Эрта баҳор эди.
Кўнгил боғимдан бир ниҳол униб чиқди.
Намхуш, қорамтир тупроқдан ипдайгина бўлиб осмонга – булутлар диёрига бўй чўзмоққа чоғланган бу жажжи жонга аввал-бошда кўп эътибор қилганим йўқ. Боғ катта, гуллар кўп, шу ожиз вужуднинг ёнгинасида карнайгул тарвақайлаган, унинг нарёғида ёшли кўзчаларини гулбарглари ила пана қилганча намозшомгуллар ястанишган, сўнгроқда эса қизил, сариқ, кўк, пушти рангларнинг тўфонини ҳосил қилиб беоргуллар барқ урган эди, уёғида эса печакгуллару атиргуллар бори тароватини кўз-кўз қилиб безанган, ястанган, ўрлаган, чирмашган, хуллас – яшар эдилар.
Бу жажжи ниҳолча катта бир кесак ёнидан униб чиқипти. Шу қадар қўпол, ғадир-будир маконни танлаганига ҳайрон қоласиз. Ипдай гавдаси билан ҳатто кесактоғни хиёл ўрнидан жилдирипти ҳам – қайсаргина, ўжаргина, ўзбилармонгина экан бу ниҳолча.
Бир-икки кундан кейин ёмғир ёғиб, кесакларни ивитиб юборди, улар лойқа-бўтана бўлиб, гулча пойига ястандилар. Осмон жудаям баланд, кўм-кўк.. ғалати эди, бу навниҳол осмонга маҳлиё бўлгани боисми, шундан кейин бирам гуркираб ўсдики, асти қўяверасиз. Ўсгани сайин ўз тароватидан ўзи маст бўлади: гоҳ нозик нимяшил япроқларини ёйиб юборади, гоҳ бир ҳимраниб, бешбаттар ўжар бўлволади. Ўзи миттигинаю тикончалариям бор. Бу тикончалар ҳали қотмаган, санчилиш уёқда турсин, қадалсаям қайрилиб кетади, аммо бу боғ қайсари яқинлашган жон зотига тиканларини кўз-кўз қилишини қўймайди.
Шу қадар ажойиб, хуш бир гул. Бир ой ўтиб-ўтмай, иккита ғунча тугди – ғунчасиям ажиб: яшил тўн кийган, тўнининг остидан пушти қабоси хиёл кўриниб турипти, қабонинг четлари нозик нақшлар билан мунаққаш булган. Бундай либос оламдаги ҳеч бир гулда йўқ.
– Эртага қушчага айланиб учиб кетиб қолмайсизми? – деб сўраб қўяман эркалаб.
У мағрур, ўзига жуда бино қўйган – жавобни-да раво кўрмайди.
Тарвақайлаган карнайгулларни, жой танламас беоргулларни ёмон кўрдим. Иккитасини таг-туги билан кесиб ташладим. Натижада қайсарим теграси анча кенгайди. Эртасига атиргулларнинг нарироққа сурилиб олишганини кўрдим – улар ҳамма нарсадан ҳам ўз жонларини асраб-авайлашларини мен билмасам экан?!
Ўжарим атрофида ҳур-ҳур еллар айланиша бошлади. У эса буларга парво ҳам қилгани йўқ – ғунчалари озод, гулбарглари тик, қомати адл – ҳамон ўзига-ўзи маҳлиё.
Шу гулни яхши кўриб қолдим.
Бирам қизғанаман денг. Ҳали очилмаган ғунчалари исидан маст бўлиб ғўнғиллаётган асалариларни кўрсам ҳам тепа сочим тикка бўлиб кетади. Гоҳ-гоҳ нарироқдаги карнайгул баргига потмачумчуқми, тўрғайми келиб, ўзининг саҳройи қўшиғини куйлаб қолади. Бундан баттар аччиқланаман. Яна кулиб ҳам қўяман: ҳўв нодонлар, бунинг қанақа қайсар, қанақа ўжарлигини билсаларинг, юз чақирим наридан қочардинглар, дейман.
Ўзи-ку бир гул, бир ширин хаёл, аммо мусиқани ҳам ёқтиради! Буни тасодифан пайқаб қолдим. Айвонда эски бир радио бор эди. Шунинг қулоғини бурасам, қитир-қитир этиб турди-да, бирданига овози тиниқлашиб, «Чўли Ироқ»ни куйлаб юборди. Боғни шу куй тутди. Саҳнни айланиб, қайсарим ёнига келдиму лол қолдим: мунғайиб олипти! Нозик бандларида митти-митти томчилар… Ўксинибгина турипти…
– Бу қандай куй?! – деб шивирлайдию баттар ўксинади.
– Бир озгина дунё ғами… – деб шарҳлаб қўяман мен.
«Чўли Ироқ» баттар фарёд уради, гиря қилади, гулим эса мотамсаро, ғамзада, япроқларию очила бошлаган ғунчалари, бутун вужуди дир-дир титрайди.
