Жек Лондон. Бўри ўғли (ҳикоя)

Эркак киши ўз вақтида хотинининг қадрига етмайди, унинг қанчалик зарурлигини яхши тушунмайди, хотини дунёдан ўтиб, бева қолгандагина хотинининг ўрни қаттиқ билинади, шундагина унинг қадрини тушунади. У дастлаб хотинининг ўз борлиги билан ҳосил қилган меҳр тафтини сезмайди; лекин ана шу тафт кетди дегунча, эркак ҳаётида бир бўшлиқ пайдо бўлади ва шунда унга нима етишмаётганини билмай, нимадандир сиқилади, ниманидир қўмсайди. Шунда ўзидан кўра тажрибасиз, нўноқ бўлган жўралари унга шубҳа билан қараб, бош чайқайдилар ва турли-туман кучли дориларни тиқиштира бошлайдилар.
Борди-ю, Юконда яшайдиган инсон ҳаётида шунга ўхшаш воқеа содир бўлса, агар ушбу ҳодиса ёзда юз берса, у одатда қайиқни ҳозирлайди, қишда эса чанага қўшилган итларни қўшиб жануб томонга елади. Орадан бир неча ой ўтгач эса, агарда ўзи Шимолни қўмсаб, соғиниб қолгудай бўлса, эри билан ана шу совуқ ўлкага муҳаббатини, барча машаққату қийинчиликларни биргаликда баҳам кўришга тайёр рафиқаси билан қайтиб келади. Ана сизга эркакнинг туғма худбинлигига яна бир мисол! Шунда Скруф Маккензи ҳаётида юз берган воқеа беихтиёр ҳали Клондайк* олтин васвасасини ҳамда че-ча-куас* босқинини кўрмаган ва фақат лосос балиғи билан шуҳрат қозонган ўша олис даврларни ёдга солади.
Бир қарашда Скруф Маккензи қиёфасида бу ерларни забт этган биринчи одамни кўриш мумкин эди. Табиатнинг шафқатсиз кучлари билан узлуксиз давом этган йигирма беш йиллик кураш унинг юзига ўз тамғасини босган эди.
Қутб доирасининг кўланкаси остида олтин излаб топиш илинжида ўтказган икки йили жуда оғир кечди. Юракни зирқиратиб юборадиган бўшлиқ туйғуси Скруф вужудини эгаллаб олганида, бундан ажабланмади, негаки у кўпни кўрган одам бўлиб, ўз ҳаётида шундай оғир дардни бошдан кечирган одамларни кўрган эди. Лекин Маккензи ўзида ҳеч қандай хасталик аломатларини сезмади, фақат янада ғайрат билан ишлайверди. Бутун ёзни чивинлар билан курашиб, бо-йиб кетарман, деган хаёлда Стюарт дарёси этакларида қум ювиб ўтказди. Сўнгра катта-катта ёғочлардан сол ясади-да, Юконга тушиб, Қирқинчи милгача сузиб борди ва ўзига яхшигина кулба қуриб олди. Кулба шундай мустаҳкам ва бежирим чиқдики, уни Скруф билан бўлишмоқчи бўлганлар ҳам анча-мунча топилди. Бироқ Маккензи чўрткесарлик билан дангал жавоб қайтариб, уларнинг умидларини пучга чиқарди ва шу яқиндаги савдо-сотиқ дўконидан икки ҳисса озиқ-овқат сотиб олди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Маккензи кўпни кўрган одам эди. У, одатда, кўнгли бирор нарсани хоҳлаб қолса, шунга эришмагунча тинчимас, имкон қадар аҳдида маҳкам туриб, кўзлаган мақсадидан қайтмас эди. Маккензи оғир меҳнату қийинчиликларга ўрганиб кетган, аммо ит қўшилган чаналарда олти юз миль йўл босиш, сўнгра икки миль масофани океанда сузиб ўтиш, яна ўзи илгари яшаган жойгача роса минг миль юриш, – буларнинг барини фақат ўзига рафиқа излаш учунгина бажариш кераклигини ўйласа ҳафсаласи пир бўлар эди.
У серғайрат, унча-мунча йўлни писанд қилмасди, този итлари бўлса, Юкондаги бошқа итларга қараганда озгина емак берсанг бўлди, дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам кетаверарди. Уч ҳафтадан сўнг у Танананинг юқори ирмоғидаги қисмига – Стикс қабиласи қўнал-ғасига келди. Бутун қабила Маккензини кўриб, унинг журъатидан ҳайрон қолди; сабаби, стикслар оқ танлиларни ўткир болта ё яроқсиз милтиқ қўндоғи биланми ўлдириб, уларга ўз муносабатларини билдириб қўйган эди. Тағин Маккензи бу ерга ёлғиз келибди-я. Унинг юриш-туриши, ўзини эркин тутиши, совуққонлик ва ҳаттоки сурбетлик билан қараб туриши – ҳаммаси бир бўлиб, Маккензининг кимлигини намоён этиб турарди. Бу турли воситалардан унумли фойдаланиш учун ёввойи одам руҳиятини англаб етиш ва маҳорат талаб этиларди; Маккензи бундай ишларда пихини ёрган эди: қачон муроса қилиш ва қачон куч ишлатиб, вазиятни қандай қўлга олишни биларди. Аввало ишни мулозамат қилишдан бошлади: қабила сардори Тилинг-Тиннехга ўз эҳтиромини билдирди, бир неча фунт қора чой, тамаки билан сардорнинг хайрихоҳлигига эришди. Сўнг эса қабила йигит-қизлари билан танишди. Шу оқшом уларга зиёфат берди. Қорда узунлиги, чамаси юз фут, эни эса йигирма беш фут келадиган чўзиқ майдонча ташкил этилди. Майдонча ўртасига гулхан ёқилди, иккала томонга қорақарағай бутоқлари тўшалди. Бутун қабила чодирлардан гала-гала бўлиб чиқиб келди ва камида юз нафар меҳмон шарафига ҳиндулар қўшиғини айтдилар.
Маккензи шу икки йил ичида ҳиндулар тилини ўрганди, шунинг-дек, уларнинг бўғзида талаффуз этадиган чуқур товушлари, япон тилига ўхшаш илмоқли иборалари-ю, ҳурматни билдирувчи сўзларини қунт билан ёдлаб олди. Энди у худди ибтидоий усулда шеър ўқиган каби ўзини эркин қўйиб, ҳиндуча нутқ ирод этди. Тилинг-Тиннех ва шомон ҳам унга илиқ муомалада бўлди. Маккензи бош-қаларга ҳам унга шундай муносабатда бўлишлари учун қабила эркакларига арзимаган совғалардан улашди, улар билан бирга қўшиқ куйлади ва ҳиндуларнинг “Эллик икки таёқ” қимор ўйинида моҳир ўйинчи сифатида ўзини яна бир бор намойиш қилди.
