I
Бутун бригада сўнгги уч кун ҳашарчиларга жой ҳозирлаш билан овора бўлди: ҳар қалай, маданият ходимлари, яна бирон кори ҳол юз бермасин, бизни маданиятсиз, деб кетишмасин деган истиҳола билан шийпонни обдон оқлашди, ёғоч карт ўрнига симтўшаклар ўрнатишди, шийпон олдидаги ўт-ўланларни ўриб олишди, дарахтларни буташди, қип-қизил матога нима учун зарурлигини ўзлари ҳам тушунмай: «Хуш келибсиз, ҳашарчилар», «Оқ олтиннинг бир мисқоли ҳам ерда қолмасин» деб ёзилган турли шиорлар илиб қўйишди. Қудуқларни тозалашди, атрофини қора қоғоз билан ўрашиб, кичкина омборхона қуришди — ҳамма ишни қунт ва иштиёқ билан берилиб бажаришди: чунки юқоридан бу йил шийпонга маданият вазирлигининг ходимлари келиши мумкинлиги ва шунга яраша тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида жуда ҳам эҳтиёткорона хабар келган эди. Сунбула ойининг энди икки ҳафтаси ўтганига қарамай, ҳашарчилар бу йил эрта кела бошлаганди.
Ниҳоят жума куни пешиндан кейин бўлимга қарашли далаларга олиб келадиган ягона тупроқ йўлда пешоналарига байроқ қадалган тошбақага ўхшаш уч автобус кўринди: муюлишдаги йўлдан то шийпонга келгунча автобуслар уч-тўрт марта тантанали биғиллаб қўйди; бирпасда ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетди— совхоз марказидан самовор ва қозон ташлаб кетишди: ҳашардан кўра кўрикка келишгандай жуда ясан-тусун қилиб олган ҳашарчилар автобус тўхташи билан атрофга ёйилган чанг-чунгини куҳ-куҳлаб ўзларини шийпонга уришди — улар юзга яқин ёш-яланглар ва турли ёшдаги аёлу эркаклар эди — улар гўё ўзлари билан бу сокин чўл қўйнига шаҳарнинг сершовқин ва бетартиб ҳаётини ҳам бирга олиб келгандай эдилар — шийпон тевараги ингичка, йўғон, ширали, ширасиз, нозли, ишвадор, хирилдоқ, совуқ, ҳиринглаган, чариллаган, йиғламсираган, кулинқираган, босинқираган, ҳадиксираган, чўчинқираган турли овозларга тўлди. Ҳашарчиларнинг орасида пахтага биринчи бор келганлари ҳам бор эди — улар шийпонни, остин-устун қилиб қурилган симтўшакларни, кўчиб ётган шифтни, дераза ўрнига қора коғоз қоқилган қоронғи хонани кўриб, бир оз эсанкираб, шийпонга кираверишда тўхтаб қолишди, норози бўлиб, бир-бирига ва бошқаларга қарашди, бироқ ўзларига боп жойларни танлаётган ҳамроҳларига қараб туриб, тақдирга тан бергандай, умумий қий-чувга қўшилиб кетишди.
Баъзи ҳашарчиларнинг кўзларида тўсатдан қуюқ ўрмонга келиб қолган болаларнинг юзларидаги ҳайратдек бир оз ажабланиш акс этиб турарди. Улар автобусдан тушишлари билан яқин атрофдаги чайлалардан болалар ҳам югуриб келишган, энди улар бу ажобтовур ва ўзларининг ота-оналарига аллақаерлари ўхшаб, аллақаерлари ўхшамайдиган одамларни қизиқ-синиб томоша қилиб туришарди, — томошага келганлар ичида бетон ариқда ёшгина тойхарчасини боғлаб қўйган қоп-қора, тўққиз ёшлардаги бола ҳам бор эди, у тинмай бурнини тортар, тойхарига қоп-қора тирсаклари билан суяниб, ҳашарчиларга жуда қизиқсиниб қараб турарди; — икки-учта ёши каттароқ болалар эса токи шийпон олдигача бостириб келишган, ўзларича сир бой бергилари келмай ёки ўзларига қарашли жойларга ҳамиша бегоналар келса, маҳаллий болалар ўзларини қандай тутса, шундай тутишиб, «кўп шовқин-сурон қилаверманглар, бу ернинг хўжайинлари биз, бу ерлар бизнинг ерлар» дейишаётгандай ғўдайиб туришарди; уларнинг чангга, доғ-дуғга беланган кийимлари ва пўсти кўчиб қолган юз терлари, афтидан, фаррош бўлса керак, битта аёлнинг эътиборини ўзига тортди: у шийпонга кираверишда турган иккита болага тўрхалтасидан иккита пепсикола чиқариб берди. Болалар, аввал, хижолат бўлиб туришди-ю, кейин аёлнинг юмшоқ овози таъсир қилдими, шишаларни олиб, мақтаниш учун нарироқда тўпланиб турган уч-тўрт боланинг олдига югуриб кетишди, — қолган болалар сал наридан кузатиб турардилар, уларнинг ичида ёшгина, чит кўйлак кийган иккита қизча ҳам бор эди. Ҳашарчиларнинг турли касб эгалари эканлиги кўриниб турарди — баъзилари жуда бежирим кийинишган, бошқалари худди кинолардаги қароқчилардек кенг соябонли шляпа, тор юпка ва елкасига ҳар хил шокилалар солинган камзуллар, курткалар кийиб олишганди, қиз-жувонларнинг кўзи пишиб қолганлари автобусдан туша солиб, пахта теришга тушиб кетадигандек далага мос анчайин одми кийимларда эди. Ҳашарчилар орасида попукдеккина котиба қизлар кўпчиликни ташкил қиларди — улар чуркун шох-шаббалар ичида очилган бир даста лолалардек кўпдан бери гўзал ва чиройли нарсаларни кўрмаган анчайин бесаришта шийпонга ўзгача чирой ва малоҳат бағишлаб юборгандилар. Котибалардан ташқари фаррош аёллар, буфет хизматчилари, баъзи бўлим ходимлари, театр артистлари, турли ансамбль қатнашчилари, битта тепакал драматург ва театрга адабий эмакдош бўлган, кейинги пайтларда «ёш, иқтидорли» деб тан олина бошлаган Шамси Салоҳ деган, андак кеккайган, далада, айниқса, яққол кўзга ташланадиган узун, жингалак соч қўйган, ҳатто шу сочиданоқ. иқтидорлилигини билиб олса бўладиган бир ёзувчи ҳам бор эди: уни бу ерга келишга ҳеч ким мажбур қилмаганди, у ўз хоҳиши билан, эътироф этишича, «халқ ҳаётини ўрганиш» учун келган эди. Унинг бу ерда пайдо бўлиши ҳали эрга тегмаган баъзи хонанда ва ўйинчи қизларнинг эътиборини бирдан ўзига тортди: у ҳақда адабий гуруҳларда илиқ гаплар юрарди: Москвада ўқиган, уйланмаган (тўғри, баъзи ичиқоралар пана-панада қиш-локда хотини ва боласи бор дейишарди, лекин бунга унчалик ишониб бўлмасди — у қишлоққа жуда кам борар, шунда ҳам икки кун турмай қайтиб келарди — уйланган бўлиши сира мумкин эмас эди, чунки шу кунларда унинг фалончи шоира билан муносабатлари жуда яхши, шу йил тўй ҳам бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмаслигини башорат қилишарди, иккинчидан эса у давраларда ҳали-бери уйланмоқчи эмаслигини, эркинлик ва ҳурликни севишини жуда камтарлик билан маълум қиларди), эндигина ўттизга кирганига қарамай учта китоб чиқаришга улгурган, адабий оламни ўзига маҳлиё қилиб қўйган «ёш даҳо»лардан эди, ўзи эса хушмуомила, сертакаллуф, нозик дид эди — бу фазилатлар унинг зоҳирий кўринишига жуда мос тушарди — гўё хушмуомилалик ва сертакаллуфлик айнан шу одам учун яратилгандай эди, бундан ташқари муқаррар рўёбга чиқажак башоратнинг камтарин ифодаси бўлган унинг жарангдор тахаллуси ҳам ўзига шохнинг бошидаги тождай ярашиб турарди. Бу ёзувчидан ташқари ҳашарчилар орасида вазирликка қарашли газетанинг иккита мухбири, дурадгорлар, рассомлар, вазирликнинг хўжалик ишлари бўйича мудири ҳам бор эди. Хуллас, барчаси маданият ходимлари деса дегулик келбатда эдилар.
Уларнинг юзидаги салобатни ва аёлларнинг юзидаги малоҳатни кўриб бир оз довдираб қолган чеҳраси иссиққина барваста бригадир йигит оёғи куйган товуқдай бесаранжом эди. Унинг юзида тўсатдан мўътабар меҳмонлар бостириб келганда тўзиб ётган уйининг ўртасида гангиб, каловланиб қолган мезбондек ҳолат кечинар эди. У гоҳ ҳашарчиларнинг хўжалик мудири билан ниманидир келишар, гоҳ нарирокда пахта териб юрган хотин-халажларнинг олдига бориб келар, гоҳ бахмалдек чанг ўрнашиб қолган эски мотоциклини патиллатиб қайларгадир жўнаб қоларди. Ҳашарчилар эса ҳаммасига бепарво, ҳамон бир-бири билан жой талашишар, тўшакларни тахлашар, аёллар чойшаблар билан ўзлари ётадиган жойни ўраб олишарди.
Бўм-бўш ва ҳувиллаб ётган шийпонга бирдан файз кирди, атроф супуриб-сидирилди, сув сепилди: бирпасда қозон ва мўъжазгина қўлбола ошхона пайдо бўлди: бино одам кулгуси ва ҳазил мутойибалар билан тўлди. Шийпон ичида кўп йиллардан буён ўрнашиб қолган қандайдир дорининг ачимсиқ ҳиди ҳам шийпон ичига ёпирилиб кирган мушки анбар ҳиди аралаш маст қилувчи аёл исини босишга ожизлик қилиб қолди — бу ҳид бир зумда шийпон атрофини ҳам забт этиб олди: торгина спорт костюмлари кийиб олган қиз-жувонлар қадду қоматларини кўз-кўз қилиб, шийпонга кириб чиқиб туришарди. Вазирлик гуруҳга бошлиқ қилиб жўнатган Исмоил Али деган драматург юзи товоқдай бригада бошлиғи билан қилинажак ишлар тўғрисида гаплашмокда эди: у йигитни унчалик назарга илмаётгани шундай кўпчиган юзидан кўриниб турарди: у бригадирнинг гапини қошини жийириб тинглар ва номигагина бош ирғарди.
Бригадир ранги қанақалигини билиб бўлмас мотоциклини судрай-судрай ўт олдириб кетгач, у шийпоннинг бир четида теварак-атрофни ҳафсаласизлик би-лан кузатиб турган Шамси Салоҳнинг олдига бордида, дўстона бир яқинлик билан қўлтиғидан олди.
— Бу дейман, ҳалитдан зерикиб қолдингизми? — деди у Шамси Салоҳнинг кўзларига ялтоқланиб тикилар экан.
Шамси Салоҳ, талмовсиради, сўнг бепарволик билан кулиб қўйди. — Совхоз марказидан жуда узоқ экан. Ўн беш чақиримча бор, шекилли? Йўл ҳам расво, анови қишлоқдагилар қандай кун кечиришаркин? Наҳотки бозор-ўчар учун ҳам совхоз марказига боришса? Қизиқ. — Сўнг ўзига ўзи гапираётгандай:— Бу ювиниш деган масалалар нима бўлади? — деди.
Исмоил Али ичида «Ана шунақа, ҳамма ер Москва эмас», дегандай ҳиринглаб кулди.
— Энди ювинишни шаҳарга қайтиб икки ҳисса қилиб чиқариб оламиз. Бу ерда эса шамоллар ювиб қўяди юзингизни… ҳе… ҳе… мен йигирма беш йилдан бери пахтага келаман, лекин жар солишаётгандек, ҳар томонлама қулай ювиниш хонасию, музлаткичи бор, киройи шийпонни ҳали кўрганим йўқ, менимча кўрмасам ҳам керак. Э… улар ҳаммаси газетада… тўқиб-бичишади. Бизнинг газетачиларимизда субут деган нарса қолмади, билмадим, улар кимни алдашар экан.
Шамси Салоҳ худди бу гапларни эшитавериб, чарчагандай, билинар-билинмас хомуза тортди, бироқ Исмоил Алига ҳеч нарса демади, жавоб ўрнига яна пахта далаларига хомуш нигоҳ ташлади: ичида бу манзарага нисбатан ҳеч қандай ҳис уйғонмаганига, нимадир тошдай бўлиб бўғзига тиқилиб турганига, юраги бирдан бу нарсалар ўзига алоқаси йўқдай «ухлаб қолганига» бир оз ажабланди. У мен, ўша пешонасидан тер ҳиди келиб, меҳнатда қотган мушаклари бўртиб турган, ўз ҳаётидан мамнун одамларни кўрсам, юрагимда янги тўлқинланиш бошланади, деб ўйлаганди. Ҳозир эса негадир бу тафтсиз, завқсиз манзарадан кўнгли ғашланди: ўзини диққат билан кузатаётган Исмоил Алига малоллангандек тикилди.
— Ҳали ҳам ёввойи яшаймиз, жуда қолоқмиз, — деди ҳафсаласизлик билан.
Маданият ходимлари шийпонга яхшилаб жойлашиб олгач, кечга яқин— қуёш далалар узра қадаб қўйган зарҳал найзаларини бир-бир териб ола бошлагач, уч-тўртта бўлиб айланишга чиқишди; йил ўн икки ой шаҳар кўчаларидан нарини кўрмайдиганларга китоблардагина ўқиган бу биёбон ғаройиб томошага ўхшар эди; ҳаммаёқ оппоқ пахтазор, фақат узоқ-узоқларда саҳронинг ўзлаштирилмаган жойлари қип-қизил бўлиб кўринарди. Шийпоннинг кун ботиш томонида шу ерда деҳқончилик қиладиган одамлар яшайдиган қишлоқнинг дарахтлари қорайиб кўринарди: шийпон билан бир қатор ҳар ер, ҳар ерда қамиш ва лойсувоқ чайлалар жойлашганди, у ерда хотин-халажлар сигир етаклаб юрар, иккита ёшгина бола жилдираб қолган бетон ариқда қиқирлаб кулганларича бир-бирига сув сепишарди: шабада чайлалардан енгилгина қовун ва райҳон ҳидини олиб келган, қуёш қиё оққанча тафтсиз порлаб турарди. Ҳашарга келавериб, тажрибалироқ бўлиб қолган бир-икки ёш йигит қовун-тарвуз умидида томорқалар томон йўл олишди. Шамси Салоҳ ва Исмоил Али билан иккита кекса актёр нарироқда кўриниб турган боғга ўхшаш дарахтзорга қараб кетишди. Йўл чанг, юриш ноқулай эди. Шу сабабли улар бетон ариқча ёнидаги чимзор бўйлаб кетдилар. Уларнинг бу сайрида бирор бир мақсад йўқ эди: шунчаки кунни кеч қилиш ва автобусда кўп юрганларидан уюшиб қолган томирларини ёзиб келмоқчи эди. Ундан кейин қўналғанинг атрофида нималар борлигини кўриб қўйсанг ёмон бўлмайди, деган ният билан кетиб боришарди.
— Бригадир анча ювош болага ўхшайди, — деди кекса актёрлардан бири Исмоил Алига қараб. — Пахтаси ҳам ёмон эмас.
Исмоил Али жавоб бергиси келмагандек, олис-олисларга кўз тикди, поёнсиз мавжланиб ётган далаларга қисиқ, мўғулсифат кўзларини югуртириб чикди, сўнг тахи бузилмаган рўмолчаси билан терлаб кетган бўйнини ва юзини артди.
— Ҳа, буларга ҳам қийин, — деди негадир ачингандек, лекин семиз юзида ачинишдан кўра малолат акс этиб турарди, актёрнинг саволини тўсатдан эслаб қолгандек, унга қараб бош чайқади. — Ҳа, мўмин болага ўхшайди. Икки йил олдин агрономияни тугатган экан, сизни театрда кўрганман, дейди. — Унинг сўнгги гапи бир оз ғурур билан жаранглади ва икки актёр негадир бир-бирига маъноли кўз ташлаб олишди.
— Бу ерларда қандай яшашар экан? — деди Шамси Салоҳ, нарирокдаги бедазорда сигир боқиб юрган болага қараб. — Ҳа, айтгандай, ов қиладиган жой борми?!
— Бор, — деди Исмоил Али, — ҳув, анови тепанинг орқасида кўл ва ташландиқ ертўла бор. Ўтган йили ҳам шу атрофга келгандик.
Улар боғ деса боғга, чакалакзор деса чакалакзорга ўхшамайдиган, серсоя, тиғиз қилиб экилган дарахтзор оралаб боришарди, дарахтлар орасида кўп йиллик юл-ғунлар, янтоқлар ўсиб ётарди: ботаётган қуёшнинг сўнгги нурлари шохларда осилиб турар; бу ерда нега-дир дилни хомуш қиладиган сукунат ҳукм сурарди. Кекса ва чуркун дарахтлар ҳориган жангчилардек кеч-ки шабадада ҳолсизгина тебранарди.
— Қишлоқ хўжалигини битирган дедингизми? Шамси Салоҳ Исмоил Алига қаради, сўнг бунинг ўзи учун ҳеч қандай қизиғи йўқлигини англагач. — Ҳа-а — деб қўйди чўзиб.
