“Устоз”, “муаллим” деган улуғ номларни эшитганда етмиш икки томирим соғинчу ифтихордан алланечук титраб кетади. Бола тасаввуримизда абадий муҳрланиб қолган ўша мушфиқ, меҳрибону жонсарак муаллимамиз шунчаки бир ожиза эмас, балки мурғак шууримиз идрок эта олмайдиган илоҳий бир дунё билан биз – йигирма уч нафар етти ёшли гўдакларнинг ҳаёт-мамотимиз ўртасида гўё буюк воситачидек эди.
Кейинчалик синоатларга тўла, серғавғо ва айни чоғда мафтункор ҳаётнинг пасту баланд йўлларида турфа хил устозларни кўп ва хўп учратдик. Улардан қай бири бизга касбу ҳунарни ардоқламоқни, яна қайсилари кимёю жуғрофиядан сабоқ берди. Ҳаттоки синалмаган дўсту ғаним учраганда асқотадиган дипломатия деган илмни-да ўргатганлари ҳам бўлди. Ҳеч шубҳасиз дўсту ҳамкор орттирмоққа, қаттиқроқ йиқилганда ҳам йиғламасдан оёққа турмоқ ва вужуду кўнгилда пайдо бўлган ғурурлару жароҳатларни кишилардан пинҳон тутмоққа кейинги устозлардан олган сабоқларнинг анча-мунча асқотгани рост.
Бироқ, уларнинг ҳеч бири ҳам (минг бор узр) негадир, менинг назаримда ўша биринчи муаллимам, одмигина либос кийган, бир қадар қаттиққўлу айни дамда ғамхўр ва меҳрибон аёл каби ўчмас меҳр беролган эмас. Қайсидир таниқли адибнинг талқинида ўқиганим бор. Ёзувчи ўз муаллимини қуйидан баланд ва қақроқ ерларга ҳовуч-ҳовуч оби-ҳаёт узатаётган чархпалакка менгзайди. Бироз дағалроқ бўлса-да, ғоят ўринли қиёс эди бу! Дарҳақиқат чархпалак чўмичларидан новга тўкилган “сув” – шогирднинг чўлу саҳроларга тириклик муждасини етказмоқ учун ошиқар экан, ортига, яъни ўзини пастдан юксакка кўтариб олиб чиққан устозга – яъни “Чархпалак”ка қайрилиб назар ташлашга гоҳида ўзида рағбат тополмайди ҳам. Чархпалак азалий қисмат битигини бахт деб билган муаллим янглиғ вазмин айланиш асносида бемақсад ҳайқириб оқаётган асов дарё бағридан ўз чўмичига сиққанича сув олиб чиқиб яна баланддаги новга қуяверади. Янги жилға, янги ҳаёт йўли барпо этаверади. Бунинг учун жоннисору ҳокисор муаллим ҳеч кимдан мукофоту манфаат таъма қилмайди. Аслида унга мана шу заҳматли ишнинг ўзи ҳузур ҳаловат беради. Баъзи-баъзида ўзим гоҳо лаззат, гоҳо шону шараф деб билган касб-корнинг сурҳо-сурларидан ториққан кезларимда буюк шоиримизнинг ўтли, андуҳли сатрларида муҳрланган ўша “йиллар армони” дилимга санчиқ бўлиб ботаверади. Одам бўлиб ҳечқурса ўша муаллимамга ўн қатор ташаккур мактуби битмабман ҳам. Ўзига рўбарў келиб қолганимда эса саломлашиш, рўзғори, невараларининг соғлигини сўраш билан кифояланибман, холос. Бу норасолик ёки худбинликдан эмас. Эҳтимол салкам қирққа кириб ҳам ўша берган сабоқлари самарасини қаттиқ сўрайдиган одми ва интизомпарвар муаллимам олдида ўйинқароқ боладек довдираб қолишимдан бўлса керак. Тан олмоқ керакки, биз ўзбек фарзандлари меҳр-муҳаббат изҳорию такаллуфни урф-одати, турмуш тарзи ўзимизникига ўхшаш баъзи қардошларимиз каби қойилмақом қила олмаймиз. Балки бу соғинч, бу муҳаббат қалбимизда пинҳон яшайди. Балки ана шу “нўноқлигимиз” боис ҳам, мутаассиблар ҳатто илоҳий севги борасида ҳам бизлардан устунликка даъво қиладилар. Ана