Шундай қилиб, ҳиндулар Маккензининг тамакисидан чекиб, роҳатланди. Бироқ унинг қабилада қозонган обрў-эътибори йигитларга ёқмаётган эди – қизлар қиқир-қиқир кулар, тишсиз кампирлар нималаргадир ишора қиларди. Улар кўп бўлмасалар-да, унча-мунча оқ танлиларни – Бўри Ўғилларини ўзларига баъзи сабоқларни бериб қўйишганини яхши билардилар.
Маккензи ўзини беэътибор тутса-да, буни жуда теран уқди. У тунда қопкўрпа ичига кириб ётганича, барини ипидан-игнасигача ўйлаб, режа тузиб чиқди, бунинг учун трубкасида озмунча тамаки чекмади. Қабиладаги қизлар ичида унинг эътиборини тортгани қабила сардорининг қизи – Заринка эди. Қиз бошқалардан кескин ажралиб турар, юз тузилиши, келишган қадди-қомати, барнолиги билан оқ танли одамнинг гўзаллик ҳақидаги тушунчаларига мос келар эди. Маккензи Заринкани хотин қилиб олади ва отини Гертруда қўяди. Шундай қарорга келган Маккензи ўзини Самсон* дек кучли ҳис қилди-да, ёнбошига ўгирилиб, уйқуга кетди.
Бу машаққатли иш эди, унинг бу режаси вақт ва саъй-ҳаракатни талаб этарди. Маккензи ҳийла билан иш кўрди, у ўзини лоқайд, бепарво тутар ва бу билан қабиладагиларни чалғитар эди. У қабиладагиларга ўзини моҳир мерган ва уста овчи эканини кўрсатиб, уларни ҳайратда қолдиришга киришди; олти юз ярдли масофадан лос*ни ўлдириб, уларнинг мақтовларига сазовор бўлди. Кунларнинг бирида, оқшом чоғи, у қабила сардори Тилинг-Тиннехнинг лось ва буғу терисидан тикилган чодирига ташриф буюрди, унга хушомад қилди, сардорни тамаки билан сийлади. Маккензи яна фурсатни бой бермай, қабилада катта обрўга эга бўлган шомонга ҳам худди сардор каби илтифотда бўлди. Бироқ кўрсатилган илтифотдан ғазабини аранг босган шомонни ҳеч иккиланмасдан бўлғуси рақиблари сафига қўшиб қўйди.
Маккензининг Заринка билан бевосита суҳбатлашиш имкони бўлмаса-да, қизга имо-ишоралар билан ўз ниятини баён этди. Қиз ҳам унинг мақсадини жуда яхши тушунган, аммо ҳар сафар ноз-карашма билан атрофига бир тўда хотин-халажни тўплаб олар, бу пайт эркаклар йироқда бўлар, шунда Скруф Заринканинг олдига боришига имкон туғиларди. Лекин Маккензи шошилмасди, сабаби, Заринка ўзи билмаган ҳолда йигит ҳақида ўйлай бошлашини ва вақти келиб, бу ўзига ёрдам беришини биларди.
Ниҳоят, бир оқшом Маккензи кутилган вақт келганини тушуниб, тўсатдан сардорнинг тутунлар буруқсиган чодиридан чиқди-да, қўшни чодирга йўл олди. Заринка, одатдагидек, аёллар ва ёш қизлар қуршовида кўйлакка мунчоқ қадаб ўтирар эди. Улар Маккензини кўриб, кулиб юбордилар, Заринкага ҳазил аралаш киноя қила бошладилар. Лекин Маккензи такаллуф қилиб ўтирмасдан уларни бирин-кетин чодирдан тўғри қорга улоқтирди, аёллар бўлиб ўтган воқеадан бошқаларни бохабар этиш учун атрофга югуриб кетдилар.
Маккензи қандай мақсад уни бу ерга етаклаб келганини бағоят ишонарли қилиб, Заринканинг она тилида (унинг тилини қиз тушунмасди) баён этди ва орадан икки соат ўтгач, кетишга чоғланди. Заринка оқ танли одам чодирига яшашга боради, шундайми? Яхши! Мен ҳозир бориб отанг билан гаплашаман. Балки у қаршилик қилар. Мен отангга кўп совға-салом бераман, лекин у кўп нарса талаб қилмаса керак. Борди-ю, у рад этса-чи? Ўзинг гаплашиб кўрасанми? Заринка барибир оқ танли одамнинг чодирига кетади.
Маккензи эшик вазифасини ўтовчи тери пардани кўтарган ҳам эдики, қизнинг паст овозда айтган гапини эшитиб, ортга қайтишга мажбур бўлди. Заринка айиқ терисидан тўшалган ерга тиз чўкди, унинг юзидан худди Момо Ҳавонинг бокира қизлариники каби нур тараларди. Заринка тиззалаганча, Маккензининг катта овчилар пичоғи осилган белбоғини оҳиста ечди. Маккензи нима гаплигини тушунолмай, қизга таажжуб билан қарар экан, тиқ этган товушга қулоғи динг эди. Аммо бир оздан сўнг у Заринканинг мақсадини тушунди; шубҳалари тарқаб, мамнун кулди. Заринка ўзи тиккан нарсалари сақланадиган халтадан лось териси қопланган, жилоланиб турган, мунчоқлар билан безалган қинни олди. Қиз бошмалдоғини пичоқнинг ўткир тиғидан эҳтиёткорлик билан юргизди-да, уни ўзи тақдим этаётган янги қинга солди. Сўнгра қинли пичоқни белбоғига тақиб, ўз жойи – белининг чап ёнига суриб қўйди.
Қаранг-а, бу манзара қадим замонлардаги саҳнани эслатмайдими: хоним ва унинг баҳодири. Маккензи қизни ўрнидан турғизди ва мўйловли лабларини унинг ақиқ лабларига теккизди – бу қиз учун нотаниш, бегона эркалаш эди. Тош асри пўлат асри билан шу тариқа учрашди.
Скруф Маккензи қўлтиғида каттакон тугун билан яна Тилинг-Тиннех остонасида пайдо бўлганда, атрофда унинг кайфияти каби ғайриоддий жонланиш сезиларди. Болалар елиб-югуриб қўналғаларига зиёфат учун қуруқ ўтин, шох-шаббалар ташир, аёлларнинг вағир-вуғури авжига минар, тумшайган йигитлар тўп бўлиб олганларича ниманидир гаплашар, шомон уйидан ваҳимали афсун садолари эшитилар эди.
