Марҳум устоз, профессор Ҳомил Ёқубов домланинг адабиётшуносликка оид асарларини талабалик давримдаёқ ўқиган бўлсам-да, у киши билан 1957 йили Ўрта Осиё давлат университетининг(ҳозирги ЎзМУ) филология факултетини битириш арафасида кўришдим. Шу вақтдаги домлам Субутой Долимов раҳбарлигида тайёрлаган “Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи” мавзусидаги диплом ишимга кафедрада эндигина иш бошлаган Ҳомил Ёқубов тақризчи қилиб тайинланган экан.
Диплом ишимни домла ўқиб чиқиб, унда мавзу имкон қадар яхши ёритилганлиги, Абдулла Қодирий романидан ташқари бошқа кўплаб кичик асарлари, адиб ижоди ҳақидаги танқидий мақолалар, ёзувчи биографиясига оид манбалар ҳам кўздан кечирилганлигини қайд этиб ўтди.
Тил ва адабиёт институтида ишлаётган пайтимда институтнинг янги директори Азиз Қаюмов менинг асосий мутахассислигим билан қизиқиб, «Cиз Ҳомил Исломович бўлимига ўтиб ишланг», деди.
1960 йили Абдулла Қодирий ижтимоий биографияси ва адиб асарларининг изоҳли библиографиясини тўлдириб, университет ва институт тўпламларида нашр эттиришда қатнашдим. Мақолаларнинг таҳрири ва эълон қилинишида Ҳомил аканинг ёрдами бўлди. Сўнгра академик Иззат Султонов раҳбарлигида “20-йиллар ўзбек ҳикоячилиги” мавзусида тайёрлаган диссертатсиямнинг қўлёзмасини ўқиб, қимматли маслаҳатлар берган ҳам профессор Ҳомил Ёқубов, Маҳмудали Юнусов, Машҳура Султонова, Наим Каримов бўлдилар. Домланинг кўмагида Боис Қориэв(Олтой) билан ҳамкорликда тузилган “Ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилиги библиографияси(1918-1941 йиллар)”, “Ўзбек адабиётида кичик эпик жанрнинг шаклланиши”(1978) китобларим дунё юзини кўрди.
Ҳомил аканинг самимий ёрдамларидан биргина мен эмас, балки институтдаги бошқа ёш адабиёт тадқиқотчилари ҳам баҳраманд бўларди. Домла ўз мулоҳаза ва фикрларини биз – ёшларга ниҳоятда андиша билан айтар, дилимизга озор бермасдилар.
У киши институтда Ҳоди Зарифов, Порсо Шамсиэв, Шоназар Шоабдураҳмонов, Зокир Маърупов ва бошқалар билан яқин суҳбатдош эдилар. Биз ёшлар уларнинг самимий суҳбатлари, ҳазил-мутойибаларини ҳавас билан кузатар, ибрат олишга ҳаракат қилардик. Профессор Ғулом Каримов Ҳомил аканинг ниҳоятда ҳалимлигини назарда тутиб, у кишига “Домлайи беозор” деб мурожаат этганлигининг бир неча марта гувоҳи бўлганман.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган пайтда Ҳомил ака анча кексайиб қолган бўлса-да, фикрлари ҳамон теран, ғайратлари йўқолмаган эди. Домла билан баъзан уйларида, баъзан Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги ижод боғида бўлганимизда у кишидан баъзи хотираларни сўрардим. Ҳомил ака ўтмиш ўзбек классик адабиёти, 20-30-йиллар адабиёти ва танқидчилиги тарихига доир айрим хотиралар, мулоҳазалар, бу масалаларга бугунги кундаги муносабат қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрларини ҳам айтиб қоларди.
