Анчадан бери бирор нарса ёзолмай безовтаман. Ёзувчи учун бундан ёмони йўқ. Аммо-лекин осмони фалакда учиб юрадиган илҳом парисини тутиб олишнинг ўзи бўладими? Шундай бўлгач, уни тутиш чорасини кўриш керак… Кейин-чи? Топилган мавзуни қойиллатиб қоралаш керак… Э, бу ёғини ўйлайверсанг, бошинг қотади. Олдин “илҳом париси”ни тутайлик-чи, қолгани чикора.
Оқшом газетда навбатчи эдим, ярим тунда уйга қайтдим, яна таксида, ўз пулимга… Бош муҳаррир хизмат машинасини аяди. Булар-ку майли-я, аммо кечагина бирга улфатчилик қилиб юрган, мендан ўн ёш кичик бош муҳаррирнинг “Ака, мен ароқни ташладим, бироқ чекишни ташлаш қийин экан” дегани-ю, тағин менга ғалати қараб, оғзидаги папиросни буруқситганча: “Сиз ҳам ташланг, танангиз қушдай енгил бўп қоларкан”, деган ўгити ҳеч хаёлимдан нари кетмайди…
Бугун шанба. Шунга кечроқ турдим. Уйда ёлғизман: тушгача қўлим бир ишга бормай, эски қўлёзмаларни титганча гарангсиб вақт ўтказаман. Хаёлимбошлиқнинг ўгитида — ташлаш керак! Ташлайман! Чунки бир кун келиб, буям бир армон бўп қолмасин, нотавон кўнгилда.
Лекин шу пайт кимдандир эшитганим бошга тепди: йигит киши яхшими, ёмонми биродатдан қутулишга астойдил аҳд қилганда “Иродани чархлаш ва гапни михлаш учун юз грамм “отиб” қасамёд қилиши керак!” Керак бўлса, қиламиз. Муҳаррирнинг дегани — деган экан, биз ҳам анойи эмас, айтганимиз — айтган. Бироқ, ана ўша юз грамм зорманданинг ўзи қани?
Эски шкафни очиб бўз матога ўралганча қийшайиб турган уч-тўртта гиламчани у ёқ-бу ёққа сургандим, бировининг ичидан нимадир сирғалиб полга “тақ” этиб тушди. Юрагим жиз этди. Ният холис бўлса, ошхўрга — ош, нонхўрга — нон, топилади деганларидек, “тақ” этиб тушган нарса ароқ бўлмаса-да, битта қорни катта “0,7”лик “MonaLiza” виноси экан. Қараб кўзларим тўймайди: қип-қизил, чўғдай ёнади. Ким қўйиб қўйди экан уни бу ерга? Э, шу топда Шерлок Холмсликка бало борми? Топилганига шукур!
Ичувчининг дардини ичган билади. “Монашка”ни кўргач, қориннинг очлигию бу дунёнинг бўлар-бўлмас ташвишлари зумда ғойиб бўлди.Ахирвино ароқмиди, унинг газагига атрофингдаги ҳаво-ю крандаги сув ҳам бўлаверади-да. Эндибу гўзал “MonaLiza” хонимнинг кўнглига йўл топиш керак!
Даст туриб, тортмаданпичоқни олдим-да, шишанинг оғзини очишга киришдим. Лекин унинг оғзидаги пўкак ўчакишгандек тоза инжиқ чиқиб қолди: на киради, на чиқади, худди узоқ кўришмаган ошиқдек Лизахоннинг оғзига маҳкам ёпишиб олган. Қўлда пичоқ, томоққақраганча қуруқ ютиниб шишага мастона тикиламан. “Сим-сим” эшигингни оча қолмайсанми, шишажон?
