Мамлакатимиз тоталитар бошқарувдек адолатсиз ижтимоий тузумдан бозор муносабатларига асосланган эркин, демократик жамиятга ўтиш давомида ҳаётнинг барча соҳаларида вужудга келиши табиий бўлган мураккаб муаммоларни ўз вақтида ва оқилона ҳал этиш йўлидан изчил қадам ташламоқда. Жумладан, истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб қишлоқ аҳолисига қўшимча томорқа ерларининг ажратиб берилиши, юртимизда дон ва ёқилғи мустақиллигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг кўрилиши, минтақалараро автомобил ва темир йўл тармоқларининг кенгайтирилиши, кичик бизнес ҳамда тадбиркорликка кенг йўл очиб берилиши — буларнинг бари халқимиз турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди. Фарғона водийси республикамизнинг аҳолиси зич, юртимиз иқтисодиётига салмоқли ҳисса бўлиб қўшиладиган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўплаб миқдорда ишлаб чиқарувчи ҳудуд саналади. Агар Қамчиқ довони йўли ўз вақтида кенгайтириб битказилмаганда қарийб олти миллион кишини ташкил этувчи уч вилоят аҳолисининг барча йўналишдаги таъминоти қандай ҳал қилинарди? Бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни бошқа ҳудудларимизга, хорижга етказиб бериш масаласи-чи? Ўқиши, иши, соғлиги, дам олиши ва яна ўнлаб эҳтиёжлари сабаб пойтахтга ёхуд бошқа жойларга бориши лозим бўлган юз минглаб кишилар бошига қанча асаббузилишлар тушмасмиди?
Кўряпмизки, биров аҳамият бериб, бошқа биров эса эътиборсиз ўтадиган биргина соҳада амалга оширилган саъй-ҳаракат қанчадан-қанча муаммоларнинг ҳал этилишига, энг муҳими — халқ тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга, халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини ошириш, ўзбек халқи ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмаслигини амалда исботлашга мустаҳкам омил бўлди.
Бу кўриниб турган ҳақиқатга менсимай қараш, ҳаётнинг мураккаб жабҳаларидан осонгина ҳатлаб ўтиш иштиёқига, бир ҳамла билан ҳамма нарсага эга бўлиб олишдек алдамчи истакларга қул бўлиб қолиш кишини нақадар хунук ҳолатларга солиб қўйишига мисоллар эса керагидан ортиқ топилади. Афсуски, орамизда шу тахлит кайфият эгалари озми-кўпми учраб турибди, улар ўз кирдикорлари билан жамият софлигига у ёхуд бу шаклда рахна солмоқда. Бугунги кунда ҳуқуқий манбаларда “одам савдоси” деб аталаётган ана шундай тубан касбу корлардан бирини ўзига эп билган кимсалар, аслида, миллатга хиёнат қилишаётганини англашармикин?
Халқимиз қадим-қадимдан аёл зотини ардоқлаши, уни онам, опам ва синглим атаб, бениҳоя ҳурмат-иззатда олиб юриши, аёл шаъни ва иффатини ҳар нарсадан устун қўйиб ҳимоялаши билан кўплаб бошқа қавмларга ўрнак бўлгани аён гап. Ўзбекларда ҳовлининг “ички” ва “ташқи” ҳовли сифатида алоҳида қисмларга ажратилгани, шўро даври жамиятшунослари даъво қилганидек, асло “феодализмнинг чиркин урфи” бўлмай, бу ҳам ўз аёли, қизи ва келинини ҳар қандай таҳдидлардан иҳоталаш, уларнинг иффати ва ибосини пок сақлашдек инсоний, миллий эътиқоддан келиб чиққан қадриятларнинг амалдаги кўринишидир.
Шундай тарихий тажрибага эга бўлган халқ орасидан кимнингдир, қай бир тубан йўл билан топган пулига ўз юртдошини, ўз миллатдошини ўйламай-нетмай сотиб юбораётган кимсалар чиққан экан, уларнинг бу қилмиши шу халққа, шу миллатга хиёнат, бориб турган сотқинлик эмасми?!