Унинг кўнгли хижил эди, айни пайтда у бу ерлардаги бирон нарсани кўздан қочирмоқчи эмасдек ҳар бир дарахтни диққат билан кўздан кечирарди. У туппа-тузук номи чиққан ёзувчи эди, кейинги икки китоби, айниқса, унга шуҳрат келтирганди, танқидчилар унинг «нозик таъб», «нафис дидли» ижодкор эканлигини алоҳида таъкидлашарди. Унинг «лирик қаҳрамонлари ҳаётдан гўзаллик изловчи ва ҳаётни гўзаллаштирувчи» қаҳрамонлар эди. У дарахтлар орасидан ва теварак-атрофдан бўлажак асарига узукка кўз бўлгудек латиф манзаралар излар, шу сабабли ҳамроҳларига қараганда паришонроқ эди. У гўё бу кекса, хунук, дарахтларга ҳам ўзининг ниҳоятда қобилиятли эканлигини кўрсатиб қўймоқчидек бағоят ораста кийиниб олган, эгнидаги оқ костюм ўзига жуда ярашиб турар, қумлоқ йўлда ундан енгилгина чўчқа тумшуқ из қоларди. Икки актёр кейинги пайтда матбуотда пайдо бўлган театр муаммолари тўғрисидаги баҳсларга Шамси Салоҳни ҳам тортиш учун, товушларини бир оз кўтариб, мунозара қилишарди.
— Ҳамма бало шундаки, у барча айбни бизнинг устимизга юклаяпти, — дерди бурни қизил актёр, — гўё биз ўйнолмаётган эмишмиз. Қани, яхшироқ, драманинг ўзи борми, дейдиган мард йўқ. Улар ўзлари тўғрисида лом-мим демайдилар. Бу мақоладан бошдан-оёқ артистлар айбдор, улар саводсиз, ўз устларида ишламайди деган фикр келиб чиқади. Драматургиямиз-чи? Драмалар замондан орқада қолмаяптими? Бу тўғрида ҳеч қандай фикр йўқ. Ахир кавуш ёмон тикилса, оёкда нима айб?
Бу гап сал олдинда кетаётгаи Исмоил Алига тегиб кетди шекилли, у огоҳлантиргандек, томоқ қириб қўйди. Икки актёр ҳам бирдан жим бўлиб қолишди. Нажот излагандек Шамси Салоҳга тикилишди. Бироқ, у ҳамма нарсага лоқайд ва паришон эди. Дарахтзор тугаб, улар қандайдир қамиш чайланинг қаршисидан чиқиб қолишди: чайла олдида ёғочдан сўри қилинган, сўрининг бир четига ўнтача қовоқ териб қўйилганди. Чайла билан дарахтзор оралиғи йигирма қадам ҳам чиқмас, супада уларга орқа ўгириб, сўта ситганча қандайдир қиз қўшиқ айтарди. Қизнинг овози тиниқ, ҳатто жуда тиниқ, таъсирчан, ширали ва марокди эди. У қўшиқнинг энг юқори пардасини ҳам қийналмай, зўрланмай, табиий ва самимий куйларди. Тўрт ҳашарчи ҳам худди биров имо қилгандек бирдан тўхтаб қолди. Улар қўшиқнинг назарий томонларини ва овознинг қадрини яхши тушунардилар. Шу сабабли қаршиларидаги қизга бир зум сеҳрлангандай, бир оз ажаблангандай қараб туришарди. Ҳатто энг машҳур ҳофизлар ҳам бу қўшиқнинг юқори пардасига келганда бир оз кучанишарди; қиз эса дугонасига шивирлаётгандай қийналмай, овоз маромини ўзгартирмай пардадан-пардага ошиб ўтарди. Унинг овози сўзларни ҳам оҳангга айлантириб юборар, қиз қанотини озод қоқиб юрган қушчадай, берилиб қўшиқ айтарди. Қўшикдан ҳатто қизчанинг дук-дук ураётган юрагини ҳам эшитиш мумкин эди. Унинг товушидаги эркинликка Шамси Салоҳ бирдан мажоз топа олди: тоғ кийиги чўққидан-чўққига ана шундай сакраб юради, деб ўйлади у. Қиз уларни кўрмас, қўшиғининг авжини ўзгартирмай бир пайтнинг ўзида тез-тез сўта ситрарди. Унинг атрофида жўхори дони уюлиб кетган, қиздан икки қадам нарида икки-уч ҳафталик бузоқ ўйнаб юрарди, унинг кечки қуёшда ялтираб кетаётган жунида ва кичкина, чиройли кўзларида ҳам қизнинг қўшиғи жилваланаётганга ўхшарди.
Бу жуда гўзал манзара эди, буни фақат уста рассомларнинг суратларидагина кўриш мумкин, бироқ энг зўр мусаввир ҳам унинг қўшиғига бўёқ тополмаган бўларди. Қизнинг овозида бани дунё ўзаро уйғунлашиб жаранглар, гўё хаёл ҳам, гўзаллик ҳам, орзу ҳам қизнинг қиёфасига кириб қўшиқ айтарди. Қўшиқни тинглаётган одам баҳорни, яшариш фаслини, солланиб турган гулларни, шабададан тўкилай-тўкилай деяётган қизғалдоқ баргидаги шудрингни, туман қоплаб олган боғни, варрак учираётган болаларни юксак-юксакларда парвоз қилаётган, жилваланаётган болалик хаёлини кўз олдига келтириши мумкин эди. Болалик каби гўзал, тиниқ ва орзуманд бу овоз қуёшнинг иссиқ тафтидек ўз оҳанги билан одамни эритиб юборар, кўнгилга ёқимли шабададай эсиб кирарди. Тўрт ҳашарчи шундай таассуротларни бошдан кечирар, улар қўшиқни охиригача эшитмоқчидек донг қотиб туришарди. Қўшиқ хаёлни тортқилаб, тортқилаб олис-олисларга, хаёлот, орзу, самимият ва мўъжизалар гуллаб ётган болалик адирлари томон олиб қочарди. У хасис дунёнинг қўйнидан бу гўзал оҳангларни парча-парча қилиб қўпориб олаётгандай ва жароҳатлар бижғиб ётган қалбларга малҳам қилиб босаётгандай эди.
Тўртта ҳашарчи дарахтзордан чиқаверишда тўхтаб қолган, гўё қимир этсалар дунёнинг улуғ мўъжизасидан қуруқ қолишадигандек, кўзларини ҳам юммай турардилар. Бу ота-боболардан мерос қолган, қувғин қилинган, қатл этилган, ёқиб юборилган, лекин охир-оқибатда зулмлардан, қатллардан яна қайта тирилаверган, яна ҳам гўзаллашган, улуғлашган, замонлар силсиласида осмону фалакдан ёғилган инъом каби яна пайдо бўлаверган ва маданий дунёнинг мафкураси билан заҳарлаб ташланган тўртта санъат одамининг қитиғига тегиш учун уларни босиб, янчиб ўтиб, йироқ-йироқларга оқиб бораётган, кечки шафақ қўйнида яна-да кўпроқ товланаётган хаёлдай гўзал қўшиқ эди; гўё замину замоннинг, инсоннинг азалий орзуларининг битта тори мана шу қизнинг чайласидан ўтгану, у қиз ўзини тинглаётганлар ўкириб-ўкириб йиғласинлар, бошини тошга ура-ура беҳуда ўтаётган умрларига армон қилсинлар, умрнинг ғанимат эканлигини, бу ҳаёт одамга бир лаҳзага берилганини англасинлар, бир-бирига таъзим қилсинлар, бир-бирини қучиб йиғласинлар, менинг ҳам, бу қўшиқ айтувчининг ҳам умри бир лаҳза, фақат қўшиқгина абадийлигини ҳис этсинлар деб, бу торни шафқатсизлик билан қайта-қайта чертар эди…
Мана баҳор келаяпти. Чечаклар бош кўтараяпти, қизғалдоқлар қир-адирлар узра қийқириб, чопиб юришибди, ана, қамиш чайладан болакай югуриб чиқди, у онасининг пўписасига қарамай, ёмғир савалаб ўтган майсаларга қиқир-қиқир кулганча ағнаяпти, унинг кулгусидан уйғониб кетган дунё пориллаб очилаётган ғунчаларнинг кўзлари орқали теварак-атрофга разм солаяпти, дунё ғафлатдан уйғонаяпти… боғларда ишонч, хавотир, орзу дарахтлари гуллаяпти.. Бу ўлкага яна муҳаббат қўшиғи қайтди…
…О, сен момоқўшиқ! Қалбимнинг муқаддас қўшиғи.
Сен бу биёбондан, бу мардумлар дилидан нелар излаб юрибсан? Сен бу руҳлар қабристонидан нелар излаяпсан?! Бу одамлар юзларида сен излаётган ул шамлар аллақачон ўчиб бўлган. Бу саҳрода сен уйғотадиган нарса қолмаган. О, билдим, сен бу ерларга мени излаб келгансан. Мана, мен, қанча сиринг бўлса айт. Кўнглимдаги ул ғолиб туғларни кўтар. О, мени ўз ўлкангга даъват эт. Ўликлар юртига қўшин излаб келган саркарда қўшиқ! О, балки, бу қўшиқ эмас, қиличлар жарангидир?! Юрагига ўқ санчилган жангчининг ҳаёт ва ўлим ҳақидаги сўнгги хулосасидир. О, сен, улуғ ният қўшиғи! Майли, янгра! Майли, забт эт! Мени ўз оҳангингга ғарқ қил! Майли, мени куйнинг кунда-сида қатл эт! Токи қабрим ҳам сенинг ўлмас сатрла-рингда қолсин!..
О, ўлмас қўшиқ кемаси! Суз, сузавер! Ул олис диёрлардан менга томон сузиб кел, менинг юрагимга лангар ташла! Мен сени асрлар, йиллар оша кутдим. Ул момо юртлардан мени излаб келишингни билардим. О, умид кемаси! Суз, сузавер. Бу саҳро узра улуғвор елканларингни ёзиб ўт! Сени кўриб одамлар ҳали дунёда гўзаллик ва қўшиқ мавжуд эканлигига ишонсинлар, сени кутиб олиш учун юракларининг қир-ғокдарига чиқсинлар..
Қиз қўшиғини тугатган бўлса ҳам тўрттала ҳашарчи ҳамон унга ҳайрат билан қараб туришарди — гўё қўшиқ эмас, ҳозиргина олдиларидан қизғиш қанотли тулпорлар чопиб ўтганга ўхшарди: қўшиқнинг даво-мини ҳар бири ўзича хаёлида давом эттираётгандек, бу дилгир оҳангни тутиб олиб, кўксиларига бир умр қадаб қўйиш учун қўшиқ изидан дала узра хаёлан югуриб юришгандек эди..
Энг биринчи бўлиб Исмоил Али ўзига кедди. Қўшиқ аллақачон оқшом қаърига сингиб кетганди, қиз эса жўхоризорда донлаб юрган товуқларни катагига қамаш учун ҳай-ҳайлаб, ҳайдаб юрарди; у худди қўшиғи каби сулув эди, — ҳар қалай, узоқдан сулув бўлиб кўринарди. Унинг қизил чит кўйлаги югураётган пайтда ростдан ҳам олислардан келаётган кеманинг алвон елканига ўхшаб, ҳилпираб кетарди.
— Овози опереттага жуда мос экан, — деди Исмоил Али ўзини сал йиғиб олиб, — фақат бир оз тарбиялаш зарур, лекин санъат оламини асир туширадиган овози бор экан.
Шамси Салоҳ шамдай қотиб қолганди: унинг вужудида хотиралар, хаёллар, туйғулар ғалаёнга келганди. У кейинги пайтларда қўшиқ эшитиб, ўзининг ҳозиргидай ҳаяжонланганини ҳеч эслай олмасди, унинг йиғлагиси келарди, бўғзида тошдай нарса тиқилиб турар, бориб у қизни қучгиси, раҳмат айтгиси, оёғига йи-қилгиси келарди. Балки кейинчалик у ўзининг ушбу ҳолатини эслаб кулиб ҳам юргандир, бироқ ҳозир у шундай қилишга қодир эди, фақат боягина дунёнинг энг латиф қўшиғини айтган қизнинг қўшиққа мос бўлмаган келбатда товуқ қувлаб юришига ажабланаётган эди. Гўё қўшиқ айтган қиз осмону фалакка учиб кетгану бу қиз эса фақат унинг суврати… Бу манзара унга жуда қаттиқ таъсир қидди. У кейинчалик ҳам ушбу дақиқаларни тез-тез қўмсар, соғинар, лекин буни ошкор қилишга истиҳола қиларди.
Шамси Салоҳ ҳамроҳларидан юз қадамча орқада борар, хомуш ва паришон эди.
У шийпонга қараб бурилишдаги бетон арикда кетмонини юваётган сариқ мўйловли кишининг саломига алик олиб, бош ирғаб ўтиб кетди-да, сўнг бирдан изига қайтиб, терс сўради:
Дарахтлар ичидаги чайла кимники? — қўли билан дарахтзор томонга ишора қилиб.
— Отақулники, бригадирники, — деди мўйловли киши унга қизиқсиниб тикилиб. Унинг итоаткор, андишапараст чеҳрасида ҳар доимгидай эҳтиром пайдо бўдди ва қаддини тиклаб, шоирнинг оддида ғоз қотди.
Шамси Салоҳ хўмрайганча жим қодди.
— Синглиси нима иш қилади? — сўради у яна.
— Қандай синглиси? — сувчи унга энди ажабланиб тикидди. Кейин дона-дона қилиб, — Отақулбой онадан битта! — деди. Ниманидир ўйлаб, кўзларидаги савол тўсатдан йўқолиб, бирдан топишмоқнинг жавобини топган боланикидай шодон учқун пайдо бўлди. — Э, ҳа, келинни айтяпсизми?
Шамси Салоҳ сал олдин негадир «Қишлоқ хўжалигини битирган эканми? — деб сўраган юввошгина бригадирни эслади, юраги ғашланди, сувчининг саволига жавоб ҳам бермай, хўмрайганча шийпонга қараб йўл олди. Сувчи бу салобатли одамнинг нега Отақулнинг хотинини атайлаб сўраганига ақли етмай, изидан ажабсиниб қараб қолди.
II
Тонг пайти самоварчи ташқарида тақур-туқур қилиб юрганда у ўзидан-ўзи уйғониб кетди, хуриллаб, беозоргина ухлаб ётган ҳамхоналарига бирпас тикилиб турди-да, кийиниб секин ташқарига чиқди: тонг оқара бошлаган эди, шундагина у кўл бўйига бориб, қуёш чиқишини кузатмоқчи бўлганини эслади. Тун қайларгадир учиб кетиш учун далалар устидан аста-секин қанотларини йиғиб олаётган эди. Кечаси билан тун мулкига пойлоқчилик қилиб чиққан ой шами ҳам энди ер юзини ёритишга ожиз эканлигини сезгандай пилпиллай-пилпиллай сўна бошлаганди. У саҳро тонгининг салқин ҳавосидан энтикиб кетди; бу тонгда ва бу далаларда унга ёт бир ёввойи ғурур тўшалиб ётарди, улар сирларини ҳеч кимга бермоқчи эмасдек ёки қандайдир хавфни кутиб, донг қотиб қолишгандек, сирли тарзда ҳурпайиб, олишганди. Тонг олис-олисларда кўринаётган қишлокдарда ўзининг тирикчилик қўшиқларини бошлаб юборган, пастқам қирлар усти-да шафақ туғдай ҳилпирар, далалар узра осойишта сокинлик ҳукм сурарди.
Шабада эгатлар ичидан ғўзаларни қитиқлаб, кулдириб чопиб ўтарди. Шамси Салоҳ эгат оралаб борар, оёқлари остида барглар шитир-шитир эзиларди. Баъзан ғўзалар унинг шарпасидан ҳурккандек, қалтираб кетарди, у ўзига кўпдан буён бегона бўлиб қолган, қандайдир дард ва оғриқ билан тўлғониб ётган бу заминни тинглагиси келарди.
Аламли, шаполоқдай-шаполоқдай юзлари сарғая бошлаган, маҳзун туришлари ва мунгли қарашлари билан шарқ аёлларига ўхшаб кетадиган, тонгги салқинда келинчакдек титраб турган бу ғўзалар нелар демокда? Нега улар бунчалик безовта, бунчалик руҳсиз, бунчалик сўлғин?
Кафтларига митти қуёшчалардек умид толаларни кўтариб олган ва ичига ораласанг изингдан норозидек шитирлаб, жавраб қоладиган, кенг далада ястаниб ётган ғўзаларнинг намойишими бу? Ёки тупроқ остида қовжираб ётган ота-боболарнинг фалакка ўқталган муштларими бу? Агар разм солиб қарасанг, сени ғўзалар эмас, сонсиз, таҳликали лашкарлар ўраб турганини кўрасан. Нечун, нечун бу лашкарлар қурбонликка маҳкум этилган? Уларнинг бунчалик ғазабга келтирган нарса нима?! У қандай куч, қандай жоҳиллик?! Бу ғўзами, ё исёнми?!