Классик ва замонавий ўзбек адабиётининг барча даврлари энди тамомила янгича, миллий истиқлол мафкураси нуқтаи назаридан қайта ўрганилиши керак, боиси, мустақилликкача бўлган адабиётшунослигимиз ва танқидчилигимизда бу масалаларни ёритишда, хоҳлайсизми-йўқми, синфийлик нуқтаи назаридан ёндашувнинг таъсири бўлган. Бу, айниқса, 30-50-йилларда кучли эди. Масалан, 30-йиллари баъзи ишларнинг муҳокамасида, ёзган мақолаларимизда шундай камчиликлар кўпроқ бўлганди. 1934 йил бошида Тил ва адабиёт институтида Ойбек адабиёт бўлими бошлиғи эди. Бўлимда Фитрат, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва бошқалар ишларди. Профессор Фитрат аспирант ва ёш илмий ходимларга ўзбек классик адабиётидан, форс тилидан дарс берарди. Мен ҳам Фитрат домланинг дарсида ва ёзган ишларининг муҳокамасида қатнашганман. Институтда Фитратнинг ўзбек адабиёти тарихига оид янги бир асари қўлёзмасини ўқиб, ўз муносабатимни билдиргандим. Биз ўша вақтда тарихга синфий кураш нуқтаи назаридан ёндашиш керак деган ғоянинг таъсирида эдик, ишга шу асосда нотўғри ёндашиб, баъзи «камчиликлари»ни ҳам айтган эдим. Бу, албатта, бугунги кун нуқтаи назаридан Фитратга нисбатан адолатли эмас эди. Лекин домланинг ўтмиш тарихимиз, адабиётимиз ва тилимизнинг ниҳоятда чуқур билимдони, улкан аллома эканлигини ичдан ҳис қилардик. Муҳокамада аспирант Ислом Аҳмедов ҳам мазкур асар қўлёзмасини ўқиб, анча салбий фикрлар айтганди. Кейинчалик у киши бир муддат институт директори ўринбосари бўлиб ишлади. 40-йиллар охирими, 50-йиллар бошими, ҳозир аниқ эсимда йўқ, Ислом Аҳмедовнинг олий ўқув юртлари филология факултетлари сиртқи бўлим талабалари учун “Ўзбек адабиёти тарихи” деган китобини ўқиб қолдим. Унда биз 30-йиллар ўрталарида муҳокама қилган профессор Фитратнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” асаридаги кўп фикрлари қайта эсимга туша бошлади. Билмадим, Фитрат қамалгач, ўша асар қўлёзмаси босилмасдан Ислом Аҳмедовда қолиб кетганми, ё бу асарни, эҳтимол, махсус махфий сиёсий ташкилотлар унга ўқиб, фикр беришини сўраганми, ҳар ҳолда, Фитратнинг мазкур асари қўлёзмаси ҳозиргача топилгани йўқ.
1937 йили институт раҳбари ва кўпчилик олимлар таъқибга учрагач, кўп ўтмай Ислом Аҳмедов буйруғи билан Ойбек, мен, Ҳоди Зарифов вазифасини эплолмайдиган ходимлар сифатида ишдан бўшатилиб, ишсиз қолдик. И.Аҳмедов профессор Фитратнинг аспиранти бўла туриб, 1937 йил 31 август-4 центябр кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси пленумида домласини ва бошқаларни, шу жумладан, мени ҳам сиёсий-ғоявий зарарли ёзувчиларни тарғиб қилган ишончсиз адабиётшунос сифатида қоралаб чиққан эди. Мана, унинг ўша кунги пленум мажлисидаги нутқидан айрим намуналар:
“Институт адабий танқидчилигимизда катта рол ўйнаши, демак, адабий ҳаракатчанликни олдинга суришда катта вазифалар бажариши керак эди…
Лекин институт амалда нима иш қилди? Планга киргизилган нарсалар Боту, Чўлпонларнинг ижоди, булар совет воқелигига қарши фикрларни ўтказмоқчи бўлган эдилар. Боту ҳақида ёзилган Ҳомил Ёқубовнинг нарсаси Ботуни танқид қилув ўрнига, уни популярлаштиришга уринишдир. Ёхуд Отажон Ҳошимовнинг босилмаган асарларини олсак, тўғридан-тўғри Чўлпон, Ботудан ва бошқалардан характерли нарсаларни тўплаб, популярлаштирмоқчи эди…
Ўзбек совет адабиёти тўғрисида ёзган нарсалари ҳақида гапирмоқчиман…
Унда Ҳошимов ўзбек совет адабиётининг гуллаб ётганини инкор қилади. Унда асосий қисм қилиб Ойбекни олади. У ёзади: “Ойбек 26-йилларда совет платформасига ўтган”. Ҳолбуки, бу ерда Ойбекнинг ўзи «30-йилгача миллатчи эдим, 30-йилдан кейин ўтдим” дейди”. (Қаранг: Ўзбекистон Марказий давлат архиви Р-2356-жамғармаси,
1-рўйхат, 159-160-бетлар.)
