Юсуф Турсунов. Бир мактуб шаҳодати

http://n.ziyouz.com/images/navoiybobo.jpg

Алишер Навоий қаламига мансуб “Муншаот” асари ўзбек насрининг гўзал намунаси ҳисобланади. У иншо санъатининг туркий тилдаги ягона ва гўзал намунаси сифатида ҳам қимматлидир. Зеро, унда буюк мутафаккир ва давлат арбобининг серқирра фаолияти давомида турфа ҳолатлар ва турлича сабаблар тақозоси билан юзага келган муборак мактублар жамлангандир.

Навоийнинг ёш замондоши, тарихчи Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” – (“Гўзал хулқлар”) китобида “Яна бир ўзларининг ҳар кимга ёзган туркийча мактубларидирки, рисола шаклида тўплаганлар. Агар ёзувчи юлдузли осмон қоғозларига унинг қимматбаҳо мактубларидан бирининг сифатларини узоқ муддат ёзса ҳам поёнига етолмайди” дея бу асарга муносиб таъриф беради.

Албатта, тарихчининг мазкур сўзлари ўта муболағали. Бироқ бу мактублар Навоий ҳаёти ва фаолияти қирраларини ифшо этувчи, унинг турли вазиятлардаги руҳий ҳолатларини ёритувчи бадиий лавҳалар ва айни пайтда даврнинг ўзига хос тарихий ҳужжатлари сифатида ғоятда аҳамиятли эканлиги равшан. Биз сўз юритадиган мактуб фикримизга ёрқин далил бўла олади.

Шу ўринда Навоий мактубларига хос бўлган бир муҳим хусусиятни ҳам айтиш ўринлидир. Бу – назм ва наср қоришиқ холда келадиган мазкур мактубларда юборилаётган манзил ва шахс номи ҳамда хатнинг ёзилиш санаси кўрсатилмаганлигидир. Зотан, ўша даврдаги форсий мактубларда, чунончи, Абдураҳмон Жомий номаларида ҳам шу ҳолни кўрамиз.

Умуман, Шарқ иншо санъатига хос бўлган бу ҳолат тасодифий эмас. Унинг сабабларини ўша санъат табиатидан излаш керак. Зеро, Шарқда мактублар шунчаки бирон хабар ёки мақсадни ташувчи ҳужжатгина эмас, балки ўзига хос бадиият намунаси сифатида яратилган, уларнинг бошига фалончидан пистончига, деб ёзиш бадиий кўркамликка соя солиб қўядигандек туюлган. Бошқача қилиб айтганда, манзил ва сананинг ёзилиши мактуб услубига нисбатан номувофиқ кўринган бўлса, эҳтимол. Қолаверса, жўнатилаётган манзили ва ёзилиш вақтини мактубда ёзиб қўйишга деярли эҳтиёж ҳам бўлмаган, чунки у ишончли ва тайинли, махсус кишилар орқали юборилган. Бундай кишилар – “қосид”, “ҳомил” ва “доранда” деб аталган – мактубнинг кимданлиги, қачон ва қаерда ёзилганлиги, хат муаллифи ҳақидаги баъзи маълумотларни оғзаки етказишдан ташқари айрим махфий тутилиши лозим бўлган гапларни баён этишни ҳам ўз зиммасига олган. Бир қатор мактубларда учровчи “Ружуъ руқъа ҳомилининг адосиға ва ҳавола нома ноқилининг дуосиға қилилди” (Мурожаат этиш ва дуойимизни етказиш хат олиб борувчига юклатилди), “мундағи ҳолатни руқъа ҳомилидан сўралса, арз қилғусидир” каби жумлаларни шу маънода тушуниш керак.

Биз сўз юритмоқчи бўлган мактуб Навоийнинг энг яқин кишиси ва ишончли ходими Ғиёсиддин Муҳаммад Деҳдор орқали султон Ҳусайн Бойқаро ҳузурига жўнатилган. Тархон мансабидаги бу шахс зиммасига яна Навоий томонидан Рум элчиларининг қабул қилиниши ва улар билан олиб борилган музокаралар ҳақида маълумот бериш ҳам юклатилган.