Шамси Салоҳ узоқ-узоқларга боқди ва нечундир олис-олисларга чўзилган пахта даласини йиғлаб ётган аёлга ўхшатди, йўқ, иўқ, балки қўшиқ айтаётган аёлга ўхшар. Агар ғўзалар ҳам куйлаганда қандай қўшиқ айтган бўларди? Ёки анави келинчакка ўхшаб (келинчак эканини у кеча билиб олган эди) момолар қўшиғини айтармиди ва бу қўшиқни у тушуна олармиди? Тўғри, кечаги қўшикда ҳам бирмунча дағаллик бор эди, лекин уни барибир ҳаяжонга солди, бағрини титратиб юборди-ку; у ўзини санъатнинг биллур қоясига чиқиб олдим, ҳамма нарсани энди шу қоядан кўраман деб ўйларди. Лекин кечаги қўшиқ тўсатдан ерга тортиб туширди; унинг қалбида нафис ташбеҳлар остида кўмилиб қолган унут хотираларини юзага чиқарди, — бу қўшиқ эмасми, ахир, бу гўзаллик эмасми? Шамси Салоҳ барибир ич-ичидан буни тан олгиси келмади, агар тан олса, ўзи кулиб юрадиган «ялтироқ» романларнинг қаҳрамонига айланиб қоладигандек кўнглида бир ўжарлик уйғонди.
Шамси Салоҳ тунд, бироз олифтароқ, жимжима нарсага ўч, бироз кибрлироқ, ҳамма нарсанинг гўзал бўлишини истовчи ва ҳамиша шунга интилувчи, ҳашам-ли ва жилвали нарсаларни севувчи, ҳар бир манзаранинг ниҳоятда зебо томонларини кўра олувчи, нафис ташбеҳларга устаси фаранг, яшаши ва кийинишида ҳам ўта зиёлилик барқ уриб турувчи киши эди; у ҳаётга ҳам, теварак-атрофига ҳам мана шу нозик зиё-лилик кўзойнаги билан қарарди.
Пахта даласидан унинг кўнглига оғир таассурот чўккан эди, гўё унинг ҳислари, сезгилари бирдан гунг бўлиб қолгандек эди, у бундай кайфият билан ҳеч нарса ёзолмаслигини яхши биларди. Сал нарида атрофини қамиш ўраб олган кўл кўринди, шабада унинг димоғига балчиқ ҳидини олиб келди. Кўл ҳам қуриб қолган сиёҳдондай унда диққинафас таассурот уйғотди.
Шунда у кечаги қўшиқни эслади, бу дала, бу кўл, бу манзаралар ўша қўшиқнинг маҳзун байтлари эмасми? Худди қоронғу хонага лоп этиб қуёш нури тушгандай унинг хуфтон кўнглининг бир четида қандай-дир ёрқин сиймо унга аввалига нотаниш туюлди, сўнг қўшиқ айтаётган келинчакни эслади-ю, юзи ёришиб кетди. Қандай аёл, у, назари боғу эрам гулларига ҳам тушиши қийин бўлган бу одамни ўзига ғойибона чорлаётган? Нега унинг аёлга баайни гўзал ташбеҳдай, бунчалик ишқи тушиб қолди? Эҳтимол, унинг энг гўзал ташбеҳи ҳам шу келинчак бўлар?
Кўл атрофи этни жунжиктирадиган даражада салқин эди ва ундан сасиган балиқ ҳиди келарди; энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмасди, кўз олдидаги қурум манзараларнинг маъниси йўқолганди. У бу ерларни кун узоғи кезса ҳам ўзи излаган нарсаларни топа ол-масди. Умуман, бу ерлардан нима излаётганини унинг ўзи ҳам яхши билмасди. У келган йўлидан яна изига қайтди.
III
У Муаззамни уч кундан сўнг яна ўша қамиш чайла олдида учратди. Шундай, қўшиқчи жувоннинг оти Муаззам эди, у эндигина йигирма бирга кирган, муаллимлар билим юртини тугатган — лекин орада бола бўлиб қолгани ва Отақулни совхознинг чеккасига бригадир қилиб тайинлаганликлари учун ишга ўрнаша ол-маган, мана икки йилдан бери олти-етти ойи шу ерда, кўримсиз чайлада ўтар эди. У бир оз мустарликка мойил, таъсирчан, анча зийрак келинчак эди. Отақул ҳафталаб уйга бормай, шийпонда ётиб қолавергач, иссиқ-совуғидан хабар олиб туриш учун у мактабда дарс бериш истагини ҳам ташлаб, мана шу чайлага кўчиб келган эди. Бу йил боласи уч яшар бўлиб қолгани туфайли уни қишлоққа, қайнонасининг қўлига ташлаб келган, ўзи эса эри билан беш ойдан бери далада эди. Хўш, у ҳакда яна нима дейиш мумкин, дарвоқе, у ростдан ҳам жуда сулув эди. Уни кўрган одам кўклам пайтидаги қирни эсларди; унда ҳамма нарса оддий ва шу билан бирга алланечук маҳобатли эди; бир пайтлар мактабнинг ярми унга хуштор бўлган, лекин ҳеч ким ўйламаган ва кутмаган йигитга тўсатдан турмушга чиқиб кетганди. Унинг қўшиқ айтишини ҳамма билар, бироқ ҳеч ким унинг Шамси Салоҳ ич-ичидан эътироф этаётгандек қўшиқ учун туғилганини билмасди; қишлоқдошлари уни тўйларнинг гули деб билар, қиз узатиш зиёфатларини усиз тасаввур қилолмас, бироқ ҳеч ким шу пайтгача уни қўшиқ учун туғилган деб айтган эмасди. Умуман, у сулув жувонларга ато этиладиган барча фазилатга эга эди. Ўта содда ва кўнгли бўш эди, вужудидан қишлоқ кесагининг иси келиб турарди. Шамси Салоҳ унда фавқулодда бир иқтидорни сезмоқда эдики, бу сезгиси ўзига ҳам ҳузур ба-ғишларди. У Муаззамни уч кундан сўнг чайла олдида пахта териб юрганда учратди. Муаззам ярим этак пахтасини елкасига ташлаб, чайлага қараб, секин юриб келарди. Кун тушга яқинлашган, ҳаво дим эди.
Ҳашарчилар аллақачон баландроқ серсоя ғўзаларнинг тагига чўзилишганди. Шамси Салоҳ Муаззамни жуда яқиндан, уч қадамча беридан кўрди-ю, юраги бирдан гурсиллаб ура бошлади. У қишлоқ аёли шунчалик барно бўлади деб ҳеч ўйламаганди. Шамси Салоҳни аёлнинг юзидаги балқиб турган сулувликдан ҳам кўра ундан таралаётган, ўзига ярашган аёллик малоҳати лол қолдирди. Келинчакнинг юзида осудалик, изтиробга ўхшаш безовталик, недандир норозилик ҳислари ўйноқларди. Шамси Салоҳга олдидан тўғри беҳиштдан чиққан ҳуру ғилмон ўтиб кетгандай туюлди. Келинчак ўтиб кетиши билан Шамси Салоҳнинг наза-рида ҳамма нарсанинг исми йўқолди, даланинг ҳам, осмоннинг ҳам, ғўзаларнинг ҳам, дим ҳавонинг ҳам, барча исмни келинчак ўғирлаб кетган эди. Шамси Салоҳ қўлга тушган ўлжани қўйиб юборадиган ношудлардан эмасди. У дарров ўзини тутиб олди; яқинроқда пахта тераётган фаррош жувонларни сув ичиб келишга таклиф қилди. Жувонлар этакларини қарта четига қўйишиб, Шамси Салоҳ билан чайлага қараб жўнашди. Доимо ҳашарчилар билан ўралашиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, сув-пувидан хабар олиб юрадиган Отақул яқин-атрофда кўринмасди, бу айни муддао эди. Шамси Салоҳ барча тажрибасини ишга солиб, келинчак билан танишишга ҳаракат қилмоқчи бўлди. Бироқ, унинг «тажрибалари»ни ишлатишга ҳожат ҳам қолмади, сув ичиб бўлган жувонларнинг нарироқ кетиши ва вақт ўтказиш учун ёғоч дўлчада иложи борича кўпроқ ва узоқроқ сув ичишга ҳаракат қилаётган Шамси Салоҳга сув узатиб турган Муаззам бирдан:
— Сиз ёзувчимисиз, — дея сўраб қолди, унинг кўзларида ҳайрат, қизиқиш балқиб турарди. — Қеч ҳам тирик ёзувчини учратаман деб ўйламагандим.
Ёғоч ҳиди ўтган сувни ютишни ҳам, ютмасликни ҳам билмай турган Шамси Салоҳ қилт этиб ютинди-да, ўзига эҳтиром билан тикилиб турган чиройли кўзларни кўргач, нима деярини билмай жилмайди.
Бу келинчак тушмагур, шу даражада ёқимли, шу даражада офатижон ва дилбар эдики, уни бу чучмал, ер ҳиди келиб турган сувга қўшиб ичиб юборгинг келарди, во дариғ, бу келинчакнинг куйдирма жонлигидан дўлчадаги сув ҳам лиммолим қайнаб кетган, бу сувни ичган ҳам дунёга қўл силтаб, ҳаю, ҳайт, — деб телба бўлиб ўтган бўлармиди?
— Каминанинг бошига шундай бахтсизлик тушган, — деди у бир оз жимжима билан.
— Вой, нега ундай дейсиз, — Муаззамнинг кўзларида бирдан ажабланиш пайдо бўлди. — Мен энг бахтли одамлар ёзувчи бўлади деб ўйлайман.
У жувоннинг соддалигидан ичида ҳузур қилди, ҳозиргина қўл узатса етмайдигандек туюлган омад қушининг жувоннинг иффат тўла кўзлари орқали ўзига ҳайрат билан боқиб турганини кўриш ҳузурли эди.
— Ишқилиб мен бу бахтни ҳеч кимга раво кўрмасдим, — деди иложи борича ўзини сирлироқ қилиб кўрсатиш учун. У чиройли аёллар сирли кишиларга кўпроқ мойил бўладилар деб қаердадир ўқиганди. Орага бирдан сукунат чўкди. Муаззам унга нима деб жавоб беришини ҳам билмай, қизариб кетди. Шамси Са-оҳнинг отган биринчи ўқи нишонга теккан эди, Муаззам шафқат ва самимият акс этган кўзларини унга тикиб турарди.
— Қовун ейсизми? — деб сўради у кейин шошиб чайлага таклиф қилар экан, — вой, мени қаранг, киринг ҳам демабман. Киринг, мана, ўзингиз танлаб олинг.
Шамси Салоҳ ичкарига кирди-ю, эски-туски кўрпа-ёстиқни, шолчаларни, қоп-қора чойидишни, сири кўчиб қолган косаларни, қовун ширасидан доғ-дуғ бўлиб қолган дастурхонни, чайланинг тўрига териб қўйилган қовун-тарвузларни, сув сепиб супирилаверганидан бўлса керак, чанг ҳиди тутган ҳужрани ва бу хунук идишларга, балчиқ ичида ўсган гуддек юзидан ҳаёт шавқи таралаётган Муаззамни ўзининг ҳамишаги нафис кўзойнаги билан кузатиб чиқди: назарида кўз оддида турган хароб чайла ва ўзининг қўшиғидан ҳам гўзалроқ Муаззам бошқа-бошқа дунёда тургандай, ёхуд бошқа-бошқа дунё учун туғилгандай туюлди унга. У ўша куни дунёдаги энг бахтиёр аёлдай қўшиқ айтган келинчакни мана шу вазиятда, шундай аянч нарсалар қуршовида учратаман деб, сира ўйламаганди.
Чайлада ҳамма нарса бетартиб сочилиб ётар, у одам яшайдиган жойдан кўра, кўпроқ товуқ катагига ўхшарди, бу ерда ҳамма нарса қўпол, кўримсиз, хунук ва омонат эди. У мана шу қора турмушнинг бахтсиз асоратини излаб Муаззамнинг кўзларига тикилди, бироқ бу кўзлар Шамси Салоҳга номаълум бўлган бахтдан яйраб турар, ўзидан бахтсизлик излаётган совуқ кўзларга ял-ял яшнаб боқарди. Бу кўзларнинг қирларида гоҳо толе оҳулари югургилаб қоларди ва атрофга хижолат — ҳаё аралаш саодат еллари тараларди. Тикилиб-тикилиб қарасанг, бу қорачиқлар супасида қора либос кийган сеҳргар ўтирганини кўрардинг, сеҳргар ўзига тез-тез жосусона нигоҳ ташлаётган анчайин сур кўзларга гоҳо ажабланиш, гоҳо ҳайрат тузоқларини қўярди, гоҳ ўзининг жимитдайгина саҳнасига қоқсуяк, хўмрайган юзнинг суратини чизарди; гоҳ бу кичкина салтанатга бостириб кирмоқчи бўлаётган айғоқ-чи нигоҳларни таҳдидона музаффарлик билан қарши оларди ва ўзининг шу тахлит тилсимона ўйинлари билан ҳар қандай бахт ва бахтсизлик ҳақидаги тушунчалардан юксакда туришини исбот этмоқчи бўларди. Йўқ, йўқ, бу кўзларда сеҳргар эмас, ойболта кўтарган жаллод ўтирарди, у бу мулк деворларидан хуфёна ошиб ўтмоқчи бўлган ўғри қарашларни айвони саҳнасида ўкиртиб-ўкиртиб қатл этарди…
Шамси Салоҳ қанчалик уринмасин бу кўзларнинг сирли пардасини суриб ичкарига киролмади. Бироқ, барибир бу жувон кўзига бахтсиз ва натавон бўлиб кўринди. «У ўз бахтсизлигини одамлардан усталик билан яширишга ўрганиб қолган», деб ўйлади у кечқурун ёлғиз айланиб юрар экан, яна ўша манзарани кўз олдига келтириб. Ҳа, у бахтсиз, у тасодифан ёки алданиб бу шароитга тушиб қолган, энди эса бошқаларга бахтлидек кўриниб, ўзини алдаб яшаяпти, худди барча бахтиқаро аёллардек. Унга ўзининг бахтсиз эканлигини ва бахтли бўла олиш йўлларини кўрсатиш керак. Мен кўзларига қарабоқ уни қандайдир ғам эзаётганининг гувоҳи бўлдим…
Бошқа куни тонг пайти у дарахтзор ичидан Муаззамнинг тандирга ўтин солиш учун чўпчак, ҳар хил хас-хус териб юрганини кузатиб турар экан, парвариш қилинмаганидан оёқлари тарс-тарс ёрилиб кетган, эрта сўла бошлаган аъзойи бадани ҳафталаб сув кўрмайдиган бу аёл унга илоҳа бўлиб кўринганди. Тутқундаги қўшиқ илоҳаси! Рўзғор ва икир-чикирлар зиндонига занжирбанд қилинган илоҳа! Бу аёлнинг занжирбанд Прометейдан қандай фарқи бор? Унинг кўзига тобора хунук кўриниб бораётган Отақул нарироқда сигир жилдириб юрарди. «Йўқ, булар унинг қалбини ҳеч қачон тушуна олмайдилар, бу чайлада, бу саҳрода таназзул ва заволнинг ҳиди анқиб турибди» деб ўйлаганди ўша тонгда, кўнгли мустар бўлиб, изига қайтар экан.
IV
Улар дарахтзор оралаб секин юриб келишарди: тўғрироғи, Шамси Салоҳ уни «тўсатдан», «одатланиб қолган кечки сайрдан қайтаётиб кўриб қолган» эди. Муаззам ўтлокда елкасига бир қучоқ ўт кўтариб қай-таётиб, кекса гужум олдида қип-қизил «кечки шафақни кузатаётган» ўша куни ўзига ғалати-ғалати тикилиб қўйган ёзувчига дуч келган эди. Шамси Салоҳ шу ердаёқ ўзининг зиёли одам эканлигини исботлади; унинг қўлидаги ўтни ўз елкасига олди. Тун далалар орқали секин дарахтзорга ҳам ёпирилиб келаётган эди. Муаззам гулли, четига чироз солиниб қўлда тикилган одми камзул ва ёқасиз чит кўйлакда эди, Шамси Салоҳнинг эътиборини тортган унинг миттигина кўкраклари айни учишга чоғланган қушнинг қанотларидек бўртиб турарди, оёғи, балоғи чангга беланганди, сочидан ва бўйнидан тер ҳиди келарди. Ҳозиргина ўт ўраётиб кесиб олган бўлса керак, унинг бир бармоғи наридан бери кир латтага ўраб боғланган, юзи хижолатдан ва ўтни шошиб ўрганидан бўлса керак, бир оз қизариб кетган эди. Дарахтзорда қушлар бетиним чаҳ-чаҳларди, қўшни бригадада пахта тераётган машиналар бирин-кетин чироқларини ёқа бошлаган эди, уларга кўринмаётган шийпонда овқат сузилаётган бўлса керак, қувноқ кулгилар эшитилаётганди — айни овқат маҳали ошпаз чол «Кимнинг мучали ит бўлса, суяк ўшаники» дер, гарчи бу гап ҳашарчилар келганидан бери жуда сийқалашиб кетган бўлса-да, ҳар гапирганда одамлар қаҳ-қаҳ уриб кулишарди. У бугун Муаззамни шу ерда учратишни билгани учун атайлаб дарахтзорга келганди. У ҳар куни кечқурун дарахтзор орасидан сигир соғаётган ёки чайла атрофини супураётган Муаззамни кузатар эди. У қанча кузатса, Муаззамнинг бахтсиз ва нотавон аёл эканлигига шунча ишониб борарди. Унинг қўшиқлари энди унга ўта мунгли ва оҳ-воҳга тўла ноладай бўлиб эшитилар эди. У ҳозир Муаззамни гапга солмоқчи, ичидагиларни билиб олмоқчи, бу шубҳа ва гумонларини ўз оғзидан тасдиқлатиб олмоқчи эди.
