилар, бу биз учун чинакам сабоқ эди. Устоз Озод Шарафиддинов билан уюштирилган туркум суҳбатлар бизни ўзга – янги бир дунёга олиб кирганини унутиб бўладими?! “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари таҳририятлари, атоқли шоиру адиблар, таниқли олимлар билан учрашувлар орзуларимизга қанот боғлаган, ижоднинг сирли оламига олиб кирган.

Ҳар ҳолда, университетга савиямиз, дунёқа­ра­ши­миз бирмунча ўсиб қайтдик. Дарсларга шўнғиб кетдик. Устоз Умарали Норматовнинг ҳозирги адабий жараёнга оид ҳаяжонга тўлиқ маърузалари бизда катта таассурот қолдирган. Алишер Навоий ижодига доир дарсларни устоз Бегали Қосимовдан тинглаш бахтига муяссар бўлдик. Миразиз ака Миртожиевнинг, Мамлакат опа Жўрабоеванинг, Мавжуда опа Наримонованинг ҳар бир дарси биз учун тил хазинаси дарвозаларини пешма-пеш оча боргани ҳамон ёдимда. Устоз Шариф Юсуповнинг Фурқат ҳаёти ва ижоди ҳақидаги махсус курсини тинглагач, мен илмнинг нима эканини, унинг заҳматидан ҳаловат топиш қандай бўлишини юракдан ҳис этдим. Фурқат ижоди бўйича номзодлик, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишимда ана шу маърузалардан олган сабоқларим менга қувват бағишлади, дастуруламал бўлди.

Факультетимизда ҳар доим кучли ижодий муҳит бўлган. Замонамизнинг энг машҳур ижодкорлари, олимлари билан адабий учрашувлар, ижодий му­лоқотлар тез-тез уюштириларди. Ёзувчилар уюшмасидаги бирор йиғинни ўтказиб юбормасликка интилардик. Бундай учрашув ва суҳбатлардан одатда руҳимиз еттинчи осмонга кўтарилиб, янги-янги орзулардан қанот боғлаб чиқардик. Ана шундай учрашувлардан бири менинг илмий истиқболимни белгилашда асос – замин вазифасини ўтади. Бу учрашув Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институтининг академик Азиз Қаюмов бошчилигидаги олимлари билан ўтказилди. Мулоқот давомида энг кўп савол берган талаба ўзим бўлдим. Учрашувдан қалбим чин маънода баҳра олди: академик Азиз Қаюмов тимсолида ўз устозимни топдим.

Шарқона анъанага кўра, устоз мени шогирдликка олишдан аввал имтиҳон қилдилар. Қўлёзмаларга қизиқишимни эшитгач, аввал настаълиқда битилган туркий ғазални қўлимга тутқаздилар – унча қийналмай ўқидим. Форсча билиш-билмаслигимни сўрадилар. “Ўр­­ганяпман”, дедим. Форсча рубоий матнини кўр­сатдилар – қийинчилик билан ҳижжаладим. Таржима қи­лишимни буюрдилар – ўзларининг ёрдами билан бир амалладим. Арабийдан хабарим бор-йўқлигини сў­­­радилар, ўргана бошлаганимни айтдим. Ўз дастхатларида ёздилар: “Алимун било амал, касаҳобун било матор”. Яъни, “Илмига амал қилмаган олим – бамисоли ёмғирсиз булутдир”. Ёд билганим учун равон ўқиб, тезда таржима қилдим. “Қайси сўз “булут”ни билдиради”, сўрадилар устоз. “Саҳоб”, дедим. “Матн­да “касоҳоб”ку… дея нав­батдаги саволни бердилар. “Ка” – “бамисоли” де­­гани, – жавоб бердим мен. Устоз мени шогирдликка қабул қилдилар. Назаримда, бу ҳикмат менинг арабий билимимни синаш баробарида, қандай олим бўлиш зарурлиги ҳақидаги сабоқ ҳам эди. Қанчалик эплаётганимни билмайман-у, лекин устознинг бу сабоғига амал қилишга интилиб келаман…

