Уйимиз катта йўл ёқасида бўлгучи эди. Қиш кунларидан бирида иккинчи қаватдаги дераза ёнида газета ўқиб ўтирардим, олдимда эса қаҳва. Шу пайт кўча томондан ингиллаган овоз эшитилди. Шундай аянчли, шундай ғамнок эдики, газетани ортиқ ўқиёлмадим. Эшикни очсам, жингала-жингала оқ жунли дайди бир кучукча турибди. Мени кўриши билан жонҳолатда инграй бошлади. Аллақаери оғриётганини сездим. Тумшуғини остонага қўйиб, илтижо билан кўзимга тикилди. Дарров ердан кўтариб олиб, уёқ-буёғига разм солиб кўрдим. Бир оёғи лат еган бўлса керак, қонаётган экан. Яраланган жойини яхшилаб ювиб, дори суртдим, кейин оёғини тахтакачлаб, маҳкам боғлаб қўйдим. Анчагача ингиллаб ётгач, кейин тинчиб қолди. Қорни тўйгач, уйқуга кетди.
Орадан ўн беш кунча вақт ўтгач, тахтакачни олиб ташладим. Боёқиш икки-уч кун чўлоқланиб юрди, кейин яраси бутунлай битиб кетди. Кўҳликкина, шўхроқ кучукча экан, уй ичи билан ҳаммамиз унга қаттиқ боғланиб қолдик. Лекин у кўчага ўргангани учун ҳамиша уйдан қочиш пайида бўлар, бундай пайтларда эса уни кўча-кўйдан тутиб олиб, жойига қайтарардик. Кунлардан бирида итимиз йўқолиб қолди. Шунча қидирсак ҳам топилмади. Кўп афсусландик, лекин илож қанча эди.
Келаси йил яна ўшандай қиш кунларидан бирида эрта билан дераза ёнида қаҳва ичиб ўтирсам, тўсатдан кўча томондан вовуллаган овоз келди. Негадир бу товуш танишдек туюлди. Дарҳол пастга тушиб, эшикни очдим. Ҳа, худди ўзи… Мени кўриши билан ит думини ликиллатиб, сакрашга тушди. Ёнидаги сап-сариқ баҳайбат шериги тинмай ингилларди. Яқинига бориб қарасам, бир оёғи синган экан.
Ҳа, орадан бир йил ўтгандан сўнг ўша дайди итимиз мендан нажот истаб ярадор шеригини олдимга бошлаб келибди.
Турк тилидан Миад Ҳакимов таржимаси