Динимиз аёл кишини бошқаларга пуллаб, уларни фаҳш ботқоғига итқитишдек тубанлик эмас (бунга қандай оғир жазо тайинланиши Яратганга аён!), ҳатто номаҳрам эркак ва аёлнинг ёлғиз қолмасликларини ҳам қатъий уқтиради. Оиласини, ота-онасини ёхуд эрини ва бола-чақасини ташлаб ўзга юртга, мутлақо нотаниш одамлар орасига турли транспорт воситаларида юборилаётган (баъзан эса ўз ихтиёри билан кетаётган!) қиз ёки жувоннинг маҳрами нима бўлишини тасаввур қилайлик. “Ишлаб пул топиб келаман, кейин данғиллама участка қурамиз!” дея маҳмаданалик қилаётган хотинини ўз измига солиш ўрнига, унинг ич кўйлаклар билан тўла юкларини кўтариб вокзалга ёхуд аэропортга кузатишга чиққан, хотинни хорижга узатиб қўйиб, ўзини ҳеч нарсадан шубҳа қилмайдиган овсар мақомига солиб, бамайлихотир уйга қайтган “эр жаноблари” ёр-биродарлари орасида бошқаларга гап бермай, эгнидаги қимматбаҳо палтоси билан мақтанса ҳам, ажаб эмас. Улар Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган мана бу ҳадиси шарифни наҳотки эшитмаган бўлсалар:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эркак киши зинҳор аёл билан холи қолмасин. Магар маҳрам билан бўлса, майли” дедилар.
Шунда бир киши туриб:
“Эй, Оллоҳнинг Расули, хотиним ҳажга чиқди. Мен эсам фалон ғазотга қатнашмоқчиман” деди.
“Сен қайт! Хотининг билан бирга ҳаж қил!” дедилар”.
Жаноби Пайғамбаримизнинг эр кишини ҳатто диннинг энг муҳим вазифасидан қайтариб, хотинига, ҳатто ҳаждек шубҳадан ҳоли, муқаддас сафарда-да маҳрам бўлишга буюрганлари остида қанчалар буюк ҳикмат ётганини англаш чинакам мусулмон одамдан унчалик катта фаросатни талаб қилмаса керак.
Ноқонуний йўл билан чет элга борган кишиларнинг қандай шароитларда ишлаши, яшаши, тирикчилигини ўтказиши борасида республикамиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кўплаб фактлар ошкор қилинмоқда. Алдов йўли билан олиб кетилган, паспорти ва бошқа ҳужжатларидан маҳрум этилган эркак ва аёллар устидан ўтказилаётган зўрлов ва хўрловлар, уларнинг инсоний шаъни ва ғурурини паймол қилиш ҳолатларини гапирмаган ҳолда ҳам, умуман, хорижий муҳит унда беркиниб, доимий хавотирда яшаётган одам руҳиятида қандай ўзгаришларни содир этишини тасаввур қилиш қийин эмас. Масалан, бирор чет мамлакатда оддийгина қурилиш ишлари билан машғул бўлиб юрган шундай юртдошимиз — 18-20 ёшли йигитнинг бир кунлик кун тартибини кўз олдимизга келтирайлик. Боя айтилганидек, ноқонуний йўл билан ўзга бир давлат ҳудудида юргани туфайли, у ўнлаб бошқа миллат вакиллари — ўзи сингари дайдилар билан қайсидир ташландиқ бино ертўласида ёки ўзлари қураётган иншоотнинг бир бўлмасида яшашга мажбур. У ердаги санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган маиший шароитни, еб-ичишдаги тартибсизлик, ҳалол-харомнинг фарқланмаслиги сингари факторларни бир томонга қўйиб турайлик-да, ишдан кейин шу ертўлада тўпланганлар орасида, хоҳлайдими-йўқми, ҳар куни бўладиган гап-сўзлар, суҳбатлардан оладиган “маънавий озуқаси”ни ўйлаб кўрайлик. Ҳарқалай, бу даврада Пушкин ёки Навоий шеърияти, нафис санъат масалалари-ю шахмат бўйича сўнгги жаҳон чемпионати якунларига оид мавзуларда баҳс кетмаслиги аниқ. Бу тўда учун бир-бирининг чўнтагидаги, энг яқин дўстига ҳам кўрсатмай йиғиб келинаётган пулни ютиб олиш мақсадида оз-оздан ўртага чиқариб қимор ташлаш, куни кеча қоронғида қўшни кварталга бориб, қизлар ётоқхонасида кўрсатган “жасорати”ни айтиб мақтаниш ёки ўзи туз ичиб катта бўлган юртда учрайдиган озми-кўпми камчиликларни билағонлик билан “фош этиб”, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиш сингари ҳолатлар кўпроқ устунлик қилиши табиийдир. Ўз юртида иккитагина боласи-ю аёлидан иборат кичик оиласи тирикчилигини йўлга сололмай, ўзга юртларда дарбадар юришни афзал билган бу шоввозлар, миллионлаб одамлар бошини қовуштириб, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ минглаб муаммоларни ҳал этаётган юрт раҳбарлари фаолиятини ревизия қилишга ўзини ҳаммадан кўра ҳақлироқ санашига нима дейсиз?