Нақадар мунис, нақадар маъюс… Ғам чекиб турган чоғидаям шунчалар масъума, латиф кўриндики, ўзимни тутолмадим, энгашдим-да:
– Мен сизни севаман! – деб пичирладим.
Пичирлаб не зарил эди? Титраб турган вужуд яна адл бўлди, ғунчалар яна баланд кўтарилди, япроқлар ростланди, бечораликдану ўксинишдан асар ҳам қолмади. Аммо лом-мим демади – сўз қотишни-да ўзига раво кўрмади. Мен-да индамадим, изҳори дилимдан пушаймон бўлиб, айвончага қайтдим.
Гулга дил бериб не маломат истаб эдинг? Одамсан, одамга кўнгил қўйсанг бўлмасмиди, дейману қалб чирқирайди: «Оламда бундай гул тағин борми? Бундай дил тағин борми? Бир дафъагина менинг раъйимга боқсанг-чи, соҳибим?!»
Бу надоматларнинг сабабчиси эса ҳануз мағрур, ҳануз кибор! «Чўли Ироқ» ғамидан минг тўлғанадию ёнгинасида шу куйни ортда қолдирадиган дил дардидан гўё бехабар!
* * *
Баҳор адоқлаб, ёз келди. Карнайгуллар баттар тарвақайлаб, ёнларидан икки-уч бачки шохчалар чиқариб юбордилар. Намозшомгуллар қартайди, беоргулларгина ҳануз ранглари айниган гулбаргларини беорларча ёйиб туравердилар.
Менинг гулим ўзгармади! Менинг гулимнинг таровати янада ортди! Менинг гулим ҳануз киборлигича қолди!
Шундагина разм солсам, бир пайтлар атрофида гирдикапалак бўлган асаларилар аллақачон атиргулларга ёпишиб олишипти, потмачумчуғу турғайтўралар карнайгулларга ошиқ бўпти – ўзлариям семирган, баргларнинг улкан гулварақлари орасидан туриб, таҳдидли сайраб қўйишади.
Менинг гулимнинг эса янги ошиқлари пайдо бўпти. Тонг пайти қарасам, субҳ ўзининг нозик қизғиш шафағини ёйиб, бир нималар деб сирли пичирлаётир. Пешин маҳали қарасам, қайнаб-тошган қуёш ўзининг ҳароратига ўзи чидаёлмай, ишқ оташидан сўзлаётир. Шом маҳали қарасам – занживачча оқшом ўзининг изтиробларга тўла дил дафтарини саҳифа-саҳифа очиб қўйипти. Хуфтон маҳали қарасам, юлдузларнинг бири олиб, бири қўйиб, гулим теварагида живирлашаётир.
Аммо менинг гулим кибор-ку! Бировигаям парво қилгани йўқ!
– Сиз ягонасиз! – деб шивирладим унга. – Агар кўйингизда жон берсам, таним хоки пойингизга ёйилса, хушбахтликдан тағин тириларми эдим?
Гулим ғунчасини мен томон хиёлгина эгиб, миннатдорлигини англатиб қўйди. Бу бахт, бу саодатни қай тил бирла баён айлай?
Кўнгил обод бўлди…
* * *
Ёз жуда иссиқ келди.
Менинг гулим ҳиссиётларга жуда таъсирчан, банд-бандигача покизалик билан тўлуғ эди. Бу не саодатки, боғдан бир лаҳзага бўлса-да, ташқарига чиқишни истамасдим. Ойлаб-йиллаб шу маъсума қошида ўтиргим келаверарди.
Оламни шу қадар тиниқ, соф деб билар эдики, бундайин тиниқликдан менинг одамий кўнглим лол қолар эди. Шунинг баробарида ундаги киборлик уят билан, мағрурлик тортинчоқлик билан қоришиқ эди – қаршисида соатлаб тиз чўкиб кўнгил шарҳидан сўзлаганимда, оч қизғиш гуляпроқлари янаям қизарарди, гулкосаси қуйи эгиларди, шунда теваракка анвойи гул бўйлари таралиб кетарди. Бу илоҳий ишқнинг ўзгинаси эди – ахир, гулни фақат севиш, севиш мумкин, холос. Аҳён-аҳёнда тентираб ўтиб қолгувчи беқарор саболардан-да тортинар эди у. Саболарнинг ғийбатчи эканини эса мен ҳам яхши билар эдим.
Карнайгуллар баттар хунуклашиб, тарвакайлаб-сўлиб борар, менинг гулим эса кўз ўнгимда очилгани сайин тароватга ғарқ бўлар эди.
Бу хушбахтлик таърифини ифода этишга ҳаддим йўқ. Фароғат ичра эканимни ҳар онимда сезиб турардим; бу туйғуларнинг юксаклиги, нажиблигидан чўчирдим, гулимга термулиб, негадир андуҳга-да чўмар эдим. Ақлим койирдики: «Нечук фароғатдан ғам, хушбахтликдан мусибат истаюрсан, нодон? Бўйлаким, мусибатдан хушбахтлик беҳроқ турмасми?» Кўнгил эса эзилиб шивирлар эди: «Ҳар қувончнинг ортида андуҳ, ҳар саодатнинг ортида ғам яшириғлиқ эмасми?»
