Тиллахон опа салкам йигирма йилдан бери ўқитувчилик қилади. ТошДУни битириб келгач, иш излаб кўп овора бўлгани йўқ. Дадаси мактаб директори билан ака-ука чиқиб қолди, ишга жойлади-қўйди. Ҳозир мана шу машҳур шоирнинг номи билан аталадиган мактабнинг муаллималаридан бири.
Турмуш ўртоғи ўзидан анча катта – ҳисобчи. Тўртта фарзанди, икки ўғил, икки қизи бор. Ҳарҳолда ўзига тўқ оила.
Одатдагидек, соат миллари 8:00ни кўрсатди, қўнғироқ чалинди. Зал тинчиб, ўқувчиларнинг шовқинли овозлари хоналар бўйлаб йўқолди. Тиллахон опа синфхонага кириб келиши билан ўқувчилар бирваракайига қўзғалиб салом беришди. Дарс бошланди. Журналга ёзиш, давоматни текшириш каби майда-чуйда ишлардан сўнг, доскага бугунги ўтилажак янги мавзуни ёза бошлади.
– Қани, дафтарларни очамиз. Дарсимиз Она тили. Уйга вазифани ҳамма бажарганми? Дарс охирида дафтарларни йиғиб олиб текшираман. Демак, мавзу: Сифатларнинг озайтирма даражаси. Ёзиб бўлиб ҳамма ручкасини қўйсин ва мени диққат билан тингласин…. Шу пайт эшик очилиб, хушсурат қиз дарсни бўлиб индамай кириб келди.
– Нечинчи синф?
– 6-“Д” – жавоб берди синф сардори.
Юриш – туриши ҳаммани бирдай ўзига тортадиган бу котиба қиз аввал давоматни текшириб, кейин кеча йиғилишда кўтарилган “Атиргул масаласи”ни Тиллахон опага эслатди.
– Опажон, директор айтдилар, ҳозир ҳал қилмасангиз бўлмас экан… Кеча синфингиз учун ажратилган ер майдончасига атиргулни кам экибсизлар.
– Назокатхон, шуни дарсдан кейин ҳал қилсак бўлмайдими? Кеча гул экишга чиқиб, дарс ўтолмадим. Бугун яна шу аҳвол.
– Йўқ, йўқ, асло мумкин эмас, ҳайфсан оласиз-а?! Ҳозироқ ҳал қилинг.
Тиллахон опа ноиложликдан “темир дафтар”ни очиб атиргул учун ким пул бермаганини рўйхат бўйича ўқиди. Ўқувчилар бошини қуйи эгганча, бирин-кетин тура бошлади. Хуллас, дарс тугаганини эслатувчи қўнғироқ бўлди-ю, масала тушдан кейинга қолдирилди. Ўқитувчи катта – катта ҳарфлар билан уйга вазифани ёзиб қўйди: Мавзу асосида машқлар бажариш.
Муаммонинг ечими ўқувчилар билан ечилмади. Ота-оналар йиғилиши ўтказилиб мактаб маъмурияти томонидан ҳомийлар белгиланди.
– Бугун дарсимиз Адабиёт. Хўш, ўтган дарсда уйга вазифа нима эди? – ҳеч бўлмаса бугун дарсни мириқиб ўтарман деган мақсадда ўқувчилардан сўради Тиллахон опа.
Шу пайт кимдир “дарахтларни оқлаш” деб юборди. Синфда кулгу кўтарилди. Ўқитувчининг жаҳли чиқди, лекин болаларда нима айб деб, ўзини овутди. Болалардаги хуш кайфиятни сўндирмаслик учун “Бойчечак ” қўшиғини ҳиргойи қила бошлади. Беихтиёр ҳамма унга жўр бўлди.
Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айронди.
Айронингдан бермасанг,
Қозонларинг вайрондир.
Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.
– Бугунги мавзумиз “Халқ қўшиқлари”. Ҳозир ҳамма бирин – кетин ўзи билган қўшиқлардан айтиб беради. Синфда “Устоз, мен айтай, мен айтай” деган шовқин кўтарилди. Жўшқин, баланд, қувноқ овозларни эшикдан индамай кириб келадиган Назокатхон яна бузди:
– Тилла опа, ҳозир “Йўл ҳаракати хавфсизлиги”дан бир нечта мутахассислар пастда – “Фаоллар зали”да кутиб туришибди. Ўқувчиларни олиб тушаркансиз.
Синфда бирдан норозилик товушлари кучайди.
-Жим бўл, ҳамманг, йўл ҳаракати хавфсизлиги сенга керак, менга эмас! Кейин, бу ерда қонунларни мактаб ўрнатади, сенлар эмас! – деб Назокатхон дўқ- пўписа қилганча чиқиб кетди.
– Хўп, болажонларим, бўлар иш бўлди. Кейинги мавзумиз “Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш”. Ҳар бирингиз ҳеч бўлмаганда биттадан рубоий ёд олиб келинглар. – Ўқитувчининг кайфияти тушган, ўқувчиларнинг шашти қайтган.
– Бугун бекорга бешта китоб кўтариб келибман. Барибир икки соат ўқир эканмиз, – нарсаларини папкасига солаётган олдинги партадаги қиз дугонасига қараб афсусланди.
