Акутагава Рюноскэ. Ўргимчак уясининг толаси (ҳикоя)

1-таржима

ЎРГИМЧАК УЯСИНИНГ ТОЛАСИ

1

Кунларнинг бирида Будда жаннат ҳовузининг бўйида танҳо кезиб юрарди. Ҳовуз юзаси марвариддек оқ нилуфарлар билан қопланган, уларнинг гулкосаларидан чор атрофга зариф ва муаттар бўй таралар эди.
Жаннатда тонг палласи эди.
Хаёллар оғушига чўмган Будда тўхтади-ю, кўзи бирдан нилуфар гулларининг энли япроқлари аро жилваланаётган сув ойинасига тушди. Нилуфар ҳовузининг тубида ғалати манзара намоён эди.
Жаннат ҳовузининг чуқурлиги дўзахгача бориб етганди.
Шаффоф сувда Игна тоғи ва Сандзу дарёси худди заррабин кўзчасидагидек, яққол, очиқ-ойдин кўриниб турарди.
Тубсиз дўзах осий бандалар билан тўлиб-тошганди. Будданинг нигоҳи Кандата исмли бир осийга тушди.
Кандата ашаддий қароқчилардан эди. Қарангки, жуда кўплаб қабиҳликлар қилган — ўлдирган, талаган, одамларнинг хонумонини куйдирган шу банданинг номаи аъмолида ҳам биттагина хайрли иш бор экан.
Кунлардан бир кун Кандата ўрмон оралаб юрганида, сўқмоқ устида пилдираб кетаётган ўргимчакка кўзи тушади. Кандата уни босиш учун оёғини кўтаради-ю, ўйланиб қолади: «Йўқ, кичик бўлса ҳам, барибир тирик жонзот-ку. Бекордан-бекорга ўлдириб савоб топмайман».
Ўргимчакка тегмайди.
Дўзах тасвирларини томоша қиларкан, Будда қароқчи Кандатанинг ўргимчакка раҳм қилганини эслаб, иложини топса, биргина шу хайрли иши учун бу осий бандани дўзах чангалидан қутқармоқчи бўлди. Тасодифни қарангки, шу пайт ёнида жаннат ўргимчагини кўриб қолди. Ўргимчакдан чиққан ажойиб кумуш тола чашма тошларидек ям-яшил нилуфар япроғига илинар эди.
Будда эҳтиёткорлик билан толани қўлга олиб, унинг бир учини марвариддек оқ нилуфарлар орасидан сувга туширди. Тола эшила-чўзила, ахийри дўзах тубига етиб борди.

