Лидия Авилова. Бир умрлик муҳаббат (биографик қисса)

I

1889 йилнинг 24 январь куни менга опам “Тез бизникига кел, Чехов келган”, деб хабар қилди. Унинг эри — поччам машҳур бир газетанинг муҳаррир-ношири эди. Опам мендан анча ёш катта. Ўзи қўғирчоқдек, қўл-оёқлари бежирим, оқ-сариқдан келган, катта-катта кўзларида умид учқуни порлаб турадиган меҳрибон опамга мен ич-ичимдан ҳавас қилардим. Унинг олдида ўзимни юзлари қип-қизил, бесўнақай бир бақалоқдек ҳис этардим… Орзудаги малика — опамга сираям ўхшамайман. Устига устак, мен москваликман. Пойтахт Петербургда яшаётганимга энди икки йил бўлди, ҳалиям қишлоқи ҳисобланаман. Опам эса пойтахтлик хонимгина бўлиб қолмай, бот-бот чет элга саёҳат қилади, кийим-бошидан тортиб упа-элигигача Париждан. У каттакон ҳашаматли уйда осуда ҳаёт кечирарди. Уларнинг хонадони доим гавжум: казо-казо ёзувчию шоир дейсизми, артистлар, рассомлар, хонандалар тез-тез меҳмонга келиб туради. Опамнинг ишқ тарихи-чи! Дадам у севган йигитни хушламаган, шунинг учун опамни қаттиқ назорат қиларди. Шунга қарамай, поччам уни нақд рақс кечасидан опқочиб уйланган — шу сабабми, опам кўзимга нур чулғаб олган сирли санамдек кўринарди. Мен-чи, у билан солиштирганда, мен ким эдим? Бор-йўғи энди ўқишни тамомлаб, халқ таълими департаментида майда бир югурдак лавозимида фаолият бошлаган ёш йигитга турмушга чиққан плющихолик қизалоқман-да. Кечаги кунларимда ҳам айтгулик нима бор экан? Ушалмаган орзуларимдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ўзим жон-дилдан севаман деб ўйлаганим бир йигитнинг қайлиғи бўлганман, холос. Аммо тез орада ундан ҳафсалам пир бўлиб, алоқаларимни уздим. Менга аччиқ сабоқ берган ўша кечинмалардан сўнг қатъий қарорга келдимки, бундан кейин севги-певги деб бошимни оғритмайман, аксинча, йиртса йиртилмайдиган бир либосни танлагандек ақл билан, ҳар томонини ўйлаб эр қиламан. Шу тарзда қайлиқ ҳам танладим, буёғидан кўнглим тўқ эди. У жуда ақлли, истеъдодли, университет таълимини кўрган, ўқимишли, кўп нарсадан хабардор, дунёқараши кенг инсон.
Одамлар билан муомалада андак илтифотсизлигини айтмаса, ўзи софдил, дангалчи, кўпинча заҳарханда аралаш гапиради. Ҳеч қачон ўз фикрини айтишдан тортинмайди, жуда ёш бўлишига қарамай, катталарнинг ҳам ишончини қозониб, ўзига нисбатан ҳурмат уйғота билади.
— Тили аччиқ! — дерди уни поччам, Надянинг эри кулиб.
У Мишага ёш болага қарагандек қарамас, доим тенг тутиб муносабат қиларди. Аввалги қайлиғим — зобит ҳақида нима дегани эса ҳалиям эсимда: “Нима ҳам дердик, дуруст! Сирма шими ҳам, мўйлови ҳам… Гусар, шамширига суянганча… Дуруст!”
Эҳтимолки, поччамнинг шу гапи ундан кўнглим совишига туртки бўлгандир.
Қиз бола одатда қайлиғини қандай севиши лозим бўлса, мен уни шундай севмаслигимни Миша биларди. Бунинг устига, ўзи ҳам менинг ҳув омадсиз севги қиссамда асосий иштирокчилардан бўлган, ҳатто Лидия сенга турмушга чиқмайди, деб ўша йигит билан гаров ҳам ўйнаган.
Шартлашув чоғи ўзим ҳам бор эдим. Гаровга ярим шиша шампань виноси тикилган, биз буни анчайин ҳазил, Миша бизни бир меҳмон қилмоқчидир-да, деб ўйлаган эдик. Лекин у узоқни кўзлаган зийрак йигит экан. Гаровда ютди, аммо… шампанини ундиролмади. “Ахир у эмас, мен уйланаман”, дея ўзини юпатгандир; бўлғуси хотинининг унга кўнгли йўқлиги, фақат шунчаки қадрлаши ҳам гўё аҳамиятсиз нарса эди. У ҳатто “сени севмайман” деган иқроримни ҳам унутиб юборгандек кўринарди. Кейинчалик маълум бўлдики, асло унутмабди, бу ҳол менга жуда қимматга тушди — азобини кўп тортдим.
Ёзувчи бўлиш — орзум эди. Болалигимдан бир нималар ёзиб юрардим — шеър, ҳикоя дегандек. Ҳаётда ёзишдан ортиқроқ кўрган машғулотим йўқ эди ҳисоб. Бадиий сўз — мен учун мўъжизанинг ўзи, буюк куч. Тинмай китоб ўқирдим, севимли адибларим орасида Антоша Чехонтенинг алоҳида ўрни бор эди. Унинг асарлари поччамнинг газетасида ҳам босилиб турди. Ҳар бир янги ҳикояси мени ҳаяжонга солгани рост. Тинглайдиган бошқа тирик зот бўлмаганидан бор дардини қирчанғи отига тўкиб солган Ионга ачиниб роса йиғлаганларим-чи! Ионнинг ўғли ўлади. Ёлғизгина фарзанди. Лекин ҳеч кимнинг у билан иши бўлмайди. Нега энди, Чехов ёзгандан кейингина одамлар бунга эътибор берди, ўқиди, йиғлади? О, қудратли, мўъжизакор адабиёт!
“Тез бизникига чоп, Чехов келган”. Тўққиз ойлик эмизикли болам қўлимда — Лёвушка. Тўғри, чўмилтиргандан кейин у узоқ ухлайди, кечқурун вақтим бемалол. Яна денг, энагамиз жуда садоқатли, меҳрибон, пишиқ-пухта аёл. У бир вақтлар ўзимга ҳам энагалик қилган.
Миша нимагадир андармон, қолаверса, Чехов билан танишаман деб кўзи учиб тургани ҳам йўқ, хуллас, опамникига ёлғиз жўнадим.
Чехов хонанинг у бошидан-бу бошига бориб-келиб ниманидир сўзлаб бермоқда экан, остонада мени кўриб гапидан тўхтади.
— Ҳа, Флора қиз! — деди поччам Сергей Николаевич баралла овозда. — Рухсат этинг, Антон Павлович, Флора қизни сизга таништирай. Менинг шогирдим бу.
Чехов шахдам юриб ёнимга келди, жилмайиб қўлимни олди. Бир-биримизга тикилиб қолдик, у нимадандир ҳайратлангандек туюлди менга, Флора деган исмдан бўлса керак. Рангим тиниқ, қалин сочимни гоҳида иккита қилиб ўриб юрганим учун Сергей Николаевич мени шундай атарди.
— Ҳикояларингизни ёд билади, — дея давом этди Сергей Николаевич, — чамаси, сизга хат-пат ҳам ёзган бўлса керак, бироқ буни бировга айтмайди, яширади.
Чеховга зимдан сер солдим: кўзи сал қисиқроқ экан, кўйлагининг оҳорланган ҳалқасимон ёқаси ҳам, бўйинбоғи ҳам бирмунча кўримсиз.
Мен кириб ўтиргач, Чехов яна у ёқ-бу ёққа қадамлаб ҳикоясини қолган еридан давом эттирди. Англашимча, Петербургга у “Иванов” деган пьесаси саҳналаштирилиши баҳонасида келган. Лекин актёрлардан мутлақо кўнгли тўлмабди, қаҳрамонларини саҳнада кўриб танимаётганмиш, пьеса барбод бўлишини ўйлаб ҳадикда экан. Қон тупураётганидан жуда хавотир ва қаттиқ изтиробда эканини ҳам яширмади. Петербургни унча хушламасмиш. Тезроқ шу ишлар битсаю кетсам дейди. Бундан кейин театрга ҳеч нарса ёзмайман деб ўзига ўзи сўз берибди. Бир қарашда актёрлар бинойидек, ролларини ҳам маромига етказиб ўйнаяпти, аммо негадир менинг кўнглимдагидек эмас-да, ўз билганича, дея куйинарди у.
Шу вақт Надя опам кириб, меҳмонларни дастурхонга таклиф қилди. Сергей Николаевич ўрнидан тургач, бошқалар ҳам қўзғалди. Ошхонага чиқдик. Иккита стол тузалган эди: узунроғи овқатланиш учун, иккинчисига газаклар ва ичимликлар териб қўйилган. Мен бир чеккада турган эдим. Антон Павлович қўлида тақсимча билан ёнимга келди ва бир ўрим сочимни ушлаб:
— Бунақасини ҳеч кўрмаган эдим, — деди. Афтидан, у мени аллақандай Флора қиз деб шундай бетакаллуф муомала қиляпти. Агар эрим Мишаю бир ёшга тўлай деб қолган ўғилчам борлигини билганидами…
Биз ёнма-ён ўтирдик.
— Буям у-бу нарса ёзиб туради, — деди Сергей Николаевич тавозе билан Чеховга. — Нимасидир бор… Учқуними… Фикрлари ҳам… Оз бўлса-да, ҳар ҳолда ҳар қалай ҳикоясида ғоя борга ўхшайди.
Чехов кулиб менга қаради.
— Ғояни ўйламанг! — деди у. — Ҳеч ўйламанг. Нима кераги бор? Кўрган-билганларингизни, кўнглингиздан кечганини ҳаққоний, самимий ёзсангиз бўлгани. Анови ҳикоянгизда нима демоқчи бўлгансиз, бунисида-чи, деб мени кўп тергашади. Бундай саволларга мен жавоб бериб ўтирмайман. Нима дейин ахир? Менинг вазифам — ёзиш, ақл ўргатиш эмас! Исталган нарса ҳақида ёзишим мумкин, — деди жилмайиб. — Мана шу шиша тўғрисида ёзинг денг. Хўп, “Шиша” деган ҳикоя ёзиб бераман. Ғоя-поя деб бош қотириш шарт эмас. Жонли, ишонарли образлардан ғоя ўзи келиб чиқади, ғоядан образ эмас.
Меҳмонлардан бири ялтоқироқ оҳангда эътироз билдиргандек бўлган эди, унинг қовоғи уюлди, курсига суяниброқ ўтирди-да:
— Йўқ, ёзувчи қуш эмаски, чуғур-чуғур қилса, —деди. — Уни сайрасин деб ким айтди сизга? Башарти мен яшаётган, ўй ўйлаётган, курашаётган, ғам чекаётган бўлсам, бунинг ҳаммаси асарларимда акс этади ахир. Ғоя, идеал деган гаплар шартмикан? Мен агар чинакам ёзувчи бўлсам, бу албатта ўқитувчи, воиз ёки тарғиботчи дегани эмас-да! Мен ҳаётни ҳаққоний, яъники бадиий тарзда тасвирлайман, сиз эса унда ўзингиз илгари ҳеч билмаган, фарқига бормаган воқеликнинг муайян меъёрлардан четга чиқишини, зиддиятларини кўрасиз. Бирдан менга ўгирилиб:
—“Иванов”нинг тақдимотига келасизми? — деб сўради.
—Боролмасман, чипта топиш қийин бўлар.
—Мен сизга чипта юбораман. Шу ерда, Сергей Николаевичникида турасизми?
Кулиб юбордим.
— Энди айтсам бўлар: мен асли Флора қиз ҳам, Сергей Николаевичнинг шогирди ҳам эмасман. Бу киши мени ҳазиллашиб шундай деб чақирадилар. Мен Надежда Алексеевнанинг синглисиман, турмуш қилганман. Болам ҳали эмизикли бўлгани учун энди уйга кетишим керак, — дедим.
Бу гапимни эшитган Сергей Николаевич:
— Флора қиз, керак бўлсанг ўзлари чақириб келишади. Уйи шу атрофда, икки қадам, — деди у Антон Павловичга изоҳ бериб. — Ўтиравер. Ҳали ухлаётгандир чинқироғинг. Антон Павлович, кетгани қўйманг буни.
Антон Павлович алланечук энгашиброқ кўзимга тикилди:
— Ўғлингиз борми? А? Зўр-ку!
Баъзан ҳаётингизда нимадир рўй беради-ю, уни бировга тушунтириш у ёқда турсин, ўзингиз англаб олишингиз ҳам қийин кечади. Аслида-ку, ҳеч гап бўлгани йўқ. Фақат нигоҳларимиз бир тўқнашиб кетди, холос. Аммо ич-ичимда нимадир портлади: завқу шиддат билан ёрқин бир мушак отилди гўё. Антон Павлович ҳам худди шундай бир ҳисни туйди-ёв, бунга шубҳам йўқ. Ҳайратланиб бир-биримизга тикилиб қолдик.
— Мен яна келаман бу ерга, — деди Антон Павлович. — Учрашармиз? Ёзган, босилиб чиққан машқларингиздан бўлса, ҳаммасини менга беринг. Бажонидил ўқиб чиқаман. Келишдикми?
Уйга келсам энагаси Лёвушкани йўргаклаётган, ўзи бўлса юзлари буришиб, йиғлай-йиғлай деб турган экан.
—Ўғлим бор-а мени! Зўр-ку! — дея уни эркалатдим.
Орқамдан изма-из хонага Миша кирди.
— Ойнага бир қара, — деди у жаҳл билан. — Қизариб-бўзариб кетганингни! Бу, сочни иккита қилиб ўриш қаёқдан чиқди ўзи! Чеховингни лол қолдирмоқчи бўлибсан-да?! Бу ёқда бола биғиллаб ётибди, онаси бўлса қаёқдаги беллетристларга ноз-карашма қилиб юрибди!..
Миша “беллетрист” сўзини мирқуруқ бир маҳмадона деган маънода қўллашини билардим.
—Чехов — беллетристми?! — дедим энсам қотиб.
Миша хонада у ёқдан бу-ёққа юра бошлади.
—Ҳа, нима, яхши ёзадиган бўп қоптиларми? Хўш, гапир, эшитайлик.
Бунингга бир қара деб имо қилдим кўзим билан: ўғлим ҳузур қилиб эмар, кўзлари сузилиб кетган эди. Бунга тинчлик керак. Миша чиқиб кетди. Қўшни хонадан унинг қадам товуши, бемаъни ҳуштаги эшитилиб турибди. Ҳуштак чалишига ҳам ўрганиб кетганман, лекин ҳозир асабимни қақшатмоқда эди.
Бояги хуш кайфиятимдан асар ҳам қолмади. Дил-дилимни байрамона нурафшон этиб турган ажиб қувонч товус мисоли қанотларини, кўзни қамаштиргувчи жилваларини итоаткорона йиғиб олди, аянч билан бўйнини қисди. Ана шу-да! Бари эскича. Турмуш яна аввалгидек бир маромда давом этаверади. Нега энди у дафъатанига қувноқ, гўзал бўлиб қолиши керак? Ким шундай деб ваъда қилибди?..
Менинг ўғлим бор, ҳа, ўғлим! Мана, у дўмбоқча. Юзлари дум-думалоқ, чаккасида сут томчиси. Йўргакдан бир қўлчасини чиқариб олиб кўкрагимга қўяди… Жону дилим менинг! Ухла, овунчоғим!

II

Оила бахти дегани нима ўзи? Бу жуда ноёб, доимий эътибор талаб қиладиган нозик бир ниҳол.
Лёва туғилганидан буён мен ҳам “оилавий бахтим”га кўпроқ эътибор қаратадиган бўлганман.
Чехов билан илк учрашувимиздан буён уч йил ўтди. Уни кўп эслардим, доим ғамгин хаёлларимдан нари кетмасди. Энди уч бола — Лёва, Лодя ва Нинанинг онасиман. Миша ҳавас қилгулик ота. Рўзғоримиз янаям тўкин бўлиши учун кечалари ҳам тиним билмайди. Бўш вақт топгудек бўлса, болаларининг атрофида парвона. Лекин болага қарашга нўноқроқ, чақалоқни қўлига олса, албатта ёпқичини тушириб юборади, катталари билан ўйнаса, ўйинчоқларини бузиб қўяди. “Э-э, дада!” деб қичқириб қолади бундай пайтда болалар таъна билан. Лекин унинг ишдан келишини интиқлик билан кутишади, хурсанд бўлиб кетишади. Ҳатто Нинагинам ҳам дадасига талпинади, қўлига олса бир нималар деб чуғирлаб, қийқиради.
Оилавий тотувлигимиз хийла мустаҳкам эди. Бир кун Миша менга:
—Хўш, онаси, думинг чандилиб қолдими? Энди ажрашмоқчи эмасмисан? — деса бўладими!
Афт-башарам буришиб кетди.
— Ҳа, гапим ёқмадими? Беллетрист эмасман-да. Турмуш қурган йилимиз менга ажрашайлик деганинг эсингдами?
Эсдан чиқариб бўлармиди буни! Ўша йил худди ёмон тушдек хотирамда қолган. Аввало, эримнинг ҳаддан ташқари бемаза хулқ-атвори ва чидаб бўлмас даражада талабчанлиги одамни эзиб ташлаган эди. Биринчи марта черковдан энди никоҳ ўқитиб келганимизда жанжаллашганмиз. Айлангани бормоқчи эдик, у калиш киясан, деб туриб олди, мен киймайман, дедим. Биз худди чўқишишга шай жўжахўроздек бир-биримизга тик боқиб турардик. Кейинчалик ҳам шунга ўхшаш арзимас икир-чикирларни деб кунда неча бор жиқиллашиб олганмиз. Мен шахсий эркимни ҳимоя қилмоқчи бўлардим, у эса обрўйини.
Обрў ўлгури қайдан пайдо бўлибди? У мендан атиги бир ёшгина катта, иккинчи синфда ўқиб юрганидан буён биламан уни. Турмушга чиққунимча у менга қарши бирор нима демоққа ҳадди сиғармиди?
Менинг эса ижод билан шуғуллангим келарди. Кунларнинг бирида Гольцев, ёзган ҳамма нарсангизни менга олиб келинг, деб қолди. Олиб бордим, сўнг у мени роса тер тўкиб ишлашга мажбур қилди. Ҳикояларимда нима камчилик бўлса, барини эринмай изоҳлаб берди, жиддий равишда қайта кўрмоқни талаб этди. У менга баъзан: “Мана буниси чакки эмас, нашрга берса бўлади, аммо ҳали эрта. Кўпроқ ишланг”, дерди.
Турмушга чиқмоқчи эканимни айтганимда у астойдил куйиниб:
—Ана холос! Сиздан энди ёзувчи чиқмайди! — деган эди.
Шунда мен ўзимга ўзим сўз берганманки, ҳеч нимаси тамом эмас, ёзаман, оилавий турмуш ижодимга халал бермайди. Адашган эканман! Ёзишга деярли вақт тополмай қолдим, ҳаётим буткул ўзгариб кетди.
Миша тушгача ишда бўларди. У келгунча ўзим хоҳлаган иш билан машғул бўлмоққа фурсат бемалолдек эди, яна хизматкорим ҳам бор. Аммо барибир икир-чикир юмушларга андармонман, ўзим бозорлик қиламан, ҳамма нарсани Миша айтган жойдангина олишим керак: қаҳвани Морскойдан, қаймоқни Садовийдан, тамакини Невс-кийдан, квасни Моховдан.
Жаркопга қайлани, ошпазга ишониб қўймай, ўзим тайёрлашим лозим эди. Папиросга тамаки жойлаш ҳам менинг зиммамда. Уйдаги энг асосий яна бир вазифам — эшикларга қараб юриш эди. Ошхонадан ов-қат ҳиди кирмаслиги учун бошқа бўлмаларнинг эшиги куни билан ёпиқ туриши керак. Кечқурунларигина ҳаво мўътадиллашсин деб эшиклар очилади. Миша ишдан келганда хоналарда сал-пал овқат ҳиди сезилса ҳам шўрим қуриди деяверинг. Кечалари Миша илмий иши устида ишлаётганда мен ҳам ётоқ бўлмамга кириб, бирор нима ёзмоққа уринардим. Иш бошламасимдан Миша бақириб қоларди:
— Нега ётоқнинг эшиги ёпиқ? Очиб қўй! Нима қиляпсан у ерда? Бу ёққа кел!
—Ёзгим келяпти.
—Сенинг-ку шунчаки ёзгинг келяпти, мен эса ёзишим шарт. Бир жумлани ҳеч чиқаролмаяпман, қарашиб юборсанг-чи, беллетрист!
Кейин у хонада у ёқдан-бу ёққа ҳуштак чалиб кеза бошларди.
Кел, ажрашиб қўяқолайлик, деганимда у:
— Нега энди? Бир ўйлаб кўр-чи, ўртамиздаги тушунмовчилик ва жанжалларга сенинг ўжарлигинг сабаб. Сен палапартиш яшашга ўргангансан, инжиқликларингни бошқаларга ўтказиб келгансан. Буни сен эркинлик дейсан, мен эса бетартиблик. Мана, ишим ўзимга ёқмайди, сен шаҳарда яшайман деб оёқ тираб олмаганингда, қишлоқда мол-ҳол боқардим, томорқага ул-бул экардим. Сенинг раъйингга қарши бормадим-да. Нега энди сен ҳам уйда ҳамма нарса батартиб бўлишига кўника қолмайсан? Нима, сенинг гўзал чеҳрангга термилиб хушомад айтиб ўтиришим керакми фақат? Ажрашайлик дейди-я! Нима сабабдан? Уят-э!
Доим ширин гапириб эркаламагани учунгина ажрашайлик демадим унга. Маълум бўлишича, қўрслик отасидан ўтган экан, оғир феъл-атворига ортиқ тоқат қилолмай қолган эдим. Мен унинг кўзини очиб қўймоқчи эдим, холос — ўйлаб иш қилсин-да. Ўзимдан ўзим ажрашайлик демайман-ку, ахир. Унинг қанчалик севишини билатуриб, лекин аввало ўз манфаатимни кўзлаб, кўнгилсиз, муҳаббатсиз, худбинлик билан турмушга чиққанимни доим юзимга солгани- солган. Ҳаётимни барбод қилишга ҳаққинг йўқ, сенга ўхшаб фақат ўзини ўйлаб эмас, мени ростакамига севиб эрга чиқадиган қизни учратардим бир кун, деб неча марта ақлдан озгудек бўлиб менга бақиргани учун ҳам ажраша қолай деган эдим. Ростдан ҳам унга астойдил кўнгил қўядиган қизни учратармиди? Менга ўхшаб танлайдиган эмас, севиб қоладиган қизни топармиди?
Ажабо, оилавий турмуш ҳақида мен бошқача фикрда эканман. Энди эса ўзимни аллақандай қарздордек ҳис этадиган бўлиб қолган эдим. Бундай қалтис хатони, айбимни — агар ростдан ҳам айбдор бўлсам — қандай тузатиш мумкин? Ахир бошданоқ уни севмаслигимни биларди, мен буни яширмаганман, очиқ юзига айтганман. Шунинг учун ҳам галдаги бир катта можародан сўнг ажрашиш ҳақида сўз очган эдим. Табиийки, у икки дунёда ҳам бунга рози бўлмасди.
У мени аввалгидан ҳам қаттиқ севишини билардим. Менсиз яшай олмаслигини ҳам билардим. Бунинг устига, фарзанд кўришимга оз фурсат қолган, шу кунни иккимиз ҳам интиқ кутаётган кезлар эди.
Ўғлимиз оиламизга бахт ҳам олиб келди. Илгариги бўлар-бўлмас жанжаллар камайди. Бир-биримизга ён берадиган бўлдик. Яна икки фарзанд дунёга келгач эса ажрашиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Думим маҳкам чандилди, Миша ҳам оила боқиш ташвишида кечаю кундуз тинмай ишларди.
Шу уч йил ичида ҳаётимиз анча изга тушиб, эр-хотин тотувлашиб кетдик. Энди Мишанинг аччиқ гапларига унча парво қилмай қўйдим. Боз устига, у кейин доим пушаймон ер, айбини ювишга ҳаракат қилар эди. Бўш вақтларим ижод билан шуғулланаман, Миша ҳам монелик қилмайди. Ҳатто матбуотда ҳикояларимни чоп эттира бошладим. Хуллас, ҳаётим тўкис туюлар ва болалар касал бўлмаган чоғлар мендан бахтиёр одам йўқдек эди.
Аммо менга барибир нимадир етишмасди.

