Ўзбек адабиётшунослигида Холид Саид Хўжаев ҳақида устоз Н.Каримовнинг “Абдулла Қодирий ва Холид Саид” мақоласи бу соҳадаги илк мақолалардан бўлди.[1] Мақолада олим Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини озар тилига Холид Саид томонидан илк бор таржима этилиши, уларнинг ўзаро муносабатлари, Ҳаёли ва Ҳаё тахаллуслари билан шеър ёзган ижодкорнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига тўхталади.
Холид Саид ХХ аср туркий халқлар адабий ҳаётида улкан ишлар қилган бўлишига қарамасдан, унинг илмий-ижодий мероси ҳамон ўзбек олимларининг назаридан четда қолиб келмоқда. Биз мазкур маълумотларни тўлдириш, унинг аслида қандай шахс эканлиги ҳақидаги маълумотларни бойитиш мақсадида туркиялик, озарбайжонлик олимларнинг ишларига суяндик. Туркиялик олимлар Мустафо Токер ва Уфук Денгиз Ашчи ҳамкорликда Анқарада 2006 йилда Холид Саид Хўжаевнинг “Янги алифбо йўлларида эски хотира ва туйғуларим” китобини қайта нашр қилишди.[2] Мазкур китоб нашрига “Холид Хўжаевнинг ҳаёти ва асарлари” мақоласи илова этилган, унда шундай дейилади: “Аҳамиятли олим бўлишига қарамасдан, Туркияда, ҳатто бир умр яшаган юрти Озарбайжонда ҳам шу кунга қадар ҳеч танилмаган, тадқиқотчиларнинг назаридан четда қолган, ёзилган бўлса-да, жуда оз, батафсил ёритилмаган Холид Саид Хўжаев, асли Ўзбек туркдир”.[3]
“Холид Саид Хўжаев 1888 йил Тошкент вилояти Байтқўрғонда туғилган. Мактаб таълимини шу қишлоқда олгач, Тошкент мадрасасида олти йил таҳсил олади. Мадрасада араб ва форс тилларини ўрганади. 1914-1918 йиллари Истанбулда Адабиёт факультетини тугаллайди. 1918 йилда таҳсилни тугатиб, она юртига қайтиб келади. Бу пайтда Туркистонда октябрь тўнтариши воқеалари бўлаётган давр эди. Шунинг учун Холид Саид Озарбайжонга қайтиб келади, мактабда ўқитувчилик қилади. Аммо бу ерда ҳам ички ихтилофлар туфайли яна Тошкентга қайтиб келади. 1920-22 йиллар орасида Тошкентда ўқитувчилик ва мудирлик лавозимларида ишлайди. Соғлиғи тўғри келмаганлиги учун, 1922 йил октябрда Бокуга қайтиб келади. У 1922-1926 йиллар орасида Балахани муҳандислик факультетида ва Гусар техник таълим мактабида ўқитувчилик қилади; Бокудаги самарқандлик ҳарбий аскарлар ётоқли мактабида ва Ўзбекистон Консуль меҳмонхонасида мудир лавозимида ишлайди.
1926-1934 йиллар орасида Озарбайжон Етук ўқитувчилар тайёрлаш институтида, Озарбайжон Давлат университетида ва бошқа ўқув ташкилотларида; Озарбайжон Тил ва адабиёт факультетида араб, форс тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди. 1934 йил сентябрь ойидан профессор Вали Ҳулуфлунинг йўлланмаси билан Озарбайжон Фанлар Академиясининг тилшунослик бўлимига ишга қабул қилинади ва 3 июль 1937 йилда ҳибс этилгунга қадар шу ерда ишлайди.
Холид Саидга қуйидаги сиёсий айблар қўйилади: 1916 йилдан бери пантуркизм фаолияти билан шуғулланган, 1925 йилда Озарбайжонга келгач, Азиз Губайдуллиннинг пантуркист ташкилотига кирган; айниқса, ёш ўқувчилар орасида зарарли ғоялар тарқатган; Вали Ҳулуфлу, Гулом Бағиров, Зифелд, Жаббар Маммадзода, Ҳанифи Зейналлилар билан пантуркистик алоқада бўлган; 1918 йилда Истанбул университетидан бир гуруҳ талабалар билан Нури Пошонинг қўмондонлиги остида фаолият олиб борган, “жосуслиги”ни бўйнига олишга мажбур этилади.