У Муаззамга ўзининг болалиги, ҳозир хотирасидан чиқиб кетаётган қишлоқлари, мактабни битириб мар-казга ўқишга кетгани, «ўша ёқларда халқимизнинг жуда қолоқ яшашини англаган»и, бу қолоқликдан улар фақат қурбон қилиш йўлидан борсагина қугилиши, фақат юксак мақсад йўлидаги қурбонликгина қолоқликнинг ва ўрта асрчиликнинг зич ўрмонини тўла ва равшан ёритиши мумкинлиги, буни ўтган йили ўз қишлоқларига бориб ҳис этгани ва ҳоказолар ҳақида гапириб берди. (Кейинчалик у айнан «ва ҳоказолар» ҳақида гапириб бердим, деб эслаганди).
— Ўқиш, ўқиш, сўнг иш, турли ёзув-чизувлар… билан умр ўтиб кетибди, — деди камтарлик билан, «ёзув-чизув» дегани ўзига ёқиб тушди, — қишлоқдан чиқиб кетганимга ўн етти йил бўлибди. Гоҳида синглимдан хат келиб қолади. Менинг эса ҳаётимга ҳам келмайди — биласизми, баъзан жуда алам қилади.
— Нима, сиз қишлоққа бормай қўйганмисиз? — сўради унинг гапларидан жуда таъсирланган Муаззам, дафъатан унинг номаълум ярасига тегиб кетишдан қўрққандек эҳтиёткорлик билан.
— Баъзан. Лекин у ёкда жуда зерикаман. Одамлар гапларимдан кулаётгандай ёқи тушунмаётгандай туюлади менга. Сиқилиб кетасан киши. Уларнинг сенинг фикрингни эмас, ранг-рўйингни, сочингни, кийимингни, қандай сигарета чекишингни муҳокама қилишади. Буни шунинг учун сизга айтаяпманки, сиз ҳам шундайсиз. Одамлар кулмаслик учун улардан яшириб қўшиқ айтасиз… Ёки нотўғрими?
Муаззам айб иш устида қўлга тушгандай дув қизариб кетди чоғи, унга юзини тескари ўгириб олди ва хижолатомуз жилмайди.
— Шундай… биз кўп нарсани биламиз. Сизнинг қўшиғингизни тинглаб туриб, — албатта, бу гуноҳим учун мени кечирасиз деб ўйлайман — биласизми, нимани эсладим; бўйнидаги қуллик ва қолоқлик кишанларини парча-парча қилиб ташлаб, санъат, фан ва маданият сари дадил кетиб бораётган Шарқ қизини. У ўзининг елкасидаги жаҳолат ва разолат тошларини итқитиб ташлаб, тараққиёт қуёши томон мағрур кетиб бораяпти… орқасида эса эски турмушнинг вайрон бўлган иморатлари ётибди, дарғазаб шамол уни изига қайтариш учун сочларидан, этакларидан тортқилаяпти, пана-панада илондай совуқ ва бадбашара қўллар унга тош отаяпти. Лекин у тўсиқларни янчиб ўтиб, аста-секин инсониятнинг ул олий даргоҳига кўтарилиб бормокда… Бундай нокамтар хаёлларга борганим учун мени афв этинг, бироқ сиз шунга муносибсиз… Мен бунга сизнинг қўшиғингизни мана шу дарахтлар орасида туриб эшитган куниёқ амин бўлган эдим. Назаримда, сиз бу ерларда жуда сиқилиб қолганга ўхшайсиз ё нотўғрими? Одам ўзининг бахтсиз эканлигини аксарият ҳолларда билмай ўтади. Бахтсизликни англаш учун уқув ва билим бўлиши керак, уни бахтдан фарқлай олиш керак. Ахир одам ўз орзуси учун курашмаса ёки орзусиз яшаса, бу даҳшатку! Бахт туйғуси бизга азалдан ўргатиб келишганларидек, бола-чақа кўриш ва уларни вояга етказиш учун ўлиб-тирилиш эмас, бахт — бани инсониятга ҳар ким қўлидан келганича хизмат қилишдир. Биз ёзувчилар асли омадсиз одамлар бўлсак ҳам, мана шу йўлда баҳоли-қудрат хизмат қиламиз. Мана сизнинг қўлингиздан қўшиқ айтиш келади, ўзбек аёли нималарга қодир эканини бошқаларга кўрсатиб қўйиш келади. Аммо сиз эркин эмассиз, қўшиқни ҳам ҳаммадан яшириб айтасиз — гўё бу айбдай, аслида мана шу энг катта бахт — сиз мингларнинг қалбини хушнуд этиш учун дунёга келгансиз.
Муаззам ерга қараб турарди, у ҳеч нарса демас, бирон нарса дейишга ҳоли ҳам келмасди, Шамси Салоҳнинг сўзлари уни сеҳрлаб қўйган, турмушнинг аччиқ ташвишлари остида кўринмай қолган, бир пайтлар пориллаб очилган қизлик орзуларини яна кўнгил юзасига тортиб чиқарган, унинг хаёлини узоқ-узоқларга олиб жўнаган, сўниб қолган ҳаваслар ғалаёнини қўзғаган эди. Унинг юзида шубҳа ҳам, ишонч ҳам, қўрқув ҳам аралашиб кетган эди; бироқ барибир кўнглининг бир четида бу гапларга нисбатан эндигина ёришаётган тонг сингари умид туғилаётган эди. Улар дарахтзорнинг қуюқ жойида тўхтаб қолган эдилар: тун дарахтлар орасидан мўралаб, уларни кузатиб турарди, дарахтлар енгил шитирларди: Шамси Салоҳ кўтариб олган ўтдан кўкат ҳиди анқирди — қандайдир қил-пиқ — ўтдан тушган бўлса керак — бўйнини қитиқларди. Шамси Салоҳ аёлларга бўлган муносабатини ҳамиша яшириб юрарди. Бироқ ҳозир гапларига маҳлиё бўлиб, ўзини йўқотиш даражасига етган мана шу қишлоқ жувонини қучгиси, унинг титраб турган лабларидан ўпгиси, бир жуфт қанотдек диркиллаётган, тепсинаётган кўкракларини ҳовучига олиб, олис-олисларга учиргиси, шу лаҳзаларда қон сели ниҳоятда тезлик билан айланаётган вужудни қўлларида кўтариб, сакраб-сакраб, айланиб-айланиб югургиси келарди. Дарахтзор, иккаласини этаклари остига яширган тун ва ҳам ҳаё, ҳам номаълум қўрқувдан карахт бўлиб қолган, Шамси Салоҳнинг кўз олдини маёқдай ёритиб турган сулув жувон уни гоҳ гуноҳга, гоҳ гуноҳсизлик-ка ўхшайдиган, инсон яралгандан бери кўр-кўрона шайдо бўлиб келган неларгадир чорларди. У ҳиссиётга ҳеч қачон берилмасди ва ҳиссий нарсалар унга ҳинд фильмлари руҳида тарбияланган ўн олти яшар хаёлпараст қизларнинг машғулотидай бўлиб туюларди — ўз ҳиссиётларини ҳам у ақлга, фикрга гарчи, зўрлик билан бўлса ҳам бўйсундириб олган, шу сабабли унинг ҳиссиёти ҳам жуда усталик билан чархланган ва зеб берилган қиличга ўхшар эди. Энди эса ҳиссиётлари унга бўйсунмаётган, бўйсунишни истамаётганди ва бу ўзига ҳам алланечук ёқмокда эди.
… Мовий осмонни нозлана-нозлана кезиб юрган ул кўк ҳилоли билан дарахтлар орасида қисиниб-қимтиниб, юзида ҳаё ва андак ҳуркаклик бўртиб турган, ёноқлари яловдай ҳилпираётган бу аёлнинг қандай фарқи бор? Фарқи шуки, ул ҳилол осмонлик, буниси эса ерлик. Унисининг минг йиллардан бери ердан нимадир излай-излай юзлари заъфарон бўлиб қолган. Буниси эса оқшомни заррин нурлар билан безаган ул кўклик мусаввирага ҳасади келгандай атиргул барги янглиғ қизарган, гўё бу оқшомни юзининг қизил шуъласи билан чўмилтириб, заррин ойни рашк ўтида адо қилмоқчидек. Заъфарон юзи яна ҳам сарғайтиб-сўлитмоқчидек… Йўқ, бу келинчак ҳилолдан ҳам кўра гулга кўпроқ монанддир. У кимнингдир чорловини эшитган-у, бу чуркун дарахтлар орасида пориллаб очилган, — ундан атрофга ғурур ва эрк шуълалари таралаяпти. Шунинг учун ҳам ҳилол унинг ёноғига ҳол бўлишни истагандек ётоғидан бош кўтарар-кўтармас чўлнинг асов шамоллари тараб қўйган бу зебо чеҳрага шайдо бўлиб тикилиб қолган. Йўқ, бу аёл ҳаммасидан ҳам дилбар бир шеърнинг гўзал сатрига ўхшайди — бу ерлардан қачонлардир қандайдир даҳо шоир ўтгану, уни мулку фалак билан боғлаб турадиган учқур хаёллари ва мўъжизалар яратувчи тилидан тупроғи жизғанак бўлиб ётган саҳрои-биёбонга бу гўзал сатр бир томчи кўзёш янглиғ сирғалиб тушиб қолган. Ой эса шу гўзал сатрни излаб юрган ул шоирнинг ёниқ хотирасидир. Унинг ёнида қиличини тушириб қўйган баҳодирдай ақл ҳушидан айрилиб турган бу нозик-таъб, кибор сифат шоир ул гўзал сатрни ўқий олар-микин? Тушунармикин?! Ундаги дардли сўзларни ҳис этармикин? Ёки бу гўзал сатр ўқилмас битикдек замонлар оша сирли ва мафтункорлигича жаранглаб қолаверармикин? Бу ерлик ҳилол шунчалар гўзалки, унинг олдида ул кўҳлик ҳилол чала туғилган гўдакнинг юзига ўхшаб қолади, ойга қараб туриб, ҳеч бир нуқсон тополмайсан, йўқ, йўқ, мана шу бенуқсонликнинг ўзи нуқсон эмасму? Ерлик ҳилол эса «нуқсон» ва «бенуқсон» деган тасаввурларга бўйсунмайди, уни сўзлар ифодасига солиб бўлмайди, унинг номини эши-тиш биланоқ сўз ҳам, тил ҳам куйиб кетади…
Кейинчалик шу лаҳзаларни эслаб, мени Муаззамни қучиб олиш истагидан фақат уни чўчитиб юбормайин деган хавотиргина тўхтатиб қолганди, деб ўйлаганди. Ким билади, балки шундайдир, балки бу жувон бари-бир бир куни қўлимга тушади деган ўжар бир ишонч қайтариб қолгандир. Балки, одамларга тез таъсир қиладиган, номини эшитса, кўзларида эҳтиром уйғонадиган «ёзувчи» деган обрўсига путур етказишдан қўрққандир ёки чириган шохлари синиб, барглари тўкилганидан муштипар қиёфага кирган ва ғира-шира қора кўланкаларга айланган қаровсиз дарахтларга қараганда ҳам муштипарроқ бўлиб қолган, ўзининг шакаргуфторлигига рўйирост ишонган содда келинчакнинг ҳаё, иффат ва нохуш сукунатдан ёрилиш арафасидаги шардек таранг бўлиб турганини кўриб, ўзининг баландпарвоз хаёлларидан ва ҳаёсиз истагидан уялгандир. Орага чўккан бир неча сония сукутдан сўнг у ростдан ҳам ўзини босиб одди ва зоҳирий кўринишга ярашмаган юмшоқ ва ҳамдардона оҳангда:
— Бу ерда яшаш жуда оғирми? — деди ва ўзининг саволидан ўзи эзилиб кетди.
Муаззам индамади, фақат бош ирғади — Шамси Салоҳ аёлнинг кўз милкларида пайдо бўлган ва ой нурида ялтираб кетган кўзёшларини кўриб, кўнгли шафқат ва илтифот билан тўлди; Муаззам ҳатто бошини кўтариб қарамади, агар бирор нарса деса ҳўнграб йиғлаб юборадиган ҳоли бор эди унинг.
— Сиз, бу ерлардан қадрингизга етадиган, орзуингизни рўёбга чиқарадиган кишилар орасига кетармидингиз, улар ёрдам қўлини чўзишса, бу ерлардан кетишга рози бўлармидингиз?
— Ҳа! — деди гўё бу таклифни қилаётган одам фикридан қайтиб қолишидан қўрққандай шошиб Муаззам. У жуда ҳам тўлқинланиб кетган эди, ҳали ҳеч ким у билан орзуларию армонлари тўғрисида бундай гаплашмаган, дунёда иш, ташвиш, ўчоқ, қозон-товоқдан бошқа кўнгил деган нарса ҳам бор, деб айтмаган эди.
— Агар биров сизни орзуингиздагидай бахтга етаклаб борса, нима қилган бўлардингиз, умуман, мен розилик маъносида айтмоқчиман…
Муаззам ерга тикилиб турарди, у нималарнидир тушунмаётганга, нималарнидир англолмаётганга ўхшарди. Нега энди ҳозир, нега энди айнан, ҳозир, тунда, дарахтлар орасида бу — ўзи тилга олишга ҳам, эслашга ҳам қўрқадиган нарсалар ҳақида гапираётганларига, нима учун сўраётганларига тушунмаётган эди.
— Бир умр… бир умр дуо қилардим у одамни, — деб шивирлади у ўзига ўзи гапираётгандай.
Шамси Салоҳга бошқа нарса керак эмас эди. У Муаззамдан мана шу гапни олиш учун бир ҳафтадан бери атрофида гирдикапалак бўлаётган, унинг кўнглини билмоқчи, бу соҳада қалбга қармоқ ташлаб кўрмоқчи эди. У ҳозир режаси бунчалик осон амалга ошганидан бахтиёр ҳам эди, энди буёғи аниқ — қишлоқнинг чангида оёқлари ёрилиб юрган сулувни санъат маликаси қилади.
У юлдузлари пирпираб турган салқин кечада узоқ кезди, тун ҳозиргина ўзини масъуд этган келинчак янглиғ сирлилиги ва фасоҳати билан унинг қалбини сирқиратар, оғритар, уни ҳислар қуюнига ташлар эди. У ичига кириб олган ким биландир хаёлан олишар, мунозара қилар, тортишар эди. У ҳозир вужудида туғилаётган нарсаларни шеър қилишни истар, кўнглига кеча қаъридан, юлдузлар шуъласидан сим-сим сатрлар оқиб тушар эди. «Сен, — деб мурожаат қилар эди у хаёлан кимгадир, — ёввойи ўтлар орасида ўсган гулсан. Сен кўзда қалқиб турган бир томчи ёшсан… Сен бахтли бўлишинг керак, сен ер юзига фақат бахтли бўлиш учун келгансан, сенинг овозинг одамзодни гўзаллик ва хаёлот ўлкасига бошлаб бориш учун инъом этилган. Сен табиатнинг энг дурдона ва ноёб намунасисан, сени табиат фақат гўзал нарсалар учун яратган. Сен — одамлар миллион йиллардан бери излаб келаётган оҳангсан, бу оҳангни дунёнинг ёвуз кучлари янчишга, йўқ қилишга уринадилар, лекин сен тобора янграйверасан, сен — гуллар тимсолида, тошдан-тошга сакраб югураётган зилол сувли жилғалар, эндигина бош кўтарган майсалар, тонгги шудринг, кечки шафақ тимсолида одамлар қаршисида пайдо бўлаверасан…
… Қўй, уни ташла, дунёнинг бу азалий икир-чикирларидан воз кеч, сен ҳамма нарсадан, ҳатто дунёдан ҳам устун турувчи илоҳасан. Сен фақат ардоқланишга, эъзозланишга ва фароғатга муносибсан.
О, кел, менинг кўнглимни тўлдир, тезроқ кел, дунё то сенгача ярим эди. Сен уни тўлдир, майли, менинг кўксимни босиб ўт, майли, менинг танамни поёндоз қил, фақат сен юрган йўлларда гуллар кўкарса бўлди, сенинг овозингни эшитиб, чечаклар бош кўтарса бўлди, сенинг овозингни эшитиб дунё ҳушёр тортса бўлди…
… Кўраяпсанми, ерни туртиб-туртиб майсалар бош кўтаряпти, куртаклар чириган пўстлоқни ёриб чиқаяпти, ғунчалар очилаяпти — булар ҳаммаси бир лаҳзада бўлаяпти, чириган, сўлган, пайҳон қилинган гуллар қайта барг ёзаяпти, боғ турли ифорларга бурканаяпти, дарахтлар новда тугаяпти, ёмғир ўзига камалакдан либос тикаяпти — бари сени қўшиғингдан, сенинг илоҳий овозингдан, сен оҳангларни ёндирган оҳангсан, сен тун қўйнида ловуллаб турган алангасан!..