III

1892 йилнинг январь ойида Сергей Николаевич газетасининг йигирма беш йиллигини нишонлади. Келганлар тадбир бошланишидан олдин ибодат қилиб олиб, сўнг тушлик дастурхони ҳозирланган меҳмонхонага ўтиши керак эди. Ошхонага ҳамма сиғмасди, шунинг учун черков расм-русумлари бу ерда ўтказиладиган бўлди.
Меҳмонхонадан ошхонага даҳлиздаги нақшинкор панжарали зинапоя орқали ўтилар, зинапоя қаршисидаги деворда каттакон тош-ойна бор эди. Эшик олдида турибман, ўзим ойнада акс этмаган ҳолда, зинадан тепага чиқаётганларни кузатаётирман: аёллару эркаклар, таниш-нотаниш одамлар. Уларга қараб туриб бу қанчалик диққатбоз йиғин бўлишини ўйлаб сиқилардим. Ҳозир мени ҳам бирор нозикроқ меҳмоннинг ёнига ўтқазиб қўйишади. Ана кейин унинг кўнглини ол, соатларча чўзиладиган тушлик маҳали зерикиб қолмасин деб ўлиб-тирил, хушмуомалалик билан гурунг бер…
Бир вақт ойнада икки қиёфа пайдо бўлди. Баъзан биргина нигоҳ бир онлик тасвирни хотирага абадий муҳрлайди-қўяди. Кекса Сувориннинг келишимсиз, Чеховнинг эса ёқимли ва навқирон чеҳраси ҳозиргидек кўз ўнгимда. У ўнг қўли билан юзига тушган бир тутам сочини орқага ташлади. Кўзлари сал қисилган, лаби билинар-билинмас қимирлайди. Нималарнидир гапираётир, менга эшитилмайди. Улар ибодатга улгуришди. Ҳамма ошхонада, қўшиқ куйлана бошлагач, мен ҳам меҳмонларга қўшилдим. Барча расм-русум адо этиб бўлингунча, Антон Павлович билан илк учрашувимни эсладим, бизни дафъатан яқин қилиб қўйган ғайриоддий, тушунтириб бўлмас нарса нима эканини ўйладим. Мени танирмикан-йўқми, шу савол мени қизиқтирарди. Эслармикан? Уч йил аввал қалбимга нур олиб кирган ўша илиқ муносабат яна уйғонармикан?
Одамлар орасида тасодифан тўқнаш келдик ва хурсанд бўлиб бир-биримизга қўл узатдик.
—Сизни кўраман деб ўйламаган эдим, — дедим мен.
—Мен ўйлаган эдим, — деди у. — Менга қаранг, ўтган сафаргидек бирга ўтирсак-чи, майлими?
Меҳмонхонага кирдик.
—Қаердан жой олсак экан-а?
— Бош қотиришингизга ҳожат йўқ. Сизнинг жойингиз маълум, яъни уй эгасига яқинроқ ўтиришга мажбурсиз.
— Мана бу ерда, чеккада — дераза тагида ўтирсак яхши бўларди-да. Нима дейсиз?
—Яхши-ку-я, лекин сизни барибир чақириб олишади.
—Мен эса шу ерда ўтираман деб туриб оламан! — деди кулиб Чехов. — Оёқ тирайман!
Биз кулишиб, бир-биримизни қувватлаб ўша ерга ўрнашдик.
— Антон Павлович қани? — деб қолди бир вақт Сергей Никола-евич баланд овозда. — Антон Павлович! Мумкин бўлса…
Надя ҳам атрофга кўз югуртириб уни изларди.
Чехов ўрнидан қўзғалди, сочларини қўли билан силаб индамай тураверди.
— Ҳа-а, шу ердамисизлар? Аммо хонимингизнинг ҳам жойи мана бу ёқда, сизнинг ёнингизда. Марҳамат!
— Майли, Серёжа, қўявер, — деди бирдан Надя, — ўша жой маъқул бўлса, ўтираверишсин…
Сергей Николаевич кулиб юборди, шундан сўнг биз билан иши бўлмади.
—Кўрдингизми, қандоқ яхши, — деди Антон Павлович. — Биз ғолибмиз.
—Бу ердагиларнинг кўпини танийсиз-а? — деб сўрадим.
— Сизга, — дея саволимга жавоб бермай гап бошлади Антон Павлович, — уч йил бурун илк бор кўришганимиз эндигина танишган эмас, балки узоқ айрилиқдан кейин қайта топишгандек туюлмаганмиди?
—Ҳа… — дедим журъатсизгина.
—Шундай, шундай, биламан мен. Бу хил туйғу икки томон ҳам баравар ҳис қилгандагина уйғонади. Аммо мен буни ҳаётимда илк бор туйдим ва ҳеч унутолмаяпман. Эски бир қадрдонлик ҳисси. Аммо ажабки, шундай бўлса-да, бир-биримизни яхши билмаймиз.
—Нимасига ажабланасиз? Узоқ айрилиқдан сўнг шундай бўлиши табиий-ку. Ҳозирги эмас, ўтмишдаги бирон-бир ҳаётимизда яқин бўлгандирмиз-да?
—Бир-биримизга ким бўлганмиз ўшанда?
—Эр-хотин бўлмаганимиз аниқ, — дедим мен шоша-пиша.
Кулиб юбордик.
— Аммо бир-биримизни севганмиз. Тўғрими? Унда ҳали ёш эдик… Ва бирга ҳалок бўлганмиз… кема ҳалокатида, — дея ўзича тўқий кетди Чехов.
—Ҳа, бир нималар эсимга тушяпти, — дедим мен ҳам кула-кула.
— Ана, кўрдингизми! Кўпириб-тошган тўлқинлар билан роса олишганмиз ўшанда. Сиз бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олган эдингиз…
— Ўзимни йўқотиб қўйган эдим-да. Чунки сузишни билмасдим. Демак, сизни ҳам мен чўктириб юборган эканман-да.
— Мен ҳам сузишга унча уста эмасман. Тўғрироғи, мен чўка бошлаганман ва сизни ҳам тортиб кетганман.
—Даъвом йўқ. Мана, энди дўст сифатида яна учрашдик.
—Сиз ҳалиям менга ишонасизми?
—Қандай ишонай? — дедим ажаблангандек. — Ахир сиз мени қутқармадингиз, аксинча, чўктириб юбордингиз-ку.
—Ўзингиз нега бўйнимга осилиб ушлаб пастга тортдингиз?
Меҳмонлар Антон Павловични барибир тинч қўйишмасди. Кимдир савол берар, бирови хушомад қилар, мақтовлар ҳам айтилар эди: “Ҳозиргина манови дўстимга ҳикоянгиз қанақанги “хўрозқанд” эканини айтаётган эдим…”
“Хўрозқанд”га роса кулдик, бир-биримизга кўзимиз тушса, баттар куламиз денг.
— Сизни қанчалик кутганимни билсангиз эди, — дедим мен бирдан. — Роса кутганман! Ҳали Москвада, Плющихада эканимда йўлингизга интизор бўлиб ўтирардим. Турмушга чиқмаган кезларим эди-да.
—Нега кутгансиз? — дея менга ажабланиб тикилди Чехов.
— Чунки сиз билан танишишни орзу қилганман доим. Акамнинг дўсти Попов эса сизни тез-тез кўриб туришини, сиз жуда яхши инсон эканингизни, агар у илтимос қилса бизникига албатта келишингизни айтган эди. Бироқ сиз келмагансиз.
— Ўша, мен ҳатто танимайдиган Поповингизга айтиб қўйинг, у менинг энг ашаддий душманим, — деди Чехов жиддий оҳангда.
Кейин биз Москва, Гольцев ва “Русская мысль” газетаси тўғрисида гаплашиб ўтирдик
—Шу Петербургни ҳеч жиним суймайди-да, — деди Чехов бир вақт. — Совуқ, доимий рутубат, намгарчилик. Ўзингиз ҳам балосиз-да, нега менга ҳеч нарсангизни жўнатмадингиз? Илтимос қилган эдим-ку. Эсингиздами? Ҳикояларингизни юборинг, деган эдим.
Меҳмонлар қадаҳ уриштиргани бирин-кетин биз томон кела бошлашди. Уриштиришди, таъзиму табассум қилишди. Антон Павлович ҳам ўрнидан қўзғалиб, пешонасига тушиб турган бир тутам сочини орқага ташларкан, мақтов ва тилакларни ердан кўз узмай эшитди. Кейин енгил тортиб жойига ўтирди.
—Шуҳрат деганлари шунақа-да, — деб қўйдим мен.
—Э-э, жин урсин шуни. Кўпчилиги ёзган бир сатримни ҳам ўқимаган аслида. Ўқиганиям мени қарғаган бўлса керак. Ҳозир бунақа бекорчи гап-сўздан кўра мусиқа тинглагим келяпти. Нега мусиқа қўйишмайди-я? Қўйиш керак. Ёшингиз нечада? — деб сўради у дабдурустдан.
—Йигирма саккиздаман.
—Мен ўттиз иккидаман. Танишган вақтимизда уч йил ёшроқ бўлганмиз: йигирма беш ва йигирма тўққиз. Жуда ёш бўлган эканмиз.
—Унда ҳали йигирма бешга кирмаган эдим, ҳозир ҳам йигирма саккизда эмасман. Май келса тўламан.
—Мен ўттиз иккига кирдим. Таассуф.
—Эрим доим энди ёш эмассан, деб таъкидлаб туради, бир йил қўшиб айтади ёшимни. Мен ҳам шунга ўрганиб қолибман.
— Ёш эмассиз? Йигирма еттида-я?!
Меҳмонлар бирин-сирин дастурхондан тура бошлади. Тушлик уч соат чўзилган бўлса-да, мен учун бирпасда ўтиб кетгандек эди. Мишага кўзим тушди, мен томон келаётир, авзойи бузуқлигини дарров сездим.
—Уйга кетяпман, сен-чи?
— Мен қолмоқчиман, — дедим.
—Тушунарли, — деди у. Уни Чеховга таништиришим керак деб ўйладим.
—Бу турмуш ўртоғим — Михаил Фёдорович, — дея гап бошладим…
Улар қўл олишишди. Мишанинг қуруқ, аллақандай бехушлов юз ифодасидан ҳайрон бўлмадим. Чехов мени ҳайратга солди: аввалига у жилмаймоқчи бўлди, аммо табассуми ўхшамагач, юзини мағрурона тескари буриб олди. Улар бир-бирига бир оғиз ҳам гап қотмади, Миша шу заҳоти нари кетди.
Мен ҳам кўп ушланиб қолмадим, бирпасдан кейин меҳмонлар тарқала бошлади, мезбонлар ҳам чарчаган эди.
Уйда мени нақ момақалдироқ кутиб турган экан. Чехов билан дастурхон атрофида жуда очилиб суҳбатлашганимизу бизга кўрсатилган жойга ўтиб ўтирмаганимиздан Мишанинг роса жаҳли чиққанмиш.
— Ҳаммага томоша бўлдиларинг! — деб бақирди у. — Сен ўзингни одобга нолойиқ тутдинг. Мени ерга урдинг! Уялсанг бўларди.
— Мен эса сенинг қилиғингдан ҳозир ҳам уялиб кетяпман. Рашк қилганинг нимаси? Шу етмаётувди ўзи!
— Рашк эмас бу, бу… нафрат. Менинг хотиним, болаларимнинг онаси ўзини рисоладагидек тутмоғи керак!
Тун бўйи гоҳ жанжаллашдик, гоҳ аразлашдик.
Аммо буниси ҳали ҳолва экан.
Мишага бир ичкуяр таниши етказганмиш: опамникида зиёфат бўлган куни кечқурун Чехов дўстлари билан ресторанда ўтирган экан. Кайфи ошиб қолиб, қандай бўлмасин мени эримдан ажратиб олиб уйланишга қарор қилганини қайта-қайта таъкидлабди. Дўстлари қувватлаганмиш, қўлдан келганча ёрдам берамиз дея, уни ҳатто осмонга отиб олқишламоқчи бўлишибди… Миша жаҳлдан эсини йўқотиб қўяёзди. Шу қадар аччиқ, куракда турмайдиган гаплар айтдики, бош-қа вақт бўлганда мен бу ҳақоратларга мутлақо тоқат қилолмасдим. Ҳозир эса у ҳақдек туюлди менга. Оҳ, шармандаликнинг ўзи-ку бу! Чеховни деб шундай тубан маломатга ботсам-а! Ишониш қийин. Аммо ишонмай бўларканми? Ахир, Антон Павловични деярли билмайман-ку. Уни ўзимга яқин олибман, яхши одам, олижаноб деб ўйлабман. Қалбим унга интилса-ю, у маст-аласт ҳолда мени кулгига, иснодга қолдириб ўтирса!
— Сен аҳмоқ, унинг бўйнига осилдинг! — деб бақирарди Миша. — Адабиётга муҳаббат баҳона у билан дон олишмоқчисан! Билиб қўй, сен менинг номимни кўтариб юрибсан, бу ном ҳеч қачон қовоқхоналарда оёқости бўлиб топталмаган. Сени олиб кетармиш! Биласанми, қанча маъшуқаси бор унинг? Хотинбоз! Арақхўр!
Ақлдан озай дедим, тамом бўлдим. Аммо сал ўзимга келгач, тузукроқ ўйлаб кўриб, бундай бўлиши мумкин эмас, дедим ўзимга ўзим. Кимдир Чеховни менга ёмон кўрсатиш, Мишани эса унга қарши қайраш ниятида ўйлаб топган қабиҳ ёлғон, холос. Кимга керак экан бу? Миша шу гапни икки кишидан эшитган бўлиши мумкин. Бирига унча амин эмасман-у, иккинчиси… Унинг зиёфат чоғи биздан сал нарида, зерикиброқ ўтиргани ёдимга тушди. У ёзувчи, катта-катта романлари босилиб чиққан, лекин ўша куни унга зарра илтифот кўрсатилмади, ҳатто тўрга ҳам таклиф қилинмади. Чеховга у ҳаддан ортиқ сертакаллуф муносабатда бўлди, таҳсин-тасанно айтди-ю, аммо унга ўлгудек ҳасад қилишини сезиш қийин эмас эди. Энди сира шубҳам қолмади. Тушликдан сўнг у ёнимдан ўтаётиб, “Сизни ҳеч қачон бунчалик хушчақчақ ҳолда кўрмаган эдим”, деган эди.
“Ўша! — дедим ичимда. — Шубҳасиз ўша! Тўқиган уйдирмасини қаранг…”
Суриштириб, унинг ресторанда Чеховлар билан бирга бўлганини аниқладим. Тусмолимни Мишага билдирган эдим, у:
— Уйдирма дейсанми? Эҳтимол. Тўғри, менга ўша айтди, — дея иқрор бўлди. — Ўтакетган пасткаш эканини ҳам ҳамма билади унинг!
Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.
Хайрлашаётганимизда “хат ёзаман” деб Антон Павловичга сўз берган эдим. Мана, энди ёзсам бўлади. Хатда дўстлари билан ресторанда ўтирганида ортиқчароқ гапирганидан ёзғириб ҳам қўйдим. Ундан дарров жавоб келди:
“Мактубингизни ўқиб дилим оғриди, бошим қотиб қолди. Тушим деб ҳисобласаммикан? Ўзимни оқлашга ғурурим йўл бермайди. Қолаверса, айбловингиз ҳам ўта мубҳам, унда ўзимни ҳимоя қилмоққа бирор сабаб кўринмади. Англашимча, гап кимнингдир ғийбату миш-миши ҳақида. Шундайми?
Сиздан илтимос (агар менга ўша ғийбатчилардан кўра камроқ ишонмасангиз), Петербургингизда тарқатиладиган бўлмағур гап-сўзларнинг барига лаққа тушаверманг. Агар, ишонмай иложим йўқ десангиз, у ҳолда ҳаммасига кўтара ишона қолинг: менинг қанча-қанча аёлларга уйланганиму энг яқин дўстларимнинг хотинлари билан дон олишиб юришимга ўхшаш гапларга ҳам. Худо ҳаққи, хотиржам бўлинг. Тағин ўзингиз биласиз. Ғийбатлардан ўзни оқлаш — зиқнадан қарз сўрагандек гап: бефойда. Мен ҳақимда нима деб ўйласангиз ўйлайверинг.
…Қишлоқда яшаяпман. Совуқ. Қўлимни ювиб қўлтиғимга артиб, қайта Петербургга бормасликка қарор қилганимдан ўзимча мамнуният туйиб ўтирибман”.
Шу-шу, Антон Павлович билан хат ёзиша бошладик. Аммо унинг Петербургга ҳеч қачон келмасликка қарор қилганидан дилим хуфтон эди. Демак, у билан энди қайтиб кўришмас эканмиз-да? “Бахтли оилавий турмуш”да бошқа бундай қувончли байрамлар бўлмас экан-да?
Ҳар сафар шу ҳақда ўйласам, юрагим эзилиб кетарди.

IV

Уйим тинч, болаларим соғ-саломат, Мишанинг кайфияти яхши бўлган чоғларда менга тақдир инъом этган энг саодатли кунларим шу бўлса керак деб ўйлардим. Бундан ортиғи, бундан бошқаси керак эмас. Боз — ижодий ютуқларимдан, Чеховдан келадиган хатлардан ҳам мамнун эдим. Аммо унга тез-тез, батафсилроқ мактуб ёза олмасдим. Чунки болаларим гоҳ бараварига, гоҳ кетма-кет бетобланиб турарди, бундай вақтда фикру хаёлим шуларда, туну кун уларнинг бошида парвона бўлардим. Бунинг устига баъзан Миша ярамас феъл-атвори сабаб бирдан тутақиб кетарди-ю, қочгани жой топиб бўлмай қоларди. Бундай пайтларда ўзимни бахтсиз, ночор сезардим.
Антон Павловичнинг хатларини ўзим почтага бориб сўраб олардим, чунки хат мен уйда эмаслигимда ва ноқулай бир вазиятда келиб қолишидан қўрқардим. Миша биз хат ёзишиб туришимизни биларди. Унга баъзиларини ўқишга берганман ҳам.
— Бу хатларнинг менга қанчалик фойдаси тегаётганини биласанми? Унинг маслаҳатларига амал қиляпман…
— Қўйсанг-чи, — дерди Миша. — Унга қандай тутуриқсиз гапларни ёзаётганингни тасаввур қиляпман. Сенинг хатларингни бир ўқисам бўларди. Берарсан. Берасан-а?
Унга бирорта хатимни ўқишга бермаганман.
Бир кун кутилмаганда Надя опам келиб қолди ва сирли жилмайиб:
— Бугун кечқурун Мишасиз, ўзинг бизникига боришга ҳаракат қил. Уқдингми, Мишасиз, — деб таъкидлади.
—Нега? — дедим ажабланиб.
—Борсанг, кўрасан. Мен нима ўйлаганимни биласанми? Билмайсан! “Зерикарли воқеа”ни.
—Тушунмадим.
—“Зерикарли воқеа”-чи? Ўқигансан-ку!
—Ўқиганман. Нимани ўйлаган бўлишингиз мумкин?
—Эслайсанми, ҳикояда шампан виноси, пишлоқ…
—Бугун сизникига …Чехов келадими?
Бутун вужудимдаги қон юзимга тепганини сездим. Надя кулиб юборди.
— Шунинг учун ҳам илтимос сендан, Мишасиз ёлғиз боргин. Серёжа ҳам бўлмайди, соат ўн иккиларга қараб келади у, ҳаммамиз бирга овқатланамиз. Яна бир-иккита меҳмон бўлади…
—Миша шундоғам бугун кечқурун ишда. Зарил юмушлари бор, — дедим мен.
—Зўр-ку! Ўзимиз маза қилиб ўтирамиз.
Мишага бу ҳақда айтган эдим, қовоғи уйилиб кетди-ю, индамади. Мени юбормай деса ҳам бўлмайди: ҳар хил гап-сўз тарқалади, уни шу кўпроқ хавотирга солади.
Опамникига борганимда Антон Павлович ҳали келмаган экан. Надя бўлмасида нимадир ёзиб ўтирибди, уйлик кийимида. Юзида яна ўша муғомбирона ифода.
—Кийинмадингизми ҳали?
—Кийинарман. Лида, сочингни пастроқ қилиб турмаклашинг керак эди. Кел, ўзим қайта тараб қўяман. Сенга шунақаси кўпроқ ярашади.
—Керак эмас! Э-э, Надя! — дедим кулиб, аммо гина ҳам қилдим.
—Мен бирор ножўя иш қилаётганим йўқ, сени ҳам ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайман! — деди бирдан ҳайрон бўлгандек Надя. — Бундай яшаб бўлмайди ахир. Мишага унаштирилганингда мен нима дегандим сенга, эсингдами, хато қиляпсан, у сенинг тенгинг эмас, деганман. Унга турмушга чиққанингга жон десин эди эринг. У-чи, у нима қилди? Сени уйга қамаб қўйди, ошхонадан чиқармайди. Сендек аёлнинг ошхонада куйдириб-пишириб ўтириши, рўзғор юмушларига ўралиб қолиши инсофданми? Шунга жаҳлим чиқади. Бу зулм-дан озод бўладиган вақт келди! Ўзингга муносиб ҳаёт кечирсанг-чи энди! Қанча имкониятларинг бор эди, ҳаммасини барбод қилди у…
—Надя! — дедим. Овозим титраб кетди.
—Нима қилай, ўзимни тутиб туролмадим. Ичимдагини тўкиб солдим ва билсанг, жуда енгил тортдим. Тўғри, сен ножўя иш қилмайсан, сени биламан, аммо ўзингга тегишли бўлган нарсани бой берма, ўзингни қурбон қилма дейман-да. Бундай қилиш ярамайди!
Ажабо, Надяни бунчалик қизишганини илгари сира кўрмаганман.
—Энди кеч! — дедим.
Шу вақт Пётр Антон Павлович келганини айтди.
— Вой, мен ҳали кийинишим керак, — деди Надя. — Лида, борақол, меҳмонга қара.
Кабинетга кирдим — Чехов тик турган экан.
—Петербургга келмасликка қарор қилмаганмидингиз?
—Ҳа, мен шунақа гапида туролмайдиган, иродасиз одам эканман-да… Кўринишингиз яхши эмас. Соғлигингиз қалай? Нимадир бўлдими?
—Соғлигим ёмон эмас, ишларим ҳам. Ҳаммаси рисоладагидек.
Биз келиб ўтирган айлана столда патнис турибди, унда — пишлоқ ва мевалар. Шароб ҳали қўйилмаган.
—Мана, яна Петербургдаман… Тасаввур қилинг-а, яна пьеса ёзгим келяпти…
Надя ҳадеганда чиқавермади. У чиққунча биз театр, журналлар, Чехов менга доим тавсия қиладиган муҳаррирлар ҳақида гаплашдик.
Петя муздеккина шароб олиб кирди.
—Эслаяпсизми? — деди Надя патнисга имо қилиб.
Чехов елка қисди.
— “Зерикарли воқеа”, — деди Надя.
У жилмайиб, пешонасидаги бир тутам сочини орқага ташлади.
— Ҳа-я…
Бирин-кетин меҳмонлар ҳам келди.
—Сергей Николаевич соат ўн иккиларга қараб келади, — деди Надя.
Ундан-бундан гаплашиб ўтирдик.
Бирдан мен Антон Павловичга қараб:
—Сиз ҳали Чеховни кўрмадингизми? — дебман.
—Кимни? — деди у ҳайрон бўлиб.
—Чеховни. Қачон келдингиз ўзи?
—Кеча келганман, — деди у, — лекин Чехов менман-ку.
Уялиб кетдим.
— Лейкинни, Лейкинни! — дедим бақириб. — Чехов эканингизни биламан.
Ўтирганлар кулиб юборди. Чехов ҳам. Хижолатдан йиғлаб юборгудек бўлдим, у менга тикилиб турибди.
— Йўқ, Лейкинни ҳали кўрмадим, — деди у. — Лейкинни айтяпсиз-да, а? Шундайми? Бошқа бировни эмас-а?
Ўзим ҳам кулдим, лекин йиғлаб юборишим мумкинлигидан қўрқиб, секингина хонадан чиқдим.
Менга нима бўлди ўзи? Аҳмоқман! Надянинг гапларидан асабим бузилди, шекилли.
Қайтиб кирганимда, Чехов ўрнидан туриб, менга пешвоз юрди. Биз тик турган кўйи суҳбатлашиб меҳмонхонага чиқдик.
—Болаларингиз тўғрисида гапириб беринг, — деди Чехов.
Болалар ҳақда бажонидил гапириб бердим.
— Ҳа, болалар… — деди Чехов хаёлчан. — Ажойиб-да. Ўз фарзандинг… оиланг бўлганига нима етсин.
—Уйланинг сиз ҳам.
—Уйланиш керак. Аммо ҳозирча иложи йўқ. Ҳали уйланмаганман-у, бўйнимда бир талай мажбурият бор: онам, синглим, укам. Ўзингиз-чи, бахтлимисиз? — деди у кутилмаганда.
—Бахт дегани нима ўзи? — дея гап бошладим мен. — Эрим яхши инсон, ширин-шакар болаларим бор, оилам тўкис. Аммо севиш — бахтли бўлиш деганими? Доим хавотирдаман, оила ташвишларининг чеки йўқдек. Хотиржамлик нелигини билмайман. Кўнгил деганини ҳам тасодифларга қурбон берганман. Ҳамма соғ-омон бўлиши менинг қўлимда эканми? Фикру хаёлим шунда, шунинг ғамини ёйман! Борган сари ўзимни йўқотиб боряпман. Мени алланима чирмаб олган, қўйиб юбормайди. Баъзан аллақачон даврим ўтиб кетганини алам билан, дард билан ўйлайман… Ёзувчи бўлиш ҳам, бошқаси ҳам пешонамга битмаган экан… Умуман, шу кўйи ўлиб кетсам керак, бори шу, кўникмай иложим йўқ… Ҳаётда бирор нимага эришаман деб, бор кучим билан интилиб оиламга зиён етказиб қўйгандан кўра, ўзим ном-нишонсиз ўтиб кета қолай дейман. Чунки оилам — менинг бутун борлиғим. Тез орада тақдирга тан бераман, ҳеч ким эмаслигимга кўникаман. Шуми бахт?
—Бизда оила тизими нотўғри ташкил этилганидан шундай бўлади, — деди Чехов қизишиб. — Аёл эрксиз, муте. Бунга қарши чиқиш, курашиш керак. Эскилик сарқити бу. Ҳамма гапни очиқ айтолмаган бўлсангиз-да, Сизни яхши тушундим. Биласизми, шуни — ҳаётингизни ёзинг. Борини очиқ-ойдин, яширмай ёзинг. Шундай қилинг. Бу жуда муҳим. Ёзсангиз нафақат ўзингиз енгил тортасиз, бунинг қанча-қанча одамга нафи ҳам тегади. Ҳаётдан ном-нишонсиз ўтиб кетмасликкагина эмас, ўз шахсингизни ҳурмат қилишга, шаънингиздан ғурурланишга мажбур бўлганингиздек ёзишга ҳам мажбурсиз. Ҳали ёшсиз, иқтидорлисиз… Оила сиз учун кони азоб, кишан бўлмаслиги керак. Фақат итоат қилиб, кўникиб яшашдан кўра оилангизга кўпроқ нарса бера оласиз. Ўзингизни қўлга олинг, худо хайрингизни берсин.
У хонани кеза бошлади.
— Бугун асабийроқман. Шунга сал ошириб юбордим, шекилли… — дедим мен.
— Агар мен уйлансам, — ўйга чўмиб гап бошлади Чехов, — хотинимга шуни таклиф қилардимки… Фараз қилинг-а, мен унга бирга яшамасликни таклиф қилардим. Шу уй ичи халат-палатига, рус муҳитидаги ахлоқсизлигу одамнинг нафратини уйғотадиган бетакаллуфликларга ҳеч тоқатим йўқ-да…
Шу пайт хонага Петя кириб:
—Лидия Алексеевна! Уйингиздан келишди, — деди.
—Нима бўпти, тинчликмикан?! — дедим жон ҳолатда.
—Лёвушка касал бўп қопти, чоғи. Анюта келди.
—Антон Павлович, азизим… Хайрлашгани ичкарига кириб ўтирмай, Надяга ўзингиз айтарсиз. Омон бўлинг!
Аъзойи баданимни титроқ тутди.
У қўлимни ушлади.
— Бунчалик хавотир олманг! Балки, ҳеч гап йўқдир. Баъзан болалар шунақа қўрқитиб туради… Тинчланинг, илтимос сиздан.
У мени зинадан пастгача кузатиб тушди.
— Нима бўлганини эртага менга хабар қилинг — Надежда Алексеевнага кириб ўтаман. Уйга боргач, албатта бир қадаҳ шароб ичинг.
Даҳлизда Анюта бамайлихотир турарди.
—Лёвага нима қилди?
—Э-э, хўжайин сизни чақириб кел деб юборди.
—Лёванинг қаери оғрияпти?
Ўн етти ёшлардаги бу қиз энага кампирга ёрдамчи эди.
— Билганим, у уйғониб сув ичаман деди. Ҳеч ери оғримаятувди. Хўжайин кеп қолди…
Эшикни Мишанинг ўзи очди.
— Ҳеч гап йўқ, — деди хижолат бўлиб у. — Ухлаб қолди, иссиғиям йўқ, шекилли. Ўзинг бўлмаганинг учун қўрқиб кетдим-да. Сен бўлмасанг нима қилишни билмай қоламан. Лёва сув ичаман деди негадир, тунда сув ичиш одати йўқ эди-ку? Ойим қани, тез келадими деб сўради. Онаси, кўрдингми, сенсиз худди етимчадек бўп қоламиз.
Миша орқамдан изма-из болалар бўлмасига кирди. Лёва пишиллаб ухлаб ётибди. Иссиқ-писиғи йўқ.
Миша мени маҳкам қучоқлаб олди, ҳеч қўйиб юбормайди.
— Сен менинг мурувватли паримсан. Сен ёнимда бўлсанг хотиржамман, кўнглим тўқ.
Бир кун тушликка тайёрлаган қуймоғимни Миша полга улоқтириб, бу фақат итга ташлашга ярайди деб бақирган эди. Қуймоқ шишиб пишмаганмиш, юмшоқмасмиш. Ҳозир шу эсимга тушиб кетди.
—Мени қанчалик қўрқитиб юбординг, шуни биласанми?..
—Кечира қол. Жаҳлинг чиқдими? Шунақа жаҳлинг ёмон-да! Қаттиққўлсан. Мен эса сенсиз яшолмайман. Кечир, илтимос. Кел, гаплашиб оламиз… Сенсиз бутун оқшом…
Энди қатъий амин бўлдимки, ҳаётимда илк бора ҳеч иккиланмай шуни аниқ айта оламан: мен Антон Павловични севаман. Севаман!