2

Кандата дўзах тубидаги Қон кўлида бошқа гуноҳкорлар қатори гоҳ юқорига сузиб, гоҳ гирдобга чўкиб, аянчли қийноқларга чидашга мажбур эди.
Қаёққа боқманг, ҳаммаёқни зим-зиё қоронғулик қамраб олган. Гоҳи-гоҳида нимадир қоронғуликда милт-милт ёришиб кўринарди, холос. Бу — даҳшатли Игна тоғининг игналари эди. Мазкур кўринишнинг бутун даҳшатини тасвирлашга сўз топиш амри-маҳол. Атроф гўё қабристондагидек жимжит. Фақат ора-сира осийларнинг унсиз хўрсиниши қулоққа чалинади.
Дўзах тубида кўплаб азоб-уқубатларга дучор бўлаётган бу гуноҳкор бандаларнинг инграшу оҳ-воҳ қилишга ҳам мажоллари қолмаган эди.
Қон кўлининг қонида чўмилиб нафаси қайтаётган буюк қароқчи Кандата ҳам жони узилаётган қурбақадек унсиз типирчилаб қўярди, холос.
У туйқус бошини кўтариб Қон кўлининг устидаги қоронғуликка қаради. Бу тимқора бўшлиқ аро, узоқ-узоқлардаги осмондан, ўзидан заифгина ёғду таратиб, гўё бошқа гуноҳкорлар сезмасин учун эҳтиёткорона бир маромда, ўргимчак толаси тушиб келаётган эди.
Кандата қувончдан қарсак чалиб юборди. Бу толага илиниб олса бас, аста-секин юқорига кўтарилаверади. Қарабсизки, дўзах азобидан фориғ бўлиб турибди-да! Ажабмас, омади чопиб, жаннатга ҳам тушса. Унда ҳеч ким ҳеч қачон Игна тоғининг чўққисига ҳайдаб, яна Қон кўлига ташламайди.
Шу умид юрагига ўт ёқиб, ўргимчак уясининг толасига икки қўли билан қаттиқ ёпишиб олиб, бор кучи билан тепага тирмаша бошлади. Пихини ёрган ўғри учун бу оппа-осон иш эди.
Аммо жаҳаннамдан жаннат маконигача минг-минглаб ри* масофа бор.
Ҳарчанд уринмасин, тоғ тепасига етиб олиш осон бўлмади. Юқорига тирмаша-тирмаша чиқаётган Кандатани, ҳа-ҳа ҳатто шундай паҳлавонни ҳам чарчоқ енгди. Бир нафасда осмонгача чиқолмади.
Бир муддат тўхтаб, нафас ростлашдан бошқа иложи йўқ эди. У тўхтаб, ўргимчак уясининг толасида осилганча дам оларкан, пастга, чуқур жарликка қаради.
Ҳа, Кандатанинг чирмашишлари зоэ кетмаган экан. Ҳозиргина ўзи азобдан қутулган Қон кўли қоронғулик бағрига сингиб ётибди. Жаҳаннам тубида хира йилтираётган қўрқинчли Игна тоғининг чўққиси энди унинг оёғи остида. Агар яна шундай чаққонлик билан тирмашишда давом этса жаҳаннам чангалидан қутулиши аниқ эди.
Ўргимчак толасини маҳкам қисган Кандата кўп йиллардан сўнг яна биринчи бор инсон овозига эга бўлди ва қаҳ-қаҳ отиб кулганича қичқирди:
— Халос бўлдим! Халос бўлдим!
Аммо бирдан, пастда бошқа сон-саноқсиз гуноҳкор бандаларнинг ҳам ўргимчак уясининг толасига тирмашиб олганларича, худди чумолилардек саф-саф бўлиб тобора баландга ўрмалаб чиқаётганликларини кўрди.
Бу манзарадан қўрқув ва ҳайратга тушган Кандатанинг кўз соққалари ўйнаб, меровларча катта очилган оғзи ёпилмай қолди.
Бу нозик тола унинг ўзини зўрға тутиб турибди-ю, шунча одамни қандай кўтаради?! Тола чирт узилса борми, унда ўзи ҳам — ўйлаяпсизми, ўзи ҳам! — шунча азоблар билан амаллаб кўтарилиб олганида, оёғи осмондан бўлиб яна пастга учади-я!..
У ўйлар экан, осий бандалар Қон кўлининг тубидан мўрмалахдай ўрмалаб келишар эди. Юзлаб, минглаб гуноҳкорлар узун занжирдек чўзилиб, шошганларича ожизгина ёғду сочаётган ўргимчак уясининг толаси бўйлаб чиқишарди.
Тезроқ, тезроқ бирор тадбир қўллаши керак, бўлмаса, ҳозир тола узилади-ю, жаҳаннам қаърига учади.
Шунда Кандата бор овози билан ҳайқириб юборди:
— Ҳой осийлар! Бу тола меники! Сизларга ким ижозат берди? Қани, тезда пастга тушинглар! Пастга тушинглар!
Аммо, ўша сонияда нима бўлди денг?!
Шунча вақт бус-бутун, ҳеч бир шикастсиз турган ўргимчак уясининг толаси айнан ўша Кандата илиниб турган жойидан чирт этиб узилди!
У оҳ-воҳ қилишга ҳам улгурмай, чирпирак бўлиб, шамолдек ғувиллаб пастга, қоронғулик тубига учиб кетди.
Фақат ўргимчак уяси толасининг бир кичик бўлагигина, жаҳаннамнинг юлдузсиз, ойсиз осмонида ожиз шуъла таратиб осилиб турарди.

3

Будда Нилуфар ҳовузининг четида туриб, нималар бўлаётганини бошдан-оёқ кузатди. Кандата худди улоқтирилган тошдек, Қон кўлининг тубига чўкканида Будданинг юзи маъюс тортиб, яна ўз сайрида давом этди.
Кандатанинг юрагига меҳр-шафқат туйғуси ёт эди. У қандай қилиб бўлса ҳам фақат ўзим жаҳаннамдан қутулиб қолай, деган эди. Шунга яраша жазосини олди: дўзах гирдобига итқитиб юборилди. Будда учун бу аянчли ва эзгин манзара эди.
Нилуфар кўлидаги нилуфарлар эса буларнинг барига бепарво эдилар.
Уларнинг марвариддек оппоқ косачалари Будданинг пойида оҳиста чайқаларди.
Будданинг ҳар бир одими билан нилуфарларнинг гулкосаларидан чор атрофга зариф ва муаттар бўй тараларди.
Жаннатда вақт пешинга яқинлашиб қолган эди.

Ўрисчадан Дилшод Нуруллоҳ таржимаси.
«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 10-сон.

