– Сир эмаски, бугунги глобаллашув даврида ёшларни гоҳ кўнгилочар компьютер ўйинлари, гоҳ қизиқарли мультфильмлар ёки саргузаштнамо китоблар шаклида кириб келаётган бўҳронлардан, дину диёнатимиз, яшаш тарзимиз, қарашларимизга зид бўлган ваҳший ғоялардан асраш масаласи кун тартибида турган муҳим мавзулардан биридир. Инсон онгини асраш эса қалбни асрашдан бошланади. Буюклардан бири айтганидек, қалб айниган жойда бутун вужуд хасталикка юз тутиши табиий. Хўш, қалбни қандай асраш мумкин? У кўзга кўринмаса, шоирлар тасвирлаб берган мавҳум суратларидан бошқа шаклу шамойили бўлмаса?
Бу ўринда бизга бой адабиётимиз, унинг умрбоқий мавзулари, инсон камолотига доир ўлмас асарлар ёрдамга келади. Хусусан, ўзбек мумтоз адабиёти тарихидаги икки буюк сиймо – Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ўрганиш орқали чинакам инсон ҳаёти қандай бўлиши кераклиги ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлиш мумкин. Навоий ва Бобур асарларининг туб моҳиятига етиш учун уларни тушуниб ўқиш керак бўлади. Кўриниб турибдики, жараён ўз-ўзидан мумтоз адабиётни ўқитиш масаласига бориб тақалади. Таассуфки, ҳалигача мактаб ўқувчиларининг Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ҳақидаги тасаввурлари “Ғурбатда ғариб” ёки “Толеъ йўқ” деб бошланувчи рубоийлардан ёхуд “Шер билан Дуррож” ҳикоятидан нарига ўтгани йўқ. Аминманки, қоракўз фарзандларимизга адабиёт фанидан сабоқ бераётган муаллимларнинг мумтоз адабиёт борасидаги билимлари ҳам талаб даражасида эмас. Ҳолбуки, адабиёт муаллими мумтоз адабиётимизда мавжуд вазнлар, шеърий санъатлар ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиши, мактаб дарслигига киритилган шеърий матнлар ва ривоятларни таҳлил қила олиши зарур. Бу борада сизнинг фикрларингиз қандай?
– “Қалбни қандай асраш мумкин?” Бу жуда жиддий савол. Руҳшунослик нуқтаи назаридан ёндашсак, ёш китобхонлар қалбини асраш ёки аниқроғи, эгаллаш учун уларни мумтоз адабиёт намуналарига қизиқтириш керак. Менинг жаҳон адабиёти ҳақидаги телекўрсатувларимиз анча қизиқарли эканлигига ҳавасим келади. Биз навоийшунос ва бобуршунослар ҳам чиқишларимизда қизиқарлилик билан муҳимликни қориштира олсак, бунга эришамиз. Қуйидаги мисол қизиқтиришга икки асос беради: биринчиси, ҳикоянинг ўзи қизиқ, иккинчиси, чала билим хавфли эканлигидан огоҳлантиради. Мирзо Абдулқодир Бедил “Чала билим билимсизликдан ёмон”, деган. Мактабда аъло ўқиш, билимларни асосли, ҳар томонлама теран эгаллаш лозим. Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида “Кўрлар ва фил” ҳикоясини келтирган. Саноийнинг “Ҳадиқатул ҳақиқа ва шариат ул-тариқа” (“Ҳақиқат боғлари…”) ва Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий”ларида мазмуни келтирилган бу ҳикоятни даҳо шоиримиз ўз достони орқали ўзбек адабиётига олиб кирди.
Мазмуни: бир гуруҳ кўрлар тақдир тақозоси билан Ҳиндистонга бориб қоладилар. Сўнгра ўз ватанларига қайтганларида, бир киши улардан: “Филни кўрдиларингми?” деб сўрайди. “Ҳа” дейишади улар. Савол берган киши: “Далил келтиринг-чи” дейди. Улар айта бошлайдилар: Филнинг олдинги оёқларини ушлаб кўрган басир: “Устун” дейди. Қорнини пайпаслагани: “Устунсиз” дейди. Хартумини ушлагани: “Аждаҳо” деса, тишларини тутиб кўргани: “Икки суяк” дейди. Қуйруғидан тутгани: “Бир илон осилиб турибди” деса, филнинг бошига қўл ургани: “Бир қоянинг тумшуғи” дейди. Қулоғини ушлаб кўрган басир эса: “Қимирлаб турган икки елпуғич!” дейди. Бу сўзларни тинглаб турган ҳиндистонлик филбон элга қараб: “Булар филни ўз кўзлари билан кўрмаганлар, лекин ҳаммалари тўғри айтаяптилар. Ана шу айтилганларнинг ҳаммаси йиғилса, фил ҳақида тўғри тасаввур ҳосил бўлади” дейди. Бу ҳикоя ҳақидаги хулосалар:
– филбон басирларни хижолат қилмади. Андиша қилди. Комил одам ўзгани мулзам қилмайди.