Хўжаев 1937 йил 13 октябрда Бокуда қатл этилди.
Холид Саиднинг турмуш ўртоғи Сора Ризо қизи ҳам “сиёсий маҳбус”нинг рафиқаси сифатида 14 йилга Сибирга сургун қилинади. Сора хоним Сургундан сўнг, 1955 йил 16 апрелда турмуш ўртоғининг оқланишини талаб қилади.1956 йил 16 майда Холид Саид Хўжаев иши қайтадан кўрилиб, унинг вафотидан роппа-росса 20 йил ўтиб оқланади”.[4]
Холид Саид 1926 йилда Бокуда ташкил этилган “I. Туркологлар қурултойи”да катта роль ўйнайди. Олим бу қурултойда алифбо, адабий тил масалалари ҳақида дадил фикрлар билдиради. Холид Саиднинг манбаларда кўрсатилган китоблари: “Усмонли, ўзбек, қозоқ тилларининг қиёсий синтаксиси” (Боку, 1926), “Янги алифбо йўлларида эски хотира ва туйғуларим” (Боку, 1929), “Мухтасар услубиёт” (А.Тағизода билан ҳаммуаллифликда, Боку, 1933, 1934), “Озарбайжон мактаблари учун рус тили” (Боку, 1934), “Ўтган кунлар” (Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романининг озарбайжон туркчасига таржимаси, Боку, 1928, 1929), “Услубиёт назарияси” (йўқолган), “Турк тилларининг тарихий грамматикаси” (йўқолган), “Девони луғатит турк” (таржима, йўқолган), “Чиғатой адабиётидан муҳозиралар” (номаълум), “Туркистон тарихининг қисқа тарихи” (номаълум), “Турк адабиёти назарияси” (номаълум), “Эрон тилларининг грамматикаси” (номаълум), “Ўрхун обидаларининг таржимаси” (номаълум).
Туркия-Озарбайжон-Татаристонда машҳур бўлиб кетган дастлаб 1929 йилда нашр этилган Холид Саиднинг “Янги алифбо йўлларида эски хотира ва туйғуларим” китобига Боку университети Шарқ факультети профессори Азиз Губайдуллин қисқа кириш сўзи ёзган: “Холид Саиднинг китобхонларга тақдим этаётган бу асари кўп жиҳатдан аҳамиятлидир. Бу саёҳатнома икки жиҳатдан аҳамиятга молик. Биринчиси, янги алифбо йўлидаги буюк маданий ва инқилобий ҳаракатнинг илк даврини кўрсатиши билан турк-татар халқи тарихининг муҳим саҳифасидир. Иккинчиси, бу асар адабиётимизда давримиз турк-татар зиёлиларининг руҳияти ва аҳволини кўрсатишга ҳаракат қилган илк асардир.
“Озарбайжон Турк адабиётида саёҳатнома жанрида ёзилган асар йўқ эди” – десак янглишмаймиз. Шу боис, асарни Озар-Турк адабиётининг илк саёҳатнома асари, дея қабул этиш мумкин. Асар, бадиий жиҳатдан ҳам аҳамиятли. Янги алифбо асосчиларидан бўлган Холид Саид, бу маданий ҳаракатдан илҳомланиб асарда гўзал манзаралар, бадиий тасвирлар ва тарихий маълумотлар ёзган. Бу тасвирларнинг ичида, янги алифбонинг асосий ташкилотчиси Самад оғанинг руҳияти, фаолиятини тасвирлаган қисмлар айниқса, муҳим”.[5]
Худди шунга ўхшаш таърифни озар адабиётшуноси Али Шомил Ҳусайн ўғли ҳам билдиради: “Ҳарф инқилоби ҳақида қимматли маълумот берувчи асарлардан бири Холид Саид Хўжаевнинг 1929 йилда Бокуда нашр этилган “Янги алифбо йўлларида эски хотираларим ва туйғуларим” номли китобидир. Бу асарни, ҳарф инқилобининг илк тарихи, деб атасак тўғри бўлади. Кундалик шаклида ёзилган бу китоб, муҳим гапларни бугунги кун ўқувчисига етказади. Китобда ҳарф инқилобининг амалга ошишини қўллаганлар Озарбайжон, Қрим, Татаристон, Оренбург, Ўзбекистон ва бошқа жойларга қилинган саёҳатлардан ва шу мавзуга алоқадор инсонлар билан ўзаро мулоқотлардан баҳс этади”.[6] Олим Холид Саид Хўжаевнинг 1934 йил 26 апрельда ўз қўли билан рус тилида ёзган таржимаи ҳолини Озарбайжон Фанлар академияси архивида №39 инвентар рақам билан сақланаётгани ҳақида хабар беради ва ўз мақоласига илова этган[7]. Али Шомил Холид Саидни “Ҳарф инқилобининг солномачиси”, деб таърифлайди.
