Хуршида Абдуллаева. Ҳовлининг эгаси (ҳикоя)

Робия буви тўсатдан дарвозадан кириб келган баланд бўйли йигитни аввалига танимади. Хиралашиб қолган кўзларини қисиб, бир зум тикилиб тургач, бирдан чеҳраси ёришиб, пилдираганича унга интилди.
– Жавлонмисан, вой жон болам! Сениям кўрар кун бор экан-ку!
– Кампир Жавлонни маҳкам қучиб, пешонасидан ўпди. Анчагача бағридан бўшатмади.
– “Муштдеккина-я бувим! Кўрмаганимга қанча бўл­ди? Бир йилдан ошди-ёв, йўғе, икки йил бўлди. Овоз­лари ўктамгина эди, қаттиқ-қаттиқ гапирардилар бобомга, ҳозир эса…” Жавлон шундай хаёллар исканжасида бувисидан келаётган таниш исни – қатиқ аралаш қалампирмунчоқ ҳидини туйиб, негадир ўпкаси тўлиб кетди. Кампир ҳамон ундан айланиб-ўргилар, тинмай гапирарди:
– Кел-да, шундоқ, болам! Менам ғанимат бўлсам, бугун бўлмаса индин худди бобонгга ўхшаб… Ўзим борай десам, йўл ўлгур узоқ, ярамайман. Ҳаҳ, болам, қариганингдан кейин шу экан-да, қуруқ савлатинг қолар экан…
Уйга киришди. Яна таниш, қадрдон, олис болалик чоғларини ёдга солувчи ҳид димоғига урилди. Билади, бу бувисининг сандиғидаги ўша ҳид – новвоту парварда, яна бир хил мулойимгина, лас ҳолва деб аталадиган ширинликлар, орасига райҳон барглари солиб қўйилган кийимлару, турли дориворлар ва, албатта, қалампирмунчоқнинг бир-бирига қоришиқ иси. Робия буви Жавлонни қўярда-қўймай хона тўрига ўтқазди. Рўпарасига ўзи ҳам чўкди-да, озғин, томирлари бўртиб чиққан титроқ қўлларини дуога очди.
–    Омин, қадам етди, бало етмасин, эсонлик, тўрт кўз тугаллик бўлсин, кенг феъл, кетмас давлат берсин, Аллоҳу акбар! – дея юзига фотиҳа тортгач, – Омонликда кўриштирганига шукр! – деб қўшиб қўйди ва неварасига тикилди. “Ранги бир ҳолгина. Йигитнинг шашти қайтгунча, ҳўкизнинг шохи синсин, деб бекорга айтмаган-да, эҳ, қанийди, шугинанинг йўли очилиб кетақолса. Э Худо, кенг даргоҳингдан ўзинг бенасиб қўйма, бир парчагина этни шу банданггаям бергин! Буни деб бир куйсам, у ёқда Ҳалима ҳам… Эҳ, баъзан ўз болаларингга ҳам сўзинг ўтмай қоларкан. Билатуриб буларни бахтсиз қилишди-я!”
– Нега бир ўзинг келдинг? Келинни ҳам олиб келсанг, бўлмасмиди? – деб сўради кейин неварасидан.
