Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобида «Алпомиш» достони миллатимиз ўзлигини намоён этадиган, авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган қаҳрамонлик қўшиғи сифатида халқимизнинг бебаҳо маънавий дурдоналаридан бири эканини таъкидлайди: «Агарки, халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, «Алпомиш» ана шу достоннинг шоҳ байтидир».
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА мухбири “Алпомиш” достонининг миллий ва умумбашарий маънавиятда тутган ўрни, аҳамияти ҳамда бугун алпомишшунослик йўналишида амалга оширилаётган тадқиқотлар кўлами ҳақида Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг фолклоршунослик бўлими катта илмий ходими, филология фанлари номзоди Шомирза ТУРДИМОВ билан суҳбатлашди.
— Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий ўзликни англаш, маънавиятни юксалтириш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Ш.Турдимов. —Бу жараёнда Ватанимиздаги маънавий мерос, маданий бойликлар, тарихий ёдгорликларни тиклаш, халқимизнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ва аҳамиятини намоён этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эзгу ишлар силсиласида ўзбек халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси — “Алпомиш” достони ҳам инсон ва табиат уйғунлиги, умид ва ишонч фалсафаси, ор-номус,ватанпарварлик, бағрикенглик, матонат ва садоқат қўшиғи сифатида ўзининг янги ҳаётини бошлади. Зотан, “Алпомиш” нафақат халқимизнинг, балки бутун инсониятнинг маънавий меросидир. Бадиият ва эпик тафаккур қонуниятларидан бохабар инсон борки, бу асарнинг дунё тамаддуни ҳамда инсон тасаввур ва тафаккуридаги ноёб бадиий-эстетик ҳодиса эканини тан олади.
“Алпомиш” туб мағзидаги улкан ҳикматнинг ўзаги алпнинг қуйма сифатларида тимсолий ифодаланган: Алпомиш — ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди, қиличда чопилмайди. Ўт — осмон олами, сув — ер ости, қилич — ер юзи дунёлари қуввати рамзи эканини инобатга оладиган бўлсак, алп борлиғи ушбу уч ўлчам кучлари қуввати билан камолга етган баркамол шахсдир.
Алпомишнинг аввалги исми Ҳакимбек экани ҳам бежиз эмас. Чунки “алп” сўзи “ҳаким — донишманд, билга”, “миш/мес” сўзи эса “ботир, баҳодир, қаҳрамон” маъноларига эга.
Алпомиш — халқимизнинг бунёдкор инсон ҳақидаги тасаввурларини ўзида мужассам этган идеал қаҳрамони. Достоннинг бош ғояси, фалсафаси ана шу асосга қурилган. Шу сабабли у барча даврларда авлодларга ибрат бўлиб келмоқда. Ўз тақдирини миллат тақдири билан боғлаб яшайдиган ўғил-қизлари бор халқҳеч қачон завол топмайди. Авлодлар мана шундай тимсоллар руҳида тарбияланса, бундай халқнинг маънавияти бутун, келажаги буюк, йўли ойдин бўлади.
“Алпомиш” достонида куйланган образларнинг ҳаёти, воқеалар тасвири ўзига хос ботиний маънога эга. Этноснинг тақдири, тарихдан уққан сабоқлари, билим хулосалари эпосда бадиий инъикосини топган. Достон мағзидаги ушбу моҳият уни барча даврлардаги авлодларга боғлайди. Этнос эпосида ўзини, ўзлигини куйлайди. Эпоснинг оҳанрабоси, қадр-қиммати, ҳар бир кўнгилга, замонга уйғун маъно касб этувчи қуввати шу кучда намоёндир.
— Баркамоллик — инсоният учун ҳамиша маънавий манзил бўлиб келган. “Алпомиш” достони бугунги “ахборот эраси”да улғаяётган авлодга бу маънавий чўққи ҳақида қандай янги ва эзгу тасаввурлар беради?