V

Масленица байрами эди. Ёмғиру тумансиз, очиқ, илиқ, ёқимли кун. Петербургда бу айёмда камдан-кам ҳолларда бундай ҳаво бўлади.
Миша Кавказга кетган, уйимиз тинч-осойишта.
Жума куни Лейкинлар меҳмонга чақирган эди.
Олдин театрга бордим, итальян операси эди чоғи, чиптам бор эди-да. Лейкинларнинг эшигини тақиллатганимда вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Мени даҳлизда Прасковья Никифоровна қарши олди. Доимгидек ясан-тусани маромида ва ниҳоятда хушмуомала.
— Энди келмайсиз деб қўрққан эдим, — деди у шанғиллаб, — келмасангиз жуда афсус қилардик, жуда ҳам. Сизни кутаётганлар бор-да, — деди у гўё шивирлаган бўлиб, товуши сал ўзгарди-ю, барибир баралла эшитилди.
—Куттириб қўйдимми? Кимни? Нимани?
—Кутишаётир, кутишаётир…
—Қуймоқми? Қуймоқ қилдингизми?
—Бўлмасам-чи? Бўлмасам-чи? — деб хохолаб юборди у ва мени қўлимдан тортиб Николай Александровичнинг хонасига олиб кирди. Меҳмони кўп экан. Лейкин ўрнидан туриб мен томон оғрингандек бир-икки қадам ташлади.
—Жуда кеч келдингиз-ку. Ҳа-а! Театрга боргансиз-да… Эрингиз Кавказдами? Бу ердагиларнинг ҳаммасини танисангиз керак-а? Потапенко, Альбов, Грузинский, Баранцевич…
—Балиқ фарёди! — деб шанғиллади Прасковья Никифоровна ва қаҳ-қаҳ уриб юборди.
Таништирилмаган биргина меҳмон қолган эди. У ҳам ўрнидан турган-у, чеккароқда эди. У томонга ўгирилдим.
— Қуймоқ! — дея шанғиллади Прасковья Никифоровна. — Мана сизга қўймоқ.
Биз индамай қўл сиқишдик.
– Сен, Прасковья Никифоровна… Нега қуймоқ? Нега Антон Павлович қуймоқ бўларкан? — деди ҳеч гапга тушунмай Николай Александрович.
Ҳамма жой-жойига ўтирди.
— Мен, — деди узилиб қолган суҳбатни давом эттираркан Николай Александрович менга қараб, — унга айтяпман-да, — Чеховга ишора қилди, — охирги ҳикоянгизни ёзганда менга маслаҳат солмаганингиз чакки бўпти, деб. Нима ҳам дердим. Йўқ, ёмон ёзмаган, лекин мен бошқача ёзган бўлардим. Ҳозиргиданам яхши ҳикоя чиқарди-да. Эсингиздами, бир асаримда — ертўла зинасидан фақат оёқлар кўринади: эски калишлар судралади… хонимлар туфлиси дўқиллайди, болаларнинг йиртиқ, қийшайиб кетган башмоқлари югуриб ўтади. Янгича. Қизиқарли топилма. Ҳикоя ёзишни билиш керак. Мен унинг ўрнида бўлганимда бошқача ёзардим.
Антон Павлович жилмайди.
— Сиз ертўла қаватни зап топгансиз-да, — деб қўйди кимдир.
Шу заҳоти мақтов ёғилиб кетди. Бошқа ҳикоялар ҳақида гапиришди, кулишди. Мен эса Надянинг гапини эсладим: “Биласанми? Ёзганлари бачкана эканини хаёлига ҳам келтирмайди. Ўзича жиддий ёзяпман деб ўйлайди. Ахир одамлардан, ҳаётдан айнан олиб ёзади-да, ўзи ва хотинининг қариндошларидан нусха кўчиради. Ҳатто ўзини ёзади. Жуда кулгили чиқади, ўзига эса сезилмайди бу. Жиддий деб ўйлайди. Бозорда ул-бул сотсин, нима қилади ёзиб. Ғалати истеъдод!”
Шу вақт дастурхонга чақириб қолишди. Ҳар нарса мўл-кўл: егулик ҳам, газаклар ҳам, арақ ҳам, шароб ҳам, баридан шовқин ортиб тушади. Мезбонгина адабиётчи, дума ходими, меҳмондўст уй эгаси сифатида зиммасидаги юкдан эзилгандек бир кўйда, ўта жиддий ўтирибди. Фақат дастурхонга тортилган таомларни мақтайди ва нуқул Москва билан қиёслайди.
— Антон Павлович, мана бунақа балиқни Москвангизда ҳеч еганмисиз? Юмшоққина, ширадоргина. Балиқ эмас, сарёғ дейсиз-а, нақ оғизда эрийди. Сиз у ёқда чўчқа гўштини мақтаб ётасиз. Мана, буни еб кўринг. Сизникидан қолишмайди, менимча. Ҳув анов куни Сергей Николаевичникида тушлик қилгандим. Бузоқ гўшти едик. Буни еб кўрсайди у! Одам деган гўштни танлаб олишни ҳам билиши керак, каллани ишлатиш керак. Ҳақиқий бузоқ гўшти мана шу! Ахир у пулдор бойвачча-ку.
Антон Павлович жуда очилиб ўтирди. У қаҳқаҳа урмас (ҳеч қачон қаҳқаҳа отиб кулмасди), бақириб гапирмас, аммо кутилмаганда гап қўшиб мени кулдирарди. Бир вақт у бир ҳарбийнинг (балки ҳарбий эмасдир) қалин эполетига ҳавас қилиб қолса денг. Агар шунақаси менда бўлганида дунёда мендан бахтли одам бўлмасди дейди нуқул.
— Аёллар мени кўрганда эсидан айриларди! Севиб қолган бўларди ҳаммаси! Буниси аниқ!
Дастурхондан тураётганимизда у:
—Сизни кузатиб қўймоқчиман. Майлими? — деб сўради мендан.
Галалашиб эшик олдига чиқдик. Извошчилар йўлка бўйлаб қаторлашиб турибди. Баъзи чаққонлар аравага ўтириб жўнаб кетмоқда. Биз қуруқ қоп кетмайлик дея Чеховни шоширдим. У шоша-пиша бориб бир чанага ўтириб олди ва мени чақирди:
—Қани, келақолинг.
Унинг ёнига бордим, Антон Павлович йўлка томонда ўтирибди, мен эса чанани айланиб ўтиб ўтиришим керак. Эгнимда ротонда1 , қўлим ҳам бўш эмас. Ротонда тагидан кўйлагим барини ушлаб олганман, бир қўлимда сумкачам, дурбин. Оёқларим қорга ботиб қоляпти, биров ёрдамлашмаса чанага ўтириб олишим амримаҳол.
—Шунақаям хуштор-кавалер бўладими! — дея бақирди Потапенко ёнимиздан ўтиб кетаётиб.
Ёнлаб бир амаллаб чиқиб олдим, шунда кимдир этагимни кўтариб чанага чиқарди-да, оёқёпқични тугмалаб қўйди. Чана жойидан қўзғалди.
— Кавалерми, нима деб бақириб кетди у? — деб сўради Чехов. — Мени айтдими? Мен қанақасига кавалер бўлай? Мен — докторман. Кавалер бўлиб нима айб қип қўйдим?
— Ахир ким шундай қилади? Аввал аёл кишини яхшилаб ўтқазади, ўзи эса кейин…
—Шу насиҳатомуз оҳангдаги гаплар қулоғимга ҳеч ёқмайди-да, — деди Антон Павлович. — Ҳозир худди вайсақи кампирга ўхшаб кетдингиз. Агар эполетим бўлгандами…
—Нима? Яна эполетми?
—Ана шу-да. Яна жаҳлингиз чиқди, вайсаяпсиз. Кўйлагингиз барини ушлаб юрмаганим учун хафа бўлдингиз, тўғрими?
—Менга қаранг, доктор… Ўзи зўрға тирмашиб ўтирибман, сиз бўлсангиз яна тирсагингиз билан итаряпсиз, учиб тушаман ҳозир.
—Феълингиз жуда ёмон. Агар қалин эполетим бўлгандами… — деб у узун чарм қўлқопини кия бошлади.
—Қани, кўрай-чи. Менга беринг. Ичи қанақа? Пахмоқми?
—Йўқ, юнгли. Мана.
—Бундай ажойиб нарсани қаердан топдингиз?
—Серпухов яқинидаги фабрикадан. Ҳавасингиз келяптими?
Қўлқопни кийиб олдим ва:
—Ҳеч-да. Меники бу, — дедим.
Извошчи кўприкни ошиб ўтгач:
—Тўрам, қаёққа юрай? — деб сўради.
—Эртелев тор кўчасига! — дедим бақириб.
—Йўқ, нега энди? Николаевскийга ҳайданг.
—Эртелевга. Сизни кузатиб қўяман, кейин бемалол ўтириб уйга жўнайман.
—Мен кейин чанангиз ортидан кучукчадек чопаманми, шундай қалин қорга ботиб, яна қўлқопсиз. Извошчи, Николаевскийга!
—Извошчи! Эртелевга!
Извошчи тизгинни шартта тортди, дирдов от таққа тўхтади.
—Билолмаяпман, қаерга ҳайдай ахир?
Николаевскийга қараб кетдик. Қўлқопни қайтариб бердим, Антон Павлович эса Лейкинга тақлидан уни мақтайди:
 — Сергей Николаевичнинг шунақа қўлқопи борми? Пулдор-ку, у ахир. Қаёқда дейсиз. Серпуховдаги фабрикага (Подольскмиди, эсимда йўқ) ўзи бориши керак, ишнинг кўзини билиши керак одам… Хўш, сиз-чи, роман ёзасизми? Ёзинг. Аёл киши шундай ёзиши керакки, гўё тўрга кашта тикаётгандек. Батафсил, икир-чикирларгача ёзинг-да, кейин қисқартиринг. Ёзинг, қисқартиринг.
—Ҳеч нарса қолмагунча, а, шундайми?
—Феълингиз ёмо-он. Сиз билан гаплашиб ҳам бўлмайди. Ростдан, илтимос, ёзинг. Тўқиб-бичманг, фантазия ҳам қилманг. Ҳаётни қандай бўлса шундай тасвирланг. Хўш, ёзасизми?
—Ёзаман, аммо тўқиб ёзаман. Менга шуниси маъқул. Мана, эшитинг-а, номаълум одамнинг муҳаббатини. Тушуняпсизми? Сиз уни танимайсиз, у эса сизни севади, буни доим ҳис қиласиз. Сизга доим кимдир ғамхўрлик қилаётганини, кимнинг меҳри сизга далда бераётганини ич-ичингиздан туясиз. Жуда эҳтиросли, маънили, қизиқарли мактублар оласиз, ҳар қадамда кимнингдир эътиборини сезасиз. Тушуняпсиз-а? Бунга кўникиб қоласиз, доим уни излайсиз, йўқотиб қўйишдан қўрқасиз. Ўша сиз билмайдиган одам сизга жуда қадрли бўлиб қолган, сиз унинг кимлигини билишга қизиқасиз. Хўш, кейин нимани билиб оласиз? Ким экан у? Қизиқ-ку бу!
—Йўқ, қизиқ эмас, онагинам! — деди дарҳол Чехов ва бу шош-қалоқлик, қатъиятдан, яна ҳали бизда расм бўлмаган “онагинам” деган сўздан мен қотиб-қотиб кулдим.
—Онагинам! Нега энди?
Николаевскийга етиб келдик.
—Ҳали-вери кетмассиз? — деб сўрадим.
— Яна бир ҳафталар қолсам дейман. Биз тез-тез, деярли ҳар кун кўришиб турсак-чи?! Нима дейсиз?
— Эрта кечқурун бизникига келинг, — деб юбордим ўзим ҳам ўйламаган ҳолда.
Антон Павлович ажаблангандек менга қаради:
—Сизникига?
Негадир иккаламиз ҳам жим бўлиб қолдик.
—Меҳмонингиз кўпми? — деб сўради Чехов.
— Йўқ, ҳеч ким келмайди. Миша Кавказда. У бўлмаса уйга меҳмон келмайди. Надя одатда кечқурунлари уйидан чиқмайди. Иккимизгина бўламиз, гаплашамиз, ҳадеб гаплашаверамиз…
—Сизни роман ёзишга кўндираман. Энг муҳими шу.
—Демак, келасиз?
—Агар мени бошқа ёқларга улоқиштириб кетишмаса бораман. Бу ерда (Суворинникида) ўзим хоҳлаганча иш тутолмайман.
—Барибир сизни кутаман. Тўққизларда.
Уйимга етиб келдик, чанадан тушиб подъезд қўнғироғини чалдим.
Чана нарироқ бориб, кенгу бўм-бўш кўчадан катта айлана ясаб ортига қайтди.
— Албатта келаман, — деди Чехов кетаётиб. Унинг ажойиб йўғон овози илиқ қиш ҳавосида, тинч ва кенг кўчада ўзгача жаранглаб эшитилди. — Сизни роман ёзишга кўндирмоқчиман. Зобитни қандай севиб қолганингиз ҳақида ҳам ёзасиз.
—Ким айтди сизга буни?
—Ўзингиз, бир вақтлар айтгансиз. Эсингизда йўқми? Йўқ деб кўринг-чи?
Кифтига пальтосини ташлаб олган дарбон эшикни очди.
—Майли, эртага кўришамиз.
—Бўпти. Сиз жаҳл қилмайсиз-а? Меҳрибонроқ бўласиз-а? Аёл дегани мулойим, ширинсўз бўлади, ахир.
Ётоғимда кийимимни алмаштирарканман: “Уни уйга таклиф қилдим. Келади. Нима қип қўйдим ўзи? Ахир уни севаман-ку, у ҳам… Йўқ! У-ку, мени севмайди. Йўқ! Мен билан ўзини эркин ҳис қилади, вақти чоғ бўлади. Чақиришга чақириб қўйдим, яхши иш қилмадим, энди кеч. Миша билса, ақлдан озади, мен эса… энди ўзимни қандай оқлайман, нима дейман? Пок эканимни қандай исботлайман. Эртага нақадар бахтли кун бўлади! Кутилмаган бахт!” дея ха-ёлимдан ўтказардим.
Аммо мени нималар кутаётгани тушимга ҳам кирмаган эди.

VI

Мана, мен орзиқиб кутган оқшом.
Соат тўққиздан йўл қарадим.
Енгилгина дастурхон тузадим: егулик ул-бул, газаклар, арақ, шароб, пиво, мева-чева. Ошхонада чой ичиш учун жой ҳозирладим. Ўзимча шундай хаёл қилардим: олдинига Чеховни болалар хонасига олиб кираман, уларни кўриб бир ҳаваси келсин. Болалар ҳали ухламаган, ўринда ётган бўлишади, шу вақт роса ширин бўп кетади-да булар. Кейин ошхонага чиқиб чой ичамиз. Кейин иш бўлмасига кирамиз, меҳмонхонадан кўра бу ер анча шинам. Бир-биримизга айтадиган қанча гапимиз бор.
Кечроқ овқатланамиз. Шампан виноси олишга журъат қилмадим. Гўё бу билан Мишани ҳақорат қилиб қўядигандек эдим.
Қилган харажатимнинг ўзига ҳам пулим базўр етди (эсимда, ҳечқиси йўқ, озроқ кута туришади, деб шамни қарзга олган эдим).
Соат тўққиздан ошганда эшик қўнғироғи чалинди. Қўлларимни кўксимга босганча бир муддат кутиб турдим. Маша эшикни очди, келган меҳмоннинг гапига жавоб қайтарди. Даҳлизга чиқдиму донг қотдим. Келган икки киши: эркак ва аёл эди, улар уст кийимини ечаётир, шуниси мени гангитиб қўйди. Демак, бу англашилмовчилик эмас: улар бемалол ўтиришмоқчи чоғи. Энг ёмони, бу Ш.лар — Мишанинг дўстлари эди. Буларни шунчалик жиним суймасдики, уларникига Миша мени доим судрагудек зўрға олиб борарди. Эри тўғрисида-ку, бирор нарса деёлмайман, аммо хотини… Унга мутлақо тоқат қилолмасдим. Эр-хотин иккаласи математик, қаердадир дарс беришади. Уйларида иккита иш столи ёнма-ён қўйилган эди, шуниси менга негадир эриш туюларди. Улар ниҳоятда иш билан банд бўлгани учун, худога шукрки, бизни камдан-кам йўқлаб келарди. Айнан шу бугун келганини қаранг!
— Биз, биз келдик, — дея шанғиллади В.У. — Михаил Фёдорович Кавказдами? Хо! Хо! Хо!
Унинг бўлар-бўлмасга томоғини йиртгудек қаҳқаҳа урадиган одати бор эди. Гапирса, тамом — хохолайверади. Қандай дарс ўтар экан-а бу? Эсимда, ёлғизгина фарзандининг ўлими ҳақида ҳам хохолай-хохолай гапириб берган.
Ана шу қаҳқаҳа ҳозир бутун уйимни тутган. Табиийки, уларни меҳмонхонага таклиф қилишга мажбур бўлдим. Катта чироқ хира нур таратар, хонада аллақандай юракни эзувчи муҳит ҳукмрон эди. В.У. эса уйни бошига кўтариб гапиришдан тинмайди: бир қиз қайлиғининг хиёнатиданми, ўлимидан кейинми жуда тушкун аҳволга тушиб қолибди ва В.У. унга масала ечишни маслаҳат берибди. Қиз масала ечишни одат қилибди ва ўзига келибди, шу билан таскин топибди, энди астойдил математика билан шуғулланаётганмиш ва бундан бахтиёрмиш.
— Нега сиз ҳам масала ечмайсиз? — деди менга ажаблангандек тикилиб В.У. — Бу ақлни тартибга солади, бекорчи ҳою ҳавасдан фориғ этади, иродани мустаҳкамлайди. Болаларингизни ҳам масала ечишга мажбур қилинг. Кўрасиз қанчалик фойдали эканини, хо-хо-хо.
Соат ўнда Маша чойга чақирди.
Сапчиб тушиб, ошхонага отилиб чиқдим. Худди ўйлаганимдек! Тайёрлаган дастурхоним шундайгина турибди! Шароб ҳам, мевалар ҳам.
— Нима қилай? — дея ўзини оқлайди менинг ёзғиришимга жавобан Маша. — Хўжайин борлигида доим… Яна атай ул-бул ноз-неъмат сотиб олишга ҳам юборарди-ку…
— Шоҳона зиёфатнинг ўзи-ку! — деди бирдан орқамда пайдо бўлган В.У. — Меҳмон кутаётганмидингиз? Петя, биз жуда эрта тушлик қилган эдик-а… Зўр-ку. Хо-хо-хо. Нимага тайёргарлик эди?
Улар иштаҳа билан овқатланишга киришиб кетишди. Мен ҳам ликопларига ул-бул солиб бериб икром этдим.
— Жуда мазали қайла экан. Ошпазингиз тайёрлаганми? Йўғ-эй? Ўзингизми? Михаил Фёдорович сизни рўзғорга кўпам аралашавермайди, кўпроқ шеърият, ижодга қизиқади дерди-ку.
Бирдан у шундай қаҳқаҳа урдики, беихтиёр йўтал тутиб қолди.
Ошхонадаги катта соат капгирлари ўн яримни кўрсатарди. Антон Павлович энди келмайди, бу — аниқ, шунисигаям шукур. Барибир ҳаммаси расво бўлди.
Шу вақт эшик қўнғироғи яна жиринглади ва даҳлиздан Антон Павловичнинг овози эшитилди, у Маша билан гаплашарди.
— Нима бўлди сизга? — деб қичқириб юборди В.У. — Петя! Тезроқ сув бер… Лидия Алексеевнанинг тоби қочиб қолди.
Аммо мен бор кучимни йиғиб, ўзимни қўлга олдим.
— Мен яхшиман, — дедим секингина. — Нега унақа деяпсиз?
—Девордек оқариб кетдингиз-да… Энди бўлса ловиллаб кетдингиз…
Хонага Антон Павлович кирди. Меҳмонларни бир-бирига таништирдим.
Шундай кучли бир кулги портладики!
— Наҳотки? Антон Павлович Чехов? Лидия Алексеевна бизга шундай меҳмонни кутаётганини айтмадими? Бахтли тасодиф деганлари шу-да! Мана энди, Антон Павлович, ҳар сафар асарларингизни ўқиганда мени ўйлантирадиган саволларга жавоб берасиз. Қани, жавоб беринг-чи.
У Чеховга худди ҳимоясиз буғуга ташланган силовсиндек ташланди. Унга ёпишиб олди, бўлакларга бўлиб ташлади, бақирди, хохолади. Уни шундай буюк истеъдодни майда-чуйда маталлар ёзишга сарфлаб юрганликда, муаммо атрофида гапни беҳуда айлантиришда, ечим тополмасликда, тимсол топиб бермасликда айблади. “Ёзганларингиз мужмал, аниқ-тиниқ эмас, математика йўқ. Математика етишмайди! Хо-хо-хо”.
Антон Павлович бир неча бор менга паришон назар ташлаб қўйди. Ва дабдурустдан:
— Чекасизми? — деб сўради мендан.
В.У.нинг бир он чакаги ўчди, кўзлари пирпираганча анграйиб қолди. Мен ҳам ҳайрон бўлдим.
—Йўғ-э…
—Менга қўлингизда тамаки бордек кўринди.
—Мана, ҳеч нарса йўқ, — дедим қўлимни кўрсатиб.
—Асло чека кўрманг.
Унга газакдан олинг дедим. Унамади.
В.У. яна шанғиллашни бошлади, гапирган сайин у ўтирган стулидан сапчиб кетар ва бутун уйни ларзага соларди. Бу шовқиндан одам бўғилиб кетар, нафас олишга қийналарди. Яна ўзимни ёмон ҳис қилмасайдим деб чўчирдим, чунки бошим бир оз айланар, тинка-мадорим қуриб борар эди.
Антон Павлович унинг саволларига истамайгина, бир оғиз сўз билан жавоб қайтарар, ўзини оқлашга деярли ҳаракат ҳам қилмас эди. Олдидаги чойга тикилганча ўтирарди.
Аммо шу пайт Ш. ўрнидан турди ва хотинига:
—Вера, биз энди уйга кетайлик, — деб қолди.
—Уйга? — деб чинқириб юборди хотини. — Петя, ахир яна қачон бундай имконият бўлади, Чеховга айтадиган қанча гапим бор ҳали, ичимда қолиб кетсинми? Ахир у ёзувчи сифатида ўз вазифасини билиши керак-ку…
Яна унинг жағи очилди, лекин эри қайтиб ўтирмади, шундан сал бўлса-да хотиржам тортдим. У кетишимиз керак дея хотинини қистай бошлади; табиийки, қолинглар демадим. Мен у авжига минган бу хотинни ўрнидан қўзғатолмайди, унга ўз бурчини бажаришга, яъни Чеховни тўғри йўлга солишига имкон яратиб беради, деб қўрққан эдим. Лекин, хайриятки, у хотинини кетишга кўндирди. Хотин Чеховга охирги марта ҳамла қилиб қолди, қўлини сиқиб силкита бошлади ва “Ниҳоятда улкан истеъдод эгасисиз, сизга ишонаман, сиздан ҳали жуда кўп нарса кутиб қоламан”, деди унинг қулоғига бор овози билан бақириб. Ниҳоят, шанғиллаган овоз даҳлизга, кейин зинага ўтди, портлаган қаҳқаҳа бутун уйга ёйилди. Эшик тақ этиб ёпилди ва Антон Павлович иккимиз ҳолдан тойган одамлардек зўрға кабинетга кирдик.
— Чарчадингиз, — деди Антон Павлович. — Мен ҳам кетай, меҳмонлар толиқтириб қўйди сизни.
Нима бўляпти менга? Гапиришга ҳам мажолим йўқ эди:
—Илтимос сиздан, кетманг.
—Айтганча… менга ваъда қилганингизни беролмайсизми. Ҳикояларингиз чиққан газеталар, қўлёзмаларни.
Олдиндан жилдга солиб тайёрлаб қўйган эдим, унга бердим.
— Нега қўлёзмангизни Гольцевга, “Руская мысль”га беришимга қарши бўляпсиз?
—Чунки улар буни яхши асар бўлгани учун эмас, сиз ҳомийлик қилганингиз учун чиқаришади-да.
— Мен уни яхши асар бўлгани учун бераман-ку. Менга ишонмайсизми?
—Ишонмаймангина эмас, Антон Павлович, мен сизнинг ёзганларимга муносабатингизни кўпинча унча тушунолмайман. “Ҳикоя ёмон эмас, ҳатто жуда яхши, аммо Дуня (ҳикоям қаҳрамони) эркак бўлиши керак эди. Дейлик, у зобит бўлсин. Қаҳрамонингиз эса (бош қаҳрамоним талаба эди ва у Дуняни севарди) солиқ департаменти амалдори бўлсин”. Кўрдингизми, тақризингизни ёддан биламан. Аммо зобит билан солиқ департаменти амалдори ўртасида қандай муҳаббат бўлиши мумкин? Агарки муҳаббат бўлмаса, ҳикоямнинг нимаси яхши, ҳатто жуда яхши экан?
—Шундайлигича қолдираверишингиз ҳам мумкин. Ростданам яхши. Тил жиҳатидан устасиз демаганманми, агар мен муҳаррир бўлганимда бир табоқ учун сизга икки юз рублдан кам қалам ҳақи тўламасдим. Сиз бўлсангиз мен айтган жойга эмас, худо билади, қаёқларга борибсиз. “Сын отечества”га нима қилиб бориб юрибсиз? С. Н. Кривенко жуда яхши одам, лекин гап бунда эмас-да. Унинг газетаси ҳақида нима гаплар юрганини биласизми? Жуда топиб айтилган: ҳалол марҳумнинг мурдаси. Уни сиз ҳам тирилтира олмайсиз. Нега бордингиз у ерга?
—Буниси ҳолва, — дедим мен ланжроқ оҳангда. — Яна кимнинг олдига борганимни билмайсиз! Буренинга!
Чехов жойидан сапчиб турди. Ҳатто сюртугининг этаклари кўтарилиб кетди.
— Қайси овсар сизни бу ярамаснинг олдига юборди? — деб сўради у овозини кўтармай, лекин жаҳл билан ва қовоғи шундай уюлиб кетдики, ҳайратдан танг қолдим.
— Ҳа, бордим, — дедим. — У айтдики, агар мен ҳикояларимни ўзим унга олиб борсам… Тушуняпсизми? Унга, ўзим… нашр эттирар экан.
Шу гапни айтим-у, пушаймон бўлдим. Нима кераги бор эди! Аҳмоқлик! Шунчаки Антон Павловичнинг аччиқлангани менга ёқиб тушган эди-да, баттар жаҳли чиққанини кўрмоқчи эдим. Танноз хотинларнинг қилиғи бу.
— Табиийки, мен қўлёзмаларимни қайтариб олиб, иккинчи марта у ерга қадам босмайман деб келдим ўзимга ўзим, — деб қўшиб қўйдим сўнг.
— Илтимос сиздан, менга сал бўлса-да ишонинг. Маслаҳатларимга қулоқ тутинг ва ноқулай вазиятга тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Яхши одам ёмондан кўп, тўғри. Ёмонга дуч келиб қолманг дейман-да.
У сал хотиржам тортгач, мен шароб олиб кираман деб ошхонага чиқдим. Газак қилсак ҳам бўлар. Аммо Ш.лардан қолган-қутганлар — меҳмон олдига қўйишга арзимайди! Ул-бул нарсани ликопга солиб кирдим. Қўлёзмали жилдни эса дераза ёнидаги юмалоқ столга олиб бориб қўйдим.
— Буни емайман, — деди Чехов. У гўё иргангандек туюлди менга. Вино шишасини чеккароққа олиб қўйди-да, ўзига пиво қуйди. Уятдан, аламдан ерга киргудек бўлдим. Меҳмон чақирдим-у, нима де-йишни билмайман.
— Ётиб ухланг энди, — деди Чехов, — меҳмонларингиз толиқтирибди сизни. Бугун бошқачасиз, аввалгидек эмассиз. Бефарқ, ланж кўриняпсиз, мен ҳам кетсам, кўнглингиздаги иш бўлади. Ҳа, илгари… биринчи учрашувимиз эсингиздами? Кейин шуни биласизми?.. Сизни ёқтириб қолганимни билармидингиз? Жиддий эди бу. Сизни севган эдим. Дунёда сизни севганчалик севишим мумкин бўлган бош-қа аёл йўқдек эди. Сиз гўзал ва жозибадор эдингиз. Сизнинг навқиронлигингизда шунчалик софлик, шунчалик мафтункорлик бор эдики! Сизни севиб қолгандим, фақат сизни ўйлардим. Узоқ айрилиқдан сўнг Сизни яна кўрганимда бутунлай бошқача эдингиз, янаям гўзаллашиб кетгандингиз. Сизни қайта танишим, янаям қаттиқроқ, бошқачароқ севишим керакдек туюларди менга. Айрилиқ энди баттар қийиндек эди…
У бошини диван суянчиғига суяганча ўтирарди, мен рўпарасидаги юмшоқ ўриндиқдаман. Тиззаларимиз деярли бир-бирига тегиб турибди. Секин гапираётир, ажойиб йўғон овози худди гувиллашдек эшитилади, юзи эса жиддий, нигоҳи совуқ ва талабчан.
— Билармидингиз шуни?
Уни алдаганимдан жаҳли чиқяпти деб ўйлардим: ўзгариб кетганман, бефарқман, ланжман, чиройли ҳам эмасман энди, меҳмондўст ҳам. Бунинг устига, толиққанман, уйқусираб ўтирибман.
“Даҳшат” деган фикр ярқ этди миямда.
— Сизни севар эдим, — деди Чехов энди очиқ зарда билан ва эгилиб юзимга тикилди. — Аммо мен ёки мени ташлаб кетган аёлларга мутлақо ўхшамаслигингизни, Сизни умрбод ардоқлаб, пок қалб-ла севиш лозимлигини билардим. Сиз мен учун муқаддас эдингиз. Таҳқирдек туюлмасин деб Сизга қўл теккизишга ҳам чўчирдим. Шуни билармидингиз?
У қўлимни ушлади-ю, шу заҳоти қўйиб юборди, худди нафратлангандек, ҳарҳолда менга шундай туюлди.
—Бунча совуқ бу қўллар!
У ўрнидан турди-да, соатга қаради.
— Бир ярим. Суворин билан суҳбатлашиш ва овқатланишга улгурар эканман. Сиз эса ҳозироқ ётиб ухланг. Ҳозироқ.
 Атрофга кўз югуртириб, ниманидир излади.
— Эртага кўришамиз деб ваъда бергандим чоғи, аммо улгурмас эканман. Эртага Москвага жўнайман. Демак, кўришолмаймиз.
Яна диққат билан ён-верига қараб, бориб дераза тагидаги столдан қўлёзма солинган жилдни олди. Мен эса гўё жонсиз қўғирчоқ — қимирламай ўтирибман.
Қулоғим ғувиллайди, калламда минг хил хаёл айланади-ю, шу тобда бир тўхтамга келолмайман. Бирор нима дейишга ҳам тилим айланмайди. Миямда нималар бўлаётир? Бу шундай азобки! Хаёлларми чарх ураётган ёки булут олиб келган шамолми? Ҳар он ҳушимни йўқотишим мумкин. Хаёллар, шамол… “Антон Павлович эса кетаётир”.
Аранг ўрнимдан турдим ва уни кузатишга чиқдим.
—Хуллас, кўришмаймиз, — деди у яна.
Индамадим, ланжлик билан қўлини сиқиб қўйдим, холос.
Биз тўртинчи қаватда яшардик. Биринчи қаватгача бутун зинапоя чароғон эди. Эшигим тагида унинг зинадан чаққон-чаққон тушиб кетишини кузатиб турардим. Учинчи қават зинасига қайрилганида уни чақирдим:
—Антон Павлович!
У тўхтаб ортига ўгирилди. Бирпас турди-да, чопиб тушиб кетди.
Ҳеч нима деёлмай қолавердим.