– уларнинг гапларини тасдиқлаб, фил ҳақидаги ҳақиқатни айтди.
– шунча кўрлар, яъни билими чалалардан кўра, битта филбон-билимдон одам ҳақиқатни билар экан, билими мукаммал экан. Шунинг учун кўп ўқиш ва ўқиганини уқиш керак экан.
Энди худди шу воқеани эслатадиган иккинчи бир қизиқарли ҳолатга мурожаат этайлик. Ҳатто илмнинг энг мураккаб соҳаси – матншуносликка ҳам ўқувчини қизиқтириш мумкин. Чунончи, мен “Рубоий ичидан одам чиқди!” десам, балки сизнинг энсангиз қотар… Бироқ мен матншунослик – сеҳргарлик ва донишмандликдир дея гап бошласам сиз балки қизиқарсиз.
Бобурнинг ярим аср давомида китобдан китобга ўтиб келаётган қуйидаги рубоийси, (балки буниси ўнинчи маротаба такрор нашридир) тўғри ўқилмаган, бунда на соғлом мазмун бор ва на қофия, деб даъво қилсам-чи?
Гар руҳ дам этса оҳанги на ғам, Мажлиста не ҳузн қолур эрдию не ғам, То борғали руҳ дам беринг мажлисдин, Мажлис элига не руҳ қолдию, не дам.(“Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур” “Шарқ”, 1996, 93- бет)
Биринчи мисра мазмуни: Арвоҳ мусиқа чалса на ғам?! Ие, арвоҳ мусиқа чаладими? Қофиялар: ғам- ғам-дам… Рубоийнинг бирор мисраси Бобур аслиятига мос эмас. Демак, олимларимиз Бобур матнини тўғри ўқий олмадилар. Ҳолбуки, улар Навоийга нисбатан Бобурни тушуниш осон деб даъво қиладилар.
Мен шоир аслияти – араб ёзувидаги Бобур қўлёзмасига қарамасдан бу рубоий таҳририга киришаман ва эпақага келтиролмаган жойда аслиятга қараб оламан. Бунда менга Бобур ва унинг муҳитидаги кишилар ҳақида билишим ва луғат соҳасидаги тажрибам асқотади.
“Бобурнома”да уч-тўрт ўринда Бобур базмларининг гули – хушовоз ҳофиз Руҳдам ҳақида сўз боради. Бу ҳақда мен “Бобур мажлисларининг Масиҳоси” номли мақола ҳам ёзганман. Таҳрирга киришдим; нағам – нағма, куй, ашула; оҳанг – бошламоқ.
Гар Руҳдам этса оҳанги нағам, Мажлиста на ҳузн қолур эрдию на ғам.Мазмуни: базмда Руҳдам ашула бошласа, базмдагиларда ғаму ҳазинлик деган нарса қолмайди.
Ана шунақа сеҳрли овоз соҳиби бўлган Руҳдам! Балки бу исм ҳам эмас, лақабдир, ким билсин… Руҳдам нафаси жон бағишловчи демакдир. Бу сўз (Руҳдам) Исо алайҳиссаломга нисбатан қўлланилар эди, холос.
Учинчи мисрага интуициям кучи етмайди: “беринг” сўзи хато! Буни тузатолмайман. Ночор Шафиқа Ёрқин ва Билол Южел тузган Бобур “Девон”ларидан шу рубоийни топаман. Мана, гап қаёқда: “беринг” эмас, “бизинг” экан! Бизинг – бизнинг демакдир. Мана бу масала ҳам ҳал бўлди ҳисоб.
То борғали Руҳдам бизинг мажлисдин, Мажлис элига на руҳ қолдию, на дам.Мазмуни: базмимиздан Руҳдам чиқиб кетгач, базм аҳлининг ҳаловати бузилди. Эътибор беряпсизми? Мен сеҳргарлик қилиб Бобур рубоийси ичидан Руҳдам исмли машҳур ҳофизни тортиб чиқардим-а! Энди хулоса: бу ҳикояда олимлик закоси тантанаси ва шарафи бор! Балки ўқувчи шу бир мисол кашфидан олимликка бироз қизиқа бошлар. Ахир мен ўнлаб олимлар ҳал қилмаган матн муаммосини ҳал қилдим-а?! Ахир, Руҳдам масаласини жаҳон олимлари, ҳатто Билол Южел ҳам тўғри ҳал қилолмаган. Биргина “Бобур “Девон”ида (1994 йил, “Фан”) бундай матн нуқсонлари юзлаб топилишини айтсак, миллатимиз чинакам синчков олимларга муҳтож эканлиги маълум бўлади. Буни ҳам ёшлар билишлари лозим.