– Шу гаплардан кейин сизларга зарар бўлмадими? – деб сўрадим.
– Нега зарари тегмас экан, катта зарари тегди, – деди Ҳомил ака. – Отажон Ҳошимов, Фитрат қамалиб кетди. Ойбек, мен, Ҳоди акалар институтдан бўшатилиб, ҳеч қаэрга ишга киролмадик. Мен айрим ўртоқларимнинг номига ҳар хил таржималар олиб, кун кўриб юрдим. Қамалиш хавотиридан қўрқиб, бир-биримизникига ҳам бормасдик, энг ёмони, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий асарлари таъқиқлангач, уларнинг асарларини қўрқиб бир ўрага кўмиб ташлаган эдим, кейинчалик қарасам, ўрага сув тўлиб, ҳаммаси чириб кетибди. Бугунги кунда улар менга керак вақтда, афсуски, бирортасини ҳам тополмай қийналиб юрибман.
Институтда Фитрат, Отажон Ҳошимов, Ғози Олим Юнусов, Элбек ва бошқаларнинг ўзбек адабиёти, фолклори, луғатчилиги ва шеваларига доир ёзган баъзи илмий ишлари, С.Паластровнинг 1905-1917 йиллардаги ўзбек матбуоти ва адабиёти бўйича тузган библиографияси ҳам босилмасдан қолиб кетди. Бундан ташқари, ўша
даврдаги айрим матбуот саҳифаларида профессор Фитратнинг Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғатини тузгани, арабчадан “Минг бир кеча”ни, форс тилидан Шайх Саъдийнинг “Гулистон”ини таржима қилганлиги ҳақида ҳам хабар берилган эди. Лекин улар ҳам босилмай қолиб кетди.
– Домла, Фитратни институтга келгунича ҳам кўрган эдингизми? – деб сўрадим.
– Ҳа, кўрганман. Бу воқеа шундай бўлган эди: 1919-йиллар бўлса керак, мен Тошкентдаги “Намуна” мактабида ўқиб юрардим. Бизга тил ва адабиётдан бир турк домласи сабоқ берарди. Шу вақтда анча вақт касал бўлиб, бир неча ой мактабга қатнай олмадим. Бироз тузалгач, дармонсизланиб, мактабга бормайман, дедим. Отам қаттиқ уришиб, мажбуран ўқишга юборди. Дарсга келсам, адабиёт дарсига аввалги турк домласи ўрнига Фитрат домла кираётган эканлар. (У киши шу даврда Файзулла Хўжаэв ва бошқалар қатори Бухоро амири Амир Олимхон таъқибидан қочиб, Тошкентда яшаётган эканлар.) У киши бизларга адабиёт дарсини ниҳоятда завқли қилиб, образга кириб ўта бошлади. Шулардан домла бизга айтиб берган бир ҳикоя ҳамон хотирамдан чиқмайди. Домланинг ҳикоя қилишича: бир баҳайбат ҳўкиз бўлган экан. У бир куни чанқаб, сув ичгани бир қудуқ олдига борибди. Қудуқнинг ичига қараса, ўзига ўхшаган бошқа бир ҳўкизни кўрибди, бу ерда мендан бошқа ҳўкиз нима қилиб юрибди, деб уни сузишга интилиб, ўзини қудуққа отибди ва у ерда дарҳол ҳалок бўлибди, дедилар. Бизлар бундан ниҳоятда даҳшатга тушиб, ҳаяжонланиб, ҳўкизнинг аҳволига ачиниб юрдик. Кейинчалик билсак, домла Фитрат бу ҳикояси орқали Бухоро амирининг ҳўкизтабиат жоҳил ва золим бўлганлигини, унинг ўзи каби ўзбек хонлари билан бемаъни урушлар қилиб, охир-оқибатда, ўзини ҳам ҳалок қилган эди, деган ғояни бизга образли қилиб сингдирмоқчи бўлган эканлар. Шу вақтлари мактабимиздаги ҳарбий дарсимизда ҳам Фитрат домланинг турк ҳарбий машқлари оҳангида битган шеърларини ёдлаб айтиб юрган эдик.