Мазмунига кўра султон Ҳусайн Бойқаро мактубига жавобан ёзилган мазкур мактуб ҳижрондан зорланиш ва висолдан умидворлик мазмунидаги рубоий билан бошланадики, бундан Навоийнинг пойтахтдан узоқда, тобе вилоят ёки шаҳарлардан бирида турганлиги англашилади:

“Жон қасди кўп этти ёр ҳижрони манга,
Хирман ўқин урди улча имкони манга,
Гар бўлса мутеъ чарх даврони манга,
Еткурса мени ул ойға ё они манга.

Қуллуқ дуодин сўнгра арзадошт улким, заиф ва қувватсиз қулунгизнинг заъфи қувватқа ва марази сиҳҳатқа юз қўюб эрди. Иноят қилиб, сўрдура юборилган нишонким, етти. Айтса бўлғайким, баданда ҳарорат шуъласидин шараре ва кўнгулда изтироб шиддатидин асаре қолмади.

Битикингдинки, саводини кўруб жон топдим,
Зулмат ичра, масало, чашмаи ҳайвон топдим.

Хаста қуллар учун ҳақ таоло ул ҳумоюн зотни хасталиғдин асрасун ва қадимий бандалар учун ул фархунда сифотни дилбасталиғдин ўз паноҳида тутсун”.

Бу ёзилганлардан шуни англаш мумкинки, қайсидир вилоятда ихтиёрсиз ҳолда турган Навоийга қандайдир хасталик ёпишган. Бундан хабар топган Ҳусайн Бойқаро ҳол сўраб унга мактуб йўллаган. Буни ўзига нисбатан катта илтифот деб билган шоир шарқона лутф билан султонга миннатдорчилик билдирмоқда.

Шундан сўнг у давлат аҳамиятига молик муҳим бир воқеани баён этади:

“Бу учурда Хожа Ҳофиз Ғиёсиддин Муҳаммад Деҳдор тархон қуллик эҳромини боғлаб, Сиз томон йўлга тушди. Рум подшоҳининг илтифот қилиб, ўз элчиларини (бизга) юборилганлиги ва бу хусусда қандай ҳукмга келганлигимизни маълум қилмоқчи”.

Аввало шуни айтиш керакки, яқин вақтларгача Хуросон давлаги билан чет мамлакатлар ўртасидаги муомала ва муносабатларда Алишер Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги иштироки ҳақида гувоҳлик берувчи маълумотлар мавжуд эмас, деб келинар эди.

Марҳум навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов бундай қарашни рад этаркан, шоирнинг “Наводир уш-шабоб” девонидаги “Рум туҳфаларининг улошин деб турар, балки шоҳ пояндозидек талошғонни айтиб дурар” сарлавҳаси билан берилган:

Туҳфаларким юборди Қайсари Рум,
Бурса жинси, фаранг дебоси,
Турфа кўргилки, зумраи ислом
Анга солди фаранг яғмоси.

қитъасини келтириб, Султон Ҳусайн саройига Рум подшосининг элчилари қимматбаҳо совғалар олиб келган, подшоҳ уларни ўз яқин одамларига улашган. Бу учрашувда Навоий ҳам қатнашган ва ўз таассуротларини ушбу қитъада ёзган, деб изоҳлайди.

Сўз бораётган мактуб ана шу фикрнинг тўғри эканлигини исботлабгина қолмасдан, Навоийнинг давлат арбоби сифатида олиб борган муҳим ишларидан бири ҳақида гувоҳлик бермоқда. Энди, элчилар орқали туҳфалар юборган Рум подшолиги қайси мамлакат эканлигини аниқлаймиз.

Тарихдан маълумки, “Рум” атамаси қадимги Рим империясининг Шарқда, жумладан, Ўрта Осиёда кенг тарқалган номидир. 395 йилда Рим империяси икки қисмга – Шарқий ва Ғарбийга бўлингач, бу ном фақат Шарқий Рим империяси – Византияга нисбатан қўлланилган. Кичик Осиё туркий қавм – салжуқийлар томонидан босиб олингач, “Рум” номи Кичик Осиёни англата бошлаган.

“Қайсар” сўзи эса, ҳукмдорга нисбатан ишлатиб келинган лотинча “Кайзар”2 сўзининг арабча талаффузидир.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шеърдаги “Бурса жинси” иборасидир. Маълумки, Бурса (Бруса) Туркиядаги қадимий шаҳарлардан бўлиб, бир неча вақт (1326-65 й.) Усмонли турклар сулоласининг пойтахти ҳам бўлган. Бу шаҳарда бошқа соҳалар қатори ипакчилик ва тўқимачилик саноати азалдан ривожланиб келган. “Бурса жинси” дейилаётган экан, буни шу шаҳарда тайёрланган шойи матолар деб тушунмоқ керак.

