Авлиё Онего билан авлиё Секретарь тонгги ибодатни ўқиб бўлишгач, “Миллер” фирмасининг қора чарм қопланган оромкурсиларига ястаниб олишди. Улар Заминга кўз тикканча, дунёнинг ишига шўнғиб кетишган ғофил бандаларни кузатишни азм қилдилар.
– Менга айтсинлар-чи, – сўради авлиё Онего, узоқ жимликдан сўнг, – ҳазрат фоний дунёда бахтли яшаганмилар?
– Гапингизни қаранг! – жилмайганча деди биродари. – У дунёда ҳеч ким бахтли яшамаслигини ўзлари яхши биладилар-ку!
Шундай дея у чўнтагидан бир қути “Мальборо” чиқарди.
Чекадиларми?
– Раҳмат, бажонидил, – деди авлиё Онего, – гарчи саҳармардондан ҳумор босди қилмасак-да, дам олиш куни битта тортсак нима қипти…
– Балки ўзлари хушбахт яшагандирлар?
– Қаёқда. Аммо … аминманки…
– Уларга бундоқ сарасоп солсангиз-чи! – ерга ишора қилди авлиё Секретарь. – Бир неча миллиарддан ошиб кетган. Бугун якшанба, куннинг ажойиблигини-чи… Оламтоб борлиқни чароғон қилиб юборган, тонг насими танангга хуш ёқади, гул-чечакка чулғанган дов-дарахтларни кўриб кўзинг яйрайди. Боз устига ҳозир уларда “Иқтисодий мўъжиза” рўй берган. Яна ниманиям орзу қилиш мумкин! Ана шу миллиард-миллиард одамлар орасидан лоақал битта саодатмандини топиб беринг-чи менга, биттагинасини. Топсангиз, кечқурун олдингизга тўкин дастурхон ёзаман.
Авлиё Онега:
– Келишдик, – деганча Ер юзига мўр-малахдай сочилиб кетган одамларга зингил қараш қилди. Бир боқишдаёқ бахтли инсонни излаб топиш ғирт кулгили ҳол: бунинг учун бир неча кун уларни синчиклаб кузатишга тўғри келарди. Шунга қарамасдан, авлиё гардкам қилишни лозим топди. Уни кузатиб турган авлиё Секретарь зимдан кулиб қўйди, бироқ бу самимий, беғубор кулгу эди, йўқса, у авлиё бўлармиди?!
– Жин урсин, назаримда топгандайман! – авлиё Онего қичқирганча оромкурсидан сапчиб туриб кетди.
– Қани, қани?
– Ҳов ана, хиёбонда. – У бармоғини бигиз қилиб адир ёнбағридаги бефайз шаҳарчани кўрсатди. Ибодатхонадан чиқиб келишаётган одамлар орасидаги малакни кўраяптиларми?
– Э, э, маймоқ қизчани айтаяптиларми?
– Ҳа, ўшани. Ишқилиб, назарингиздан қочирмасангиз бўлгани.
* * *
Гўдаклигидан оғир дардга чалинган тўрт яшар рамақижон Норетта ростакамига маймоқ эди. Ойиси уни қўлидан ушлаб олганди. Гарчанд қизча онасига анчага тушган тўр ёқали оқ кўйлак кийиб олган бўлса-да, уларнинг ғарибу-ғураболиги яққол билиниб турарди.
Ибодатгоҳ ҳовлисига тумонат одам йиғилган: аллақандай маросим нишонлаётганди; кимдир гул, кимдир авлиёларнинг сурати солинган икона ва нишонлар сотади, яна кимдир таранг шиширилган рангли пуфаклар шодаси билан бола-бақрани ўзига жалб этади.