Сардор кўзлари йиғидан қизарган хотини билан ёлғиз ўтирарди. Маккензи улар янгиликдан аллақачон хабар топганликларини дар-ҳол тушунди. Заринканинг рози бўлганини исботловчи мунчоқли қинни кўзга кўринадиган жойга суриб қўйди ва деди:
– Эй, стикслар қабиласи, лось, буғу, айиқ, кийик ва Танананинг улуғ ҳукмдори бўлган Тилинг-Тиннех! Оқ танли одамни ҳузурингга буюк мақсад етаклаб келди. Кўп ойлардан буён унинг уйи бўм-бўш ва у жуда ёлғиз эди; бу ёлғизлик уни хароб қилди, унинг аёлга бўлган эҳтиёжи кучайди – аёл унинг уйида бирга ўтирсин, овдан қайтганда кутиб олсин, ўчоққа олов ёқиб, таом пиширсин. Оқ танли одамнинг кўзига ғалати нарсалар кўринди. Бир куни оқшом унинг кўз ўнгида арвоҳ кўринди, қулоғига мокасин*ларнинг тап-тупи ва болалар қий-чуви эшитилди. Арвоҳ Қарға – сенинг аждодинг, улуғ Қарға, стикслар қабиласининг сардори пайдо бўлиб, унга сўзлай бошлади: “Оёғингга мокасин кийиб ол, чанғингни тақ, чанангга кўп кунлик сафар учун егуликлар, Тилинг-Тиннехга аталган қимматбаҳо совға-саломларни жойла, чунки сен баҳор қуёши чарақлаган замин ортида яширинган томонга юзингни қаратишинг, улуғ Тилинг-Тиннех сари йўл солишинг зарур. Сен у ёққа қимматбаҳо совға-саломлар олиб борасан, кейин менинг ўғлим Тилинг-Тиннех сенга ота бўлади. Унинг чодирида бир қиз бор, мен сен учун бу қизга ҳаёт нафасини бахшида этдим. Сен бу қизни хотин қилиб оласан.” О, сардор, улуғ Қарға менга шундай деди. Мен шунинг учун ҳам ана шу ҳадяларни оёқларинг остига келтириб тўкаяпман. Ана шунинг учун ҳам мен сенинг қизингни хотин қилиб олгани келдим.
Кекса сардор қироллардек савлат билан мўйнали либосига ўралиб олди, аммо жавоб беришга шошилмади. Худди шу пайт бир болакай кириб келди ва сардорни қабила кенгашида кутаётганларини айтиб, қандай келган бўлса, шундай ғойиб бўлди.
– О, биз лослар кушандаси деб атаган, яна Бўри ва Бўри ўғли деган ном билан маълуму машҳур Оқ Танли одам! Сен бизнинг буюк қавмимиздан эканингни биламиз; меҳмонимиз бўлганингдан ғурурланамиз. Кета* лососга жуфт эмас. Худди шундайми, Бўри ҳам Қар-ғага жуфт бўла олмайди.
– Нотўғри! – хитоб қилди Маккензи. – Мен Қарғанинг қизларини Бўри лагерларида – Мортемир, Трежидго, Бэрнебилар билан учратдим, – уларнинг уйларига скво* икки марта муз кўчишидан илгари кириб келган. Мен гарчанд ўз кўзим билан кўрмаган бўлсам-да, бошқа шундай воқеаларни эшитганим бор.
– Ўғлим, айтганларинг рост, лекин улар яхши жуфт бўла олмайдилар, гўё қум билан сувнинг, қор парчаси билан қуёшнинг жуфт бўлгани сингари. Сен Мейсон исмли одам билан унинг сквосини биласанми, йўқми? У барча Бўрилардан биринчи бўлиб, ўн марта муз кўчишидан илгари келган. Тол дарахтидек узун бўйли, гризли* айиғи каби баҳайбат, кучли, жасур бир йигит ҳам у билан бирга эди. Унинг. . .
– Бу ахир Мейлмют Кид-ку! – Маккензи Шимолга донғи кетган шахсни эслаб сардорнинг гапини бўлди.
– Ҳа, бу ўша паҳлавон. Сен бирор марта унинг сквосини кўрганмидинг? У Заринканинг туғишган опаси бўлади.
– Йўқ, сардор, мен уни кўрмаганман, лекин эшитганман. Олис Шимолда юз йиллик қарағай қариб, қулаган ва Мейсон шунинг остида қолиб ўлган. Мейсон хотинини жуда севарди, кейин унинг олтини ҳам кўп бўлган. Аёл олтинни, эридан ёдгорлик бўлиб қолган ўғлини олиб, узоқ йўлга равона бўлган, йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, қишда ҳам қуёш чарақлаб турган мамлакатга келиб қолган… У ҳозир ҳам ўша ерда яшармиш. У томонларда қаҳратон совуқлар бўлмасмиш, қор ҳам йўқ эмиш, ёзда ярим кечаси қуёш нур сочмасмиш, қишда эса қиём вақти қоронғи ҳам тушмасмиш.
Худди шунда иккинчи чопар сардорни кенгашга чақириб, уларнинг гапини бўлди. Маккензи уни қорга улоқтираркан, гулхан атрофида липиллаётган одамлар кўланкаларини илғади, афтидан, бу ерда қабила кенгаши бўляпти шекилли, бир маромда оҳиста куйлаган эркаклар овозларини эшитди ва шомон қабила кишиларининг ғазабини қўзғаётганини билди. У сардорга юзланди:
– Гапимга қулоқ сол, сенга ёмонлигим йўқ. Мен сенинг қизингни хотинликка олмоқчиман. Қара, мана тамаки, мана чой, катта ва яхши жун кўрпа, манави эса ҳақиқий милтиқ, яна унга кўп патрон ва кўп ўқ-дори ҳам қўшдим.
– Йўқ, – рад қилди сардор, қаршисида ёйилган катта бойликка эътибор бермасликка тиришиб. – Ҳозир бутун қабила бу никоҳни тўхтатиш учун йиғилиб ўтирибди.
– Сен ахир уларнинг сардорисан-ку!
– Тўғри, бироқ йигитларимиз қаттиқ ғазабда, сабаби бўрилар уларнинг қаллиқларини тортиб олишаяпти.
– Қулоқ сол, Тилинг-Тиннех! Бўри ана шу тун ўтиб, кунга айланиши билан итларини Шарқий тоғлар томон, олис Юкон томон ҳайдайди. Заринка ҳам у билан кетади.
– Балки мана шу тун яримламасданоқ менинг йигитларим Бўрининг гўштини итларга ташлар ва унинг суяги баҳор қуёши кўрингуни қадар қор остида ётар.
Бу пўписага пўписа билан жавоб бериш эди. У овозини баландлатди. Шу вақтгача уларни жимгина кузатиб ўтирган сардорнинг кекса хотини эшикни тўсиб турган Маккензининг орқасидан ўтиб, чиқиб кетмоқчи бўлди. Шу пайт ташқарида эшитилаётган ашула овозлари тинди; ўрнига ҳар хил овозларнинг шовқини эшитилди. Маккензи кампирни қўполлик билан тери ўриндиққа улоқтириб юборди.