– Бошқа сафар келар, буви, – деди Жавлон тўсатдан келишининг сабабини изоҳлаш учун жўялироқ баҳона излар экан, ёлғон сўзлашга тўғри келаётганидан ўнғайсизланди, – ишидан рухсат ололмадик, гап тегмасин, деб олиб келмадим…Ўзим бўлса, таътилдаман, сизни бир кўриб кетай, деб тўғри келавердим…
– Ажаб қилибсан, болам, кел-да шундоқ, – деди яна кампир, – бобонгга суянарканманми, дейман-да, ўтганидан бери бир ўзим жуда гарангсиб қолдим. На амакингникида, на аммаларингникида бир кундан ортиқ тура олмайман. Дарров ўзимнинг уйимга қайтгим келади. Гўринг нурга тўлгурнинг чироғини ёқиб ўтирай дейман-да. Отанг бўлса, мана, катта шаҳарга жўнаганича, ойда-йилда бир келади, ўрисга ўхшаб қолди-да, ўрислар билан ишлайвериб. Ҳа, майли, омон бўлсин…
Жавлон жилмайди. Хотирасининг энг тиниқ кўз­гусида муҳрланган дамларни эслади…
Ана, бобоси – бутун қиёфасидан шиддат ёғилиб турган барваста чол, кўкиш-оқ соқолини чайир бар­моқлари билан тараганча, диван-каравотида ёнбошлаб ётибди. Кўзига кўзойнак тақиб олган, телевизордан “Ахборот”ни кўряпти. Робия буви аччиққина дамланган кўк чойни оғир, қалин шоҳпиёлага сузиб, чолига узатади. Ер тагидан бир-икки қараб олгач, аста гап бошлайди:
– Қилични чақириб олсангиз, бўлармиди, отаси? Етар шунча юргани, келиб уйига ўзи эгалик қилсин…
Бобоси мийиғида кулиб, кампирига ўгирилади. Бир чеккада китоб ўқиб ўтирган ўсмир – Жавлонни имлаб кўрсатади:
– Мана, ўғлини бериб қўйибди-ку, шу-да уйнинг эгаси, кампир!
Робия буви чолига гап уқтириб бўлмаслигини билса-да, таслим бўлгиси келмайди:
– Ҳадемай, мактаби битса, буям кетади-да! Ким қарайди ҳайҳотдай ҳовли-жойга? Кенжангизнинг юриши бу бўлса… Қилич ҳарҳолда, уйнинг каттаси, шу ерда ватан қилсин, дейман-да. Токай юради бегона шаҳарда хотини билан тўртта боласини судраб…
– Ҳа энди, ризқ-да, кампир, Худо қаерга сочса, бандаси бориб териб ейиши керак экан-да! Ишини биласан-ку, – дейди бобоси осойишталик билан.
– Ишиям бор бўлсин, – Робия бувининг сира алами тарқамайди, – ўрисга қўшилиб, ўзиям охири ўрисдай бемеҳр, беоқибат бўпкетади сизга қўйиб берса…
– Қўявер, онаси, бир куни эсини йиғиб, қайтиб келар, феълингни кенг қилиб тургин-чи, – пинагини бузмайди Убайдулла бобо…
Буви-невара чой устида анчагача гурунглашиб ўтиришди. Кампир Жавлоннинг дадаси, онаси, ука ва сингилларини бирма-бир сўраб, суриштириб чиқди. Айниқса, дадаси – “ўрис бола”сини меҳри товланиб-товланиб, гапирди:
– Омонгина бўлгур, ёшлигидаям ҳозиргидек бир сўзли, ўжар эди-да. Айтганини қилдирмаса, бўлмасди. Бобонгнинг совхозида бинойидай трактор ҳайдаб юрувди. Икки ой деганда, ўз-ўзидан айниди-қолди. “Ўқишга кираман, трактор ҳайдаб, ичим эзилиб юрмайман”, деб турволса-да! Урина-урина ўқишга кирди-ю, ўзиям тинчиди, бизам… Ҳа, шунақа экан-да. Ўжарлиги отасининг ўзгинаси-да, дердилар онам раҳматли унга қараб…
Бувисининг эзмалик билан айтаётган гапларини эшитишдан аллақандай ҳузур туйиб ўтирган Жавлон ёшлигида кўп сўрайдиган саволини беихтиёр яна так­рорлагиси келди:
– Буви, мен ўзи кимга ўхшайман?
