Омон Мухтор. Шуҳрат домла (эссе)

Қўлимда Шуҳрат домланинг 1984 йилда олинган бир сурати… Юзида, айниқса, кўзларида шундай азоб-изтироб муҳрланганки! Ишонмаслик мумкин, ҳатто қалин тугик қошлари унинг оғир ички ҳолатини акс эттирган.
Жуссаси йирик, одатда, ишонч билан кўксини мағрур кўтариб босиқ, дадил юрадиган бу киши ёши олтмишдан ўтиб етмишга бораётганида, шу Шуҳрат аками, дейдиган даражада бехос чўкиб, чарчаб қолган эди. У яна ўн йилдан кўпроқ яшаса-да, ўшандаёқ бир умрлик уқубатлар натижасида соғлигига путур етиб, умр шами сўна бошлаганди. Хаста жисмини домла, кейин маълум муддат “ташиб” юрди, холос.
Сурат менга эслатди… Ўша йиллар ораси бир куни, Шуҳрат ака халқ ёзувчиси бўлибди, деган хабарни эшитиб, табриклагани Олой бозорининг орқа тарафида, 2-трамвай йўлида жойлашган уйига бордим. Уйда, дастурхон атрофида оқсоқол ёзувчилар — Ҳаким Назир, Раҳмат Файзий, Туроб Тўла, Асқад Мухторлар ўтиришарди. Дам ўтмай, Ҳамид Ғулом, Саид Аҳмад акалар келишди.
Келиб-кетаётган кўп эди. Лекин мен устозлар суҳбатини қизғаниб сал тутилдим. Бутун адабиёт аҳли Шуҳрат акага юксак унвон берилишини анчадан буён кутаётганди. Унинг ўзи ҳам… Мен, Шуҳрат домланинг тенгдошларидан ёши кичик, хизмати кам ижодкорларгача бу унвонга сазовор бўлишгани-ю, ёзувчи ҳам ожиз банда, эътиборга муҳтож эканлиги, давр нотантилигини ҳали тушунмай, ҳозир шу унвон Шуҳрат акага шарт эканми, деб ўйлар эдим. Ўша куни тушундим… Домланинг юз-кўзида севинчдан кўра кўпроқ қаноат ифодаси бор эди. Яна унинг қиёфасида таскинга ўхшаш кайфият сезиларди. Гап шундаки, Шуҳрат ака учун бу унвон — бир умр ҳалол яшаб, ишлаб, турли “ўйин”лар туфайли Шўродан нуқул дакки еб, жафо чеккан кишининг “оқланиш”и эди.
У боксчиларга ўхшаб қўллари кўкси қаршисида мушт бўлиб тугилган, улар гоҳ-гоҳ титраётган ҳолатда, бир жойда ўтиролмай ҳадеб ўрнидан туриб, ўғиллари шу ерда, хизмат қиладиганлар етарли бўлганига қарамай, ўзи ҳам шахсан нимадир қилиши керакдек куюнаётган эди.