шундай ташбеҳу такаллуфда ношудлик сабаб, кўп ва хўп изҳорларим юрак қаърида қолиб кетган… Ҳарбий хизматда Евгений Биков деган ўрис ўртоғим бўлгич эди. Баталонимизда улфатчиликка, даврадошликка мойил турфа миллатли бўйинсалар кўп эди-ю, лекин ўша Женя лақабли ўрис йигити одамохунлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Ҳар нарсага қизиқувчан Женяси тушмагур тўю маъракаларимиз, ҳатто мактабларимизда йигитлару қизлар муносабатигача сўраб-суриштирарди. Кейинчалик билсам, ўзидан икки ёш катта опаси беш йилча илгари ўзбек аскар йигити билан севишиб, аҳду паймон қилиб Хоразм томонларга келин бўлиб тушиб кетган экан. Иркутск вилоятида педбилим юртини тугатган ўша мовийкўз сулув келинчак қишлоқ мактабида ўзбек болаларига рус тилидан дарс бера бошлабди. Орадан бир ярим йил вақт ўтиб, ўзига мусофир келин қисматини раво кўрган қайсар қизларидан хабар олгани борган ота-онага аввало бегона жойларнинг ўта иссиқ иқлими ёқмабди. Қолаверса, дини, миллатию урф-одатлари ёт бўлган юртда эрка қизларини қолдиргилари келмай, уни ўзлари билан олиб кетмоқчи бўлибдилар. Бахтидан, касби-коридан ёлчиган ўрис қизи эса ота-онасига қатъий оҳангда: “Энди менинг оилам ҳам, элим ҳам, юртим ҳам шу ер, агар яна бир марта уйимга мана шундай совуқ таклиф билан келсаларинг сизлардан умрбод хафа бўламан!” дея жавоб қайтарибди. Калтаўй ота-она ўзларининг бачкана ғамхўрлигидан мулзам бўлиб қайтиб кетишибди. Женянинг туғишган опаси ҳақидаги содда ва жўн ҳикояси ҳайратомуз даражада таъсирчан эди.
— Хўш, опангни мусофир юрт билан бунчалар қаттиқ боғлаган ришта нима ўзи? Ҳаётда бугун севишиб, қасамлар ичиб, эртага ҳеч нарса бўлмагандай ажралишиб кетаётганлар кам дейсанми?
Евгений жавоб ўрнида опасидан келган мактубдан ўзи белгилаб қўйган бир неча жумлани ўқиб берди: “Мени ўзбекларнинг ўз фарзандларини ўқитаётган оддий муаллимага азбаройи чуқур ихлос билан қарашлари лол қолдирди. Ҳатто мактабни битириб кетган собиқ ўқувчилару уларнинг ота-оналари ҳам тўй-ҳашамларда обдон ҳурмат-иззатингни жойига қўядилар. Ўзим раҳбар бўлган синф ўқувчиларини айтмайсизми? Тўғриси, ўзим устоз бўлсам ҳам меҳр-муҳаббат, ҳурмат нима эканлигини ана шу содда гўдаклардан ўргандим. Қайнота-қайнонам ҳам “келин”, қайнисингилларим “янга”, ўқувчиларим эса “устоз!” дея ўзгача ҳурмат билан мурожаат қилишади.Ўзимиздаги каби исм-шарифим билан “Фалончиевна!” дея совуқ оҳангда чақиришмайди. Бу ерларда ўзимни сира ҳам бегона, мусофир сезмаяпман. Аксинча, ўзингни атрофингдагиларга керакли, анчайин бир улуғ одамдек ҳис этаркансан, киши».
Ўшанда олис-олислардан ҳам тафтини йўқотмай етиб келган мактуб сатрларини ўқир экан, опасини соғиниб кетган Евгенийнинг кўзларида ёш ҳалқаланар, кифтлари титроқдан силкиниб-силкиниб кетарди. Муаллималик қалб чашмаси кўз очмаган қай бир кишилар наздида шунчаки камписанд касб саналар, лекин унинг улуғвор фазилатини кўрингки, кимлардир мана шу буюк касб воситасида ота-онасининг иссиқ бағридан неча минг километр олисдаги ўзга юртга келиб, муслималик ҳаётини ихтиёр этмоқда.
