Ҳар бир инсон ўзини ўраб турган муҳитдаги яшаш қоидалари асосида ҳаёт кечиради. Бу – аксиомадир, яъни исбот талаб қилинмайдиган қонундир. Олайлик, биз, агар, ўзга мамлакатга сафар қилсак, у ерда қанчадир кунларни ўтказишимиз лозим бўлса, албатта ўша юртдаги шароитга мослашишга мажбурмиз. Акс ҳолда, ўзимизни ўзимиз турли кутилмаган қийин ҳолатларга тушириб қўйишимиз тайин.
Бир куни улкан шаҳримизнинг ўзим яхши билмайдиган қисмига бир иш билан боришимга тўғри келди. Янгигина машинамни миндим. Мўлжалдаги туманга ғириллаб етиб бордим. Лекин, у ёғига қийналдим. Кўчаларнинг номлари ёзилмаганди. Турли одамлардан сўраб-сўраб айтилган даргоҳни топдим-у, кейин қайтишда яна адашдим. Умуман нотаниш кўчаларга кириб қолдим. Пиёдалардан каттароқ ёки магистраль йўлга қандай чиқишни суриштириб, унга ниҳоят етдим. Аммо, у ҳам ўзгачароқ эди. Одамлар жуда сийрак, йўл ёқасида ҳеч ким кўринмасди. Бир четда тўхтадим-да, қаршимдаги уч этажли бинонинг биринчи қаватида жойлашган озиқ-овқат дўкончасига кирдим, харидорлар йўқлигидан зерикиб ўтирган, ёши тахминан ўзимдан сал каттароқ, қирқ-элликлар орасида каби туюлган сотувчидан сўрадим:
– Кечирасиз, бу кўчани таний олмаяпман. Адашиб қолганга ўхшайман. Қандай қилиб марказ томонга йўналсам бўлади?
Сотувчи шартта жавоб қилди.
– Мен, эътиборингизга биноан, маълумотлар берувчи ташкилот ходими эмасман.
– Шу оддий саволга жавоб бериш қийинми? Ғалати одам экансиз! – дедим мен таажжубланиб.
– Эшитганмисиз, билимсизлик – одамни адаштиради, нотўғри, қинғир йўлларга олиб киради. Айб ўзингизда. Мени ҳақорат қилманг. Нима, шаҳарга янги кўчиб келганларданмисиз?
– Йўқ, шу ерда туғилганман. Фақат, бу ёқларга ҳеч йўлим тушмаган экан. Нима, маълумот бермайсизми?
– Йўқ. Машойихлар айтишганки, ҳар бир кимса ўзи туғилиб ўсган масканни, яъни ватанини яхши билиши ва ўрганиши керак. Шунча ёшга кириб, ўз шаҳрингизда адашиб юрибсиз. Ўзингиз ғалати экансиз!
Мен ушбу сотувчи билан файласуфона суҳбат қуриш ниятида эмасдим. Шошаётгандим. Бугун, ҳали қанча жойларга боришим, корхонамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни таклиф қилишим, уларнинг ўзига хос томонларини тушунтиришим ва рози бўлишса, шартнома тузишим, ундан келиб чиқиб, кейинги кунлардаги ишларимни мўлжаллашим лозим эди. Шунинг учун, дўконни тарк этишга шайланиб, унга кесатиброқ сўз қотдим.
– Раҳмат, қимматли ўгитларингиз учун. Эртадан шу ишга киришаман. Яхши қолинг.
– Сезишимча, сиз бизнес одамисиз, шундайми?
– Ҳа, топдингиз, – дедим мен, тўхтаб.
– Ўзи, бизнесменлар фақат пул топишни ўйлайдилар. Ўз ҳалқлари тарихини ҳам, ўтмишдаги буюк бобокалонларининг номларини ҳам яхши билишмайди. Ҳозир камайиб кетган китоб дўконлари қаерда эканлигидан-ку, умуман хабарлари йўқ. Сизлар жуда тор фикрловчи одамсизлар. Билмайман, фарзандларингиз қанақа инсон бўлиб улғаяркинлар… Ушбу юрт келажаги уларга қолмасин.
Сотувчининг бу гаплари менга ҳақоратдек туюлди.