Хуллас, қизча пуфакларни кўриб турган жойида михланиб қолди, – бояқишнинг гунг илтижога лиммо-лим кўзлари онасига умидвор термулган. Бу нигоҳларда бир дона пуфакка эга бўлишдек бағоят кучли истак, бағоят теран руҳий изтироб ҳамда беқиёс меҳр-муҳаббат зоҳир эдики, бу қарашларга ҳаттоки жаҳаннам пешволари ҳам дош бера олмасди. Зотан, бу қадар ёвқур қараш катталарнинг ғамхўрлигидан умидворлик кичкинтойларда, мискинлар ҳамда маъсумаларда (ўласи қилиб калтакланган итлардагина) бўлиши мумкин.
Руҳшуносликдан хабари бор авлиё Онего норасидага тикилиб қаради: айни шу дамда қизчада пуфакли бўлиш истаги шунчалик кучли эдики, мабодо, худо ёрлақаб ҳозир ойиси унинг хоҳишини бажарса, шубҳасиз, Норетта ўзини бахтиёр ҳис этган бўлармиди…
Авлиё Онего шаҳарча хиёбонидаги воқеани кўриб, унга шоҳид бўлаётганига қарамасдан, ойиси билан қизча ўртасидаги гап-сўзни мутлақо эшита олмасди. Нега шундайлигини ҳеч ким тушунтириб бера олмайди. Уларнинг худди қудратли телескоплари бордек, жаннат эгалари Ер юзида юз бераётган жамики воқеаю-ҳодисаларни равшан кўриб турсалар ҳам, аҳён-аҳёнда қулоққа чалиниб қоладиган овозларни айтмаса, “тиқ” этган товушниям эшитмас эдилар. Афтидан, авлиёю анбиёларнинг асабларини шаҳар ва пойтахтларнинг кўчаларини тутиб кетган шовқин-суронлардан сақлаш учун шундай қилинган бўлса керак.
Ойиси “юрсанг-чи!” дегандай қизининг қўлидан силтаб тортди. Бечора оғзини очиб қолавермаса гўрга эди, деган хавотирда авлиё Онего чўчиб тушди. Норетта-ку матонатли эди-я, лекин ҳақиқат осмонда, калити червонда деганларидек, қиз бечора билан бошқаларнинг неча пуллик иши бор!
Қизча ҳамон мижжа қоқмай ойисига тикилиб турар ва энди бу қараш, айтиш жоиз бўлса, аввалгисидан ҳам қатъиятли, ундан ҳам шиддатли тус олганди. Аёл пуфак сотувчига уч-тўрт танга узатганини, қизалоқ бўлса, “Ана унисини!” дегандек жажжи қўлчасини сариқ пуфакка чўзганини авлиё кўрди. Сотувчи пуфаклардан энг чиройлисини Нореттага олиб берди.
Норетта қувонганидан кўзларига ишонмас ва уларни катта-катта очганча ўзининг одимлашига монанд ҳавода ўйноқлаётган рангли пуфакнинг ипидан маҳкам тутганча кетиб борарди… Шунда авлиё Онего муғамбирона жилмайиб биродарининг тирсагидан туртиб қўйди, авлиё Секретарь ҳам уни маъқуллаган бўлиб кулимсиради. Авлиё-анбиёлар, хокисор бандаларнинг дилидан ғам-ғуссани арита олишса, ўзларини енгил ҳис қилардилар.
Норетта аслида ким? Якшанба тонгида қадрдон шаҳарчаси хиёбонидан қўлидаги рангли пуфакнинг ипидан ушлаганча ўтиб бораётган шунчаки оддий қизалоқмикан? Йўқ, йўқ, у севинчи ичига сиғмай черковдан гул-гул ёниб чиқиб келаётган хушбахт келинчак, у – қўшинлари жангдан зафар қучиб қайтаётган мамлакат қироличаси. У – қўшиқларидан ҳис-туйғулари жунбушга келган оломон боши узра кўтариб олган сеҳрли овоз соҳибаси, у – гўзалликда ягона бадавлат хоним, у – сувратигаю сийратига муаттар гул-чечаклар, илоҳий оҳанг-га йўғрилган куй-қўшиқлар, ўрмонлару уммонлар таровати, шамснинг ҳаётбахш тафтию ҳилолнинг бетакрор зеболиги, меҳр-муҳаббат, назокату нафосат сингиб кетган бир ҳилқатдирки, у оддий пуфакда толеъи масъудликка сазовор бўлди. Энди унинг оёқчалари хасталик ва ногиронлик иллатларидан қутулган, у энди оҳуникидай чаққон, йўлбарсникидек бақуввт оёқлари билан Олимпия ўйинларида ғалаба қозонади ва кўксини чемпионлик олтин нишони безаб туради.