Хуллас, ўзбек адабиётшунослари Холид Саидни Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романининг озарбайжондаги илк таржимони сифатидагина билишар эди. Ваҳоланки, унинг туркий халқлар ҳаётида “ҳарф инқилобчиси” сифатида ном қозонганидан бехабар эдик. Бугунги кунда Озарбайжон Фанлар академияси Миллий кутубхонасида сақланаётган Холид Саид таржимасидаги Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи нодир китоблар фондида сақланмоқда.
1928 йилда Озарбайжонда нашр бўлган “Ўтган кунлар” романига таржимон Холид Саид кириш сўзи ёзади: “Янги Ўзбекистон жумҳурияти Туркистон ўлкасининг энг бой қисмида ташкил этилган. Бу ердаги халқ инқилобгача Чор Россияси, Россия капиталистлари зулми остида эзилган, ўз ҳуқуқларидан маҳрум этилган ҳолда яшашар эди. Оддий меҳнаткашлар, маҳаллий аҳоли эски хонликлар даврида илмдан, маданиятдан қай ҳолда маҳрум этилган бўлсалар, Чорлик даврида ҳам худди шу аҳволда яшади. Инқилобгача Туркистон халқининг (том маънода) матбуоти йўқ эди. Бори ҳам чор ҳукуматининг ташвиқотчиси эди. Ўзбек адабиёти тарихида биринчи бўлиб ҳаётий, тарихий роман – ўзбек ижтимоий ҳаётини, ўзбек халқининг маиший ҳаётини ўзида акс эттирган бир асар ёзилди ва бу билан ўзбек адабиётида янги давр бошланди. Асарнинг муаллифи Ўзбекистоннинг маҳоратли ёзувчиларидан бўлган Абдулла Қодирий (Жулқунбой) замонасининг одамларидандир, олдинроқ пролетар мафкурасини хушламаганди, пролетар ҳаётига иштирок этмаган зиёлилардан эди. У мадрасада ўқиган, бир неча вақт приказчик вазифасида савдо ишлари билан шуғулланган, инқилобдан сўнг “Муштум” журналида “Тошпўлат тажанг”, “Калвак маҳзум” тахаллуслари билан танилган. Янги миллий руҳдаги зиёлилар қаторида туради. “Ўтган кунлар”нинг қиймати хонлар давридаги қонли фожиалар, хунрезликлар, ички ихтилофларни акс эттиради. Муаллиф бу асарда ўтган унутилган кунларни кўз олдимизда жонлантиради. Асар нафис ўзбек адабиётининг биринчи романларидан саналади: асарда бир тарафдан ўзбек ҳаёти, хотин-қизларнинг ҳаёти, уларнинг нозик табиати, садоқати, гўзал одатлари тасвир этиларкан, иккинчи тарафдан кишиларнинг зулм остида қул каби умр кечириши, оилавий можаролар нафис тарзда кўрсатилади. Романнинг заиф жиҳатлари ҳам бор. Озарбайжончага ўгириш жараёнида шундай ўринлар қисқартирилди, ўткир қалам билан ёзилган роман ҳолига келтириш учун ҳаракат қилинди. …Асарнинг услуби ўзбекларнинг бутун сажиясини ўзида акс эттирган. Услуб чиройли, …қаҳрамон энг оғир дақиқаларда ҳам ўзини йўқотмайди, қонли тўқнашувлардан сўнг ҳам ўзини совуққон тутади. Қаҳрамон ўзбек халқининг бутун сажиясини ўзида мужассам этган бир ўзбекдир. Асар реалист, баъзи жойларда натуралистчасига ёзилган. Шунга асосан, “реализм унсурлари ўзбек адабиётига шу асар орқали кириб келди”, дейиш мумкин. Абдулла Қодирий ўзбекларнинг Мирза Фаталисидир. Бу роман Ўзбекистонда ҳар бир хат-саводли ватандош томонидан севила-севила ўқилмоқда. Ўзбекистон нашриётларида уч марта чоп этилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларига бир-бирларининг яшаш тарзлари билан таништириш учун бу асар нашри лозим кўринди. Ўзбекистон шўролар байроғи остида маданий тараққиётда илгарилаб кетган.