* * *

Шуҳрат акани эллигинчи йиллар охири — олтмишинчи йиллар бошланиши, талабалик давримдан билардим. Дастлаб у ҳақда эшитганимиз, яқинда қамоқдан қайтган ёзувчи, дейишарди… Эски санъат музейи биноси пинжида бир қаватли мўъжаз иморат тикланган, бу ерда “Ёш ижодкорлар клуби” ташкил этилган эди. Эркин Воҳидов, Ҳусниддин Шарипов, Гулчеҳра Жўраева, Раззоқ Абдурашид, раҳматли Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур, Азиз Абдураззоқ, Анвар Эшонов, Ўктам Усмонов ва бошқалар ҳафта-ўн кунда бу клубдаги машғулотларда қатнашишарди. Машғулотлар, асосан, таниқли адиблар билан учрашиб, уларнинг ҳаёт ва ижод тажрибаларини ўрганишдан иборат эди.
Бир гал устоз Мирзакалон Исмоилий билан учрашганимизни эслайман.
Иккинчи гал Шуҳрат домла билан.
Ҳеч унутмайман, Шуҳрат домла:
— Шоҳнинг душмани шоҳ, гадонинг душмани гадо экан, — деб сўзини халқ ибораси билан бошлаган. У очиқ-ошкор шахсга сиғиниш сиёсатининг одамхўрлигини айтиб, ўттизинчи йиллар илк қатағон шамоли хуружига учраса-да, қутулиб қолгани, аммо урушга бориб қон кечиб қайтганидан сўнг, янги кўтарилган шамол уни ноҳақлик, бировларнинг туҳмати оқибатида “учириб” кетганини бурро тилда, аллақандай ёниб-жўшиб гапириб бергани ҳам ёдимда. Домла “шоҳ” ва “гадо” тўғрисидаги иборани бошқа ибора — золимлар “пичоқнинг сопини ўзидан чиқарган”, деган маънода келтирганини биз ёшлар унча тушунмаганмиз. Кейин тушуниб етдим.
Йиллар давомида бот-бот менга Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носирлар қамаб йўқ қилингач, уларда бўлган халқ, миллат руҳи “узилиб” қолган, сўнгандек туюларди. Улғая бошлаб ҳис этдим. Бу руҳ устоз Ойбекда “давом” этиб сақланган экан. Яна домла Тўхтасин Жалолов билан Шуҳрат домлада! Булар иккиси — бошқа адибларни айтолмайман, билмайман — қамалганда ҳам шу руҳ, халқ, миллат учун қамалган… Шу ўринда айтай. Умуман, Тўхтасин ака билан Шуҳрат акани ажабки, бир неча “нуқталар” яқинлаштиради. Булар иккисининг ҳам афти-ангорида кўрган бировда иштибоҳ туғилмайдиган олижаноблик барқ урарди. Иккиси ҳам атрофдагиларга ёши, мавқеи эмас, одамий хислатларига қараб баҳо берарди. Жисми-жонида маърифат нурини ташиган ва шиддатли қайсарлик билан ҳимоя қилган ғайратли, жасур кишилар эди. Фақатгина ўйлагани, билганини, меҳрибонлик, хайрихоҳлик билан, сал ҳаяжонланиб, бироқ эркакча қатъий гапирарди. Давр камситган бу инсонларнинг одамлар орасида обрў-эътибори катта эди.

