Ғарбдан эсган шамол уйи сари келаётган аёл исини олиб келар, бу ҳид эса пешвоз чиқишга шай эркакка жудаям таниш, шунингдек, уйнинг шундоққина рўпарасида лойдан ясалган ўйинчоғини завқ билан ўйнаётган болакайга ҳам ниманидир эслатади.
“Барибир қайтишингни билардим”, ўйларди эркак.
У аёлнинг бу ерга қачон етиб келишини ўртадаги масофани чамалаб, хаёлидан ўтказди.
“Яна бир ярим дақиқа ичида қаршимда пайдо бўлади.Табиийки, у мендан нафратини яшириб ҳам ўтирмайди. Мен албатта сиполик билан жавоб қайтараман. Ахир, ҳаммасига ўзим айбдорман. Ўтган тўрт йил кимни қандай ўзгартиргани ҳам ана шунда ойдинлашади”.
У бир қадам олдга юрди. Эркак бу ишни беихтиёр амалга оширди, бор-йўқ журъати шунга етди, холос. Дарвоқе, тобора яқинлашиб келаётган аёл анча йиллар илгари унинг хиёнатини кечирган хотини эди.
Эркакнинг танасидан отилиб чиқиши муқаррардай туюлаётган азоблар бундай пайтда ўз-ўзидан яраладиган ниманидир ўзгартира олиш истагини вужудга келтираётганди. Ҳолбуки, у ҳаётида йўл қўйган энг катта хатосидан кўп бор азият чеккан бўлса-да, ҳеч қачон ҳозиргидек қаттиқ ҳаяжонга тушмаганди. Эркак яна бир ярим дақиқадан сўнг бир-бири билан аёвсиз жангга киришадиган кўзлар ҳақида ҳам ўйларди.
Уйига яқинлаша бошлагач, аёл қадамини яна-да тезлатди. У ўзидан анча нарида турган эрининг бутун изтиробларини, гарчи унга бирор марта кўз қирини ташламаган бўлса-да, аёлларга хос сезгирлик билан пайқади. Ҳолбуки, у ўтган тўрт йил ичида бу хислатни мукаммал эгаллаган, тўғрироғи, шунга мажбур бўлганди.
Аёл эри ёнидан тез-тез ўтиб кетди ва ўзига унсиз тикилиб турган ўғлини бағрига босди. Бу ердан кетганидан буён ўтган ҳар бир дақиқада хаёлини буткул банд этган бу болакайнинг усиз улғайгани аёлга алам қилди. Аёл уйига қайтар экан, узоқ вақт ном-нишонсиз ғойиб бўлган кулгунинг илк шуълалари жуда кўп кўргуликлар аломати бўлган ажинлар орқали бу дунёдаги ҳақиқий инсон қиёфасини унинг юзида чизиб кўрсатар эди.
Бола лой қўллари билан аёлни итара бошлади. У хотирасидан бутунлай ўчиб кетган хотиннинг бағридан юлқиниб чиқаркан, отасининг ёнига югурди ва яна бепарво ўз ўйинчоғини ўйнашда давом этди…