Бошлиқ қўнғироқ қилганда жиринглайдиган, ходимлар унга «соқов» деб ном қўйган телефон «сайраганда» хонадагилар бир-бирига хавотирланиб қарашди. Ранги қув ўчган Нусратбек телефон гўшагини аста кўтарди. Қабулхона котибасининг овози эшитилди:
— Сизни Тоир Турсунович сўраяптилар. Зудлик билан ҳузурларига кирар экансиз.
Қўрқувдан қўллари қалтираган Нусратбек ҳамхоналарига юзланиб сўради:
— Кечаги зиёфат пайти, кайф устида бирор ножўя гап айтмадимми? Эй Худо, ўзинг асрагин.
Одатдагидек пардоз-андозини жойига қўйган Назокатхон бошлиқнинг кайфияти аъло зканини айтгандан кейин Нусратбекнинг юзига қизиллик югурди.
— Ассалому алайкум, мумкинми хўжайин, йўқлаган зкансиз.
Хўжайиннинг одати шундай: кайфияти яхши бўлганда ҳаммани «хон»лаб қолади, кайфияти хуфтон бўлиб турганда эса фамилиясинигина айтади. Йўқ, ҳайтовур котиба айтганидек, бугун кайфияти яхши экан. Шу боис режа бўлими ходимидан:
— Кайфиятлар яхшими, Нусратхон? Сизни йўқлаганим сабаби, қачон дам олишга чиқмоқчи эдингиз? — деб сўради.
— Энди сиз қачон десангиз шу кундан-да, хўжайин.
— Яна бир гап. Кечаги зиёфат қандай бўлди, ҳамма хурсандми?
— Хурсанд бўлганда қандоқ, ўзингиз бош бўлган ҳар қандай иш аъло бўлади-да. Ходимларга топширган совғаларингизга эса гап йўқ. Келинингиз ҳам совғани уйнинг кўзга ярқ этиб кўринадиган ерига жойлаб қўйди.
— Унда яхши, Нусратхон, — деди Тоир Турсунович. Сўнг ўрнидан туриб, хонанинг кўча томонга қараган деразаси олдига келди-да:
— Янгисидан бор, эшитасизми? — дея узундан узоқ латифани бошлади.
Нусратбек хўжайиннинг ҳар бир сўзини бутун аъзоси қулоқ бўлиб эшитар, икки тиззасига қўлини шапатилаб тинимсиз куларди. Ниҳоят Тоир Турсунович латифасини тугатди. Нусратбек кулгидан ўзини тўхтатолмай бошлиққа аста юзланди:
— Қойил, қойил. Умрим бино бўлиб бунақа оҳори тўкилмаган латифа эшитмаган, маза қилиб кулмаган эдим, — дея, хушомад ила хонадан чиқиб кетди.
Хонасига кирганда ҳамхоналари унга хавотирли боқишди:
— Ҳа, Нусратбек, тинчликми? Дакки базм бўлдими?
— Нима бўларди, тинчлик, — деди хотиржам. — Янгисидан айтиб бердилар. Янги бўлганда ҳам қанақа денг, ўзим айтган латифани обдон бузиб айтди: на боши, на кети йўқ. Буни бошқадан эшитганда ўлай агар, йиғлардим. Лекин, начора, буёғи хўжайинчилик, бор маҳоратимни ишга солиб кулишдан бошқа чорам қолмади.
Қодиржоннинг қитмирлиги тутиб:
— Ака, гап келганда отангни ҳам аяма, деган нақл бор. Мабодо хушомадгўйлик бўйича танлов ўтказилса, сиз албатта ғолиб бўлардингиз.
— Нима демоқчисиз? Хўш, сиз менинг ўрнимда бўлганингизда нима қилардингиз? Ўзингизни қитиқлаб бўлсаям кулишга мажбур бўлардингиз-да.
Хуллас, ҳамхоналар Нусратбекнинг уддабуронлигига қойил қолишди. У эса:
— Нима бўлса бўлди. Янгисидан эшитасизларми? — деб, бошқа бир латифани бошлаб юборди.
Бу пайт Назокатхон Тоир Турсуновичнинг топшириғи билан кулгининг қадрига етадиган Нусратбекка йўлланма сўраб курортлар бошқармасига қўнғироқ қиларди…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 46-сон