VII

Антон Павлович кетгач, ўзимни қўйгани жой тополмай қолдим, рўмолга ўралиб олиб, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошладим. Юряпман-у, секингина инграб қўяман. Азобдангина эмас бу, ҳаддан ортиқ безовтаман, юрагим нақ қинидан чиқиб кетгудек бўлаётир. Кўз олдимдан Антон Павловичнинг жиддий юзи, совуққон, талабчан нигоҳи кетмайди. Ликопчалардаги арзимас қолган-қутган егуликлар ҳам лип-лип ўтади. Беихтиёр қўл силтадим: уҳ, шармандалик!
Юра-юра оёқларим ҳам толди, лекин бир оз ўзимга келгандек бўлдим. Калламдаги туман тарқаб, тиниқлашгандек бўлди.
“Сизни севдим…” — бирдан қулоғимда шу гап жаранглаб кетди.
Қоронғи кабинетга кириб, бояги жойимга ўтирдим.
“Шуни билармидингиз?”
Кўзларимни юмганча курси суячиғига бошимни ташладим.
“Сизни севдим. Дунёда Сизни севганчалик севишим мумкин бўлган бирорта аёл йўқдек эди…”
Қўлларим билан юзимни тўсдим, танамни титроқ тутди.
“Айрилмоқ янада мушкул… Янада мушкул…”
Ана шунда кўзларимдан шовуллаб ёш қуйилди.
“Энди нима бўлади? — дедим ўзимга ўзим. — Тамомми? Айрилишдикми? Эртага Москвага жўнаб кетади. Мен аввалгидек эмасман энди: ланж, карахтман, чиройли ҳам, меҳмоннавоз ҳам эмасман. Хунуклашганман, қариганман… Севган… Шунинг учун ҳам энди ёмон кўриб қолади. Кўзлари ҳам нафрат билан боқди… Албатта, ҳаммаси тугади! Учрашувлар ҳам, мактублар ҳам, дўстлик ҳам. Айрилишдик, у бундан унча азоб чекмайди, чоғи”.
Бирдан миямда қўлёзмаларимни олиб кетди-ку, деган фикр ярқ этди. Шуни қайтариши керак, ҳеч бўлмаса хат ёзади. Демак, муносабатимиз узил-кесил тугамади… Яна нимагадир умид қилса бўлар? Битикларимни ўқийди. Табиийки, олижаноб, яхши инсон бўлгани учун. Аммо дилгирлик, алам билан, эҳтимолки, нафрат билан ўқир. Ундан кўра ўқимагани яхши эди!
Мен ҳўнграб йиғлар, ёш қуйилаётган юзимни ҳўл бўлиб кетган рўмолчам билан тинмай артар эдим.
—Йўқ, мен билмас эдим! — дердим ўзимга ўзим, унинг билармидингиз деган сўроғига жавоб бераётгандек. — Билмасдим мен! Билганимда бахтдан бошим осмонга етмасмиди?! Мен эса умрим бино бўлиб бахт нелигини билмай яшаяпман!
“Сизни умрбод ардоқлаб, пок қалб-ла севмоқ керак. Таҳқирдек туюлмасин деб Сизга қўл теккизишга ҳам чўчирдим”.
“Сиз мен учун муқаддас эдингиз…” У шундай деди.
Ўрнимдан туриб, шам ёқдим.
— Бирорта ҳам сўзини эсдан чиқариб қўймасам эди! Ёзишим керак. Ҳозир буларни унча англолмаяпман, аммо ҳалиям унинг овози қулоғимда жаранглаб турибди. Ҳаммасини эслашим керак! Мағзини кейин чақиб олавераман. — Ёза бошладим, гапни бошқачароқ қураётган бўлсам, шу ондаёқ унинг овозини эшитаман. Шу тарзда унинг гапларини хотирамда айнан тиклаб, қоғозга туширдим. У кўп гаплар айтди, мен эса кам ёздим, фақатгина қулоғимда жаранглаган гапларини ёздим.
Шугина ҳам кўнглимга оз бўлса-да таскин берди. Мушоҳада қила бошладим.
Ахир қачон мен бунчалик хунуклашиб, қариб улгурдим экан-а? Кечагина (наҳот, кеча эди?) биз суҳбатлашиб кулишган, биринчи учрашувдаёқ ўртамизда пайдо бўлган илиқликни, яқинликни ҳис этмаганмидик?
Кечагина у Петербургда ўтказадиган ҳар бир куним Сиз билан учрашгим келади демаганмиди?
Ўтмишдаги муҳаббатим ҳақида унга гапириб беришнинг нима кераги бор эди?
У ҳам бутун оқшом мен каби қийналган бўлса-чи? Ёлғиз бўламиз деб ишонтириб, дабдурустдан уни анови Ш.га талатиб ўтирибман.
Агар, у “севаман” деёлмай, “севган эдим” деган ва менинг жавобимни кутган бўлса-ю, мен жонсиз қўғирчоқдек миқ этмай ўтирган бўлсам-чи? Ўша нафратли нигоҳу серзарда юз дарднинг ифодаси бўлса-чи? Ёки бир-биримизни нотўғри тушунган бўлсак-чи? Антон Павлович мени “ташлаб кетди” деб куйинаётирман, у эса мени бефарқлигим, уйқим келгани, меҳмонлар жонга теккани учун индамай ўтирди, деб ўйлаган бўлса-чи?
Миямда минг хил тахминлар чарх урарди. Лекин Антон Павловични рад этдим деган тўхтамга келганимда, унинг жонига тегдим деб ўйлаганимдан кўра кўпроқ азоблана бошладим. Антон Павлович мен билан яқин бўлгиси келармиди ёки алоқани бутунлай узмоқчимиди — ҳеч ўйлаб ўйимга етолмасдим.
У мени севгангина эмас, ҳамон севади деган фикр ақлимга сиғмасди. Бундай бўлиши асло мумкин эмасдек туюларди менга.
Фикрларим чалкашиб, жуда қийналиб кетдим.
Эртаси куни хат ташувчи менга бир жилд ташлаб кетди, ичида китоб, қўлёзмаларим ва хат бор эди. Бу Чеховнинг янги чиққан ҳикоялар тўплами экан, унга расмий тарзда: “Лидия Алексеевна Авиловага муаллифдан” дея дастхат битилган. Хат эса қуйидагича: “1895 йил 15 февраль. СПБ.
Қўшни хонадан Маркони ва Баттистинининг хониши эшитилиб турганига қарамай, иккала ҳикоянгизни ҳам диққат билан ўқиб чиқдим. “Салтанат” бинойигина ҳикоя. Лекин земство амалдорини эмас, заминдорни тасвирласангиз дуруст бўларди. “Исм куни тўйига” эса ҳикоя эмас, бўлгандаям ка-атта бир нарса. Сиз бутун бошли тафсилотлар тоғини уюб ташлагансиз ва бу офтобни тўсиб қўйган. Ёки тўрт босма табоқ келадиган йирикроқ қисса қилиш керак ёки хўжа-йинни уйга олиб келиш жойидан бошлаб кичикроқ ҳикоя ясанг.
Қисқача хулоса: Сиз истеъдодлисиз, лекин ланж тортгансизми-ей ёки сўзни дағалроқ ифодалайман деб, хомроқ ишлаяпсиз ва энди хом ёзувчилар қаторига тушиб қолибсиз. Тилингиз қарияларникидек, ширали. Қор устини таёқча билан пайпаслаб кўришнинг нима кераги бор эди Сизга? Гап сюртук ёки уй жиҳози ҳақида кетаётганда чидамлилик деб бўлмайди (бу ўринда пишиқлик). Қор усти деганингиз ҳам қовушмаган ифода. Кейин мана бундай гаплар ҳам учрайди: “Никифор дарвоза устунидан узоқлашди” ёки “Девордан узоқлашди” каби.
 Роман ёзинг. Йил бўйи ёзинг, ярим йил уни қисқартиринг, ке-йин нашр эттиринг. Сиз асарингизни қайта ишлашдан эринасиз, кам сайқал берасиз. Ёзувчи аёл шунчаки ёзиши эмас, қоғоз бетига ҳам гўё кашта тикиши лозим — секин, қунт билан. Бу насиҳатларим учун афв этинг. Баъзан одам ўзини катта одам қилиб кўрсатгиси ва ўгит бергиси келиб қолади. Бугун қолдим, тўғрироғи, қолдирилдим, эртага албатта йўлга чиқаман.
Хайр, омон бўлинг. Чин садоқат ила Чехов”.
Антон Павлович “ланж тортибсиз, хом бўп қопсиз”, дея койибди. Жаҳли чиқибди мендан. Мен эса кўп нарса ҳақида мулоҳаза қилдим, аниқ бир тўхтамга келмаган бўлсам ҳам, мантиқий фикр юритаётгандекман. Бу мантиқ унча маъқул эмас менга, бўйним ҳам ёр бермаяпти, аммо ақл ҳиссиётдан устун келиши керак эди-да! Шу ҳисни деб қанча аҳмоқликлар қилдим! Миша уйда эмаслигида Антон Павловични меҳмонга чақирдим. У нима деб ўйлади экан? Ёлғиз бўламиз деб уни йўлдан оздирмоқчидек туюлмадимми? Нима хаёлга борди экан-а?
Ўзимнинг ёмон ниятим бўлмагандан кейин Антон Павлович ҳам буни беадаблик деб билмайди деб ўйлабман-да. Мана энди Мишанинг танбеҳини эслаб ўтирибман: “Бунча лақма бўлмасанг! Тентакнинг ўзисан. Эркакларнинг бари бир гўр — тўнғиз, шуни эсингдан чиқарма. Буюм қаровсиз қолдирилса, ўғри гуноҳкор бўлмайди Ҳаддан ташқари ишонувчансан. Сенга неча марта айтганман, ҳаммани ўзингдек кўрма деб. Заррачаям жўшқинлигинг йўғ-у, тасаввур деганидан худо берган. Одамларнинг фарқига бормайсан, ўзинг қандай бўлсанг, бошқаларни ҳам шундай деб ўйлайсан, кейин аттанг қилиб қоласан”.
Мана, ҳозир ҳам ўсал бўлиб ўтирибман.
Энди Мишага иқрор бўлишим, ундан яна бир марта аччиқ таъна-дашном эшитишим қолди. Кейин эса… кейин ҳаммасини унутиб, яна аллақачон одатга, гўёки заруратга айланган тунд, офтобсиз кунларимга қайтаман, ўзимдан бошқа кимсага аён бўлмаган бахтимдан бебаҳра яшашга маҳкум бўламан.
Лекин “аёл кишида мантиқли фикр бўлмайди” дерди Миша. У яна ҳақ бўлиб чиқди (бу менга доим оғир ботарди).
Қандай қилиб — билмайман, дабдурустдан жуда дадил мулоҳаза юрита бошладим. Бу шиддатда менинг ишончим ҳам, муҳаббатим ҳам, азобим ҳам жамулжам эди.
“Мен Сизни севган эдим ва фақат Сизни ўйлардим…”
Мен рад этганим учун у кетиб қолди. Ҳа, мен уни рад этдим! Дилини оғритдим. Унинг ўзи ҳам мен қай аҳволда эканимни… бу катта бир англашилмовчилик бўлганини… қанчалик азоб чекаётганимни билмайди…
Яна икки кун эзилиб юра-юра охири бир тўхтамга келдим. Тилла дўконга китоб шаклидаги бир жевак буюртма қилдим. Бир томонига: “Қисса ва ҳикоялар. Ан. Пав. қўлёз. тўп.”, иккинчи томонга — “267-бет, 6-7-сатрлар” деб ёздирдим.
Китобдан шу сатрлар топилса, қўйидагини ўқиш мумкин: “Агар қачондир сенга менинг ҳаётим керак бўлса, кел ва ол”.
Жевак тайёр бўлганда, ғилофга ёзилган дўкон манзилини кесиб олиб ташладим ва уни чиройли қилиб ўратиб Москвага укамга жўнатдим. Ундан “Руская мысль” таҳририятига олиб бориб беришни илтимос қилдим.
Укам ғилофни Антон Павловичга бериб қўйинг деб Гольцевга элтиб берибди.
Мен сиқилганимдан, чорасизликдан, қолаверса, Антон Павлович ўзини рад этилгандек ҳис қилмаслиги ва уни бутунлай йўқотиб қўймаслик учунгина бўлганича бўлар дедим-у, унга шу совғани жўнатдим. Манзил-адресни аниқ иқрор бўлиб қолмаслик, у ким экан дея боши қотиши, ўзимга эса бўйинга олмасликка имкон қолдириш учун қирқиб олдим. Ҳаётимни унга буткул бағишлаб юборолмасдим-да! Яна денг, бирданига тўрт инсон ҳаётини; ўзим билан уч боламнинг ҳаётини бағишлай олмасдим. Миша болаларни менга бериб қўярмиди? Антон Павлович ҳам уларни қабул қила олармиди денг?

VIII

Антон Павлович совғамни олган, шубҳасиз. Энди нима бўлади деб хавотиру ҳаяжонда кун ўтказаман. Гоҳ у келадигандек туюлади. Гоҳ ундан хат кутаман, унинг мазмунини ҳам ўзимча тўқийман. Баъзан бу кескинроқ бир нома бўлади. Мен дарровгина унданам аччиқроқ жавоб қайтараман, унда гўё муносабат ва ёзишмаларни давом эттиришга ижозат бергандек бир-икки қатор илтифотли сўзлар ҳам бўлади.
Вақт ўтиб борарди, Чеховдан на бир хат, на хабар келди.
Хаёлимдаги гапларни муҳокама қилавериш қанчалик жонимга теккан эди! Чеховнинг чеҳрасини, овозини хотирамда айнан жонлантирувчи — у айтган — менга ёд бўлиб кетган гаплар… Уларни ичимда қайтараверишдан ҳам чарчадим.
Бир нарсага аминман, ҳеч нима бунчалик тушунарли, табиий ва ҳатто муқаррар бўлмаган: мен Чеховни севиб қолдим. Энди унинг истеъдодигагина эмас, ўзига, айтган ҳар бир сўзига, қарашлари, фикрларига ҳам мафтун эдим.
Тўғри, у кам гапирарди, аммо ана шу қисқа жумлалар ҳам унинг йирик, мураккаб, олижаноб шахсиятию бутун ҳаётини кўз ўнгингизда аниқ намоён этарди-қўярди.
Унинг қарашлари мен учун бўйсуниш лозим бўлган қонун эмас, йўқ, аксинча, кўзни очувчи бир янгилик эди. Уни зўр иштиёқ билан илиб олмаслик, эсдан чиқариб юбориш асло мумкин эмас эди. “Ақлли” инсонлар суҳбатини кўп бор эшитганман ва ачиниш, ҳатто наф-рат туйган, хуш кўрмаган пайтларим ҳам бўлган. Нафратимни кўрсата туриб, мен уни асослаб беролмаслигимни, лекин енгиб ҳам ўтолмаслигимни ҳис этардим. Антон Павлович гапирганда эса бахтиёрликдан тўлқинланиб кетарди одам. У инсон кўнглидаги эзгуликларни очиб юборарди — хаёлига ҳам келмаган шундай хазинага эга эканини билган одам эса бундан кўнгли тоғдек кўтариларди. Ҳарҳолда мен шуни ҳис этардим доим. Чеховни табиий ва муқаррар равишда севиб қолганим шундан экан-да. У-чи, у мени нега севиб қолган бўлса? Фақат ёш ва чиройлироқ бўлганим учунми? Лекин ёш, гўзал аёллар камми? Тўғри, ёзган мактубларим унга маъқул эди, у мени истеъдодли деб биларди, баъзан фикрларимга қўшиларди ҳам. Бир кун у менга: “Сиз ифодалашга тил ожизлик қиладиган туғма бир ахлоқ эгасисиз. Бу ҳаддан зиёда”, деган эди. Буни шундай бир умумий мунозара чоғи, эр ёки хотин танлашда адашиш одамнинг бутун ҳаётини барбод этиши адолатданми, деган савол устида баҳс кетганда айтган эди. Кимдир бу масалада адолат ҳақида гапиришга ҳожат йўқ, оила черков фотиҳаси билан никоҳланган эканми, ришта мустаҳкам ва боқий бўлажак деган эди. Бошқа биров турли мисоллар келтириб бу фикрга эътироз билдирган. Чехов эса гап-сўзга аралашмай ўтирган эди, бир вақт, “Сиз нима дейсиз?” деб қолди менга секингина. “Арзийдими-йўқми, аввалига шуни билиш керак”, дедим мен. “Тушунмадим. Нима арзийдими?” деб сўради у. “Янги муҳаббат бирон нимани қурбон қилишга арзийдими? Нимадир қурбон берилади ахир, тўғрими? Аввало, болалар. Одам ўзини эмас, қурбон бераётганларини ўйлаши керак. Ўзига ачиниши керак эмас. Шунда маълум бўлади: арзийдими-йўқми”.
Кейин, анча вақт ўтгандан кейингина бу суҳбатни эслаганимда, у нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини англаб етган эдим. “Сиз ифодалашга тил ожизлик қилар даражада ахлоқлисиз. Бу ҳаддан зиёда”, деган Антон Павлович.
Аммо у мени севиб қолиши учун шунинг ўзигина кифоя қилармиди? У-я?
Антон Павлович мен жўнатган жевакни олган, бунга шубҳа йўқ. Аммо на бир хат, на бир хабар бор, ҳатто ёзишмаларимиз ҳам тўхтаб қолди. Энди усиз яшашим керак.
Яшай бошладим. Ҳатто ҳаётим илгаригидан кўра қувноқроқ ўтаётгандек эди.
Надя опамнинг катта ўғли уйланди. Сергей Николаевич уйининг иккинчи қаватини чиройли қилиб таъмирлатиб ёшларга берди. Улар жойлашиб олиши биланоқ вақтичоғлик қилишни бошлаб юборишди. Мени ажаблантиргани, Миша уларнинг таклифини ҳеч вақт рад этмасди, бунинг устига, ўзи ҳам анча-мунча киришимли, шўх бўлиб қолди, ростакамига хурсандчилик қилаётир. У эски, ўта зерикарли танишларидан деярли воз кечди, энди ўзимизни эмин-эркин тута оладиган бир давра йиғилган эдик. Тез-тез тўпланишиб турар, рақс тушиб, ўйин-кулги, ҳазил-ҳузил қилиб зерикмас эдик. Баъзан одатдагидан вақтлироқ тарқалишимизга кулавериб ичакларимиз узилгани ҳам сабаб бўларди. Менинг ҳам бир овунчоғим бор эди, шу вақтгача у каби ёқимтой, аломат хушторим бўлмаган. У жуда ёш, келишган, пўрим ва шу қадар шўх эдики, ўликка ҳам жон киргизиб юборарди. Қулай фурсат топди дегунча менга изҳори дил қилар ва ҳар гал ҳар турли усуллар ўйлаб топарди: дейлик, мени извошда уйга кузатиб кетаётиб пўстинимнинг ёқасини ўпиб қўярмиди-ей, оёқларимни совуқдан музлаб қолмасин деб ўзининг узун қундуз қалпоғига тиқармиди-ей… Бир кун у менга бўлган муҳаббати қанчалик жиддий эканини Миша билиб қолса, жаҳли чиқишини ўйлаб эзилаётганини айтиб қолди. Мишани жуда ҳурмат қиларкан, яхши кўраркан ва унга хиёнат қила олмас экан. Шу боис мени севишини яширмаса яхши бўларкан. Билгани яхши! Унга дўст бўлишга лойиқманми, йўқми, ўзи ҳал қилсин, дейди.
Кула-кула бу гапни эримга айтиб бердим, у ҳам маза қилиб кулди…
— Агар ўзини менга рақиб бўламан деб ўйласа, аҳмоқ экан шу Коканг, — деди у. — Мавриди кеп қолса сен ҳам айтиб қўй унга, мен ҳам уни яхши кўраман, хоҳлаганча сенга хушомад қилаверсин, рухсат бердим.
Мен эътироз билдирдим:
— Бекор қиласан. Уни мен ҳам жуда ёқтираман. Нега ўзингни буни сезмасликка оласан, шунга тушунолмайман. Нега биз уч отли извошда сайр қилиб юрганимизда, сендан сўраб у мени учқур ҳашамдор фойтунда олиб кетди? Нега биз доим бирга юрамиз?..
Миша баттар кулди.
—Сен у билан зерикмайсан-ку?! Жуда яхши-да.
Ва муғомбирона кўз қисиб:
— Ўзини қанчалик тентак қилиб кўрсатаётгани хаёлига ҳам кириб чиқмаяпти, ахир қизиқ эмасми? Менга хавф туғдирармиш. Ҳе-ҳе! У кимга дуч келганини билганида афтини бир кўрсам эди.
Беихтиёр Антон Павловични деб бўлган қизғин рашк можаролари эсимга тушиб, алам қилиб кетди.
Миша ҳам хаёлимдан ўтаётганларни уқиб олгандек:
— Ҳа! У бошқа гап! — деди хитоб қилиб ва бирдан жиддий тортди. — Чехов эсингга келдими? Бу бошқа гап!
Кун ўтган сайин Антон Павлович ҳақида камроқ ўйлаётгандекман. У мендан юз ўгирди, мен ҳам гўё бефарқман. Шубҳасиз, мен бу дарддан қутулдим. Уни соғиняпманми? У билан яқинлашиш учун бирор-бир ҳаракат қилдимми? Ахир, мана бу янги даврада, анави “тентак” Кока билан мириқиб яйрамаяпманми?
Баъзан, камдан-кам ҳолларда, шаҳар ташқарисига чиқиб қайтгач ёки рақс кечасидан келгач, Миша ухлаб қолгачгина, ўтириб Антон Павловичга хат ёзганман.
Ёзардим ва йиғлардим. Шунчалик эзилиб йиғлаганимдан ҳолсиз, тинкам қуриб ўринга чўзилардим.
Бу хатларни унга жўнатмаганман, ёзаётибоқ уларни ҳеч қачон жўнатмаслигимни билардим.
У ҳам хат-пат ёзмаслигини билардим. Мен юборган жевак (агар мен юборганимни билган бўлса) балки уни ранжитгандир. Бу совғани у ўринсиз бир ҳазил деб қабул қилиши ҳам мумкин-ку! Лейкинларникидан қайтаётганимизда унга ёзмоқчи бўлган ҳикоям ҳақида гапириб берган ва нотаниш ошиқ бўлиш қанчалик қизиқарли эканини уқтиришга ҳаракат қилганимда, у қатъий эътироз билдирган:
— Зерикарли бу, онагинам!
Шу суҳбатни эсламаганмикан? Ана шундай уқувсизларча хаёлимни ўғирламоқчи бўпти-да, деб ўйламаганмикан?
“Майли, шундай ўйласин! — дердим ўзимга ўзим. — Шуниси яхши!”

IX

Театрга бормоқчи бўлиб янги кўйлагимни кийдим. Кўкимтир зангори ҳарир газламадан тикилган, қат-қат бурмали бу кўйлак астари ипак бўлгани боис юрганда билинар-билинмас шитирлайди. Парижча безаги ниҳоятда чиройли: ялтилламайди-ю, салгина товланади. Бу кўйлак ўзимга жуда ёқади, менга хўп ярашишини ҳам биламан.
Кетай деб турганимда Москвадан бир меҳмон келиб қолди. Кечикиб қолмай дея, пешиндан сўнг одатича ухлаб ётган Мишани уй-ғотгани ётоққа кирдим.
—Меҳмон келди, И.С., — дедим унга. — Мен кетаётган эдим.
Миша дарров уйғона қолди.
— Лампанинг қалпоғини олиб ташла-чи, — деди у. — Янги кўйлагингни кийдингми? Яхши кўролмаяпман.
Қалпоқни олиб қўйдим, хона ёришиб кетди.
— Мен танлаганман-да, матосини, —деди у. — Сен шунақасини танлай олармидинг? Дидим чакки эмас! Тўғрими? Александрага ҳам балли! Жуда қойиллатиб тикади! Қани, ўгирил-чи. Рафиқам жуда гўзал, фақат ўта қайсар-да.
—Чиқақол энди. Иван Сергеевич келди дедим-ку.
—Эшитдим. Жин урсин уни. Жуда тутуриқсиз бўлади-да, шу москваликлар! Меҳмонга ё каллаи саҳарлаб келишади, ё пешиндан ке-йин… У билан бирпасгина ўтириб тургин. Эсингдами, гимназияда ўқиб юрганимиздаёқ жигаридан уриб қолгандинг, бурчак-бурчакларда кўзёш қип юрарди. Кўриб яна бир ичи ёнсин. Бугун таърифингга гап йўқ. Борақол, мен чекиб олай.
Суворин театрида қайсидир таржима пьеса қўйилаётган эди. Зални кузата туриб дафъатан ложада Сувориннинг ёнида ўтирган Чеховга кўзим тушди. Унинг Петербургга келганини эшитмаган ҳам эдим. Келмоқчи эканини нега менга ёзиб юбормади экан? Жуда аломат дўстлигимиз бор! Мени кўриб, тескари ўгирилиб олди. Рара Суворин ва maman Суворина, ўрталарида Чехов, худди уларнинг фарзандидек, жуда кулгили, ғалати кўринади. Чеховни “қаттиқ севишимни” ўзи билади, балки шунинг учун ҳам менга терс ўгирилиб олгандир. Совғамни ёнида олиб юрганмикан?
Аммо у мен бу дарддан фориғ бўлай деб қолганимни, аввалларидек бутун изми-ихтиёрим унга тобе эмаслигини билмайди. Ҳозир унинг ҳикояларини бемалол танқид қила оламан, ўта мустақилман. Озми-кўпми ютуқларга ҳам эришдим.
Танаффусда фойега чиқдим. Қўнғироқ чалингач, шошилиб пастга тушаётиб Антон Павловични кўриб қолдим. У йўлакда биз бир вақтлар шампан виноси ичган ложа эшигида турган экан. Мени кўргач тез-тез юриб ёнимга келди ва қўлимни тутди.
— Зерикарли пьеса, — деди у. — Тўғрими гапим? Охиригача ўтириш шарт эмас. Мен сизни уйингизга кузатиб қўйган бўлардим. Ёлғизсиз, шундайми?
— Илтимос, Сиз овора бўлманг, — дедим мен. — Агар ҳозир кетсангиз, Суворинлар хафа бўлади.
Антон Павлович қовоғини уйди.
— Мендан хафасиз-да. Лекин қачон ва қаерда сиз билан гаплашиб олишим мумкин? Жуда муҳим гапим бор.
—Сизнингча, энг қулайи — кўчада, ёмғиру қор остидами?
—Унда айтинг: қаерда, қачон?
Ложанинг эшиги очилиб, Суворин чиқди.
—Қаранг, сизни қидиришяпти. Борақолинг тезроқ, — дедим кулиб ва йўлак бўйлаб тез-тез юриб кетдим.
— Менимча, дардим тузалди, буниси аниқ — дедим ўзимга ўзим зарда қилиб, томоша залига кирмоқчи бўлдим-у, кийим илгич томон юрдим. Пальтомни кийиб кўчага чиқдим. Ҳақиқатан ҳам қор ёғарди, қор аралаш ёмғир. Куч билан юзга урилаётган шамол юришга халақит берарди.
—Обориб қўяйми? — деб сўради бир извошчи.
Мен тараддудланганча унинг ёнидан ўтиб кетдим. Уйга боргим келмасди, вақт ҳам ҳали эрта эди.
— Гапларим ҳам, қилган ишим ҳам ниҳоятда оқилона! — деб йўлма-йўл ўзимни ўзим яндим. — Тузалганмишман!.. Ё Раббий, қанчалик бахтиқароман! Ким шу аҳмоқона, бебахт муҳаббатни кўнглимга солди ўзи? Мен билан гаплашмоқчи эди у. Нима тўғрисида? “Муҳим гап…” Нима, мен яна уни таҳқирладимми?
Ўйлай-ўйлай охири изтироб билан шундай хулосага келдим: йўқ, у тушунди. У ҳаммасига тушунади, ҳаммасини билади. Мана, энди жойим бўш эканини кўриб, уям қийналади.
Нега қийналади? Ачинганиданми?
Қани эди, у ҳам мени севганида! Қани эди…
Унда нима бўларди?
Кўчалару тор йўлакларда узоқ айланиб юрдим, охирги саволимга эса жавоб топа олмадим.