Халқимизда назар топишнинг шарофати ҳақида кўп гапирилади. Мен устозларимнинг дуосини олганим, уларнинг назарини топиш бахтига муяссар бўлганим учун қанча шукр айтсам оз. Докторлик диссертациям ҳимоясида устоз Бегали Қосимов: “Ҳар қандай диссертациянинг аҳамияти биринчи навбатда илмдаги мав­жуд фикрларни, қарашларни ўзгартира олишида намоён бўлади. Нурбой Жабборовнинг тадқиқоти ана шу жиҳатдан қимматли”, дея эътироф этди. Умрининг катта қисмини Фурқат ижодини ўрганишга бағишлаган Шариф Юсупов домла: “Диссертантнинг энг катта ютуғи шундаки, у ўзигача бўлган фурқатшуносларнинг яримта ҳам гапини такрорламаган, нимаики айтса, янги гап айтган, салафларидан бир бош юқорида туриб айтган”, деб баҳолади. Устоз Абдулла Орипов китоб­ларидан бирини менга тақдим этар экан, дастхатида меҳрини: “Айтиб қўяй, сен адабиётимиз учун вақтида ёққан ёмғирсан!” деган образли ташбиҳ орқали изҳор этди. Бир илм одами учун бундан ҳам ортиқ эътироф бўлмас. Бир олимнинг толе юлдузи чарақлагани шунчалик бўлар. Устозларнинг меҳрини мужассам этган бу сўзларни ёдга олганимда, тўлқинланиб кетаман. Шунга муносиб бўлишга интиламан.

Жамият ойнаси

Матбуот – жамият, миллат ҳаётининг ойнаси. Миллатнинг ҳусну малоҳати ҳам, қабоҳати ҳам ана шу ойнада акс этади. Муайян миллатнинг даражаси унинг матбуоти мавқеидан баланд бўла олмайди. Матбуотнинг савияси, ўз навбатида, миллатнинг савиясини белгилайди. Шу боис ўзини ҳурмат қилган миллат матбуоти ривожига бор имкониятини сафарбар этади. Умримнинг муайян қисмини матбуотга боғлаган одам сифатида буни яққол ҳис этаман…

Журналистик фаолиятимни дастлаб Олий суд нашри бўлган “Куч – адолатда” газетасида бошладим. Архивлардан қатағон йиллари қурбонларига айланган жуда кўп оддий одамлар қисматига доир ҳақиқатларни аниқлаб, улар асосида “Қатағон йилномаси” рукнида туркум мақолалар эълон қилдим. Ана шу аснода улуғ Соҳибқироннинг ҳаётий аъмоли бўлган “Куч – адолатда” шиорининг моҳиятини қалбдан ҳис этдим.

Мени янги таъсис этилган “Фидокор” газетасига маънавият бўлими мудири сифатида ишга таклиф этишди. Ҳолбуки, ўша кезлари Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти докторантиман. Азбаройи қизиқишим зўрлигидан, қолаверса, докто­рантнинг стипендияси билан оила тебратиш қийинроқ бўлгани боис таҳририятнинг бу таклифини мамнуният билан қабул қилдим. Чинакам уйқусиз тунлар бошланди. Ғоялар менга тинчлик бермайди, туни бўйи машинка чиқиллатиб чиқаман. Газетанинг бир сонида беш-олти хил имзода шунча материалим чоп этилади. Миллатимизнинг энг етук ижодкорлари, олимлари билан суҳбатлар эълон қилдим. Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, академиклар Тўрабек Долимов, Неъматулла Иброҳимов, Музаффар Хайруллаев, профессорлар Абдуқодир Ҳайитметов, Бегали Қосимов, Шариф Юсупов, Наим Каримов, Ашраф Аҳмедов, Саъдулла Отамуродов… Олий Мажлис депутатлари, сиёсатшунослар, файласуфлар… Замонамизнинг энг долзарб муаммолари хусусидаги бу суҳбатлар мен учун чинакам мактаб вазифасини ўтади. Суҳбатлашганим бу улуғ сиймолардан жуда кўп нарса ўргандим. Улардаги ҳавас қилганим фазилатларни ўзимда тарбиялашга ҳаракат қилдим. Фикрим ўткирлаша, қаламим чархлана борди… 2002 йили ана шу журналистик фаолиятим юксак даражада эътироф этилди. Муҳтарам Юртбошимиз фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу эътироф мени янада фаол бўлишга ундади.