– Сендан яна бир марта сўраяпман, Тилинг-Тиннех! Бўри жағларини юмиб ўларкан, у билан бирга қабилангнинг нақ ўнта забардаст йигити ҳам абадий уйқуга кетади, эркаклар керак-ку, ахир ов эндигина бошланяпти, яна балиқ овигача унча кўп вақт қолган эмас. Айт-чи, менинг ўлимимдан сенга нима наф? Элингнинг урф-одатларини биламан: сенга менинг бойликларимнинг озгинаси тегади. Менга қизингни берсанг, бутун бойлик фақат сеники бўлади. Сенга яна бир нарсани айтай: бу ёққа менинг биродарларим келадилар. Уларни санаб, саноғига етиб бўлмайди, улар еб тўймайдилар, кейин Қарғанинг қизлари Бўрилар маконида болалар туғадилар. Менинг қабилам сеникидан кучли. Буни тақдири азал дейдилар. Менга қизингни бер, буларнинг бари сеники бўлади.
Ташқарида мокасинлар қорда ғирчиллади. Маккензи милтиғини озод кўтарди ва белбоғидаги иккала револьвери ғилофини ечди.
– Ҳой, Тилинг-Тиннех, қизингни менга бер!
– Қабилам бунга кўнмайди.
– Бер, шунда мана бу бойликлар сеники бўлади. Қабиланг билан эса ўзим гаплашаман.
– Бўри хоҳлаганидек бўла қолсин. Ҳадяларингни, майли, оламан, бироқ мен сени огоҳлантирдим-а.
Маккензи унга совға-саломларни берди, ҳатто милтиқ тепкисини тушириб қўйишни ҳам унутмади, яна кўзни оладиган гулдор рўмолни ҳам қўшиб берди.
– Нарсаларингни йиғиштир! – у табриклаш ўрнига қисқа буйруқ берди Заринканинг чодири ёнидан ўта туриб, сўнг итларини чанага шоша-пиша қўша бошлади.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, у чанасини етаклаб, қабила кенгашида пайдо бўлди; Заринка Маккензи билан ёнма-ён келди. Маккензи тепкилаб ташланган майдончанинг юқори этагидан, сардорнинг ёнидан жой эгаллади. Заринкага ўзининг чап томонидан, бир қадам орқадан жой кўрсатди. Билиб бўладими, бирор кўнгилсизлик юз берадиган бўлса, кимдир сени орқа томондан пана қилиб туриши керак-ку. Ўнг ва сўлдан эркаклар гулхан томон эгилдилар, уларнинг овозлари қадимий, деярли унут бўлаёзган қўшиқда қўшилиб, бирлашди. Буни кўнгилга бориб тегадиган зўр қўшиқ деб бўлмасди, – қўшиқ ғалати, кутилмаганда ўзгариб қолар, бирдан жўрсиз, якка ижро жойларида тўхтаб, яна ғашга тегиб такрорланаверарди. Тўғрироғи, бу қўшиқ кишини ваҳимага солар эди. Майдонча пастида шомон олдида турган ўнлаб аёл чир айланганча рақсга тушарди. Кимда-ким маросимни сидқидилдан ижро этмаса, шомон ўша одамга қаттиқ дашном берарди. Ҳудди қарға қанотига ўхшаб, қоп-қора сочлари қоқ белигача ёйилиб тушган хотинлар аста орқага ва олдинга чайқалар, уларнинг қоматлари тўхтовсиз ўзгариб турган оҳангга мос эгилиб-букиларди.
Бу асло замонга мувофиқ келмайдиган ғалати манзара эди. Ўн тўққизинчи аср поёнига етмоқда, унинг сўнгги ўн йилликлари ҳам ўзининг охирги йилларини кечирмоқда эди, – қаранг, бу ерда эса ибтидоий одам, тарихга довур ғорда истиқомат қилаётган, кўланкаси олис ўтмишнинг хотирадан кўтарилган парчаси гуллаб-яшнамоқда. Катта-катта малла итлар ҳайвон терисидан либос кийган эгалари билан ёнма-ён ўтирар, қон тўла кўзлари, нам сўйлоқ тишлари гулхан ёғдусида йилтиллар эди. Хира қор кўрпасига ўранган қуюқ ўрмон содир бўлаётган воқеаларга парво ҳам қилмай, донг қотиб ухлар эди. Қўналғани қуршаб олган Оппоқ сукунат гўё яна қайтадан борлиқни забт этишга тайёргарлик кўраётганга ўхшарди; юлдузлар худди Буюк Қаҳратон замонидагидек титрадилар ва кўкда рақс тушдилар, шунда Қутб Руҳлари бутун уфққа ўзининг ёғду сочувчи оловли либосини ёйиб олдилар.
Скруф Маккензи ана шу манзаранинг ёввойи улуғворлигидан лол қолди. Булар орасида ким йўқ экан, дея қалдирғочдай тизилишиб турган мўйна либосли одамларни кўз қири билан кузатди. Шунда унинг кўзлари онасининг очиқ кўкрагини осойишта эмаётган чақалоққа тушди. Ҳарорат қирқ даражадан ҳам паст эди. Маккензи беихтиёр ўз халқининг нозик аёлларини эслади ва мийиғида истеҳзоли кулиб қўйди. Ана шундай нозик аёллардан дунёга келган, ўзи ҳамда элатдошларига жами қуруқликлару денгиз, барча ўлкалар заминидаги жониворлар ҳамда инсонлар устидан ҳукмрон бўлиш ҳуқуқи инъом этилди. У Арктика қишининг қаърида қадрдон ерлардан олисда ана шу инъом этилган мерос хитобини –ҳукмронлик қилиш истак-иродаси, хавф-хатар, таҳликага телбаларча ҳирс қўйиш, жанг эҳтироси, ё ғалаба қозониш, ё ҳалок бўлиш аҳди-қарорини ҳис этди.
