Куй садолари остида келин-куёв тўйхонага кириб келди. Ҳамма ўрнидан туриб уларни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олиш учун қарсак чала бошлади. Олқишлардан кафтлар қизийди, юракларда эса олов…
Келин туширган ота-она ҳаяжонининг чеки йўқ! Кўзларидан севинч ёшлари оқмоқда. Ахир, бу кунларга етиш осон кечмади, улар учун!
Ўйлаб қоламан, каттаю кичикни оёққа қалқитган, юракларни ифтихор нашидасига лим-лим тўлдирган ҳаяжоннинг номи нима? Албатта, бу — оила, дейман баралла. Ҳа, ҳозиргина ҳамманинг гувоҳлигида, олқишлар остида дунёга келган янги оила! Оила муқаддас! Оила Ватаннинг бошланиши, Ватаннинг мустаҳкам қасри ҳам дейиш мумкин.
Давра тўрида бугундан эътиборан бир оила устуни бўлишга қодир турган куёв тўра ҳамда янги рўзғорнинг суюкли бекаси, зийнати бўлмиш сулув келинчак ўтирибди. Бугундан уларнинг бўйнига ана шу масъулият билан бирга шундай ишонч ҳам юкланди.
Хўш, келин-куёвнинг хаёлидан нималар кечади, тантановор хуш онларда? Олқишлар, атрофда уларга ҳавас билан боқиб турган кўзлардаги меҳр, дастурхонга қўйилган ноз-неъматлар мўллигини айтмаса ҳам бўлади… улар бундан мағрурланиб, эркаланиб ўтиришибди. Айни дамда, бу кунга етиб келгунгача бўлган машаққатлар, орзу-умидларни ҳис этишаётганмикин? Ҳа, мен беғубор тилакларни келин-куёвлар қарз, масъулият деб тушунишларига, аҳил, гўзал оила яратиш учун йўлланма, буюк дастуриламал деб қабул қилишларига жуда-жуда ишонаман. Ва, албатта, шундай бўлиши керак!
Демак бу қутлуғ кунга ўғил-қизларимиз эсларини таниган кундан маънан, руҳан тайёрланиб, умр имтиҳонига ҳаёт дарсини пухта ўрганиб келишади. Одоб, ҳаё, меҳнатсеварлик, сабот-матонат, катталарга ҳурмат сабоқларини юракларига ўчмас ҳарфлар билан ёзиб қўйишади. Оиланинг масъулиятию, синовларини олдиндан ҳис этган келин-куёвларга, оқ йўл! Ва албатта, бундай фарзандларни вояга етказган, тарбиялаган ота-оналарга қуллуқ! Уларда масъулият бор, ёруғ онг-шуур, яхши ният, пок виждон бор. Фарзандларининг сепидан кўра эпи кўпроқҳаётда асқотишини тушуниб етишган. Ватан, эл-юрт олдидаги бурчларини чуқур англашган. Бироқ…
Тўғри, молу давлат ўз ўрнида керак. Чиройли, тоза кийиниш, яхши еб-ичиш, озода, шинам уй-жойларда яшаш ҳақида муқаддас китобларда, ҳадисларда ҳам айтилган. Ва лекин уларнинг ҳаммасида меъёр таъкидланган. Катта ҳарфлар билан ёзиладиган МЕЪЁР. Ва албатта, ҲАЛОЛЛИК!
Баъзиларимиз эса, меъёрни унутдик. Кўнглимиз, уйимиз тўлса-да, кўзимиз тўймаяпти. Атрофимиздаги яхшилар, маҳалла мутасаддилари огоҳлантиришса-да, қулоқ осмаймиз. Ўз билганимиздан қолмаймиз. Гўё қулоғимиз биттаю оғзимиз иккита. Боламизнинг маънавий баркамоллиги, инсоний маданияти йўлида қайғуришни унутиб қўйдик. Ва улар улғайган сари жон-жаҳдимиз билан молу давлат йиға бошлаймиз. Бўлмағур удумларни ўйлаб топамиз. Узатадиган қизимизга минг йилга етадиган сеп тўплаш ташвишида керак бўлса, асабимизни қақшатамиз, соғлиғимизни гаровга қўямиз. Нега шундай?..
Айрим қайноналарнинг таъмагирлиги ҳаддан ошган. Келинни тушириб олгач ҳам тиниб-тинчимай буюртмалар беради. Музлатгичдан тортиб, нина-ипигача беришингиз керак, қизингизга.
Касбим тақозоси билан улуғ одамлар билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман. Шоиралар Зулфияхоним, Саида Зуннунова, шоира ва олима Зарифа Саидносирова, Ғафур Ғуломнинг рафиқаси Муҳаррам ая… Жамиятимизнинг маънавий мулкини бойитишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган ҳамда эл оғзига тушиб улгурган бу инсонларнинг ҳам тўйлари, сеплари, турмуш тарзи оддий бўлган. Мол-давлатга ружу қўйишмаган. Лекин оилалари тинч-аҳил бўлган. Улар сиз билан бизга маънавий мерос, ибрат мактаби қолдиришган.