Ана шуларга кўра, биз қитъа ҳамда мактубда сўз бораётган элчилар ва улар келтирган туҳфалар Усмонли турклар султонлигидан эканлигига амин бўламиз.

Мактубни ўқиш жараёнида ўз-ўзидан Навоий ана шу давлат аҳамиятига молик муҳим вазифани қайси шаҳарда амалга оширган, деган савол пайдо бўлади.

Навоий ҳукумат ишларига дахлдор топшириқлар билан бир неча бор мамлакатнинг турли вилоят ва шаҳарларига юборилганлиги қатор манбалардан маълум. Бундай ҳолларда у зиммасидаги вазифани бир неча кун ичида бажариб, яна пойтахт Ҳиротга қайтаверган. Бироқ, у мамлакатнинг ҳарбий чегарасида жойлашган Астрободга ҳоким қилиб юборилганида бу шаҳарда “икки йилга яқин адолат тахтида ўтириб” (Хондамир) ҳукумат ишлари билан машғул бўлган.

Навоий Астрободга ҳоким бўлиб келганидан сўнг Султон Ҳусайнга кўпинча хавф туғдириб турадиган Мозандарон, Журжон ва Ғилон вилоятларининг ҳокимлари ўз ихтиёрлари билан тобе бўлганликларини билдирадилар. Туркман султони Яқуббек қимматбаҳо совғалар билан уни табриклайди, Озарбайжон ва Ироқ ҳукмдорлари ҳам Навоий туфайли Ҳусайн Бойқаро давлати билан дўстона муносабат ўрнатадилар. Бу ҳақда Хондамир шундай ёзади:

“Мозандарон, Рустамдор ва Ғилон вилоятларининг ҳокимлари ул жанобнинг Астрободга ҳоким этиб тайинлангани хабарини эшитиб, итоат гарданларини унинг елкасига қўйиб, Астрободга мактуб билан элчилар орқали муносиб туҳфа ва ҳадялар юбориб, ўзларининг ихлос жавоҳирларини арз тавоғига қўйдилар.

Астробод ул ҳашаматли амирнинг (яъни Навоийнинг – Ю.Т.) иззатли маснади бўлган ўша кунлари олий даражали подшоҳ, адолатпаноҳ Султон Яъқуб мирзо бир неча бор сўзамол ва ишончли одамларни фахрли чопонлар ва мўл-кўл тансиқ моллар, иноятли ва марҳамат уйғотувчи мактублар билан юбориб, муҳаббат ва дўстликни камолотига етказди”.

Аслида султон Ҳусайн Бойқаронинг Навоийни бу чекка вилоятга ҳоким этиб юборишдан кўзлаган асосий мақсадларидан бири ҳам ана шу эди. Бу ҳақда султоннинг Яқуббекка ёзган бир мактуби1 тўла гувоҳлик беради (бу қимматли ҳужжат ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида 286-инв.рақами билан сақланади). Форс тилидаги бу мактубда Ҳусайн Бойқаро ўзаро муносабатлар тақозосига кўра туркман султонига ўз ҳурматини изҳор этиб, ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар ўрнатиш чегара жойларини идора қилиб турган кишилар зиммасига катта масъулият юклашини, бироқ шу пайтгача тайинланган ҳокимлар бу вазифани уддалай олмаганликлари, шунга кўра энди ўзининг энг яқин кишиси ва давлат арбоблари орасида энг тадбиркори бўлган амир Алишерни ўша вилоятга ҳоким қилиб юбораётганини таъкидлайди:

“…бу шаъни улуғ ва баёни аъло иш тепасига олампаноҳ даргоҳимиз маҳрамларидан шундай бир киши тайинламоғи лозимки, у камоли ақидоту ихлос ва ниҳоятда яқинлигу махсуслик билан бирга яна, баланд қимматлилик безагида барчадан кўрками ва шуҳрату давлатмандликда барчадан юқори бўлсин.