… Ана сен дунёни кулгунг билан тўлдирмоқчидек, қиқирлаб кулаяпсан, юзингдан жилваланиб-жилваланиб оҳанглар таралаяпти. Ана сен қизғалдокдар ичида югуриб бораяпсан, эгнингда оқ ҳарир кўйлак, бошингда қизил дурра… йўқ… йўқ, бу дурра эмас, қизғалдоқнинг бир дона барги, эгнингдаги кечагина гуллаган ўрикнинг либоси…
… Ана сен биллур зиналардан юксакликка кўтарилаяпсан… оёқларинг остида бахтнинг, шон-шавкатнинг суяклари сочилиб ётибди — сен, ана, бу қадимий зулмат ва сокинликни овозинг билан тилиб бораяпсан — овозинг ёниб бораяпти, бу саҳрода ўз номини йўқотган ва номсиз нарсаларга ном бераяпти, исм бераяпти, адашган дунёни яна ўз ҳолига қайтараяпти… Сенга мусиқанинг кераги йўқ, сенинг овозингга фақат юлдузлар куй басталай олади… Кўзларингни очиб юмишинг тун билан тонг алмашишига ўхшайди — киприкларинг тонгги юлдузлардек ярақлаб кетади — қани эди кўзларинг айвонида ухлаб ётган киприклардан биттаси мен бўлсам… Йўқ, сенинг маконинг ер эмас, сен фалак қизисан… Сен ой курсисидан ерга шафқат билан боқаётган фариштасан, сен ҳурлик фариштасисан, сен орзунинг, хаёлнинг суратларини чизиб бериш учун бу дунёга келгансан…
Ой кўк денгизида қип-яланғоч сузиб юрарди. У ташқарига гулхан ёқиб, ҳашарчилар қандайдир рок музикага диконглашаётган шийпон томон борар экан, яқин кунларда бошланажак янги ҳикоя ҳақида ўйларди. У билан тун ҳам далалар узра қадам ташлаб юрар, сарпо кийиб олган қора пўстинда зарҳал зираклар ялтирарди.
V
Шамси Салоҳ Муаззам ҳақида ўйлайвериб, уни сал бўлмаса хўрлик ва жабрнинг тимсолига айлантириб қўяёзган эди. Уни аянчли муҳит ўраб олган, деб ўйларди, уни ҳеч ким тушунмайди, «худди мени тушунишмагандек». Эрини эса хотинининг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам қизиқтирмайди, у Муаззамга азалий ота-боболаридек сочи узун деб қарайди. У мана шундай — ишга бориб, ишдан келиб, яна эрталаб ишга кетиб яшаса бўлди, худди ҳашаротдай, худди қуртдай. Аянч! Мудҳиш! Муаззам ана шундай эркак билан яшашга мажбур, унинг орзулари, овози бу хил яшашнинг қурбони бўлиб кетаверади, бир куни қараса у ҳам бир-биридан инжиқ, бири-биридан нимжон болаларнинг онаси, ҳамма оналарга ўхшаб ўзбилар-мон, шанғи, вайсақи, бир гапга минг гап билан жавоб берадиган жағ-жағ аёлга айланади. Бу унинг муқаррар қисмати. Уни бу зулматдан озод қилиш ке-рак. Улуғ мақсадлар билан яшаётган муҳитга олиб кириш керак.
Муаззам унинг барча хаёллари ва ўйларини остин-устун қилиб ташлади: ҳали қизлик нафосати ташлаб кетмаган бу аёлда яшириниб олган улуғ режаларни кўрди. У Муаззамнинг содда, самимий гапларидан бирдан ўзини йўқотиб қўйди. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган келинчакнинг гапларидаги ишончсизлик ва умидсизликдан ларзага келди, (у кейинчалик «ларзага келдим» деб эслаганди) Шамси Салоҳнинг вужудида ҳомийлик, фидойилик туйғулари жўш уриб кетди, у бу келинчакка нажот йўлларини кўрсатмоқчи, уни «орзулар ўлкаси»га, маданият ва санъат гулшанига етаклаб чиқмоқчи бўлди. У турмуш эзиб ташлаган, эрининг инжиқлик ва қўполликларидан беҳад кўп зуғум кўрган жуда ҳам ёввойи муҳит билан қуршалган ёш аёлни янги ҳаёт саҳнасига етаклаб чиқиши маданий дунёда қанчалик шов-шувга сабаб бўлишини кўз олдига келтириб, хушвақт жилмайиб қўйди ва Муаззамни театр саҳналарида, залларда, кўчаларда мухлислар оломонининг хушомадона чеҳралари ичида ял-ял яйраб кетаётганини ҳамда ҳар бир бурчакда пойлаб турган олқишлардан ва шон-шавкатдан бир оз эсанкираган Муаззамнинг ўзининг елкасига бош қўйиб, миннатдорона тикилиб, қувонч ва саодатдан силкиниб-силкиниб йиғлаётганини хаёлан тасаввур қиларди; Муаззам йиғлаб термулар экан «Булар бари сиз туфайли, сиз бўлмасангиз шу кунларга етмасдим» деб шивирлайди… Булар бари роҳатбахш хаёллар эди. Лекин айни пайтда у ўзининг айнан ана шунга аҳд қилганини ва бу йўлдан ўзини ҳеч ким энди қайтаролмаслигини ҳис этарди. У ҳар қандай тўсиқни босиб, енгиб ўтади, мана шу эзилган, мана шу хўрланган жувон ҳаққи, уни саодат беҳиштига олиб чиқади, юзини тўсиб турган қора булутларни суриб ташлаб, тонг юлдузи каби санъат осмонига кўз-кўз қилиб, илиб қўяди.
Муаззамни кўргандан сўнг негадир ўзига ёқмай қолган юввошгина Отақул унинг энди ғашини келтира бошлаганди. У Отақулдан жоҳил эрларга хос бўлган хислатларни излар, баъзан кечқурун дарахтзорни айланиб юрар экан, сигир суғориб юрган Отақулга дуч келар ва бош ирғаб саломлашиб индамай ўтиб кетарди. Охири у Отақул билан учрашишга, кўнглидаги барча гапларни гаплашиб олишга, уни ундаб кўришга, кўнмаса пўписа қилишга ахд қилди. (Назарида Отақул бошқача усулга кўнмас эди). Хуллас, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам Муаззамни бу муҳитдан суғуриб олишга қарор қилди. У Отақул билан дарахтзорда икки марта учрашиб қолдию лекин журъат этолмади. Бунинг учун ўзини ўзи еб қўйди, эртасига қандай бўлмасин, қандай шароит туғилмасин, унга ҳаммасини айтаман деб қарор қилди. У ҳамиша тўғридан-тўғри ҳаракат қилишга ўрганганди, нишонни узоқ мўлжалга олишни у ўзига эп кўрмасди.
Отақулни кечқурун шийпон олдида театрнинг хўжалик ишлари мудири билан бирга учратди. У узоқ кутиб турди (улар қандайдир қоғозлар тўлдиришарди), Отақул мудир билан хўшлашиб, нарирокдаги мотоцикли томон юра бошлагач, у тўсатдан уйғониб кетгандай, тез-тез юриб унинг қаршисига чиқди.
— Сиз билан икки оғиз гаплашиб олмоқчи эдим, — деди у Отақулга дадил тикилиб. — Вақтингиз бўлса, хонага кирсак.
Отақул унга ажабланиб қараб турди-ю, лекин унинг измига бўйсунди. Шамси Салоҳ ва театрнинг обрўлироқ артистлари шийпоннинг бурчагидаги хонада тўрт киши бўлиб туришарди. Ҳозир хонада ҳеч ким йўқ эди. Ўртада қўлбола стол, икки четида газета тўшалган иккита узун ёғоч ўтирғич қўйилган эди. Шамси Салоҳ Отақулни ўтиришга таклиф қилди. Сўнг орага ноқулай сукунат чўкиб, ўзининг гапдан янглишиб қолишидан қўрқиб, бирдан гап бошлади, аниқ мўлжалга уриш ва бу боқи беғам, ювош одамга бўлган ғазабини ҳис қилиб туриш учун Отақулдан кўз узмай турди.
— Сизга айтадиган биринчи гапим шуки… яъни нима десамикин… бу анча нозик масала… Лекин мен келин билан гаплашдим. У рози… фақат сиз кўнмасангиз керак деб қўрқаяпти…
Отақул баҳайбат ва қўпол қўлларини столга қўйиб, омонатгина ўтирар, ўзининг бесўнақай гавдасидан хижолат тортаётгандай эди. Шу сабабли унинг гапини яхши англолмади.
— Ким? Нимага рози? — сўради у талмовсираб, беғамроқ юзида бирдан диққат акс этди. Шамси Салоҳга ҳайрат тўла кўзларини тикди.
— Ким дейсизми? Келин — Муаззам… у ўқишни давом эттирмоқчи, жуда яхши овози бор экан, бу ер-даги ҳурматли ва таниқли одамларнинг ҳаммаси эътироф этаяпти — бунақа овоз камдан-кам кишига насиб қилади — уни парвариш қилиш керак… халқ учун… одамлар учун… унинг эса бу ерда боши икир-чикирдан, меҳнатдан чиқмайди. Шундай истеъдодни сиз одамлардан яшириб, бўғиб ўтирибсиз. Биз унга ёрдам бермоқчимиз… ўқисин, ўргансин…
Отақул аввал тушунмаётгандек, унга бепарво қулоқ солди, сўнг нима гаплигини англагач юзида бирдан қаҳрга ўхшаш ифода пайдо бўлди. Шамси Салоҳнинг назарида унинг икки ёноғида иккита тиғи ўткир ханжар жаранглаб очилиб кетганга ўхшади — кўзлари катталашиб, қорачиқлари ўйнай бошлади, юзида безовталик, норозилик жилваланди.
— Сиз унинг кўнглини эшитмай қўйганмишсиз. Унинг кўнгли озоддик истайди, қўшиқ айтиш — унинг учун ҳаёт. Сиз эса одамлар гап-сўз қилади деб уни бу ҳаётдан маҳрум қилиб қўйибсиз… Сиз ўқиган йигитсиз. Уни буғманг, у озод бўлсин, у бахтли бўлсин, истаганига эришсин, у билан келажакда бутун халқи-миз фахрланиши мумкин. Сиз эса уни уйга қамаб олгансиз…
— Мен нима қилишим керак? — деб унинг гапини бўлди қўрслик билан Отақул. У суҳбат мавзуидан жуда норозига, оиласига тегишли ҳар қандай масалани бировларнинг иштирокисиз ёлғиз ҳал қилишга ўрганганга, Шамси Салоҳнинг гапларидан ғаши келаётганга ўхшарди. Унинг овозида қутқу бор эди. Шу нарса Шамси Салоҳни бир оз ғазаблантирди.
— Сиз унга эркинлик беринг, уни мана бу пахтангизга аралаштирманг. У шаҳарга кетсин, ўқисин, овозини тарбия қилсин…
— Ахир, бу мумкин эмас. Оиламиз, боламиз бор. Мен эса кетолмайман…
— У шаҳарда бир умр қолиб кетсин ёки боласини ташласин, деб айтаётганим йўқ бу гапларни. Мен сизларни ажратмоқчи эмасман. Фақат унинг ўқишига, овозини парвариш қилишга шароит яратиб бериш керак демоқчиман. Сиз уни қўллаб-қувватлашингиз керак…
— Агар рози бўлмасам-чи — деди Отақул тўсатдан тўнини тескари кийиб олиб Шамси Салоҳнинг жиғига тегмоқчидек жиззакилик ва беписандлик билан.
— Унда ўз хотинига феодалларча муносабатда бўлаяпти, дипломли феодал, ўрта аср ақидалари тарафдори деб газетада уриб чиқамиз…бу ёғини ўзингиз биласиз… ўйлаб кўринг.
Отақул хўмрайиб олди. У табиатан босиқ, оғир бўлгани билан ҳозир худди ёш болага ўхшаб қизариб кетган, сал ишора бўлса жанжал чиқаришдан қайтмайдиган ҳолатда эди; лабларини жаҳл билан қисиб олганди; қаршисида ўтирган, ҳашарчилар ўртасида алланечук обрўга эга бўлган, совхоз раҳбарлари ҳам хушомад билан гаплашадиган, ўзи асарларини ўқимаган бўлса ҳам «ёзувчи» деган номи бор киши тургани учун ўзини зўрға босиб, одоб доирасидан четга чиқадиган бирон гап гапириб қўймаслик учун тилларини тишлаб тургандек эди.
— Тўғри, сизни ҳам тушунаман, — деди Шамси Салоҳ унинг жуда товсилланиб қолганини кўриб, — сизнинг эрлик ҳуқуқингиз бор, шу сабабли ҳар нарса қилишингиз мумкин. Гап шундаки, барча эрлар каби ўжарлик ёки калтабинлик қилсангиз, катта бир истеъдодни тириклай қурбон қилган бўласиз. Бу гапларни сизга айтиш менга ҳам қанчалик оғир эканлигини тушунарсиз деб ўйлайман, сизга ҳамма нарсага ақли етган, оқ-қорани ажрата оладиган кишига мурожаат қилаяпман. Сиз оз бўлса ҳам шаҳар кўргансиз; ҳеч қурса, киноларда, театрларда кўргансиз. Ахир биз қачонгача Европадан ўрнак оламиз, уларни ўқиб ўрганамиз, санъат, жасорат деганда уларни мисол қилиб кўрсатамиз?! Хўш, ўзимизда нега йўқ?.. Сабаби минглаб Муаззамлар оила ботқоғига ботиб, кўринмай ётибди, мана бунақа ташвишлар улардаги табиат инъом этган истеъдодларни еб битираяпди. Туғиш, қозон-товоқ, дала ишлари, ғийбатлар, уйдирмалар — қанчалик кўп аёлларимизни қурбон қилмаяпди дейсиз. Тузуккина қобилияти бор аёлларимиз бир бола туғади-ю, сўнг ҳаммасини унутади; кейин қуёнга ўхшаб ҳар йили туғаверади, туға-туға, азбаройи арвоҳга айланади — жоҳил эр, қора турмуш, чирқиллаб турган болалар — мана бизга Европага етиб олишимизга нима тўсқинлик қилаяпди? Буюк, улуғ, даҳо, гўзал деган сўзларни негадир фақат уларга ишлатамиз, ўзимизга келганда мум тишлаб ўтирамиз. Буюклик учун одам ўзини, зарур бўлса оиласини ҳам қурбон қилиши ке-раклигини тушунмаймиз. Сиз, албатта, менинг гапларимни тушунмаётгандирсиз?!
Отақул узоқ индамай, оёғининг учларига қараб ўтирди. Унинг нимадир дегиси келар, лекин озғин ёзувчининг оғзидан ўқдай отилиб чиқаётган савлатли гаплар уни аввалига шаштидан туширган, бу гапларда жон борга ўхшар, ишонгиси келар, кўнглининг бир четида қандайдир бир ҳакам «булар ҳаммаси ёлғон, булар ҳаммаси ёлғон» деб шивирлар, бу савлатли гапларда ҳам алланечук зўракилик, ясамалик борга ўхшаб туюларди.
— Муаззам бу турмушдан жуда безган. Бу дим ва жазирама далалар, уни ҳеч қачон тушунмайдиган қўпол-тўрс одамлар, қайсидир ёввойи замонлардан сақланиб қолган ёввойи удумлар, кейин сизнинг мана бу хирмон ташвишларингиз ҳаммаси жуда жонига тек-кан, юраги безиб, жуда кўркам орзулари туфайли одамлардан ажралиб, ёлғизланиб қолган (у Муаззамни айнан шундай тасаввур қиларди). Бу ер унга дўзахдай гап. Наҳотки сиз буни сезмаган бўлсангиз. Ахир айтишича, у сизга ана шу орзуларини деб турмушга чиққан экан, шекилли..
— Менга бу ҳақда ҳеч қачон гапирмаган… — тўнғиллади Отақул.
— Шундайми? Буни қўшиқ айтган пайтлари ҳам сезмаганмисиз..
— Бизда ҳамма аёллар қўшиқ айтади.
— Йўқ, йўқ. Сиз чалкаштирманг. Муаззам бошқача, у ўша — чилдирмани пақа-пақ уриб жазавага тушадиганларга сира ўхшамайди. Унинг овозида ҳақиқий қўшиқлардагина бўладиган маром бор. Муҳими, музикага қобилияти бор — буни, дарвоқе, сиз яхши биласиз. Агар у ҳам сиз айтаётган аёлларга ўхшаганда, мен бунчалик куйиб-пишиб ўтирмасдим..
Отақул унга тўрсайиб тикилиб турди-да, яна кўзларини олиб қочди. У «сиз бу нарсаларни қачон билиб ола қолдингиз, наҳотки, Муаззам шунча нарсани сизга айтиб берган бўлса?» деб сўрамоқчи эди, бироқ тили бошқа нарсани гапириб юборди:
— Унда шаҳарга бориш шартми?
— Албатта, — Шамси Салоҳ ичида ғолибона энтикиб қўйди, — бусиз унга шароит яратиб бўлмайди, — ахир чўлда санъатга эмас, кўпроқ пахтага эътибор зўрлигини менсиз ўзингиз яхши биласиз.
Отақул узоқ жим қолди. Сўнг ўрнидан турди-да, индамай эшикка қараб йўл олди.
— Ҳа, — деди Шамси Салоҳ қўрқиб кетиб, — нима бўлди сизга?
У эшик олдига бориб тўхтади, каловланди, нимадир дегиси келди, яна иккиланди, ниҳоят ўзига келиб, Шамси Салоҳга эътиборсиз кўз ташлади.