Қизиқтиришнинг иккинчи усули: ёшларни жиддий равишда комилликка чорлашдир. Айтиш мумкинки, мумтоз адабиёт жавоҳирлар кони. Бу хазинага тушганлар ахлоқ-одоб жаннатига тушадилар ва ҳақиқий адабий-эстетик лаззат туядилар, ҳис-туйғулари, мушоҳадалари баркамол Шахс бўладилар. Бунинг учун улар аввало ўз олдиларига юксак орзу қўйиб олмоқлари керак. Юксак орзусиз бола – одам эмас! Одам ҳайвондан орзулари билан ажралиб, фарқ қилиб туради. Ватанга Шахслар керак! Шахс бўлиш учун ҳар томонлама мукаммал билим керак. Шахс – инсоният гултожи! Эй фарзанд, келажакнинг масъулиятли фуқаросисан, деб эслатиб турайлик ёшларга!
“Навоий ва Бобур асарларининг туб моҳиятига етиш учун уларни тушуниб ўқиш керак”. Бу – ҳақ гап. Бироқ бунинг ҳозирча иложи, имкони жуда оз. Бунинг учун Навоий ва Бобур асарларининг асосий қисми ҳозирги ўзбек адабий тилига табдил қилиниши керак. “Хамса” достонлари, “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва “Бобурнома” табдили бор, холос. Мумтоз адабиётни китобхонга етказишнинг кўплаб усулларини ўйлаб топмоғимиз лозим. Профессор Анвар Ҳожиаҳмедовнинг “Хамса” достонларини ҳикоя қилиш асосидаги янги талқинларини мен табриклайман. Бу “Хамса” “Янги аср авлоди” нашриётида 4-5 маротаба қайта нашр этилди. Энди бу эстафетани “Шарқ” ҳам давом эттира бошлагани жуда яхши иш бўлди.
Энди дадиллик билан “Хамса” достонларининг жанрини сақлаган ҳолда ҳозирги тилга ўгириш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолди. Муаммо шундаки, олимларимиз халқдан Навоий ва Бобур асарлари аслиятини тушунишни талаб қилмоқдалар. Табдилга юзлаб айб қўймоқдалар. Тўғри, буюк ижодкорларнинг йирик ҳажмдаги асарларини ҳозирги ўзбек тилига ўгириш асносида хатоликларга ҳам йўл қўйилиши мумкин. Шунинг учун табдилни мукаммаллаштирайлик, саралайлик! Ҳолбуки, ўзлари олим бўлатуриб, асл матнни тўғри ўқиёлмаяптилар-у, малакасиз, луғат билмайдиган китобхонга даҳоларни аслиятдан тушуниб олинглар, демоқдалар. Ана холос! Билим босқичма-босқич эришиладиган жараён бўлади. Китобхон аввал асарнинг ҳозирги тилдаги табдилини ўқисин, қизиқса, аслиятга интилади…
“Адабиёт” фанидан сабоқ бераётган муаллимларнинг мумтоз адабиёт борасидаги билимлари талаб даражасида эмас”лиги қанчалик аччиқ бўлмасин – бу ҳақиқат. Бунга ҳам биз, табдил душмани бўлган олимлар айбдормиз. Навоий ва Бобурни уларга ҳам аввал табдилда тушунтириш лозим. Минг таъна қилмайлик, улар аслият нашрини ўқимайдилар. Бу соҳада юз йилни зое қилдик, десам муболаға бўлмас. Агар биз олимлар, Навоий ва Бобур дўсти, халқ дўсти бўлсак, биринчи навбатда Навоий ва Бобур асарларининг жанрини сақлаб, ҳозирги тилга тўла табдил қилмоғимиз керак. Шундагина ўқитувчи ўқийди, ўқувчи ўқийди, миллат ўқийди.