Кейинги уринишларим ҳам бефойда кетди. Хунобим ошиб сўкинаман: ароқ ичадиган обрўли одамман-у сен эса градуси кам мусаллас бўла туриб, ичаман десам, қонсифат жамолингни пўкак билан тўсиб намунча нозланасан… Биз ҳам кичкина одам эмас, қалами ўткир мухбирмиз, ахир! Ҳа-ҳа, ёзувчи деган номимиз бор! Агар ҳақ гапни айтадиган бўлсам, сен пўкак ўлгур, мана шу обрўйим учун мени кўрганда ўзингдан-ўзинг “пақ” этиб отилиб кетишинг керак эди… Ўз ўйимга ўзим ишониб бир оз кутдим — отилмади, қурмағур. Тағин тамшанганча“Liza” хоннинг жамолига не умидда суқланиб тикиламан… Намунча кўзга яқин-у кўнгилдан йироқ бўлмасанг, тошбағир! Мунча ўртайсан!
Очаман! Бу ёғига астойдил қасд қилдим. Шу бугун сени ичмаган номард! Шартта “MonaLiza”нинг бўғзидан ушлаб ошхонага олиб чиқдим-да, стол тортмасидан чоғроқ замонавий очқич — “парма”ни топдим. Аммо бу очқич ўлгурнинг айланма бигизини минг айлантирсам ҳам пўкакка ботмайди, зўрлаб итарсам икки ёнидаги темир қанотлари кўтарилиб, ҳаволанади…уларни ёпсам, бигизи пўкакдан қочади. “Во-ажаб! Бу қандай бемаъни техника-я! Ўз вазифасини билмаган аблаҳ! — Роса бўларимча бўлдим. — Э, ўргилдим, сендақа замонавий очқичдан, сени яратган устангга ҳам тупурдим!”.
Уни қандай қилиб деразадан ташқарига улоқтирганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Ярамас очқич учди-ю кетди, аммо муаммо қолди. Кўнгил ўлгур бетоқат, ошқозоннинг ҳар битта ҳужайрасида ташналик. Мана бу ярамас пўкак эса ҳаммасига бепарво, беғам. Ахир бунақада қуруқдан-қуруқ ишлаб, ошқозон ишдан чиқади-ку. Бошим айланиб, кўзларим хиралашиб, кайфиятим тобора расво бўлиб боряпти…
Соатга қарайман: гўзал“MonaLiza” билан олиша бошлаганимга ҳам ярим соатдан ошибди. Ҳадемай хотин ишдан келади. Ичганингдаги кайфнинг дўзах азобидан фарқи қолмайди.
Ошхонадан ейилиб қилдай ингичкалашиб қолган пичоқни топдим-да, зарб билан пўкакка санчдим. Пичоқ пўкак танасини қоқўртасидан тешиб ўтди. “Ўл-а! Бу кунингдан баттар бўл!” Аммо кўкси тешилса ҳам кўзи тешилмаган пўкаквой менга бақрайиб қарабтурарди. “Вой жонинг тошдан бўлмай ўлгур-ей! Войтурқинг қурсин-ей!” — сўкишларни қалаштириб ташладим.
Ичмасам-да, мастдан баттар довдирайман. Энди бўйнига пичоқ суқилган “хоним” кўзимга душмандек кўрина бошлади. Душман! Ҳа-ҳа, душман! Душманни эса янчиш керак!
Кўзимга алвастидек кўринаётган “MonaLiza”ниерга қўйиб, бир тепдим. Шиша сопигача санчилган пичоқ-мичоғи билан ошхонанинг нариги томонига қараб думалаб кетди. Думалашдан тўхтади, бўғзидаги пичоқнинг сопи эса мени масхара қилаётгандек узоқ ликкиллаб турди. “Кўрамиз, — дедим баттар зардам қайнаб, муштимни тугиб. — Қани ким ютаркан, “Моnash”кахон. Шишанинг ичида қачонгача яширинаркансан? Кўрамиз ҳали. Шу бугуноқ бошпанангдан айрилиб, хурмачамга келиб тушмасанг, отимни бошқа қўяман!”.