1920 йили Бухоро амирлиги ағдарилгач, Фитрат домла у ерга ишга кетиб, домлани бошқа кўрмадик. 1926 йили Самарқандда Педакадемия очилибди, Фитрат домла ўша ерда адабиёт тарихидан дарс бераётган эмишлар, деган хабарни эшитдик. Домланинг “Ўзбек адабиёти намуналари”( Самарқанд-Тошкент, 1927) китобини ўқиб, домла билан ғойибона кўришгандек бўлиб юрдик. Кейин Навоий номидаги билим юртига кириб, уни Ойбек, Миркарим Осим, Субутой Долимов билан бирга битиргач, бироз ишладим. Ойбек Ленинградга кетгач, ўша ерда ўқишни орзу қилиб юрганимда, шу вақтлари маориф соҳасида раҳбарлик вазифаларида ишлаб турган Шокиржон Раҳимий мен билан бирга ўқиган укасига қўшиб республика пойтахти Самарқандга олиб борди ва ҳар иккаламизга Ленинграддаги Гертсен номидаги педагогика институтига йўлланма олиб берди. Лекин у ерда бироз ўқигач, оғир об-ҳаво туфайли соғлиғим ёмонлашиб қайтиб келдим. Ойбек ва бошқалар ўқишни битириб қайтдилар. Мен мактабда ишлаб юрдим, сўнг университетнинг ижтимоий факултетида ўқидим. 1934 йил бошларида Ўзбекистон Фан Комитети қошида Тил ва адабиёт институти очилгач, Ойбек мени шу ерга ишга таклиф қилди, мен институтга кириш учун Уйғун ижоди бўйича реферат ёзиб топширдим. Реферат билан танишиб чиқишгач, ишга қабул қилиндим. Шундан сўнг Фитрат домлани иккинчи бор шу ерда кўрдим, у киши бу ерда профессор сифатида илмий ишлардан ташқари, ёш илмий ходим ва аспирант-ларга раҳбарлик қилиш баробарида, ўзбек классик адабиёти ва форс тилидан дарс ҳам берар эдилар. У кишининг дарсига биз – адабиётшунослардан ташқари тилшунослар ҳам қатнашар эди.
– Сиз Навоий номидаги билим юртида ўқиган йилларингиз Ойбек, Миркарим Осим, Субутой Долимов, Эсон афанди Мусаэв, Шорасул Зуннун ва бошқалардан сабоқ олган эдингизлар. Албатта, у домлалар халқ душмани деган туҳмат билан қамалиб кетгач, сизларга ҳам хавф-хатар келмадими?
– Таъсири бўлганда ҳам қандоқ. 1937 йил охирларида Ойбек билан мени ҳам, ўша домлаларда ўқиганимиз сабабли, пантуркистлар, миллатчиларда ўқиган, деган айб билан и?дан ҳайдаб, матбуотда ура бошладилар.