Алҳақ, бу саодатли сифатларни ўзида жамлаган киши – пойдор давлатимизнинг сирларига маҳрам, осмон қадарли боргоҳимиз хилватгоҳида (бизга) ғамнишин, салтанатимиз устуни, мамлакатимиз таянчи, султон ҳазратларининг ишончлиси ва хоқонликнинг кифти Низомиддин Алишердир…”

Мамлакат ҳукмдори томонидан Навоийга мазкур вилоят ҳокими сифатида ҳукумат маанфатларига мос тушувчи ҳар қандай ишларни амалга ошириш, давлат ва фуқароларнинг дахлсизлиги йўлида керакли ҳар қандай чораларни кўриш ҳуқуқи бериб қўйилганлиги ва ўзи амалга оширган ишлар ҳақида мактублар орқали хабарлар йўллаб туриш ҳам топширилганлиги иншо сўнгида алоҳида таъкидланади:

“Содир бўлувчи ишлар бўйича “Машваратсиз қилинган иш – тўғри эмас” (деган мақол) мазмунини назарда тутиб, мактублар ва ёзишмалар эшигини очиқ сақласин. Мазкур (амир) ҳар ниманики ўз уҳдасига олишни лозим топса, дину давлатнинг тўғри тадбири ва мулку миллатнинг ривожи бутунлай ана шунда эканлигига сира шубҳа йўқдир. Унинг пок хотирига нимаики келса ва уни амалга оширса, (бизнинг) офтобдек нурли замиримиз олдида айни савоб ва эзгуликнинг ўзгинасидир”.

Бизнингча, Усмонли турклар султони ҳам, кечроқ бўлса-да, Астрободга Навоийни ҳоким этиб тайинлашига хайрихоҳлиги ва дўстона муносабатининг ифодаси сифатида мактубда тилга олинаётган кишилар ва туҳфаларни юборган бўлиши ҳақиқатга яқин.

Мактубдаги яна бир жиҳат ҳам ана шундай фикрга келишимизга далолат қилади.

Ҳусайн Бойқаро ҳузурига Навоий айнан Хожа Ҳофиз Ғиёсиддин Муҳаммад Деҳдорни юборишни мақбул кўрган. Бу бежиз эмас эди. Зеро, бу шахс Навоийнинг жуда яқин маҳрами ва ишончли ноиби ҳам бўлганлиги Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асари орқали маълум.

Навоийнинг Астрободдан Ҳусайн Бойқарога йўллаган иккинчи бир мактубида ҳам шу исм тилга олинади. Ўша мактубда бу вилоятда маскан ва бу сарҳад (чегара)да маскан тутган Навоий баъзи бир давлат ишларига дахлдор хабарларни етказиш учун “муътамад анис (ишончли дўст) ва муътаман жалис” (ишончни қозонган ҳамсуҳбат) Хожа Ҳофиз Муҳаммад Деҳдорни остонбўслиққа (хизматга) юборганлигини ёзади.

Рум мамлакати султонининг илтифот кўрсатиб юборган туҳфалари ва уларни келтирган элчилар билан олиб борилган музокаралар натижаси ва айтиш мумкинки, бу иш билан боғлиқ махфий гапларни мамлакат эгасига етказишдек масъулиятли ишнинг ана шу шахсга юклатилиши ҳам бу ишда шахсан Навоийнинг роли катта бўлганлигидан гувоҳлик беради. Чунки Хожа Ҳофиз Ғиёсиддин Муҳаммад Деҳдор тарихий-адабий манбаларда кўрсатилганидек, табиатан зийрак ва хушчақчақлиги, доно ва зукколиги, нозикфаҳм ва уддабуронлиги билан Навоийнинг ишонч ва эътиборини қозона олган киши эди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур мактуб Алишер Навоийнинг йирик давлат арбоби сифатида олиб борган ижтимоий-сиёсий фаолиятининг ёрқин саҳифаларидан бирини иншо этувчи ва айни пайтда XV аср иккинчи ярмидаги Султон Ҳусайн Бойқаро бошлиқ Хуросон давлатининг нафақат Шарқ мамлакатлари билан, айни пайтда Ғарб мамлакатлари билан ҳам ижтимоий, сиёсий ва маданий алоқалар олиб боргани ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжат сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Юсуф Турсунов,

филология фанлари номзоди

Жаҳон адабиёти журнали, 2009 йил, 2-сон.