Халқимиз ўта андишали, киши юзидан ўтолмайдиган халқ. Лекин бу дегани — одамлар ҳеч нарсани билмайди, сезмайди, пайқамайди, дегани эмас-ку. Қай бир маҳалладан, қай бир уйдан “пул топиб келаман” деган иддао билан оиласи, бола-чақасининг тирикчилигинигина эмас, балки ор-номусини, тинчлигини ҳам муаллақ ташлаб чиқиб кетган кимсалар топиб келадиган пул ўша оиладаги маънавий йўқотишларнинг, руҳий азобларнинг ўрнини боса оладими? Оиладаги катталар тортган изтиробларни, майли, қўйиб турайлик-да (улар ичларидан ўтганини ўзлари билишади!), отаси ёхуд онаси ноқонуний йўл билан хорижга кетган, улар ортидан бири биридан хунук хабарлар эшитаётган болаларнинг маҳалладаги тенгдошлари, синфдошлари, қариндошлари орасидаги ҳолатини тасаввур қилайлик. Бундай психологик зарбалар катталардан кўра болалар руҳиятида жиддий салбий ўзгаришлар, синиш ва бузилишларни келтириб чиқаришини фан аллақачон исботлаб қўйганки, уларни ҳозир такрорлаб ўтириш шарт эмас. Бу болаларнинг ойлар, йиллар давомида ўксик ва кемтик бўлиб қолган кўнглини хориждан ташиб келтирилган латта-путта ёки пул билан асло тўлдириб бўлмайди.
Умуман, одам савдоси билан шуғулланаётган жиноятчилар ёки беихтиёр шу савдо қурбонига айланаётган кимсалар ўзларининг бир ҳовуч пул топишга бўлган ҳавойи иштиёқи билан халқ маънавиятига, миллат руҳиятига етказаётган захаси ҳеч қандай олтину дур, бирор валюта билан ўлчанмаслигини биладиларми ўзи?
Ҳар бир халқнинг асрлар давомида мисқоллаб йиғадиган, унинг чин ўғил-қизлари томонидан барпо этиладиган обрў-эътибори, шаъну шавкати бор. Бу қадриятлар ўша миллатнинг бошқа халқлар орасида бошини тик кўтариб юришига асос бўладиган маънавий-руҳий ҳужжати саналади. Юқорида таъкидланганидек, ўзбек халқи узоқ асрлар давомида миллий қиёфасини, ўзлигини, генофондини пок сақлай олган ориятли миллат ҳисобланади. Бу халқ ўз бошидан не-не қонли синовларни, ситам ва хўрликларни ўтказмаган. Бироқ у ҳеч қачон қорнини қадридан, номусини нафсидан устун қўйиб, бошқалар қаршисида ялтоқланган эмас, жигари эзилганда-да қон тупирмаган. У озодлиги, ҳурлиги, ор-номусини нонга алмашадиган, қаерда қорни тўйса, ўша ерни ватан санаб кетадиган оломон бўлган эмас, бундан кейин ҳам, иншооллоҳ, бундай бўлмайди. Ўзбекдек она заминига боғланган, оилапарвар, бола-чақасини бағрига босиб, хотиржам кўнгил ила бехавотир тотинадиган жайдари нонини миннатли ошга алишмайдиган халқлар бу ёруғ оламда унчалик кўп бўлмаса керак. Бу халқ энг оғир дамларда ҳам сабрни бошига тож қилган, бировнинг ҳақига кўз олайтирмаган, ўзга юртларга қўл чўзиб бормаган.