Қўшиқ ҳам, рақс ҳам поёнига етди, шунда шомон шиддат билан нутқ ирод этди. Шомон усталик билан ҳиндуларнинг тимсолларга бой асотиру афсоналаридан тушуниб бўлмас, чалкаш мисоллар келтириб, ишонувчан, соддадил тингловчиларни аврай бошлади. У кучли ва ишончли далиллар билан сўзлади. Тинчлик ва бунёдкорлик тимсоли бўлмиш Қарғага – тажовузкорлик ва бузғунчилик тимсоли бўлмиш Бўри – Маккензини қарши қўйди. Стикслар қабиласи – Желкснинг, Прометей оловини олиб келган Қарғанинг наслидандир; Маккензи эса– Бўри, бошқача айтганда, иблиснинг ўғли. Бу икки кучнинг азалий урушини тўхтатишга уриниш, ашаддий ғанимимизга қабиламиз қизларини хотинликка бериш –демакки, ўтакетган хоинлик, куфрдир. Энг аччиқ сўзлар, энг қабиҳ ҳақоратлар ҳам Маккензига – заҳарли илон, ишончимизга маккорлик билан биқиниб кириб олишга уринаётган иблис элчисига жуда мулойимлик қилади. Шунда унинг сўзларини тинглаб турган одамлар ғовур-ғувур қилдилар, дағдаға билан шовқин солдилар, шомон эса нутқида давом этди:
– Биродарларим, Желкс ҳар ишга қодир, қудратлидир! Ахир у эмасми исинишимиз учун илоҳий оловни олиб келган? Ахир у эмасми биз кўришимиз учун қуёш, ой ва юлдузларни осмондаги инларидан чиқариб қўйган? Ахир у эмасми бизни очлик ва совуқлик руҳлари билан курашишга ўргатган? Ҳозир эса Желкс болаларидан хафа бўлди, ғазаби келди – унинг қабиласидан бир сиқим қолди, шунинг учун ҳам Желкс уларга ёрдам бера олмайди. Негаки улар Желксни унутганлар, негаки улар номаъқул иш қилмоқдалар ва чатоқ йўллардан юрмоқдалар, ўз чодирларига ғанимларини киритмоқдалар ва гулханлари атрофида ўтқазмоқдалар. Ахир Қарға бундан кейин ҳам ўз болаларининг бадхулқлигидан озор чекмасинми, қайғурмасинми? Бироқ унинг болалари қилган қилмишларини тушуниб етиб, Желкс сари қайтиб келсалар, шунда у зулматдан чиқиб, уларга ёрдам беради. Эй менинг қондошларим! Олов олиб келувчи ўз хоҳиш-иродасидан шомонни бохабар этди, – энди сизлар ҳам бу хабарга қулоқ тутинглар. Йигитлар қизларни ўз чодирларига олиб кирсинлар, ўзлари эса Бўрига ҳамла қилсинлар, токи уларнинг нафратлари сира сўнмасин! Шундагина хотинларимиз бола туғадилар, шунда Қарға элати кўпаяди ва қудратли бўлади! Шунда Қарға улар ота-боболарининг буюк қабилаларини Шимолдан олиб чиқади, шунда улар Бўрилар билан курашади ва уларни кунфаякун қилади, бултурги гулхан кулига айлантиради, ўзлари эса яна бутун мамлакатга ҳукмдор бўлади. Желкс, Қарға менга шундай деди!
Стикслар яқин келажакда юз беражак халоскорлик ҳақидаги хабарни эшитгач, гувиллаб ўринларидан туриб кетдилар. Маккензи энди нима бўларкин, дея кутди. Шунда атрофни «Тулки, тулки!»– деган ҳайқириқлар тутди. Ҳайқириқлар тобора кўкка кўтарилди; ниҳоят ёш овчилардан бири олдинга чиқиб, деди:
– Биродарлар! Шомон доно гапларни айтди. Бўрилар наслимизни давом эттириши керак бўлган қизларимизни олиб кетяпти, қавмимиз эса камайиб боряпти. Орамизга Бўрилар бостириб келиб, иссиқ мўйна пўстинларимизни тортиб олишаяпти, ўрнига шишадаги ёвуз руҳларни, қундуз ё силовсин терисидан эмас, ўтдан тикилган кийимларни ташлаб кетишяпти. Албатта, бу кийимлар иссиқ бермайди, кейин одамларимиз тушунарсиз дардлардан қирилиб кетишяпти. Мана, мен – Тулкининг хотини йўқ. Нега дейсизми? Мен икки марта қиз ёқтирдим. Менга ёққан кизлар икки мартасида ҳам Бўрининг қўноғига кетиб қолди. Мен зора Заринкани берармикан, зора Тилинг-Тиннех эътиборига тушармикинман, деб қундуз, лось, буғу терисини олиб қўйгандим. Мана, ҳозир Заринка Бўри билан кетишга тайёр, унинг итларини йўлга чорлашга ҳозирлик кўряпти. Мен фақат ўзимни гапирмаяпман. Айиқ ҳам худди мен ҳозир айтган гапларни айтиши мумкин. У ҳам Заринка туғажак болаларнинг отаси бўлишни истайди, у ҳам худди мендай Тилинг-Тиннехга бераман деб озмунча териларни асраб қўйдими. Мен бу гапларни ҳамма бўйдоқ овчи йигитлар номидан гапиряпман. Бўрилар ҳеч қачон тўймаган. Улар ҳамиша оч. Улар доим ёғли-ёғлиларини сайлаб олади. Биз бечора Қарғаларга эса еб бўлмайдиган сарқитлар қолади.
 – Мана, қаранг, манави Гуклани! – Тулки андиша қилиб ўтирмай аёллардан бирига қўлини ниқтади; ўша хотин оқсоқ эди. – Қаранг, Гукланинг оёқларини, худди қайиқнинг ёни, бўксаси қинғир-қийшиқ. Гукла, кўриб турибсиз, ўтин йиғолмайди, шох-шабба йиғолмайди, овчи отиб туширган илвасинни ҳам олиб келолмайди. Уни Бўрилар олармидилар?
– Йўқ! йўқ! – дея қабиладошлари қичқириб хитоб қилдилар.
– Мана Мойри, – сўзида давом этди у. – Ёвуз руҳ унинг кўзларини ғилай қилиб қўйган. Ҳаттоки чақалоқлар ҳам уни кўрса қўрқиб кетармиш, Айиқ ҳам унга йўл бўшатиб беради. Уни-чи, Бўрилар танлаб олармидилар?
Яна оломон гувиллаганча унинг гапларини маъқуллади.
– Мана, бу ерда Писчет ҳам ўтирибди. У менинг гапларимни эшитмайди. Писчет ҳеч қачон хандон-хушон суҳбатларни эшитмаган, эрининг овозини ҳам, ўз гўдаги гувранишини ҳам эшитолмайди. У оппоқ сукунатда яшайди. Бўрилар ақалли бир марта бўлса-да, унга эътибор қаратдими? Йўқ! Уларга сара-саралари, бизга бўлса сарқитлар қолади.
Биродарлар, иш бундай кетавериши асло мумкин эмас! Ўчоғимиз олдига бошқа келмаслиги учун бўриларни даф қилишимиз лозим!