________________________
Ри – масофа ўлчови

2-таржима

ЎРГИМЧАК ТЎРИ

1

Кунлардан бир кун Будда ёлғиз ўзи жаннат ҳовузи атрофида сайр қилиб юрарди.
Ҳовузда марвариддек оппоқ нилуфарлар қийғос очилган, уларнинг олтиндай товланаётган ўзагидан дилларни сархуш этгувчи ёқимли ис тараларди.
Жаннатда субҳидам эди.
Будда ўйга толганча тўхтаб қолди. Кутилмаганда унинг нигоҳи ҳовуз ойнасига тушди. Нилуфаргулларнинг улкан япроқлари орасида ҳовузнинг туб-тубида нималар рўй бераётгани кўзгуда акслангандай аниқ кўриниб турарди. Нилуфаргуллар ҳовузи шу қадар чуқур эдики, у дўзах аталмиш жойнинг туб-тубигача етиб борарди.
Зилол сувда Игна тоғу, дўзахнинг Сандзу дарёси дурбиндан қарагандай кўринаётганди.
У ерда, жаҳаннам қаърида осий бандалар бижғиб ётишардики… Ногаҳон Будданинг нигоҳи Кандата исмли бир осийга тушди.
Кандата деганлари уччига чиққан қароқчи бўлиб, бир пайтлар ҳаммани қийратганди. У мисли кўрилмаган қонхўрликлар қилиб, одам ўлдирган, кемаларни талаган, хонадонларга ўт қўйганди. Бироқ шунга қарамай, ўша жаллод ҳам умрида биргина яхшилик қилган экан.
Кунларнинг бирида ўрмон оралаб кетаётиб, унинг кўзи миттигина ўргимчакка тушиб қолади. Уни босишга шайланиб оёғини кўтаради-ю, шаштидан қайтади: “Бундай қилмаганим маъқул. Кичкина бўлсаям жонли махлуқ-ку! Бекордан-бекорга ўлдириш увол!”
Ўшанда у ўргимчакка раҳм қилганди.
Дўзахдаги воқеаларни кўз ўнгидан ўтказаркан Будда, бир пайтлар Кандата ўргимчакка ҳаёт инъом этганини хотирлаб, агар имкони бўлса, биргина шу олижаноб иши учун гуноҳкорни дўзах қаъридан чиқариб олишни истади. Ногаҳон Будда жаннат ўргимчагини учратди-ю, муаммо ҳал бўла қолди. Ўргимчак ям-яшил нилуфар баргига ажойиб кумуш тўр солганди.
Будда ўта нозик риштани қўлига олиб, оппоқ нилуфарлар аро сувга ботирди. Кумуш ришта оҳиста тебранганча жаҳаннам қаърига туша бошлади.