— Мен ўзи билан гаплашишим керак, — эшик тараклаб ёпилди; Отақул сўнгги дақиқаларда одоб ҳақида ўйламай қўйди: бу Шамси Салоҳга заррача таъсир қилмади, аксинча, ғазабини ошкора намойиш қилиб, ожизлигини билдириб қўйган Отақулнинг устидан ичида кулди: «Ҳа, булар ҳаммаси ёввойи, — деб ўйлади у, қизиқ, қандай яшашаркин, бундай зерикарли мақсадлари билан. Бола боқ, сигир боқ, қўшниларнинг товуғини ҳайда, уй сува, ўтин ғамла… Мен бундай турмушдан кўра тарс ёрилиб ўлишни афзал кўрган бўлардим».
— Тўнка, — деб ғулдиради у товуш чиқариб, кимни назарда тутаётганини ўзи ҳам билмай.
VI
Шийпон олдида чангга беланган қизил енгил машина турарди; машина атрофида ясан-тусан қилиб олган Исмоил Али, хўжалик мудири ва гуруҳ ҳисобчиси қорин қўйган, бақбақаси осилиб қолган, шляпаси пачоқ киши билан унга қараб имлашарди; улар қаергадир шошаётгандай эди.
— Э, қаерларда юрибсиз, — деди Исмоил Али уни чақириб, — ярим соатдан бери сизни кутамиз.
Шамси Салоҳ нима гап дегандай уларга кўз учида қаради.
— Сизларни тўйга айтиб келдим, — деди семиз киши Исмоил Алининг гапларидан сўнг мўътабар одам бўлса керак деган ўйда у билан ялтокданиб кўришар экан. — Сизларни кутишаяпти.
Тўйга бало борми ҳозир, — гулдиради хўжалик мудири Шамси Салоҳга ёқадиган гап қилиш учун. Лекин унинг тўйга жуда боргиси келаётгани шундай юзидан кўриниб турарди. — Олдин пахтани терсин, кейин яхшилаб, иккаласини бир қилиб тўй қилишади.
— Куёв тоғлик, — деди семиз киши, — улар пахта деган нарсаларни билмайди. Биз ҳам айтдик, лекин қари отаси бор экан, кексалар рози бўлишди.
Шамси Салоҳ орқа ўриндиққа ўтирар экан, машина эгасининг ошқозони касаллигини билди — унинг оғзидан чиққан бадбўй ҳид машина ичини тутган эди. У токи қишлоққа киргунларича, ҳидини сезмаслик учун нафас олмасликка тиришиб, терлаб, бўғриқиб кетди.
Уларни шинам ва кенг хонага олиб киришди. Хонага киргачгина Шамси Салоҳ бир оз эркин нафас олди.
Хонадаги уч-тўртта киши уларни кўриб, ўринла-ридан туришди, ҳурматларини жойига қўйиб кўри-шишди. Шамси Салоҳ уларни бир-икки бор «ҳормангга» борганда учратган, булар шу қишлоқнинг мансаб-дорлари эканини биларди.
Дастурхонни уч-тўрт хил ноз-неъмат тўлдириб турарди — катта шокосаларда шўр помидор ва бодринг, минерал сув, бўшаб қолган учта ароқ ва сопол лаганда қоврилган ҳамда қайнатилган гўштлар пала-партиш териб қўйилган эди. Улар ўтириши билан гўшт, ичимлик сув ва ароқ янгиланди, уларга манзират бошланди. Шамси Салоҳ оз-оздан, лекин ҳузур қилиб ичишга ўрганганди. Уни кузатиб турган одам чой хўплаябди деб ўйлаши мумкин эди. Ҳозир эса чанг ва кир-чирларининг ичидан чиқиб келган ўпкасига ароқ мойдай ёқар ва у кўпам мулозамат қилдирмай пиёлаларни бирин-кетин оларди. У ўзига Исмоил Али алоҳида эътибор бераётганини сезди. Исмоил Али негадир уни ўзига яқин олар, драмаларини ноҳақ танқид қилган баъзи кимсалардан чинакам хафа бўлиб, унга ёрилар ва бизнинг танқидчиларда ҳали савия йўқ дерди. Шамси Салоҳни эса саводли, дунё маданиятидан хабардор, ўзига маслакдош деб биларди. Ҳашарчиларнинг чулдироқ ёвғонларидан кўнгли айниган пайтлари уни қаёкдандир махсус буюртма билан олиб келинган ҳуфёна таомлар билан сийлар эди. У бу ердагиларнинг кўпи билан жуда қадрдон бўлиб қолган, уни ҳашарчилардан ҳам кўра совхоз раҳбарлари кўпроқ ҳурмат қилишарди. Шамси Салоҳ уларнинг апоқ-чапоқ бўлиб ўтирганини кўриб, Исмоил Алининг ҳам манави амалдорларга жуда ўхшаб кетишини англаб қолди; ялтоқлиги, қув кўзлари, гапириш усуллари… қорнини селкиллатиб кулишлари. Бу қадар ўхшашликдан Шамси Салоҳ ҳатто ҳайрон ҳам бўлди.
— Буларга эътибор қилманг, — деб шивирлади у Шамси Салоҳнинг қулоғи тагида. — Агар ҳар бир нарсага эътибор берсангиз инфаркт бўлиб қоласиз. Булар ҳали ёввойиликдан тўла халос бўлмаган.
Шамси Салоҳ унинг «ҳайвондан» демоқчи бўлга-нини ва ўзидан истиҳола қилиб, маданийчасига «ёввойиликдан» деганини сезди.
— Қачон кетамиз, — деди Шамси Салоҳ бу даврада ўзининг юраги сиқила бошлаганини ҳис қилиб.
— Қачон келиш биздан, лекин кетиш булардан, — деди Исмоил Али ўзини ҳар қандай урф-одатни ҳурмат қиладигандай қилиб кўрсатиб.
Шамси Салоҳ маъқул дегандай бош силкиди ва узр сўраб, кенг айвон орқали ташқарига йўл олди. Унинг изидан ёшгина кўк беқасам тўн кийган йигит ҳам чикди. Қишлокдаги уйлар лойсувоқ, кўримсиз ва чапараста қуриб ташланганди. Шамси Салоҳ гўнг ҳиди келиб турган шилта оралаб ўтар экан, ёш йигитга қўл силкиб жавоб берди: «Кетаверинг, ўзим эплайман…»
Кеча қуюқ сиёҳ рангга тўлган, юлдузлар чарақлар, ой тоғ чўққилари ортида бир тилим қизил ёғду таратиб чиқиб келарди. Қўшни уйда қизларнинг қиқир-қиқир кулгуси ва пўк-пўк урилган доира овози эши-тиларди. Уйнинг олдида қозон ва самовар қайнар, хотин-халажлар, болалар қий-чув қилишар, уч-тўртта одам уй орқасида турган автобусга, келиннинг сеплари бўлса керак, юк ташишарди.
Шамси Салоҳ томирини ёзиш учун уйнинг орқасига айланиб ўтар экан, чилдирма товуши келаётган деразадан бирдан таниш овоз эшитилди. У овоз аввал нимадир деб кулди, сўнг чилдирма қаттиқ-қаттиқ урилди ва у кутгандай қўшиқ бошланди. Шамси Салоҳ турган жойида деразага қараганча, таққа тўхтаб қолди, — дераза сарғиш парда билан тўсилган, пардага дамо-дам лоп-лоп кўланкалар тушарди. Келин шу уйда бўлса керак деб тахмин қилди Шамси Салоҳ. У ерда таниш овоз худди биринчи кундагидай, эркин, бироқ бироз шўхчан, ўйинбоп қўшиқни чертиб-чертиб айтар, қизлар унга жўр бўларди. Шамси Салоҳ овоздаги ширани, маромни ва ўта тиниқликни яна бир бор ич-ичидан ҳис этди. «Кўряпсанми, ерни туртиб-туртиб, майсалар бош кўтраяпти… — бир неча кун олдин унинг хаёлига келган ва уни ҳаяжонга солган сўзлар яна хаёлига қалқиб чикди — …бари сенинг қўшиғингдан, сенинг илоҳий овозингдан, сен оҳангларни ён-дирган оҳангсан, сен тун қўйнида ловуллаб турган алангасан!..» У яна юрагида нимадир тиниқлашганини, сўз ва оҳанг қалбини сирқирата бошлаганини англади — бу ҳолатни у илҳом лаҳзалари деб атарди… Бу қурмагур келинчак ўзига шайдо бўлганларни бунчалар куй-диришни кимдан ўрганди экан?! У қўшиққа момоларнинг нафасини, боболарнинг шукуҳини беришни қачон ўргана қолди экан? Ё унинг қонида бормиди бу улуғвор мискинлик, бу улуғвор товушлар?! Эмраниб-эмраниб куйлашни қачон, кимдан ўргана қолди? Ишқилиб, бу аёлларга тўзим берсин. У йиғласа тош ҳам йиғлайди, у куйласа, тош ҳам куйлайди, у ғазабга келса, тоғ ҳам тиз чўкади. Ишқилиб, тўзим берсин! У сариқ пардали деразадан оқиб чиқаётган қўшиқни вужудига сингдириш учун бутун шуурини қулоққа айлантириб, қотиб турар экан, қўшиқдаги мустар бир оҳанг унинг хотирасининг бир бурчагини бирдан ёритиб юборди. Хотиранинг бу унут бурчагида бир қучоқ ўтин ортмоқлаб олиб қияликдан пастга тушиб келаётган кампир ва тери қулоқчин кийган озғин бола акс этди. Кампир чўлоқлана-чўлоқлана қийир тошлар сочилиб ётган сўқмоқдан ялангоёқларини зўрға кўтарганча қандайдир қўшиқни хиргойи қилиб тушиб келар, момосининг униқиб қолган калишини қўлларига кўтариб олган озғин бола эса унга етиб юраман деб, қоқилиб-қоқилиб кетарди. Момосининг сўнаётган фонусдай хира ва ёшли кўзлари олис-олисларда кўринаётган чўққи ва қирларга қадалган, гўё бу кўзлар узоқ-узоқларда — йиллар ортида қолиб кетган умрини шу чўққилар орасидан излаётгандай, қўшиққа монанд пирпираб-пирпираб кетарди.
— Бу қўшиқни эслаб қол, — дерди кампир улар қияликдан тушиб, қишлоқ яқинида ёрилиб қолган товонидаги тошларни териб ташлаш учун елкасидаги ўтинни ерга қўйиб ўтирар экан, — бу қўшиқни ота-боболаримиз бизга набираларингга етказинглар деб ўргатган, сен ҳам яхшилаб ёдлаб ол ва бир куни мендай бўлганингда набираларингга айтиб берасан. Бу одам ҳақидаги қўшиқ. Одамлар ўлиб кетади, лекин қўшиқни айтадиган янгидан-янги зурёдлар дунёга келади, улар бу қўшиқни кейинги зурёдларига етказадилар, шундай қилиб одамлар ўлиб кетаверади, лекин қўшиқ ўлмайди…
Шамси Салоҳ қалбини соғинч, оғриқ ва қўмсашга ўхшаш ҳислар қоплаб олди. У ўша озғин боланинг ўзи ва ҳамиша ялангоёқ юрадиган кампирнинг момоси эканлигини эътироф этгиси келмаётгандай, хотираси олдида бир зум тараддудланиб қолди. Момоси айтган қўшиқ унинг эсида қолмаган — у бу қўшиқни қачон унутганини эслолмасди, лекин момосининг гаплари ва қўшиқ оҳанги хотирасида михланиб қолганди; сариқ пардали деразадан эшитилаётган қўшиқ балким, ўша қўшиқдир?! У момосининг қўшиғини унутганидан бир оз уялди, бироқ бирдан кўнгли хушнуд бўлиб кетди, қизиқ, кимдир момолар айтган қўшиқни унутиши мумкин, уни умри давомида қайта эсламаслиги ҳам мумкин, бунга зарурат ҳам сезмаслиги мумкин, аксарият унутиши мумкин, лекин кимдир унутмайди.
У қўшни уйнинг қоронғи бурчагида ўзини анчадан бери кузатиб турган одамни тўсатдан кўриб қолди — у одам икки-уч марта дераза ёнига келди, сўнг журъат қилмай, яна бояги қоронғу жойига қайтиб кетди. У дераза ёнига борганда Шамси Салоҳ хирагина шуълада лип этиб кетган барваста гавдани илғади. Аввалига, кимдир ўзини айб иш устида қўлга туширмоқчидай пойлаб юрганидан аччиғи келди, бироқ унинг Отақул эканлигини билгач, кўнглида ўжар бир сурбетлик уйғонди. У ҳозир дераза олдига бор-гиси, Отақулнинг кўз олдида Муаззамни гапга тутгиси, ҳозиргина айтган қўшиғини яна қайта айтиб беришни илтимос қилгиси, бу юввош, мўмин эрнинг ғурури билан ўйнашгиси келди. Лекин бу қалтис ўйин эди; уни истиҳола тўхтатиб қолди. У ортиқча шубҳа уйғотмаслик учун тарқай бошлаган меҳмонлар олдига қайтиб кирди. Исмоил Алининг хурмачаси тўлган эди; маст бўлганда яна ҳам ялтоқона кўринадиган кўзларини унга «қаерларда юрибсиз» дегандек тикди.
Машина яна ўнқир-чўнқир йўллардан шийпонга қайтди. У кейинчалик ўша тун қўйнида сариқ пардали дераза остида туриб қўшиқ эшитган лаҳзасини кўп қўмсаганди; бу хотира кейинчалик ҳам уни Муаззам қолиб кетган ўша тундаги олис манзилга тез-тез бошлаб келар эди.
Мана, ниҳоят, яна шийпон, ҳар хил мушку анбар, балоғат, аёл ҳидига тўлган карталар орасидан торгина йўлак, босинқираш, ғингшиш, танқидчи савияси ҳақида мастона жаврашлар — қани буларга ялангоёқ юрадиган момонг тўғрисида бирон нима деб кўр-чи, сенинг ҳақингда бирдан бошқача фикрлай бошлашади — уларни сен қобилиятлисан, чўрткесарсан, асарларингга ақллари етмайди, шу сабабли иқтидорли бўлса керак деб, чўчишади, сенинг улуғ ёзувчиларга тақлид қилиб айтган фикрларинг уларни шошилтириб қўяди, сен эса ўзингни яна ҳам сирлироқ, жум-боқлироқ қилиб кўрсатасан — бирдан ҳамманинг сенга ҳурмати ошиб кетади; мана нима зарур уларга! Уларга шу пайт момонг ҳақида гапиришинг нақадар, кул-гули!
Унинг юрагини мубҳам бир ғашлик чўлғади ва Исмоил Алининг адабий олам ҳақидаги навбатдаги ширали қироати остида у алоҳа уйқуга кетди.
VII
Шамси Салоҳ даладан эртароқ қайтиб хонасида «янги асар» устида ишларди. Ниманидир ўйлаб хона бўйлаб юрар, бир нуқтага тикилиб, бир зум тек қотар, катта пушти дафтарга гажакдор ҳарфларда, бежирим қилиб неларнидир ёзар, деразадан дарахт шохларида ўйноқлаётган чумчуқларни кузатар, хаёлга ботган кўйи яна хона бўйлаб айланар эди. У жуда паришонлигидан эшикнинг эҳтиёткорлик билан тақиллаганини ҳам аввалига эшитмади. Эшик икки-уч марта Қайта чертилгач, у таққа тўхтаб, эшикка қаради, юзидаги диққат ва хаёлчанлик йўқолиб, малол келгандай: «Очиқ, кираверинг», деди. Секин очилган эшикдан бироз ҳадиксираган, бўғриққан ва қизарган Муаззам кўринди.
— Муаззам! — Шамси Салоҳ шахдам қадамларда унга пешвоз чиқди. У ҳамиша бу сўзни айтганда нега-дир энтикиб кетар, юрагига ширин эпкин оқиб кирарди. Шунинг учун у Муаззамнинг номини ичида такрорлашни, баъзан хаёлан унга мурожаат қилишни жуда яхши кўрарди.
— Келинг… қандай шамол учирди? — деди у Муаззамнинг кўзларига тикилиб.
— Мен… мен… бирозга киргандим, — деди ўзини йўқотиб, каловланиб қолган Муаззам, — мен китобингизни олиб келгандим… мана…
Шамси Салоҳ шундагина унинг қўлидаги китобга эътибор берди. У китобни уч кунча олдин берганди ва Муаззамнинг китобни ўқиб бўлганига сира ишонмасди. Лекин барибир кўнглининг бир четида хушнудлик уйғонди. «Барибир келди ва шундай бўлишини билардим», деб ўйлади. Сўнг ич-ичида бошқа, хавотирга ўхшаш ҳис пайдо бўлди. Муаззамнинг юзига синчковлик билан тикилди.
Муаззам худди бир уят ишнинг устидан чиқиб қолгандай, ўзини қандай тутишни билмас, унга тик қараёлмас, чиройли кўзларига ғам чўккан, тез-тез юриб келган бўлса керак, билинар-билинмас ҳансираб, ботинмасдан турарди.
— Менда гапингиз борми? — деди у Муаззамнинг ёнига ўтиб.
