1940 йилда Анқарада туғилган Жоҳид Зарифўғли (Cahit Zarifoğlu) асли Марашдан. Отасининг хизмати юзасидан илк ва ўрта таълимни Сиварак, Анқара, Қизилчаҳаммом ва Қаҳрамонмарашда тамомлаган. 1972 йилда Истанбул университети Адабиёт факультети, Олмон тили ва адабиёти бўлимини битирган. Талабалик йилларида турли ташкилотларда таржимон бўлиб ишлаган. Тил ўрганиш учун Европага кетди. Шу сабабли бутун Европани кезди. Қайтгач, хусусий лицейда дарс берди. Машина ва кимё индустриясида, ТРТ (Туркия телеканали)да таржимонлик, сўнгра Истанбул радиосида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Адабий ҳаётга лицейдалик пайтидаёқ кириб келганди. Мараш газеталарида шеър эълон қилди. Марашда “Аччиқ” номли журнал ҳам чиқарган. Айниқса, “Тирилиш”, “Адабиёт”, “Мавера” журналларида кўплаб шеърлари, ҳикоя ва кундаликлари билан танилди. Таъсис ва нашр қилишда ўзи ҳам иштирок этган “Мавера” (Учинчи олам) журналини бошқарди.”Янги давр”, “Миллий газета” ва “Замон” газеталарида Аҳмад Соғлом, Ведат Жом, Абдураҳмон Жом тахаллуслари билан имзолаган диалогли битикдари билан шухрат козонди. “Ислом”, “Аёл”, “Оила”, “Гул бола” каби қатор журналларда ҳам эътиборли чиқишлар қилди. Сўнгги йилларда ижодини тўла болалар адабиётига бағишлади.
“Юрак бобо ва подшоҳ” асари билан 1984 йилда Туркия ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди. Ижодкор шеърлари бир қарашда мураккаб, тушунарсиздай, аммо синчиклаб ўқиган китобхон уларнинг оригиналлигини сезади.
1987 йилда Истанбулда вафот этди.
Асарлари: “Ишора болалари” (Шеърлар, 1967), “Етти гўзал одам” (Шеърлар, 1973), “Инс” (Ҳикоялар, 1974), “Манзиллар” (Шеърлар, 1977), “Яшаш” (Кундаликлар, 1980), “Чумчуққуш” (Ҳикоялар, 1983), “Дарахт қоққанлар” (Эртаклар, 1983), “Котир арслон” (Эртаклар, 1983),”Юрак бобо ва подшоҳ” (Эртаклар, 1984), “Уруш ритмлари” (Роман, 1985), “Қўрқув ва тутиш” (Шеърлар, 1986), “Дунё бир тегирмон” (Тажрибалар, 1987), “Моторли қуш” (Эртаклар, 1987), “Сутчи имомлар” (Пъеса, 1987), “Дарахт мактаб” (Шеърлар, 1990).
БУ ЕР ҚАЕР, БУ ЕР БИР ОДАМ
Қўрқувни қамрайди тошлар,
Қоронғу устига тортганда пардани.
Кўк ҳузун-ла қамрар хонани,
Эл ухлайди, аквариумдаги балиқ,
Расми олинган денгиз…
Шундай бир чечак бор эди,
Рўёдаги кечув юксалиб,
Юксалиб, юксалиб, юксалиб,
Хатчўпни бир кечада эзиб,
Қўлини қўллаган.
Пешонасини бутун бир деворга таяган,
Овозлари эса ўрмон катталигида.
Қуёшга йўл очган бола,
Курашиб бутун юришлари билан,
Кечиккан бир денгиз фонуси…
Соатлар ёлворар бетиним тез-тез,
Шафақни қизартар қон оққан томир.
Қийналади эшикка чорланган одим,
Энг қўрқилган ҳақиқатни,
Бир бўйин эгиш-ла енгилган…
Шундай бир гул бор эди,
Қил илдизлари,
Чоғнинг тебранган деворларидан.
Бу ер бир одам,
Бир ишқ ишқида
Бир қанча ҳибсхонада тутилган,
(Сўнг) оқиб кетган сув, уйғонган одам,
Сувни кечиб ўтмоқчи бўлгак чумоли…
Бир тошнинг оловидан қўрига босиб,
Қочиб қолан одам.
Ашёсини ташламас ҳатто уйқуда…
УЧАР НАЙЗА
Тонг олқишлар кечани,
Иссиқ дамлари, сукунатлари билан
Ойдинлатар бир учидан,
Нонушта дастурхонидаги чой пиёласини.