Авлиёлар оромкурсларининг ёндорига гавдаларини ташлаб, она-болани кузатишда давом этишди. Аёл боласининг қўлидан тутганча, бутун бошли шаҳарчани кесиб ўтиб, камбағаллар яшайдиган мавзега етиб келди. У иши кўплигидан уй юмушларига шўнғиб кетди. Норетта бўлса овунчоғини қўлидан қўймай, уюм тошлар устига ўтириб олиб, гўё ҳамма менга ҳавас билан қараяпти, деган хаёлда дунёларга алишмайдиган пуфагини ўтган-кетганга кўз-кўз қила бошлади. Гарчанд бефайз осмонўпар уйлар сиқиб қўйган бу кўчага офтоб нурлари ҳамиша тушавермаса-да, қизчанинг беўхшов юз-кўзлари чор-атрофни чароғон қилиб юборганди.
Учига чиққан безорилиги шундоқ кўриниб турган учта ўспирин Нореттанинг ёнидан ўтиб кетаркан, қизчанинг хушҳоллигидан ҳайрон бўлишди. Улардан биттаси оғзидаги сигаретасини олиб, уни дабдурустдан пуфакнинг қорнига босди. Пуфак пақиллаб ёрилди, шу дамгача эпкинда кўкка мағрур талпинаётган нарса латтадай ғижимланиб, бужмайганча бояқишнинг тиззасига келиб тушди.
Норетта ҳеч нарсага тушунмай, бу ердан чопганча узоқлашаётган валакисалангларнинг ортидан мерайиб бир муддат қараб қолди. Шўрликнинг кафтдеккина чеҳраси алланечук тарзда буришиб, мурғак қалби қаттиқ яраланди.
Бамисоли чорасиз балога йўлиққандек, қизчанинг фиғони фалакни тутди. Юқорида таъкидланганидек, мудом осойишта ва сўлим равзан жаннатга на моторларнинг гуриллаши, на сиреналарнинг чи-йиллаши, на одамларнинг дод-фарёди, на атом бомбасининг портлаши етиб борарди. Аммо-лекин юракларни ларзага солувчи қизчанинг аччиқ фарёди жаннатнинг ҳар бир кунжидан жаранглаб, ҳаммаёқни остин-устин қилиб ташлади. Беҳиштни мангу роҳат-фароғат ҳамда шоду хуррамлик маъвоси, деганлари ҳам бекор экан. Шариату тариқат пешволари одам боласи чекаётган жабру ситамларга қандай бефарқ бўла олишсин….
Пуфак воқеаси авлиёларнинг бошига худди тўқмоқ билан туширгандек таъсир қилди. Дору дунёнинг нариги ёғини ҳам зулмат қоплаб, у ёқдагиларнинг-да диллари вайрон бўлди. Шўрлик қизалоқнинг кўксидаги ғам-ғуссани арита олмай уларнинг бошлари қотди.
Авлиё Секретарь авлиё Онегога ғамгин назар ташлади.
– Бу не разолат! – асаблари қақшаб кетган авлиё Онего ҳалигина чўғ олдирган сигаретасини пастга отди.
Ерга учиб тушаётган сигарета ўзидан паға-паға тугун ҳосил қилиб борарди. Сигаретага ногаҳон кўзи тушган одамлар бўлса яна учар ликопчалар ҳақида ҳар хил ҳангомаларни бичиб-тўқий бошладилар.
Рус тилидан Илҳом Ҳафизов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.