Республика мактаб, коллеж ва лицейларидаги тил ва адабиёт ўқитувчиларининг тенг ярмини мен ҳайдовчига ўхшатаман. Улар диплом олгач, бадиий асар ўқиш ва ёдлашни йиғиштириб қўйиб, фақат тирикчилик кўйида куймаланадилар. Лекин уларни ҳам ғалвирга солиш пайти яқинлигини қайд этгим келади. Ўзига талабчан бўлмаган адабиёт ўқитувчисига куни қолган миллатга раҳмим келади.
Устозлар, ўз-ўзимизга талабчан бўлайлик! Бу ўриндаги талабчанлик Навоий ва Бобур асарларини луғат орқали мукаммал ўқиб чиқиш ва юзлаб шеърларни ёд билиш демакдир. Бунинг устига, устозга таъмагирлик эмас, талабчанлик фазилат!
– Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз адабиётини ёритиб турган икки ёруғ юлдуздир. Уларнинг замондош бўлиши, битта асрда яшаши Яратганнинг буюк ҳикмати бўлса ажаб эмас. Ижодининг илк босқичларида Навоий Бобур учун унинг ўз таъбирича айтганда, “назири йўқ устод” вазифасини бажарган. Тарихий китоблар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзаро мактуб ёзишганлари ҳақида маълумот беради. Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома” асарида Навоийдан мактуб олгани ҳақида ёзар экан, “Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда Алишер тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида туркий байт айтиб, битиб йибориб эдим. Жавоб келгунча тафриқа ва ғавғо бўлди”, деган сўзларни келтиради. Мазкур асарида Алишер Навоий ижоди ва шахсияти ҳақидаги фикрларини очиқ-ойдин ёзгани, Навоийнинг туркий тилда битган ғазалларига юксак баҳо бергани ҳам унинг Навоийга бўлган чуқур эҳтиромидан далолатдир. Лекин айни пайтда Бобур ростгўй танқидчи ҳамдир. Чунончи у Навоий рубоийларининг вазнлари ҳақида фикр билдирар экан, айрим ўринларда хатолар борлигини таъкидлайди. Шунингдек, буюк шоирнинг форсий девонидаги ғазаллар анча бўш эканини айтади: “Яна “Мезон ул авзон” номли аруз китобини битган, анча мулоҳазаталаб: йигирма тўрт рубоий вазнининг тўрт вазнида хато қилган. Баъзи баҳрларнинг вазнларида ҳам янглишган. Бу аруздан хабардор одамга маълум бўлади. Форсий девон ҳам тартиб берган. Форсий назмда “Фоний” тахаллусини қўллаган. Баъзи байтлари ёмон эмасдур. Бироқ аксари суст ва бўштобдир”. Умуман олганда, Бобурни Алишер Навоий асарлари ҳақида танқидий фикр билдирган кам сонли ижодкорлардан бири дейиш ҳам мумкин.
– Бобурнинг Алишер Навоийга нисбатан танқидий муносабати сири ҳозиргача кенг оммага маълум эмаслигида биз олимлар ҳам айбдормиз. Маълум бир асарни баҳолашда икки хил фикр бўлади. Биринчиси, умум илм аҳли фикри. Иккинчиси, шахсий фикр.
Аввало, Бобурнинг рубоий вазнидаги Навоий хатолари ҳақидаги фикри бир жиҳатдан андишаталаб. Котиб хатосини Бобур Навоий хатоси деб ҳисоблаган. Арузшуносларимиз бу масалага қизиқиб, обдон текшириб кўрганлар ва Бобур хулосасига қўшилмаганлар. Навоий котибларининг кўпчилиги форсийзабон кишилар бўлганини ҳисобга олсак, буни тушуниш қийин эмас.
Бобурнинг “Девони Фоний” ҳақидаги танқидий фикрига келсак, бунда ҳам икки жиҳатни ҳисобга олмоқ жоиз. Биринчидан, бу танқид Бобурнинг шахсий фикри. Бу – умум илм фикри эмас. Навоий замондошлари, устоз ва шогирдлари, кейинги асрлардаги форсийзабон олимлар, эрон олими Саид Нафисий ва академик Абдулғани Мирзоевлар “Девони Фоний” ҳақидаги тадқиқотларида Навоий шеърларини Ҳофиз ва Саъдий шеърлари даражасида маҳорат билан ёзилганлигини қайд этганлар. Улардан бирор киши Бобур фикрини ёқламаган.
