Шанба куни олти ойдан бери хабар олинмаётган дала ҳовлимизга борадиган бўлдик. Ўғлим бўйнидан боғлагандек ортимдан эргашди. Беш яшар неварам Баҳромбек эса учишга қанот тополмай қолди. Ош-овқатдан тортиб то ток қайчи-ю, супургигача оливолдик. Кийимларимиз ҳам алламбало — эгнимда спортчилар кийими. Бошимда кепка, қора кўзойнак. Сўлоқмондай ўғил қизил калта иштон-шортигини кийиб олган.
— Устидан бирор нарса илиб ол, — дедим.
— Нима қипти, мен тенгилар шундай кийинишади, — деди чирсиллабгина.
— Уларнинг танбеҳ берадиган отаси бўлмаса керак-да, — дедим иддао билан.
— Оталари бор. Улар ҳам кепка киядиганлардан, — деди у.
Ўғлим уйда қолиш учун тихирлик қилаётганди. Ҳозир “Йўқол, кўзимга кўринма”, десам-ку, жони киради. Ундай демадим. Ҳап, сеними? Шошмай тур! Бир ер чоптирай, бир ер чоптирай, ана шунда кўрасан гап қайтариш қанақалигини.
Йўлдамиз. Машина радиосидан куй-қўшиқ янграб турибди. Баҳромбекнинг лақаби Тўтиқуш. У одатига кўра, “дода”, “дода”лаб ҳоли-жонимга қўймайди. Тўтиқушнинг отаси — ўғлим Рустамбой режаси бузилгани учун қовоғини осилтириб олган. Чойхонада ўтириши бор экан. Дала ҳовлига боришимизни эшитиб, эрталабдан чиройи очилмаётгани шундан. Набирам эcа чулдирагани-чулдираган:
— Дода, дода, менга йўлда нима олиб берасиз?
— Жим ўтир, рулдаман. Халақит қиляпсан.
— Дода, дода, ана она эчки, — деди у бир пайт елкамдан туртиб, далада ўтлаб юрган бир неча эчкини кўрсатиб, — улоқчалари қани, бўри еб қўйганми?
— Йўқ, болажоним, бу ерда бўри йўқ. Додасининг гапига қулоқ солмагани учун сотиб юборишган бўлса керак.
— Тўтиқуш, жим ўтир, — деди отаси ўшқириб.
Бола бироз тинчиди.
— Дода, дода, — деди яна Тўтиқуш, — менга бўрини кўрсатинг, хўп денг, хафа бўламан бўлмаса…
— Хўп, хўп, учраб қолса кўрсатаман, — дейишимни биламан яшил йўлчироқ липиллаб қолса бўладими! Бир, икки — сариқ. Ўтдим — кетдим…
— Чурр! — авотоназоратчининг ҳуштаги эшитилди.
— Мана сенга бўри, — деди ўғлим набирамни жеркиб. — Камида бир ярим миллионга тушдингиз, ота, — деди у йўл ҳужжатларимни олаётганимда.
— Қанақа бир ярим миллион?!
— Мана кўрасиз-да?!
— Катта сержант Отабеков, — деди автоназоратчи ёнига боришим билан расмий оҳангда ўзини таништириб, — ҳужжатларингиз?!
— Марҳамат! — ҳужжатларимни узатдим.
— Қилган айбингизни биласизми?
— Айб иш қилмадим. 8.13, — дедим хотиржам.
— Қанақа 8.13? Қизил чироқда ўтдингиз.
— Сизга шундай кўрингандир анча берида экансиз…
— Менга ўргатаяпсизми?
— Йўқ, сизга ўргатиб бўлармиди…
— Кесатманг.
У ҳужжатларимни олиб қўйди-да, қалам- қоғозини олиб ёзишга тайёргарлик кўра бошлади. Ўғлимнинг бир ярим миллион, дегани эсимга тушиб жон ҳолатда қўлига ёпишдим.
— Укажон, ёзманг, мен қизилда ўтганим йўқ. 8.13. Ана ўғлимдан сўранг.
— Машина ичидаги одам гувоҳликка ўтмайди. Сиз қизилда ўтдингиз.
— Йўқ, сариқ чироқда ўтдим. Ахир, тормоз берганимда ҳам… Ука, отингиз нима?
— Сиз учун автоназорат ходимиман. Ҳозиргина айтдим, катта сержант Отабековман.
— Бундан ҳам катта бўлинг, болам, мени ялинтирманг. Ахир, мен йўлчироқдан ўтаётганимда сариқ ёнган эди. Сиз қарагунингизча қизил бўлиб қолгандир-да.
— Мен ҳам қизил, деяпман-ку!
— Мен сариқда ўтганимни исботлаш учун нима қилишим керак?
— Исбот қилолмайсиз, исбот қилолмайсиз! — деди у масхараомуз қийқанглаб.
— Исбот қилсам-чи? Аниқ 8.13-моддага мувофиқ иш тутдим. Бирдан тормоз бера олмасдим. Орқа ўриндиқда жонимдан ҳам азиз неварам бор эди. Шундай қилганимда у зарбдан олдинги ўриндиққа келиб уриларди, ё бўлмаса… Фалокат рўй беришини кўра-била туриб, бундай қилолмасдим. Ҳаммасини ўйладим. Шунинг учун тормоз бермадим.
— Мени қизиқтирмайди. Қизилда ўтдингиз.