X

Биз Москвада учрашишга келишган эдик. Март ойида у ерда бўлишим керак. Антон Павлович Мелиховадан келаман деган эди.
1897 йил 18 мартда у менга шундай хат ёзади:
“Жаҳлдор Лидия Алексеевна, Сиз билан кўришишни жуда хоҳлайман, жуда ҳам. Жаҳлингиз чиққани ва “нима бўлганда ҳам” менга омонлик тилаб қолганингизга қарамай учрашмоқчиман. 26 мартгача Москвага бораман, аниқроғи, душанба куни соат кечаси ўнларда етиб бораман, Иверский рўпарасидаги Б. Москва меҳмонхонасида бўламан. Балки, ишларимдан (таассуфки, жуда кўп!) ортсам, олдинроқ борарман. 28 мартгача Москвада бўламан, кейин эса, фараз қилинг-а, Петербургга жўнайман. Хуллас, кўришгунча. Жаҳлдан тушиб лутф қилинг ва мен билан бирга тушлик ёки кечки овқатни баҳам кўришга рози бўлинг. Ишонинг, сизга маъқул бўлади. Энди Сизни ҳеч ҳам хафа қилмайман, уйда мени фақатгина касаллик ушлаб қолиши мумкин. Қўлингизни сиқиб, чуқур таъзим қилиб қоламан.

Сизнинг Чехов” .

Мен унга Москвадаги манзилимни ёзиб юбордим ва Москвада 23 март куни ундан шу хатни олдим:
“Б. Москва меҳмонхонаси, 5-хона. Шанба.
Москвага тахмин қилганимдан аввалроқ келдим, қачон энди кўришамиз? Ҳаво туманли, ёғин-сочинли, менинг сал тобим йўқроқ, уйда ўтиришга ҳаракат қиламан. Сизникига боришимни кутмай, меникига келишни лозим кўрмайсизми? Саломат бўлгайсиз.

Сизнинг Чехов”.

Кечқурун бораман деб дарров жавоб ёзиб юбордим.
Москвада акамникида турган эдим, у эримнинг синглисига уйланган. Шунинг учун ҳам уларга Чехов билан кўришгани бораман деб айтмадим. Бу ҳақда Алёша укам биларди, у кечқурун уйда бўлмаслигимга нимани баҳона қилиб кўрсатсам экан, деб бош қотиришимга ҳам ҳожат қолдирмади. Ўша куни туғилган куним эди. Шу баҳона укам мени уйига таклиф қилди. Акам билан хотини толстойчи эди, туғилган кунларни тан олишмасди, туғилган кун зиёфатларига ҳам боришмасди. Бироқ бунга хотини эмас, акамгина амал қиларди. Хотини эса меҳмонларни кўргани, мусиқа тинглагани, овқатланиб, озроқ ичиш учун кечқурун Алёшаникига жон деб борган бўларди. Лекин Алёша унга: “Сени чақирмайман, чунки уйим тор, сен эса жуда семизсан” деса бўладими! У аразлаб, илтимос қилганингда ҳам бормас эдим, деди. Мен Алёшага сеникига сал кечикиб бораман дедим. Барибир меҳмонхонада ҳам узоқ ушланиб қолмайман-ку, деб ўйладим.
Кайфиятим чоғ, бамайлихотир Антон Павловичникига кетаётирман. Ўзимнинг хотиржамлигимдан ўзим ҳайронман. Шуниси яхши, телба-тескари ҳаракатлар қилмайман, у эса доимгидек хотиржам ва вазмин тутади ўзини. Унга айтадиган гапларим шунчалик кўпки! Муҳокама қиладиган мавзулар ҳам талагина.
Хатда ёзганимдек, соат саккизда меҳмонхонага кириб бордим.
Дарбон уст кийимимни олди, зинадан чиқа бошладим. 5-хона.
Бирдан у орқамдан чақирди.
—Кимнинг олдига эди?
—5-га. Чеховга.
—У хонасида эмас. Чиқиб кетган.
—Бўлиши мумкин эмас! Эҳтимол, сизга кутиб олинг деб айтмагандир? Тоби йўқроқ эди. Менга ёзган.
—Билмасам. У бу ерда эмас. Эрталаб Суворин билан кетган.
Нима қилишни билмай, зинада туриб қолдим.
Шу пайт бир лакей шошилиб кириб қолди.
—Антон Павлович йўқ десам, ишонишмаяпти, — деди унга дарбон.
—Менимча, имениесига қайтиб кетдилар, — деди лакей. — Улар жаноб Суворинга “Кечқурун уйга кетаман…” деганларини эшитган эдим. Бирга Славянскийга нонушта қилгани кетдилар. Демак, бу ёққа қайтиб келмадилар.
—Учрашувни у белгилаган. Унга жавоб ёзган эдим…
—Хату хабарлар эрталабдан, қаранг, қанча йиғилиб кетди, — деди дарбон.
Шу заҳоти пастга тушдим. Тошойна курсиси устида бир уюм хат, улар орасидан ўзимникини топдим ва олиб ғижимладим. Энди Антон Павловичнинг бу ерда эмаслигига амин бўлдим, пальтомни кийиб эшикка қараб юрдим. Лакей эса тахмин қилишдан тўхтамасди:
— Қишлоққа кетганлари аниқ. Шошилинч иш чиққанми, ким билсин… Улар жаноб Суворинга айтаётган эдилар…
Извош ёллаб Алёшаникига йўл олдим.
Меҳмонлар кела бошлабди, шовқин, хурсандчилик.
—Ҳа, фикримдан қайтдим, бормадим,– дедим ҳайрон тикилиб турган Алёшага.
Меҳмонлар қўшиқ куйлай бошлашганда, кўнглим баттар бузилиб кетдики, чидай олмай Алёшанинг ётоғига кириб олдим.
Алёша дарров орқамдан кирди. Мендан жуда хавотирланаётир, кўриниб турибди, лекин сўрашга ийманиб, индамай тикилади. Хонада бут қаршисидаги чироқчагина ёниб турарди.
Алёшага қўлимни узатдим, у қаршимда тиз чўкди.
—Нима? Нима бўлди?
Унга “Москва”да мени қандай кутиб олишганини гапириб берганимда, у сакраб туриб кетди.
—Ўзинг нима деб ўйлайсан?
—Суворин уни қаергадир бошлаб кетган-у, у мени унутган.
—Мен эса сенга бундай бўлиши мумкин эмас, дейман! Чехов шундай қиладими? Чехов-а? Асло! Ёки анови ярамаслар ниманидир адаштиришган, ёки… нима дейишгаям ҳайронман! Лекин буни шундай қолдирмаймиз. Аниқлаш керак нима бўлганини.
—Қандай қилиб?
—Ҳозироқ у ерга борамиз… Ўзим кириб, ҳаммасини билиб чиқаман. Балки унинг ўзи ҳам келгандир.
—Лекин мен… уни асло кўргим келмаяпти!
—Хоҳласанг, унга гапингни айтиб қўяман. Нима дей? Айт!
—Билмадим. Ҳозир ҳеч нима деёлмайман. Борма унинг олдига, ҳеч нима ҳам дема… Шунчаки билиб кел нима гаплигини…
—Чехов бундай қилмайди! Суворин эмас, бошқа муҳим сабаби бўлса керак. Майли. Кетдик!
—Меҳмонларинг-чи?
—Менсиз ҳам ўтираверишади. Энагам уларга қараб туради.
Извош ёлламадик, Плющихадан “Москва”гача анча узоқ бўлса-да, яёв кетдик.
Кўклам ҳавоси шундай майин, ёқимли эдики! Ҳозиргина енгил ёмғир ёғиб ўтган, ҳатто кўприк тоши ҳам хушбўй ҳид таратаётгандек туюларди. Қордан асар ҳам йўқ, бу йил баҳор эрта келди. Айтишларича, дарё ҳам муздан тозаланибди.
Биз Антон Павлович ҳақида гаплашиб кетдик.
— Тушун, Алёша, — дердим мен укамни ишонтирмоқчи бўлиб. — Уни севиб қолганимни англаб етганимдан буён фақат азоб чекдим, фақат курашдим, фақат шу муҳаббатдан қутулишга ҳаракат қилдим. Йўқ, худди аввалгидекман, Мишага янаям, кўпроқ боғланиб қолдим, болалар бўлса… Болаларим менинг борлиғим, буни ўзинг ҳам биласан! Қараки, ана шу туйғуни ҳис этмагунча аёлларга хос одатий ҳаёт кечирар эдим. Лекин уни ҳис этгач… Мени айблаяпсан, шундайми? Ўйлаб кўр, агар мен Мишадан кўра келишган, хушчақчақ аллақандай Кокани севиб қолганимда, ўзимдан ўзим нафратланган бўлардим. Агар шундай жирканч иш юз берганда ҳам ундан қутулиш қийин бўларди деб ўйлайсанми? Йўқ, шунчаки алоқани узиш, кўришмаслик, гаплашмасликнинг ўзи кифоя қилади. Чеховни-чи? У бўлмаган жой борми ўзи? Ахир китоб ўқимаслик, театру томошаларга бормаслик, гап-сўзларни эшитмасликнинг иложи йўқ-ку. Уни унутиш мумкинми? Агарки шулар имконсиз экан, у туфайли ҳис этганим бу туйғудан қандай воз кечай? Азоб берса ҳам, оғу бўлса ҳам, бу мени бахтиёр этаётир! Унинг мактублари, эътибори, овози, менга тикилган нигоҳлари, шуларнинг ўзи бахт мен учун! Баъзан, фараз қил-а, у мени севадигандек туюлади. Ҳа, шундай бўлади ва шунда… Тўғри, бундай вақтда баттар азобланаман. Лекин бу шундай бир бахтки! Қара, фақат бахт, бахт дейман-а, аслида ҳеч бахт нелигини туйибманми? Менинг аҳволим йиғлаётган одамнинг синиққина жилмайишига ўхшайди.
Турган гапки, у мени севмайди, аммо севишимни билади ва бу унга ёқмайди деб ҳам бўлмайди. Шунинг ўзиёқ ўртамизда ришта пайдо қилган, шунинг ўзиёқ бизни яқинлаштирган. Агарки мен бировга зиён етказмасам, ҳеч кимдан ҳеч нимани тортиб олмаётган бўлсам, нега мени айблаш керак экан? Нима гуноҳ қилибман?
—Ким сени айблаяпти? — деди қизишиб Алёша.
— Мишанинг айтишича, эркакларнинг бари бир гўр — тўнғизнинг ўзи. Чеховни ҳамма билан тенг қўйиб бўларканми? Меҳмонхонага бирортасининг ёнига боришим… буни хаёлимга ҳам келтиролмайман, лекин у билан кўришиш учун бордим, чунки ундан баланд, ундан олижаноб, ундан соф одамнинг ўзи йўқ.
— Бугун ҳам унинг айби йўқ, мана кўрасан… — деди Алёша.
Алёша меҳмонхонага ёлғиз ўзи кирди ва тезда қайтиб чиқди. Мени қўлтиқлаб олди ва биз ортга қайтдик.
— Келмабди, — деди у. — Ўзи келганидаёқ мазаси йўқроқ экан. Эртага яна хабар оламан.
Яна ёмғир томчилаётир, ҳадемай йирик-йирик яккам-дуккам ёға бошлади. Атроф янаям илиқ, хушбуй бўлиб кетгандек.
25 март куни эрталаб хат олдим: “Москва, 1897 йил, март.
Сизга менинг қисқача жиноий curriculum vitae имни баён этай: жума куни кечаси қон тупура бошладим. Эрталаб Москвага йўлга чиқдим. Соат кечки олтиларда Суворин билан Эрмитажга тушлик қилгани бордик. Столга ўтирар-ўтирмас оғзимдан қон отилиб кетди. Сўнг Суворин мени Славян бозорига олиб борди; дўхтирга кўриндим; бир кундан кўпроқ ётдим у ерда, энди яна уйдаман, яъни Катта Москва меҳмонхонасида.
Сизнинг А.Чехов.

Душанба”.
Сешанба куни кундузги соат учларда Алёша билан клиника қабулхонасига кириб бордик. Бизни оқ халатли аёл қарши олди: катта ҳамширами ёки назоратчими, билмадим.
—Шу… опам Чеховни кўрмоқчи эди, — деди Алёша.
Оқ халатли аёлнинг юзида ваҳима пайдо бўлди, у елкасини қисиб, қўлларини юқори кўтарди.
— Мумкин эмас! Асло мумкин эмас! Антон Павлович ниҳоятда заиф. Фақат Марья Павловна кириши мумкин олдига.
—Доктор билан гаплашсак бўладими?
—Доктор билан? Фойдаси йўқ. У ҳам мен сизга айтган гапни айтади.
—Барибир бир гаплашсам… — деди укам.
Ҳамшира елка қисиб, ўйланиб турди-да, ичкари кириб кетди.
Доктор келасолиб изоҳ бера кетди:
— Антон Павловичнинг ёнига кириш мумкин эмас. Сизни зин-ҳор кирита олмайман.
Шунда мен ҳам сўз қотдим:
— У ҳолда, сиздан илтимос, унга айтиб қўйсангиз, бугун хатини олдим ва мана… келган эдим, лекин мени қўймаяпсиз.
—Бугун хат олдингиз? Ахир у уч кундан буён касал ётибди-ку.
Чеховнинг хатини сумкамдан олиб унга узатдим.
—Буни кеча ёзган.
Доктор хатни қайтариб берди ва қошларини чимириб:
—Кутиб туринг, — деб шошилганча ичкари кириб кетди.
—Кўрдингми? Рухсат беришади… — деди Алёша.
Доктор қайтиб келгач, аввалига менга тикилиб қаради, кейин бошини сарак-сарак қилиб, қўлларини ёйди.
— Нима ҳам қила олардик? — деди у. — Антон Павлович сизни ҳозироқ кўрмоқчи. Шошманг… Сиз Москвага йўл-йўлакай тўхтадингизми?
—Ҳа.
—У қишлоқдан сиз билан кўришиш учун касал ҳолида, яна шундай ҳавода етиб келдими?
—Суворин келган… — дея гап бошладим мен.
Доктор мийиғида кулиб:
— Хўш-хўш! Шундай қилиб, Суворин билан кўришиш учун у ҳаётини хатарга қўйдими? Гап шундаки, хоним, у оғир аҳволда, сал ҳаяжонланиш ҳам у учун хавфли. Албатта, нима қилаётганингизни ўзингиз яхши биласиз. Мен жавобгарликни бўйнимдан соқит қиламан. Ҳа, шундай.
Мен саросимага тушиб қолдим.
—Нима қилай мен? Кетайми?
— Энди иложи йўқ. У сизни кутяпти. Буткул ҳаяжонда. Нима ҳам қила олардим! Юрақолинг.
Биз зинадан чиқа бошладик.
— У нима деса ҳам оғзингизни очманг! Зарарли! Эсингиздан чиқмасин: гаплашса, ҳаяжонланса яна қон кетади. Сизга уч дақиқа вақт бераман. Уч дақиқа, ундан кўп эмас. Бу ёққа… Ҳай, майли… — деди энди сал тинчланиб дўхтир. — Ўзингиз хотиржамроқ бўлинг. Уч дақиқадан сўнг келаман.
Хонада ёлғиз ўзи ётибди. Чалқанча, бошини эшик томон буриб олган.
—Қанчалар марҳаматлисиз… — деди секин у.
—Гапирманг, йўқ! — дея қўрқиб унинг гапини бўлдим. — Сиз бетобсиз. Қаерингиз оғрияпти?
У жилмайиб каравот ёнидаги курсига имо қилди.
— Уч дақиқа вақтим бор, — дедим ва столдан унинг соатини олдим. У соатни қўлимдан олиб жойига қўйди-да қўлларимни ушлади.
—Айтинг, келармидингиз?
—Сизнинг ёнингизгами? Борган эдим, азизим!
—Боргандингиз? Эҳ, қанчалик омадсизмиз-а! Омадсизмиз!
—Гапирмасангиз-чи! Мумкин эмас. Булар муҳим эмас ахир.
—Нима?
—Мен борганим ва…
—Муҳим эмас! Муҳим эмас?
—Сиз тузалиб кетсангиз бўлгани.
У қошларини чимирди.
— Муҳим эмас денг?
— Бошқа сафар-да, энди. Ахир биласиз-ку, ҳаммаси сиз истагандек бўлади.
У жилмайди.
— Ҳолсизман, — дея пичирлади у. — Азизам…
—Сизни гапиртирмаслик учун нимани ҳикоя қилиб берсам экан-а?
—Бугун жўнайсизми?
—Йўқ, эртага.
—Эртага ҳам албатта келинг. Сизни кутаман. Келасизми?
—Бўлмасам-чи.
Шу пайт доктор кирди ва илтифот билан жилмайиб:
—Бўлди, Антон Павлович. Ўзингизни толиқтириб қўйманг, — деди.
—Бир оз сабр қилинг… Лидия Алексеевна! Сиздан бир илтимос…
Доктор огоҳлантиргандек бармоғини ниқтаб қўйди ва унга қоғоз-қалам узатди. Антон Павлович: “Ўзингиз “Русская мысль”га бориб Гольцевдан менинг қўлёзмамни олсангиз. Ўқиш учун менга ўзингизнинг бирор нарсангизни ва яна нималардир келтириб беринг”, деб ёзибди.
Ўқиб бўлганимдан кейин у яна қоғозни мендан олди ва шундай деб ёзди: “Сизни жуда сев… миннатдорман”. “Сев…”ни ўчирди ва жилмайди.
Хайрлашдим ва эшикка қараб юрдим.
Антон Павлович мени чақирди:
— Лидия Алексеевна! Гастролёр артистларга ўхшайсиз! — деди баланд овозда.
—Бу кўйлак — Чайка, — дедим кулиб.
Докторнинг жаҳли чиқди:
— Антон Павлович! Ўзингиз врачсиз… Эртага аҳволингиз ёмонлашса, бирор одамни ёнингизга қўймайман. Ҳеч кимни!
Алёша билан уйга қайтяпмиз, йўлма-йўл юзимни юваётган кўзёшларимни артиб келяпман.
Алёша индамайди, чуқур-чуқур хўрсинади, холос.
— Алёша, — дедим, — менга ачинма, кўнглим хотиржам, хотиржамман…

XI

Менга иккита телеграмма келибди. Биттасида: “27-да кутиб оламан деб умид қиламан. Жуда соғиндик”, иккинчисида: “Дарҳол етиб кел. Кутамиз. Ўпиб қоламиз”, деб ёзилган.
Эртаси эрталаб яна бир телеграмма келди: “Келишингни хабар қилиб юбор. Эртага албатта кутаман”.
Қўлёзмани олиш учун “Русская мысль”га Гольцевнинг ёнига бордим.
Гольцев ҳайрон бўлди:
— Нима қиларкан ҳозир? Кейин ҳам улгурарди.
Касалхонага борганимни эшитиб, Чеховнинг соғлигини суриштира кетди, яна икки-уч одамни ҳам чақирди ёнига.
— Мана… Антон Павлович ҳақида энг янги маълумот.
— Баҳор бўлгани яхши эмас-да, — дейди биттаси. — Кеча дарё муздан тозаланди. Шу касал билан оғриганлар учун жуда хатарли бир палла ҳозир.
— Аҳволи жуда оғир, хавф остида деб эшитгандим… — деди яна кимдир.
—Демак, кўргани борганларни қўйишаётган экан-да ёнига?
—Йўқ, йўқ. Лидия Алексеевна унга бизнинг саломимиз ва тилакларимизни етказади. Унга айтинг, қўлёзмани ўқиб беришга вақти бўлади ҳали. Ҳозирча ўзини уринтирмасин.
Таҳририятдан жуда кўнглим ғаш бўлиб чиқдим. Антон Павлович менга ўлим тўшагидаги бемордек кўринмади-ку, булар бўлса, унинг аҳволи жуда ёмон дейишди, дарё музи эриганини гапиришди… “Энг хатарли палла”миш. У ҳақда худди ўлган одам тўғрисида гапиришаётгандек туюлиб кетди менга.
Касалхонага борай десам, ҳали эрта (соат иккидан олдин мени ичкарига қўйишмайди ҳам), дарё қирғоғига тушдим.
Замоскварец кўпригининг тўсиғига келиб пастга қарадим. Дарё устини қоплаган муз парчалари гоҳ йўқолади, гоҳ кўринади. Ҳаво очиқ, осмон жуда кўм-кўк, мусаффо, лекин аллақандай хавф бордек кўринди, худди кўприк остидан ваҳм солиб ўтаётган бетизгин, шиддаткор дарё сингари. Муз парчалари сув юзасида қўққисдан пайдо бўлар, айланар, узоқ-узоқларга оқиб кетар эди. Борган сари дарё тезлашаётганга ўхшайди ва бундан бошим сал-пал айлана бошлади.
Мана… Музни парча-парча қилиб, майдалаб оқизиб кетаётир. Ҳаёт ҳам дарё каби елдек учмоқда, у ҳам одамни чархлайди, букиб синдиради, енгади ва олиб кетади. “Энг хатарли палла…” “Антон Павловичнинг аҳволи оғир! Жуда оғир!”
Охирги вақтларда у хатини муҳрлаётган муҳри эсимга тушди. Сур-ғучнинг кичкина қизил доираси ичида: “Ёлғизнинг ёри худо” деб ёзилган эди.
“Ўттиз ёшгача жуда шод-хуррам умр кечирганман”, деган эди бир кун у менга.
Ўттиздан сўнг ҳаёт енгдими, синдирдими уни? Энди олиб кетаётирми?
Эсиз, ҳаёт! Чеховдек фавқулодда бир инсонни у қониқтира олармиди? Унинг қалбини алам ва изтиробдан асрай олармиди? Покиза, теран, ўзига ниҳоятда талабчан бу зотни ким авайлаб-асрайди?!
Антон Павлович роҳат кўрмади! Қалбида турмуш қувончлари мақсадсиз бўлса-да жўш урган, ёшлик мастлиги ҳали тарк этмаган бир вақтда, ён-атрофига жиддий ва талабчан нигоҳ ташлаб улгурмаёқ ўзини саҳрода қолгандек ёлғиз ҳис эта бошлади. Балки аввалига муб-ҳамроқ бўлган бу ҳис бора-бора аниқроқ, сезиларлироқ бўла борган, акс ҳолда ўзига бундай муҳр буюртма қилишнинг нима кераги бор экан? У барчадан баланд турганини ва у етган юксакликда унга лойиқ бахтнинг ўзи бу ҳаётда йўқ эканини тушуниб етмаган ва эҳтимолки, ҳозир ҳам билмас.
Негадир бирдан қизиқ бир воқеа эсимга тушиб кетди.
— Нимага менга биттанга жўнатдингиз? — деб сўраган мендан Антон Павлович.
—Биттанга?!
—Ҳа-да. Сиз уни Лопасня бекатида темирйўл қўриқчисига менга бериб қўйинг деб бергансиз.
—Сизга хат берган эдим!
—Хатни шунчалик ғижимлаб юборибдики, имзонгиздан бошқа бирор нимани тушуна олмадим. Биттангани у менга бус-бутун етказди. Мен олдим.
Ҳар гал шу ҳақда эсласам, “мен олдим” деганига роса кулардим.
Дарё эса шошгандан шошаётир.
Йўқ! Антон Павлович ўлмайди… Бу ҳақда ўйлаш — йўқ, бу мумкин эмас…
Сал бўлмаса қўлтиғимга қистириб олган боғламни тушириб юборай дедим, бошимни қимирлатдим-да, қирғоқ томон юрдим.
Гул олгани бордим. Антон Павлович: “Яна нимадир” деб ёзди-ку. Хўп, ўша “нимадир” гул бўла қолсин.
Касалхонага айни вақтида келибман. Мени ҳамшира қарши олди.
— Антон Павловичнинг аҳволи ўша-ўша, — деб жавоб берди у менинг саволимга. — Кечаси деярли мижжа қоқмади. Қон туфлаши ҳатто кучайди…
—Мени унинг ёнига қўймас экансиз-да?
—Мен доктордан сўрадим, у рухсат берди.
Ҳамшира, афтидан норози, менга ғалати-ғалати қараб қўярди.
Гулдастам устидаги юпқа қоғозни олиб ташладим.
— Вой! — деб қичқириб юборди ҳамшира. — Ахир бу мумкин эмас! Наҳотки тушунмайсиз, бундай касаллар хонасига хушбўй гуллар…
Мен қўрқиб кетдим.
—Мумкин бўлмаса, ўзингиз олақолинг… олинг.
У жилмайди.
— Майли, олиб келибсизми, унга кўрсатақолинг.
Хонага киришим билан ўша мулойим, ўзига жалб этувчи нигоҳларни кўрдим.
У гулдастани олиб, юзига босди.
— Ҳаммаси мен яхши кўрадиган гуллар, — деди у шивирлаб. — Қандай чиройли атиргул, марваридгул…
Шунда ҳамшира:
— Буниси энди, Антон Павлович, ҳеч мумкин эмас, доктор рухсат бермайди.
—Ўзим ҳам докторман, — деди Чехов. — Ҳеч нима қилмайди! Илтимос, сувга солиб қўйинг.
Ҳамшира яна менга ола қараб чиқиб кетди.
— Кеч қолдингиз, — деди Антон Павлович қўлимни секин сиқиб.
—Ҳеч ҳам. Соат иккидан олдин киришимга рухсат беришмаган. Ҳозир роппа-роса икки.
—Ҳозир иккидан етти дақиқа ўтди, онагинам! Етти дақиқа! Мен эса маҳтал…
Мен олиб борган китоб ва газеталарни бир-бир кўра бошлади. Қўлёзмани столга ташлаб, гапимни тинглади — Гольцевга борганим ҳақида “ҳисоб” бердим.
— Таассуфки, буларни ўқиганман, — деди у секин. — Толстойнинг нашр этилмаган мақолаларими? Янгилари? Ҳа, буларни мамнуният билан ўқиб чиқаман. Мен қўшилолмайдиган…
—Кўп гапириш мумкин эмас! — дея унинг гапини бўлдим. — Сиз Лев Николаевичнинг таълимотини муҳокама қилмоқчисиз, чоғи.
—Қачон қайтмоқчисиз?
—Бугун.
—Йўқ! Яна бир кунгина қолинг. Эртага ҳам ёнимга келинг, илтимос сиздан. Ўтинаман!
Ҳар учала телеграммани унга кўрсатдим. Уларни қайта-қайта ўқиди.
—Менимча, бир кун қолсангиз ҳеч нима қилмайди.
— “Тезда етиб кел” дейилгани мени сал хавотирга соляпти. Болалар соғмикан ишқилиб?
— Ишончим комилки, ҳамма соғ-саломат. Мен учун бир кунгина қолинг. Мен учун, — деди у яна.
—Антон Павлович! — дедим секин. — Иложим йўқ.
Нима рўй беришини кўз олдимга келтирдим: ушланиб қолдим деб телеграмма жўнатсам, Миша шу бугуноқ кечқурун Москвага етиб келади. Дейлик, у келмай, мени уйда кутар. Мени қандай кутиб олади? Буниси ҳам майли. Аммо мен шундай қилсам, Антон Павловични севишимга Мишанинг шубҳаси қолмайди. Бу ишимдан кейин рисоладагидек оиламдан ҳам ном-нишон қолмайди-ку. Унинг ҳам, менинг ҳам ҳаётимиз дўзахга айланади. Нима учун? Касалхонага уч дақиқалик яна бир ташриф учунми?!
Калламда ҳар турли хаёллар кезарди.
—Демак, иложи йўқ, — деди Антон Павлович.
Шунга амин бўлдимки, у яна ҳаммасини англаб етди. Мишанинг рашкини ҳам, менинг қўрқувимни ҳам.
“Ишончим комилки, ҳаммалари соғ-саломат”.
— Ўзимни идора қилолмаяпман… Дармоним йўқроқ… — дея шивирлади у. — Узр…
Доктор кирди. Антон Павлович гулга имо қилди ва ишонч билан:
—Бу менга зарар қилмайди, — деди.
Доктор энгашиб гулни ҳидлади ва хардамхаёл тарзда:
—Яхши! — деб қўйди.
Кейин менга қараб:
— Касалимиз ўзини яхши тутмаяпти: ухламайди, асабий, — деди. Кейин кулиб қўшиб қўйди: — Ўзбошимча. Ҳеч эплай олмаяпмиз уни.
Кетмоқчи бўлиб ўрнимдан турдим. Докторга менинг ташрифларим малол келаётгани ва ҳозир ҳам кетсам айни муддао бўлишини тушуниб турибман.
—Бугун кетасизми? — деб сўради Чехов.
—Бугун кечқурун.
—Агар кечқурунгача… — дея гап бошлади-ю, гапини тугатмай, докторга қараб қолди.
—Сиз дам олишингиз керак, тинчлик керак сизга, — деди қатъий оҳангда доктор.
Хайрлашиб чиқиб кетишим керак эди, лекин мен шунчалик ўз хаёлларим билан банд эдимки, нима қилаётганимни билмасдим. Каравот устида сочилиб ётган китоб ва қоғозларни йиғиб, буклаб қўя бошладим.
Бехосдан ўгирилиб Антон Павлович айёрона кулиб турганини ва икки қўллаб гулдастани бекитаётганини кўрдим. Эс-ҳушим жойига келиб, кулиб юбордим, қўлимдагиларни жойига қўйдим.