Шимол ёғдусининг улкан оловли қаноти қирмизи, яшил, сариқ аланга бўлиб, ёрқин кўкнинг у чеккасидан-бу чеккасигача ёйилиб ловуллади. Шунда Тулки бошини орқага ташлади ва қўлларини осмонга кўтарганича, наъра тортди:
– Қаранглар! Ота-боболаримизнинг руҳлари оёққа турди! Мана шу тун буюк воқеалар содир бўлажак!
У орқага чекинди, шунда унинг турткиси билан бир овчи журъатсизгина олдинга чиқди. У бошқалардан бўйи баландроқ, кенг кўкраги худди совуқ билан ўчакишгандай очиқ эди. Йигит ўнғайсизланиб, оғирлигини у оёғидан-бу оёғига солар, тили калимага келмасди. У тортинчоқ, одамови эди. Унинг юзига қараган киши қўрқиб кетарди: афтидан, қандайдир бир махлуқ уриб абжағини чиқарганга ўхшарди. Ниҳоят у худди дўмбирани чалгандай, кўкрагига мушти билан урди ва сўнг гап бошлади; овози гўё уммон бўйидаги ғорга тўлқинлар келиб урилгандаги каби бўғиқ эшитилди.
– Мен – Кумуш Найза авлодиданман, Кумуш Найзанинг ўғли – Айиқман. Ҳамиша жарангдор овозим билан силовсин, лось ва кийик овладим; овозим сувсар тузоққа тушиб ҳайқиргани сингари янграганида Жанубий тоғларни кесиб ўтдим ва Оқ дарё қабиласидан уч кишини у дунёга жўнатдим; чинук ўкириги сингари ўкирганида баҳайбат гризлига йўлиқдим –мен айиққа йўл бермадим.
У кафти билан юзидаги даҳшатли чандиқларини силаганича тўхтаб қолди. Сўнг гапида давом этди:
– Мен Тулки эмасман. Тилим худди дарё каби музлаб қолган. Мен чиройли гапира олмайман, сўзга нўноқман. Тулки: «Шу тунда буюк воқеалар содир бўлади», деди. Худди баҳор тошқинида дарё тўлиб-тошганидай унинг сўзлари оғзидан тошиб чиқаверади, лекин у амалда бундай саховатли эмас. Мен бугун оқшом Бўри билан олишмоқчиман. Мен унинг жонини оламан ва Заринка менинг хонадонимда ўтиради. Мен, Айиқ, ўз сўзимни айтдим.
Атрофда чинакам қиёмат қўпди, бироқ Маккензи жойидан қимир этмади. Милтиқни шундай яқин масофада отиш бефойдалигини яхши тушунган ҳолда у револьверларини ишга солиш учун шайланди – белбоғидагиларни киши билмас олдинга суриб қўйди, кейин қўлқопларини бармоқлари учларигача туширди. Агар унга ҳаммаси бирданига ҳамла қилса, ҳеч нима қила олмаслигини биларди. Яқиндагина ўзи «Бўрилар шунчаки ўлмайдилар», деб мақтанган эди, шу гапига содиқ қолиб, жағлари билан ғанимининг бўғзидан олганча жон беришга шай турди. Лекин Айиқ қондошларини тўхтатиб қолди, энг қизиққон, жиззакиларини даҳшатли мушт билан орқага ирғитиб юборди. Тўфон тинди, Маккензи Заринкага қўз қирини ташлади, бу фавқулодда ажойиб манзара эди. Қиз чанғида турганча, бутун вужуди билан олдинга интилди, лаблари сал очилди, бурун катаклари пир-пир қилди – унинг бу туриши худди урғочи йўлбарснинг сакрашдан олдинги ҳолатини эслатарди. Қиз қабиладошларига қараб турар, унинг қора кўзларида ҳам қўрқув, ҳам норозилик ифодаси зоҳир эди. Унинг бутун борлиғи худди камон ипи сингари таранг тортилганидан, ҳатто нафас олишни ҳам унутди. Қиз азбаройи безовта бўлиб бир қўлини кўксига босганича, иккинчисида узун қамчисини қисганича қотиб қолди. Аммо Маккензи унга қараши билан Заринка ўзига келди. Қизнинг таранг тортилган мушаклари бўшашди, чуқур нафас олди, қаддини ростлади ва Маккензига бениҳоя меҳр-садоқат тўла нигоҳлари билан жавоб қайтарди.
Бир пайт Тилинг-Тиннех гапиришга уринди, аммо оломоннинг ҳайқириғи унинг овозини босиб кетди. Шунда Маккензи ўртага чиқди. Тулки сўзлаш учун оғиз жуфтлади-ю, бироқ шу он орқасига тисланди, кучли фарёд томоғига тиқилди – Маккензи унга бемисл ғазаб, таҳдид билан ўгирилди. Тулкининг мағлубияти қаттиқ каҳқаҳа билан қарши олинди.
– Биродарларим! – дея сўз бошлади Маккензи. – Сиз Бўри деб атаган оқ танли одам сизларнинг ҳузурингизга очиқ кўнгил билан келди. У эскимосларга ўхшаб алдамайди. У ҳузурингизга дўст бўлишни истаб келди. Бироқ йигитларингиз кўнгилларидагини айтдилар, энди дўстона гапларга ўрин қолмади. Энди гапимга қулоқ солинглар: аввало, сизларнинг шомонингиз ёвуз одам экан, у ёлғондан башорат қилар экан, у сизларга айтган истак-ирода – бу Олов Келтирувчининг хоҳиш-иродаси, ҳукми эмас. Қарғанинг овозини эшитиш учун унинг қулоқлари карлик қилади, шомон ичидан ғаразли гапларни тўқиб чиқариб, ҳаммангизни лақиллатди. У ҳеч қандай илоҳий кучга эга эмас. Сизлар ўз итларингизни ўлдириб, гўштини ейишга мажбур бўлганингизда, мокасин еб хом теридан қорнингиз оғриганида, чоллар ўлганида, кампирлар жон берганида, онасининг кўкрагига сут келмай, чақалоқлар нобуд бўлганида; ерларингизни зулмат қоплаганида ва худди музда лосось қирилганидай бари жонивор қирилиб-битганида; очлик-қаҳатчилик сизларга ҳужум қилганида – шу шомонингиз бирор ёрдам бердими ёки овчиларга омад кулиб боқдими? Ёки у қорнингизни гўшт билан сийлаб, тўйдирдими? Яна қайтариб айтаман: шомоннинг ҳеч қандай илоҳий кучи йўқ. Мана мен ҳозир унинг юзига тупураман!
