Басра шайхи Ҳасан Басрий Робия ҳузурига борди ва деди:
– Эй Аллоҳ ишқида ягона! Ҳеч кимга айтмаган, ҳеч кимдан эшитмаган ва ўзингдан кечган ва ўзингга нурдай аён бўлган сирларингдан менга айт, мен шунинг шавқида ҳузурингга келдим.
Робия деди:
– Эй, замона шайхи, бир неча вақт ўтириб ип йигирдим, калава қилдим ва бозорга олиб бориб сотдим, хушвақт бўлдим. Калавамнинг баҳоси икки пора кумуш бўлди. Уларни биттадан ҳар икки қўлимда ушлаб турдим. Шунда мени қаттиқ қўрқув босди: бойлик менга ҳамроҳ бўлиб, қароқчидай йўлдан урса нима қиламан, ахир буни яшириб бўладими? Парвардигоримга ҳаммаси аён-ку. Дунё одами жону дилини қонга (молу мулкка) гаровга қўяди, бу йўлда юз минг тузоқ қўйиш билан шуғулланади. Мақсади бир парча ҳаром олтинни қўлга киритиш, буни қўлга киритгач — жон таслим килади, вассалом. Олтин унинг юрисига қолади, вориси ҳам жон таҳликасида яшаб, олтинни қолдириб кетади…
Эй, Симурғни олтинга алмаштирган, зар ишқида дили оташда ёнган киши, бу йўлда соч толаси ҳам сиғмайди, олтин, кумуш, бойлик сиғадими, ахир! Жонон томон бир соч толасичалик йўл бўлмаса, ҳеч ким бунга журъат қилмагай.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.