Тўғри, у пайтлар замон бошқа эди. Бироқ меъёр деган тушунча ҳар қандай замонда бир хил бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бугунги дориломон замонни, бозорлардаги серобликни суиистеъмол қилмаслик керак. Барча замонларда ҳам маънавий камолот, маънавий поклик, кўзи тўқлик биринчи ўринга қўйилади. Маънавий баркамоллик бор жойда оилалар мустаҳкам, боқий бўлади. Мустаҳкам оилалари бор жамиятнинг эса, ривожига ривож, чиройига чирой қўшилиб бораверади. Биз ота-оналару, қайнота-қайноналарнинг қариган чоғимизда ташвишимиз камроқ бўлади, хотиржам яшаймиз.
Яқинда бир дугонам келин туширганида тўйига боролмаган эдим. Орадан ўн кун ҳам ўтмай, “келин кўрди”га бордим. Келишимни билмаган дугонам шу кунларда ишга чиққан экан, телефонда узр сўради ва қўшиб қўйди: “Келинни зўр жойдан олдим, ўртоқ, сепларини бир кўриб қўй. Учта хона тўлди”. Келин худди “экскурсовод”га ўхшаб хоналарига бирма-бир бошлади. Тавба, ҳатто компьютергача бор экан. “Бу техникани тушунасизми, ўзи”, деб сўрадим.
— Йўқ, барибир бир кун керак бўлади-да, — деди донолик билан.
Келин ҳар бир нарсани қайси юртдан келтирилгани, нархи, ота-онасига танлаб-танлаб олдиргани ҳақида оғзини кўпиртириб гапира кетди. Ниҳоят чой қўйиб, дастурхон ёзди. Мен эса қўлимни ювиб артишга тоза сочиқ топа олмадим. Яхшиям-ки, ёнимда дастрўмолчам бор эди. Келин чой узатган пиёланинг доғ-дуғини кўриб, кўнглим хира тортди. Ахир янги келиннинг уйида ҳам шунақа бесаранжомлик бўладими?
Сўнра у пардозхонага кириб кетди. Худди кўз-кўз қилгандек бошқа ялтир-юлтур кийимларини кийиб чиқди. Шунда дугонамнинг қайнонаси — кекса онахон невара келинга бироз танбеҳ бердилар.
— Келин, бугундан қозон-товоқ иши ўзингизга қолди. Дарров ошхонага чиқиб, меҳмонга овқат тайёрланг, — дедилар мендан хижолат бўлгандай.
Катта қайнонанинг гаплари келинга бироз малол келди, шекилли, қовоғини уйган кўйи ошхонага кириб кетди. Биз хола билан суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, бир пайт янги келиннинг таоми ҳам пишиб, дастурхонга тортилди. Ана таому, мана таом! Майда қилиб тўғралган картошка эзилиб кетган, гўшт эса қорайиб қотиб кетганидан тишлаб ҳам бўлмайди. Келин эса худди ишни қотириб бажаргандек, яна пардозхонасига кириб кетди.
Дугонамникидан хайрлашиб йўлга чиқар эканман, ўз келинларимдан қайта-қайта миннатдор бўлдим. Уларни тарбиялаган ота-онасига яна бир бор раҳмат айтдим. Ахир келиннинг эпи сепига ҳам яраша бўлиш керак-да! Сўнгги пайтларда оналар қизларига болалигидан сеп йиғишни бошлашса-да, унинг тарбияси, ахлоқи ҳақида қайғурмай қўйдилар. Баъзи келинларнинг тили узуну, лекин ҳеч бир ишни кўнгилдагидек бажара олмаганидан ўйланиб қоласан киши.
Кўпинча ота-оналарнинг ўзи фарзандларининг бахтсизлигига сабабчи бўладилар. Совчиликка боргач, уй-жойига, қизнинг ота-онаси билан танишлигига кўпроқ эътибор бериб, қизнинг қўлидан нима ишлар келиши, уй-рўзғор тутиши, турмуш ҳақидаги дид ва маданияти тўғрисида сўраб-суриштиришни унутиб қўядилар. Дабдаба билан тўй ўтказиб, биринчи кунданоқ келинидан нолий бошлайдилар. Ана шундан кейин кўринг, томошани. Агар хонадонга келган совчилар қизнинг шу жиҳатларини ҳам сўраб-суриштиришса эди, қиз тарбиялаётган оналар ҳам сал ҳушёр тортармидилар!..
Дугонамни ўйлайман. Унинг ишдан чарчаб келишига келини қандай таом тайёрлар экан. Ё қайнона келинини тарбиялайди, ё келин ўзининг уй тутумига уйдагиларини ўргатиб олади. Ёки дугонам келинини сепларига қараб, ўзини овутиб ўтирармикан? Сиз нима дейсиз, азиз газетхон?!
Санъат Маҳмудова
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 5-сонидан олинди.