– Бўлмаса, келишиб оламиз, эртага тўрт соат ўқир эканмиз. Сен иккита китоб олиб кел, мен иккита китоб олиб келаман. Дугонасининг чеҳраси ёришиб кетди:
– Бўпти, келишдик.
Тиллахон опа бу гапни эшитиб нима қилишини билмай, гангиб қолди. Бошига оғриқ кирди. Дарс жадвалига қаради. Бошқа дарси йўқ экан, уйига кетди. Эртаси куни эрталаб “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” томонидан ўтказилган тадбирга кирмагани учун ҳайфсан олди. Устига устак жазо сифатида “ўзбошимча” ўқитувчилар билан биргаликда шаҳарда ободончилик ишлари олиб борилаётганлиги учун катта йўл атрофларини тозалашга жўнатилди. Дарс ўтилмаётган айрим синфларга жавоб берилди, айримларига эса бошқа фан ўқитувчилари дарс ўтиш учун киритилди.
Орадан вақт ўтиб яна янги ўқув йили бошланди. Аҳвол ўзгармаган, нафақат Тиллахон опа, балки барча ўқитувчилар бир соат дарс ўтса, уч соат ташкилий ишлар билан банд бўлади. Кўпга келган тўй. Вақт сувдай ўтиб бораяпти. Тиллахон опанинг сочларига аллақачон оқ оралаган, аммо замонавий бўёқлардан доимо фойдаланиб юрганлиги учун оқ толалар кўзга ташланмайди. Бироқ ажинлар…
Тун ярим кечадан оғган, атроф жим-жит. Фақатгина ой ёруғига маст бўлиб шамолда тебранаётган дарахтлар ва икки кун олдин ўқувчилардан олинган назорат иншоларни текшираётган Тиллахон опа уйғоқ. Дафтар варақлари бирин-кетин қўлдан ўтар, қизил бўёқни камдан-кам ишлатиб, кўк ручка билан хатоларни тўғирлаб, ўқувчиларни анча-мунча аяётган муаллим дарс ўтилмаганлиги, баъзи ўқувчиларнинг саводсизлиги учун ўзини койир, дам-бадам “уфф” тортар, аламини боягина хўжайини дамлаб берган чойни иссиқ-иссиқ ҳўплаб, босишга ҳаракат қиларди. Вақт алламаҳалга етганда, кўзи илиниб ухлаб қолганини билмади….
У синфга яна ёруғ чеҳра билан кириб келди. Эшикни ичкаридан қулфлаб дарс ўта бошлади.
– Биз ўтган йили 6 синфда Алишер Навоий ижодини ўрганиб, “Маҳбуб ул-қулуб” асаридан парча ўқиб, ибратли ўринларини ёд олган эдик. Бугун “Хамса” достонларидан бири “Сабъаи сайёр”ни ўрганамиз. Шу пайт орқароқда диққат билан қулоқ тутиб ўтирган бир ўқувчи қўл кўтарди. Тиллахон опа уни турғирзиб фикрини сўради.
– Устоз, бизга ўтган йили “Маҳбуб ул-қулуб” мавзуси ўтилмаган. Назокат опа сизни нима учундир чақириб кетди. Ўрнингизга Жисмоний тарбия ўқитувчимиз кириб ўтирган эдилар. Кейин математика ўқитувчимиз келиб “Адабиёт, осон фан, ўқиб ўргансанг ҳам бўлади, математика бўлса бошқа гап” деб, Жисмоний тарбия ўқитувчимизни ҳам олиб кетдилар.
Тиллахон опанинг тоқати тоқ бўлди. Ўқишдан раъйи қайтган ўқувчиларнинг кўзларидан кўриниб турган зерикиш аломатларини кўриб виждони қийналди. Ўқитувчилик нонини ҳаллоллашим, номини оқлашим керак, деб бор куч-қувватини, билимини тўплаб дарс ўтишга шайланди.
Аввал Миркарим Осимнинг Алишер Навоийга бағишланган “Зулмат ичра нур” қиссасидан Навоийнинг ёшлиги ҳақидаги қизиқ ўринларни ҳикоя қилиб берди. Ғазалларидан, рубоийларидан ўқиди. Кейин “Хамса”нинг ҳар бир достонидан парча айтиб берди… Эшикдаги тақиллаган овоз гурс-гурс этиб эшитила бошлади. Бу шовқин на ўқитувчи ва на ўқувчилар диққатини бўлар, гўёки улар ҳеч нарсани эшитмаётгандек эди. Дарс соати тугаганлиги ҳақидаги қўнғироқ чалиниши билан бир пайтда ташқаридан эшикнинг қулфи бузилди. Синфга директор, унинг ўринбосарлари, бир неча ўқитувчилар ва Назокат кириб келди. Директор Тиллахон опага иккинчи марта ҳайфсан берилиб, ишдан бўшатилганини айтди. Котиба дафтарчасига қайд қилди. Тиллахон опа жилмайиб туриб, айни вазиятда ўзига ярашган гердайиши билан хонани тарк этди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил 8-сон