“Ўтган кунлар” романи татар тилига Мустафо Нуъмон таржимасида 1959 йилда, турк тилига Аҳсан Ботур таржимасида 1993 йилда, немис тилига 1968 йилда Арнольд Шпехт томонидан ўгирилди. Кузатаётганимиздек, озар тилига “Ўтган кунлар”нинг Холид Саид томонидан таржима этилиши бошқа туркий тиллар ва немис тилига ўгирмадан 30-60 йил олдин содир бўлди. “Ўтган кунлар”нинг роман ёзилганидан икки йил ўтиб, 1928 йилда озар тилига зудлик билан таржима этилиши, нима бўлганда ҳам, ўта тезлашган жараён эди. Бунинг сабабларидан бири эса тақдир тақозоси билан Озарбайжонга бориб, яшаб қолган Холид Саиднинг “ўзбек” эканлиги билан изоҳланса, иккинчи тарафдан, Абдулла Қодирий ижодига мутаржимнинг улкан муҳаббати деб тушуниш мумкин. Холид Саиддан сўнг, “Ўтган кунлар” романи озар ёзувчиси Исҳоқ Иброҳимов томонидан қайтадан таржима этилиб, Бокуда уч марта нашр этилди.
Туркияда Холид Саид ҳаёти ва ижоди бўйича Аталай Бесим, Темур Кўжа ўғли, Мустафо Токер, Уфук Денгиз Ашчи, Фатиҳ Эрбай, Айча Эргунларнинг илмий мақола ва тақризлари эълон этилган.[8] Ўзбек адабиётшунослигида эса Холид Саид адабий шахсияти ҳамон етарлича ўрганилмай турибди. Ваҳоланки, Қодирий ва Холид Саид муносабатларини, хусусан, Озарбайжондаги Қодирий ижодининг илк тарғиботчиси сифатида Бокуда икки марта нашр этилган “Ўтган кунлар” романининг озарча ва аслият вариантларини қиёсий планда ўрганиш, қолаверса, олимнинг тилшунослик соҳасидаги тадқиқот ва эссе-хотира китобларини ўзбекчалаштириш галда турган вазифалардан биридир.
Ўзбек адабиётининг озарбайжондаги фаол тарғиботчиларидан яна бири Алмаз Улви Қосим қизи Биннатовадир. Алмаз хоним 1960 йил Озарбайжонда Гўйча маҳалласининг Кaсаман кентида зиёли-муаллим оиласида туғилади. У илк таълимни кентда олади, олий таълим таҳсилни эса 1978-1984 йилларда Боку Давлат университетида давом эттиради, айни пайтда икки йиллик форс тили шўъбасини ҳам тугаллайди. 1990 йили шаҳид шоир Улви Бунёдзоданинг хотира музейига асос солган. Ҳозирги кунда музейнинг фахрий директори. 1995 йилда “Демократия ва миллий мустақиллик даврида кураш мотивининг шеъриятда акс этиши” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. 2010 йилда “ХХ аср озарбайжон адабиётшунослигида ўзбек классикларининг маҳорати” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Бундан ташқари, Озарбайжон Фанлар академияси Миллий муносабатлар институтининг етакчи илмий ходими. Алмаз Улви 20 га яқин илмий, публицистик китоблар муаллифи. Унинг “Озарбайжон-ўзбек (чиғатой) адабий алоқалари” илмий монографияси даврлар, сиймолар, жанрлар ва тамойиллар масалаларини ўрганишга бағишланган.[9] Мазкур китобнинг 3-боби “Реалист чиғатой ўзбек насри” фаслида олима Абдулла Қодирий биографияси, роман ва ҳикоялари, ҳажвий шеърлари ҳақида қисқача маълумот бериб, “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларининг озар тилига таржима этилиш тарихига ҳам тўхталиб ўтади. Шунингдек, тадқиқотчи А.Қодирийнинг “Обид кетмон”, “Ғирвонли Маллабой” асарларига ҳам алоҳида тўхталади. Аммо чуқур таҳлилларга киришмайди. Алмаз Улвининг Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди бўйича “Гўзал реалист ўзбек шоири (Абдулла Қодирий)”, “Гўзал реалист ўзбек носири (Абдулла Қодирий)”, “Абдулла Қодирий ижоди замондош ўзбек адабиётшунослар талқинида” (Баҳодир Каримнинг қодирийшунослик соҳасидаги тадқиқот ва китобларига тақриз) мақолалари нашр этилган.
