Минг йиллардан бери елкама-элка туриб, қариндошлик ришталари билан чамбарчас боғланиб кетган Марказий Осиёнинг биродар халқлари азалдан сувни оби ҳаёт деб эъзозлайди.
Сув ҳамда фақат бир ёқадан бош чиқариб ечиш мумкин бўлган унга боғлиқ муаммолар минтақа халқларини бежизга яқинлаштирмагандир? Балки шу боис ҳам Марказий Осиё халқларининг бошқаларникига ўхшамайдиган менталитети вужудга келгандир. Икки азим дарё — Амударё ва Сирдарё минтақа халқларини ўзаро яқинлаштирувчи, бирлаштирувчи восита бўлиб хизмат қилган ва дарёлар сувидан минтақа халқлари баҳамжиҳат фойдаланиб келганлар.
Сувдан фойдаланувчиларнинг талабини қондириш мақсадида бу ерда кўплаб гидротехник иншоотлар ва тизимлар (сув омборлари, тўғонлар, сув тарқатгич, канал, насос стантсиялари ва б.) барпо этилган. Биринчи навбатда мазкур иншоот ва тизимлар қишлоқ хўжалиги эҳтиёжини қондиришга, асосан суғоришга мўлжалланган эди. Албатта, булар минтақанинг ўзига хос хусусиятлари – унумдор ерларнинг мавжудлиги, иссиқликнинг етарли таъминлангани ва, муҳими, заминдорликнинг узоқ йиллик тажрибаларини эътиборга олиб амалга оширилган.
Шу билан бирга мазкур иншоотларнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларидан ҳам самарали фойдаланилган, бироқ гидротизимлар, биринчи галда суғориш ҳамда ерларни сув билан таъминлашга қаратилган. Ушбу мутаносиблик сақлангани туфайли минтақани сув билан таъминлашга эришилди. Бугунга келиб 45 миллиондан ошиқроқ аҳоли истиқомат қилаётган қўриқ ерлар ўзлаштирилди. Уларнинг ҳаёт кечириши учун тўлиқ инфратузилма тизими яратилди.
Минтақа давлатларининг мустақилликка эришиши баробарида турли ҳудудларда қолиб кетган сув омборларидан фойдаланишдаги ҳал этилмаган муаммолар ва ўзаро келишмовчиликлар сабабли, наинки қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга, балки ичимлик суви таъминотига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
Юзага келган вазиятни бироз юмшатиш мақсадида турли даражада давомли музокаралар олиб борилди, катта ташкилий ишлар амалга оширилди. Натижада бир битимга келиниб, 1992 йилнинг 18 февралида Алматида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон Республикалари ўртасида “Давлатлараро сув манбаларидан ҳамкорликда фойдаланиш ва бошқариш, уларни асраш” бўйича келишув имзоланди. Давлатлараро сув манбаларидан ўзаро келишув асосида фойдаланишда ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси ташкил этилди. “Амударё” ҳамда “Сирдарё” сув ҳавзалари сув ажратиш ижроия идоралари тузилди.
Шу боис ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида минтақа давлатларидаги иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг бир-биридан фарқ қилишига қарамай, иқтисодиётнинг турли соҳаларини сув билан таъминлашда маълум барқарорликка эришилди.
Шунинг учун ҳам сувдан фойдаланиш режимининг зиғирдеккина ўзгартирилиши, шундоқ ҳам омонат барқарорликка путур етказиб қўйиши мумкин. Бундай ҳолатнинг оқибатлари оғир ва ҳатто ижтимоий беқарорликка ҳам олиб келиши ҳеч гап эмас.
Юқоридагиларга кўра кейинги пайтларда айрим оммавий ахборот воситаларида аҳамияти “кўпиртирилиб” баҳоланаётган Норин ва Вахш дарёларида қўшимча гидроэлектростантсиялар барпо этиш режаси хавотир уйғотиши табиий.
Балки асл мақсад минтақада истиқомат қилаётган аҳоли наздида гўзал турмуш кечириш ҳиссини уйғотиб, дарёларда янги гидроиншоотлар қуриб олишдир?
Бироқ минтақада истиқомат қилиб келаётган 45 миллиондан ортиқ аҳолининг турмуш тарзи бевосита мазкур дарёлар сувига боғлиқ ва
дарёлар ўзанига киритиладиган ҳар қандай ўзгартириш кутилмаган оқибатларга сабаб бўлади.
Шу боис йирик корчалонлардан иборат гуруҳларнинг манфаатларини қўллаб-қувватловчи турли уюшмалар ташкил этиш орқали Норин ва Вахш дарёларида яна бир неча ГEС қуриш ҳамда арзон электр қуввати ишлаб чиқариш эвазига катта фойда олиш ҳаракатларини тўхтатиш зарур. Бунинг оқибати аниқ: Норин, Роғун, Сангтўда ва Вахш дарёларида Қамбарота-1 ва Қамбарота-2 ГEСларининг барпо этилиши минтақадаги, аввало, суғориладиган ерларнинг сув таъминотига катта зарар етказади. Қурилажак ГEСларнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати ўзгартирилмай қолинган тақдирда ҳам ёз ойларида электр қувватининг ҳаддан ошиб кетишига олиб келади. Бунинг устига суғориладиган ерларга сув етказиб бериш тизимига путур етади. Албатта, ГEС қўшимча сув тақсимлагичларнинг барпо этилиши ёз мавсумида суғориш сувлари танқислигини келтириб чиқаради ва улкан ер майдонларида қурғоқчиликка сабаб бўлади.
Минтақа аҳолисининг 65 фоизи қишлоқларда истиқомат қилиши ва уларнинг ягона ҳаёт манбаи суғориладиган ерларда олиб борадиган қишлоқ хўжалиги эканини эътиборга оладиган бўлсак, сув танқислигининг келажакда нақадар беқарорликларга сабаб бўлишини башорат қилиш учун ўта билимдон таҳлилчи бўлиш шарт эмас.
Сунъий ҳосил қилинаётган қурғоқчилик оқибатлари минтақа чегаларидан ошиб кетишига шубҳа йўқ. Ишсиз ва ҳаёт кечириш учун иложсиз қолган кишилар оммавий равишда қўшни давлатлар ҳудудларига оқиб ўтиши мумкин.
Минтақадан ташқарига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ижтимоий беқарорликнинг олдини олиш мақсадида давлатлараро оқиб ўтувчи дарёлар узра қурилажак ҳар қандай иншоот ёки мавжудларининг таъмирланиши сувдан фойдаланувчи давлатлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши керак.
Мутахассислар давлатлараро умумий сув манбаларидан келишиб ва самарали фойдаланиш йўлга қўйилса, уларнинг кўп йиллар давомида иқтисодиётнинг барча соҳаларига етишини исбот қилишган. Шу боис алоҳида корчалонларнинг манфаатлари учун сув манбаларидан ҳамкорликда фойдаланиш ва бошқариш тизимини бузиш беқиёс хатардир.
“Ҳуррият” газетасидан олинди