Ҳамма Маккензининг шомондай муқаддас зотга тил теккиз-ганидан, уни таҳқирлаганидан ҳайратдан лол бўлиб қолди, лекин ҳеч ким чурқ этмади. Баъзи аёлларнинг ўтакаси ёрилиб, қўрқиб кетди. Эркаклар эса юраги така-пука бўлиб, энди қандай мўъжиза юз бераркин, дея кутиб турдилар. Ҳамманинг нигоҳи шомон ва Мак-кензига қаратилган эди. Шомон ҳал қилувчи дақиқалар етиб келганлигини англаб етди. Энди вазият жилови қўлдан кетаётганини ҳис қилди ва шунда дўқ-пўписа қилиб, лаънатлар ўқишга шайланди-ю, бирдан фикридан қайтди. Маккензи муштумини дўлайтирди ва қаҳр ила чақнаган кўзлари билан унга томон қадам босди. Шомон истеҳзоли ишшайиб, ортига тисарилди.
– Нима, шомонни ҳақорат қилганим учун менга бало ёпирилдими? Мени яшин урдими? Ёки осмондан юлдуз тушиб, ҳалок қилдими? Туф-ей! Мен бу ит билан ҳисоб-китоб қилиб бўлдим. Энди мен сизларга бутун ер юзида, жамики ўлкаларда ҳукмдорлик қилаётган қудратлилардан қудратли бўлган ўз қабилам ҳақида айтиб берай. Аввалига биз якка-якка, бир ўзимиз ов қиламиз. Сўнг гала-гала бўлиб ов қиламиз ва ниҳоят худди буғулар тўдаси каби бутун ўлкани тўлдириб юборамиз. Биз ўз чодирларимизга киритганларимизгина омон қолади, қолганларини ўлим кутади. Заринка чиройли, бақувват қиз, у Бўриларга яхши она бўла олади. Сизлар ҳозир мени ўлдиришингиз мумкин, лекин Заринка барибир Бўриларга она бўлади, негаки менинг биродарларим сон-саноқсиз, улар итларимнинг изларини олиб бу ерга келади. Мана, Бўри Қонунига қулоқ тутинг: агарда кимда-ким битта Бўрининг жонини олса, қабиланглардан ўн кишининг жони кетади. Мана шундай товон пулини кўп ўлкаларда тўладилар, ҳали яна кўп ерларда тўлайдилар.
Энди мен Тулки ва Айиқ билан гаплашиб олмоқчиман. Заринка уларнинг ҳам дидига ўтирган, бу шундоқ кўриниб турибди. Шундайми? Лекин ўзингиз бир қаранг – ахир мен Заринкани сотиб олдим-ку! Ана, Тилинг-Тиннех мен берган милтиққа суяниб турибди, яна қиз учун бошқа нарсалар ҳам бердимки, улар сардор хонадонида турибди. Шундай бўлса-да, мен барибир ёш овчиларга адолат қилмоқчиман. Узундан-узоқ ваъз қилиб, томоғи қуриб қолган Тулкига бешта катта қутида тамаки бермоқчиман. Майли, шу билан оғзи яна мойланиб, йиғинларда ҳовридан тушгунча шовқин солаверсин. Айиққа эса, – мен у билан танишганимдан фахрланаман, – унга иккита адёл, йигирма финжон ун, Тулкиникидан икки баравар зиёд тамаки бераман; агарда мен билан бирга Шарқий тоғларга кетадиган бўлса, унга худди Тилинг-Тиннехникига ўхшаш милтиқ ҳам бераман. Агар у бунга рози бўлмаса-чи? Жуда яхши! Бўри гапириб чарчади. Лекин у яна бир марта ўз Қонунини такрорлайди: агарда кимда-ким битта Бўрининг жонига қасд қиладиган бўлса, қабилаларингдан ўн кишининг ёстиғи қурийди.
Маккензи илжайиб, илгариги жойига қайтди, лекин унинг кўнгли нотинч эди. Тун пардаси ҳали кўтарилмаганди. Қиз Маккензининг ёнига келиб турди, Айиқ пичоқ билан уришганда қандай ҳийла қилишини айтиб берди, Маккензи унинг гапларига диққат билан қулоқ солди.
Шундай қилиб, улар – Маккензи билан Айиқ Заринка учун жанг қиладиган бўлдилар. Кўз очиб юмгунча ўнларча мокасин гулхан атрофидаги тепкиланган майдончани кенгайтирди. Ҳамманинг кўз ўнгида шомоннинг мағлубияти ҳақида қизғин баҳс кетмоқда эди; баъзилар у ўз кучини кўрсатади ҳали, деб ишонтирмоқчи бўлса, баъзилари ўтган воқеаларни эслаб, Бўрининг фикрларига қўшиларди. Айиқ майдончага чиқди, унинг қўлида руслар ишлаган қинсиз овчилар пичоғи бор эди. Тулки ҳамманинг диққатини Маккензининг револьверларига қаратди, у бўлса белбоғини ечиб ишониши мумкин бўлган ягона инсон – Заринкага тақиб қўйди ва қизга милтиғини берди. Қиз отишни билмайман, деган маънода бошини чайқади: бундай қимматбаҳо қуролни ишлатишни у бечора қаёқдан ҳам билсин.
– Агар хатар орқа томондан келадиган бўлса, “ Менинг эрим!” деб бақир. Йўқ, мана бундай: «Менинг эрим!»
Қиз нотаниш инглизча сўзни такрорлаганида Маккензи кулиб юборди-да, унинг юзларидан чимчилаб қўйди ва ўзи ўртага бориб турди. Айиқ Маккензидан фақат бўйи билан эмас, балки қўлидаги пичоғи билан устун эди. ПИчоқ нақ икки дюйм*га узун эди. Скруф Маккензи илгарилари ҳам ғанимининг кўзларига қарашига тўғри келганди, ҳозир қаршисида ҳақиқий жасур эркак турганини англади; бироқ у пўлат пичоқлар ялтиллаши билан бирдан жонланди ва аждодлари даъватига итоат этган томирларида оқаётган қон янада тезлашди.
Ғаними қайта-қайта уни гоҳ гулханга, гоҳ қалин қорга улоқтирарди, бироқ Маккензи ҳам худди моҳир боксчи сингари қайта майдон ўртасига сиқиб келарди. Ҳеч ким ёнига тушиб, унга мадад бўладиган бирор оғиз сўз айтмади, рақибини бўлса олқишлар билан руҳини кўтардилар, сергаклантирдилар, эҳтиёт бўл, дея огоҳлантирдилар. Бироқ Маккензи пичоқларнинг тиғлари бир-бирига тегиб, жаранг-журунг этганида фақат тишларини қаттиқроқ қисди. Шунда у ўз имкониятларини ҳисобга олиб, шошилмай пайт пойлади, Айиққа ташланди, хавф яқин келганда, чекинди. Дастлаб Маккензи беихтиёр душманини аяди, лекин омон қолиш, жонини сақлаш туйғуси Айиқни ўлдиришга ундай бошлади. Ўн минг йиллик тамаддун туйғуси қалбидан худди арчилган қобиқ сингари сидирилиб тушди ва у бир аёл зоти учун уришиб жанг қиладиган оддийгина ғорда яшайдиган ибтидоий одамга айланди-қолди.