* * *

Шуҳрат ака билан яқиндан танишиб (у, кейинчалик мен ҳам кўп йил ишлаган) “Шарқ юлдузи” журнали редакциясида, адабий давралару йиғинлардан тортиб Навоий кўчасидаги Маҳмуд аканинг чойхонасигача — ҳар ерда, ҳар хил шароитда кўришиб юриб, бир куни унинг айтган гапи хотирамда қаттиқ ўрнашиб қолган.
— Ҳаётда инсон ҳар нарсага чидаркан. Чидаши керак экан! — деган эди Шуҳрат ака. — Урушда қатнашганлар неча соатлаб совуқ хандақда ўтирганини эслашади. Хандақ нима?! Бир гал тун бўйи ботқоқда тик турганмиз. Сув бўлса гўрда эди, бўғзимизгача балчиқ-лой, кишини ана-мана домига тортиб ютадиган ҳолат…
Шуҳрат домлани ҳаётдаги машаққатлар, кулфатлар ўзи мард, матонатли қилиб тарбиялаган эди.
Адиблар орасида Шуҳрат ака даражасида ёшларга беминнат-беғараз меҳрибонлик кўрсатган кам топилади. Ижоддан бошлаб ҳаётдаги жумбоқларгача унга бемалол суяниш, дардингни айтиш, маслаҳат олиш мумкин эди. Ҳар қадамда, бировни ажратмай барча ёшларни қўллаб-қувватлар, изчил кузатиб борар, гоҳида озор етказмай насиҳат ҳам қилар эди.
— Китоб ўқишга эринманглар. Катта китобларга оғриниб-зерикиб қараманглар, — деган эди бир куни. — Мен урушни кўрган киши “Шинелли йиллар”ни ёзишдан олдин барибир “Уруш ва тинчлик”ни тўрт марта ўқиб чиққанман. Адабиётни ўрганмай қўлига қалам олишнинг маъноси йўқ.
Кўпинча ёнида тўпланиб қолганимизда, ёшлар қатнашган йиғинларда:
— Бир-бирларингни суянглар, асранглар, бир-бирларингга ёрдам беринглар. Эсларингда турсин! — деб ҳам насиҳат қиларди.
Унинг ўзи иқтидори, мавқеи, феъл-атвори турлича катта ва тенгдош адибларнинг барчаси билан бир хилда, яхши муносабатда бўларди… Вали Ғафуров Шуҳрат акадан жилла ёш (тўрт ёш кичик), лекин урушда қатнашиб кўзини йўқотган киши эди. Тўла ишонч билан айтаманки, агар Шуҳрат ака “Вафодор” романини жиддий тузатиб-тартибга солиб, “Игна билан ёзилган роман” деб атаб “Шарқ юлдузи” журналида бостирмаса, Вали ака ёзувчи бўлиб танилмас эди. Бу адибга эътибор бериб, меҳр кўрсатиш менга Шуҳрат акадан “юққан”.
Ёши улуғ авлод-чи? Абдулла Қаҳҳордек ҳаётга, ижодга талабчан киши, эҳтимолки, бу гапларни билганидан, умрининг сўнгги кунларида бошқа бирон адиб эмас, Шуҳрат домлага ишонган, суянган эди.