Иккинчи бир жиҳатни мулоҳаза қилайлик. “Хазойин ул-маоний” барча темурий ҳукмдорларга совға тариқасида элчилар орқали юборилган. Бобур Навоийнинг она тилидаги шеърлари болидан баҳраманд бўлиб камол топган шоир. Афтидан у 1506 йили Ҳиротга келгандан сўнг “Девони Фоний” билан танишган ва иккинчи тилдан Бобур аввалги асални топа олмаган. Асал еб юрган одам шакарни писанд қилмайди. Қолаверса, жаҳон Бобурдай иккинчи бир қаттиққўл адабиётшуносни билмаса керак. Унинг бирор шоир ҳақидаги “Ёмон ёзмайдур” деган баҳосини олий даражадаги мақтов тарзида қабул қилмоқ керак. Масалан, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” достонига ниҳоятда салбий баҳо беради. Уни ўқиган кишининг Муҳаммад Солиҳ шеъриятидан кўнгли совийди, дейди. Шунингдек, достондан биргина тузук байт топади:
Бўлди Танбалга ватан Фарғона, Қилди Фарғонани танбалхона.Ҳолбуки, мен Муҳаммад Солиҳни Муҳаммад Шайбонийхон маддоҳи сифатида қанчалик ёмон кўрмайин, унинг достонини мақтагим келади. У ўн етти ёшли Бобурни илк маротаба ўз достонига қаҳрамон қилиб олди ва унинг ҳаққоний, тўлақонли ижобий образини яратди. Бироқ достонни даштли ўзбак ўқувчиси дидига мослаб ёзганини ҳам инобатга олмоқ керак бўлади. Муҳаммад Солиҳни умрида бир маротаба кўрган Бобур эса уни ярамас, золим деб баҳо беради. Алишер Навоийнинг Муҳаммад Солиҳга берган баҳоси ҳам ижоди, ҳам шахсига нисбатан ижобийдир.
Демак, Бобур фикри билан умум фикри кескин фарқ қилмоқда…
– Мақсуд Шайхзоданинг Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур муносабатларига доир сўзлари кўпчиликка ёд бўлиб кетган: “Албатта, Навоий Бобурсиз Навоий бўлиб қолди, лекин Бобурни Навоийсиз тасаввур қилиш қийин”. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Навоий яратган адабий ва шеърий анъаналарнинг давомчиси саналади. Айтайлик, Навоий шеърий вазнлар хусусида “Мезон ул-авзон” асарини ёзган бўлса, Бобур аруз қоидалари ҳақида “Муфассал” номли бебаҳо асарни битди. Маълумки, Навоий ижодида ҳаёт моҳиятини англашга уриниш истаги устунлик қилади. Шоирнинг қатор достонлари, “Тарихи ҳукамо ва анбиё” номли тарихий асари, айниқса фалсафий мазмундаги “Лисон ут-тайр” достони шундан дарак беради. Айни хусусиятдан Бобур ижоди ҳам ҳоли эмас. Чунончи, у исломий ақидалар, шариат қонунлари ҳақида “Мубаййин” номли асарни яратди. Темурийлар салтанатида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг “Волидия” асарини катта қунт билан таржима қилди.
“Бобурнома”да у ҳатто мана шу асар хосияти туфайли оғир хасталикдан тез кунда оёққа турганини баён қилган. Навоий ва Бобур ижоди ўртасида муштарак жиҳатлар борлиги кўпчиликка маълум. Лекин айни пайтда бу икки муҳташам ижод олами ўртасида бир-биридан фарқ қиладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Мисол учун, гарчи улар ўртасида давр нуқтаи назаридан катта фарқ бўлмаса-да, “назмий тиллари” турлича. Навоийни тушунишимиз қийин-у, Бобурни осонроқ тушунамиз. Ғазалларининг вазнлари эса бир-биридан кескин фарқ қилади. Навоий ижодида тўққиз байтдан кам ғазалларни деярли учратмайсиз. Бобур ғазаллари эса олти ёки етти байтли, беш байтлилари ҳам бор. Бу тафовутнинг сабаби нимада?
– Бобур ва Навоийнинг дин, дин арбоблари ва аҳкомларига муносабатларида ҳам яққол сезиларли фарқлар бор. Бобур – мусулмони комил, фиқҳ олими, дин ва пирларни икки олам халоскорлари, нажоткорлари деб биладиган, дин амалиётига катта аҳамият берадиган шоҳ. Дин уни кўпроқ амалий фаолият жиҳатидан қизиқтиради. Бобур динга чуқур кирмоқчи эмас, Навоий сингари сўфий ва тасаввуф арбоби ҳам эмас. Шу жиҳатдан уларнинг қарашлари бир-биридан фарқланади. Агар Бобур тасаввуфга қизиққанида эди, Бадриддин Ҳилолийнинг “Шоҳу дарвеш” достонига (жинсдош ошиқлар масаласи) танқидий ёндашмаган бўларди. (Композиция ҳақидаги фикрида Бобур ҳақ, албатта) Кишилар ҳақида келажак одамларига маълумот беришда Бобурни дунёвийлик, Навоийни сўфиёна сеҳрлилик банд этади. Буни муҳтасиб Шайх Ҳусайннинг Бобур ва Навоий талқинидаги кескин фарқи кўрсатиб туради.