Афсуски, одам савдоси аталмиш тубан ишга қўл ураётган жиноятчилар ҳамда ўзи билиб-билмай мана шу савдонинг “товари”га айланиб қолаётган кишилар халқимизнинг мисқоллаб барпо қилинган шаъну шавкатини, ҳурматини ботмонлаб совуришларини, миллатни ўзгалар олдида обрўсизлантиришларини ўйламайдилар. Улар яна шу нарсани ўйламайдиларки, хорижий юртларда содир этиладиган ҳар қандай жиноий ҳаракат, ноқонуний фаолият, гарчи расмий ҳужжатларда, масалан, Эшмат ёхуд Тошмат томонидан қилингани қайд этилса-да, унинг ортидан мана шу Эшмат ёки Тошматнинг миллати овоза қилинади. Бу ғирром ишни, айниқса, Ўзбекистон эришаётган улкан муваффақиятларни кўра олмайдиган, аксинча, у билан боғлиқ пашшадек камчиликни филдек қилиб ноғора чалишга иштиёқманд ўлкалардаги оммавий ахборот воситалари эпчиллик билан бажарадилар. Айрим давлатларнинг оғзига кучи етмаган оммавий ахборот воситалари шу баҳона билан Ўзбекистон тўғрисида куракда турмайдиган туҳмат гапларни тарқатишга ҳам бориб етмоқдалар. Натижада, умрида Ўзбекистонни келиб кўрмаган, бу юртнинг чинакам ватанпарвар фуқаролари амалга ошираётган тарихий ишлардан бехабар хорижий ўлкалар аҳолиси ўртасида юртимиз ва унинг одамлари ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил бўлади.
* * *
Кўряпмизки, на ўқишни, на ҳунарни қойиллатган, ақли билан қўлидан кўра оғзини кўпроқ ишлатишга одатланган, ор-номусини, ҳамиятини нонга қўшиб еб битирган айрим кимсалар қилмиши айланиб бориб халққа, миллатга, мамлакатга, унинг маънавий, руҳоний хавфсизлигига дахл қилмоқда. Афсуски, бу нохуш ҳолатлар ҳеч кимса яшамас яйдоқ чўлда, кимсасиз оролда эмас, балки маҳаллаларимизда, минглаб одамларнинг шундоқ кўз олдида содир бўляпти. Одам овлаб юрган жиноятчи корчалонларни ҳам, уларнинг домига тушаётган фуқароларни ҳам ҳеч ким кўрмаган ва ҳеч ким билмаган дейиш — онгли равишда ўзимизни алдашдан ва шу билан бу жиноятларнинг янада урчишига йўл очиб беришдан бошқа нарса эмас. Одам савдоси жинояти худди юртга, миллатга нисбатан хиёнатдек кўрилар экан, ҳар бир виждони уйғоқ юртдошимиз бу муаммога ўзига ҳам дахлдор иш сифатида қарамоғи нақадар муҳим. Ҳозир эса, тан олиб айтмоғимиз керакки, айрим фуқароларимиз “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” деган ақидага мувофиқ иш кўрадилар. Улар адашганларни тўғри йўлга солиш, ҳеч бўлмаса, уларни нопок йўлдан қайтариш қўлларидан келгани ҳолда, бу ишни ҳам, албатта, давлат қилиши керак, деган иддао билан юрадилар. Бундай кишилар тўғрисида ҳам Юртбошимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида куйинчаклик билан гапирганди:
“Бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво бўлиб қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди.
Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради”.
Дарҳақиқат, одам савдосидек хавфли, инсон шаъни ва номусини хўрлайдиган жиноятларга барҳам бериш, уни, ҳали ғовлаб-томирлаб кетмасидан олдин, бизнинг жамиятимиз ҳаётидан буткул сиқиб чиқариш вазифаси барчамиздан бедор бўлишни, ҳар бир юртдошимиз тақдирига куйинчаклик билан қарашни, қўлимиздан келганча бир-биримизга ёрдам беришни талаб этади. Зеро, ўзбек халқи инсондек Оллоҳ мукаррам қилиб яратган хилқатни савдога, олди-сотдига қўядиган бозор томон йўлга чиққан эмас асло.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 8-сонидан олинди.