Равон, қобил, нурли бир оғиз,
Яширинча ҳужрани келтирар бутунича
Ва ақлга келган телеграф симидаги
Ўпишаётган икки кабутар,
Тозарган, юмшаган тумшуғи билан.
Бу ўтган найза шиддатли қалин
Аждодларнинг қадри баланд оти билан
(Бу) шубҳасиз йўлда керак (да),
Найза ўтар нурдан,
Ёриб борар кечани тўлдирган қоронғуни ҳам…
ҚАБУЛ
Эски шоирлигим кетди кўзимдан,
Ғайри бир ҳол ила яроғланяпман.
Озиқ йўлдош бўлмас, кеч тўқликлардан,
Камга тўй, оч инсон замонларини.
От ол, от мин, яроғлан жигарингга чоп,
Интил бола тўймас илк бу сувларга.
Ҳей-ҳей, кўзим, ҳей-ҳей кўз ёшсиз қолдинг,
Қанча ханжар урдинг, сабрни қадоқладинг.
Кўксимда бир кичик дарё топдим,
Ипингга боғланмас жайрон йўлдошим.
Этагини кўтарган бир севгили тушди қумлоққа,
Ингичка қуруқдудоқларида бир ҳасрат чинқириғи.
Зариф, сен ҳам ингра токи ҳузурга бординг,
Қанча исён қилдинг, шунча ғурбатда қолдинг…
ГЎЗАЛЧИН
Чоп, чопавер, анор кўзлим,
Дўмбоққина оёқларинг-ла.
Тулпор абзаллик белбоғинг,
Келишган белинг устида.
Чопавер, азоблардан қочамиз,
Магизлар узум бўлдими ҳеч?…
Бир сўз, икки кулиш, бир ўпич,
Бир-бирига қовушган танлар…
Рухсатлимсан, ишқимсан бери кел,
Қонинг кўпирик, бошинг тик.
О, севимли боқишинг билан,
Ичимни юв, мармар тўша, кел…
Юксакда янги ой инжа ишорат,
На сўқир кўзлар кезар зулматда.
На уйнинг севинчидан қўрққан бор,
Осмонларда қуёш ва болаларимиз.
Чердакда намлик ва сирка ётар.
Энаганг ширинлик қилиб тарқатсин.
Бахтлимиз-бутун дунёга бақир,
Дунё эшитсин…
ЗАРИФ ЧЎПОН
У гўзални менга берсалар,
Дўмбоқ қўзичоқлар ҳаққига.
Яйловларга атлас гилам сарсалар ,
Дўмбоқ қўзичоқлар ҳаққига.
Ёйилсин тупроқлар, ошиқлар кезади,
Фарёд, тошларни ингратади.
Бошга гулу сумбул урсалар,
Дўмбоқ қўзичоқлар ҳаққига.
Айри қолсам йиғлар, инграрман,
Тоғ суянчи, тиклик, чориқтиларман.
Бағримда ёсунлар унди кўрсалар,
Дўмбоқ қўзичоқлар ҳаққига.
Ўтаётган булут, ўтаётган умрдир,
Тунми, сочми бу, йўқ, кўмирдир.
Зариф чўпон бўдди билсалар,
Дўмбоқ қўзичоқлар ҳаққига…
МАНЗИЛЛАР
Сўзинг ва йўлинг бошчашмаси руҳимнинг,
Жоним ичра севинч берар сўзларинг.
Ҳатто, боққаним – тоғлар ўйи ҳам йиғлатар мени,
Қанча буйруғингга ўрансам, шунча ҳурман султоним.
Ишқинг минг кўзли девга бир бош экан,
Юм ҳар кўзингни уйқулару суҳбатдан.
Тин ол эй Зариф, тадбир учун кўп сўзладинг,
Бу нуқсонли ақл билан бу қандай журъат қилганинг?…
ИСТАБ
Қарши тоғдан маъраган жоним,
Кунлар қандай ғазаб қилар бошимизда.
Қўлингни узатиб боқдингми ғамли қўшни ўлкага,
Булбул нега боғланган ҳеч сўрадингми?
Суяклари ҳуриган бир инсонни кўрдим…
Қарши тоғдан маъраган жоним.
Уйнинг кўринмаган қўллари,
Ёмғир ёноқларида кўз ёш доналари.
Узоққа кетганлар жон пора эркак оғалари…
Уйда қизлар,.тенгсиз бу қизлар,
Олов каби улфатлари-
Доғли, салқин пиёлалару, челаклари…
Оналари билинмас бир бурчакда,
Бир ноғора каби…
Ҳаётнинг бошида чангит кўй юнгини,
Ҳаллоч билан, ҳаллочлар билан.