“Бобурнома”дан: “Яна Мавлоно Ҳусайн Шайх эди… Ҳикмат илмини, ақлий илмлар ва калом (“Қуръон”) илмини яхши биларди. Оз сўздан кўп маъно топиб, диққат билан нозик фикр юритмоқ унинг ихтиросидир… Муҳтасибликни (диний ва дунёвий тартиб назорати) ҳам ҳеч ким ундан яхши бажарган эмас. Султон Абусаид мирзога яқин бўлгани туфайли Султон Ҳусайн мирзонинг замонида шундай мислсиз кишини таҳқирладилар”.
“Насойим ул-муҳаббат”дан: “Ҳусайн Шайх Исмоил ота фарзандларидиндур. Мустаҳсам муомалалиқ киши эрмиш. Халқ анинг атворига маҳлиё бўлубтурлар. Дунё асбоби сари майл қилмайдур. Бовужуди фахр ўзни ул навъ ғаний кўргузур эрмишки, халқ риоят йўлин топмаслар эрмиш. Оламдин ўтган замонида (нақл қиладиларки) элдин ғойиб бўлғондур. Ҳозир бўлғоч боши устида бир қуш қўнғон эрмишки, ҳеч ким ул нақшу ранглик қуш кўрмаган эрмиш. Элни кўргач учубтур, валлоҳу аълам (Аллоҳ энг кўп билгучидир)”.
Бобур Ҳусайн Шайхни жамиятнинг энг фаол шахси сифатида, сўз санъатида соҳир киши тарзида талқин этмоқда. Салтанат ўзгариши туфайли таҳқирланганини баён этмоқда. Навоий эса уни фақр (дарвиш) аҳлига мансублиги ва вафотига доир афсонавий тафсилотлар билан шуғулланмоқда…
Ана шу биргина тарихий шахсга нисбатан Бобур ва Навоий қарашлариданоқ Бобурнинг динга фақат амалиёт тарзида ёндашгани, Навоийнинг динга чуқур кириб кетгани, ҳатто шахсни илоҳийлаштиришга мойиллиги сезилмоқда. Чунки Навоий – сўфий, Бобур – подшоҳдир!
Бобур ва Навоийнинг “назмий тиллари” турличалиги ҳам тўғри. Бунинг сабабини мен бундай мушоҳада этаман: ҳамма замонларда ҳам подшоҳ шоирлар китобхонни кенг халқ оммаси деб тасаввур этган ва омма тушунсин деган андишада тилнинг соддалигига аҳамият беришган. Бу масаланинг бир жиҳати. Лекин бу билан Бобур ўз маҳоратини пасайтирган эмас. Навоий назарида, афтидан, китобхонлар оммасининг идрок даражасини юксалтириш нияти ҳам бўлган. Навоиёна байтларнинг мазмун қамрови бениҳоят кенглиги, сўз гавҳарига маънолар денгизини жойлаш каби маънавий жасоратлар шоир даҳосигагина хос. Ҳатто ўзининг бу мислсиз улуғворлигини Алишер Навоий лўнда қилиб айтиб ҳам қўйган:
Дур бўлур баҳр ичра пинҳон назмидин шаҳ мадҳида Баҳр ёшурмиш Навоий ҳар дурри макнун аро.Шоҳ мадҳидаги Навоий назмидан хижолат тортиб гавҳар денгизга яширинади. Чунки у (Навоий) ҳар бебаҳо гавҳар (сўз)га маънолар денгизини жойлагандир.
Бобурда бундай улкан даъво йўқ. У шоҳ ва шоир. Яъни, унинг асл орзуси – давлат, ҳокимият. Лекин кўнгил хуши – машқий ижоди билан ҳам Навоий ёнида туриши унинг беқиёс маҳоратидан хушхабардир.