Шу пайт Тўтиқуш машина ойнасидан бошини чиқариб қичқирди:
— Дода, бўрини кўрсатинг, хафа бўламан бўлмаса…
Ўзим бўрининг оғзидаги қўзичоқ аҳволига тушиб турганим учун, жон аччиғида: “Мана бўри!”, деб ёнимдаги сержантни кўрсатиб юборай-юборай, дедим-у, тийилдим. Ахир, унда нима гуноҳ. Хизматини бажараяпти…
— Жим бўла-а! — дедим ҳалиям ходимнинг билагини қўйвормай.
Зардали овозимни эшитиб, ўғлим машинадан тушиб ёнимизга келди. У нимадир демоқчи бўлганди йўл қўймадим.
— Аралашма, ўзимиз ҳал қиламиз, — дедим уни нарироқ кет, дегандек кўкрагидан итариб, сўнг: — Ишонмасангиз ана ўғлимдан сўранг, — дедим хижолатомуз.
— Йўқ, сизлар келишиб олгансизлар. Ўғлингиз гувоҳликка ўтмайди. Мен ҳозир анавилардан бирини чақираман гувоҳ бўлади, тамом, — деди у далада кетмон кўтариб юрган уч-тўртта одам томонга ишора қилиб.
— Улар қандай гувоҳ бўла олади, далада-ку, ахир? — дедим тутақаётган бўлсам ҳам ўзимни босиб.
— Мен айтсам, имзо қўйишаверади.
— Биламан, тўхтанг, ёзманг укажон, пул бераман.
— Пора таклиф қилди, деб ёзаман.
— Илтимос, ёзма, мен айбдор эмасман, — дедим сансирашга ўтиб, — айтдимку, ахир, 8.13 деб.
— Йўқ, қизил, тамом, қизил! Мен аниқ кўрдим.
— Рулда менмидим, сенмидинг?
— Сиз эдингиз!
— Мен бўлсам, гапимга ишон-да, ахир. Сариқда ўтдим, деб бўйнимга олиб турибман-ку!
— Мен қизилда ўтганингизни кўрдим.
— Укажон, кўзинг фақат қизилни кўрса, мен нима қилай?
— Укажон, деманг, катта сержант Отабековман. Хизматдаман. Вазифамни бажараяпман.
— Катта сержант Отабеков, мен ҳам ёзувчиман, аммо мен илҳом келганида ёзаман. Ҳеч кимни хит қилмай ёзаман. Ўқиган одам мазза қилсин, деб ёзаман. Сиз ёзсангиз осмон узилиб ерга тушади, биласизми шуни?! Ундай қилманг, укажон, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бир ярим миллион сўм жарима тўлайманми? Ўйласам, капалагим учиб кетяпти. Опангиз тириклайин ейди-я! Бир ярим миллион-а?! Рўзғорнинг уч ойлик харажати! Қайдан оламан шунча пулни?!
— Ким айтди сизга бир ярим миллион, деб? Мен сизга жарима солаётганим йўқ-ку!
— Нима қиляпсан бўлмаса?!
— Мен бор-йўғи сизнинг номингизга “Қизил чироқда ўтиб кетди”, деб протокол ёзаман, холос! Жаримани эса суд белгилайди. Менинг айбим йўқ.
— Шуни айтаман-да, катта сержант Отабеков! Сен оппоққинасан, бор-йўғи протокол ёзасан. Суддагилар бу воқеанинг устида бўлмаган. Жаримани белгилайди. Тамом, мен чув тушиб қолавераман.
— Бир марта ҳеч нарса қилмайди, кейинги сафар кўзингизга қараб юрасиз.
— Ҳозир ҳам кўзимга қараб юрдим, ука!
— Ука, деманг!
— Кечирасиз, Каттабеков!
— Каттабеков эмасман, Отабековман!
— Кечирасиз, катта сержант Отабеков! Энди шуйтиб, ўтираверамизми?!
— Қўлимни қўйворинг, бўлмаса протокол ёзишимга халақит берди, деб ёзаман.
Қўрққанимдан унинг қўлини қўйиб юбордим. Энди астойдил ялинишга тушдим:
— Жон болам, барака топкур, сени ҳам ота-онанг бордир, умрлари узоқ бўлсин, ҳузурингни кўрсин, ахир, сариқда ўтдим, ишонсанг-чи!
— Хўп, бундай қиламиз, — деди у ниҳоят, бироз ўйланиб тургач бошидаги шапкасини ечиб, қайта кияр экан. — Менга 8.13да нима деб ёзилганини ёддан айтиб берасиз. Агар битта сўз қолдирсангиз ҳам қоидани билмайди, деб протокол ёзаман.
— Раҳмат-ей, болам, — деб юбордим унинг юмшаганини кўриб, — эшит бўлмаса? — Худди муаллими ёнида имтиҳон топшираётган ўқувчидек тантанали оҳангда, «Сариқ ишора ёнганида ёки тартибга солувчининг қўли юқорига кўтарилганида, Қоидаларнинг 2.12 бандида кўзда тутилган жойларда кескин тормоз бермасдан тўхташга улгура олмайдиган транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига ҳаракатни давом эттиришга рухсат этилади», — дедим.
— Яшанг, бу бошқа гап. — деди у бармоқлари калта, лаппак кафтини чўзаркан. Йўл қоидасини биларкансиз-у, жариманинг миқдорини билмас экансиз-да. У сиз айтгандай бир ярим миллион эмас, атиги икки юз эллик минг сўм, отахон, мана ҳужжатингиз.
— Сенга ҳам қойил, ўғлим, — дедим-да, соатга қарадим. Миям ғувиллар, афтидан қон босимим кўтарилиб кетганди. Машина ёнига боргач, ўғлимга:
— Рулга ўтир, уйга қайтамиз, — дедим.
Унинг чеҳраси ёришиб кетди…