Бир ёпиқ оғзинг бор, гўё улуғ марш эшитиб,
Сукут қилгандай…
Тахмондан менга (ҳам) бир кўрпа олдилар,
Усти мовий чечаклардан.
Бир даҳлиздан ўтқазиб жой солдилар,
Тарадилар уйқумнинг сочини соатларча,
Ҳозир(ча) устим соғлом,
Қаршимда ҳамла ётоқлари…
Бир қўлимда қилич,
Бир қўлимда зафар дуолари…
МУҚАДДАС МОВИЙ БОЛА ШЕЪРИ
Қўлларинг чиқди ва кўкнинг ўртасига келди,
Далада.
Қараши борган сари тупроққа қоришган.
Бу қадар (ненидир) кутаркан,
Хабарсиз эди,
Ҳатто улар ҳам хабарсиз эдилар..
(Илк бор)
Сувлар англадими,
Тоғлар сездими,
Ёки бирор гулми нохосдан?
Бир кун,
Қанд каби бир лаҳза,
Метин каби бир лаҳза.
Ҳамма нарса
Ва ҳаммаси бошин кўтарди,
Дарҳол қўлининг сояси тушди юзларига.
Қоришиқ, мавҳум, узун,
Ўтди, ўтаверди сояси,
Зардўштнинг оёқларидан бир бургутнинг..
ХОТИРА ДАФТАРИДА ГУЛ ЯПРОҒИ
Хотиралар дафтаридан гул япроғи каби
Унутилдим, қуридим .
Бошимга савдо тузоғи тушди.
Бир бошимга танҳолик қаҳрини чекдим,
Сен, ким билар шамолли этакларинг-ла,
Қайси иқлимдасан.
Мен сенсиз бу сукунатда,
Айрилиқ-ла бошим балода,
Кўзларингни кўчир кўзимга…
Йўқса мен сенсиз бу сукунатда
Телбаланаман,
Бу сукунатда…
ИШОРА БОЛАЛАРИ
Ёсин ўқилган, хушбўй тутатилган бозорлардан
Ўтиб борарди отам,
Бошида ёмғир халқалари…
Онам яшил хирқалар кўрарди тушида,
Яна илк гўзаллигида эди…
Пешонасини икки тоғ ўртасига солган,
Бир девнинг кўксига ўхшаган,
Кўксидан дуолар ўтаркан…
Бозорлар, қўлларида нон тугунлари,
Жомеъ ҳовлиларига очилган…
Ҳовуз сувларига тўпланган болалар,
Кўрмасдан қуёшнинг бутун рангларини,
Олиб келмасдилар дўкондаги оталарига,
Ўчоқда пишган қайноқ емакларини,
Бувилари солиб берган кичик идишларни…
Боши ва юраги ботир,
Қалъаларини қўриқлаган аёлларнинг,
Бошларини оғирлаштирган,
Оғир қора шалола сочларини,
Тутганда ёшарарди эркаклар.
Сўнгра инсон шундайки, денгизда,
Катта кичик дарёда,
Баданни ювган афсунли сувда,
Аввал ният қилиб, сўнг ювинарди.
Замон дард келтирди сувларга,
Ичида балиқлар ётган қоялар.
Урушган инсонлар қўлида,
Йўнилиб, найза ҳолига келган…
Онам, қуриган чўп қўлида,
Ғавғо қилган бир журъат-ла
Қора ўчоқ тошларига
Ишоралаб қўйди болаларини,
Белида бўлган отамнинг…
Оқ қоғозга ёзган исмларини,
(Инкор қилиб).
Юраги қўрқувдан қувватланди отамнинг,
Унутиб ёшлик кунларини…
Вақт олиб кетган кунларни…
Мустаҳкам топишмоқ билан,
Отини шаҳарга бурди яна…
Юнг йигириб, отни кутган аёллар,
Ўрмонларда тепадан эгилган тупроқ уйларда,
Кичик деразали қоронғу тор хоналарда…
Узоқдан келган бўри нолиши…
Узокқа чекикиб кетган,
Аёзда қстгкн кулгулар ичида,
Ўрмонларда сут эмизган она,
Унутди бора-бора каттарган боласини…
Мудом қочармиш шаҳарларнинг
Темир тоғларига,
Ухланшим билаи тупроқ бешигимда,
Соҳнибсиз қолган,
Қўлимдан кетган эди,
Ойдинлик кунларим!…
Абдулатиф Абдуллаев таржимаси