Оҳ, шу он шу ернинг ўзида каравот ёнида тиз чўкиб ичимга сиғмай кетаётган гапларни айтсам эди! “Севгилим! Ахир мен билмайман… ишонолмайман… Бирон марта мени севишингизни, Сизга керак эканимни айтсангиз эди. Аммо ҳеч қачон… Агар бугун ёнингизда қолсам, бу ҳал қилувчи қадам бўлади. Бироқ ҳозир бу ҳақда гаплашишнинг мавриди эмас. Беҳолсиз, ҳаяжонланиш мумкин эмас Сизга” дейолсам эди!
— Соғайиб кетинг! — дедим ва адёл устига чиқариб ётган қўлларини устидан ушлаб қўйдим.
— Оқ йўл, — деди у. Мен эса тез-тез эшикка қараб юрдим. Худди аввалги сафаргидек у мени чақирди.
— Апрель охирларида Петербургга бораман. Жуда бўлмаса майнинг бошларида.
—Ҳа, бўлмасам-чи! — деди доктор.
—Боришим шарт-да! — деди ҳаяжонланиб Антон Павлович.
—Табиий, табиий.
—Жиддий гапиряпман! Хуллас, апрелнинг охирида… Албатта бораман.
—Унгача ёзишиб турамиз, — дедим ва докторнинг менга қаттиқ тикилиб турганини сезиб тезда чиқиб кетдим.
Бу гал кўнглим хотиржам эмас. Антон Павловичнинг астойдил “мен учун…” деган илтимосини рад этдим. Мана, у учун бир кунгина қолишдек арзимас бир ишни қила олмадим.
“Ўтинаман…”
Қололмадим! Нимадир йўл бермади. Ўша “нимадир” ҳар томонимдан исканжага олаётир — Мишанинг руҳий ҳолати, шунча узоқдан ҳам буни ҳис қилиб турибман, доктор ва ҳамширанинг муносабати, ҳатто акам ва хотинининг муносабати ҳам. Кўриниб турибди, улар ҳайрон. Хат ташувчи менга кимдан хат опкелди? Нега касал ётган Чеховнинг ёнига кириш учун менгагина рухсат беришяпти? Петербургдан нега телеграмма келди?
Телеграмма келганининг сабаби ўзимга аён: Чеховнинг касаллиги ҳақида Сергей Николаевичнинг таҳририятида дарров хабар топишган, табиийки, Миша ҳам буни эшитган. Беморни кўришга ким бориб тургани ҳам маълум бўлган.
Тушкун бир кайфиятда, ўзимни гоҳ айблаб, гоҳ оқлаб уйга кетаётган эдим, бирдан олдимдан Лев Николаевич чиқиб қолди. У кўпинча “Девичье поля”да айланиб юрарди. Мени таниб тўхтади.
—Қаердан келяпсиз? Монастирданми?
—Йўқ, касалхонадан.
Унга Антон Павлович ҳақида гапириб бердим.
— Қанақасига? Қанақасига ахир? Бетоб эканини билардим, аммо ёнига ҳеч кимни қўйишмаяпти деб ўйловдим. Эртагаёқ уни кўргани бораман.
— Боринг, Лев Николаевич. У хурсанд бўлади. Биламан, у сизни жуда яхши кўради.
— Мен ҳам уни яхши кўраман, аммо ҳеч тушунолмайман, нега у пьеса ёзаркан-а?
“Мана, — деб ўйладим, — кўнглимда нималар кечаётганини билса, мени аямай танқид қиладиган одам”.
Хусуматсиз, ҳозирги аҳволимга бефарқ бўлмаган одамга муҳтож эдим, Алёшаникига йўл олдим.

XII

Чеховнинг бир ҳикояси бот-бот эсимга тушади. Менимча, “Ҳазил” эди номи.
Қиш куни. Шамол. Муз тепалик. Бир йигит билан қиз чана учади. Ҳар гал чана пастга шўнғиётганда, қулоғида шамол увиллаганда, қизга: “Сизни севаман, Надя”, дегандек эшитилади.
Балки бу гап шунчаки қулоғига чалинар?
Улар яна тепаликка чиқиб чанага ўтиради. Яна чана бурилишдан ўтиб пастга шўнғийди… Яна ўша гап эшитилади: “Сизни севаман, Надя”.
Ким айтяпти? Шамолми? Ёки орқасида ўтирганми?
Тўхташлари билан эса ҳаммаси эскича; одатдагидек, йигитнинг ҳолати ҳам лоқайд.
Мен ҳам Москвада тепаликдан учдим. Илгарилари ҳам учганман. “Сизни севаман” деган гапни ҳам кўп эшитганман. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаммаси одатий ҳолга айланди, Антон Павловичнинг хатлари эса бефарқ, расмий эди.
Чеховнинг ҳикояси “Ҳазил” деб номланарди, шекилли .
Антон Павлович баҳорда Петербургга келмади, кузда эса уни докторлар Ниццага жўнатишди. Менга у ёқдан, “Бутун қишни балки чет элда ўтказарман”, деб ёзган эди. Яна, “Соғлигим эрталаблари чидаси бўладиган даражада ва кечқурунлари жуда яхши” деб хабар беради. Буни октябрда ёзган. Ноябрнинг бошларида эса, “Ҳаво совуқ пайтида аҳволим яхши эди, ёмғир ёғса ва айниқса, қуйиб ёғса, томоғим яна қичишиб қон пайдо бўлади, шундай разилликки бу”, деб ёзибди.
Мен унга нашр қилинган ҳикояларимни жўнатдим, у эса муфассал тақризлар ёзиб юборди.
“Эҳ, Лидия Алексеевна, “Унутилган номалар”ингизни шунчалар ҳузур қилиб ўқидимки! Жуда ажойиб, фаҳм-фаросат билан ёзилган нафис бир асар. Кичкинагина, қисқа-лўнда нарса-ю, истеъдод ва санъаткорлик чексиз бунда, ажабо, нега шундай ёзавермайсиз доим?! Хат — аслида зерикарли, муваффақиятсиз бир услуб. Аммо мен назарда тутаётганим — асар оҳангидаги самимият, ундаги жўшқин туйғу, чиройли жумлалар. Гольцев Сизни дурустгина истеъдоди бор деб айтганида ҳақ экан, агар ҳалигача бунга ишонмасангиз, ўзингиздан кўринг. Сиз жуда кам ишлайсиз, ялқовсиз. Мен ҳам эринчоқман, аммо сиз билан қиёслаганда мен бир дунё нарса ёзганман. “Унутилган номалар”дан ташқари бошқа ҳамма ҳикояларингизнинг сатрларида қатъиятсизлик, тажрибасизлик, ялқовлик сезилиб туради. Сиз ҳалиям ёзишнинг ҳадисини олмабсиз, худди ҳаваскор қаламкашдек, чиннига расм солувчи ойимчалардек ёзасиз. Пейзажни Сиз яхши биласиз, тасвирлайсиз ҳам, аммо қисқароқ қилишни билмайсиз, шу боис кераксиз жойларда ҳам у кўзга ташланиб туради, ҳатто бошидан (деярли) ўрталаригача уюм-уюм пейзаж парчалари остида бутун бошли ҳикоя йўқолиб кетади. Яна Сиз жумла устида ишламайсиз, унга сайқал бериш керак — санъаткорлик ана шунда. Кераксиз сўзларни олиб ташлаш, жумлани “шунга мувофиқ”, “ёрдамида”лардан тозалаш, бир жумлада деярли ёнма-ён “турди”, “тўхтади” деган сўзларни ишлатишдан сақланмоқ, оҳанги-ни топмоқ лозим. Азизам, “бенуқсон”, “синишда”, “лабиринтда” деган сўзлар ахир ҳақоратнинг ўзгинаси-ку! “Казался” ва “касался” деган сўзларни ёнма-ён ишлатишингизга майли, розиман, лекин “бенуқсон” деганингиз дағал-ку, бу фақат сўзлашув нутқига ярайди, бу ғализликни Сиз ҳис этишингиз керак, ахир. Сиз зеҳнлисиз, мусиқани яхши тушунасиз-ку. Буни “Унутилган номалар”нинг ўзиёқ кўрсатиб турибди. Ҳикояларингиз чиққан газеталарни сақлаб қўяман, имкон бўлиши билан Сизга жўнатаман. Сиз эса менинг танқидимга эътибор бермай, яна ул-бул нарсаларингизни йиғиб менга юборинг…”
Мен яхши шогирд эмас эдим, Антон Павловичнинг маслаҳатларини анча кейин, қачонки ўзим кўрган нарсани “ҳис этиш”га эҳтиёж сезганимда, яъни маъноси яқин дуч келган сўзни ёзиб кетавермай, балки улардан “ҳақорат” бўлмайдиганини танлашни ўрганганимда тушуниб етдим. Лекин шубҳа йўқки, бу эҳтиёж Чеховнинг танқиди сабаб пайдо бўлди. Ўша вақтлар буни ички ҳис билан англамаган бўлсам-да, у маълум бир йўналишга тушиб олишимга турт-ки берган, шунда ҳам мендан тузукроқ ёзувчи чиқмаган бўлса, бу фақатгина истеъдодли нотавон эканим сабаблидир.
Чехов ҳам буни худди мен каби тушунган. Аминманки, энди унинг менга бўлган муносабати ҳам аввалгидек эмас, бутунлай ўзгарган. Энди унга хат ёзганимда ҳам ўзимни хиралик қилаётгандек ҳис қиламан-у, лекин ўз жонимга қасд қилолмаганимдек ёзишмани ҳам тўхтатолмайман. Ёзда Антон Павлович Россияга қайтди, июль охирларида ундан шундай хат олдим: “Меҳмон кўплигидан охирги мактубингизга жавоб ёзишга ҳафсала қилолмаяпман. Батафсилроқ ёзгим келади-ю, ҳозир бирортаси кириб халақит беради деган хаёл қўлимни ушлайди. Ростдан ҳам “халақит беради” деган сўзни ёзиб-ёзмасимдан бир қизча кириб, касал келганини айтди. Чиқишим керак.
Молиявий муаммоларим кўнгилдагидек ҳал бўлди. “Осколков”дан майда ҳикояларимни қирқиб олдим ва ўн йилга Ситинга сотдим. Кейин яна маълум бўлишича, “Русская мысль”дан минг сўм олишим мумкин экан. Айтганча, улар менга кўпроқ тўлайдиган бўлишди. Илгари 250 эди, энди 300 бераётир.
Ёзиш жонимга тегди, нима қилишга ҳайронман. Жон деб тиббиёт билан шуғулланган бўлардим, бирор ерни ижарага олардим, лекин энди жисмоний эпчиллик етишмайди деб қўрқаман.
Ёзишга ўтирганимда ёки шу ҳақда ўйлаганимда худди косадаги карам шўрвадан суваракни олиб ташлаб (ўхшатишим учун узр) ичаётгандек ирганиш пайдо бўлади менда. Ёзишнинг ўзи эмас, мана шу адабий entourage1 нафратимни қўзитади, ундан ҳеч ерга қочиб қутулолмайсан ва ҳар ерда у сен билан.
Бизда ҳаво ажойиб, ҳеч қаёққа кетгиси келмайди одамнинг. “Русская мысль”нинг август сонига бир нима ёзиб беришим керак: бошладим ҳам, ниҳоясига етказсам бўлгани. Саломат бўлинг, омадингиз кулсин. Жой қолмади, майли, имзо қисқа бўлақолсин.
Сизнинг Чехов”.
Ҳаяжон билан “Русская мысль”ни кутдим. Чеховнинг хатларидаги сатрларданоқ кўп нарсаларни тушуниб оладиган бўлиб кетган эдим. У “Русская мысль”нинг август сонига эътиборимни қаратишга астойдил ҳаракат қилаяпти, уни тезроқ ўқиб чиқишимни хоҳлаяпти деган хаёлда эдим. Нега бундай туюлди менга, тушунтириб беролмайман. Журнал чиқар-чиқмас одатдагидек кутубхонадан олиб ўқимай, сотволақолдим.
“Муҳаббат ҳақида” деган сарлавҳани ўқибоқ юрагим алланечук бўлиб кетди. Қўлимда китоб билан уйга чопдим, йўл-йўлакай тахмин қилиб боряпман. “Муҳаббат ҳақида” менга тааллуқли, бунга шубҳам йўқ, лекин у нимани ёзди экан?
“Мана ҳозир ўз шахсимнинг бадиий қийматини билиб оламан, — деб ўйлардим. — Хўп бўпти!”
Касалхонага бориб кўрганимдан кейин, “ўзини қувватсиз, иродасиз ҳис” қилаётганида, мени севишига энди ишонч ҳосил қилганимда Ниццага хат ёзишимнинг, бошдан-оёқ эҳтирос, муҳаббат, соғинч акс этиб турган “Унутилган номалар”ни унга жўнатишимнинг нима кераги бор эди? Ахир у бу туйғулар айнан унга нисбатан уйғонганини билмаслиги мумкинми? Нега энди унга ҳеч нима, ҳа, ҳеч нима бера олмаслигимни тушуниб етган бир вақтимда бундай қилдим?
Мана энди ўзимнинг ҳукмномамни ўқийман.
Мишанинг кабинетида ёзув столига жойлашиб олгач китобнинг уст муқовасини кесиб очдим ва ўқимоққа тутиндим.
Ошпаз ва оқсоч аёлнинг муҳаббати — қанчалик қийин савдо эди бу! Аёл унга турмушга чиқишни истамайди, “шундай” яшайверайлик дейди, эркак эса “шундай” яшайверишга рози эмас, чунки у диндор. Мутлақо кутмаган эдим мен буни! Нега энди ошпаз эркак билан оқсоч аёл?
Мана, Луганович Алёхинни уйига таклиф қилади, меҳмонхонага унинг хотини Анна Алексеевна киради. У яқинда фарзанд кўрган, ёш, гўзал аёл, у Алёхинда жуда яхши таассурот қолдиради. “Анна Алексеевна Луганович…” Менинг исми шарифим. Антон Павлович билан танишганимизда менинг ҳам чақалоғим бор эди.
“Шу ондаёқ унда ўзимга жуда яқин бўлган, таниш бир нима борлигини ҳис қилдим…”
 Бирдан эсимга келди: “Биз илк бор кўришганимизда эндигина танишган эмас, балки узоқ айрилиқдан кейин қайта топишгандек туюлмаганмиди Сизга?”
Антон Павлович буни Сергей Николаевичникида юбилей тушлигида ўтирганимизда сўраган эди.
Мен асарни шошилиб, иштиёқ билан ўқидим.
“…Шаҳар тўғрисида ўйлашга менинг ҳатто вақтим йўқ эди, аммо қомати расо оққува аёл кун бўйи кўз олдимдан кетмасди, уни ўй-ламасдим, лекин унинг енгил кўланкаси қалбимни эгаллаб олган эди”.
Иккинчи бор учрашганларидан сўнг Алёхин: “Мен ҳаловатимни йўқотдим. Уйда ҳам, далада юрганда ҳам, оғилга кирсам ҳам у хаёлимдан кетмасди…” дейди.
Йирик ёш томчилари қоғоз устига тома бошлади, ўқишни давом эттириш учун шошилиб кўзларимни артаман.
“Биз узоқ суҳбатлашардик, баъзан индамай ҳам ўтирардик, лекин бир-биримизга изҳори дил қилмасдик, севгимизни журъатсизлик билан, қизғаниб яширардик. Биз сиримизни ҳатто ўз-ўзимизга ошкор қилиб қўйиши мумкин бўлган ҳар нарсадан чўчирдик. Менинг севгим жуда нафис, теран эди, лекин мен мулоҳаза қилар, ўзимдан сўрар эдим: бизнинг муҳаббатимиз агар биз у билан курашишга куч топа олмасак нималарга олиб боради? Менинг бу сокин, ҳазин севгим қўққисдан унинг эри, болалари, оиласининг бахтиёр турмуш тарзини қўполлик билан бузиб юбориши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтиролмасдим… Инсофданми шу? Мен касал бўлиб ёки ўлиб-нетиб қолсам унинг ҳоли не кечади?..”
“Афтидан, у ҳам шундай ўйлайди. Эри, болаларини кўзи қиймайди…”
Энди шунчаки йиғламаяпман, нафасим бўғзимга тиқилиб ҳўнграётирман. Китоб ҳам жиққа ҳўл бўлиб ғижимланиб кетди. У мени айбламас экан-да! Айбламабди, аксинча, оқлабди, тушунибди, мен билан бирга қайғурибди.
“…У менга яқин эканини, меникилигини, биз бир-биримизсиз яшай олмаслигимизни ҳис қилар эдим…”
“Сўнгги йиллар Анна Алексеевнанинг авзойи сал ўзгарган… мендан аллақандай жаҳли чиққанми, нима демайин фикримга қўшилмайди. Ниманидир қўлимдан тушириб юборгудек бўлсам, у совуққина табриклайман, дейди”.
Оҳ, қанақасига! Эсимда, бир марта у қалпоғини лойга тушириб юборганда мен уни “табриклаган” эдим. Афтидан, одатича, сочини орқага ташламоқчи бўлгану қўли билан қалпоғини уриб юборган эди.
Алёхин билан Анна вагонда видолашади. Анна жўнаб кетади.
“Купеда нигоҳларимиз тўқнашганда ирода бизни тарк этди, уни қучоқладим, у эса бошини кўксимга қўйди, кўзёшлари юзини юварди, ҳўл бўлиб кетган юзидан, қўли, елкаларини ўпарканман, оҳ, биз нечоғлиқ бахтиқаро эдик! Мен уни севишимни айтдим ва юрагимда аччиқ алам билан шуни англаб етдимки, бирга бўлишимизга тўсиқ бўлган нарсалар ниҳоятда майда, беҳуда, ёлғон эди. Шуни ҳам тушуниб етдимки, севсанг, севгинг ҳақида мулоҳаза юритганингда бахт ва бахтсизлик, гуноҳ ёки эзгулик каби тушунчаларнинг ҳаммага маълум маъноларидан кўра юқорироқ, муҳимроқ жиҳатларидан келиб чиқмоғинг керак. Ёки яхшиси, буни мутлақо мулоҳаза қилмаган дуруст”.
Ўқиб тугатдим ва бошимни китобга қўйиб ётдим.
Қандай “юқори”дан келиб чиқиш керак — мен тушунмадим. Бахт ва бахтсизлик, гуноҳ ва савобдан кўра муҳимроқ яна нима бор — буни ҳам билмасдим. Бир нарсани биламан ва тушуниб турибман: мени ҳаёт сиқиб қўйди. Бу исканжадан қутулишим амримаҳол, агарки оилам Антон Павлович билан бахтли бўлишимга тўсиқ бўлаётган экан, у ҳолда Антон Павлович ҳам менинг оилам билан бахтли яшашимга халақит беряпти. Юрагимни иккига бўлиб ташлашимга тўғри келмоқда.
“Бир-биримизни севишга тўсиқ бўлаётган нарсалар ниҳоятда майда, ёлғон ва беҳуда” деганида у нимани назарда тутди экан?
Менга эрим ва болаларимни яхши кўришим тўсқинлик қиларди. Бунда ҳеч бир кераксиз, майда нарса, ёлғон йўқ. У англаб етган янгилик нима — буни ҳатто тасаввур ҳам қилолмасдим. Ҳали-ҳамон доимгидек умидсиз ва чорасизмиз.
Китобни нима қип қўйдим? Ҳозироқ буни ҳеч ким кўрмайдиган бир ерга яшириб қўйиш керак. Яхшиси, йўқотиш, ёқиб юбориш керак. Олдинига яна бир марта ҳикояни ўқиб чиқдим, таажжубки, кайфиятим шу ондаёқ бузилди: меҳр ва мулойимлик ўрнини жаҳл ва тушкунлик эгаллади.
Қоғоз олиб Антон Павловичга хат ёзишга киришдим. Нима ёзишни ўйлаб ўтирмадим. Кейин фикрим ўзгариб қолмаслиги учун шу заҳоти бориб хатни почта қутисига ташлаб келдим. Қайтаётиб қилган ишимдан пушаймон едим. Ёзган хатим сал нохушроқ эди.
Бир неча кун ўтиб хатимга жавоб олдим:
“30 август, Мелихово.
Қримга бораман, кейин эса Кавказга ва у ер совий бошлагач, балки чет элга кетарман. Демак, Петербургга боролмайман.
Бу ердан бирор ёққа кетишга ҳеч оёғим тортмаяпти. Бу ҳақдаги хаёлнинг ўзиданоқ қўлим ишга бормай қолади, иштиёқ сўнади. Агар шу қишни Москва ёки Петербургда ўтказсам — бирор шинамгина, иссиққина ўйда яшасам эди, буткул соғайиб кетадигандекман, асосийси, шундай ишлардимки (яъни, ёзардимки), ножўя иборам учун узр, шайтон ҳам қочгани жой тополмай қолади.
Бу дарбадар ҳаёт, яна денг, қиш мавсумида — қишни чет элда ўтказиш жуда ёмон — мени буткул издан чиқариб юборди.
Сиз асалари ҳақида нотўғри фикр юргизяпсиз. У олдин чиройли, кўзга ташланиб турган гулларни кўриб, шундан кейингина асал йиғади.
Қолган нарсалар — бефарқлик, дилгирлик, истеъдодли одамлар ўз образлари ва хаёлоти оламида яшайди, севади деган гап хусусида эса шунигина айта оламан: бировнинг кўнглини бошқаси билармиди!
Ҳаво ёмон. Совуқ. Рутубатли.
Қўлингизни маҳкам сиқиб қоламан. Соғлик ва омад тилайман.

Сизнинг Чехов”.
Ўзимнинг хатимни эсладим.
Кичик бир ҳикояда бўлса-да, қаҳрамон сифатида иштирок этиш шарафига эришганим учун миннатдорлик билдирган эдим.
“Мен бу ерда Сизнинг бир оғайнингизни учратдим. Хотинининг айтишича, у ёзилажак романлари воқеаларини реал ва батафсил тасвирлаш учун ҳар қандай қабиҳлик ва расво ишлардан ҳам тап тортмас экан. Сўнг эса табиийки, пушаймон бўлиб кўкрагига муштларкан.
Сиз олижаноблик ва ҳимматни машқ қиляпсиз. Лекин, эвоҳ, Сиз ҳам афсус қиласиз”.
Яна шундай гаплар ҳам бор эди: “Бир ҳикоя ва қиссалар тўпламидан кейин иккинчи бир тўпламни нашр эттириш учун қанчадан-қанча мавзу топиш керак бўлади! Шунда ёзувчи худди асалари каби қаердан дуч келса шу ердан асал йиғади… Ёзиш ёқмайди, жонга теккан, аммо қўл “ҳадисини олган” ва у туйғуларни бефарқлик, совуққонлик билан ифодалай бошлайди, чунки юрак энди уларни ҳис этмай қўйган, юракни эса истеъдод сиқиб қўйган. Муаллиф қанчалик совуққон бўлса, асар шунчалик таъсирли, дилга яқин чиқади. Майли, буни ўқиб ўқувчи йиғлайверсин. Санъатнинг санъатлиги шунда, ахир”.
Жавоб мактуби эса бирор заҳарханда, серзарда сатрсиз ёзилган. У ҳатто ўзи ёмон кўрадиган Петербургда яшагиси келаётганини айтибди, кетиши кераклигидан нолибди. Ҳеч бўлмаса, менга ўпка қилса-чи! Хижолат қилса-чи, мени! Бир марта у менга: “Ишонинг, ноҳақ талабчанлик қиляпсиз”, деб ёзган эди. Шунча йиллардан буён менга айтган бор-йўқ танбеҳи шу эди, шекилли.

XIII

1898 йил охири менга жуда оғир келди: учала болам ҳам кўкйўталга чалинди, камига Нинам қаердандир қизилча ҳам юқтириб олди. У соғаймай туриб, Лёвам зотилжам бўлиб қолди. Кўп қийналдим.
1899 йил январида ҳаммаси из-изига туша бошлади. Февралнинг бошида эса Ялтадан Чеховдан хат олдим.
“5 февраль. Ялта.
Муҳтарам Лидия Алексеевна, Сизга бир илтимосим бор, лекин ниҳоятда ёқимсиз. Жаҳлингиз чиқмасин, ўтинаман. Бирор одам ёки бирорта хушфеъл қизни топиб, қачонлардир Петербург газетасида нашр этилган ҳикояларимни кўчириб ёзишни топширсангиз, илтимос. Шунингдек, менинг ҳикояларимни қидириб топиш ва кўчириб ёзишга рухсат беришини сўраб таҳририятга расмий илтимоснома ёзсангиз. Чунки халқ кутубхонасидан уларни қидириб топиб кўчириб ёзиш кўп ноқулай. Бирор сабаб билан илтимосим бажарилмай қолса ҳам хижолатли ери йўқ, хафа бўлмайман. Агар ўтинчимни озми-кўпми бажаришнинг иложи бўлса, кўчириб ёзувчи одам топсангиз, менга хабар беринг, мен Сизга кўчиртириш шарт бўлмаган ҳикоялар рўйхатини жўнатаман. Ҳикояларим қайси йиллари чиққанини билмайман, ҳатто Петербург газетасида асарларим қайси йиллари чоп этилгани ҳам ёдимда эмас. Кўчирадиган одам бор деб ёзишингиз ҳамоно бирор-бир петербурглик маҳаллий библиографга Сизга йилларни аниқлаб беришини сўраб мурожаат қиламан. Ўтинаман, Сизни безовта қилганим учун кечиринг, жуда уятлиман, лекин ўйлаб-ўйлаб Сиздан бошқа илтимос қиладиган одамим йўқ деган хулосага келдим. Ҳикоялар менга ҳозир керак; мен уларни ўртамиздаги келишувга асосан ношир Марксга топширишим лозим. Акс ҳолда, шуниси ёмонки, уларни яна ўқиб, таҳрир қилишим, Пушкин айтганидек, “нафрат ила ўз ҳаётимни қайта ўқишим керак”.
Ўзингиз қандайсиз? Нима янгиликлар бор?
Соғлиғим анча тузук; қиш ўрталарида яна қон туфладим, лекин ҳозир ёмон эмасман, дуруст бўп қолдим, чоғи.
Ҳеч бўлмаганда, мендан жаҳлингиз чиқмаётганини ёзинг, агарки хат ёзишни мутлақо хоҳламасангиз албатта. Ялтанинг об-ҳавоси ажо-йиб, лекин Шкловдагидек диққинафас. Мен худди гадой топмас чекка бир ўлкага жўнатилган қўшин зобитидекман. Майли, омон бўлинг, барча ишларингизда омад, бахт ёр бўлсин. Пок дуоларингизда мени, мен гуноҳкор бандани ҳам кўпроқ ёдга олиб туринг.
Энди асарларимни Суворин эмас, Маркс нашр этади. Мен энди “марксист”ман.
Садоқатли А.Чехов”.