Олима “Ўтган кунлар” романини шундай баҳолайди: “Абдулла Қодирий тарихий мавзуга мурожаат этаркан, унинг маҳорати шундаки, у ўз халқи тузумини, меҳнаткашлигини, қаҳрамонлик тарихини, халқининг ўз озодлиги ва мустақиллиги йўлида курашини очиқ кўрсатишга эришган, мавжуд даврда муаммоларни ҳал этиш ўта мушкул бўлганлигини китобхонга гўзал тарзда етказган”[10].
Озарбайжон-ўзбек адабий алоқаларининг минг йиллик тарихи бор. Бу тарих ичида олимлар, таржимонлар, ёзувчи-шоирлар ҳар бири алоҳида ўринга эга. Хусусан, озарбайжонлик ўзбекшунослар Ҳамид Арасли, Халил Ризо, Аббосзода Ҳусайн, Азиза Жафарзода, Ёқут Дилбози, Ойдин Абилов, Ғуломҳусайн Алиев, Паноҳ Халилов, Мирза Иброҳимов, Яшар Қосимов, Мирзаоға Қулизода, Ғулом Маммадали, Аҳад Мухтор, Жаннат Нағиева, Озод Набиев каби йигирмага яқин олимларни санаш мумкин. Аммо сўнгги йилларда бу соҳада энг “кўп” ва “хўп” ёзган, Озарбайжонда ўзбек адабиётини фаол тарғиб этаётган олима Алмаз Улвидир. Хусусан, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодининг озарбайжонлик олимлар ишларида ўрганилишини тадрижий, мавзуий тадқиқ этиш навбатда турган ишларимиздан.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон
——————————–
[1] Каримов Н. Абдулла Қодирий ва Холид Саид // Поэтик тафаккур ва талқин муаммолари. Тошкент: ТДПУ Ризограф, 2014. – Б. 35-45.
[2] Halid Said Hocayev. Yeni alifba yollarında eski hatıra ve duygularım. Ankara: Türk dili kurumu. 2006. 131 s.
[3] Ўша асар. S.7.
[4] Halid Said Hocayev. Yeni elifba yollarında eski hatıra ve duygularım. Ankara: Türk dili kurumu. 2006. S. VII -VIII.
[5] Aziz Gubaydullin takdimi / Halid Said Hocayev. Yeni elifbf yollarında eski hatıra ve duygularım . Ankara: Türk dili kurumu. 2006. S. 2.
[6] Ali Şamil Hüseyinoğlu. Harf inkılabının salnamecisi – Halid Said Hocayev // I. Uluslararsı Kitle iletişim Araşlarında Türkçenin kullanımı bilgi şöleninin bildirileri: 2011. S. 675-686.
[7] Ali Şamil Hüseyinoğlu. Harf inkılabının salnamecisi – Halid Said Hocayev // I. Uluslararsı Kitle iletişim Araşlarında Türkçenin kullanımı bilgi şöleninin bildirileri: 2011. S. 675-686.
[8] Atalay Besim. Dıvanü Lüğatit Türk Tercümesi. Ankara.
[9] Almaz Ülvi. Azərbaycan – özbek (ciğatay) ədəbi əlaqələri. Baki – Qartal. 2008. 328 s.
[10] Ўша асар. 193.