Шишани балконга судраб олиб чиқдим-да, хуморидан чиққунча сўкдим, урдим, яна тепдим, охири қўл қовуштириб ёлбордим ҳам. Сал эси бўлса, бир гап айтар, ҳеч бўлмаса, мени ичишга чиқарганлар-ку, деб пўкагини отиб юборар… Ҳе йўқ, чучварани хом санабман…
Унинг “ичимдан топ”лигига чапараста жаҳлим чиқди. Беор, қилтириқ пичоқ эса ярим белигача ботиб олиб, баҳузур Liza хонимни сўриб ётибди. Рашким қўзиди. Сўра-сўр, хонимчанинг домига илинмай ўл, қилтириқ!..Шунда балконнинг бир бурчагида ётган болғачага кўзим тушиб қолди. Ҳозир бир боплаб таъзирингни бериб қўяй! Сен шишавой эса тамошасан, “MonaLiza”дек хонимчаларни бошқа бағрингда сақлолмайдиган бўласан…
Ана энди отам қилмаган ишни қиламан, ўзидан кўрсин, ҳурматини билмаган хасис, “қизил алвасти!”.
Шартта шкафдан катта бир сирли мис тоғорачани олиб, унга “MonaLiza”ни ётқиздим-да, болғача билан нақ оч биқинига туширдим. Хонимча бир оҳ ургандек, “пақ” этди-ю, синиқ шиша парчалари ҳар томонга сочилиб кетди. Тоғорача қип-қизил шаробга тўлди. “Хонимча”ни докадан ўтказдим: ўзиям икки чинни чиқди. Ошхонага ўтиб, лўлаболишга ёнбошлаганча бутун борлиқни унутиб, “Liza” хонимдан “бўса” ола бошладим. Қачон иккинчи косага ўтганимни билмайман, “Liza” хоннингкайфими ёки меҳрими элитиб, ухлаб қолибман. Аёл кишининг ногаҳоний фарёдидан чўчиб уйғониб кетдим.
— Нима… Нима бўлди? Ер қимирладими? — деб юборибман босинқираганча.
— Ўл бўлди, гўр бўлди! — балкондан аёл кишининг момақалдироқдек овози янгради. Овоз ўзимизнинг “Лизахонники” эди. Эловланиб кўзимни очдим-да, балконга мўраладим — хотиним балкон бурчагидаги синиқ стулга ўтирганча бир оёғини тиззасига қўйиб олиб, бош бармоғидан сизиб оқаётган қонни тўхтатиш учун йод томизарди.
— Энди кунингиз шу вино ўлгурга қолдими? Алкаш! Уйда ёлғиз қолса, бир балони бошлайди-я, ярамас! Ҳозир мелиса чақириб, бериб юборайми? — дағдаға қилди хотиним. Кейин чиройли кўзларини нохуш ялтиратиб, чўнтагидан қўл телефонини чиқарди…
Юрагим шув этиб кетди. Ўзимни оқлашга сўз қайда? Аста туриб, балконга чиқдим. Шоша-пиша шиша синиқларини йиғиштириб, ахлат челагига солдим. Хотин “сотка”сини қўлида маҳкам ушлаганча мени кузатар эди.
— Бошқа такрорланмайди, — дедим ерга қараганча.
— Мингинчисими бу? — тутақиб ўшқирди хотиним, гўё ҳар ичган қасамимни санаб юргандек. — Қасамхўр!
Дамим ичимда, секин челакниқўлга олдим. Эшикка етканимда юрагим ўйнаб кетди: хотиним “сотка”сида кимгадир ниманидир уқтирарди…
Челакни бўшатиб келдим, аммо уйга киришга юрагим дов бермайди.
Энди эсон-омон кириб олсам,бош муҳарририм айтгандек, ичкиликни ташлаш ўйида, гўзал “Mona Liza” билан қандай топишганим-у, у билан қандай ажрашганим ҳақидаростакамига ҳажвия ёзадиганга ўхшайман… Мавзунинг келишини кўринг.