Бу хат мени қанчалик қувонтирганини сўз билан таърифлашга ожизман! Чехов учун нимадир қилиш — бу қандай бахт! Ҳаммаси муваффақиятли изга тушди: таҳририятдан уйга ярим йиллик қилиб тикилган газета тахламларини жўнатишди. Миша менга иккита котибни тавсия қилди. Шуниси ёмон эдики, Чехов газетага нечанчи йилдан бошлаб ёза бошлаганини ҳеч ким эслай олмасди. Биков деган маҳаллий библиографнинг ёнига маълумот сўраб бордим. Бу одам қанчалик илтифотли бўлишига қарамай бирор нарсани эслай олмади.
Табиийки, шу заҳоти Антон Павловичга ишга киришганимни ёзиб юбордим ва ундан шундай жавоб олдим: “Ёрдамга тайёр эканингиз ва илиқ, ширинсўз хатингиз учун Сизга беадоқ раҳмат, жуда-жуда миннатдорман. Панд-насиҳат мазмунида бўлмаган хатлар менга хўп ёқади-да. Ўзига хос яшашни биласиз, деб ёзибсиз. Эҳтимол. Сузонғич сигирга худойим шох ато этмайди. Яшашни билишимдан не нафки, ҳудди сургун қилингандек доим у ёқдан-бу ёққа саргардон бориб келиб юрсам. Мен Гороховода юриб, нўхат топа олмаган одамдекман1 ; ўзим эркин одам эдим-у, эрк нелигини билмабман, ёзувчиман-у, адибиётдан узоқ одамлар билан умримни ўтказибман, асарларимни 75 минг сўмга сотдим ва пулнинг бир қисмини олдим, лекин не ажабки, икки ҳафтадан буён кўчага ҳам чиқолмай, қийин бир аҳволда уйда ўтирибман. Айтганча, савдо ҳақида айтай, Марксга ўтмишни, ҳозирни ва келажакни сотдим; буни мен, онагинам, ишларимни йўлга қўйиб олиш учун қилдим. Яна 50 минг сўм қолди ( икки йилдан кейин ҳаммасини олиб бўламан), ҳар йили икки мингдан бериб туришади. Маркс билан келишувимгача китобларимдан йилига уч минг сўм олардим. Охирги йил эса, афтидан, “Мужиклар”нинг орқасида саккиз минг сўм олдим. Мана Сизга менинг тижорат сирим. Улардан қайсисини қўлласангиз қўлланг, лекин яшашни билишимга унчалик ҳавас қилманг. Нима бўлганда ҳам, агар Монте-Карлога борсам, албатта, икки минглар ютқазаман — шу чоққача ҳатто хаёл ҳам қилолмаганим харажат бу. Балки, мен ютиб оларман?
…Нега Ялтадаман? Нега бу ерда шунчалик зерикаман? Қор ёғмоқда, бўрон деразага келиб урилади, печкадан иссиқ уради, умуман ёзгим келмайди, ёзаётганим ҳам йўқ”.
Полга ётиб олганча гоҳ-гоҳ ликопчадаги сувга бармоғимни ҳўллаб, йиллар давомида ўтириб қолган чанг-чунгни қоқиб-тозалаб, бир варақ қоғоз ўлчамига тенг газета тахламини варақлайман. Ҳар бир сонни очиб, фельетонлар остидаги муаллиф номини ўқийман.
Антон Павлович бу газетада илк бор босилган ҳикоясининг номини ҳам, йилини ҳам эсламагани сабабли, изланишларни узоқ йиллардан бошлашимга тўғри келди. Ора-сира муаллиф имзоси ўрнига биргина “Ч” ҳарфи ёзилган ҳикоялар ҳам чиқиб қолади, улар Чеховники эмасмикан дея астойдил ўқиб чиқаман.
Антон Павловичдан, “Битта ҳарф билан ҳам имзо қўйганмисиз ҳеч?”, деб сўраб ҳам кўрганман.
У менга, “Эслай олмайман, онагинам”, деб жавоб берган.
Сергей Николаевич ҳам билмас экан.
Аммо “Ч”нинг ҳикоялари шу даражада ночор эдики, бошқа буларга эътибор қилмасликка қарор қилдим. Шу тарзда икки йиллик тахламни беҳуда варақлабман.
Ноумид бўлиб кетма-кет чучкураман. Ҳар саҳифадан чанг-тўзон кўтарилади.
Полда ётганча газета варақлайман-у, калламдан Чеховнинг хати чиқмайди.
Ахир бу аччиқ ҳасрат-ку. Антон Павлович унча-мунчага ҳасрат қилиб, диққат бўлавермайди. Демак, танг аҳволда, қийналаётган экан-да!
Бот-бот “Муҳаббат ҳақида”даги жумла эсимга тушаверди: “Мен бахтсиз эдим…”
Наҳот, мен унга озор беришдан бошқасига ярамасам?
Бор журъату иродамни йиғиб Миша билан гаплашишга қарор қилдим. Кечки пайт унинг иш бўлмасига кирдим. У ёзув столининг торт-масида ётадиган аллақандай қутичани қидираётган эди. Унга синиқ илматугмасини солиб қўйган экан, уни тузаттиришга бермоқчимиш. Қутичани тополмай жиғибийрон бўлиб ётибди. Мен дераза ёнида зулмат бўшлиққа тикилганча турибман.
—Бу ерни сен титкиладингми?
—Мен тортмангни очганим ҳам йўқ.
—Қўйсанг-чи! Бу уйда бирор бурчак йўқки, мен…
 Гапини охирига етказмасидан қутичани топди, бурнининг тагида турган экан. Илматугмани олиб синчиклаб қарай бошлади.
—Шу-у, Миша, сен билан гаплашиб олмоқчи эдим, — дея сўз очдим.
Чеховнинг бетоблиги, ёлғизлиги ва сиқилаётгани ҳақида гапирдим.
— Эсингдами, у касалхонада ётганда телеграмма юборавериб мени Москвадан чақириб олганингга кейин афсус қилган эдинг. Ўша айбингни энди ювсанг бўлади, бир неча кунга Ялтага боришимга рухсат бер. Чехов билан дўстлигимга оломон нуқтаи назари билан қараш керак эмас. Чеховга кўпроқ ишонч, ҳурмат ҳам кўрсатиш лозим. Мен борсам сал бўлса-да, кўнгли кўтарилади, чалғийди.
Гапиряпман-у, Миша гапимни бўлмай, индамай тинглаётганидан ажабланяпман. Бошданоқ бу суҳбат силлиқ кечмаслигига, бақир-чақиру жанжал билан якунланишига кўзим етиб турган эди. Лекин иш менинг фойдамга ҳал бўлади деб умид қилишимга айрим сабаблар ҳам йўқ эмас эди.
— Борсам нима қипти? — дедим мен. — Ахир энди улғайдим, енгилтак аёл эмасман. Антон Павлович эса бетоб…
Шунда бирдан чақмоқ чақнади-ку.
— Ҳа-а, у бетоб! Ялтага борасан! Чеховни кўргани! Бетобми у? Табиийки, у касал, сил касал. Биламиз, бу сил касалларни! Ахир бу илк… (у шундай бир сўз айтдики, мен уни оғзимга ололмайман). Ҳа! Бу касаллик аломати. Ахир сизлар ширин хаёллар оғушида яшайсиз, мутлақо ҳеч нимани кўрмайсиз, тушунмайсиз.
Айни дамда хотиржам, сокин оҳангда гапиришнинг иложи йўқ! Миямга қон тепди.
— Ноҳақсан сен! — дедим мен. — Айтаётган гапларинг ҳам одамнинг ғазабини қайнатади. Антон Павловични ўн йилдан буён танийман. Уни яхши биламан. Унинг менга бўлган муносабати самимий…
—Нимани биласан сен?! — деб бақирди Миша. — Ниманиям билардинг?
Ортиқ ўзимни тутиб туролмадим.
Мени севган пайтлари рашк қилганида, уни тушунардим, қўполлигини ҳам кечирардим. Энди эса бошқасини севатуриб, менга шунчаки бир чеккага олиб қўйилган-у, барибир асраш керак бўлган бир буюмга қарагандек қарайдиган бўлганда, бундан ғазабим қўзиётир.
— Бораман! — дедим узоқ тортишув ва жанжалларимиз сўнгида. — Билиб қўй! Бораман! Нега энди мен сенинг бир пулга қиммат аёлга илакишиб юришингга тоқат қилганим камдек, қандай бўлмасин бунга имкон яратиб ҳам беришим кераг-у, сен эса менинг энг ақлли, олижаноб ва истеъдодли инсон билан дўстлигимга фурсат туғилди дегунча тўсқинлик қиласан?
— Сен асабкасалсан! — деб чийиллаб юборди Миша. — Сени даволатиш керак. Мени тушунмайди деб ўйлайсанми, ўзинг-ку, шаллақи хотинларга ўхшаб рашк можаросини чиқарган. Кетарсан ўша Ялтага, эртаси куниёқ газетада хабар чиқади: “Ёзувчи Авилова Ялтага Чеховникига келди”, деб. Бу машмаша ҳаммага аён бўлади. Бутун шаҳарга гап бўламан мен.
Эртаси кун Миша босиқ, илтифотли, сертакаллуф бўлиб қолди, лекин соғлигидан шикоят қилди — юраги санчиганмиш.
— Ўлимидан сал олдин отам ҳам шундай оғриган эди, — дейди.
У ишга кетганида кенжатой Нинам тиззамга ўтириб, пинжимга тиқилганча:
— Ойижон, бизни ташлаб кетманг. Биз сизсиз қийналамиз. Дадам касал бўп қолади. Мен йиғлайман, йиғлайвераман!.. — дейди қаранг.
— Буни айт деб сенга даданг ўргатдими?
—Ҳа, дадам.
—Яна нимани айт деди?
—Эсимдан чиқариб қўйдим.
Шундай қилиб, мен кетмадим.
Нега энди анови “қўшин зобити” бир марта бўлсин ҳаммасини очиқ-ойдин ёзиб юбормайди? Мени кўргиси келётганини айтмайди? “Шклов”га уни кўпроқ хурсанд қила оладиган бошқа бирортаси аллақачон борган бўлса-чи?
Чехов менга тез-тез ёзиб турарди, лекин бу хатларда энди илтимос оҳанги сезилмасди.
Энди “Сизни севаман, Надя” деган хитобни эшитмасдим. Ҳаммаси одатдагидек, лоқайд, бир хил эди.
“Шклов”га бормадим, чунки энди у ерда керакман, деб ўйламасдим.

XIV

Баҳорда Москвага боришимга тўғри келди. Бу гал Алёшаникида турдим, унга гап орасида шунчаки Антон Павлович опаси ва онасига Москвадан уй олмоқчи эканини, аммо бунга қандай киришиш кераклигини билмаётганини айтган эдим.
— Бундан осони бор эканми! — деди Алёша. — Биз унга сотиладиган ва сенингча уларга мос келадиган уйлар рўйхатини тузиб-тайёрлаб қўямиз. Айнан уй олди-сотдиси билан шуғулланадиган бир танишим бор, у бизга ёрдам беради. Табиийки у қаллоб, лекин мени алдамайди. Бунга мен кафилман. Хўш, ишга киришамизми?
—Биласанми, мендан у ҳеч нимани илтимос қилмаган.
—Ҳа, бўлмаса-чи! Бу Чеховнинг хаёлига ҳам келмагандир. Лекин у уй сотиб олмоқчи-ю, қийналаётган бўлса, ёрдам бериш керак.
Иккаламиз кулиб юбордик.
— Уй сотиб олиш ва ижарачи ёллаш — жони дилим, — деди укам. — Ҳеч ким, ҳеч қачон бу эрмак эканини, аслида ўзим ҳатто товуқхона сотиб ололмаслигимни хаёлига ҳам келтирмайди. Овора бўлишади, кўнглимни овлашади, кўзларимга жавдираб тикилишади… Мен эса уйни шошилмай айланиб, кўриб чиқаман. Эҳ-е, қандай иморатлар бор! Бир марта нақд сарой сотиб олай деганман…
Қишлоқдаги уйимизга керак бўлган уй жиҳозларини харид қилишга кўмаклашаётган ўша даллол билан бутун шаҳарни кезиб чиқишимга тўғри келгани учун сотилаётган уйлардан Чеховга муносиб деб ҳисоблаганларимни бирйўла кўриб кетавердим. Даллолнинг таниш-билиши кўп экан, бунинг устига, ишининг устаси чиқиб қолди у. Муҳими, тажрибаси ва ўзига хос иш услубига таяниб, жиҳозларни ярим нархига олиб берди.
—Укангиз учун қиляпман, — деб қўяди у ора-сира.
—Чехов учун-чи, ҳаракат қиласизми?
—Бунисидан энди ташвиш ҳам чекманг. Тўғриси, унга уйни сов-ға қилиб юбораман, дейишим мумкин. Бизнинг ҳам одамлар ҳақида тушунчамиз бор. Зиёнини бошқа харидордан қоплаб оламиз.
Лекин Антон Павлович 23 мартда менга шундай хат ёзибди: “Пулим ёввойи қушлардек мени тарк этмоқда, икки йиллардан кейин файласуфликка ўтсам ҳам бўлади”.
Апрелда эса: “Онам билан опам уй сотиб олиш фикридан қайтмаган бўлса, албатта, Плющихага Алёшаникига кириб ўтаман. Агар ўзим сотиб оладиган бўлсам, ҳеч вақосиз қоламан — пулсиз, асарларимсиз. Кейин солиқ йиғувчи инспектор бўлиб ишга киришимга тўғри келади”, деб ёзибди.
Шундай қилиб, Антон Павловичга уй олишга кўмаклашишимнинг ҳожати бўлмади.
Петербургда кўчириб ёзиш ишлари муваффақиятли якун топмоқда эди.
“Бандероль эмас, той қилиб юборяпсиз, — деб ёзган эди Антон Павлович. — Ахир маркалар 42 рублларга тушгандир”.
Апрелнинг ўрталарида у Москвага келган эди. Мен унга 1 май куни йўл устида Москва вокзалида тўхтаб ўтишимни ёзиб юбордим. У менга: “1 майда ҳали Москвада бўламан. Вокзалдан эрталаб меникига қаҳва ичгани келмайсизми? Болалар билан бўлсангиз, уларни ҳам олиб келинг. Булка билан қаймоқли қаҳва, дудланган чўчқа гўшти икром этардим”, деб ёзибди.
Лекин Чеховникига боришим қийинроқ эди. Бир поезд билан иккинчисининг ораси икки соат ёки ундан сал кўпроқ, бунинг устига, болаларга нонушта олиб бериш, елиб-югуриб алоҳида купе топиш керак. Ўн беш дақиқа учун боришнинг эса ҳожати ҳам йўқ. Антон Павловичга айнан шундай деб ёздим. Эндигина нонушта қилиб бўлган эдик, атрофга аланглаб келаётган Антон Павловични кўзим тушди. Афтидан бизни қидиряпти. Қўлида қоғозхалта бор.
— Қаранг, қанақа конфет олиб келдим, — деди у саломлашгач. — Ёзувчиларники! Нима деб ўйлайсиз, биз ҳам қачондир шундай ҳурматга лойиқ кўрилармиканмиз?
Ҳар бир конфет ўрамида Тургенев, Толстой, Достоевскийларнинг расми бор эди.
—Чехов йўқ эканми? Таажжуб! Хотиржам бўлаверинг, яқин кунларда албатта шунақасини ҳам чиқаришади, — дедим мен.
Антон Павлович болаларни ёнига чақирди ва Нинамни тиззасига ўтқазиб олди.
—Нега қизингиз мураббияларга ўхшайди? — деб сўради.
Жаҳлим чиқди:
—Нега энди мураббия?
Лекин у суйиб қизимнинг оқ-малла гажак сочларини силар ва катта-катта мовий кўзларига тикилардики, оналарча иззат-нафсим хотиржам тортди. Нинам ҳам унинг елкасига бошини қўйиб, кулиб ўтирибди.
— Болалар мени яхши кўради, — деди Чехов қизим ундан заррачаям бегонасирамаётганидан ҳайрон бўлганимни кўриб. — Сизга бир таклифим бор: бугун кечқурун “Чайка”ни ёлғиз ўзимга қўйиб беришади. Бегона томошабин бўлмайди. Эртагача қолинг. Нима дейсиз, қоласизми?
Қололмасдим, ҳеч иложим йўқ эди. Болалар, француз энага ва оқсочни меҳмонхонага олиб боришим, қишлоққа опамга, Петербургга эримга телеграмма жўнатишим керак бўларди. Булар ҳаддан ташқари қийин ва мураккаб иш эди.
— Сиз ҳеч қачон, ҳеч бир фикримга қўшилмайсиз! — деди Антон Павлович қовоғини уюб. — Мен билан “Чайка”ни томоша қиласиз деб роса суюнган эдим. Наҳотки бир йўлини қилолмасангиз?
Қанақасига йўл ахтармайлик, ҳеч иложи йўқ бўлиб чиқаверди.
— Қалин уст кийим олволганмисиз? — деб сўради Антон Павлович. — Биринчи май бўлишига қарамай, бугун ҳаво жуда совуқ. Мен драп пальтода бу ёққа келгунча совуқдан дилдираб қолдим.
— Шундай ҳавода Сизни овора қип қўйдим, узр, — дедим. — Менинг касримга шамоллаб қолмасангиз бўлгани.
— Ўзингиз-чи? Битта камзулда йўлга чиққанингиз нимаси? Келинг, мен ҳозир Машага хат ёзиб одам юбораман, сизга ўзининг пальтосини олиб келиб берсин. Ҳозироқ одам юбораман… Улгуради.
Уни бу фикридан зўрға қайтардим.
— Агар шамоллаб қолсангиз, хабар беринг, сизни даволагани бораман. Ахир мен яхшигина докторман. Афтидан, Сиз менинг яхши доктор эканимга ишонмайсиз?
— Уйимга даволагани эмас, меҳмон бўлиб боринг, — дея таклиф қилдим. — Шунга розимисиз?
—Йўқ! — деди у қатъий қилиб ва дарров гапни бошқа ёққа бурди. — Бу қиш мени деб шунча овора бўлдингиз. Наҳотки, котибларингиз кўчириб ёзганларнинг ҳаммасини ўқиб чиқдингиз? Сизга кўп ичим ачиди. Менга уй сотиб олмоқчи бўлганларингиз-чи… — У аламли кулди. — Оғримаган бошимга ўзим ташвиш сотиб олдим, дейдилар.
Шу пайт ҳаммол келиб вагондан жой олиш мумкин эканини айтди ва юкларимизни кўтариб поезд томон кетди, болалар ва француз энага ҳам унинг ортидан эргашди.
Антон Павлович қўл саквояжим ва Петербургда мени кузатгани чиққанлар бериб юборган икки қути конфетни олди. Биз ҳам кетай деб турганимизда унинг пальтоси тугмалари тақилмаганини кўриб қолдим. Иккала қўли ҳам банд бўлгани учун уни тўхтатдим ва тугмаларини қадай бошладим.
—Мана шундай юриб шамоллайди одам, — дедим.
— Мана шунақа, ҳар доим, ҳар вақт касал эканимни, энди ҳеч нимага ярамаслигимни эслатиб туришади. Наҳотки, шуни эсламасликнинг ҳеч иложи бўлмаса? Ҳеч бир вазиятда-я?
— Мен-ку, соппа-соғман, Мария Павловна иссиқ кийим олиб келсин деб одам жўнатиш фикридан сизни зўрға қайтардим. Сиз мени шамоллаб қолмасин деб қайғурасиз-у, мен қайғура олмайманми?
— Биз нега жанжаллашяпмиз ўзи, онагинам? — деди Антон Павлович жилмайиб.
— Бугун сизнинг кайфиятингиз йўқ, — дедим. — Янги калиш кийган бўлсангиз ҳам, — деб қўйдим кейин кулиб.
— Унча ҳам янги эмас, — дея инкор қилди яна аччиқланиб Антон Павлович.
Перронда кетяпмиз.
— Қаранг, мана, танишганимизга ҳам ўн йил бўлибди, — деди Чехов. — Ҳа. Ўн йил. Ўшанда биз ёш эдик.
—Нима, ҳозир қариб қопмизми?
—Сиз-ку — ўша-ўша. Мен эса қариядан баттарман. Қариялар қаерда хоҳласа, қандай хоҳласа, шундай яшайди. Ҳузур-ҳаловатда кун кечиради. Мен эса касал бўлганим учун бировга қарамман…
—Лекин анча яхши бўп қолдингиз-ку.
—Қўйсангиз-чи! Бу яхши бўлиш нима эканини ўзингиз ҳам биласиз. — Биласизми, — деди у бирдан жонланиб, — бирибир бутунлай соғайиб, тузалиб кетишим мумкин деб кўп ўйлайман. Бунинг иложи бор. Иложи бор. Наҳотки ҳаёт тугаган бўлса?
Вагон ойнасидан уч боланинг кулиб турган чеҳраси кўринди, улар қўл силкитишарди.
— Юринг, вагонга чиқайлик, — деди Антон Павлович. — Феълингиз ёмон бўлгани камдек, ўйламай иш қиласиз, эҳтиёткор эмассиз. Камзулингизни кўриб жаҳлим чиқяпти. Кечаси извошда қандай қилиб кетасиз?.. Узоқ йўл юриш керак ахир!
Бизга кўзи тушиб болалар худди мени кўпдан бери энди кўраётгандек хурсанд бўлиб кетишди. Антон Павлович яна Нинамни тиззасига ўтқазиб олди, ўғлим эса унга қўлидаги китобни узатиб:
—Мен буни шу ерда дўкончадан сотиб олдим. Сиз шуни ўқиганмисиз? — деб сўради.
Антон Павлович китобни қўлига олиб варақлади.
— Бу китобни ўқиганман, — деди у ўта жиддийлик билан. — Буни Пушкин ёзган. Яхши китоб. Яхши танлабсан.
Лодя хурсанд бўлиб кетди.
—Бу шеър китоб. Сиз шеърни яхши кўрасизми, Антон Павлович?
—Ҳа, менга Пушкиннинг шеърлари жуда ёқади. Пушкин ажойиб шоир.
—Сал бўлмаса, охирги ҳикоянгизни беришни эсдан чиқарай дебман! — дедим бирдан эсимга тушиб. — Негадир қолиб кетган экан бу…
—Қандай бемаза нарса эканини фараз қиляпман. Уни ҳам ўқидингизми?
— Йўқ, бу бемаза нарса эмас. Бу Чехонтенинг ҳикояси. Мен унинг ҳикояларини жуда ёқтираман. У ажойиб ёзувчи! — деб кулиб эътироз билдирдим.
— Бугун кечқурун “Чайка” намойиш этилади. Томошабинларсиз, фақат мен учун. Эҳ, қанақанги артистлар ўйнайди! Қандай артистлар. Қолгингиз келмагани учун сиздан жаҳлим чиқяпти…
Қўнғироқ чалинди ва Антон Павлович ўрнидан турди.
Бирдан Алёхин билан Лугановичнинг поезд кетишидан олдинги видолашуви эсимга тушиб кетди: “Мен уни қучоқладим, у эса кўксимга бошини қўйди…” Бирдан юрагим санчиб, бошим зирқираб кетди.
“Лекин биз видолашмаяпмиз, — дея ўзимни ўзим ишонтирмоқчи бўлдим. — Эҳтимол, у ҳатто меникига ёки Сергей Николаевичникига келар”.
Антон Павлович болалар билан қандай хайрлашганини кўрмадим, мен билан эса у ҳатто хайрлашмай йўлакка чиқди. Унинг орқасидан чиқдим. У бирдан ўгирилиб менга қаттиқ, совуқ, деярли жаҳл билан тикилди.
— Бетобланиб қолсангиз ҳам бормайман, — деди у. — Мен яхши докторман, лекин кўп ҳақ олган бўлардим… Чўнтагингиз кўтармасди. Демак, кўришмаймиз.
У қўлимни шоша-пиша сиқиб поездан тушди.
— Ойи, ойи, — дея болалар қичқирди, — тез келинг, келақолинг…
Поезд секин қўзғалди. Ойнадан Антон Павловичнинг қораси ўтганини кўрдим, лекин у ўгирилиб ҳам қарамади.
Ўшанда мен уни охирги марта кўраётганимни билмаган, ҳатто тахмин ҳам қилмаган эдим.
Уни қайтиб кўрмадим, вагондаги хайрлашув — бизнинг видолашувимиз экан. Нега? Билмайман.
Ўша ой чиққан совуққина кўклам оқшоми боғимизда булбуллар тўхтамай сайраб чиқди. Битта эмас, бир неча булбул. Уйга яқин ердагиси сайрашдан тўхтаса, узоқроқдагиларининг товуши эшитилади. Уларнинг буллурдек овози, бундай шаффоф, тиниқ жаранг ва чуриллашдан ҳаво ҳам янада мусаффо ва хушбўй бўлиб кетгандек эди. Мен болохона айвонида рўмолга ўралиб олганча узоқларга тикиламан, дарахтларнинг уч-учларидами-ей сочилиб ётган юлдузлар милт-милт этади.
“Чайка”нинг томошаси тугаганмикан? Тугаган бўлса керак. Ҳозир Чехов овқатланаётгандир: Станиславский, Немирович, роль ижро этган актёрлар, соҳибжамол, назокатли актрисалар (мен йўл кийимимда улар орасида жуда чиройли кўринардим-да!) билан бирга. Антон Павлович хурсанддир, бахтиёрдир, табиийки, қолмаганим учун мендан хафа бўлгани ҳам эсидан чиқиб кетган. У-ку ҳозир бахтиёр, лекин унинг — эрталаб кўрганим — қаримсиқ, касалманд, талабчан чеҳраси менинг кўз олдимдан ўжарлик билан нари кетмайди. “Бетобланиб қолсангиз ҳам бормайман. Мен кўп ҳақ оламан, чўнтагингиз кўтармайди”. Ҳатто хайрлашмай кетди.
Энди эса унинг кўнгли тўқ, табиийки, мени ўйламаяпти ҳам. Менинг қуёшим! Меҳр ва илтифотини мендан дариғ тутган қуёшим!
Қалин рўмолда ҳам совуқ қотиб кетдим. Қилт этган шамол йўқ, аммо ҳаво тўлқинланиб келиб урилади, булбуллар чуғури унда гўё биллур муз парчаларидек овоз таратади.
Кейин рўй берган воқеалар эса мени азоблаган жумбоқ бўлди. Унга хат ёздим. Жавоб келмади. Хатим йўлда йўқолиб қолгандир деган хаёлда яна ёздим. Иккинчи хатим ҳам жавобсиз қолди. Анча вақт ўтиб, уни Қримда деб эшитдим ва Ялтага хат ёздим. Ана шу охирги хатим учун ўзимни узоқ вақтгача кечиролмай, пушаймон бўлиб юрганман. Чунки унда на севгимни, на соғинчимни яширган эдим. Буни у олмаслиги мумкин эмас, негаки, бу буюртма хат эди. Лекин Антон Павлович ҳатто бунга ҳам жавоб ёзмадики, энди мен ўртамизда тушунмовчилик йўқлигини, муносабатларимиз бутунлай узилганини англаб етдим. Антон Павлович мен билан алоқани буткул узишга қарор қилибдими, у буни хоҳлабдими, майли, шундай бўлсин.
Гангиб қолдим. Соатлаб боғнинг ташландиқ бир бурчагида, гўнгқар-ғалар ер титкилаб юрадиган дарахтзорда ёки ариқ бўйларида чигал саволларимга ғарқ бўлиб ўтирардим. Нега? Нима учун? “Чайка”нинг томошасига қолмаганим учунми? Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Пальтосининг тугмасини қадаб қўйганим учунми? Эҳтимол, вагонда ўтказган уйқусиз тундан сўнг яхши суҳбатдош бўлолмаганим, ланж, ҳорғин кўринганим учундир? Балки юклару болаларим қуршовида ҳурпайган она товуққа ўхшаб кўрингандирман?
Хаёлимдан нималар ўтмади денг! Лекин ҳеч бир тахминимни тўғри деб ўйлолмасдим. Чунки буларнинг ҳеч бири Антон Павловичга тўғри келмайди, тўғри келмайдигина эмас, у учун ҳақоратнинг ўзгинаси! Агарки шундай ўйлар миямга келган бўлса, у ҳолда… ахир хаёлга ҳам нимадир келиши керак-ку. Аммо ўйлаганим эмас, ҳис қилаётганим муҳим! Бу ташвиш эмас, аллақандай тушуниксиз ва қўрқув аралаш паришонлик эди.
Бир кун хиёбонда болалар сичқоннинг кўзини куйдириб сўнг қўйиб юборишганини кўрганман. Сичқон ўзини у ёқдан бу ёққа отар, гир айланар, чийиллар, болалар эса хохолар эди.
Менинг ҳам илгари ишонч, хотиржамлик, мувозанат ато этган алланимамни гўё куйдиришди. Фақат бир нарсага ҳайрон бўламан, нега ҳаммаси бунчалик ўзгариб кетди? Ўзим ҳам. Атрофимдагилар ҳам. Энди бу янги, кенг оламда қандай яшайин?
Таажжуб, Антон Павлович билан ўртамизда ҳеч вақт “насиҳатомуз” суҳбат бўлмаган. У бировга гап уқтирмас, панд-насиҳат қилмас, нимагадир зўр бериб ишонтирмоқчи ҳам бўлмас эди; у доим умумий суҳбатлардан ўзини четга тортар, аксинча, кимдир бошдан кечирганларини гапириб берса, тинглашни хуш кўрарди. Гапиришдан кўра тинглашни ёқтирарди. Шу аснода одамларга шундай қаттиқ таъсир кўрсатардики! Қандай қилиб таъсир кўрсатар эди? Кўз ифодаси биланми? Пешона тириштирибми? Қандай тинглаши биланмикан? Шунисига шубҳам йўқки, у мени тарбиялади, кўп нарсани фарқлашимга, қатъий бир фикрга келиб олишимга ёрдам берди. Бу қай тарзда рўй берганини айтиб бера олмайман. Менимча, у бир марта учрашгандаёқ одам ҳаётидан диққинафаслик ва жаҳолатни қувиб, унга софлик, теранлик ва олижаноблик олиб киради.
Ана шундай дўстимдан айрилдим!
Гўё осмону офтобу кенгликларга қараган деразам тақа-тақ ёпилгандек…
Табиийки, аллақачон изга тушган ҳаёт тарзимни давом эттираверишим мумкин ва керак эди. Бир аёлнинг одатий ҳаёти шундай кечади. Бу турмушнинг нолийдиган жойи йўқ: Мишанинг маъшуқалари мени деярли хавотирга солмасди, тез орада бу унинг оилага муносабатига заррачаям таъсир кўрсатмаётганига амин бўлдим; ажойиб болаларим бор-ку: соғлом, қобилиятли, ёқимтой. Ва ниҳоят, адабий ютуқларим ҳам озмунча қувонч ато этармиди менга! Ҳатто Миша ҳам ёзганларимга хийла илтифот билан ёндашадиган бўлди, менга сездирмай ҳикояларим чиққан ҳамма газета ва журналларни йиғиб қўйибди. Буни тасодифан билиб қолиб роса хурсанд бўлдим. Умуман, ишларим жойида эди. Турмушимиз ҳам рисоладагидек кечаётир.
Лекин қалбимни икки бўлакка бўлганман.