2003 йили мени “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга таклиф қилишди. Ўша кезлари мен – Миллий университет доценти – адабиёт аҳ­ли­нинг ана шу юксак минбарида дастлаб бўлим мудири, кейин бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият олиб бордим. Ёзувчилар уюшмасининг нашри ҳисобланган бу газетадаги фаолиятим мени уюшманинг ўша пайтдаги раҳбари устоз Абдулла Орипов билан яқинлаштирди. Абдулла аканинг мақолаларини газетага тайёрлаш жараёнида бу улуғ ижодкорнинг сўзга масъулияти нечоғлик юксак эканини кўриб, тўғриси, ҳайратланганман. Газетанинг 2004 йил август сонларидан бирида устознинг “Эртанги кун ишончи” сарлавҳали мақоласи босилди. Мақолани ойнинг ўрталарида топширган бўлсалар, қарийб икки ҳафта давомида устоз ҳар куни мунтазам равишда бир неча марта қўнғироқ қилиб, қайси саҳифага таҳрир киритган бўлсалар, сўзма-сўз айтиб турадилар – мен бу тузатишларни матнга киритаман. Мақола газетада босилишидан бир кун аввал устоз таҳририятга келдилар. Абдулла ака, бош муҳарриримиз Аҳмаджон ака Мелибоев ва камина бирга ўтириб, яна мақола таҳрири устида ишладик. Иккала устоз ўз таҳрирларини киритгач, менинг фикрим билан ҳам қизиқишди. Тортиниб-қимтиниб баъзи фикрларни айтдим – устоз мамнуният билан қабул қилдилар. Мақола сўнгидан мана бу тўртлик ҳам ўрин олган эди:

Дарвеш умр бўйи чекиб ғам, заҳмат,
Дунёда ҳақиқат ахтарди фақат.
Бир кун ўраб деди уни халойиқ:
Ҳақиқат ўзинг-ку, ўзинг ҳақиқат!

Дастлабки вариантда тўртликдаги “халойиқ” сў­зи ўрнида “оломон” сўзи қўлланган эди. Минг бир истиҳола билан: “Оломон” сўзида салбий оҳанг бор. Аслида дарвешнинг ўзи ҳақиқат эканини англаган тоифани “оломон”дан кўра “халойиқ” дейилса, афзал бўлмасмикан?!” – дея фикр билдирдим. Шу пайт устоз: “Э, “халойиқ” қилиб ўзгартир, жудаям тўғри!” – дедилар мамнуният билан. Шу тарзда таҳрир қилинди. Устозни кузатиб қўйдик. Кечки пайт телефон жиринглади. “Лаббай!” дея гўшакни олсам, устознинг овозлари: – Нурбой, ўтган барча улуғ устозларим ва ўзим номимдан “оломон”ни “халойиқ”қа айлантирганинг учун сенга минг бор ташаккур, – дедилар самимият ва меҳр билан. Замонамизнинг шундай улуғ ижодкори ёш бир мухлисининг фикрига шу қадар эътибор билан қараши, бадиий сўзга бўлган юксак талабчанлиги мени ҳайратда қолдирди. Сўзни қай даражада қадрлаш, эъзозлаш зарурлиги ҳақидаги бу сабоқ чинакам ижодкорлик ўрнини ялтироқ сўзбозлик эгаллаётган бугунги кунда нақадар аҳамиятли экани изоҳ талаб қилмайди.

Авлод тарбияси – миллат тарбияси

Миллатпарвар аллома Абдурауф Фитратнинг бу сўзлари барча замонларга тегишлидир. Мен фақат саводнигина эмас, ҳаёт дарсини, адабиёт дарсини ҳам дастлаб отажонимдан ўргандим. Тарбия борасида отам менга чинакам ибратдир. “Ҳалолнинг боши қилдай бўлса ҳам, томири тоғдай бўлади. Шунинг учун у енгилмасдир. Ҳаромнинг эса, боши тоғдай бўлса ҳам, томири қилдай бўлади. Гарчи ваҳимали кўринса ҳам, исталган фурсатда томири “чирт” этиб узилиб кетиши ҳеч гап эмас”. Бетакрор ташбиҳлар воситасида отам кўп такрорлайдиган бу образли ҳикмат мудом пешонамда чарақлаб туради. Ҳаёт йўлимда мезонни тўғри олишга ундайди. Ўз навбатида, мен ҳам бу ўгитни болаларим қалбига, шуурига сингдириб келаман.