Эсон афанди Туркияда ўқиб келгач, билим юртимизда ҳам мудир, ҳам ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади. У кишининг фақат билим юртидагина эмас, умуман, Тошкент шаҳар маорифи раҳбариятидагилар ичида ҳам обрўйи баланд эди. Бизга ўзбек классик ва замонавий адабиёти билан бирга, турк адабиёти, Европа тарихидан ҳам дарс берарди. Дарсни қатъий дастурига ёпишиб олмай, эркин, ўзи тузган режа асосида завқли қилиб ўтарди. Айниқса, Ойбек, Миркарим Осим унинг барча дарсларини системали равишда ёзиб олишарди, уларнинг кейинчалик тарих ва адабиётга бўлган кучли қизиқишлари ҳам шундан бўлса керак, деб ўйлайман. Домламиз Эсон афанди, негадир, совет сиёсий органлари(ГПУ)дан қаттиқ хавфсираб юрарди, эҳтимол, у ўзининг орқасидан бўлаётган кузатувларни ўша вақтдаёқ сеза бошлаган бўлса керак. Билим юртини битиришимиз ниҳоятда тантанали бўлди. Эсон афанди домламиз ҳаммамизга бир хил формада бош-оёқ кийим тиктирдилар, битириш маросимига республиканинг таниқли маориф ва маданият арбоблари ҳам таклиф қилинди, бизнинг келажагимизга яхши ниятлар билдиришди. Сўнг бироз вақт ўтгач, домламиз Эсон афанди қамалипти, деган гапни эшитдим. Домла бир-икки йил қамоқда бўлиб, сўнг оқланиб, у ер, бу ерда ишлаб юрдилар. 1937 йили у кишини яна олиб кетишди. Кейинги тақдирлари нима бўлди, билмадим.
Мен Чўлпоннинг 1935 йили нашр этилган “Соз” тўпламига қисқа бир тақриз ёзиб, унда Чўлпон узоқ бир муддат танаффусдан сўнг аввалги ғоявий қусурларидан аста-секин, қийинлик билан бўлса ҳам, қутулиб совет томонига ўта бошлади, деб, унинг:
Бир неча йил қантарғач,
Яна олдим созимни,
Энди айтиб йиғламас,
Кўнгилдаги розимни.
Кўнглимдаги кудурат
Кўтарилди ниҳоят,
Энди илҳом манбаи –
Қайнаб ётган шу ҳаёт, –
деган мисраларини мисол қилиб келтирганим учун ўша вақтда матбуотда Ҳомил Ёқубов миллатчи шоир Чўлпонни совет позитсиясига ўтган деб, уни ҳатто социализм куйчиси даражасига олиб келиб, пасткашликка борди, деб аюҳаннос солган эдилар. (Қаранг: Ш.Туйғун, “Разоблачит до контса”. Журнал “Литературн?й Узбекистан”, 1937, ? 4-5, стр.96.)
Бундай ишлар кейинчалик урушдан кейинги йиллари ҳам тинчимади. 1946 йилдаги ВКП(б)нинг “Звезда” ва “Ленинград” журналлари ҳақидаги қарори, 1949 йили мамлакатда бошланган космополитизмга қарши кураш кампанияси даврида ҳам ҳар хил ғоявий чалкашликлар бўлиб ўтди. Шу даврда менинг баъзи мақолаларимда(жумладан, Абдураҳмон Алимуҳамедов ҳақидаги мақоламда) ҳам ўша давр сиёсати тасирида хатолар бўлди, – дедилар Ҳомил ака.
– Домла мен ўша мақолангизни қайта ўқиб чиқдим. Мақолангиз “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1949 йил 16, 19 март сонларида “Адабиётимизда эстет космополитларни охиригача фош қилайлик” номи билан қаттиқ ёзилибди. Ҳомил ака, мақоланинг сарлавҳасини нега шунчалик сиёсий кескин қилиб қўйгансиз? – деб сўрадим.
Домла:
– Мен мақоланинг номини “Адабиётда мазмун ва шакл бирлиги учун курашайлик” деб, унда Абдураҳмон Алимуҳамедовнинг баъзи мақолаларида (жумладан, “Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида психологик тасвир”(1947) мақоласида) адабиётда мазмун ва шаклнинг бирлиги бузилиб, таҳлил қилинган, деб ёзган эдим. Лекин редактсия раҳбарияти мақоланинг номини менга айтмасдан, сиёсий кескин тарздаги сарлавҳа билан эълон қилипти, ҳатто ўзларидан баъзи сиёсий танқидларни қўшиб ҳам юборибдилар. Мақолани ўқиган Ойбек ака: Ҳомил, сен анча катта кетибсан, деб ранжиб гапирдилар. У киши Абдураҳмон Алимуҳамедовни ҳурмат қилар эдилар. НКВД тинч ётмади. У 1938-йиллардаёқ аллақачон отилиб кетган домламиз марҳум Эсон афандининг, ҳозир гўё «узоқ Сибирда иқтисодий аҳволи оғирлашиб қолибди», деган хабар тарқатишди. Биз – Ойбек, Миркарим Осим, мен ва бошқа шогирдлар бунга лаққа ишониб, пул тўплаб рўйхат билан қамоқдан келган(кейинчалик билсак, уни тазйиқ остида махсус топшириқ билан бизни қўлга олиш учун қамоқдан бўшатиб, олдимизга юборган эканлар) бир киши орқали юборган эдик. Кейинчалик бу ёрдам учун ҳам анча тазйиқлар ва терговларга гирифтор бўла бошладик. Шундан кейин Ойбекнинг “Навоий”, “Олтин водийдан шабадалар”ида камчиликлар бор, мени эса “Турди ва унинг муҳити” деган диссертатсиям, мактаблар учун тузилган дарслик – адабиёт хрестоматиясидаги ишларимда ўтмишни идеаллаштирган, китобда совет даврига оид асарларга кам ўрин ажратган каби сиёсий айблар билан ура бошлашди. “Правда Востока” газетасида Маликовми, Мелкиянтсми деган бир киши Турди ҳақидаги диссертатсиямни хон даврининг куйчиси деб уриб чиқди. Бу мақоладан кейин Михаил Шевердин, Владимир Милчаков каби Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари мақолада айтилган айбларни бўйнингизга оласиз, деб туриб олишди. Мен мақола муаллифларининг камчиликлар ҳақидаги фикрларига қўшилмай туриб олдим.
Шундан кейин “Правда Востока” газетасининг 1951 йил 21 август сонида М.Иванов, В.Лавров, Ф.Искендеров деган уч муаллифнинг “Ўзбек совет адабиёти вазифаларидан четда” деган мақоласи чиқди. Унда Ойбек, Иззат Султонов каби мен ҳам катта сиёсий айблар билан танқид қилинганлигимнинг гувоҳи бўлдим. Жумладан, мақолада бу ҳақда шундай ёзилган экан:
“Тил ва адабиёт институтида узоқ вақтлардан буён буржуа миллатчилик элементлари ҳукм суриб келмоқда, улар ўзбек совет адабиёти ютуқларидан атайлаб кўз юмиб, асосан ўтмиш давр адабиёти билан шуғулланадилар, ўз тадқиқотларида космополитизм, пантуркизм, панисломизм ва панеронизм қарашларини тарғиб қилиб келмоқдалар…
Ўзбек совет адабиёти сектори мудири Ҳомил Ёқубовнинг баъзи ишларида жиддий ғоявий камчиликлар мавжуд. У тарихий ҳодисаларни бузиб талқин қилади, Қўқон хонларини идеаллаштиради. Жумладан, қонхўр ва мустабид бўлган Умархонни ХИХ аср бошларидаги Қўқон адабий муҳити раҳнамоси қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади…
Ойбек, Ҳомил Ёқубов, Иззат Султон ва бошқаларнинг ишларидаги мавжуд камчилик ва бузуқликларни кўра туриб, институт ходимлари бу ҳақда лом-мим демай келади”. (Қаранг: М.Иванов, В.Лавров, Ф.Искендеров, “В стороне
от задач узбекской советской литератур?”, “Правда Востока”, 21 августа 1951 г.)
* * *
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг домла 20-30-йиллар ўзбек адабиёти, баъзан Навоий даври адабиёти ва у ҳақдаги ишларини қайта кўра бошладилар. Бизнинг адабиётимиз Навоий даври ва ундан кейинги асрларда, ХХ аср бошлари ва 20-йилларда ўзининг табиий ривожланиш ўзанида давом этаётган даврда совет сиёсати шу ўзанни ўз йўлидан тамомила ўзгартириб юборган экан, буларнинг ҳаммасини энди янги истиқлол ғояси нуқтаи назаридан тамомила қайта ўрганиш керак экан, дедилар.
Домла умрларининг охирларида келган мазкур қатъий ишонч ва эътиқодлари таъсири остида “Чўлпон ва Навоий” (1997) номли рисола ёзиб оламдан ўтдилар…
«Маърифат» газетасидан олинди.