Никоҳ тўйи халқимизнинг энг қувончли маросимларидан бири. Ана шу маросимда оила, деб аталган муқаддас қўрғонга асос солинади. Унга тараддуд эса тўйдан анча аввал бошланади. Яъни келин танланганидан сўнг ҳар икки томоннинг бир битимга келиб, фотиҳа ўқишлари учун совчи юборилади. Ўз-ўзидан аёнки, дуч келган одамдан совчи чиқмайди. Совчилар ҳам танлаб-танлаб қўйилади. Кўп ҳолларда ёши улуғ ёки эл-улус орасида муайян обрў-эътиборга эга бўлган кишилар совчи бўлади.
Танланган совчилар ҳам дуч келган хонадоннинг эшигини қоқиб бораверишмайди. Куёв тарафнинг яқинлари томонидан танланган, одатда, иболи, ҳаёли, ахлоқли, маълумотли ва бирор касб-ҳунарли фарзанд ўстирган хонадонларга совчи бўлиб бориш совчиларнинг ўзи учун ҳам ёқимли ва савоб юмуш ҳисобланади.
Бироқ бугунги глобаллашув даврининг кайфияти ва таъсири икки ёшнинг тақдирини бир-бирига қўшиб, муқаддас оила яратишдек энг нозик ва масъулиятли жабҳага ҳам “бош суқаётган”га ўхшайди. Илгари бир-бирини ёқтириб қолган ёшлар арзи-ҳолини турфа иболи, халқимиз менталитетига хос йўллар билан ифода этишган. Айтайлик, бир-бирларига хат жўнатишган, опа-сингил ёки холалари орқали кўнгил сўрашган, ризолик белгиси сифатида каштали дастрўмолча олишган ва ҳоказо.
Мобил телефонлари кўпайиб кетгани эса эндиликда бундай ниҳоятда гўзал удумларни ҳам ёшларимиз ҳаётидан сиқиб чиқараётганга ўхшайди. Айрим енгилтак ўсмирлар ёқтирган қизларининг телефон рақамини билиб олиб, аввалига телефондан хат жўнатишса, сўнг бунга ҳам қаноат қилмай, тўғридан-тўғри телефон орқали муҳаббат изҳор қилаётганлари қулоғимизга чалиниб турибди.
Мен айтмоқчи бўлаётган “маклер” совчилар олдида эса ҳали буларни ҳолва экан, дейсиз. “Маклер” совчилар ҳозир куёв томоннинг “буюртмаси“га кўра, қизлар таҳсил олаётган коллеж ва олий ўқув юртларига тап тортмасдан кириб келишмоқда. Танаффус бўлишини пойлаб туришади-да, аудиторияга ёпирилишади. Ажабланарли жиҳати, қизларни бирма-бир турғазиб, қадди-қомати, кўринишини томоша қилишади. Қизнинг насл-насаби, келиб чиқиши, оилавий аҳволи ҳақида уларнинг ўзидан сўраб билиш қайси мантиққа тўғри келади? “Маклер” совчиларнинг бундай сурбетлигига ҳали одатланмаган, уларга “Бор ишингни қил”, дейишга қизлик ҳаёси йўл қўймай, ийманиб турган талабалар ўзини қандай тутишни билмай қийналаётганларини тасаввур этиш қийин эмас. Қайси ўзбек қизи бундай “антиқа саволлар”га жавоб бера олади? Ўйлаб қоласан, кўпинча “ёшлар, ёшлар“, деймиз-у, айрим катталарнинг ўзлари ҳам ёшларнинг тобора шарттаки бўлиб қолишига йўл очмаяптиларми?
— Шахсан мен ўқишга келиб қиз боланинг ўзидан уй манзили, телефон рақами ва бошқа маълумотларни сўраб олишни маданиятсизлик, деб тушунаман, — дейди талаба Севара Усмонова. — Бу қиз боланинг шаънига, қолаверса, ота-онаси ва оиласи шаънига ҳурматсизлик.
— “Маклер“ совчилар талабалар ўқиётган гуруҳга худди дўконга борган бозорчидек кириб келишади, — дейди талаба Назокат Саидова. — Гўё биз бир буюму, улар харидор. Ҳатто айримлари ёши катта ёки оиласи билан ажрашган ўғилларига ҳам ўн саккиз-йигирма ёшли қизларни танлашаётганига ҳайрон қоласиз.
Талабалар ўқиётган жойларга тап тортмай кириб келаётган воситачилар орасида аслида куёв бўлмишга ҳеч қандай қариндош бўлмаган, биров ундан ҳеч нарсани илтимос қилмаган бўлса-да, қаерда қандай қиз борлиги ва улар ҳақидаги маълумотларни рўйхат қилиб юрганлар ҳам озмунча эмас. Улар маҳаллама-маҳалла кезиб, ўз хизматини таклиф қилишади ва ишни пишитишни зиммасига олиб, йигит томондан пул ҳам ундиришади. Энди шундай савол туғилади: ўша воситачи “маклер“ совчилар ёрдамида қурилган оиланинг мустаҳкам бўлишига ким кафолат беради? Совчиларнинг ўзими ёки қариндош-уруғчиликни ўзлари танимайдиган етти ёт бегонага топшириб қўяётган ота-оналар? Мўмай пул топиш умидида халқимизнинг нозик туйғулари ва урф-одатлари билан ҳисоблашмай ёш талаба қизларни сўраб-суриштираётган ўша “маклер“ совчиларнинг ўзларини ҳам бир суриштириб қўйиш керак эмасми? Қолаверса, коллежлар ва олий ўқув юртларининг мутасаддилари ҳам бу ҳолга бефарқ ва лоқайд қараб турмасликлари зарур, деб ўйлаймиз.
Саидабону Мадиёрова,
ЎзМУ журналистика факултети талабаси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 4-сонидан олинди.