Адабиётшунос учун унинг илмий асарлари мо­ҳи­ятини оиладагилар тушуна олиши – Тангри таолонинг инояти. Оилам бекаси Шаҳлохон билан курсдош бўлганмиз. Университетни битирганимиздан бери мактабда, бир қанча йиллардан буён коллежда она тили ва адабиётдан дарс бериб келади. Нимаики ёзмай, биринчи тингловчи, ўқувчи, баҳо берувчи – у. Ёнингда шундай ҳамфикр, ҳаммаслак инсоннинг бўлиши бахт, деб биламан.

Катта ўғлим Сирожиддин иқтисод соҳасини танлади. Майли, оилада ҳамма сўз билан шуғулланмасдан, иқтисодни ўйлайдиган одам ҳам бўлиши керак-ку, деб қаршилик қилмадим. Айни кезда магистратурада таҳсил оляпти. Гарчи иқтисодиёт соҳасини танлаган бўлса-да, адабиётга ҳам меҳри зўр.

Мен ўзбекнинг қўнғирот уруғига мансубман. “Алпомиш” достонида Ҳакимбекнинг хонжиғали бекларидан экани айтилади. Қўнғиротнинг ана шу – хонжиғали тармоғидан, Алпомиш бобонинг тус неварасиман. Шунинг учун иккинчи фарзандим қиз туғилганда, исм танлашда ўйлаб ҳам ўтирмаганман. “Қўнғиротнинг қизи Ойбарчин бўлади-да”, деганман. Ойбарчин қи­зим ота касбини танлади, навоийшунос бўлмоқчи. “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти” сингари журналларда, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да мақолалари чоп этилди – қувончим ичимга сиғмади. “Бадиий тил ва тасвир” деган мўъжаз китобчаси чиқди – беҳад севиндим. Жорий 2014 йили ҳазрат Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори бўлди – шодлигим дарёдай тошди. Фарзандингнинг ютуғи ўзингникидан ҳам тотли бўлар экан. Тенгини топиб узатдим – илоё бахтли бўлсин! Унинг тимсолида адабиётшунослигимиз ноёб бир истеъдод билан бо­йишидан умидворман.

Иккинчи ўғлим Жалолиддин ҳам филолог бўлиш­ни ихтиёр қилди – эътироз билдирмадим. Фақат дун­ё­га чиқадиган филолог бўлишини маслаҳат бердим. У Тошкент давлат шарқшунослик институти хитойшунос­лик факультети иккинчи курсида таҳсил оляпти. Китоб – жону дили, мутолаа – энг севимли машғулоти. Шарқшунослик институти қошидаги академик лицейда ўқиб юрган кезлари хитойлик бир меҳмон келажак режаси ҳақида сўраганида у шундай жавоб берган: “Сизларда Конфуций бор, бизда эса Алишер Навоий. Мен келажакда шу улуғ бобомнинг асарларини хитой тилига таржима қилмоқчиман”. “Ў, офарин, ниятингга ет”, деган экан хитойлик меҳмон. У ҳозир хитой тилини мукаммал ўрганишга бутун вужуди билан киришган. Мен ҳам унинг ана шу улуғ ниятига етишини тилайман.

Жажжи қизим Муслимабону 5-синф ўқувчиси. Ҳар куни қайси фанлардан нечта “аъло” баҳо олгани ҳақида ҳисобот беришдан чарчамайди. Унинг ҳам келажагидан умидим катта.

Ҳазрат Навоий ота-онани улуғлар экан, авлод­ларга қарата: “Тун-кунунгга айлагали нурпош, Бирисин ой англа, бирисин қуёш”, дея ўгит берган эди. Зоҳиран фарзандларга қаратилган бўлса-да, бу ҳикмат замирида ота-онанинг бурчи, масъулияти ҳам образли ифодаланган. Яъни ота-она ой ва қуёш янглиғ фарзандлар шуурини, ҳаёт йўлини ёритиб туриши керак, деган теран моҳият яширин бу сатрлар замирида. Ҳаётим борича, баҳоли қудрат, шунга интилиб келаман. Зеро, авлодлар орасидан мунаввар сиймоларнинг етишиб чиқиши – Ватаннинг, миллатнинг бахти. Фарзандлари маърифатли миллатнинг истиқболи, шубҳасиз, нурли бўлади.

    “Ёшлик” журнали, 2014 йил, 12-сон