– Эътиборингизга биноан, мен тарихимизни яхши биламан. Буюк боболаримизни ҳам, масалан, Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Берунийларни…
– Сиз, айсберг, яъни музтоғ ҳақида эшитганмисиз? Унинг фақат кичик бир учигина денгиз сатҳидан юқорида кўриниб туради. Асосий тўқсон фоиз қисми эса, сув остида беркинган бўлади. Айтган зотларингиз ана ўша айсберг учининг бир учи холос. Қолганларни билмайсиз! Холбуки, инсоният ривожига улкан ижобий хисса қўшган ҳалқ фарзандисиз. Чунки, отангиз сизни оми қилиб тарбиялаган! Ёшлигингизда, пулини қизғаниб, сизга китоблар олиб бермаган. Бу дунёнинг, ҳаётнинг қандай мўъжизакор, антиқа ва ажойиб эканлигини тушунтирмаган. Фақат, пул топ, пул топ, пул бўлса – чангалда шўрва, деган ақидани онгингизга қуйган!
Бу гаплардан мен албатта тутоқдим.
– Мархамат қилиб, отамга тил тегизманг! Менинг дадам яхши инсон бўлган.
– Биламан, у такси машина ҳайдаган. Нияти йўловчилардан ортиқча кира ҳақи юлиб олиш бўлган. Сиз кичкиналигингизда чиройли китобларга ҳавас қилгансиз, уларни ўқисам, суратларини томоша қилсам эди, деб орзу қилгансиз. Дадангиз хатто музқаймоққа пул бермаган. Ўзи ҳам, бола-чақаси ҳам ортиқча емаган-ичмаган. У онангизга, сизга ва синглингизга тузукроқ кийимлар ҳам сотиб олмаган. Нияти, пул йиғиб янги “Жигули” машинаси сотиб олиш бўлган. Болалар қуруқ нон-чою, эски-туски кийимларда ҳам катта бўлиб кетаверади, деб фикрлаган.
– Сиз буларни қаердан биласиз? – ҳайратга тушдим мен.
– Мен, сиздан фарқли ўлароқ, кўп ўқиганман. Мактабни битирганингизда, дадангиз, янги замон бошланди, бозорни эгалла, йўллар топ, пуллар топ, доллар топ, деб сизни ўқишга эмас, бизнесга йўналтирган.
– Мабодо, психолог ёки экстрасенс эмасмисиз? – сўрадим мен. Чунки, у фақат тўғри гапираётган эди.
– Йўқ. – деди у, – Мен тадқиқотчиман.
– Қандай тадқиқотчисиз?
– Сиз, аввалига, ишлаб чиқариш фирмаларидан олиб, қурилиш моллари бозорида тайёр шпаклевка сотдингиз. Бизнесга иқтидорингиз бор экан, атрофни кузатиб, шпаклевкани ҳар бир харидорга тортиб беришга анча вақт кетишини, клиентлар эса уни асосан ўн килограммдан олишаётганига эътибор қилдингиз ва фирмадагиларга маҳсулотни шунчадан қадоқлаб беришларини сўрадингиз. Натижада, атрофдаги савдочилар кунига икки юз – уч юз килограммлаб шпаклевка сотишса, сиз тонналаб учирдингиз. Яхши-яхши пул топдингиз. – деди у саволимга парво қилмай.
– Ниятингизни тушунмаяпман. – сўз қотдим мен. – Ҳамма гапингиз тўғри. Лекин, ўзим биламан буларни. Мана, ҳозир, ўша пуллар асосида ишлаб чиқариш корхонаси очганман. Ишларим яхши. Уй-жойимни замонавий қилиб таъмирладим. Машинам янги. Бир фарзандим бор. Уни энг номдор мактабга берганман, шахсан директорига пул тўлаб. Ўзим ўқимаган бўлсам ҳам, уни зиёли қилмоқчиман. Хўш, нега мени йўлдан қолдириб, вақтимни олаяпсиз?
Сотувчи менга синчковлик билан тикилди. Ва кесатиброқ сўз қотди.
-Кечирасиз, бизнесмен ака. Мен аҳмоқ, мен нодон, билмасдан сизнинг қимматли вақтингизни олиб қўйибман. Лекин, аслини олганда, сиз ўзингизнинг умрингизни ўзингиз беҳуда сарфлаяпсиз!
-Қандай қилиб? – таажжубландим мен. – Ўз ишимни қилаяпман. Баъзиларга ўхшаб, бутун рўзғор юкини хотинига ташлаб, кўчаларда нарди ўйнаб, чойхоналарда валақлашиб, вақтимни совуриб юрмаяпман-ку! Оилам, фарзандим учун жон куйдираяпман.
– Ишингиз яқинда касод бўлади. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларингизни ҳеч ким олмай қўяди. Давлат текширув муассасаларидан келишиб, ташкилотингизни тити-пити қилишади. Бор-йўқ топганларингизни уларга топширасиз. Шунда ҳам қутиласизми-йўқми, билмайман. Лавозимли ўртоқларингиз ҳам сизга ёрдам бера олишмайди. Керакли пайтда улар узоқ сафарга кетган бўладилар. Тушундингизми, нега сизни тутиб қолганимни?
Бу сўзлардан даҳшатга тушдим. Унга ишонмай, гапларингга тупурдим, деб кетворишим мумкин эди. Аммо, у менинг бутун ҳаётимдаги воқеалардан хабардорлигини намойиш қилди-ку! Қаршимдаги одам бир нарсани билмаса, бунчалик ишонч ва истеҳзо билан мени чўчитмасди.
– Қаердан биласиз? – сўрадим мен нафасим ичимга тушиб.
– Айтдим-ку, кўп китоб ўқиганман, ҳаёт тадқиқотчисиман, деб.
– Ҳазиллашмаяпсизми? – дедим умид билан.
– Сизни умримда биринчи бор кўраяпман. Ошна ёки оғайни эмасман.
– Айтган воқеаларингизнинг олдини олиш учун нима қилишим керак? Маслаҳат бера оласизми?
– Ҳа, албатта. Ниятим ҳам, вазифам ҳам шу. Ҳар бир инсон бу ҳаётда ўз вазифасини бажариб яшаши шарт.
– Мен нима қилишим лозим?
– Энг аввало, ўз вазифангиз билан шуғилланишни бошлашингиз керак.
– Эътиборингизга биноан эрта-ю кеч вазифам ҳақида ўйлайман, яна қандай маҳсулот ишлаб чиқарсам экан деб, тажрибалар ўтказаман.
Сотувчи яна истеҳзоли жилмайди.
– Бу вазифа, бу иш – ўша оми дадангизнинг топшириғи. Сиз ўйлаб кўрганмисиз, бу дунёга нима учун келганлигингизни?
– Ҳа, албатта! Барча каби пул топаман, бола-чақа ўстираман, уларни уйли-жойли қиламан. Набираларим бўлади. Қариб кучдан қолганимда жонимни топшираман. Шу.
– Кўрдингизми, сиз ҳам омисиз. Агар, кўп китоб ўқиганингизда, бу ҳаёт тўғрисида ўйлаганингизда, асло бундай гап гапирмаган бўлардингиз. Айтган жараёнингизни онгсиз ҳайвон ҳам адо этади. Сиз – инсонсиз-ку!
– Хўш, менинг ўрнимда, оми эмас, ақлли бўлган инсон нима қиларди?
– У энг аввало, ўйларди: “Мен нима учун, қандай мақсадда дунёга келганман? Ҳаётдаги вазифам нимадан иборат экан?” Ва жавоб топгач, ўша касб билан шуғилланишни бошларди.
– Демак, мен ҳам шундай фикрлашим лозим. Тўғри тушундимми?
– Хулосангиз яхши. Келинг, биргалашиб мулоҳаза қилайлик. Сиз қандай вазифа билан ҳаётга келгансиз. Лекин, яхши билиб олинг, ҳеч ким бу дунёга кўп пул топсин деб юборилмайди. Бу ўта янглиш, ўта омиларча мақсаддир.
– Сиз шундай гапираяпсизки, гўё ўзга дунёдан келгандаксиз. Фантастик киноларда кўрганман бундай ҳолатларни.
– Мана, бу гапингиз ҳам тасдиқлаяпти, умуман китоблар ўқимаганлигингизни. Яхшиям, кино деган нарса чиққан, сиздака омилар учун.
– Тўғри топдимми? Чунки, шунча йил яшаб сиздек гапирадиган, фикрлайдиган одамни учратмаганман.
– Балки, тахминингиз ўринлидир. Лекин, менинг қаердан келганлигимнинг умуман аҳамияти йўқ. Фақат, шуни маълум қилишим мумкинки, мен ушбу оламдаги янглиш йўлга кирган ҳар бир одамга қирқ ёшлар арафасида бир марта учрайман ва уни тўғри йўлга солишга уринаман. Бу менинг асосий вазифам. Сўзимни уққанлар, тегишли хулоса чиқариб, ҳаётларини кескин ўзгартирадилар ва қолган умрларини фаровонликда, барча орзу-ҳавасларига эришиб ўтказадилар.
– Ўзим ақллиман, дейдиганлар-чи?
– Сизга айтдим, нима бўлишини. Бор-шудингиздан айрилиб, яна пул топиш йўлидан қайтмасангиз, оғир касалликка дучор бўласиз, ўзингизни, яқинларингизни қийнайсиз ва вақт келиб, руҳий оламга ўтганингизда қаҳрли муносабатга дуч келасиз.
– Майли, маслаҳат беринг. Аввало, айтинг менинг бу дунёдаги вазифам нима?
– Ана энди, ўзингизга келдингиз, эслаб кўринг-чи, болалигингизда қандай ўйинчоқларни севардингиз, қандай касбдаги кишиларга ҳавасингиз келарди?
– Дадамга бир неча марта “Тез ёрдам” машиначасини олиб беринг деганман. Лекин, пул йўқ деб жавоб берганлар. Умуман, болалигимда ҳам, ҳозир ҳам оқ халат кийиб беморларни даволаётган одамларни кўрсам ҳавасим келади. Лекин, улар маошга қарам одамлар. Пуллари кам. Назаримда, очин-тўқин яшайдилар. Уларнинг кўпчилиги касалларнинг қўлига қарамлар. Шунинг учун, баъзи-баъзида, яхшиям бизнес билан шуғилланаман, деб қувониб қўяман.
– Демак, масала ечилди. Сиз бу ҳаётга одамларни даволаш вазифаси билан келгансиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Бизнесни йиғиштириб, шифокорликка ўтинг.
– Қандай қилиб? – тутоқдим мен. – Ёшим қирққа яқинлашди, ўқиш учун яна беш-олти йил кетади. Уларнинг топадиган пули маълум, оиламни қандай боқаман?
– Бу ҳаётдаги қонунлар шундайки, ҳар бир инсонга ўзининг чин вазифасини аниқлаш, уни бажариш йўлига кириш учун қирқ ёшига қадар муддат берилади. Бу чегаравий ёшдан сўнг, у, топшириқни бажармаётган хизматчилар ишдан ҳайдалганидек, бу дунёдан кетказилади. Айтайлик, инфаркт, инсульт, бошқа касалликлар ёки жуда бўлмаса, аварияга учратиш йўли билан руҳий оламга олиб кетилади. Ёққан вариантни танланг.
– Сиз мени икки ўт орасига ташлаяпсиз!
– Янглишаяпсиз. Гуллаб-яшнаган боғ билан ўт орасидасиз!
– Тушунтиринг!
– Ўзига топширилган вазифани сидқидилдан бажараётган кимсалар борлиқ томонидан доимо қувватланадилар, уларга омад, топаётган маблағларига барака берилади. Жаъми орзу-ҳавасларига эришиш йўллари очиб берилади. Уларга ёмон ниятли, зарар келтирувчи одамлар рўпара этилмайди. Фақат яхши инсонлар билан мулоқотга киришадилар. Фарзандлари ҳам бахтга эришадилар. Шу гапларимнинг ўзи сизга кифоя қилиши керак. Оми бўлсангиз ҳам, мантиқий фикрлай олар экансиз.
– Ҳозир, менинг бошимга бир фикр келди. Шифокорликни яхши эгаллаб олсам, балки хусусий клиника очарман, тўғрими?
– Инсон ҳар қандай шароитда, агар ўз йўлидан кетаётган бўлса, ажойиб ютуқларни қўлга киритиши мумкин. Мен сизга яна бир маслаҳат бераман, агар қабул қилсангиз.
– Айтинг.
– Сиз бу ердан чиқиб, бир катта миқдорда савдо қилувчи одам билан учрашмоқчисиз. Асло, на оғзаки, на расмий, шартнома тузманг. У банкдаги ҳисоб рақамингизга тўрт-беш кунгина фаолият юритадиган фирма орқали озгина пул ўтказади-да, хушмуомилалик билан улкан ваъдалар бериб, катта миқдорда маҳсулотларингизни олади. Шундан сўнг, унинг ўзини ҳам, идорасини ҳам тополмайсиз. Фақат, бу гапни каминадан эшитганингизни ҳеч кимга айтманг. Акс ҳолда, менга яхши бўлмайди.
– Нима, сиз у кимсани танийсизми?
– Ҳа, у ўз вазифаси йўлида юрмай, пул топишга гирифтор бўлганларни жазоловчи бўлинма вакили. Билиб қолса, устимдан шикоят қилади. Ва мен мукофотланмай қоламан. Сиз эса менга тушунувчанлигингиз билан ёқиб қолдингиз. Англадингизми? Баъзиларга минг гапир, кўзини лўқ қилиб, бу одам нималар деяпти, деб асосий ғояни англай олмай тураберадилар. Шундай, ўз бошларига бало орттирувчи ғалчаларни хуш кўрмайман.
– Тушундим.
– У ҳолда, хайр. Биз бошқа учрашмаймиз. Бугуноқ шифокорлик йўлига тушиш режасини тузинг ва ҳаракатларингизни бошланг. Одамларнинг турли, яхши-ёмон гапларига парво қилманг. Сиз ўз ҳаётингиз ва келажагингиз эгасисиз. Эслатаман, омиликни тарк этиш учун танлаб-танлаб, яхши-яхши китоблар ўқиб юринг. Шунда асло янглишмайсиз.
– Хўп бўлади. Майли, хайр. Дарвоқе, мен бу кўчадан қайси томонга юриш шаҳар марказига олиб боришини билмайман-ку! Айтолмайсизми?
– Мен, эътиборингизга биноан, маълумотлар берувчи ташкилот ходими эмасман.
– Шу оддий саволга жавоб бериш қийинми? Ғалати одам экансиз! – дедим мен таажжубланиб.
– Бундай хилдаги саволларга жавоб бериш менинг ишим эмас. Сиз, яхшиси, ташқарига чиқинг. Ўз вазифасини аниқ билган одам ҳар қандай нотаниш кўчадан йўл топиб кета олади. Яна бир марта хайр!
– Майли, хайр! Сизга катта раҳмат! – дедим мен ва эшик сари йўналдим.
Ташқарига чиқдим. Ва лол қолдим. Ўзимга жуда яхши таниш кўчада турардим. Ўнг томонга юрсам, уч-тўрт километрдан кейин кичик ҳалқа йўлига уланаман. Машинам олдига бориб, уч қаватли бино тагидаги дўкон томонга ўгирилдим. Таажжуб, унинг эшигидан кетма-кет учта одам чиқди. Улар қаердан пайдо бўлишди? Мен қайтиб дўконга кирдим. Сотувчининг қиёфаси ўзгача, икки кишига хизмат кўрсатаяпти.
– Кечирасиз, ҳозиргина шу ерда бошқа бир сотувчи ўтирганди. Шеригингиз бўлса керак, қани у? – сўрадим мен.
Бу дўкончи менга жиннига қарагандек боқди.
– Дўконимиз кичкина. Мендан бошқа сотувчи йўқ! – кескин жавоб берди у.
Индамай қўяқолдим. Ташқарига чиқиб, машинамга миндим.
Бу воқеанинг сир-асрорига тушунмай лол қолиб, бир-икки дақиқа ҳаёл суриб ўтирдим. Ажабо! Биз яшаётган дунё жуда антиқа-я!
Ниҳоят, машинамни ўт олдирдим-да, янги шартнома тузиш учун эмас, корхонамни ёпиш учун қандай хужжатларни расмийлаштириш зарурлигини аниқлаш учун масъул идора томон йўл олдим.
01.07.2014. 17:41