Мен у билан кеча танишдим. У деҳқон, бироқ бош кийимини ечса ҳам, гўё соясидан ҳеч халос бўлолмагандек қовоғи очилмай турадиганлар тоифасидан. Бош деганлари ҳам ўша жонсабил шляпа билан қапишиб, худди бир бутун бўлиб кетгандай эди. Башара… бу башарага тикилиб туриб, шляпани асло бош зийнати деб таърифлаб бўлмагай, билъакс у қандайдир зарурат, бор маънию ҳаловат. Деҳқоннинг қорамағиз чувак юзини ёрқин қуёш нурлари нурафшон этгандай туюлса-да, унга чуқур қайғу кўланка ташлаганди. Белидаги қизил, кўк безакли кенг белбоғида алвон ранг¬ли рўмолчага ўралган тўрт песою тўқсон сентаво дўппайиб турганига қараб, ғирт жайдари, оми, ғаму ташвишсиз одам бўлса керак, деган хиёлга борасан. Лекин унда ҳарнечук мен бурун сира учратмаган бир ғайритабиий хусусият бор эди: у жилмая олмасди.
Қиёфаси керагидан ортиқ жиддий, бироқ бу калондимоғлигидан эмас, балки чап ёноғининг юқори қисмидан то иягининг ўнг томонига қадар чўзилиб кетган тиртиғи борлиги сабаб. Ҳазил-мутойибага ўч кимсанинг кулиш бахтидан мосуволиги сабаб тошдай қотиб, ҳиссиз қиёфа ила сўзлашини кўриш ғоят душвор экан. Даврадошлари ўткир ақлига қойил қолиб, қочиримларига ёйилиб кулган маҳал, уларга тикилиб турган жиддий қиёфада чуқур қайғую аччиқ истеҳзо зоҳир бўларди. Баайни, ўша дамларда бечоранинг кўнглидан “Манавилар ҳойнаҳой менинг ҳазилимга эмас, турқимга қараб кулишаяпти. Ҳа, уларни шу кўпроқ завқлантирмоқда!..” деган ўйлар ўтаётгандир эҳтимол.
Магар шу деҳқон қандайдир асар қаҳрамонига айланиб қолгудай бўлса, ўша асар мукаммаллигу мураккабликда Гюгонинг “Кулмайдиган одам” асари билан бемалол беллашган бўларди. Бироқ ҳақиқий ҳаётда бари бошқача бўлади, бу кимсанинг қисмати тўқиб ёзилган хаёлий-саргузашт романлари қаҳрамонларининг тақдиридан ғайритабиийлиги билан мутлақо фарқ қилади.
Унинг ўзи ҳам ҳаётини ҳикоя қилмоқликни ёқтираркан. Гарчи ҳикоясини ўз хоҳиши билан айтиб берса-да, тингловчида истар-истамай, гўёки сўзлаш оғирлигидан оғрингандай таассурот уйғотарди. У нимаики гапирмасин, ким чакагини деярли иккига айириб ташлагани ҳақида лом-мим демас, назаримда, ҳикоясининг чиройини бузгиси келмасди…
Кутилмаганда оғзидан беихтиёр чиқиб кетган фақат бир сўз туфайли байрам оқшоми юзи сингари ҳаётини ҳам қоқ иккига бўлиб юборгани ойдай равшан бўлди.
“Бариси… бариси ўша машъум тунда юз берди”, — бу сўзлар тинг¬ловчиларнинг кўз ўнгида, шубҳасиз, Кайнамадаги жаҳаннамни гавдалантирди: “Пўлат мачта Вичададаги кўз илғамас қоронғу тунни қоқ иккига айирди…”
Сўзловчининг мунгли товушини тингларканман, юракни сел қилиб юборгудек аянчли, баланд, бироқ қисқа чинқириқни тасаввуримда жамлашга уринаман. Олишувнинг нақ ўчоҚига отилган одамнинг юзида пўлат мачтанинг чақнаётган чақмоғи шундай чуқур из қолдирганки, у қиёфасига абадул-абад ўзгармас жиддийликни муҳрлаб, кулиш бахтидан мосуво қилгани етмаганидай, аччиқ истеҳзони қотириб қўйгани кишини бироз мушоҳадага чорларди. Қолгани эса шундоғам маълум, бари қишлоқдаги байрамларда бўладиган тўқнашувлардаги каби давом этган.
Мен унга “Биродар, қарши бўлмасанг, сен ҳақингда “Зирофа” устунчасида ёзсам?” дедим. У юзимга бир муддат ўйчан тикилиб турди-да, сўнг сўради: “Бу менга қанчага тушади?”
Ҳаммамиз кулиб юбордик. Ҳамма, фақат ундан бўлак. У сиртдан мутлақо пинаги бузилмагандай, ҳиссиз туюлса-да, бироқ бунинг ортида аслида қони қайнаётганини юзага қалқиб чиқишига йўл қўймаслик учун қиёфасидаги ўзгармас жиддийликни сақлашга зўр бериб тиришаётгани шундоққина сезилиб турарди. Юз мушаклари ўзгарса одамлар уни тескари тушунишларидан ҳайиқарди.
Юқорида қоғозга туширилганларининг баридан исталса, кулгили бирор нима топиш мумкиндир. Бу асло мени хавотирга солаётгани йўқ, эҳтимол илк маротабадир, сабаби, бир одам, жилла қурса бир одам ёзганимни кулмай ўқишга қодир.
Русчадан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси