Бир киши бир оз пулга муҳтож бўлиб қолди, дўстидан ёрдам олиш мақсадида унинг уйига келиб эшикни тақиллатди. Дўсти чиқиб, у билан кўришди, уйга таклиф қилса ҳам у киши қабул қилмай:
— Дўстим, мени кечир, уйга қилган таклифингни ҳозирча қабул эта олмайман, вақтим зиқ. Бир кишидан юз сўм қарздор эдим, бугун келиб пулини қистади. Қўлимда пул йўқ эди. Шунинг учун сенинг ҳузурингга келдим, ёрдам этарсан деб умид қиламан,— деди.
Уй эгаси дарҳол ичкаридан юз сўм олиб чиқиб, дўстининг қўлига берди.
— Дўстим, бирор нарсага муҳтож бўлиб қолсанг, мендан яширма, қўлимдан келганча ёрдам беришга тайёрман,— деб дўстининг кўнглини кўтарди. Дўсти хурсанд бўлиб, у билан хайрлашиб уйига қайтди.
Уй эгаси дўсти қайтиб кетгандан кейин йиғлаб уйига кирди. Хотини: «Эрим кўп пул бериб юборганига пушаймон қилиб йиғлаётган бўлса керак»,— деб эрига:
— Бирор нарсани баҳона қилиб пул бермасдан қайтариб юборсангиз бўлмасмиди? Энди пушаймон қилиб йиғлайсиз,— деган эди, эри шундай жавоб берди:
— Йўқ, сен ўйлаганча эмас, дўстим пулга муҳтож бўлиб қолганини билмаганман. У келиб сўрамасдан олдин ўзим бориб:
— Дўстим, бирор нарсага муҳтожмисан, тортинма, айт,— деб сўрашим керак эди,— ғафлатда қолганимга ачиниб йиғлайман.
Байт:
Тут ул дўстингни сут устида қаймоқ,
Азиз жонингча кўргил, балки беҳроқ.