Бобур ҳаётидаги доимий ҳарбий сафарлар, қўнимсизлик, вақт имкони билан боғлиқ ҳолатларга кўра Бобур ғазалларининг байтлари – 5-7 байтли бўлган бўлса ажабмас. Навоий бу томондан ҳамма имкониятга эга эди. Ҳатто девонни барча ҳарфларга тегишли қофияли қилиш ғамини ҳам ер эди у…
Мен Навоий ва Бобурни қайта-қайта синчиклаб ўқиб, шогирднинг устоздан икки маротаба ўзганини кўрдим. Биринчиси, аруз вазнлари талқинида. Навоий “Мезон ул-авзон”да 130 вазн атрофида фикр юритган бўлса, Бобур аруз рисоласида 537 вазнни кашф этган. Ҳатто ҳарфий санъатларни қўллашда ҳам бир маротаба мўъжиза кўрсатган десак бўлади. Санойиъ илмида истихрож (келтириб чиқармоқ) санъати бор. Шоир айтилган ҳарфлардан ёки сирли (назарда тутилган-у, айтилмаган) ҳарфлардан сўз яратади. Айниқса, қуйидаги байтларда нарсалар айтилган-у, уларнинг ўхшаш ҳарфлари айтилмай “Оллоҳ” сўзининг яратилгани истихрож санъатидаги Бобур ихтироси, “сеҳри ҳалоли”дир.
Қадди била икки зулфу оғзи Жонимға бало бўлубтур “Оллоҳ”.Қад – алиф, икки зулф – икки лом, оғзи “ҳ”дир. Шу ҳарфлар йиғилса Оллоҳ сўзи ҳосил бўладики, Навоий тирик бўлса-ю, бу байтни ўқиса, қойил қолиб “Оллоҳ-Оллоҳ!” деб ҳайрат изҳор қилиши мумкин эди!
– Алишер Навоий “Муҳокаматул- луғатайн” асарини ёзиб, туркий тилнинг тарихий нуфузини тиклаб берди. Мазкур бебаҳо асарда у туркий тил феномени борасида тўхталиб, туркий фольклор ва этнографиянинг бойлиги ҳақида сўз юритди, туркий тилнинг ички имкониятларини, афзалликларини кўрсатиб берди. Хўш, она тилига муносабат масаласи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида, ҳаёт тарзида қай шаклда намоён бўлган? Маълумки, бир сафар Бобур ўғли Ҳумоюнга мактуб йўллаб, уни ёзиш услубининг баландпарвозлиги, ортиқча такаллуфлари учун койийди. Бундан кейин тушунарли ва равон ёзишга ундайди. Ҳолбуки, Ҳумоюн мирзо Бобурийлар салтанатининг вориси эди. Унинг учун равон жумла тузишдан ҳам муҳимроқ ишлар, айтайлик, сиёсат илми ва ҳарбий санъатларни пухта эгаллаш каби масалалар ҳам бўлганлиги шубҳасиз. Лекин подшоҳ отанинг ворис ўғлига ёзган мактуби уни тил ва ёзув масаласига жиддий ёндашувга даъват этишдан бошланади.
– Гарчи Бобур Навоий каби тил ҳақида махсус асар ёзмаган бўлса-да, қомусий “Бобурнома”да тил ва тилшуносликка оид ўз мулоҳазаларини баён этган. Ҳатто бу соҳада кашфиёт ҳам қилган. Учта турли тиллар оиласига мансуб тилларни қиёсий ўрганиш жаҳон тилшунослигида Бобурдан бошланган десак муболаға бўлмайди.
Бобурни кўпроқ этимология сўзларнинг келиб чиқиш тарихи қизиқтиради ва бу соҳада ўрнак бўларли янги илмий хулосаларни ўртага ташлайди. Бундан ташқари сўзлардаги ассимиляция ва диссимиляция ҳодисаларининг турли тиллардаги амалиётига ҳам қизиқади.
Янги ёзув ихтиро қилгани эса Бобурнинг новатор тилшунос сифатидаги ўктам қиёфасини намоён этади. Бобур наздида маҳорат шеърни ортиқча бежаш ва мураккаб ёзишда эмас. Бобур маҳоратли тилшунос бўлганлиги боис содда ва аниқ фикр назоратида маҳорат кўрсатишни муҳимроқ деб билади.
– Мумтоз адабиётни ўрганиш жараёни тадқиқотчидан чуқур билим, сабр-тоқат ва мустаҳкам иродани талаб этади. Чунки арабий имлодаги қўлёзма асарларини ўқиш осон юмуш эмас. Яхши адабиётшунос бўлишни мақсад қилган, мумтоз шоирларимиз асарларини нашр этиш чоғида йўл қўйилган хатоларни тузатишга бел боғлаган инсон эса матншуносликдан ҳам яхши хабардор бўлиши зарур. Сўрамоқчи бўлганим шуки, бугунги ёш тадқиқотчилардан кўнглингиз тўляптими?