* * *

Баъзан адабиётшуносларга кескинроқ эътироз билдирган пайтларим бўлади. Бундан мен бу адабиёт заҳматкашларига ёмон кўз билан қарайман, деган хаёлга бормаслик керак. Устоз Ҳамид Сулаймонни кўрганим, озгина сўзлашиб, менда шубҳа уйғотган, тарихимиз, жумладан, адабиёт тарихига тегишли саволларга жавоб олганимни бахт деб биламан. Бу улуғ инсон менга олисланиб бораётган тоғдек туюлади. Устоз Иззат Султонни — бевосита домлам Матёқуб Қўшжонов узоқ давр бирга ишлаганидан — доим кўриб турар, бу одамнинг ҳар бир сўзини “тарозида тиллага тенг” тортгим келарди. Устоз Абдуқодир Ҳайитметов билан бир оз қадрдонлигим бор эди, суҳбатларидан баҳраманд бўлган, гоҳо бирга нон-туз тотганман. Олимнинг умри охирида “шунчаки ҳавас” деб ёзган ҳаётий ғаройиб ҳикоялари нашр этилишида иштироким бўлганидан мамнуният сезаман. Устоз Озод Шарафиддинов қўлида ўқиганим, шогирдларидан бўлганимдан фахрланаман… Сўзни давом эттириб, яна айтишим шарт. Устоз Азиз Қаюмовни ҳар гал учратганимда, бағрим қандайдир нурга тўлади. Бетакрор бу самимий, хокисор инсон тимсолида адабиётга чинакам шайдолик ва бу туфайли бутун ҳаётга ошуфталикни кўраман. Устоз Суйима Ғаниева опамизга ҳурматим чексиз. Тўра Мирзаев, Наим Каримов, Умарали Норматов, Абдуғафур Расулов, Йўлдош Солижоновни, ёшлари мендан жуда катта бўлмаса-да, домлалар қаторига қўшаман. Мендан сал кичик ёшдаги Бахтиёр Назаров, Иброҳим Ҳаққул, Сувон Мели, Қозоқбой Йўлдошев, Нурбой Жабборларни фақат қадрлаб қолмай, ўзимча бир оз яхши ҳам кўриб юраман.
Гап Шуҳрат домла устида бораяпти.
Кўркам олимлари бўлган бир юртда у қамоқдан қайтгач ҳам тугал ҳимояга олинмагани (буни олимлар эплашолмагани) нима — бепарволикми ёки “бир ёқадан бош” чиқаролмасликми? Тушунмайман. Даврни айблаш, гуноҳни тўнкаш осон. Лекин буюк Алишер Навоий замонидан, балки илгарироқдан келган — ижодкор меҳнатига ҳурмат, унинг ҳаётдаги ўрнини билиш, ёзганларини англашга уриниш, лутф сўнгги асрларда йўқолиб кетгани фақат даврга боғлиқ эмас, асрий жаҳолат белгисидир. Мумтоз адабиёт тадқиқотига нисбатан сўнгги давр адабиётига баҳо бериш (айниқса, Мустақилликка эришгунча) анча орқада қолган, саёз, аксар ёлғончи, адолатсиз ва шафқатсиз намойиш касб этгани менга алам қилади. Шўро даврида шаклланиб “адабий танқид”га айланган адабиётшунослик ҲАЛОЛ ва ҲАРОМни ажратмаслик ҳолига тушган эди. Айрим адабиётшунослар то ҳамон ҳаёт ва адабиётнинг аниқ (реал) манзарасини чизишга қобил эмас экан, бу — Кечаги руҳий касалликнинг асоратидир.
Шуҳрат аканинг шеърларидан “Жаннат қидирганлар”, “Олтин зангламас” сингари романларигача — қайси асари босилмасин, албатта, бирон адабиётшуноснинг (ҳимоят қаёқда, аксинча) ўз тазйиқини ўтказганча, “ақл ўргатиб” писиллагани ҳар қачон менинг ғашимга теккан. Ана, эсимда, домланинг шеърлари бир гал босилганида қайсидир адабиётшунослар “соч оқи ҳақида шеър кўп” деб айб қидиришган. “Бадиий маҳорат” бобида уни “тарбиялаш”га уринишган. Бундай “олим”лар Шуҳрат ака учун “соч оқи” умрнинг зое кетганидан ЎКИНИШ рамзи эканлигини тушунмайди-да! Бу кичик бир мисол… Адабиёт “нонини еган” олим ёзувчининг ҳаёти, қисмати, яшаган муҳитдаги шароит, имкониятни ўйлаши керак.
Тўғри, қамоқдан қайтганидан кейин, у тез ва кўпроқ ёзишга уринган. Бунга сабаб, ҳаётидаги бардам йиллар совурилганидан, унинг хаёлида биргина УЛГУРИШ деган сўз турар эди.
Мен айтмоқчиман, шу даврда Шуҳрат домла уруш ва қамоқ давридан кам азоблангани йўқ. Бир томондан, бошингдан кечирганингни қайта “яшаб”, ёзиш машаққати. Иккинчи томондан, меҳнатинг қадрсизлиги, ҳужумлар. У битта-яримта “яқинлар”ни айтмаганда, доим ўзи-ўзини ҳимоя қилишга мажбур эди.

* * *

Ўша, унвон теккан кун бир неча ёзувчилар сафида, ниҳоят, Шуҳрат домланинг уйидан кўчага чиқдим. Аср билан шом ораси эди. Ҳамроҳларимдан биров:
— Шу палланинг номи нима? Биласизларми? — деб сўради ва дарҳол ўзи жавобни ҳам айтди: — Завол пайти…
Кўчада ёлғиз қолгач, хаёлга ботганимча бу гапга рамзий маъно бериб, қодир Худодан юртимиз, халқимиз ҳаётида, қачондир тарихда қалқиб, узоқ ҳукм сурган қарамлик, жоҳиллик, парокандалик (“пичоқнинг сопини ўзидан чиқариш”) мангу барҳам топишини тиладим.
Яна қодир Худодан юртимиз, халқимиз ҳаётида ҳеч қачон завол пайти бўлмаслигини тиладим…