Йирик корхонада раҳбар бўлиб ишлайдиган, салобатли қўшнимизнинг негадир на шахсий ва на хизмат машинасидан фойдаланмай қўйгани, “дом”имиздан беш-олти бекат наридаги ишхонасига яёв қатнаётганини кўрган қўни-қўшнилар бу ҳолни ўзларича изоҳлай бошлашди. Бироқ кўп ўтмай унинг ўзи барча “миш-миш”ларга чек қўядиган асл сабабни айтди: “Бўғимларим зирқирайди, юрак қурғур ҳам панд бера бошлади. Шифокорлар кўпроқ тоза ҳавода пиёда юринг, камҳаракат бўлманг, акс ҳолда соғлиқни бой берасиз, дейишди”.
Қўшнимизнинг ушбу важини уйимиздагилардан эшитиб, кўпқаватли биноларда яшовчиларнинг соғлиғи ҳақда ўйланиб қолдим. Чунки бу муаммо кўп қатори менга ҳам тегишли. Шу боис охирги марта қачон бамайлихотир пиёда юрганимни хаёлимга келтирмоқчи бўлдим, бироқ эслолмадим. “Дом”дагиларнинг турмуш тарзини ўзимча тасаввур этиб кўрдим: камҳаракатлилик, турғун ҳаёт тарзи деярли ҳаммамизга хос. Ишонмайсизми? Мана қаранг, эрталаб туриб бадантарбия қилишга одатланганлар кўпчиликни ташкил этади, деёлмайман. Вақт зиқлигидан нонуштага-да зўрға улгурамиз баъзида. Шоша-пиша уйдан чиқамизу машинамизга ўтирамиз ёки бўлмаса яқиндаги бекатдан транспортга чиқамиз. Ўқиш ёки иш жойига келгач, тўрт девор ичида ўқиб, ишлаб кунни ўтказамиз. Қош қорайганда уйга келамизу, телевизорга кўз тикиб овқатланамиз, кейин ухлагани ётамиз. Одатда, шаҳарда яшовчиларнинг куни шу зайлда ўтади. Дам олиш кунлари-чи, дерсиз. У кунлар ё тўй-ҳашам, меҳмондорчиликка борамиз-да (пиёда эмас, албатта) еймиз-ичамиз ёки уззукун диванга ястаниб телевизор кўриб ҳордиқ чиқарамиз. Ойлар, йиллар шу таҳлит ўтаяпти. Югур-югур билан шивалаб ёғаётган ёмғирни, баргларнинг алвон тусини, биринчи қорни, ниш урган илк майсаларни пайқамаймиз ҳатто. Фурсат йўқ, юмуш бисёр, деб оқлаймиз-да ўзимизни. Аммо шу йўсиндаги ўта камҳаракатли турмуш тарзи соғлиғимизга қанчалик зиён етказаётганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, умуртқа касалликлари, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар, иммунитет заифлашиши, ортиқча вазн, сурункали чарчаш сингари бир қатор хасталикларнинг пайдо бўлишига айнан камҳаракатлик замин яратар экан. Аниқланишича, қандли диабет ҳам нисбатан кўпроқ ҳаракатсиз турмуш тарзига одатланиб қолган одамларда учраркан. Энг ёмони, бу касалликлар вақт ўтиши билан безовта қила бошлайди. Шунинг учун уларга қарши курашни киши ёш чоғидан бошласа мақсадга мувофиқ бўларкан.
Афсуски, ота-оналар фарзандларини билиб-билмай дангасаликка ўргатиб қўйишади. Эркатойини бир қадам наридаги мактабга ё боғчага машинада олиб боради, вақт топса олиб қайтади. Бундай доимий ғамхўрлик билан ҳали суяги қотмаган болани камҳаракатликка кўниктириб қўйиш ҳеч гап эмас. Тўғри, вақтни тежаш, оғирни енгил, мушкулни осон қилишда автоуловларга тенг келадигани йўқ. Қолаверса, уларнинг кўпайиши фаровонликнинг, тараққиётнинг бир белгиси. Бироқ машиналарнинг шаҳар ҳавосининг ифлосланишига қўшаётган “ҳисса”сидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Кенг, равон кўчаларимизни тўлдириб юрган транспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли тутунлардан шаҳар экотизими ҳам, аҳоли ҳам бирдай азият чекади. Аслида бу жаҳондаги барча йирик шаҳарларнинг долзарб муаммоси. Боз устига, бир кунда икки-уч километр пиёда юришни хаёлига ҳам келтирмайдиган, аксинча, автоуловларга “қарам” бўлиб қолган шаҳарликларнинг камҳаракатликка мослашиб қолаётгани ташвишли ҳол эмасми?
Хўш, ушбу муаммонинг, жилла қуриса, бироз олдини олишнинг иложи борми? Эҳтимол транспорт воситаларини зарарсизроғига алмаштириш самара берар? Масалан, велосипедларга. Кўпгина ривожланган давлатларда бу икки оёқли ускунадан аллақачон ҳар куни ишлатиладиган транспорт воситаси сифатида кенг фойдаланилади. Унда ишга, ўқишга, дўконга, сайрга бориш одатий ҳол. Бизда велосипедни, айниқса, ўқувчи-ёшлар орасида оммалаштирилса ўринли бўларди.
Аввало, велосипедлар атроф-муҳит учун безиён. Бундан ташқари, биламизки, уни ҳайдаш жисмоний куч талаб қилади. Ўқувчи-ёшлар орасида эса ҳамманинг ҳам спорт тўгаракларига қатнашишга хоҳиши ёки имконияти бўлмаслиги мумкин. Мактабга бориш ва қайтишда велосипеддан фойдаланган ўқувчи ёки талаба организми учун зарур бўлган бир кунлик ҳаракатни амалга оширади. Куннинг асосий қисмини синфхонада ёки аудиторияда ўтириб ақлий меҳнат билан ўтказадиган ёшлар учун бу айни муддао эмасми? Шу тариқа ёшликданоқ мунтазам ҳаракатда бўлишга кўникиш мумкин. Серҳаракатлик уларда кейинчалик учрайдиган турли хил хасталикларнинг олдини олишини ҳисобга олсак, ёшларга велосипед ҳайдашни тарғиб этиш орқали уларни соғлом турмуш тарзига ундаган бўламиз.
Албатта, велосипед ҳайдашни оммалаштириш учун йўлларнинг икки четида махсус йўлаклар зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Бундай йўлаклар велосипедларнинг бошқа транспорт воситаларига ва пиёдаларга халақит бермаслиги ҳамда хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам зарур. Бундан ташқари, кўпқаватли тураржой бинолари, ўқув масканлари, идоралар ёнида велосипедларни қўйиш учун ҳам махсус жойлар ажратиш лозим… Демак, бу борада қилинажак ишлар талайгина.
Нима бўлганда ҳам, туман бойлигимиз бўлмиш соғлиқни, она шаҳримиз ҳавосининг мусаффолигини сақлаш ўз қўлимизда. Бугун фарзандининг соғлом ўсиб вояга етишини ўйлайдиган ота-она унга қимматбаҳо телефон олиб бергани маъқулми ёки велосипед?.. Ўзимиз-чи, қачон охирги марта тўрт-беш бекатни яёв босиб ўтганмиз ёки велосипедда сайр қилганмиз? Ҳарқалай, ҳозир айни вақти: куз тароватини машинаю автобуслардан қараб туйиб бўлмаса керак.
Моҳира Отабоева
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 46-сонидан олинди.