– Сенми, сен отангга ўхшамайсан, – деди кампир худди Жавлон отасига ўхшамаганидан мамнун бўлгандай мароқ билан, – сен менинг раҳматли акамга ўхшайсан. Мулла Хидир дейишарди акамни, Бухородаги мадрасада ўқиб келганди. Сенга ўхшаб, серфикр, “ичимдагини топ” эди, қўлидан китоб тушмасди. Бир ёмон вақтларда кўп китобларини сомонхонага, деворлар кавагига яшириб, сақлаб қолганмиз, душман деб олиб кетишарди-да бўлмаса…
Кампир яна хотираларга берилди. Жавлон унинг гапларини тинглар экан, ич-ичидан кўнгли ёришиб келаётганини, енгил тортаётганини ҳис қилар, маъюс чеҳраси очилиб бораётганини бувиси ҳам сезар, сезган сари, невараси яхши кўрадиган, қайта-қайта эшитиб тўймайдиган ҳангоманамо гаплардан сўзларди.
Кун пешиндан оққанида Жавлон ўрнидан қўз­ғалиб, ҳовлига чиқди. Кечгача айланиб, тимирскиланиб юраркан, шу ерда кечган болалик, ўсмирлик дамларини эслади.
Илгари қанақа эди-я бу ҳовли! Кенг, дарахтлари яшнаб турар, гуркираган анор буталаридаги катта-катта анорлар кўзни қувнатарди. Бобоси кун бўйи ҳовлида куймаланиб юрарди – ўт ўрар, мол-ҳолга қарарди. Ҳаммаёқ ораста, кўм-кўк эди у туфайли. Кечга томон ҳовлидаги иш-юмушларни тиндиришгач, Жавлон ҳовлига шарақлатиб сув сепарди. Дераза тагидан ўтиб-қайтаркан, бобосининг шом намозини ўқиётгани эшитилиб турарди…
Уйнинг орқа тарафида катта тут дарахтлари бор. Ҳозир улардан бири қийшайиб, қурий бошлабди. Тут пишган чоғлари бувиси Жавлонни дарахт устига чиқарарди. Жўрттага ингичка шохга оёқ қўйиб, тут қоқарди у. Робия буви ундан кўз узмас, “Йиқиласан, омон бўлгур, ё энди иш айтмасин, деяпсанми?” деб жаврарди. Унга сайин боланинг баттар шўхлиги тутарди…
Бедазорнинг ўртасидаги гилос дарахти ҳам кўзига оловдай кўринди. Бориб тагида бирпас ўтирди, хаёлида яна хотиралар: аммасининг қизи Ҳалима билан гилос териб еганлари, қўшқулоқ гилос талашиб, бобосидан койиш эшитганлари… Бариси дилга яқин хотиралар. Айниқса, Ҳалима…
Икковлари тенгдош эдилар, орадаги фарқ бор-йўғи бир ярим ойгина, холос, ойисининг эслашича, Жавлоннинг қирқ кунлик чилласи чиқар-чиқмас, Ҳалима туғилган. Беш-олти ёшларида бобоси бирга ўйнаб юрган невараларига қараб шундай деган экан:
– Онаси, эсингда бўлсин, келининг билан қизингга ҳам айтиб қўй, катта бўлишса, Жавлонни Ҳалимага уйлантирамиз, шу ҳовлини уларга бераман, қариб кучдан қолсак, икковимизга қарашади. Ўзингники бошқача-да, бегона барибир, бегона…
Робия буви бу гапни қизи – Ҳалиманинг онаси билан келини – Жавлоннинг онасига кулгига олибгина айтган:
– Сизлар нима дейсизлар-у, отанг шундоқ қи­лармиш!