— Йўқ… ҳеч қандай гапим… китобни беришга келувдим…
— Айтинг… нима гап? Биров сизни хафа қилдими? — у шундай деб Муаззамнинг қўлини ушлади. Муаззам қўлини шартта тортиб олди-ю, унга ялт этиб қаради ва чўчинқираб орқага чекинди…
Шу пайт эшик силтаниб очилиб, ўттиз ёшлар атрофидаги қош-кўзи тимқора, хушбичим жувон кўринди; у Муаззамни кўриб, ажабланди, ҳайрон бўлиб Шамси Салоҳга қаради; лабининг бир четида истеҳзога ўхшаш ифода ўйноқлаб ўтди, қошини чимирди. Иккиланди. Барибир ичкарига кирди. Бу хизмат кўрсатган хонандалардан бўлиб, вазирликда келажаги бундан ҳам порлоқлиги тўғрисида мишмишлар юрарди. Ҳеч ярашмаган ҳолда бу жувонни Шамси Салоҳ билан «қандайдир сирли», «бошқаларникига ўхшамайдиган» муносабатлари бор деб пичир-пичир қилишарди. Жувонни кўриб Шамси Салоҳ қизариб кетди; талмовсиради, негадир оёғи куйган товукдек типирчилаб қолди. Жувонни ўтиришга таклиф қилди; жувон у кўрсатган жойга ўтираркан Муаззамни бошдан-оёқ кузатиб чикди-да, унинг камзулининг ёқасидаги каштали чирозга қараб қошини чимирди ва Шамси Салоҳга «дидинг зўр-ку» дегандай, сирли жилмайиб тикилди. Шамси Салоҳ оғзига калима келмагандай гезариб қолганди. У бир жувонга, бир Муаззамга қараб, гўё қайси бири афзаллигини солиштириб кўраётгандай безрайиб турар, гапирадиган гапи эсидан чиқиб қолган, бўғриқиб кетган эди. Муаззам ҳам ўзини ноқулай ҳис этди, чамаси. У қўлидаги китобни столга қўйди-ю, хонадан тез-тез чиқиб кета бошлади.
— Ўтирмайсизми? — Шамси Салоҳнинг товуши шундай ясама чикдики, буни ўзи ҳам сезиб, баттар қизариб кетди.
— Йўқ… мен борай… — Муаззам унга қарамай жавоб берди ва эшикни шошиб очди. Эшик ёпилгач, жувон унга синовчан тикилиб, лаблари орасида ёйилиб кулди. Унинг кўзлари ҳам шўхчан порлаб турар, ўзини жуда эркин ва бамайлихотир тутар эди.
— Бу ким? — деб сўради у. — Анови бригадирнинг хотини эмасми?
— Ҳа, ҳа, ўша… китоб олганди… олиб келибди…
Шамси Салоҳ унга бир кўз ташладию, баттар қизариб кетди. Жувон нимадир деб минғирлади ва қиқир-лаб кулди. У Шамси Салоҳга худди ҳозиргина ўқиб чиққан хатдай кибр билан боқиб турарди. Шамси Салоҳ унинг кўзларига қарамас, ниманидир ўйлаб, деразага тикилиб қолган эди.
Ўртага ноқулай жимлик чўкди.
— Бўлмаса мен ҳам борай, — деди жувон ўрнидан тураркан, — афтидан, жуда бандга ўхшайсиз.
У лабининг учини чўччайтириб, Шамси Салоҳга сирли тикилиб чиқиб кетди, чиқиб кетаётганда бу жувоннинг кўзлари сен ўзингни ўту чўққа уравер, барибир ажойиб кунларнинг бирида сен шоир яшайдиган ул кулбаи вайронага мен мана шу қошим остидаги бир жуфт шамимни ёқиб қўяжакман деган ишонч билан бирам майин чақнадики, афсус, буни Шамси Салоҳнинг ўзи сезмай қолди.
Шамси Салоҳ яна дарахтзорга йўл олди, бироқ қоронғу тушгунча ўтирса ҳам Муаззамни чайла атрофида кўрмади: чайла сув қуйгандай жимжит эди, Отақул ҳам кўринмас, фақат нарироқда сигир эринчоқлик билан бузоғининг пешонасини яларди. Шамси Салоҳга чайлада кимдир бордай ва пиқиллаб йиғлаб ётгандай туюлди; бироқ чайла олдига боришга журъат этолмади.
Шийпонга келиб, хонага кириши билан Исмоил Али унга тўрт буклоғлик қоғоз узатди ва тиржайиб қўйди.
— Бу нима?!
— Мактуб. Севгилингиздан.
Шамси Салоҳ унга еб қўйгудай тикилиб, қоғозни шошиб очди… Хат Отақулдан эди.
Хат анча босиқлик ва Шамси Салоҳ кутмаган қатъият билан ёзилганди.
«Ҳурматли… га. Мен сизнинг ҳақингизда жуда кўп ўйладим. Билишимча, сиз Муаззамни мутлақо тушунмабсиз. Мен қайтариб айтаман, сиз уни билмайсиз. У ҳеч қачон бахтсиз эмас ва ҳеч қачон сиз каби турмуш ҳақида, ҳаёт ҳақида эснаб гапирмайди. У қўшиқ айтишни яхши кўради. Буни мен ҳам биламан, лекин у ўзи ёқтирмаган ишни қилишга ўрганмаган. Мен унинг ўзи билан гаплашдим, у бу ерларни ташлаб кетишга ҳечам рози эмас. Биз, ҳар қалай, бир-биримизни ёқтириб турмуш қурганмиз; мен қишлоқни ташлаб кетолмаганим каби у ҳам мени ташлаб кетолмайди. Мен уни тушунадиган ягона эркак эканлигимдан ҳамиша фахрланаман ва у ҳам мени тушунади, деб ўйлайман. Мабодо, гапларимга шубҳа қилсангиз унинг ўзи билан гаплашинг. Мен унчалик гапга уста эмасман ва умримда жуда кам китоб ўқиганман, лекин хатимнинг охирида сизга шуни айтмоқчиманки, сиз ҳали бу халқни билмас экансиз. У ҳомийликка муҳтож эмас… У сизнинг мурувватингизсиз ҳам буюкдир…»
VIII
Куз тонги салқин ва хуш ҳаво бўлади; энди қуёшнинг тафти тонгти қировларнигина эритишга зўрға етади; субҳи содиқданоқ бу ерларни ташлаб кетаётган қушларнинг сайроғи, қийқириқлари қулоққа чалинади; узоқ-узоқлардаги тоғларга лангар ташлаган аёз қўшинлари ҳали қуёш кезиб юрган чўлларга ва пахта-зорларга тажовузкор назар ташлайди, саҳар пайтлари эса кучи ва истеҳкомини билиб олмоқчи каби бу ерларга туманлар жосусона сирғалиб киради, қуёш чи-қиши билан яна тоғлар орасига яширинади. Куз тонгида юрагингда пахтазор каби сирли ва хатарли нимадир уйғонади, лекин у тўйғунинг отини сен ҳеч қачон тополмайсан, зотан, бу туйғунинг оти ҳам бўлмайди.
Мана бир ҳафтаки, ҳашарчилар далаларга иссиқроқ кийиниб чиқишади, шу сабабли нозик қоматли қизларнинг эгнидаги қишликлар уларни жуда қўпол қилиб кўрсатади. Шу нарсани ўзлари ҳам сезгандай иложи борича бежирим кийинишга ҳаракат қилишади, тушга яқинлашиб, пахтазор ичра яна гўзал қоматлар ўзларини сўниқ қуёш чувоғига кўз-кўз қила бошлайди; қуёш ҳам бу қоматларнинг қай бир еридандир ўз аксини ахтараётгандек, уларга суқли кўзларини тикканча осмон кўшкида тўхтаб-тўхтаб кезиб юради.
Муаззам қўшни картада эди; у рўмолини бошига танғиб олган, атрофидагилар билан иши йўкдай тез-тез эгилар, чанг ва хас-хусга ботган пахтани қоқиб-қоқиб этагига соларди.
— Муаззам!
У пахтасини кўтарган жойда қайдандир қаршисида пайдо бўлиб қолган Шамси Салоҳга ҳайрон бўлиб қараб, этагини яна ерга қўйди ва уни худди энди кўриб тургандай чўчиб, ҳадиксираб тикилиб қолди. Теримчилар нариги пайкалга ўтаётгач, сал нарида икки котиба қиз уларга орқа ўгириб пардоз қилишарди.
— Муаззам, мен сизнинг олдингизга келдим: бошимни эгиб келдим, — деди Шамси Салоҳ ички бир изтироб билан. У гўё бу гапларни айта-айта чарчагандай эди, унинг гапларида илгариги жўшқинлик ва иш-тиёқ йўқ эди. — Кеча эрингиздан хат олдим; индамай кетаверишим мумкин эди. Лекин шундай қилсам ўзимни бир умр кечира олмасдим. Муаззам — у барибир эрлигига борибди. Сиз учун кўпроқ мени айблайди, мана ўқиб кўринг.
Муаззам хатга қайрилиб ҳам қарамади. Иккаласини кузатаётган иккита ҳамқишлоқ аёлдан уялиб, пахтасининг устига ўтириб олди.
— Биламан, — деди бўғиқ товушда, — хатни ўқиб кўрганман.
— Муаззам?! — Шамси Салоҳ ўзини худди ажаблангандек кўрсатиб товушини азобли ва илтижоли оҳангга солди. — Наҳотки, шунча гапдан сўнг ҳам менга шуни раво кўрган бўлсангиз? Ахир ўзингиз айтган эдингиз-ку?!.
— Ҳа, айтган эдим… — бирдан қўллари билан юзларини бекитиб олди Муаззам, — лекин мени эримдан, оиламдан ажратинг, эримни ҳақоратланг деб айтганим йўқ. Сизнинг гапларингизни кўп ўйладим; ўша пайти ҳаммаси тўғрига ўхшаган эди… Шарқ қизи… занжир… Шон-шавкат… энди ўйласам ҳаммаси тушга, етишиб бўлмайдиган нарсаларга ўхшайди; ўзингиз ўйланг, ахир ҳаёт, одам ҳақида ҳам ҳеч замонда шундай ўйлаб бўладими? Ё тавба қандай қилиб сизга дарров мени бу ердан олиб кетинг дея қолдим?! Уят, ҳозир ўйлаб уялиб кетаяпман…
Муаззам ундан ҳам атрофдаги ғўзаларнинг шитирларидан ҳам уялаётгандай ердан кўз узмас, дуррачаси четида чиқиб турган бир тутам сочи пешонасига тушганини ҳам сезмасди. О, қанчалар сулув эди бу аёл! — гўё бу ерларга ўзининг ташрифи малҳам эканлигини сезгандай қароқчилар талаб кетган манзил каби мунғайиб турган пахтазорда қишлоқ аёлининг қисматини ёпиниб, милкларига ёш қалққанча қуёшнинг ўзи ўтирарди. Шамси Салоҳ унинг аъзои-бадани секин қалтираб кетганини кўриб қолди. Кейинчалик шу сонияни эслаб, кўзига муштипар, бечора бўлиб кўринган ушоққина аёлнинг номуси бунчалик кучлилигидан ҳайрон бўлган эди.
— …Мен сизни яхши одамсиз деб, ўйлагандим, — Муаззамнинг лаблари пир-пир уча бошлади. Унинг ёноқларида қон тепарди — ҳозир унинг ёноғини кўрган ҳар қандай қип-қизил анор ҳам рашкдан тарс ёрилиб кетган бўларди. — Тўғри, бир пайтлар катта жойларда қўшиқ айтишни орзу қилардим дегандим, лекин сизга эримнинг устидан кулинг деб айтмагандим… Мен аёлман, эрим қаерда бўлса, ўша ерда бўлишим керак…
Муаззам ниманидир ўйлаб жим қолди, унинг киприкларида тушки қуёшнинг тафтсиз нурлари ўйноқларди. Йўқ, йўқ, осмонда унинг киприкларидан таралаётган ёғдулар ўйноқларди. Шамси Салоҳ Муаззам бугун жуда ҳам бошқача эканлигини уни кўрган заҳотиёқ сезган эди, бироқ эрини худди ориятини ҳимоя қилаётгандай бунчалик кўр-кўрона ҳимоя қилишини ҳеч кутмаган, бу — Муаззам номли китобнинг янги варақлари эди.
— Сиз қийналяпман дедингиз… қўшиқ айтиш ягона орзум дедингиз… Мен эса сизни ўқитиш учун ҳамма нарсани гаплашиб қўйдим. Сиз фақат борсангиз бўлди — қўлингизни совуқ сувга урмайсиз, фақат овозингизни парвариш қилиш билан машғул бўласиз; ўқийсиз, ўрганасиз, энг муҳими — яхши, билимдон, дарди катта одамлар ичида бўласиз… Истиқболингиз ўз қўлингизда бўлади… Бу ерда овозингиздан ажралиб қолишингиз мумкин. Мен кўп мулоҳаза қилдим, — сизни қутқаришнинг ягона йўли шу экан — сиз кетишингиз керак, яхши, санъатни тушунадиган одамлар билан бирга бўлишингиз керак. Агар эрингиз бу ердан кетишни истамаса, сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқ, сиз ўз бахтингизни излаб кетган бўласиз…
— Мен ҳеч қаёққа кетмайман, — деди Муаззам унинг гапларидан ғаши келгандек, кесиб-кесиб, — мен қийин деб ўзимни эмас, барча қишлоқ аёлларини назарда тутгандим, лекин ҳеч қачон мен сизга бахтсиз-ман деб айтмаганман. Ҳа, менинг қўшиқчи бўлиш ягона орзум эди, бироқ начора, мен эримнинг измидаги аёлман; унга бўйсунишим керак.
— Муаззам, кўзингизни очинг, ҳамма нарсани акд билан ўлчанг, — Шамси Салоҳ азобланиб хитоб қилди, — сиз ўзингизга берилган истеъдодингизни қурбон қилишга ҳаққингиз йўқ! Бу нарсалардан устун туришингиз, ҳамма нарсани ақл билан ҳал қилишингиз керак. Наҳотки сиз ҳам бу аянчли турмушга ўзингизни ўз хоҳишингиз билан боғлаб берсангиз: кўзингизни очинг, Муаззам, атрофингизга боқинг, ҳаёт — зиндон эмас, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўлинг. Сизни бахт, шон-шараф, ҳаётнинг буюк неъматлари кутаяпди; ўз истиқболи учун курашган аёл гуноҳкор саналмайди. Бизнинг халқимизнинг, анави қишлокдошларингизнинг фожиаси шуки, улар бахт билан бахтсизликни фарқлай олмайди; уларнинг кўзи кўр, қулоғи кар; улар ожиз, муте, заиф одамлар. Уй, рўзғор, бола-чақа ташвиши одамни юксак нарсаларни ўйлашдан чалғитади, ҳатто ҳар қандай туғма истеъдодни ҳам ҳалок қилиши мумкин. Бу икир-чикирлардан юксакда туриш, керак бўлганда рад этиш, ҳар қандай хонаки муҳаббатдан (у айнан «хонаки муҳаббат» деди, ҳатто ўзи топган бу сифатлашдан ичида ғурурланиб ҳам қўйди) воз кечиш керак — санъатнинг бешафқат, лекин ягона шарти шу! Бу ерда эса — мана бу дала, мана бу пахта, мана бу чанг-ғубор, анави чайла, чивинлар, сассиқ сув, исқирт қозон, ҳар йили олди-кети ўйланмай — туғилаверадиган касалванд ва чувринди болалар, жоҳил одамлар, таппилар, тезаклар орасида хор бўласиз. Бу ерда, на илму фанни, на санъатни, на қўшиқни тушунишади; ҳаммалари ота-боболаридан қолган катакларда итдай турмуш кечиришади. Бу ерда хору зор бўласиз. Яхши ва ўқимишли одамлар ичида эса сиз икки-уч йилда юлдуз бўлиб кетишингиз мумкин. Наҳотки буни фарқлай олмасангиз. Эрингиз худди мана шу нарсани тан олгиси келмаяпти… у …
— Эримга тил теккизманг, — унинг гапини силтаб бўлди Муаззам ва тиззалари орасига юзини яширганча, пиқиллаб йиғлаб юборди. — Унда ҳеч қандай гуноҳ йўқ: Сиз уни шунчалик ночорга чиқариб қўйибсизки, у худди мени бахти қаро қилиб қўйгандек бўлиб юрибди, менга нуқул, майли, бор, ўқи, орзунгга ет, агар ростдан ҳам ниятинг шу бўлса, боравер, мен розиман, деб ялинди. Мен ўзим кўнмадим. Мендан ростдан ҳам яхши қўшиқчи чиқиши мумкиндир? Лекин…
— Биз ҳамма шароитни яратиб берамиз, — деди шошиб Шамси Салоҳ, товуши ялинганга ўхшаб чиққанидан ўзидан жаҳли чиқиб, хириллаб қолди. — Эрингиз ҳам борсин… ҳеч ким сизларни ажратиб қўймоқчи эмас… Афтидан, унинг ўзи боргиси келмаяпди…
— Боролмайди… Бу ердан кетолмайди, — Муаззам алам ва хўрлик аралаш пичирлади. — Уни мана шу одамлар ўқитган, у уларни ташлаб кетолмайди, шаҳарда бир кун ҳам туролмайди… Шамситдин ака, — деди Муаззам бирдан унга ёшли кўзларини тикаркан, — сизга раҳмат, биламан, ҳаммасини мени деб қилаяпсиз: мен сизнинг бояги гапларингизга муносиб эмасман. Сиз тушунинг, мен ҳам орзуимга етишга ҳақлиман… лекин мен аёлман — қўшиқ айтишга овозим қанчалик боп бўлмасин, аввало эримнинг олдидаги бурчимни бажаришим керак. Мени кечиринг, сизни анча уринтирдим… Бизнинг ҳам елкамизга бир кун офтоб тегар, биз ўқимасак, болаларимиз ўқир, ҳар қалай, ҳамиша шундай қолоқ бўлиб қолмасмиз… Мени ҳам, эримни ҳам ўз ҳолимизга қўйинг, сиздан ўтиниб сўрайман. Бизга шундай, ҳамма қатори яшаш жуда ёқади… Агар қўлингиздан келса, шунчалик яхши одам бўлсангиз, ана қишлоғимизда қанчадан-қанча бахти қаро аёллар бор, ўшаларга ёрдам беринг. Мен эмас, улар ғирт бечоралар. Мен эмас, кўпроқ улар бахтсиз. Ўзлари ким, нима учун яшаяпди, дунёда нима гаплар бўлаяпди — ўйлаб кўришга бир зум ҳам вақтлари йўқ. Эртадан-кечгача ўлиб-тирилишади, яна эртага болани қандай боқаман, деб бир умр қўрқиб яшашади, ўйлайвериб, эрта қариб қолишади: оиласини тебратишга кучи етмагач, эри шўрлик ароққа ружу қўяди ёки бутун аламини хотинидан олади — шу ҳам яшашми? Шу ҳам турмушми? Ахир ўзингиз айтинг, шу ҳолатда у сиз айтган санъат ёки қўшиқ ҳакда қандай ўйласин?! Бечоранинг ўсма қўйишга ҳам вақти йўқ-ку?! Сиз менга эмас, шуларга ёрдам беринг… Уларга қараб туриб, менинг йиғлагим келади, жуда-жуда йиғлагим келади…
— Улар тўғрисида ўйлайдиган одамлар бор; мен амалдор ёки ҳаёт тарзини ўзгартиришга қодир даҳо эмасман. Мен ўзим қила олишим мумкин бўлган нарсани сизга таклиф қилган эдим… — Шамси Салоҳ ўзининг жаҳли чиқаётганини ҳис қилди. Бироқ аччиғи ўзидан чиқаяпдими, ёки аёлнинг гаплариданми, билолмади.