* * *
Ёз-да адоқ бўлди. Куз келди.
Бу кузнинг оти Сайёд эди.
Сайёд ўз ортидан хазон сипоҳини эргаштириб келди.
Бу лашкарнинг нафаси сезилгани ҳамоно карнайгуллар таслим бўлдилар – уларнинг семиз таналари қорайди, барглари палахса-палахса бўлиб узилиб тушди, гулбандлари тупроққа қоришди. Беоргуллар ҳам маҳв бўлдилар, атиргуллар япроқларини тўкиб, шумшайиб қолишди, печакгулларнинг озғин, узун таналари сарғайиб, чўзилиб ётди.
Видо онлари юз кўрсатмакда эканини иккимиз ҳам сезар эдик. Энди оламнинг энг кўҳна куйини бошқа чолғувчи – Сайёд чалмакда эди, бу куйнинг-да оти «Чўли Ироқ» эди.
Атрофдаги бор гуллару майсаларни совуқ урди, курмаклар аллақачон хазонга юз тутди, ажриқ поялари қорайиб, ҳилвираб қолди. Менинг гулимгина Сайёд лашкарининг тўфони аро ҳамон адл, ҳамон мағрур, ифор сочиб очилиб тураверди. Совуқдан қунишганимча гулим олдида тиз чўкиб, чашмимдан ашким потраб отилаверар эди: мен уни жонимдан-да ортиқ суйиб қолган эдим! Мен усиз яшолмасдим! Гулим эса мени шивирлаб юпатар эди…
Ҳадемай қировлару булдуруқлар тушди. Мезонлар ҳам ортиқ учмай қўйди.
Бир куни кеч маҳали…. гулимнинг мени чорлаётганини эшитдим. Оҳ, бу овоз!.. Ундаги илтижо, умид, илинж, муҳаббат!.. Ғаму хавотир ичра чақноқ бир зарра каби бўлиб, отилиб қошига бордим. Сайёд, бу маккор, доғули Сайёд ўзининг азалий ишини адо этган, нигорим бу баттол қўшинининг қутқусига дош бера олмаган эди.
Сайёднинг гумаштаси – қирғияк шамоли бошим узра ғувиллаб қаҳқаҳа отар, сочимдан юлқилар эди. Дунёнинг ўзи-да энг сўнгги куйни чалмакда, бутун борлиқ алвидо айтиб, шу завол гирдобига чўммоқда эди. Нечун мен одам бўлиб яралдим? Нечун бир майса бўлиб яралмадим, масъумам билан бирга шу музлаган заминга бош қўймадим?
Шамолда гулимнинг нозик банди синган эди. Шу ҳолча, тупроққа қоришган ҳолича ҳам суйимли, азиз, дилбар эди.
Видо! Видо! Олам ҳамон видо марсиясини айтар эди.
Бу мозористон бошида қанча ўтирдим экан? Чунон беҳудлигимдан субҳу шомимни билмасдим. Кетиб ақл вужудимдан, пухтаю хомимни билмасдим. Бу йўлда мисли Мажнундек саранжомимни билмасдим, ажалми-оби ҳаёт – сипқарган жомимни билмасдим… Кўзимнинг ёшлари гулим бандининг синган ерига томар, ҳар томганида масъумамнинг хазон вужуди бир титрар эди…
Алҳол, ғамдан кўзларим очилди. Сарвдан тобут ясаб, гулдан кафан бичдиму қайсаримни боғим тўрига дафн этдим. Бир мармартош топиб, унга юрагимнинг қони билан шундай битикларни битдим:
«Бу лавҳа бир дилпорадан ҳусн санамига ёдгордир.
Аё чарх, эттинг ортиқ жабр бунёд,
Кўзим ёшлиғ, дилимда қолди фарёд,
Ҳаётим лолазоридин аюрдинг,
Ёқиб жоним, кулим кўкка совурдинг…»
Остига эса шундай деб ёздим:
«Бунда мадфун Кумушбиби бинти Марғиноний, тарихи таваллуди 1248, вафоти 1269 ҳижрий, жумодул-аввал»
* * *
Дил бўм-бўш бўлиб қолди.
Энди мен не айлай? Бу дил билан қайга борай?
Бу не боғки, ишқи бору санами йўқ?
Бу не салтанатки, фуқароси бор – подшоҳи йўқ?
Боғ энди шип-шийдам, ҳувиллаган, мағлуб хазонлар узра фақат Сайёд, баттолу қаттол Сайёд шумшайиб кезар эди, холос.
Алҳол, кўнглимни шунда қолдирдиму ўзим Отабекка қўшилиб, Қўқон хонининг амирлашкари, қўрбоши Қаноатшоҳ қўшини билан шаҳид бўлмоқ учун кетдим…
1994