2

У ерда, дўзахи аъламда Кандата бошқа гуноҳкорлар қаторида Хун дарёсида мислсиз азоб чекаётганди. У бир гирдобга тушиб қолар, хунга ғарқ бўлар, яна амаллаб тепага қалқиб чиқарди.
Қаерга қараманг, ҳамма ерда зулмат ҳукмрон. Фақат онда-сонда қоронғулик бағрида хира нур пайдо бўларди. Бу Игна тоғ ваҳшатини тасвирлашга тил ожиз. Хира ёғду ҳам асли кўз тушганда этни жунжиктиргувчи шу игналардан таралаётганди. Атроф мозористондай жимжит, фақат онда-сонда сўнгагигача ўртанаётган гуноҳкорлар оҳ-воҳи эшитилиб қоларди.
Жаҳаннам қаъридаги осий бандалар, минг йиллардан буён азобланар, шу боис, уларнинг йиғлашга ҳам, инграшга ҳам мажоллари келмасди.
Шу боис ҳатто уччига чиққан каллакесар Кандата ҳам қонли кўлда хун ютиб, ўлаётган қурбақадай бемадор тўлғанарди.
Баногоҳ Кандата бошини кўтарди-ю, Хун дарёси узра зулматга боқди. Ана шу сўнгсиз зулмат қаъридан, олис-олислардаги осмондан унга қараб, билинар-билинмас, худди уни бошқа осийлар кўриб қолишларидан чўчигандай, ўзидан хира нур сочиб, кумуш ришта, оҳиста тушиб келаётганди.
Кандата қувонганидан чапак чалиб юборди. Ана шу ипга ёпишиб олса бўлгани, кейин ундан юқорилайверади. Ажабмас, шу баҳона жаҳаннам азобларидан қутулиб қолса!
Бахти кулиб, омади чопса, балки жаннатга кириш ҳам насиб этар. Шунда уни Игна тоғга чиқишга мажбурламайдилар ёки қон дарёсига ботирмайдилар. Дилида умид уйғонган он Кандата ўргимчак ипини икки қўллаб маҳкам ушлаб олди-ю, ундан юқорига кўтарила бошлади.
Табиийки, тажрибали ўғрига арқондан тепага чиқиш қийин иш эмас.
Бироқ жаҳаннамдан жаннатгача йўл минглаб метрни ташкил этарди. Қанчалик уринмасин, тоғ чўққисига етиш “оҳ”, қанчалар машаққат. Кандата юқорига чиқаверди, чиқаверди, ниҳоят шундай бақувват ўғрининг ҳам қўллари толди. Осмонга қадар дам олмай чиқиб бўлмади. Ярим йўлда тўхтаб, ўргимчак ипига осилганча пастга, жаҳаннам тубига боқди. Ипдай ингичка риштадан довон ошиб бекорга шунчалик қийналмабди. Яқиндагина уни чидаб бўлмас азобларга гирифтор этаётган Хун дарёси зулмат ичра қолиб кетибди. Игна тоғ чўққиси эса, жаҳаннам қаърида ханжар тишларини ярақлатганча, оёқлари остида турарди. Агар у шундай чаққонлик билан тиришса, балки чинданам жаҳаннамдан қуён бўлар…
Ипга қаттиқ ёпишганча, Кандата неча йиллардан кейин илк бор тили айланиб, хохолаб кулди-да, бақирди:
— Қутулдим! Қутулдим!
У баногоҳ бошқа гуноҳкорлар ҳам чумолидай турнақатор бўлиб, унинг ортидан эргашаётганини, ҳисобсиз бандалар ожизгина ипга ёпишиб, юқорига интилаётганини кўриб қолди.
Бу манзарани кўриб, Кандата ҳам қўрқув, ҳам ҳайратдан оғзини очганча қолди. Кўзлари косасидан чиқаёзди.
Ингичка ўргимчак ипи унинг ўзини аранг кўтараётганди-ку, бунчалик кўп одамга у қандай дош берсин!
Агар ип узилиб кетса борми, унда унинг ўзи ҳам, бир ўйлаб кўринг-а, у ҳам, шундай тепага чиққанида тўппа-тўғри жаҳаннамга қулайди. Шунда озодлик билан видолашаверади!
Кандата ўйга толган пайтда, минглаб гуноҳкорлар Хун дарёси тубидан чиқиб, юқорига ўрмалаётганди. Юзлаб, минглаб гуноҳкорлар осмонга осилган узун занжирдай бўлиб ингичка нур ипдан шоша-пиша юқорига кўтариларди. Тезроқ нимадир қилиш керак, акс ҳолда ип узилиб, унинг жаҳаннамга қулаши ҳеч гапмас.
Кандата овозини борича бўкириб юборди.
— Ҳей, дўзахийлар! Бу менинг ипим! Унга чиққани сенларга ким рухсат берди? Қани чаққон-чаққон тушларинг пастга!
Аммо худди шу дақиқада нима юз берди денг?
Шу пайтгача бус-бутун турган ип, айнан Кандата ушлаган жойдан чарсиллаб узилиб кетди. У ҳатто “оҳ” дейишга ҳам улгурмай, чирпирак бўлиб айланганча зулмат қаърига қулади.
Фақат жаҳаннамнинг ой-юлдузлардан маҳрум қоп-қора осмонида кумуш риштанинг қолган ярми ингичка нурмисол чайқалиб турарди.

3

Нилуфар ҳовузи қирғоғида Будда воқеани миридан-сиригача кўриб, кузатиб турарди. Кандата сувга отилган тошдай бўлиб, Хун дарёсининг энг тубига тушгач, Будда ғамгин қиёфада ўрнидан турди-ю, сайрни давом эттирди.
Кандатанинг юрагида раҳмдилликдан асар ҳам йўқ экан. У жаҳаннамдан яккаш ўзигина қутулмоқчи бўлди ва қилмишига яраша жазоланди: у қайтадан жаҳаннам гирдобига итқитилди. Будданинг нигоҳида бу қанчалар ачинарли, нечоғли шармандалик эди!
Аммо кўлдаги нилуфаргуллар воқеага нисбатан лоқайд қолдилар.
Маржондай оппоқ гулбарглари Будданинг пойи остида оҳиста тебранар, у ҳар қадам ташлаганида эса гулларнинг олтиндай ўзагидан жаннатий ифорлар тараларди.
Жаннатда пешин яқин.

Мавлуда Иброҳимова таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 12-сон