— Маълумки, инсоният ҳамиша кундалик турмуш заҳматларини енгиллаштирувчи восита ва усулларни топишга интилган. Барча даврлардаги илму ҳунар, фан-техника кашфиётлари ушбу истак ва интилишнинг меваларидир. Лекин бу қулайликларнинг аксарияти тан эҳтиёжларини қониқтиради, холос. Руҳимиз эса ҳамиша маънавий қадриятлардан озуқа олади. Техника воситаларидан фарқли равишда инсоният яратган маънавий қадриятлар эскирмайди, маънавий камолотга хизмат қилаверади.
Бугун “ахборот эраси”да улғаяётган авлодга “Алпомиш”нинг ибратли ўринлари кўп. Эпосдаги рамзий, тимсолий маънолар қатламига кирилса, у ҳар бир кўнгилнинг битмас-туганмас хазинасига айланади. Англанган, қайта кашф этилиб, бугуннинг маънавий мулкига қўшилган эпос ҳар бир шахс ва бутун халқнинг ўзлигини ўзига танитади. Ўзини англаган, таниган шахс – комил инсондир. Унинг ўйи сўзига, сўзи амалига, амали ўйига уйғун. У бефарқ, инерт одам эмас. У жамияту табиатдаги ҳар бир ҳолатга ўзини масъул, деб билади. У ҳал қилувчи вазиятларда “Маслаҳат бермаймиз, Бойсарибойга, осилмаймиз Бойбўрининг дорига”, деб манфаатлари қобиғига беркиниб олган ёртибойчилик билан муроса қилмайди. Аксинча, “бировнинг чориғига бировни тойдирмаслик лозим”, деган ақида билан яшаб, адолат ҳимоячиси бўлади.
“Алпомиш” достони, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, бизга, аввало, ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай ёвуз тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади. Ўзимиз, қавму қариндошимиз, эл-юртимиз, қолаверса, инсоният, тарих ва вақт олдида жавоб бериш учун ҳар куни янгидан курашга киришишга чорлайди. Булар – барча замон ва маконда авлодларни фақат баркамол бўлишга ундайди.
— Бу достонда ёрқин бадиий ифодасини топган миллий давлатчилигимизга хос жиҳатлар ҳақида ҳам тўхталсангиз?
— Эпос хотира ва орзунинг чегарасида туғилади. Киши ҳаётида ёрқин из қолдирган воқеа-ҳодисаларни ё қувонч ёки афсус билан ёдлаб сабоқ уққани каби, халқҳам ҳаёт-мамоти боғланган улкан ҳодисаларни авлоддан-авлодга эпос воситасида мерос қолдиради. Достон — тарихий ҳужжат бўлолмаслиги мумкин, аммо у тарихдан четда қолган тўқима ҳам эмас. Бугун ёзма далилга таяниб қолган айрим одамлар ҳар қандай фикрга ҳужжат талаб қилиши табиий. Аммо ёзма далилларқабатида «оғзаки ҳужжатлар» ҳам бақамти яшаши факт. Миллатнинг кўнгил тубидаги бобомерос хотиралар ўзаги бунга далилдир.
Эпос тарихнинг майда тафсилотларидан эмас, моҳиятни типик ҳолатларда умумлаштиришдан яралади. У тарихнинг барча даврларини яхлит бир жамловчи тимсолий давр тизимини яратади. Бундай асар бевосита халқ тақдирномасига айланади. Шу аснода “Алпомиш” нафақат кўҳна мифологик тасаввурлардан, муқаддас битиклардан, балки халқнинг кечмиш тарихидан ҳам қувват ва улги олиб, кўркам бадиий эстетик ҳодисага айланган.
“Алпомиш” воқеасини “айрилиқ ва бирлашув достони”, деб аташ мумкин.Оила таназзулга юз тутади, яна қайта қувватга эниб, қад ростлайди, ўзлигини намоён этади: ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши эса қоронғу. Нима учун айнан ушбу сюжет пайдо бўлди? Нега барча ҳақиқатлар ушбу воқеа тизимига қурилди? Жавобни эпос яратувчиси бўлмиш халқнинг кечмиши, тарихи айтади.