У Айиққа пичоқ билан икки марта ҳужум қилди ва ўзининг бирор жойига тиғ тегизмай, чап бера олди; лекин учинчи марта – ўзига зарба беришидан эҳтиёт бўлиш учун айиқнинг қурол ушланган қўлини сиқиб туширмоқчи бўлди. Шунда Маккензи ғанимининг кишини даҳшатга соладиган кучини ҳис қилди. Ғаними сиқиб турган мушаклари зирқиради, пайлари, бўғинлари зўриққанидан мана, ҳозир ёрилиб кетадиганга ўхшаб туюлди… рус пўлатининг тиғи эса тобора яқинроқ келмоқда эди… У рақибининг чангалидан озод бўлишга уринди, бироқ бу ҳаракати бесамар кетди. Мўйнали одамлар қуршови янада жипслашиб бораверди, – сўнгги зарба яқин қолганига ҳеч ким шубҳа қилмаётган, улар бу томошани кўришга сабрлари чидамаётган эди. Шунда Маккензи уста жангчидай усул қўллади, ўзини чеккага олиб қочди-да, рақибига калла қўйди. Айиқ ноилож орқасига тисарилди, мувозанатини йўқотди. Маккензи зудликда бу фурсатдан фойдаланди ва бутун оғирлигини унга ташлади, уни томошабинлар ҳалқасидан нарига, босилмаган қалин қорга ирғитиб юборди. Айиқ аранг ердан турди-да, яна Маккензига ташланди.
– Эй, менинг эрим! – хатар яқинлашиб келаётганини билдириб, Заринканинг овози янгради.
Шу пайт камоннинг таранг тортилиб, “шув” этган овози эшитилди, Маккензи қочиб қолишга улгурди, – поянаги суякдан ясалган найза улар устидан учиб, тўғри Айиқнинг кўксига бориб қадалди, у рақиби устига гуп этиб йиқилди. Маккензи зумда ўрнидан туриб кетди. Айиқ танасида жон асари йўқ, қимир этмай ётар, гулханнинг бошқа томонида шомон иккинчи найзани отишга ҳозирлик кўрмоқда эди.
Маккензи буни кўрди, дарҳол пичоғини олиб, тиғ томони учидан тутди ва ўша тарафга отди. Пичоқ яшиндай ялтираб, гулхан устидан учиб ўтди. У нақ сопигача шомоннинг бўғзига қадалди, шомон гандираклаб-гандираклаб, ланғиллаб турган чўғлар устига йиқилди.
Атрофни қийқириқ тутди – Тулки Тилинг-Тиннехнинг милтиғини қўлига олволиб, унга патрон жойлашга уринди, лекин эплай олмади, шунда Скруфнинг қаҳ-қаҳ уриб кулганини эшитиб, қуролни қўлидан тушириб юборди.
 – Демак, Тулки мана бу ўйинчоқни қандай ишлатишни ҳалиям ўрганиб олмабди-да? Демак, Тулки ҳалигача ожиз экан-да. Буёққа кел! Милтиқни бер, сенга ўзим отишни ўргатиб қўяман.
Тулки иккиланди.
– Бери кел деяпман сенга!
Тулки тепки еган кучукдек бўшашиб, унга яқин келди.
– Мана, қара, мана бундай қиласан, бўлди.
Маккензи патронни ўз жойига жойлади, тепкини «шақ» эткизиб қўйди, милтиқни елкасига осди.
– Тулки бу тун буюк воқеалар содир бўлади, деган эди, унинг гапи тўғри чиқди. Чиндан буюк воқеалар содир бўлди, лекин уларни Тулки содир этмади. Нима, у ҳалиям Заринкани ўз чодирига олиб кетмоқчими? У ҳам шомон билан Айиқнинг изидан юрмоқчими? Ундай эмасми? Яхши!
Маккензи нафрат билан юзини ўгириб, шомоннинг бўғзидан пичоғини суғуриб олди.
– Эҳтимол, ёш овчилар ичида шундай қилувчилар топилиб қолар? Агар улар яна курашмоқчи бўлсалар, Бўри уларни ҳам битта қўймай ўша ёққа жўнатади. Хоҳлайдиганлар йўқми? Яхши. Тилинг-Тиннех, мен, мана, иккинчи марта милтиқни сенга беряпман. Агар қачонки Юкон томонларга борадиган бўлсанг, Бўрининг эшиги сен учун очиқ, у сенга уйидан жой беради ва тўкин-сочин дастурхонни сен билан баҳам кўради. Ана тун ҳам кунга ўтиб боряпти. Мен кетаман, балки яна келиб ҳам қоларман, яна сўнгги бор сўзимни қайтараман: Бўри Қонунини ёдда тутинг!
У Заринканинг ёнига келди, стикслар эса Маккензига бир мўъжизавий мавжудотга қарагандай қарадилар. Заринка чана олдидаги ўзига аталган жойни эгаллади ва итлар йўлга равона бўлди. Орадан бирор дақиқа ўтгач, улар қорли ғира-шира ўрмонга сингиб кетдилар. Шундагина қимир этмай турган Маккензи ҳам чанғига оёқ қўйди ва уларнинг изидан кетишга ҳозирланди.
– Наҳотки Бўри бешта катта қути тамакини ташлаб кетишни унутган бўлса?
Маккензи ғазаб билан Тулкига ўгирилди, негадир бирдан кулгиси қистади.
– Мен сенга битта кичкина қутида тамаки бераман.
– Бўри барибир Бўрилигини қилди-да,– деди секингина Тулки қўлини чўзиб.
 
Инглиз тилидан Гулҳаё Маҳамадалиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 12-сон.
_____________________
 * К л о н д а й к – Юкон дарёсининг ирмоғи; 1896 йилда у ерда кўпдан-кўп олтин сочмалари топилган.
 * Ч е-ч а-к у а с – янги келганлар.
* С а м с о н – “Библия” даги фавқулодда кучли қаҳрамон.
* Л о с ь – буғулар оиласига мансуб бутоқ шохли ҳайвон.
 * М о к а с и н – ҳиндилар оёқ кийими.
 * К е т а – балиқ тури.
* С к в о – Шимолий Америка ҳиндилари тилида: аёл.
 * Г р и з л и – Американинг шимоли ғарбида яшовчи жигарранг улкан айиқ тури.
* Т о т е м – бирор жонивор, ўсимлик ёки диний мансублиги белгиси бўлмиш табиатнинг қандайдир унсури тасвири туширилган қабила рамзи.
* Д ю й м – узунлик ўлчови, 25,5 мм.