— Кўрдингизми, ҳатто сиз ҳам шу ерда одам ажратяпсиз, — агар менинг бахтимга сизга ёқиб қолган овозим бўлмаганда, демак, менга ҳам уларнинг кунини раво кўрар экансиз-да?! Бу алдамчилик-ку?! Эрим — сизга бир нарсани фарқига бормайдиган, фаросатсиз бўлиб кўринган эрим ҳеч қачон, мен майиб бўлиб қолсам ҳам ташлаб кетмайди. Аёл киши учун шунинг ўзи бахт эмасми?! Наҳотки буни тушунмасангиз?!
У юзини Шамси Салоҳга тескари ўгирди-ю, титраб-титраб йиғлай бошлади. Шамси Салоҳ бу тортинчоқ, содда деб билган жувоннинг шунча нарсани билишига, билиб тоқат қилиб юришига ажабланди. У Муаззамдан шундай гаплар чиқади деб кутмаганди. Бу фикрлар ўзининг ростлигини исботлаб, унинг вужудига тобора сингишиб борарди. У ич-ичида Муаззамнинг гапларини тан олаётганини, ўзини оқлаш учун жиндай ҳаракати ҳам бу саволлар қаршисида арзимас нарса бўлиб чиқишини ҳис қилди; унинг кўнглида қишлоқ ва бу одамлар ҳақдаги ҳукмлари бирдан бошқа қиёфага кира бошлади. У ўзини тушунмаган, тушунолмаган келинчакни овутишни ҳам, овутмасликни ҳам билмай иккиланиб турар, овутай деса, ўзининг гаплари билан бу ҳасратли қалбга яна озор беришдан қўрқар, жим турай деса аёлнинг ноўрин таъналарини очиқ тан олган бўларди. У қаршисида турган илоҳани оддий бир қишлоқи аёлга айлантираётган мўъжизанинг сири нима эканини билмай бир зум тек қотди. Шамси Салоҳнинг бу жувон ҳақидаги барча гўзал хаёллари, орзулари уни ташлаб дафъатан қаёққадир учиб кета бошлади; салдан кейин бу жувон ҳам анави пахта териб юрган, ўзларининг бахтсизликларини шаллақилик билан яширадиган фаҳмсиз ва фаросатсиз, оғзи сассиқ аёллардан бирига айланди, қолди. Ҳатто бу нарсани нега илгарироқ англамаганига ҳайрон бўлди. Унинг қалбини уят, номус туйғулари чулғаб олди. Қўшиқ айтаётган жувон қиёфасидаги ўзи излаган қўшиқ илоҳаси шу бир неча сонияда аёлни буткул ташлаб кетган эди; у илоҳа ўрнида эрига кўр-кўрона меҳр қўйган, ўзининг нотавон, бахтиқаро эканлигини эслашдан ҳам қўрқиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ётган ожиз ва ночор аёл қолган эди. Шамси Салоҳнинг кўнглида яна бирдан тушкунлик байроқлари ҳилпирай бошлади.
— Кеча сизнинг олдингизга боришдан оддин ўғлимни кўргани бордим, — йиғлаган кўйи давом этди Муаззам, — уни кўриб бизнинг орамизда бўлиб ўтган гап-сўзлар қуруқ гап эканини англадим, юрагим сирқираб кетди. Қайнонам усиз бир соат ҳам туролмайди… иккаласи худди эгизакдай, худди қайнонам ҳам ёш боладай… уларга қараб йиғлагим келди — сизнинг гапларингизни эслаб йиғлагим келди. Кеча сизга шуни айтмоқчи бўлиб борган эдим… Менинг иддизим шу ерда, шу одамлар орасида. Мен бошқа жойда кўкармайман. Ўйлаб-ўйлаб шу қарорга келдим, — бизни тинч қўйинг, мени деб бошқалар олдида уялган одам — ахир сиз кеча уялдингиз-ку?! Тўғрими? Мен билан бирга ўтирганингиздан уялдингиз! — мени деб уялган одам қандай қилиб орзуимга етиштириши мумкин? — Энди кетинг, одамлар қараяпди… гап қилишади… Кетинг… бошқа учрашмайлик… кетинг!
Шамси Салоҳ қулоқларига ишонмаётгандек Муаззамга бақрайиб тикилди, йўқ, ажабланмаса ҳам бўларди, уни ҳайдашмоқда эди. — У озод ва саодатли қилмоқчи бўлган аёл уни ҳайдарди; ташвишлардан, азоблардан, тирикчиликнинг турли удумлари ва икир-чикирлардан, қийноқ ва саволлардан, мусибат ва аламлардан, ҳадик ва шубҳалардан иборат умрларининг нариги қирғоқлари томон адашиб, улоқиб, йиғлаб-сиқтаб ўзларига йўл очиб бораётган, шунча азоб-уқубатларнинг, хўрликлар ва ҳақоратларнинг ичида ҳам дунёнинг барча аёллари каби умид ва орзу билан яшаётган аёл қалби уни ҳайдаётган эди. Уни аёлнинг сирли қўрғони ичкарига киритмади.
Бу аёлни эридан, туғилганидан бери яшаб келаётган, жоҳиллиги-ю, қолоқлиги билан бирга қадрдон бўлиб қолган одамлардан, ҳатто бир кесагигача оёғининг ҳиди ўрнашиб кетган бу далалардан нимага ишониб ажратиб олмоқчи бўлди? Нимага ишониб? Ўзининг ялтироқ, оҳангжамо сўзларигами? У кўзи олдида чўзилиб ётган бир неча кун олдин ўз-ўзидан йиғлаётган аёлга ўхшатган бепоён дала билан бу йиғлаётган аёл ўртасида қандайдир, ўзи тушунмайдиган мутаносиблик борлигини ҳис этди; ўзининг қуруқ, баландпарвоз, пуч гаплари билан бу икки хилқатни яна ларзага солмаслик учун эгат бўйлаб, катта-катта қадамлар билан Муаззамдан узоқлаша бошлади.
IX
У сарғайиб қолган барглари дув тўкилаётган дарахтлар орасидан юриб борарди. Қуёш аллақачон ботган, уфкда қизил шафақ ёнарди. Оёқ остида чуркин новдалар қарс-қурс синар, боғда пахта ва ғубор ҳиди анқирди. Қушлар кечки нағмаларини бошлаган, бугунга аталган қўшиқларини тезроқ куйлаб тугатишмоқчидек, тинмай чуғурлашарди. Бир неча кун олдин беҳад бахтиёр бўлган жойларда у ҳозир ўзини кулгили тарзда бахтсиз деб ҳис қиларди. Ҳали кузнинг ярми ҳам ўтмаган бўлса-да, боғ ичида ва боғга туташ май-сазорда қарғалар тўда-тўда бўлиб изғиб юришарди ва ҳар-ҳар дамда нимадандир чўчишгандек талвасали қағиллаб қўйишарди. Салоҳнинг юраги бирдан орқага тортиб кетди, қарғалар фақат қабристондагина шундай ваҳимали қағиллашади. У қачонлардир кимнингдир инояти билан экилган гужум дарахтининг тагидан ўтар экан, бўйнига нимадир чарс этиб тушди ва кўйла-ги ичига сизиб кета бошлади. Шамси Салоҳ тепага қараб, шохда тумшуғини кўтариб, ўзига тикилиб турган қарғани кўрди. Қарға «хўш, қалайсан, оғайни?» деётгандай, икки-уч марта қағ-қағ этди-ю, нарига учиб кетди. Шамси Салоҳ рўмолчасини олиб, бўйнини артди, сўнг ғижиниб, рўмолчани ҳам бир четга улоқтирди.
Майсазорга чиқаверишда қарғалар ундан ҳуркиб, чағиллаб осмонга кўтарилишди ва сал наридаги очиқ майдонга бориб қўнишди. Узоқда зовур бўйлаб уч-тўртта бола қишлоқ томонга сигир ҳайдаб борарди, майсазордан зах ва кўкат ҳиди келарди. Ичидан хўрсиниққа ўхшаган нимадир тошиб келар, лекин бунинг хўрсиниқ эканини очиқ эътироф этгиси келмасди. Кўнгли бирдан музлаб қолгандай, вужуди қалтираб кетди; Муаззам ҳақидаги хаёллари ва орзулари қайгадир омонат қушлардек учиб кетган, ўрнини яна қандайдир тушуниксиз бўшлиқ эгаллаганди. У айланиб-ай-ланиб тўсатдан Отақулнинг чайласи ёнидан чиқиб қолди. Уни тан олинмаган мағлублик бу ерларга бошлаб келганди. У чайла олдида куймаланаётган Муаззамни кўрди-ю, бирдан тўхтади; оёқлари нохуш нарсани сезгандай бўшашиб қолди, ўзини дарахт панасига олиб, беихтиёр уни кузата бошлади. Муаззам эгилиб қозон тагини узоқ пуфлади, кўзлари ачишди шекилли, ўрнидан туриб, уқалай бошлади, сўнг атрофдан хас-хус ва уч-тўртта тезак йиғиб келиб қозон тагига тикди. Шамси Салоҳга бу нақадар аянчли бўлиб кўринди. Муаззам тиззалаб яна пуфлади: бу марта қозоннинг таги лов этиб аланга олди. Пиёз ва бошқа масаллиқларни со-либ бўлгач, Муаззам чайла атрофига пақир билан сув сепа бошлади, ёғоч супага тўшак солди, кейин чайлага кириб пақир кўтариб чикди ва қовун палагида арқон-лаб қўйилган сигир томон кетди. Муаззам сигир соғаётган жойдан Шамси Салоҳгача мунис ва дилгир бир оҳанг оқиб келди-ю, уни бирдан ларзага солди. У яна қўшиқни биринчи марта эшитган ҳолатига қайтди, оҳанг унинг хаёлларини тортқилаб-тортқилаб болалик кўчалари томон олиб кетди. Муаззам қўшиқ айтиб, сигирни ийдирар, маҳзун ва алланечук орзуманд бир қўшиқ куйлаётганидан ҳам ва унинг қўшиғи дарахтзорга яшириниб ўзини кузатаётган, санъатни юксак даражада тушунадиган ва ўзини шу қўшиғи учун чинакам саодат ва шон-шавкат ўлкасига етаклаб бормоқчи бўлган бир одамни ёндириб, кул қилаётганидан ҳам бехабар эди. У шунчаки, ота-боболари сигир соғаётганда айтадиган ва унга ҳам шундай деб ўргатишган қўшиқни худди ота-боболари ўргатгандек айтар ва бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий нарсани кўрмас, зеро, бу унинг ҳар кунги қўшиғи эди. Шамол унинг қўшиғини гоҳ юзига тарсаки туширгандай Шамси Салоҳнинг қулоқларига олиб келиб урар, гоҳ бу азалий ва муқаддас оҳангларни унга бергиси келмаётгандек, шудгорлаб ташланган жўхоризор узра узоқ-узоқларга олиб қочиб кетарди. Чўкаётган тун, қизарган шафақ, чуралай айтиб, сигир соғаётган сулув аёл, дала узра югуриб юрган кузги шабада… булар ҳаммаси нақадар уйғун, нақадар гўзал ва бетакрор эдики, Шамси Салоҳ ўзини бу нарсаларга ёт, бегона эканини ҳис қилди. Унинг кўнглида иштиёқ, муҳиблик, ҳайрат дарчалари очилиб кетган, бироқ бу манзаралар унга омонат эди; бу куй, бу қўшиқ, бу манзара уники эмас эди.
Шамси Салоҳнинг оёқлари тагида чигирткалар чириллай бошлади. Дала узра туннинг хира пардаси тортилди: Муаззам қозон бошига келиб, овқат тузини кўргач, елкасида бир боғ ўт кўтариб келаётган Отақулни кўриб, чойидишга сув солди-да, ичкаридан сочиқ олиб чиқди. Отақул ўтни чайла орқасига ташлаб, уст-бошини қоқди, сўнг дўпписини супага қўйиб, ярим яланғоч ечинди ва Муаззам қуйиб турган сувга пишқириб ювина бошлади. Муаззам ҳар доим тегажоқлик қилиб, сувни унинг орқасига қуйиб юборар, ўзи нари қочиб қоларди. Отақул қўллари билан пўписа қилар ва уни ушлаб олмоқчидек қулочларини кенг очар, Муаззам эса сув сепиб ўзини ҳимоя қиларди. Бу манзаралар Шамси Салоҳга қанчалик оғир, унинг тасаввурига қанчалик зид бўлмасин, алланечук табиий, содда ва гўзал эди, у бу манзарани охиригача кузатишга ўзида куч тополмади; ичидаги хўрсиниқ пориллаб тошиб кела бошлади: бўғзи ачишди, кўксини нимадир тилимлаб ўтди. «Сиз бу халқни билмайсиз. У сизнинг ҳомийлигингизга муҳтож эмас. У сизнинг мурувватингизсиз ҳам буюкдир», деб такрорлади ичида. Шунда бирдан Отақулнинг дағал, қўпол, йирик қўллари кўз олдига келди-ю, оппоқ, кичкина, майин қўлларини уялиб чўнтагига яширди. «Сиз бу халқни билмайсиз», такрорлади ичида яна. У изига буриларкан, Муаззамнинг қувноқ ва жарангдор кулгусини эшитиб, сесканиб тушди; бу кулгуга дош беролмай бутун вужуди жаранглаб синиб парча-парча бўлиб кетганга ўхшади; бу кулгу ғолиб ва бахтиёр эди; ўзининг табиийлиги ва самимийлиги билан Шамси Салоҳни батамом тор-мор қилиб ташлаганди. У бу кулгуни бошқа эшитмаслик учун тун шарпадай ўрмалаб кирган да-рахтзор ичидаги ёлғизоёқ йўлак бўйлаб юриб кетди.
«Муаззам, мен сенинг содда қалбингнинг тепишларини, сенинг хаёл ва орзуларингни иркит бўёқларим-да акс эттира олдимми, билмайман, мен чизган суратга қараб, сени бирон киши севиб қолармикин ва сени мен ҳис этганчалик тушунармикан, буни ҳам билмай-ман, мен фақат сенга шуни айта оламанки, кеч куз кунларининг бирида, мезонлар сенинг туйғуларинг каби тўзғиб учган кунда сени қамиш чайла олдида учратган эдим ва сени — менинг тўпори, содда, эрка ғуруримни пойтахтлик машҳур шоирнинг ширинсухан ва улуғвор каломларига алмашмадим, алмаша олмадим, сени йиғлатдиму, сени унинг олдида бир неча сония гангитиб қўйдиму лекин у жимжимага сени алмашмадим, менинг номусим ҳам, менинг орим ҳам шунда, менинг ғурурим ҳам, менинг фахрим ҳам шунда. Мана энди сен билан абадий хайрлашиш вақти келди, сени қанчалик севмайин, сенинг номинг менга қанчалик саодат бахш этмасин, мен ҳам кеч куз оқшомининг бирида сени шу пахтазор қўйнига ташлаб кетишга мажбурман, чунки мен ҳам сенга, сенинг қўшиқларингга муносиб эмасман ва бизнинг қалбимиз абадий дайдиликка ва сарсону саргардонликка мустаҳикдир. Биз сенинг қалбингни тушунолмадик, сенинг инсон ва бахт ҳақидаги орзуларингни англай олмадик, биз сенинг ота-боболарингдан мерос қолган тушунчаларингга ўзимизнинг баландпарвоз тушунчаларимизни тиқиштирдик, сенга азоб бердик. Биз оддийгина ҳақиқатни — боғ кўркам ва сўлим бўлиши учун ундаги қандайдир дарахтни эмас, бутун боғни ўзгартиш кераклигини жуда кеч тушундик. Сенга озордан бошқа ҳеч нарса бермаган ва беролмайдиган мени ва ул машҳур шоирни бошқа эслама…»
Н.Э.