Халқимиз кечмишида айни ҳолат энг долзарб масала бўлганлигига далиллар, мисоллар исталганча топилади.Бўлинув ва бирлашувнинг «болу заҳри»ни аждодларимиз кўп тотишган. Яқин беш-олти асрда кечган воқеаларни яхлитлаштириб, хаёлан ёдлайлик: Соҳибқирон Амир Темур тузган салтанат довруғи… Уч хонлик даври… Ички низо ва келишмовчиликлар оқибатидаги Чор Россияси босқини ва мустабид совет тузумининг халқимиз бошига солган мусибатлари… Ва ниҳоят истиқлол: тикланиш ва тараққиёт…
Тақдир чархпалаги айланар экан, таназзул ва юксалишнинг ҳар бир ҳалқаси хотирани янгилаб боради. Халқимиз бу такрорсиз такрорни чуқур англаб, туб моҳиятига етган, кўнглида пишитиб, авлоддан-авлодга достон шаклида ўтказган. «Алпомиш» моҳиятида тарих ана шу тарзда сингган. Бу достон уқтирувчи сабоқни, унинг мағзидаги маънони уқиш орқали ҳар бир авлод ўз ҳолига, ҳолатига баҳо беради.
— Бугунги алпомишшунослик манзараси қандай? Бу йўналишда олимларимиз олдида ечимини кутиб турган муаммолар ва долзарб масалалар нималардан иборат?
— “Алпомиш” достонини ёзиб олиш, нашр этиш, илмий тадқиққилиш ишлари ХХ асрнинг йигирманчи йилларидан бошланган. Дастлаб Ғози Олим 1922 йили Фозил шоир ва Ҳамроқул бахшидан достоннинг маълум қисмини ёзиб олиб, чоп этган. Достоннинг тўлиқ варианти 1927-1928 йиллари Фозил шоир ижросида Маҳмуд Зариф томонидан ёзиб олинди ва 1939 йил Ҳамид Олимжон таҳрири остида эълон қилинди. Достоннинг тўлдирилган нашрини Ҳоди Зариф ва Тўра Мирзаев “Ўзбек халқ ижоди” кўп жилдлигида амалга оширдилар. Афсуски, ўтган асрнинг 50-йилларида, миллий меросимизнинг кўпгина намуналари каби, “Алпомиш” достони ҳам миллатчилик руҳидаги асар сифатида қораланиб, қатағон қилинди.
Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли миллий тикланиш жараёнида “Алпомиш” ҳам халқимизнинг бебаҳо маънавий дурдонаси сифатида ўз ўрнини топди. Достоннинг тўла нашри 1992 — 1993 ва 1998 йиллари китобхонлар қўлига тегди, уларни кенг кўламда илмий ўрганиш ишлари амалга оширилди. Юртбошимиз ташаббуси билан “Алпомиш”нинг 1000 йиллик тўйи катта шодиёна билан нишонланди.
ДостоннингПўлкан шоир ва Эргаш шоир, Берди бахши, Бекмурод Жўрабой ўғли, Саидмурод Паноҳўғли вариантлари нашр этилди. Фозил шоир вариантининг академик нашри босмадан чиқди, кўплаб тадқиқотлар қилинди. Энг муҳими, фолклоршунослигимизда “Алпомиш” достонини ўрганиш бўйича илмий мактаб шаклланди.
Ўзбекистон Фанлар академиясиАлишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг фолклор архивида “Алпомиш”нинг ўттизга яқин варианти сақланаётган бўлса-да, улардан фақат бештаси кенг оммага етказилган. Бу борадаги илмий изланишлар кўламини янада кенгайтириш, достоннинг оммага, хусусан, ёш авлодга етиб бориши учун “Алпомиш” қомусини яратиш бу борадаги энг долзарб вазифалардан. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 октябрда қабул қилинган “2010 — 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги эзгу ишларда дастуриламал бўлиши шубҳасиз.
Халқимиз ўзи яратган ва севиб ардоқлаган бу афсонавий қаҳрамон сиймосида Ватанимизни ёмон кўзлардан, бало-қазолардан асрашга қодир, керак бўлса, бу йўлда жонини ҳам беришга тайёр азамат ўғлонларнинг маънавий қиёфасини кўради. Зотан, Юртбошимиз таъкидлаганидек, халқимиз бор экан, Алпомиш сиймоси ҳам барҳаётдир.
ЎзА мухбири Умид Ёқубов суҳбатлашди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 49-сонидан олинди.