XV

Бир куни Худековларникига борган эдим, одатимча, меҳмонхонадан Сергей Николаевичнинг кабинетига ўтмоқчи бўлиб турганимда Надя менга пешвоз чиқди, қўлимдан тутиб бильярдхонага бошлади.
—Сергей Николаевич бандми? Ким бор?
—Йўқ, унга эмас, — деди Надя, — сен билан гаплашиб олишим керак. Менга қара… Биласанми? Антон Павловичнинг уйланганини биласанми? Эшитганмидинг? Йўқми?
Йўқ, эшитмаган эдим.
—Менга барибир, — дедим. — Менга нима!
Лекин оёқларимни гўёки жон тарк этди, пешонамдан муздек тер чиқиб кетди, дуч келган стулга ўтириб қолдим.
Надя бошимга сочиқ ҳўллаб босди, нимадир ичирди. Бир оздан кейин ўзимга келдим.
— Қизиқ бўлди-ку! — дедим кулиб. — Менга нима бўлди ўзи? Ахир менга ростдан ҳам фарқи йўқ-ку.
— Ўзинг юра оласанми? Сени кузатиб қўяман. Серёжанинг ёнига кирмай қўяқол, рангингда ранг қолмабди.
Кўчага чиқдик.
—Книпперга уйланибдими?
—Ҳа. Жуда ажабтовур никоҳ…
У эшитганларини гапириб берди.
— На севги бор, ҳатто на хушторлик…
— Э, қўйсангиз-чи, илтимос сиздан! — дедим. — Албатта, яхши кўриб қолган. Уйланиб жуда яхши қилибди. У аёл — артист. Чеховнинг пьесаларида ўйнайди. Ажойиб ришта! Умумий иш, қизиқиш. Зўр-ку. Чехов учун жуда хурсанд бўлдим.
— Лекин, биласанми, соғлиги яхши эмас экан. Нима, хотини унга қараш учун саҳнани ташлармиди?
— Ишончим комил, унинг ўзи ҳам бунга йўл қўймайди. Унинг никоҳга муносабатини мен биламан.
— Йўқ, бу никоҳ эмас. Бу қандайдир тушунарсиз келишувми-ей. Книппер уни яхши кўриб қолган деб ўйлаяпсанми? Манфаатини кўзлаб теккан бу аёл. Ёки Чехов буни тушунмайдими?
—Нима ҳам дердик? Манфаатини ўйлаш ҳам кўпинча омадли келади. Барибир уйлангани жуда яхши бўлибди. Афсус, сал кечроқ-да.
Надя яна бу тўй ҳақида одамлар нималар деётганини гапира кетди.
— Ҳатто яқинларидан бирор кимса билмаган ва кутмаган экан. Куёвга ҳеч ўхшамаганмиш ўзи ҳам…
Надя уйимгача кузатиб келиб, орқасига қайтиб кетди.
Орадан анча вақт ўтгач, бир куни Ёзувчилар уюшмасидан уйга қайтаётган эдим, аъзолардан бири мени кузатиб қўйди. Исми эсимда йўқ ҳозир.
— Мен яқиндагина Москвадан келдим, — деди у, — дарвоқе, Чеховникига бордим. У билан танишсизлар-а?
—Ҳа. Учрашганмиз.
—Шу… У менга айтди… У сиз билан яхши таниш эканини айтди. Кўпдан бери таниркан. Сиз тўғрингизда сўради. Унинг сизга муносабати жуда… жуда илиқдек тассурот қолди менда.
 Мен индамай, уни эшитиб кетаётирман.
—Хотинини ҳам кўрдим. Артистка Книпперни.
—Ёқдими?
У қўл силтади.
— Артист-да. Шундай кийинган… — Яна имо-ишора қилди. — Ҳаракатлар, позалар… Ўзига жуда бино қўйган экан. Антон Павловичнинг ёнида ғалати кўринади. У деярли чол, кўзлари киртайган, ранги синиққан… Янги уйланган куёвга ҳам ўхшамайди. Хотини қаергадир отланиб турган экан, уни олиб кетгани Немирович келди…
Ғийбатдан қўрқиб, дарров гапни бошқа ёққа бурдим.
Мен ҳақимда нималарни сўраганини жуда билгим келди. Одамларда менга муносабати самимий экан, деган таассурот уйғотибди-ку, нималар деган экан-а?
Лекин ҳеч нимани сўрамадим. Эшитганимнинг ўзиданоқ ҳаяжонимни аранг босиб турибман.
Кейинчалик ҳам ўша тўй ҳақидаги гаплар тез-тез қулоғимга чалиниб қоларди. Ҳамма бир гапни айтади: “ғалати”. Сира тушунмайман: нимаси ғалати? Ёзувчи-драматург ўзи роллар ёзиб берган артист аёлни яхши кўриб қолиши табиий ҳол эмасми? У истеъдодли ҳам чиройли аёл.
Қачонлардир, бир вақтлар у билан ҳаваскорлик спектаклида бирга роль ўйнаганмиз. “Ажойиб замона зайли” деган пьесада. Ёдимда қолгани шугина: бу пьесада иккита Софья Андреевна бўлиб, бирини мен, иккинчисини Книппер ўйнаган. Спектакль режиссёри Рощин-Инсаров, агар саҳнани танласам, мени порлоқ омад кутаётганини башорат қилган эди. Книппер у вақтлар жуда камгап, тортинчоқ, кўзга ташланмайдиган ёшгина қиз эди. Унинг отасини жуда қаттиққўл одам дейишарди. Акаси Константин бизникига келиб турарди ва у ҳам отасининг қаттиқўллигидан шикоят қилган эди. Онасини ҳам кўрганман, ўта расмиятчи ва носамимий аёлдек таассурот қолдирган менда. Биз оилавий танишишга ҳаракат қилганмиз, лекин ҳеч иш чиқмаган.
Бир кун уч отли извошда сайр қилиб юриб, Ольга Леонардовна ва Константинни ҳам таклиф қилишни ўйлаб қолдик. Қўнғироқчаларни жаранглатиб, шовқин солиб извошни Книпперлар эшиги тагига учириб бордик, қўнғироқ чалишимиз билан эшикда ранг-қути ўчган Константин пайдо бўлди ва бизга қўл силтади. Бир нима дедию дарров ичкари кириб кетди.
—Нима деди? У нима деди? — дея шовқин солдик биз, извошдагилар.
—Ҳозиргина кичкина укаси оламдан ўтибди, — деди паст овозда қўнғироқ чалган одам.
—Укаси ўлибди? Укаси?
Шиқилдоқлар жаранги эшитилмасин дея фойтун секин жўнади. Ҳаммамиз ўзимизни гўё айбдордек ҳис қилар, хижолат чекар эдик. Бирдан кайфиятимиз ҳам тушиб кетди.
Антон Павловични табриклашим мумкинми, керакми? Унга дилдан, чин кўнгилдан бахт ва омонлик тилайман. Табриклагим келяпти-ю, иккиланяпман. Алоқамиз узилгандан буён ўтган шунча вақт мобайнида мен кўп нарса ҳақида ўйлаб олган, тушунган эдим.
Назаримда, ҳаммасини тўғри тушунган эдим.
“Танишганимизга, мана, ўн йил бўлибди, шуни биласизми? Ҳа, ўн йил”.
Ўн йиллик ноаниқ ва кескин муносабат. У икки бор бу ноаниқликка чек қўйишга интилди. Ё оила қуриш, ёки алоқани узиш керак эди. Лекин “омадимиз чопмади”. Очиқ гаплашиб олишнинг иложи бўлмади, касаллик халал берди (“Мен касал бўлиб ёки ўлиб-нетиб қолсам, унинг аҳволи не кечади?”). Мен оилали эканимдан ташқари, бизнинг ўртамизда яна бир тўсиқ — хасталик ҳам турарди. У бир зарб билан бизнинг “бу майин ва ғамгин муҳаббатимиз”га, иккиланишларимизга, умид ва ишончимизга нуқта қўйди. Худди унинг ҳикоясидаги каби вагонда хайрлашдик. Хайрлашиш учун менга ўгирилганида унинг чеҳраси жиддий, ҳиссиз, деярли ғазабнок эди, бир неча йиллар илгари менинг уйимда ўтирганида, “Мен сизни севардим. Шуни билармидингиз?” деб сўраганида қандай бўлса, шундай. Нега бу менинг хаёлимга келмади ўша пайт? У азобланган экан-да? Вагонда ҳам қийналган. Ёнимга келмаслигини, асло келмаслгини айтди ва бу Сизга жуда қимматга тушиши мумкин деди у: “Мен кўп сўрайман”. У мени болалар билан кўргани он бу йўқотиш менга ниҳоятда қимматга тушишини англаб етган. Бу — мен уни қанчалик севишимни билишга бўлган охирги уриниши экан-да. Буни мана, энди тушуниб турибман. Кейин эса у кетди, ҳатто орқасига ўгирилмади ҳам. У қатъий қарорга келган: тугади.
Шундай экан, уни табриклашим керакми, мумкинми? Аввалига бу имконсиз деб ўйлаган эдим, лекин мен ҳақимда сўрагани, “илиқ” гапирганини эшитиб, хат ёзиш истагим кучли келди.
У Ялтада ёлғиз ўзи, Книппер Москвада эканини билгач, мен бир хат ёздим — унда ҳар иккаламизнинг танишимиз А.А.Лугановичнинг П.К. Алёхинга ёзган хатини унга жўнатишни (унинг манзилини, ҳар ҳолда, билади) Антон Павловичдан илтимос қилдим. Лугановичнинг хатини эса бошқа хатжилдга солдим. Луганович Алёхинга унинг уйланганини эшитгани ва унга чин дилдан, астойдил бахт тилашини ёзади. Ўзига келиб қолганини, уни кўп эсласа-да, алам билан эмас, меҳр билан эслашини, чунки ўзининг ҳаёти ҳам бахтиёр, ҳузур-ҳаловатда кечаётганини айтади. Луганович мен бахтлиман ва Сиз ҳам бахтлимисиз, шуни жуда билгим келади деб сўрайди.
Сўнг барча аъмоли учун унга миннатдорлик билдиради. “Бизнинг муҳаббатимиз ҳақиқиймиди? Лекин у ҳақиқийми ёки хаёлийми, бундан қатъи назар, барибир Сиздан бағоят миннатдорман! Шу муҳаббат туфайли менинг ёшлигимни гўё йилтиллаган, муаттар шабнам қоплади. Агар ибодат қилишни билганимда эди, Сиз учун ибодат қилган бўлардим. Шундай дуо қилардим: Раббим! Илоё, у ўзининг қанчалик яхши, керакли, севимли ва мўътабар инсон эканини тушунсин. Агар тушунса, бахтли бўлмай иложи йўқ”.
Анна Алексеевна ҳам мен орқали Алёхиндан жавоб хати олди.
“Хат учун бош эгиб чуқур таъзим қиламан, беҳад миннатдорман. Бахтлиманми, шуни билгингиз келадими? Ҳаммасидан бурун шуни айтай, бетобман. Дардим ўта оғир эканини энди ўзим биламан. Шу гап. Ўзингиз тушуниб олаверинг. Яна айтай, хатингиздан ниҳоятда мамнун бўлдим. Жуда.
Сиз муаттар шабнам ҳақида ёзибсиз, мен эса чиройли ва хушбўй гуллардагина шабнам йилтиллаб туриши, муаттар бўлишини айтмоқчиман.
Сизга доим бахт тилаганман. Агар Сизни бахтиёр этмоқ учун қўлимдан бирор иш келганда эди, мен буни севина-севина қилган бўлардим. Лекин бу қўлимдан келмади.
Бахт ўзи нима? Буни кимдир билармикан? Лоақал бутун ҳаётим ҳақида ўйлай туриб, ўзимни кўпроқ бахтсиз ҳис этган кезларим аслида жуда бахтиёр бўлганимни энди аниқ англаб етдим. Ёшлигимда мен хушчақчақ бўлганман — бу энди бошқа гап.
Шундай қилиб, яна бир бор раҳмат. Сизга эзгу тилаклар-ла

Алёхин”.

Алёхин ёзган бу хатни бошқалари билан “Хатлар” тўплами учун Мария Павловнага бермадим. Нега Алёхин? Кейин сиримизни очишга, тушунтиришга тўғри келарди-да. Бу хатни ҳам бошқа қоғоз ва хатлар билан бирга ўғирлатганман. Хатлар турган ўша чиройли қутича сабаб ўғирланган.
Аммо бу Антон Павловичнинг менга ёзган охирги хати эмас. У 1904 йили ҳам менинг хатимга жавоб ёзган.
Япон уруши бошланган эди, ярадорларга ёрдам бўлиши учун бирор фойдали иш қилгим келарди. Қаттиқ ҳаяжонда эдим, шижоатга тўлган эдим, кучимни нимага сарфлашни билмасдим.
Шунда бир тўплам нашр эттиришни ўйладим. Таниш ёзувчилар кўп, уларнинг аксари билан муносабатим ҳам яхши. Китобни нашр эттиришда Сергей Николаевичдан умид қилиб тургандим. Ўзимча материаллар ҳам, китоб ҳам албатта жуда яхши чиқади, ҳаммаси жуда осон бўлади, қимматга тушмайди деб ўйлабман. Биргина ишим ва ҳаракатим билан қилган ёрдамим қанча наф келтиради деб хаёл қилибман.
Биринчи бўлиб Чеховга хат ёздим.
У ҳозир қўлимда ўша тўпламга мос келадиган бирор қўлёзма йўқ, дебди. Умуман, бу ниятимни маъқулламабди: “Агарда Сиз менинг фикримни эшитишга қарши бўлмасангиз, айтай: тўплам чиқариш жуда секин, қийин битадиган, тузувчининг ҳам кайфиятини бузадиган иш. Бунинг устига, сотилиши ҳам қийин бўлади, айниқса, Сиз нашр эттирмоқчи бўлаётган, яъни тасодифий материалдан йиғилган тўпламга ўхшаганлари. Худо ҳаққи, сўралмаган мулоҳазалар учун мени афу этинг, аммо беш, ўн, юз марта бўлса ҳам шу гапимни такрорлайман. Агарда Сизни бу фикрдан қайтара олсам, жуда хурсанд бўлардим. Ахир Сиз тўплам устида ишлаётганингизда, аста-секин, томчи-томчилаб эмас, балки бошқа йўл билан тезда минг сўм топиш мумкин. Ҳозир айни вақти — одамларда садақа қилиш истаги кучли бўлган қайноқ бир палла. Ҳеч нимага қарамай, тўплам тузаман десангиз, энг зўр ёзувчилар (Шекспир, Толстой, Пушкин, Лермонтов ва бошқалар) ижодидан ярадорларга шафқат кўрсатиш ва ёрдам бериш тўғрисида қандай ибратли гаплар бўлса, йиғинг. Бу жуда қизиқарли китобча бўлади ва 2-3 ой ичида нашрдан чиқади, сотиш ҳам осон кечади. Маслаҳат учун узр, жаҳлингиз чиқмасин. Айтмоқчи, айни вақтда ўн бештача тўплам нашр этилаётир…”
Бу хатни у 7 февралда ёзган эди, 14 февралда эса қуйидаги хатни олдим:
“Муҳтарам Лидия Алексеевна. Эртага Ялтага жўнаб кетаман. Менга хат ёзиб турсангиз, Сиздан беҳад миннатдор бўлардим.
Тўпламни нашр эттирмаётган, яъни шундай тўхтамга келган бўлсангиз жуда хурсандман. Тўпламни таҳрир қилиш ва тузатиш жуда серташвиш, толиқтирадиган иш, фойда ҳам унча кўп бўлмайди, кўпроқ зиён келтиради. Менимча, яхшиси, журналга бирор ҳикоя бериб, қалам ҳақини Қизил Крестга хайр қилиш лозим.
Узр, совуқ қотиб кетдим, ҳозиргина Царициндан келдим (извошда), қўлларим увишиб қолган, яхши ёзолмаяпман, ҳали тўшакка жойлашиб ётиб ҳам олиш керак. Хайр, асосийси, хушвақт бўлинг, ҳаётга бунчалик мураккаб нарса деб қараманг; балки, аслида у хийла жўндир. Кейин у, биз билмаган ҳаёт, ақлимизни чарчатар даражада қийнаб мулоҳаза юритишимизга арзирмикан — буниси ҳали ноаниқ. Қўлингизни маҳкам сиқиб, хат учун юракдан миннатдорлик билдириб қоламан.
Саломат ва омадли бўлинг.
Садоқатли А.Чехов”.

Шу хатни юз марталаб ўқиганман. Антон Павловичда бундай янги кайфият қаердан пайдо бўлди экан? “Ҳаёт жўн, азобли мулоҳазаларга арзимайди…” Ўзининг ўтмишига боқиб у алам ва нафрат билан жилмаяётгандек туюлди менга. Кўнглидагидек яшамадим, ўйламадим, ҳис қилолмадим, ҳаёт беҳуда ўтди, деётгандек.

Бир минг тўққиз юз тўртинчи йил

(“Бир умрлик муҳаббат” қиссасининг хотимаси)

Тўртинчи июль куни кечки поезд билан бизникига кўп меҳмон келиши керак эди. Бешинчида тўйимиз бўлган кун, барча дўсту биродарлар, қариндошларимиз ким поездда, ким отараваларда йўлга чиққан, базму хурсандчилик қилгани йиғилишмоқчи эдик. Поезд кечаси ўн бирларга яқин келди. Поезднинг пишқиргани, фойтунларнинг тақа-туқини эшитиб, кутиб олгани эшик олдига чиқдик. Тунаб қолиш учун барчага жой ҳозирлаб қўйилган. Ғала-ғовур билан кириб келган меҳмонлар ўзларига келиб олиш учун хоналарга тарқалишди. Ошхонага чиқиб кечки овқат учун ясатилган дастурхонни кўздан кечираётган эдим, Миша шошилиб олдимга келди ва мени қўлтиқлаб олиб қоронғи айвон томон бошлади.
— Гап шундаки… — деди у жаҳли чиққандек қатъий оҳангда, — гап шундаки… Асабийлашмаслигингни талаб қиламан. Талаб қиламан. Эшитяпсанми? Газетада ёзишибди, иккинчида Баденвейлерда Чехов оламдан ўтибди. Ўша газетани биз ҳали олмадик. Шунақа гап… Ўзинг-ни қўлга ол, меҳмонларга сездирма! Эшитдингми!
Дарҳол чиқиб кетди у. Мен қоронғи бурчакда қолавердим. Тўсиққа суянганча чуқур-чуқур нафас оламан. Нафас олишим борган сари оғирлашяпти. Ўзимни тутиб туришим ҳам қийин бўляпти. Бор кучимни тўплашим керак эди. Лекин бунга фурсат йўқ, нафасимни ростлаб олдим, энди оёғим ҳам унча қалтирамаяпти, чалишмаяпти. Бир муддат чуқур-чуқур нафас олиб, юришга ҳаракат қилдим. Қорон-ғи гулзор томон бир-икки зина босиб тушгач, бошимни кўтариб осмонга қарадим: булутли эди, аллақаерларда юлдузлар милтиллайди. Кўппак югуриб келди, эркаланиб этагимга суйкалди, оёғини узатди менга, бирдан бу эркаланишдан ичимда нафрат туйдим…
Ошхонадан гангир-гунгир эшитиларди. Дастурхон атрофига йиғилишибди. Миша бақирди:
—Лида! Лида!
Итни силаб қўйдим-да, меҳмонлар томон юрдим. Надянинг хавотирли, раҳмли чеҳрасига кўзим тушдию шартта юзимни четга бурдим.
Ётоқ бўлмамни меҳмонларга бўшатиб берганим учун менга Нина қизимнинг хонасига, дераза тагидаги кушетга жой солишган экан. Қизим ухлаб ётибди.
Эшикни занжирлаб, тезда тўшакка кирдим ва деразадан ташқарига қарадим. Хира осмонда чўзилган қорамтир булутлар сузади, боғдаги дарахтлар эса қилт этмайди. Борлиқни шаббўй ҳиди тутиб кетган.
— Чехов ўлибди, — дедим ўзимга ўзим хаёлан. Бутун оқшом бу ҳақда бир оғиз гапиришмади. Гапиришар дея роса кутдим, балки бу ҳақда аввалроқ кўп гапирилгандир, бу мавзу жонга теккандир? Бироқ нега гапиришмади, бу ҳақда ўйламабман. Иккинчида Баденвейлерда оламдан ўтибди. Унинг тобутда ётган жасадини кўз олдимга келтирмоқчи бўлдим, лекин бирдан касалхонада ётгани — ёстиқдаги юзи, тим қора гоҳ мулойим, гоҳ хафа, гоҳ эса айёрона кулиб турган кўзларини эсладим.
— У ўлибди, — дея ўзимни ўзим ишонтирмоқчи бўламан, аммо буни ҳеч тан олгим келмайди. Тан олишга мажбур эканимдан бир лаҳза қўрқувга ҳам тушдим. — Керак эмас, — дея бу фикрни хаёлимдан ҳайдамоқчи бўлдим, — билатуриб ҳам ҳеч нимани ҳис этмаяпман-ку. Яна нима қилай? Шундай бўлсин.
Бошимни ёстиққа босиб ётолмадим, у ёқдан-бу ёққа ташладим, кейин бўйним ва кўксимни уқаладим.
— Уни беш йилдан буён кўрмадим, шунинг учун ҳам бундай лоқайдман… Кейин яна хатларини эсламоқчи бўлдим: — Асосийси, хушчақчақ бўлинг… Ҳа! Қачонлардир унинг ўзи роса хушчақчақ бўлган. Эсимда бу. Кейин эса унинг завқи сўнди, сўна борди, лекин ғам-гинлик унинг қалбини бора-бора, қатъий эгаллай бошлади. Негалигини мен билардим… “Биз билмаган ўша ҳаёт бунчалик азобли мулоҳазаларимизга арзирмикан…”
Ҳа, қийналиб кетди у. “Ҳаётнинг ғайритабиийлиги ва паст-баланд”лигини ҳеч ким унингчалик оғриқ билан ҳис этмаган, аввалига у одамлар қилган хатоларини тушуниши ва уларни тўғрилашга ҳаракат қилмоғи учун бунга туртки беришнинг ўзи етарли деб ўйлаган эди. Лекин одамлар ҳикояларни ўқиб мақтаб қўяр ёки сукут сақлашарди, холос. Баъзан қойил қоладиган, илтифот кўрсатадиган ёки бефарқ, адоватли китобхонлар ҳам учрар эди. Аммо ўзига ўзи разм солиб, “Уят! Ҳақиқатан ҳам бундай яшашдан уялмоқ керак!” дейдигани топилмасди. Уни бирор ғояни уқтирмайдиган ёзувчи деб, панд-насиҳат бермасликда, етакчилик қилмасликда, идеал бўладиган образлар яратмасликда ҳам айблашгани-чи! Ахир унинг улкан истеъдоди беҳуда кетмадими? Ўзи буни сезмаганмиди?
У ўзининг ташқи кўриниши ёки кийими билан одамларга таъсир кўрсатмади. Мана, Толстой таълимоти мухлислари дарров ўзларига “толстовка” — кенг чалвор тиктириб олишар, гўшт ейишдан, ҳарбий мажбуриятдан воз кечар ва шунинг учун ҳам толстовчи саналар ҳамда ўзлари бундан ғурурланар эди.
Сал илгарироқ эса қизлар сочларини кесиб, ён ёқа кўйлак (ён томонда тугмаланадиган тик ёқали эркаклар кўйлаги) кийишарди, тирноқларини тозаламасди ва нигилист саналарди. Буларнинг бари оддий ва тушунали эди.
Чеховнинг талаблари бошқача эди: кийимни ҳам, сочни ҳам ўзгартириш шарт эмас, фақат “уялиб қолмаслик” учун бошқача ҳис қилишни, ўйлашни ўрганмоқ керак. Бунинг учун ҳеч қандай ажратиб турувчи тафовут, ёрлиқнинг кераги йўқ. Одамлар Чеховни ниҳоятда яхши кўришарди ва қийнаб юборишарди. “Мазинисткалар, фигнеристкалар бўларди, мана энди “чехисткалар” ҳам пайдо бўляпти”, дерди Миша.
Эҳтимол, Чехов буни ҳам ҳис этарди. У фисқ-фуружга тоқат қилолмасди. Чеховни одамлар жуда яхши кўрарди, аммо уни тушунадиган кўпмиди? Ахир унга ҳикояларингиз “хўрозқанд” дейишмасмиди?
Боғда гўнгқарға қаттиқ қағиллади, унга бошқалари жўр бўлди. Биринчиси, гўё: — Вақт бўлдими?, деб сўраётгандек. Бошқалари: — Ҳали эрта! Эрта, деётгандек. Яна ҳаммаёқ сув қуйгандек тинчиди. Қарға қағиллаши асабимга таъсир қилиб, уйқудан уйғотиб юборди.
—Чехов ўлди, — дедим ўзимга ўзим эслатгандек. — Ўлди.
Ўрнимдан турдим ва дереза рафига тирсагимни тираганча ташқарига тикилдим. Кун буткул ёришган, баланд осмонда булут қизариб кўринади. Яна тўшакда ётган Чеховнинг чеҳраси намоён бўлди. — Азизим, — деган овозини эшитдим. Юрагимга қаттиқ оғриқ санчилди, беихтиёр қичқириб юбордим, шунда кўзларимдан ёш қуйилди.
Антон Павловичнинг ўлимидан бир неча йил ўтиб, синглиси Мария Павловна унга ёзган хатларимни ўзимга қайтариб берди. Хатларим қандай бўлса шундай — уринмаган, ғижимланмаган. “Батартиб қилиб лентага боғланган, — деди Мария Павловна, — столда ётган экан”. Ўқиб ҳам кўрмай, уларни печкага ташладим. Бундай қилганимдан жуда афсусланаман. Аммо ўзимдан нега у бу хатларни йиғиб, сақлаб қўйди экан деб қайта-қайта сўрардим. Хатнинг ҳошиясида қандайдир қайдларга кўзим тушган эди. Нега шуларга қизиқмадим? Бундан азобланган бўлардим, шунинг учун қизиқмаган бўлсам керак. Унинг хотинига ёзган хатини ўқиётиб икки марта шу саволга дуч келдим: “— Сен Авиловани учратмаяпсанми? — Албатта-да! Биз юзма-юз келдик ҳам, аммо у мени танимагандир. Биз қачонлардир театрда “Ажойиб замона зайли” деган пьесада бирга роль ўйнаган эдик. Лекин у вақтлар иккимиз ҳам шу қадар ёш эдикки!” У ўшанда бир София Андреевнани, мен бошқасини ўйнаган эдик. Замона зайли шу билан якун топган эди. Қизиғи шу эдики, унга эмас, менга саҳнавий касбни башорат қилишган эди. У тўлиқ эришган ютуқларнинг барчаси менинг ёнгинамдан ўтиб кетди. Чехова-Книппер! Книппер сифатида у ҳаётдан етарлича олди ҳам, берди ҳам. Чехова бўлиб эса… билмадим. Қўйинг, буниси билан энди менинг ишим йўқ.
 
Русчадан Шоҳсанам таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.