***
Этти ёшга тўлиб мактаб тараддудини кўраётганимда меҳрибон опаларимнинг бири қўйиб бири қаттиқ тайинларди:
— Назар ёки Бозор муаллимлар (уларни Ҳақ ўз раҳматига олган бўлсин) дан бирининг синфига кириб ол. Эсингда бўлсин, улар жуда меҳрибон одамлар. Шўхлик қилсанг ҳам, ўтган дарсини айтиб беролмасанг ҳам уришмайди. Кўпинча ўксиган болаларни қўшиқ айтиб бериб юпатадилар. Зинҳор Гулира домланинг ўқувчиси бўла кўрма! Қачон қарама қўлида узун ола таёқ билан синфга киради. Бошингга тушириб қолса борми? Қандай бўлмасин Бозор муаллимнинг, ё бўлмаса Назар муаллимнинг синфига ўтиб олиш пайида бўл!..
Аввалига меҳрибон опаларимнинг маслаҳатига кўра Бозор муаллимнинг ўқувчиси бўлдим. Аммо, тақдир эканми, ҳар танаффусга чиққанимда ўз синфхонамни топа олмай, ўша қаттиққўл Гулира опа (Аллоҳ бу устозимни ҳам раҳматига олган бўлсин) нинг
1 “в” синфига кириб бораверибман. Охири, Гулира опа “Сен адашишдан чарчамадинг, мен эса синфингга обориб қўйишдан чарчадим. Бўлди, етар энди менинг ўқувчим бўласан. Қани, биринчи партадаги бўш жойга ўтир-чи!” дея амр этди. Шу-шу Шеробод туманидаги 17-ўрта мактаб муаллимаси Гулира Рўзиеванинг 1 “в” синфида қолиб кетдим. Аввалига муаллиманинг қўлидаги “ола-була таёқ”ни кўриб юрагим “шув” этди. Аммо, энди кеч бўлганди. Менинг жисму жоним, келажагим ўша “ола таёқли сардор аёлнинг кемасида қолиб кетган” эди. Ҳартугул узоқ вақт эҳтиёт бўлиб юрганимга қарамай ўша “ола таёқ” бирор марта ҳам на тақир бошимга, на шалпанг қулоқларимга тушди. Аксинча, мен ўша темир интизомли ва жонкуяр муаллимамнинг аълочи ўқувчиларидан бирига айланган эдим. Биринчи муаллимамни сўнгги бор 2004 йилда — синфдошларимиз билан мактабни битирганимизга йигирма йил тўлган куни учрашув базмимизда кўрган эканман. Ўшанда устоз билан сўнгги бор учрашиб турганимиздан бехабар эдик. Ўшанда опа мендан бир масалада ёрдам сўраганди.
Ижарага полиз эккан ўғлининг пайкалларини ҳокимият вакиллари “раис билан тузган шартномангни тан олмаймиз!” дея арзимаган сабаб билан буздириб ташлашган экан. Бўлар иш бўлган эди. Салла сўраса каллани қўшиб оладиган “тўралар” қилар ишини қилган, каттагина харажатга куйган аёлни юпатмоққа тузук сўз топа олмай “ўғлингиз таҳририятга ариза ёзиб келсин…” дея олдим, холос. Орадан кўп ўтмай, муаллимамнинг бевақт оламдан ўтганини эшитиб, қаттиқ изтироб чекдим.
Айни чоғ ушбу хотираларни ёзаяпману устозимга айтолмай қолган сўзларим мени умрбод қийнайдигандек туюлмоқда. “Дунёнинг ҳеч бир манзилида сиз каби ўз ўқувчиларига меҳрибон муаллима бўлмаса керак. Сиз ҳаммадан яхши эдингиз, ҳар бир ўгитингиз қалбимда, опамиз каби меҳрибон чеҳрангиз кўз ўнгимизда…
Иқбол ТАНГРИБЕРДИ
“Ҳуррият” газетасидан олинди.