Иккала ёш жувон бу гапни эшитиб, роса кулишган, шундан бери бир-бирларини “қудажон” деб чақиришарди. Болалар буни эшитишса ҳам, маънисига бормасдилар, албатта. Йиллар ўтиб, улғайишгани сари улар бир-бирлари билан тобора иноқлашиб боришди. Мактабда бир синфда ўқишди. Ҳалима бўйчангина, нозик ниҳол қиз бўлди. Қийиқ кўзлари, бежирим бурни-ю, кичкинагина оғзи билан хитойми, уйғур қизларига ўхшаб кетар, Убайдулла бобо уни эркалаб, Қашқарча ойим дерди. Бобоси ота-оналаридан уларни сўраб олган, Ҳалима деярли ҳар куни келиб, бувисига қарашар, Жавлон-ку ёшлигидан шу ерда туриб, қишлоқ мактабида ўқирди. Ана-мана дегунча, мактабни ҳам битиришди. Жавлон институтга ўқишга кирди, Ҳалима ҳам. Энди ҳар дам олиш куни улар бобо-бувини кўргани келишар, ҳовлида йиғилиб қолган баъзи юмушларни бирга бажаришарди. Муносабатлар энди жиддийлашган, муҳаббатларининг келажагига эса ишонч билан қарашарди, ахир, ўртада бобомизнинг гапи бор, деб кўнгиллари тўқ эди. Аммо ўқишни тугатишларига бир йил қолганида Убайдулла бобо оламдан ўтди. Жавлон ўқишни тугатиб, ўша кезларда янги очилган магистратурага ҳужжат топширди, Ҳалима қишлоғидаги мактабга ишга кирди. Совчилар Ҳалималарнинг уйига серқатнов бўлиб қолганини қайнонасидан эшитган Жавлоннинг ойиси ҳам ҳаракатини бошлади. Синглисини эргаштириб, қайнопасиникига қулчиликка деб келди. Амма-ку, рози эди-я, лекин поччасининг бир оғиз гапи билан ҳамма нарса барбод бўлди:
– Қариндошга қиз бермайман, тамом-вассалом!
Совчилар қуруқ қайтишди, бувиси йиғлади-сиқ­тади, чолининг арвоҳини ўртага солди, бироқ куёвини гапига уната олмади. Шу-шу бўлди-ю, Жавлоннинг оёғи қишлоқдан бутунлай узилди. Сал ўтмай, Ҳалимани турмушга узатишди, икки ойлардан ке­йин Жавлон ҳам уйланди. Дадасининг ўртоғига куёв бўлди. Хотини Маҳфуза оғир-босиқ, уни тушунадиган чиқди. Аммо икки йилдан бери бўйида бўлмаяпти. Ҳалима ҳам шундай экан, буни ойиси билан ўртанча аммаси дардлашаётганида тасодифан эшитиб қолган. Бошида унча аҳамият бермаган бўлса-да, тенгқур оғайнилари ўғилча ёки қизчаларининг қилиғини, тетапоя қадам ташлаётганини айтиб қолишса, ўзини алланечук ўнғайсиз сезади. Уйга келиб, хотинига қараса, баттарроқ сиқиладиган бўлиб қолди. Бироқ шундай бўлса-да, бирор чора кўришга ҳафсаласи йўқ, шифокорга кўринишга ўзи унамаганидек, Маҳфузага ҳам рухсат бермайди. Бундан бир ҳафта олдин Жавлон хотини билан қаттиқ аразлашиб қолди. Эрининг бепарволиги, “ичимдагини топ”лиги Маҳфузани жонидан тўйдирганга ўхшайди, чунки индамай, зарур нарсаларини олди-ю, қизлик уйига жўнаворди…
Аввалига жаҳл устида Жавлон бунга-да қўл силтади, янаям тўғрироғи, бундай яшаш ўзининг ҳам жонига тегиб кетганди. Онасининг айбловларига ҳам парво қилмади. Лекин ўтган куни бир илмий мақоласини қидираётиб, Маҳфуза билан тўйларида тушган суратни топиб олди. Юзлари бахтдан порлаб турган ёқимтойгина келинчакка қаради-ю, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Ўзини айбдор сезди. Уйга сиғмади шундан кейин, негадир шу ерга келгиси келди…