– Йўқ. Матн яратиш соҳасида 1970 йилги ҳолат билан ҳозирги нашрлар (мумтоз адабиёт ва тарихий манбалар назарда тутилса) орасида нуқсонларга бойлик жиҳатидан айтарли фарқ кўрмаганимдан ғоят афсусдаман. Бунда кексаю ёшни ажратмаяпман. Бироқ ноумид шайтон. Биздан кейингилар биздан ақллироқ, донишмандроқ бўлишлари, биздек чалалик балосидан қутилишларига ишонаман.
– Истиқлол йилларида барча соҳалар каби адабиётга муносабат борасида ҳам янгиликлар рўй берди. Мумтоз шоирлар ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини тўлиқ шаклда нашр этиш ишлари йўлга қўйилди. Алишер Навоийнинг “Мукаммал асарлар тўплами” қайтадан нашр этилди.
Муаззам “Бобурнома”нинг сиз ва Каромат Муллахўжаева томонидан ҳозирги ўзбек тилига табдил қилинган янги нашри амалга оширилди. Айтиш мумкинки, бу асарнинг барчага бирдек тушунарли бўлган шаклда нашр этилиши Бобур ижоди, шоир яшаган мураккаб тарихий шароит ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлиш учун имкон яратди. Умуман олганда, бундай ишлар давомли бўлиши керак. Заҳматкаш олимларимиздан эканлигингиз кўпчиликка маълум. Сир бўлмаса, айни кунларда қандай режаларни амалга оширяпсиз?
Истиқлол йилларида ўзбек мумтоз адабиёти намоёндалари асарларининг тўлиқ нашрлари чоп этилгани юзаки қараганда хушхабар ва кишини хотиржам қилгудек воқеа бўлиб кўринади. Аммо Алишер Навоийнинг йигирма жилдлик ва ўн жилдлик куллиётлари менинг матншунослик нуқтаи назаримда, яъни шахсий фикримча, яроқсиз нашрлардир.
Мен йигирма томлик ҳақида “Маърифат” газетасидаги (9 феврал, 2005 йил) мақоламда, томликка икки жилд тузатиш илова қилиш керак, деб даъво қилган эдим. Ўша тузатишларнинг асосий қисмини мен кейинги ўн жилдликка киритсам ҳам нашр барибир эпақага келмади. Ҳар бир жилдда юзлаб нуқсонлар содир этилган, юзлаб сўзлар 2, 3, 4, 5, 8 хил ёзилган нашр ҳақида мен ижобий гап айтолмайман.
Куни кеча “Бобурнома”нинг ҳозирги ўзбек адабий тилидаги табдили иккинчи маротаба нашр этилди. “Ўқитувчи” нашриёти бизни огоҳлантирмай такрор нашрни амалга оширган. Мен ҳам, олима Каромат Муллахўжаева ҳам бармоқ тишлаб қолавердик. Беш йил бурун йўл қўйган нуқсонларимизни бу нашрда тузатиш имкони бизга берилмади.
Чунончи Бобурнинг машҳур тошбитиги Бобур қўли билан тошга ўйиб ёзилган-у, мен буюриб ёздирган, деганман. Шунда яна бир жиддий нуқсоним бор: матнни “Гулистон”дан деб кўрсатганман, ҳолбуки “Бобурнома”да зикр этилган уч байт шеър “Бўстон” асаридан экан…
Кароматхон ҳам асар аслиятига ишониб, Бобур Иброҳим Лўдийнинг отасига ер-мулк берганлигини айтганлар. Ҳолбуки, унинг отаси аллақачонлар ўлган, ер-мулк унинг онаси Буъага берилган эди…
Бундай жиддий нуқсонларни бартараф этишни учинчи нашрга сақлаб қўйишимизга тўғри келди. Узр ва афсус!
– Суҳбатимиз якунида “Ёшлик” журнали мухлисларига тилакларингиз…
– Мен “Ёшлик” журнали мухлисларига – Сиз буюк имкониятлар замонида яшаяпсиз, ўз олдингизга касб маъносида улуғ орзуни қўйинг ва умрбод унга интилиб, етиб, касбингизни санъат даражасига етказиб жаҳон илм-фанига янгиликлар киритинг, ҳаёт-мамот масаласи – ахлоқ-одоб эканлигини билинг, ахлоқ жаннатига шу дунёда киринг, дейман. Ахлоқсиз одам миллиардер бўлиши мумкиндир, аммо бахтли бўлолмайди.
Кенг маънода маърифатли бўлинг, маърифатсиз одам ўзини жоҳилликка мубтало қилган шўрликдир.
Суҳбатдош: Гулноз Мўминова
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 2-сон.