Жавлон оғир хўрсиниб, ўрнидан турди. Яна катта, кенг ҳовлига кўз югуртирди. Ҳа, бу ҳовли илгари жуда файзли эди. Ҳозир бўлса, дарахтлар бежон, анорлар ҳам камайиб кетибди. Уй бўлса ярим хароба. Эгаси кўчиб кетгандай. “Дарвоқе, чиндан-да, бу ҳовлининг ҳақиқий эгаси ҳозир йўқ, – деди ўзига ўзи. – Файз ҳам, барака ҳам бобом билан бирга кетганга ўхшайди…”
Ҳовлида шу пайтгача нега тентиб юрганини энди пайқади: у ўзи билмаган ҳолда бобосини излаётган экан! Қўшни чол – Абдураҳмон буванинг овозини эшитиб, юраги “зирқ” этиб кетди. Гўё, мана ҳозир, ҳовлининг бирор бурчагидан бобосининг йўталгани эшитиладигандай қулоғи динг; бир боғ ўтми, ток қайчи кўтарибми чиқиб келадигандай кўзлари олазарак, лекин бобоси йўқ. Дераза томондан “иҳдинас сиротал мустақийм” деётган йўғон овоз келармикин, дегандай қулоқ тутди, аммо…
Кун ботди. Бувиси дамлаган ошини сузай деб турганида амакиси шошиб кириб келди, Робия буви чақиртирган, шекилли. Гангир-гунгур суҳбат билан ош ейишди, беҳили палов роса ширин, хушхўр бўлган экан. Кечқурун амакиси кетгач, бувиси иккови бир вақтлардагидек гаплашиб ётишди. Алламаҳалда кўзи илинган Жавлон туш кўрибди. Бобоси қўлида ҳасса, бошида қўзи телпаги, ўша-ўша салобатли эмиш. Жавлонни эргаштириб, қаергадир кетаётганмиш. Йўлнинг бўлса, охири кўринмасмиш. Жавлон кенг яктагининг этакларини силкитганича шитоб билан юриб кетаётган барваста бобосига сира ета олмасмиш. Ахийри, у тўхтаб қолибди. Бобоси буни сезиб, тўхтабди ва ортига ўгирилибди. Кейин одатдагидай осойишталик билан гапираётганмиш:
– Ие, ўғлон! Келавермайсизми, нега тўхтадингиз? Ҳадеб орқага қарайверманг, энди фойдаси йўқ. Тезроқ юринг, мен сизга бир нима кўрсатишим керак, озгина қолди, ҳадемай етамиз…
Йигит яна бобосига эргашди, аммо тўсатдан вужудида пайдо бўлган енгиб бўлмас ҳорғинлик, чарчоқ уни юришга қўймади. Бобо бўлса, энди неварасига қайрилиб ҳам қарамас, илдамлик билан олға кетиб борарди…
Жавлон уйғониб кетди. Ташқарида тонг оқариб келарди. У ортиқ ухлолмаслигини билиб, секин таш­қарига чиқди. “Нима демоқчи бўлдилар? Қаерга олиб бормоқчи эканлар? Нимани кўрсатишлари керак? Нега мендан дарров узоқлашиб кетдилар?” Орқа ҳовлига ўтди. Кеча кўргани, ачиниб қарагани – анор буталари­га кўзи тушди. Хаёлан бобоси билан гаплаша бошлади. “Нима қилай, бобожон? Нима қилсам, хурсанд бўласиз? Кўнглим ғашлигини тарқатарман, деб келган эдим, ғурбат чекиб юравериш ўзимнинг ҳам жонимга тегди, бобо! Биргина ишора беринг, бошимни биргина силанг, жон бобо! Ахир, марҳумлар эсланганида доимо ҳозир, дейишади-ку! Йўл кўрсатинг, бобо!” Жавлон яна анор буталарига қаради. Ярми қуриб қолган анорлар бир оёғида зўрға қаддини ростлаб турган одамни эслатди. Йигит бобосининг белкурагини қидириб, атрофига аланглади ва югургудай бўлиб омборхонага кирди.
– Мана, кўрасиз, бобо, энди ҳаммаси яхши бў­лади. Маҳфузаниям ортиқ қийнамайман, онамни ҳам. Ҳаммасини тушундим. Ўзим учун, йўқ, сиз учун ҳаракат қиламан, бобо, майлими? – шивирларди у…
Робия буви бомдод маҳали ҳовлига чиқди. Терлаб-пишиб, анор буталарининг тагини юмшатаётган неварасига узоқ термулиб қолди…

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.